ҚУЁШИ КУЛМАГАН БАҲОР
ҚУЁШИ КУЛМАГАН БАҲОР
(ўғлим Жалолиддинга бағишлайман)
ҚУРБОНОЙ КАМОЛ
Сафар Бекжон ва Қурбоной Камол қизининг хотиралари, бу – ҳукм.
Ҳа, она-юртимизда ҳукмронлик қилган шу кунги режим устидан чиқарилган ҳаққоний ҳукм. Аллоҳга сиғинадиган меҳнаткаш фуқароларни таъқиб этадиган, зиё аҳлининг қаддини букиб, манқурт кўйига соладиган, юртда қамоқхоналар кўпайиши билан мақтанадиган, ҳар бир заҳматкаш фуқароси ортидан бир неча миршабни айғоқчи қилиб қўйган, ерли халқ учун бегона бўлган режим устидан чиқарилган ҳукмдир.
МУНДАРИЖА
Давримизнинг довюрак аёли ............................................................................. 1
Қурбоной Камол қизининг ўтмиши ҳаққоний тарихий лавҳа ....................... 2
Бошимиз узра қуёш чарағон нурини сочиб турсин ....................................... 4
Биринчи бўлим
Ҳозир терговчининг олдига кирасиз, ўғлингиз мен билан қолади ................ 5
Сафар Бекжон билан илк танишув. У ким эди? .............................................. 11
"Эрк"чилар даврасида ўтган никоҳ тўй ........................................................... 15
Партия ичидаги парокандаликлар ................................................................... 19
Урганжийлар аждоди – тарихий шахслар ....................................................... 22
1993 йилнинг машъум 27 июль куни ............................................................... 25
Сансоларликлар ва саргардонликларнинг бошланиши .................................. 30
Биринчи тергов. Билиб қўйинг, бу ерда биз савол берамиз, сиз
жавоб берасиз .................................................................................................... 39
Ислом ака билан келишиб ишлаганида бошига кўргуликлар
тушмасди ............................................................................................................. 45
Сафар Бекжон ноёб танга ўғриси(ми)? .............................................................. 51
Ўрозали Жумаев ким? ......................................................................................... 55
Бизда принтер йўқ .......................................................................................... 59
Менинг хонамда Сафар Бекжон ҳақида гапирманг ......................................... 62
Танга топилган куни Сафар Бекжон озод бўлади ........................................... 66
Янги адвокат билан учрашув ..................................................................... 77
Иккинчи бўлим
"Халқ сўзи" газетасида Сафар Бекжонга қарши туҳмат мақола ................... 85
Баҳс-мунозарали қурултой .............................................................................. 92
Сиз бу уйдан чиқиб кетишингиз керак .......................................................... 100
Жалолиддин... Сафар оға... ............................................................................ 105
Муҳаммад Солиҳнинг уйи, бориб яшайверинглар ..................................... 113
Муҳаммад Солиҳ "Эрк" партиясининг раиси, менинг
принципларимга раис эмас ........................................................................... 124
Қанча инсоннинг бола-чақасини қон қақшатиб келдингиз ........................ 130
Сафар ака, мен бошимни "Кунда"га қўйдим ................................................ 135
Бу халқ шундай шароитда яшашга лойиқ .................................................... 143
Сафар Бекжон "Эрк" партиясини ҳам, Муҳаммад Солиҳни ҳам сотди .... 147
Дадамни кутяпман ......................................................................................... 157
Бу ерда Сафарбой Бекжонов йўқ, сизни алдаган ........................................ 167
Учинчи бўлим
Муҳаммад Солиҳ икки миллион долларни нима қилди ............................ 172
Сергей Егошин ва Ҳамидулла Зайниддинов олижаноб инсон эди ........... 178
Биз сизнинг оилангизга доим моддий ёрдам берганмиз ........................... 182
Мен акамдан воз кечдим ................................................................................. 186
Эрингизнинг озодликка чиқишини сабр билан кутишингиз керак ............. 189
Сафар ака билан учрашишингизга ёрдам берамиз ................................. 192
Э, анави "Эркчими? .................................................................................. 198
Ўғри сўнги 3 сўмимни қолдириб, ҳамёнимни ўғирлади ............................... 206
Бор-йўғи иккита нонми? ................................................................................. 214
Ўғлингиз руҳий касал ............................................................................... 220
Тошкентдаги уй манзилингизни беринг ёрдамим тегади ........................... 225
Сангород. Тилла тақинчоқларим ва пулимни ўғирлаган
гурланлик Зулайҳо ўғри ............................................................................. 228
Қаерга кўчишингиз бизни мутлақо қизиқтирмайди ................................ 235
Бобурнинг мастликда айтган рост сўзлари ................................................... 239
Ҳаётимни заҳарлаган Якуб Колос кўчаси 22-уйни тарк этиш ..................... 241
Туман ҳокими Шавкат Мирзиёев номига
шикоят ёзинг ................................................................................................... 245
Хотима ............................................................................................................ 247
Давримизнинг довюрак аёли
Қурбоной Камол қизи 1962 йил 24 майда Қорақалпоғистон Мухтор Республикасининг Беруний туманидаги чекка қишлоқларидан бирида туғилган.
1979 йилда қишлоқдаги ўрта мактабни тугатгандан кейин Беруний шаҳридаги Педагогика билим юртига ўқишга кириб, мазкур билим даргоҳини 1982 йилда тугатган. Ўқишни тугатгач, маълум вақт қишлоқдаги болалар боғчасида дастлаб тарбиячи, кейин мудира бўлиб ишлаган.
Болалигидан шеър ва ҳикоялар ёзишга иштиёқманд бўлиб ўсган Қурбоной Камол қизининг шеър ва мақолалари Беруний туман газетасида, республика миқёсида эса ўз даврида маҳшур бўлган "Ёш Ленинчи" газетасида эълон қилинган. Бундан ташқари, "Муштум" журналида ҳам танқидий-таҳлилий мақолалари чоп этилган.
Қурбоной Камол қизи 1985-1991 йилларда Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган.
Талабалик йилларида ёш шоиранинг қаламига мансуб шеърлар Университет газетасида чоп этилган ҳамда Самарқанд шаҳар радиосида бир неча бора эфирга узатилган. Шунингдек, ёш шоиранинг туркум шеърлари "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида ёритилган.
Қурбоной Камол қизи "Эрк" демократик партиясининг фаоли ва асосчиларидан бири, таниқли мухолифат вакили Сафар Бекжонга турмушга чиққандан кейин Тошкентда таъқиб ва босимлар остида яшашга мажбур бўлган. У туҳмат ва бўҳтонлар билан қамалган умр йўлдоши Сафар Бекжоннинг озодлиги учун, ҳақиқатни қарор топтириш учун курашиш билан бирга мамлакатда авжга чиқиб бораётган адолатсизликларга қарши дадил кураш йўлини танлаган саноқли забардаст аёллардан биридир.
Айни пайтда қўрқмас ва довюрак адиба, шоира, миллат жонкуяри Қурбоной Камол қизи умр йўлдоши Сафар Бекжон ҳамда фарзандлари билан бирга тақдир тақозоси туфайли узоқ Швейцарияда истиқомат қилмоқда.
Гарчи Қурбоной Камол қизи бугун она-ватандан узоқда яшаётган бўлса-да, Ўзбекистондаги бугунги ижтимоий, маънавий, маърифий, сиёсий муаммоларга бефарқ эмас. У маҳзун ва дилбар шеърлари, жозибали ашъорлари, ҳаётий мавзуларга бағишланган публицистикалари, кескин ва долзарб танқидий-таҳлилий мақолалари ва постлари билан ўзбек халқини мафтун этиб келмоқда.
Қурбоной Камол қизининг ўтмиши ҳаққоний тарихий лавҳа
Ҳозирги нео-коммунистик тузумда халқимизнинг минг-минглаб ўқимишли, онгли, жаллодга бош эгмайдиган қисми қамоқхоналарга ташланяпти, топталяпти, майиб қилиняпти, ўлдириляпти.
Рўй бераётган ҳар қандай воқеаларни, ҳодисаларни холис ва ҳаққоний акс эттириш, бундай аянчли кўргуликлар ҳақидаги асл ҳақиқатларни фақат бугунги ёшларга эмас, балки келгуси авлодга ҳам етказиш ҳар томонлама муҳим аҳамиятга эга.
Шу нуқтаи назардан, миллат зиёлилари, ватанпарвар шахслар бошдан ўтказган қийин-қистов кунлар ҳақида сўзловчи бир-икки хотираларнинг ёритилганини, кенг халқ оммаси эътиборига ҳавола этилганини, бундай хотиралар асосан қамоқхоналарга ташланган жабрдийдалар, таъбир жоиз бўлса, айбсиз айбдорлар, уларнинг яқинлари томонидан яратилганини фақат олқишлаш керак.
Мана шундай хотиралар яратилмаганда бугун сизу биз элимизнинг асл ўғлонлари ва уларнинг оила аъзолари бошига тушган кўргуликларни билмаган, аксарият ҳолларда ҳатто тасаввур ҳам қилмаган бўлардик.
"Эрк" саҳифаларида чоп қилинган Қурбоной Камол қизининг "Қуёши кулмаган баҳор" номли хотиралари бизнинг тасаввуримизни чунон уйғотди, яқин ўтмишга тийрон кўз билан боқиб, оқни қорадан, қорани оқдан ажратишга сафарбар қилди. Бир сўз билан айтганда, Қурбоной Камол қизи ўз хотираларини ёритиш орқали асл ҳақиқатни юзага қалқитиб чиқаришга самарали таъсир кўрсатиб, бизга ажойиб бир ҳужжатли қисса тақдим қилди.
Шўролар ҳукумати аҳли ойдинларга қарши ҳар қандай ҳужумни ҳамиша икки томонлама олиб боргани бугун ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Улар бир вақтнинг ўзида қамалган киши билан бирга унинг оила аъзоларига ҳам ҳар хил йўллар билан тазйиқлар ва зулмлар ўтказишди. Мана шундай қалтис тузумдан коммунист Ислом Каримов режими ҳам унумли фойдаланди.
И. Каримов режими айбсиз қамалган кишиларнинг оиласи, бола-чақасидан ташқари, қариндош-уруғларига турли хил босимлар уюштириб, "айбдор" деб топилган шахснинг ака-укаларини ҳам турмаларга ноҳақ ташлади, яъни Каримов режими ҳам сиёсатга қарши бош кўтарган мунаввару аҳли ойдинларга қарши зулму истибдод зарбасини ҳамиша икки томонлама беришни давом эттирди. Дастлабки зулм ўша мунаввар фаолияти, ҳаётига қарши қаратилган бўлса, кейингилари ана шу машҳур фуқаронинг оила аъзоларига қарши йўналтирилди...
Қайсидир қамалган киши ҳақида сўз юритилганида, кўпинча гап ана шу киши кўрган жабр-зулмлар хусусида кечади. Ҳолбуки, шу пайтда унинг оиласи, бола-чақалари ҳам не-не кўргуликларни бошдан ўтказган, заҳмат чеккан бўлади, бироқ улар ҳақида бир оғиз сўз билан кифояланади. Бунга Сафар Бекжоннинг турмуш ўртоғи Қурбоной Камол қизи хотираларини ўқиган ҳар бир киши тўлиқ амин бўлади.
Бизнингча, Сафар Бекжон ва Қурбоной Камол қизи хотиралари бир китобга жамланиб, қайта нашр қилинса, бир фожеанинг икки томони бир ерда аниқ тасвирлаб берилса, у ҳолда азиз китобхонлар, қадрли ўқувчилар Ислом Каримов бошлиқ нео-коммунистлар ўзбек халқини қандай мудҳиш йўллар билан маҳв этганини тўла-тўкис тушуниб етарди.
Сафар Бекжон ва Қурбоной Камол қизининг хотиралари, бу – ҳукм. Ҳа, она-юртимизда ҳукмронлик қилган шу кунги режим устидан чиқарилган ҳаққоний ҳукм. Аллоҳга сиғинадиган меҳнаткаш фуқароларни таъқиб этадиган, зиё аҳлининг қаддини букиб, манқурт кўйига соладиган, юртда қамоқхоналар кўпайиши билан мақтанадиган, ҳар бир заҳматкаш фуқароси ортидан бир неча миршабни айғоқчи қилиб қўйган, ерли халқ учун мутлақо бегона бўлган режим устидан чиқарилган ҳукмдир.
Шу сўзларни ёзиб турган вақтимда машҳур ўзбек адиби, узоқ йиллардан бери И. Каримов зиндонларида ҳеч қандай айбсиз азоб чекаётган Мамадали Маҳмудовнинг қамоқхонадан йўллаган хати Интернет саҳифаларида ўзбек, инглиз, турк тилларида эълон қилиниб қолди. Бу хатдаги ушбу сўзлар менинг эътиборимни ўзига жалб этди: "Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган кўргулик бу! Кечмиш кечмиш бўлиб, бундай [кўргиликни] кўрмаган. Ёвузлик, зулмнинг энг сўнгги ҳадлари… Миллионлар… миллионлар адоғи! Мен ўз кўзим билан кўрдим барини. Ўзимнинг игналар санчилган, михлар қоқилган, куйдирилган, мажақланган танамда ўтказдим барини. Сўкиш, таҳқирлар… Чексиз таҳқирлар. Булар бари даҳшат!.. Ўлим қоплари кийдирилгандан сўнг, қийноқлар олдида ўлим ҳалво бўлиб қолди... Руҳни синдира олмайди. Руҳ унга қарши миллион қатла қайралади. Ўлим гўзал... Буни ёзяпман, қўрқяпман, шошяпман. Ҳар қадамда айғоқчи... 20 кг озиб кетган эдим. Юз марталаб хушсиз йиқилдим. Ўлди деб ўйлашган эди. Тангрига шукур, тирикман... Мен сизга юз варақ ёзмоқчи эдим. Имконият бўғилган, кўзлар боғланган, тиллар боғланган. Дўстим бизга – йўқликка ёрдам беринг. Аҳвол сўнгги нуқтада.
Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон).
11 ноябр 2000 йил".
Таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг бу ёзганлари И. Каримов қамоқхоналарида олиб борилган "репортаж"нинг ўзгинаси. У бизга кўп нарсани ўргатади. Биз ҳаракат қилмай, кимдандир ё нимадандир кўмак кутиб ўтирмаслигимиз, балки ҳаракат қилишимиз, миллатимиз ёғийлари олиб бораётган зулм тарихини Муҳаммад Солиҳ, Сафар Бекжон, Қурбоной Камол қизи, Мамадали Маҳмудовларга ўхшаб ўзимиз яратишимиз лозим. Зеро, ҳақиқий тарихни фақат Ҳаққа ишонувчилар ярата олиши мумкин.
Муҳаммад Солиҳ, Сафар Бекжон, Қурбоной Камол қизи ва Мамадали Маҳмудовларнинг ёзганлари тарихий ва ҳаққоний ҳужжатдир, яъни халқимизнинг барча қатламига таниш бўлган "ГУЛАГ архипелаги"нинг Ўзбекистон деб аталмиш оролидан олиб кўрсатилган ҳаққоний лавҳадир. Ушбу ҳужжатлар билан танишган ҳар бир китобхон бундай яшаш керак эмаслигини билиб олади ва шунингдек, Туркистон тупроғида ХХI асрда ҳам Сталин ва Берия шогирдлари фаолият олиб борганлиги ва бораётганликларидан тўлиқ хабардор бўлади.
Хайрулла Х. Исматулла,
Индиана университети
Марказий Евро-Осиё тадқиқотлари бўлими
Блумингтон, АҚШ,
23.01.2001 йил
Бошимиз узра қуёш чарағон нурини сочиб турсин
Азиз дўстлар!
Сизнинг эътиборингизга ҳавола қилаётган "Қуёши кулмаган баҳор" деб номланган китобимда "Эрк" демократик партиясининг фаоли, асосчиларидан бири, Партияни нафақат Ўзбекистон ичида, балки бутун дунёга кенг танитган, Партиянинг оёққа туриши учун самарали меҳнат қилган, она-ватанимизда демократия куртаклари кенг қулоч ёйишига баҳоли қудрат ҳисса қўшган, бунинг эвазига қатор кўргуликларга, туҳмат ва бўҳтонларга гирифтор бўлиб ҳибсга олинган, тергов изоляторларида, ўзбек қамоқхоналарида кўз кўриб қулоқ эшитмаган қийноқларга солинган умр йўлдошим Сафар Бекжон ҳақида сўз юритилади.
Шунингдек, китобимда машъум 1993-1996 йилларда мутлақо айбсиз бўлганим ҳолда Ўзбекистонда "очиқ зона"да тортган азоб-уқубатларим, чеккан изтиробларим ҳақида, шахсан кўрган-билган, бевосита ва билвосита гувоҳ бўлган воқеалар хусусида, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, суд, прокуратура органларидаги адолатсизликлар, ваҳшийликлар тўғрисида ҳеч нарсани бўяб-бежамасдан бор ҳолича ҳикоя қилишга ҳаракат қилдим.
Қиссамда тилга олинган аксарият тимсоллар ҳозир ҳам орамизда. Кимдир узоқ хорижда, кимдир Ўзбекистонда яшамоқда.
Ҳа, дарҳақиқат, ўша йилларда қаҳрамоним – Сафар Бекжон "ёпиқ зона"да не-не кўргуликларни бошдан ўтказган бўлса, мен бор-йўғи Сафар Бекжоннинг рафиқаси, мурғак фарзандимиз Жалолиддин ўғли бўлгани учун суронли кунларни, аламли тунларни, изтиробли йилларни бошдан ўтказишга маҳкум этилдик.
Кунларимиз терговхоналарда, қамоқхоналарда, адвокатлар ҳузурида, Ўзбекистондаги ташкилоту муассасалар, идоралалар қабулхоналарида, амалдорлар олдида ўтди, кўзимизнинг нурини туҳмат ва бўҳтон билан озодликдан маҳрум этилган Сафар Бекжоннинг йўлларига тўкишга мажбур бўлдик.
Мен туҳмат тўрига илиниб, китобларда ўқиганимиз, киноларда кўрганимиз Германия канцлагерларига ўхшаш ўзбек қамоқхонасида азият чекиб ўтирган умримнинг мазмуни, ҳаётимнинг гулшани, турмуш ўртоғим Сафар Бекжоннинг озодликка чиқиши учун қўлимдан келгунча курашдим.
Ўзбекистонда бу ишга масъул бўлган кирмаган эшигим, ёзмаган ташкилотим қолмади. Адолат қарор топиши учун ёрдам сўраб Президент девонига йиғлаб ёзган шикоят хатим прокуратурага юборилди. Прокуратурага ҳақиқат излаб ёзган шикоятларимни эса бошқа аллақандай ташкилотларга юборишди. Жойлардан бир хил мазмундаги шаблон хатлар олавердим-олавердим. Хуллас, масъул ташкилотлар менинг арзномаларимни худди эртаклардагидек: "чол кампирга, кампир ўғлига, ўғли укасига, укаси итига, ити мушугига, мушуги сичқонга, сичқон думига...." ўтказиб, пайсалга солишдан чарчашмади.
Мана шундай қийин-қистов кунларда, азобли тунларда яхши ният билан тутганим Хотира дафтарим энг яқин сирдошим, дарддошим, овунчоғимга айланди. Хотира дафтаримга кўз ёшларимга қўшилиб тўкилган сатрлар бугун, Сиз азизларга тақдим этаётган "Қуёши кулмаган баҳор" қиссамни вужудга келтирди.
Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ дейдилар. Ана шу ёруғ кунларда ўтган зулматли кунларни, зимистон тунларни эслаш хайрли. Бу кунларни келажак авлод учун сўзлаб бериш эзгу ташаббусдир. Токи, фарзандларимиз мустақиллик учун курашган ота-боболари бошига тушган кўргуликларни, эндигина тетапоя қадам ташлаётган мустақил Ўзбекистонда юртнинг асл ўғлонлари бошига ёғдирилган хунрезликларни билсин, идрок этсин! Кимнинг кимлигини теран англасин! ХХ асрнинг сўнги йилларида бизнинг бошимизга тушган қоронғу кунлар ҳеч бир ўзбекистонликнинг бошига тушмасин! Ҳамманинг боши узра қуёш ҳамиша чарағон нурини сочиб турсин!
Муаллиф
Биринчи бўлим
"Ҳозир терговчининг олдига кирасиз, ўғлингиз мен билан қолади"
1994 йил 3 мартда ҳаётимдаги энг қора кунлардан бирининг тонги отди. Турмуш ўртоғим Сафар Бекжон туҳмат билан қамоққа олгандан кейин субҳидам тонг ҳеч қачон кулиб отмаётганга ўхшарди. Зулматга айланган дунёмдан зиё кутмай қўйдим. Тушкунликка шу қадар чуқур тушганим боис доим ўзимни тубсиз жарлик ичида ҳис этардим. Наздимда бу жарлик шу қадар чуқур эдики, мен на кеча ва на кундузнинг фарқини била олмай аросатлар исканжасида қолдим.
Худди ўша куни кўча дарвозаси олдида тиш-тирноғигача қуролланган кишиларни кўрганимда ҳам заррача ажабланмадим, менга гўёки шундай бўлиши керакдай туюлди. Хонадонимизга келган одамлар шу қадар сурбет эдиларки, улар менга ўзларини таништиришни ҳам эп кўрмасди. Ичларидаги битта бадқовоғи менга қараб буйруғона оҳангда: "Тез кийиниб чиқинг, эрингиз билан Ички Ишлар вазирлигида учрашасиз", деди.
Мен бу турқи совуқ кимсанинг гапига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмасдим. Ичимда титроқ аралаш ҳаяжон бор эди. Миямни: "Наҳотки, бу одамлар рост гапираётган бўлса?! Агар мени Сафар ака билан учраштириш ҳақидаги гаплари чин бўлса, нега олдимга қуролланиб келишди", деган ўйлар тамомила забт этди. Сафар Бекжоннинг қамалганига бир йил бўлганига қарамай, мени эрим билан кўриштириш у ёқда турсин, ҳатто унга озиқ-овқат топширишга рухсат бермагани ҳам шубҳаларимни янада кучайтирди. Барибир таваккал қилиб, Сафар ака билан учрашувга тайёргарлик кўра бошладим.
Улар менинг тараддудга тушганимни сезишди, шекилли: "Тезлашинг, бизда сизни кўп кутишга вақт йўқ" - деди дағал овозда яна ўша бадқовоқ нусха.
Уйга кириб, ширин уйқуда ётган Жалолиддинни "Тур ўғлим, дадангга борамиз", деб уйғотдим. Жалолиддиннинг уйқули кўзларида қувонч акс этди. Ҳа, барибир болада, ширинтойим уни алдаганимга ишонди. Лекин мен ўзимни-ўзим алдай олмадим. Уларнинг мутлақо бошқа ниятда келганини кўнглим сезиб турди. Жалолиддинни кийинтирарканман: "Ё қудратли Аллоҳим, менга ўзинг ёрдамчи бўл!", дея ич-ичимдан илтижо қилдим.
Гарчи ич-ичимдан хавотиру ҳадиклар исканжасида қовурилаётган бўлсам-да, мени кутиб турган бадқовоқларга ўзимни мағрур кўрсатишга ҳаракат қилиб, дарвоза олдига чиқдим. Шу пайт уларнинг битта эмас, нақ иккита машинада келганларини кўрдим. Машинадагиларнинг деярли ҳаммаси қуролланган ҳарбий кишилар эди. Улар умр йўлдоши дардида куйиб яшаётган бир мушфиқ аёлни эри билан учраштиришга келган кишиларга эмас, аксинча, худди ашаддий жиноятчини қамоққа олиш мақсадида жиддий тайёргарликлар билан келган кишиларга ўхшарди.
Маҳзун хаёллар исканжасида машинага миндим. Ички ишлар вазирлигига етиб келгунимизча афт-ангоридан рус миллатига мансублиги яққол кўриниб турган битта хумкалла зобит қўлидаги "Калашников" автоматини менга тўғрилаб ўтирди. Бечора Жалолиддин бу ваҳшийларнинг дарғазаб башарасини кўриб титрай бошлагандан кейин мен болажонимни маҳкам бағримга босиб ўтирдим.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг олдида машинадан тушиб ичкарига киргандан сўнг, ўша бадқовоқ зобит эшик олдида ўтирган қоровул сержантга қараб: "Биз Сафарбой Бекжоновнинг оиласини олиб келдик", - дея билдирги берди.
Сержант қандайдир узун рўйхатни ўқиб кўрди-да, мендан фамилиямни сўради.
– Реимова Қурбоной, - дедим беихтиёр асабий тусда.
– Турмуш ўртоғингизнинг фамилиясига ўтмаганмисиз, деди дағал овозда сержант.
– Йўқ, ўтмаганман, нима бўлибди, бу ҳам бир жиноятми? - дедим унга.
Қоровул кутилмаган саволимдан саросимага тушди шекилли, "Йўқ, бу сизнинг шахсий ишингиз, мен шунчаки сўрадим", деди.
Мени Вазирлик биноси ичкарисида ҳам қуролланган милиционер муҳофаза қилиб турди. У бироздан кейин ёнидаги аскарга қараб: "Қодиржонов, сиз шу ерда қолинг, мен ҳозир келаман", - деб ичкарига кириб кетди.
Орада бир неча дақиқа ўтгач у бизнинг олдимизга яна бошқа бир ходим билан қайтиб келди. "Бу аёлни тўртинчи қаватга олиб чиқинг", - деди мени уйдан олиб келган миршаб.
Мен учун Ички ишлар вазирлиги биноси эскидан таниш эди. Мазкур Вазирликда Сафар Бекжонни тергов қилган пайтда Хусан Аҳмедов ва Мирзо Худоёров исмли терговчилар мени ҳам олти соат тергов қилишганди. Бу гал ҳам ўша кабинетлардан бирига олиб киришди. Бу ерда ҳеч ким йўқ эди. Мен Жалолиддинимни маҳкам бағримга босиб ўтиравердим.
Орада бир неча вақт ўтгандан кейин терговчилардан бири олдимга кириб келди. Унинг қўлида қандайдир бир даста қоғоз бор эди.
– Демак, сиз, Сафар Бекжоннинг оиласи бўласиз, бу бола унинг ўғли, шундайми, - деди фуқаро кийимидаги одам.
– Болангизни нега уйингизга ташлаб келмадингиз? - деди у, менинг жавобимни кутмай.
– Уйимизга борганлар дадасини кўришга олиб борамиз, дейишганди менга, - дедим ўзимни соддаликка солиб.
– Сиз бу гапга ишондингизми? - деди заҳарханда тусда миршаб.
– Ишондим, - дедим, жаҳлимни ичимга ютиб.
Терговчи бир менга, бир кўзлари мўлтираб турган қўлимдаги Жалолиддинга қаради-да, хонадан чиқиб кетди. Ўз-ўзидан юрагим тўлиб кетди. Бақириб йиғлаб, хонани бошимга кўтариб дод-вой қилиб юборишим мумкин эди. Бироқ мен ҳеч қачон, ҳар қандай тақдирда инсон қиёфасидаги маҳлуқлар олдида кўз ёш тўкишни истамаганим учун бу сафар ҳам кўз ёшларимни юрагимга тўкишга мажбур бўлдим. Кўз ёшларим юракка қуйилаверганданми, кейинги пайтларда юрагим сезиларли даражада заифлашиб, тез-тез оғрийдиган бўлди.
Йиғи бу – инсоннинг энг сўнгги чораси. Терговчининг хонасида ҳам юрагим санчиб оғрий бошлади. Бироқ шу куни доим сумкачамда олиб юрадиган "юрак дориси" йўқ эди. Дорим тамом бўлганди, сотиб олишга эса пулим қолмаганди. Шу ерда ҳам юрагим санчиб оғрий бошлади.
Мен кўзларимни юмиб, чуқур нафас олишга ўтдим. Кейин нима бўлганини билмайман. Узоқдан кимнингдир: "Сизга нима бўлди?", деган овози эшитилгандай бўлди. Кўзимни зўрға очганимда ерда ётганимни, тепамда кимдир турганини элас-элас кўрдим.
– Кўзингизни очинг, ўғлингиз қўрқиб йиғлаяпти, - деди ўша одам. "Юрагим", дея олдим, холос, аммо овозим чиқмади. Мажолсиз қўлларим билан Жалолиддинни бағримга босдим. Қўлимга сув билан бирга қандайдир дори узатишди. Дорини ичгач, орадан чамаси беш ёки ўн дақиқа ўтар-ўтмай ўзимга келдим. Шундай ҳолатда ҳам ваҳшийлар шафқат нелигини билишмади.
– Ҳозир терговчининг олдига кирасиз, ўғлингиз мен билан қолади, - деди дори берган одам.
– Йўқ, ўғлимни ҳеч кимга ишонмайман, сизга ҳам қолдирмайман, болани тортиб олишга ҳаққингиз йўқ, дедим қатъий оҳангда.
– Ҳаққимиз бор, қонунни биз чиқарганмиз, уни бизга ўргатманг, - деди у ҳам ғазабнок тусда.
– Жиноят кодексининг қайси бандида ёзилган? - дедим мен ҳам бақириб.
– Қонун сизлар учун ёзилган, ўқийсизлар, ишонасизлар. Биз эса ўзимизнинг ёзилмаган қонунларимизга бўйсинамиз. Агар буни истамасангиз, ўғлингизни қўлингиздан тортиб оламан, - деди миршаб.
Шу тариқа, Жалолиддинни кўзидаги ёш билан золимнинг қўлида қолдириб, оғир изтироб ичида терговчининг хонасига кирдим.
Унчалик катта бўлмаган хонада ёзув столи ва уч ёки тўрт стул бор эди. Мени хонада тахминан қирқ беш-эллик ёш атрофида бўлган, кўз ости қавати анча салқиган, башараси-ю овози совуқ терговчи кутиб ўтирган экан. У менга саволлар бера бошлади. Кимлигимни, қаерда, қачон туғилганимни, маълумотимни, қачон ва кимга турмушга чиққанимни сўрашди.
Мен 1962 йил Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида туғилганимни, ота-онамнинг нафақахўр эканликларини, олий маълумотга эгалигимни, 1991 йилда Самарқанд давлат университетининг Филология факультетини тамомлаганимни айтдим.
– Бирон партияга аъзомисиз? - деди терговчи.
1990 йил 11 апрелда "Эрк" партиясига аъзо бўлганимни билдирдим.
Терговчи юзимга қарамай берган жавобларимни тез-тез ёзди. "Эрк" партиясига аъзолигимга доир жавобимни эшитгач, чаён чаққандай бирданига сесканиб, менга қаради.
– Сиз ҳам "Эрк" партияси аъзосимисиз? - деди.
Терговчининг саросимага тушиши менга ғалати таъсир қилди. Шу пайтгача ичимда бир қўрқув, шунингдек, ваҳшийларнинг терговига иродам дош берадими-йўқми, деган андиша бор эди. "Эрк"ка аъзолигимни билган терговчининг ҳолатини ўз кўзим билан кўргандан кейин менда қандайдир куч пайдо бўлди. "Эрк" партиясига аъзолигим буларга қаттиқ таъсир қила олишини англаб етдим. Бу англам мендан қўрқув туйғусини узоқлаштирди.
– Турмуш ўртоғингиз ким бўлиб ишлайди? - деди.
– Турмуш ўртоғим Сафар Бекжон "Эрк" партияси Марказий Кенгаши аъзоси. У 1993 йил 27 июлдан буён ноҳақ туҳмат ва бўҳтонлар туфайли қамоқда сақланмоқда. Мени бу ерга турмуш ўртоғингиз билан учрашасиз, деб олиб келишди, - дедим.
Терговчи менга қаради ва дабдурустдан бақириб, пўписа оҳангида гапира бошлади.
– Сен бу ерга эринг билан учрашиш учун эмас, шаҳарда тарқатилган "Эрк" партияси газетасига доир саволларга жавоб бериш учун чақирилгансан! Чунки, газета тарқатганлардан биттаси сен бўласан! - деди у ўдағайлаб.
Унинг бу сўзларидан кейин мен, ниҳоят, ўзимнинг Вазирликка нима учун келганимни билиб, бироз енгил тортдим. Ҳар қалай, бу мутаҳҳамлар қўйнингдан наша чиқди, деб айбламоқчи эмас экан!
Терговчи синчков назар билан менга қараб:
– Сенга бу газетани ким олиб келди? - деди.
– Шаҳарда тарқатилган газета ҳақида ҳеч қандай хабарга эга эмасман, буни ҳозир сиздан эшитяпман, - дедим.
– Ёлғон, газета сенинг уйингга ҳам олиб борилган ва уни кимлардир уйингга бориб олиб кетишган, - деди.
Мен терговчининг туҳматига жавобан Тошкентдаги "Эрк" партияси аъзоларидан ҳеч кимни танимаслигимни, Самарқандда ўқиганимни ва Тошкентга келганимга ҳали уч йил бўлмаганини, бундан ташқари, турмуш ўртоғим қамалгандан буён уйга ҳеч ким келмаслигини айтдим.
– Демак, эринг қамалмасдан олдин уйингга ҳар хил одамлар келишган, шундайми?
– Кимдир келган бўлса ҳам мен уларни кўрмаганман, чунки кичкина чақалоғим тарбияси билан машғул бўлиб, уйдан кўчага чиқмасдим, дедим.
– Партияларингнинг аъзоларидан кўпчилиги газетани сенинг уйингга бориб олиб кетишганини тасдиқламоқда.
– Мен улардан ҳеч қайси бирини танимайман.
– Улар сени танишади.
– Мен эса танимайман, - дедим такрор.
– Улар газетани сендан олганини тан олмоқдаку!
– Демак, ёлғон гапиряпти.
– Сени улар билан юзлаштирайликми?
– Юзлаштиринг, - дедим қатъий оҳангда.
Коридорга чиқдик. Терговчи оҳистагина бошқа бир эшикни очди. Хона ичида рангги оқариб кетган Ҳамидулла Нурмуҳаммадга кўзим тушди.
Ҳамидулла аканинг мени кўриб қолмаслигини таъминлаш мақсадида терговчи эшикни яшин тезлигида ёпиб, менга қаради:
– Кўрдингизми кимлар айтганини? Энди ишондингизми? Улар эркак киши, шундай бўла туриб тан олаётган бир пайтда сиз аёл киши бўла туриб... ўғлингиз бор... ўйлаб кўринг, - деди, сал олдин жаҳл отига минганда сенсирашга ўтган бу нокас, яна сизлашга тушиб. Аслида, тили ва дили бир бўлмаган иккиюзламачи ва буқаламун одамлар бошқалар билан шундай мулоқот қилишади.
Терговчининг ўғлимни қўшиб гапирган гапларидан кейин хаёлимни бир ерга жамлаб, худди шу ўғлим бўлгани учун ҳам, ўғлимнинг келажакда мендан нафратланмаслиги учун ҳам ҳеч кимга туҳмат қилмаслигимни дангал, кўзига тик қараган ҳолда билдирдим.
Терговчи нима дейишини билмай қолдими ёки қатъий билдиргимдан қаттиқ таъсирландими, уни ичига тушиб кетди.
(Ушбу воқеадан сўнг Эркчи Ҳамидулла Нурмуҳаммад Сафарнинг хотини мени КГБ (Миллий хавфсизлик хизмати)га сотди, деб гап тарқатганлиги ҳақида эшитдим. Балки бу шунчаки миш-мишдир. Аммо фурсатдан фойдаланиб мен шу пайтгача ҳеч қачон, ҳеч кимни КГБга ҳам, бошқаларга ҳам сотмаганимни, сотқинлардан доим нафратланишимни, Аллоҳга шукрлар келтирган ҳолда айтиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Албатта, мен бу гапларни ўзимни оқлаш учун ёзаётганим йўқ. Бу ерда ўша машъум 1994 йил 3 март куни терговчининг саволларига берган жавобимни айнан, ўзгартирмасдан ёзмоқдаман. Бу борада менга турмуш ўртоғим Сафар Бекжонсиз яшаган уч йилимнинг ҳар бир кунини хотира сифатида ёзиб борганим ҳар томонлама қўл келди, яъни тақдиримнинг тош кўчаларида битилган бу ёзувлар айни чоғда ёзаётган хотираларимга тўлақонли асос бўлди. Мен келажагимни ўтмишим билан бирга кўраман ва ўғлим Жалолиддин кимлар томонидан исканжага олинганини унутмасликка ҳаракат қиламан. Зотан, ўз ўтмишини унутган инсон келажакдан қўрқади).
Орадан беш-ўн дақиқа ўтгандан кейин мен ўтирган терговчининг хонасига яна бир киши кириб келди, у менга ўзи билан бирга қаергадир боришимни айтди.
Биз коридорга чиқиб, лифтнинг эшиги олдига келдик. Шу пайт орқа томондан: "Вой келин, сиз ҳам шу ердамисиз?", - деган таниш овоз эшитилди. Қайрилиб қараганимда қаршимда Дилором Исҳоқова турарди.
– Вой келин, сизниям бу ерга олиб келишдими? дея яна такрорлади саволини.
Дилором опанинг овозида ҳайрат аралаш қўрқув бор эди.
– Ўғлингиз қаерда? - деди Дилором Исҳоқова.
Мен вазирлик биносида Дилором опанинг ўзини худди ўз уйида юргандай ҳис қилганини кўриб, ҳайрон қолдим. Бадқовоқ миршаблардан бири: "Сизларга суҳбатлашиш мумкин эмас", деб уни олиб кетди. Кейинчалик Дилором Исҳоқованинг бу ерга менинг юрагим оғриб қолганини билиб, ёрдам бергани келганини эшитдим.
Шундан сўнг биз лифтда нечанчидир қаватга чиқдик. Мени бир хонага олиб кирди. У ерда Қодиржонов ўтирган экан.
– Ўғлим қани? - дедим.
– Беш дақиқада олиб келишади, - деди.
Жаҳлим чиққанини яшириш учун деразадан ташқарига қарадим. Атрофга қоронғулик чўкканди. Эшик очилди ва Жалолиддиннинг "Ая" деган овози силлам қуриган вужудимга қайта мадор ато қилди.
Кўзларим ёшга тўлди. Бироқ одатимга кўра кўз ёшларимни қаршимдаги тубан шахсларга кўрсатмасликка уриндим. Жалолиддинни қаттиқ бағримга босдим.
– Сизни уйингизга Ҳамиджонов олиб бориб қўяди, - деди Қодиржонов...
Уйга қайтганимдан кейин Вазирликдаги тергов тафсилотларини ўзимча таҳлил қилишга ўтдим. Елкамга Сафар ака билан боғлиқ ташвишлар устига яна бир ташвиш тушганини қалбан ҳис қилдим. Маҳкаманинг менинг устимдан Тошкент шаҳрида "Эрк" демократик партияси газетасини тарқатган, деган айблов билан жиноят иши очганидан воқиф бўлдим.
Яратган тангрим бандасининг бошига бир бало-қазо ёғдиришни бошласа тўхтатмас экан. Бандам мен юборган ғам-аламларга бардош бера олармикин ёки қалбини тилка-пора қилиб дод-фарёд солармикин ёхуд оғир юкни елкасини елкан, кўксини қалқон қилиб манзилгача кўтариб етказа олармикин, деб бирин-кетин синовлар юбораркан. Мен бу очунда тақдиримга битилган мислсиз азоб-уқибатларга кўксимни қалқон, елкамни елкан қила олгандим.
Сафар Бекжон билан илк танишув. У ким эди?
Мен Сафар акани биринчи марта Тошкентда кўргандим. Ўшанда Самарқанддан Тошкентга дугонам Малоҳат Эшонқулова (Самарқанд вилояти Оқдарё туманида туғилган. "Бирдамлик" халқ ҳаракатининг Ўзбекистон бўлими етакчиси) билан бирга боргандик.
Тошкентга келгач, Малоҳат ўз иши, мен ўз ишим билан машғул бўлдик. Мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига бориб, Муҳаммад Солиҳ билан учрашдим.
Муҳаммад Солиҳнинг олдига боришимга асли Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан бўлган курсдошим Абдуқаюм Йўлдошев билан Муҳаммад Солиҳ иши бўйича тортишиб қолганим, аниқроғи, Абдуқаюмнинг "Муҳаммад Солиҳ сотқин, у "Бирлик" халқ ҳаракатини иккита квартира учун сотди", деган кескин танқиди туртки берди.
Менинг Тошкентга бориб, Муҳаммад Солиҳ билан учрашишимга айнан мана шу "шумхабар"нинг нечоғли рост ёки ёлғонлигини билишга қизиқишларим сабаб бўлди. Шу сабабли домлам, Самарканд давлат университетининг филология факультети декани, филология фанлари доктори Нуриддин Шукуровдан (Самарқанд шаҳрида Туркман қишлоғида туғилган) Тошкентга бориб келиш учун рухсат сўраб, Муҳаммад Солиҳнинг ишхонасига бордим ва учрашув пайтида унга эшитган гапларимни очиқ-ойдин айтиб, бунга доир изоҳ беришини сўрадим.
Муҳаммад Солиҳ менга эшитганим шунчаки янглиш хабарлигини, баъзи бир сиёсий қарашлар тўғри келмагани сабабли улар икки ташкилотга бўлинганини гапириб берди. Бироқ ҳар иккала ташкилотнинг асосий мақсади Ўзбекистонда демократик жамият қуришга қаратилганини таъкидлади.
Муҳаммад Солиҳ, ўз навбатида, мендан қайси ташкилотга аъзо эканимни сўради. Мен 1989 йилдан бери "Бирлик" халқ ҳаракатига аъзолигимни, "Бирлик" муассислигида чоп этилаётган газеталарни Самарқанддаги университет ва институтларга тарқатиш билан шуғулланишимни, бу ерга келишдан мақсадим Муҳаммад Солиҳ билан учрашиш ҳамда газета сотувидан тушган пулларни эгасига бериб кетиш эканини айтдим.
Шу ерда Муҳаммад Солиҳ менга "Эрк" партиясига аъзо бўлишни таклиф этди. Мен унинг партияга аъзо бўлишга доир таклифини сидқидилдан қабул қилдим.
Шу пайт Муҳаммад Солиҳ котибаси орқали Шавқиддин Жўраевни чақиртирди (Шавқиддин Жўраев Бухоро вилоятида туғилган). Мен Муҳаммад Солиҳ номига ариза ёзиб, у кишига топширдим. Шу куннинг ўзида менинг қўлимга "Эрк" партиясининг билетини беришди.
Муҳаммад Солиҳнинг олдидан чиққанимда мени Малоҳат Эшонқулова кутиб ўтирган экан. Ундан кейин биз дугоналар биргаликда Қудрат Бобожонни излаб топдик (Қудрат Бобожон 1965 йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган. Ҳозирги кунда Швецияда сиёсий муҳожир сифатида яшамоқда). Учрашувимиз жараёнида мен Қудратга газета сотувидан тушган пулларни бердим.
Биз Қудрат Бобожон билан мамлакатдаги сиёсий вазият ҳақида, бундан кейин қилинадиган ишлар хусусида гаплашиб турганимизда ёнимизга бир йигит келиб туриб олди. Рости, унинг бизга безрайиб қараб туришига жаҳлим чиқди. Бир-икки марта хўмрайиб қараб қўйдим. Бироқ бундай қарашларимдан пинаги ҳам бузилмади.
Қудрат менинг жаҳлим чиққанини сезди шекилли, биздан узоқлашмаётган ёнимиздаги йигитга ва менга қараб олди-да, вазиятни юмшатиш мақсадида, узр, сизларни таништиришни унутибман, деб тўғридан-тўғри бизни таништиришга ўтди.
– Сафар Бекжон Урганжий, хоразмлик, - деди Қудрат.
Урганжий номини эшитганимдан кейин бадтар жаҳлим чиқди.
– Сиз хоразмлик бўлганингиз учун ўзингизга Урганжий деб "лақаб" қўйиб олганмисиз, - дедим кинояли оҳангда. У ҳам асло бўш келмай, ҳақиқатанан Бухоро амирининг Бош вазири Низомиддин Урганжий авлодига мансублигини билдирди.
– Ҳм, дедим, лекин астойдил ишонмадим.
Қудрат билан суҳбатимизни давом эттирдик, бироқ Урганжий жаноблари ёнимиздан кетишни хаёлига келтирмайди. Кетмаганига яраша гапимизга ҳам аралаша бошлади. Жаҳлим чиққани учун эътибор бермасликка ҳаракат қилдим. Қудратга тез орада ёзги таътил бошланишини, ўз қишлоғимга кетишимни, Берунийда ҳам "Эрк" партиясини тарғибот қилиб, иложи бўлса газеталарини тарқатишим мумкинлигини айтганимда "кутилмаган меҳмон" Урганжий яна гапимизга аралашди.
– Яхшиси, менга адресингизни беринг, газетадан мен юбориб туришим мумкин, - деди ярим Тошкент, ярим Хоразм шевасида.
– Яхши, дедим. Балки кўпроқ газета юбориб турса, Берунийдаги таҳририятга ҳам олиб бориб, "Эрк"ни танитарман, дедим ўзимча ичимда режа тузиб. Шу тариқа уй адресимни ёзиб, қўлига тутқаздим. Аслида мен ўшанда Сафар Бекжон Урганжийнинг қўлига уй адресимга қўшиб тақдиримни ҳам топширган эканман.
Ўша куни мен ва Малоҳат раҳматли шоир Назар Шукурни хотирлаш учун Қашқадарёга қараб йўлга отланган бир гуруҳ қалам аҳли минган автобусда Тошкентдан Самарқандга етиб келдик. Бизни Самарқандгача бирга кетишга шоиру ёзувчилар таклиф қилишди.
Йўлда келаётганимизда шоир Мирзо Кенжабек (Мирзо Кенжабоев) менга қараб: "Қурбоной шоирлардан узоқ юринг", деб насиҳат қилган эди. Аммо ўшанда "нима учун?" деб сўрамагандим ва Мирзо аканинг ўзи сабабини тушунтирмаганди. Бироқ ҳозирги кунгача "нима учун?" деган саволга жавоб тополмайман.
Сафар ака ҳақиқатанан сўзида турди. У ваъда берганидек, менга "Эрк" газетасини юборди. Мен "Эрк" газетасини қишлоғимизда тарқатиш билан бирга, дўстларимга, таниш-билишларимга мазкур партиянинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапириб бердим.
Беруний шаҳрига бориб, устозларим билан учрашдим, таҳририятдагиларга ҳам партия ҳақида гапириб бердим. Уларнинг "Эрк" демократик партиясига қизиқиши менинг ҳайратимни оширди. Ҳатто Берунийда нашр қилинадиган "Пахтакор" газетаси муҳаррири шаҳарда "Эрк" партиясининг бир бўлимини ташкил қилишини айтди. Бундан жуда хурсанд бўлдим.
Шу ўринда Сафар Бекжон ким эди, деган ҳақли савол туғилади. Ҳа, дарҳақиқат, Сафар Бекжон ким? Унинг номи тилга олинганда, хоҳлаймизми-йўқми барибир "Эрк" демократик партияси номи ҳам тилга олинади. Менинг ўрганишимча ва билишимча, мазкур партия 1990 йилнинг апрель ойида 7 нафар киши томонидан ташкил этилади. Сафар ака еттинчи рақамдаги асосчи эди.
Агар хотирам панд бермаган бўлса, "Эрк" партияси 1991 йил сентябрда Адлия вазирлигида расмий рўйхатдан ўтказилади. Ўша пайтда партиянинг 7 нафар асосчиларидан 6 нафари партияга тааллуқли барча расмий ҳужжатлар Сафар Бекжоннинг номига расмийлаштирилиши, партия муҳри ҳам унинг номига олиниши, яъни "муҳрдор" бўлиши бўйича ягона қарорга келади.
Шу тариқа, Сафар ака "Эрк" партиясининг ишончли ва расмий вакили сифатида фаолият юрита бошлайди. Ўзбекистон Марказий Банки, Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотларга юборилиши керак бўлган расмий ҳужжатларга Сафар ака имзо чекади ва муҳр босади.
Бироқ надоматлар бўлсинки, Партия ҳали тўла-тўкис оёққа турмай, қад ростламай туриб, партиядошлар ичида аста-секин келишмовчиликлар бошланади. Жанжалнинг бошида "Эрк" партияси Марказий қўмитасининг Бош котиби Аҳмад Аъзам ва Марказий қўмита аъзоси Содиқжон Йигиталиевлар туришади.
Шу ўринда бу икки шахснинг кимлиги ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдим: Аҳмад Аъзам Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган ва Ўзбекистон телевидениесида ишлаган. У ўзаро келишмовчиликлардан кейин "Эрк" партиясидан воз кечиб, диктатор Ислом Каримовнинг маддоҳига айланган шахсдир. Содиқжон Йигиталиев эса Ўзбекистон Республикаси судининг собиқ раиси бўлган. У 1980 йилларнинг иккинчи ярмида бошланган "Пахта иши" деб номланган ва руслар томонидан ўйлаб топилган ўзбекларни қоралаш компаниясида минглаб бегуноҳ инсонларнинг қамалиб кетишига бевосита сабабчи бўлган. Бундан ташқари, қамалган инсонларнинг барча бойликларини тортиб олиб, Гдлян ва Ивановларнинг қўлига қўш қўллаб тутқазган, 1990 йилга келиб эса, бир думалаб демократга айланган миллат хоинидир.
Минг машаққатлар эвазига, тинимсиз югур-югурлар ҳисобига ташкил қилинган партия асосчиларининг: "Нима учун биз бир чеккада қолиб, Сафар Бекжон "муҳрдор" бўлади? Нима сабабдан имзолаш ҳуқуқи Сафар Бекжонга берилади?" деган куракка турмайдиган масалалар атрофида жанжаллашиши, албатта, ақл бовар қиладиган ҳодиса эмас эди. Уларни партияга тааллуқли ички ва ташқи муҳим қарорларга муҳрдорлик қилиш ҳуқуқи Адлия вазирлиги томонидан Сафар Бекжоннинг номига берилгани қизиқтирмасди, аниқроғи, етарли сиёсий саводхонлик даражасига эга эмасликлари панд берарди.
Кейинчалик бу икки киши сафига "Эрк" партиясининг матбуот котиби Дилором Исҳоқованинг қўшилиши ўлганнинг устига тепки бўлди. (Дилором Исҳоқова Тошкент шаҳрида туғилиб, вояга етган, шоира). Бироқ, Муҳаммад Солиҳнинг ёрдамчиси вазифасида ишлашни бошлаган Сафар ака бу каби майда-чуйда ишларга жиддий аҳамият бермай, жонини жабборга бериб, партия ишини ривожлантиришда давом этади.
Ўша пайтларда Сафар ака "Эрк" партияси ҳисоб-рақамига "кўмак пули" ўтказилишини сўраб, тез-тез вилоятлардаги ташкилотларга иш сафарига борарди. Мен эса яқиндагина туғилган ўғилчам билан уйда ёлғиз қолардим.
Ёлғизликдан шундай қаттиқ қўрқар эдимки, баъзан тунлари мижжа қоқа олмасдим, маҳалламизнинг имоми тонги азонни ўқигандан кейин ухлашга тушардим. Ёстиғимнинг тагига эса, ҳар эҳтимолга қарши болға, болта, катта тош, пичоқ ва қўл лампаси қўйиб ётардим.
Бироқ, шундай бўлса-да, бу каби аянчли ҳолатимдан ҳеч кимга, на Сафар акага ва на бошқа қариндош-уруғларимга шикоят қилмасдим. Сафар аканинг миллатимиз ҳамда фарзандларимизнинг келажаги учун қилаётган эзгу ишларини тўла-тўкис тушунар ва қўллаб-қувватлардим.
Қўрқаётганим ҳақида ота-онамга айтишга эса тилим қисиқ эди. Чунки Сафар акани ўзим танлаганман. "Ўзи йиқилган йиғламас" деганларидай менинг ҳам йиғлашга ҳаққим йўқ эди. Ўзим пиширган баъзан аччиқ, баъзан ширин чиқадиган таомларимни айланиб ҳам, ўргулиб ҳам ейишга тайёр эдим. Тунларим уйқусиз, кундузларим беҳаловат эди.
Аслида Сафар акадан норози бўлган бир-икки кишилар унинг ташкилотчилик қобилияти ва киришимлилиги олдида таъзим қилса арзирди. Унинг "Эрк" партияси номидан партия ҳисоб-рақамига "кўмак пули" ўтказишни сўраб, ўзи борган ташкилот ва корхоналардан қуруқ қўл билан қайтмаслигини олқишласа бўларди. Чунки партия ҳисоб-рақамига келиб тушган пуллар фақат партия тараққиёти учун сарфланиб қолмасдан, ходимлар, фаолларнинг моддий аҳволи яхшиланиши учун ҳам сарфланарди. Бироқ, кўп ҳолларда арзгўйлар фаолларнинг яшаши учун уй-жойлар, мол-мулклар ниманинг ҳисобига сотиб олинганини, вилоятларда "Эрк" партиясининг офислари қандай очилганини, партия нашри қандай чоп этилаётганини, бошқа газеталарда чиқишлар, телевидениеда кўрсатувлар, радиода эшиттиришлар қандай уюштирилаётганини билса ҳам билмасликка олишарди.
Афсуски, "Эрк" партияси оддий инсонлар ва Ўзбекистон аҳли орасида шиддатли даражада танилиш билан бирга, ич-ичидан дарз кета бошлаган ҳам эди. Бунга "муҳр"ни мен қўяман, мен имзо чекаман... ва бошқа ади-бадилар таъсир кўрсатаётганди. Шу тариқа муаммолар кўпайгандан кўпайиб, алал-оқибат портлашга тайёр вулкан ҳолига келганди.
"Эрк"чилар даврасида ўтган никоҳ тўй
Ёз ўтиб, куз келди. Мен катта умидлар билан Самарқандга қайтдим. Шу йилнинг кузида Сафар ака ҳам Самарқандга, менинг олдимга келди. Биз ёмғирли куз оқшомларидан бирида "Самарқанд" кинотеатрига кино кўргани бордик. Ўқишдан бўш пайтимда Ҳазрати Амир Темур мақбарасини, Шоҳи-Зинда, хуллас, Самарқанднинг муқаддас қадамжоларини бирга айланиб, ўтганларнинг руҳига дуои фотиҳа ўқидик.
Сафар ака мутлақо кутилмаган бир пайтда менга уйланиш ҳақидаги таклифини шартакамига айтди-қўйди.
Гапнинг очиғи, мен ундан бундай таклиф кутмагандим. Сафар аканинг таклиф услуби ҳам ғалати эди.
Мен ниҳоятда кўп китоб ўқиганим учун "йигитлар қизларга ўзларининг уйланиш ҳақидаги таклифини жуда романтик тарзда айтса керак", деб ўйлардим. Сафар аканинг таклифи китобда ёзилган таклифларга мутлақо ўхшамасди, шеърларда тасвирланганидек оддий ва содда романтика эди...
"Худо умр берса бизни узун ва машаққатли ҳаёт кутаяпти. Шу йўлдан бирга йўл олсак, елкама-елка туриб бир-биримизнинг оғиримизни енгил қилсак, бунга сиз нима дейсиз? Биз боғларда эмас, ҳаётнинг қайнаган қозонида бирга қайнасак..."
Мени Сафар аканинг турмуш қуришга доир дабдурустдан берган таклифи ҳайрон қолдирди. Кутилмаган таклифдан тош каби қотиб қолдим. Гапнинг очиғи, турмушга чиқиш, фарзанд кўриб, улар тарбияси билан машғул бўлиш, бир йигитга умр йўлдош, бир оилага бош бўлиш каби орзу-ҳаваслар ҳали менинг етти ўйлаб тушимга кирмаган эди.
Мақсадим фақат ўқиш, ўқишни тугатгандан кейин университетда қолиб илмий иш билан шуғулланиш эди. Бундан ташқари, Онажонимнинг олдига бориб, меҳрибонимга хизмат қилишни орзу қилар эдим.
Ёшим йигирма саккизга тўлган, бу вақтга келиб деярли ҳамма синфдош қизларнинг ўғил-қизлари кап-катта бўлиб қолганига қарамай мен турмушга чиқишга шошилмасдим.
Курсдошларим ичида ҳам кўпчилигининг тўйи бўлган, қолганлари ҳам унаштирилган эди ўша вақтда. Менда эса бу ёшдан кейин турмушга чиқиб нима қиламан, деган тушунча миямда тош бўлиб ўрнашиб қолган эди.
– Сиз ўзингизга мос келадиган қиз топинг, фақат мени эмас, - дедим, ҳар бир сўзимга урғу бериб.
– Топдим, деди Сафар ака.
– Ким?
– Сиз.
– Мен овқат пиширишни, кир ювишни, дазмол қилишни, уй тозалашни билмайман. Менга уйлансангиз ҳамма ишларни ўзингиз қилишингизга тўғри келади.Таклифингизни қайтариб олинг ва мендан воз кечинг. Қўлимдан китоб ўқиш ва қалам тебратишдан бошқа ҳеч нарса келмайди, - дедим қатъий тарзда.
– Яна унутиб қолган бошқа салбий хислатларингиз ҳам борми, - деди хоҳолаб кулиб.
– Бор.
– Нима?
– Тилим заҳар, мендан яхши сўз кутиш қийин!
– Мен айнан сиздақасини излаб юргандим. Яхшиям ўша пайтда Тошкентга боргансиз, яхшиям сизни менга Қудрат Бобожон таниширган, яхшиям учрашдик, рози бўлаверинг, ота-онам уйингизга совчи бўлиб борсинлар, деди.
Мен нима дейишни билолмай лол қолдим. Гарчи ўзимга ўзимда йўқ бўлган барча "салбий" ёрлиқларни ёпиштирсам ҳам, Сафар ака фикридан воз кечмади. Бироқ, ўз навбатида бу ўжар одамнинг нияти жиддиймикан, деган хаёлларга ҳам бордим.
Қаршимдаги одамдан нималарни эшитаётганимга, нималар бўлаётганига асло ишонмадим. Шундай бўлса-да, босиқлик билан Сафар акага юзланиб: майли, агар шу ҳолатимни кўра била туриб уйланишга рози бўлсангиз унда уйимизга ота-онангиз билан бирга келаверинг, кейин таънаю дашномлар қилиб юрманг, дедим.
1991 йил 3 январь куни кутилмаганда уйга чақирилмаган меҳмонлар – Сафар ака ва ота-оналари кириб келдилар.
Онам мендан қаттиқ норози бўлди.
– Мен сани эрга бераман деб катта қилмагандим, нишетганинг бу?
Мен нима дейишни билмай ҳайрон қолдим. Дилим лол, тилим калимага келмайди... Ва унаштирилдим.
Самарқандга қайтдим.
Менинг унаштирилганимни эшитган курсдошларим унчалик ишонишмади. Улар осмондан тош ёғади деса ишонардилар, лекин менинг эрга тегишимга асло ишонмасдилар. Ҳатто ўзим ҳам ишонмасдим. Худди бўлиб ўтган, бўлаётган воқеалар тушга ўхшарди.
Самарқанднинг Жомбой туманилик Ахтам Абдуллаев деган курсдошим ёнимга келиб:
– Сиз ҳақиқатанан унаштирилдингизми, ишонгим келмаяпти, деди ҳайратини яшира олмай.
– Ҳа, дедим.
– Ростданми, алдамаяпсизми?
– Йўқ.
– Куёвтўра ким?
– Асли хоразмлик, лекин Тошкентда яшайди, Сафар Бекжон деган йигит.
– Бахтли бўлинг.
– Раҳмат.
1991 йил 15 февралга тўй куни белгилангандан кейин кўнгилимга яқин баъзи дўстларимга таклифнома тарқатдим. Сафар ака билан бирга факультетимиз декани, севимли устозим Нуриддин Шукуровни тўйга айтгани хонасига кирдик.
Жаннатий домлам таклифномани олиб ўқигандан кейин менга: – Қурбоной турмушга чиқишга нимага шошасиз, ҳали ёшсиз-ку, ўқишингизни давом эттирсангиз яхши бўлар эди, - деди.
Домламга нима дейишимни ҳам билмадим. Тўйга чақирган дўстларимнинг кўпи ҳатто ишонмаган эди ва бирортаси ҳам тўйга келмаганди. Тўйдан кейин нимага тўйимга келмаганларини сўраганимда ишонмаганларини билдирганди.
Тўйимиз Тошкентда бўлиб ўтди. Тўйимизга "Эрк" партиясининг ҳамма вилоятлардаги аъзоларидан делегатлар келишди. Улар учун бизнинг тўйимиз муҳим эмас, муҳими, келин-куёвларнинг "Эрк" партиясининг аъзоси бўлгани эди.
Сўзга чиққан меҳмонлар бизнинг тўйимиз партиямиз учун тарихий кун экани, "Эрк" партиясининг икки нафар аъзоси турмуш қураётгани, "Эрк" аъзолари ичида биринчи оила янги ҳаёт остонасига қадам қўяётгани ҳақида тўлқинланиб қадаҳ сўзи сўзладилар.
Шу билан бирга, "Эрк" партиясининг вилоятларда дуч келаётган қийинчиликларини айтиб, дардларини дастурхон қилишни ҳам унутмадилар. Қадаҳ сўзи гапирганлар халққа "Эрк" партиясини танитиш учун телевидениеда жуда кам вақт ажратилаётгани, "Эрк" газетасини вилоят ва шаҳарлардаги газета дўконларидан топиб бўлмаслигига доир шикоятларни ҳам қолдиришмади.
Шу куни, яъни 1991 йил 15 февраль куни Олий Советда қабул қилинган "Кўп партиявийлик", ҳақидаги қарорни ҳам муҳокама қилишни унутмадилар. Ушбу қарор қабул қилинишида жонбозлик кўрсатган миллат вакилларининг исм-шарифини айтиб табриклашни ҳам жойига қўйдилар. Чунки тўйимизга бир гуруҳ миллат вакиллари, жумладан, Муҳаммад Солиҳ, Аҳмад Аъзам, Шовруҳ Рўзимурордов, Мурод Жўраев, Насурулла Сайид, Иномжон Турсунов, Тоҳир Каримов, Шавқиддин Жўраев, Эломон Шукуров, Рауф Парфи, Мирза Кенжабек, Қадам Сайидмуродлар ҳам келган эди. Албатта, булар менинг эсимда қолганлари, хуллас тўйимизга жуда кўпчилик расмий вакиллар келганди.
Мен тўйимиз бўлаяпдими ёки "Эрк" партиясининг кенгайтирилган мажлиси бўлаяпдими, деган хаёлларга ҳам бордим. Қадаҳ сўзини гапираётган "Эрк" партияси муаммоларини муҳокама қилар экан, биз келин-куёв уларнинг оташин нутқларию, шикоятларини оёқда туриб эшитардик. Уларнинг эса дарди тугамас эди.
Меҳмонларнинг шикояти етмаганидай, энди шикоятчилар сафига тўйимизни бошқараётган даврабоши ҳам қўшилди. У "Эрк" партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳга юзланиб, ундан газетани кўпроқ нусхада нашр қилишга нималар тўсқинлик қилаётганини, агар муаммо қоғозда бўлса, партия раиси ва миллат вакили сифатида қоғоз топишга нега кучи етмаётганлигини сўради. Уйининг ёнидаги газета дўконига ҳар куни эрталаб борса ҳам газета камлиги сабабли сотиб ололмаётгани, "Эрк"ни излаб овора бўлаётгани ҳақида ситам қилди.
Муҳаммад Солиҳ ўрнидан туриб, даврабоши илгари сурган саволга жавоб берди. Газетанинг ададини кўпайтириш ҳақида сўз берди. Хулласи калом, мен ўзимни тўйда эмас "Эрк" партиясининг кенгайтирилган мажлисида ўтиргандай ҳис қилдим ўшанда.
Ўз навбатида никоҳ тўйимизда қатнашган меҳмонлар ҳақида ва уларнинг кейинги тақдири хусусида қисқача ёзиб ўтишни лозим топдим.
Мурод Жўраев, Қашқардарё вилоятининг Муборак туман ҳокими. Ўзбекистон Халқ депутати, 1994 йилдан то шу кунгача айбсиз-айбдор сифатида қамоқда қолмоқда.
Шовруҳ Рўзимуродов, Ўзбекистон Халқ депутати. Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида туғилган. 2001 йил 6 июль куни Ўзбекистондаги қамоқхоналардан бирида ваҳшиёна тарзда ўлдирилган. Ўзбекистон МХХ Шовруҳ Рўзимуродовнинг ўлими ҳақида "ўзини-ўзи осиб ўлдирган", деган сохта ҳужжат тақдим қилган.
Эломан Шукуров қамоқхонада ўлдирилган.
Миллий шоиримиз Рауф Парфи 2005 йилда ҳақнинг раҳматига қовушган, маккони жаннат бўлсин!
Қадам Сайидмуродов, шоир, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилган. 2013 йил вафот этган. Жойи жаннат бўлсин!
Насрулло Сайид, Бухоро вилоятида туғилган, Ўзбекистон Халқ депутати, ҳозирги вақтда Канадада сиёсий муҳожир сифатида яшамоқда.
Аҳмад Аъзам, "Эрк" демократик партиясининг собиқ бош котиби. Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. Тошкент шаҳрида истиқомат қилади.
Мирза Кенжабек (Мирзо Кенжабоев) Сурхандарё вилоятида туғилган, Тошкент шаҳрида яшайди.
Тўйимиз бўлиб ўтгандан кейин биринчи бўлиб, Бухорои шарифга бориб, Нақшбандий ҳазратларининг мақбараларини зиёрат қилдик.
Биз оилада турмуш ташвишидан кўра "Эрк" партиясидаги муаммолар ҳақида кўпроқ баҳслашардик. Мени моддият эмас, балки газетанинг янги сони кўпроқ қизиқтирарди. Дунёда ва Ўзбекистонда бўлаётган сиёсий жараёнлардан хабарсиз қолишни истамас эдим.
Партия ичидаги парокандаликлар
1991 йил декабрда бўлиб ўтган Президент сайловида ғалаба қозонган ва Президентликка сайланган Ислом Каримов оинаижаҳон орқали намойиш этилган кўрсатувлардан бирида Муҳаммад Солиҳнинг номига ҳамду сано ўқийди. Сайловдан кейин келиб "Менинг йигит дўстим, мард одам шунақа бўлади" деб табриклайди.
Сайловдан кейин "Эрк" партияси ичида емирилиши вужудга келади. Аста-секин Партия ичида пайдо бўлган носоғлом муҳит янада авжига чиқади.
Партиядагилар Бош котиб Аҳмад Аъзам томонидан жорий қилинган тартибдан, яъни "Эрк" партиясида ҳам совет КГБсидан етишиб чиққан КПСС Марказий қўмитаси раиси Юрий Владимирович Андропов давридаги каби "назорат дафтари" бўлишидан жиддий норози эди. Пaртия ходимларига ишга келган ва ишдан кетган вақтларини дафтарга қайд қилиб бориш маъқул келмаганди.
Аҳмад Аъзамнинг бу аҳмоқона талаби Сафар акага ҳам мутлақо ёқмайди. Сафар ака: "биз демократик давлат қурамиз, миллатимизни русларнинг зулмидан қутқарамиз, бўйнимизга осилган қуллик занжиридан қутулиб, ҳур ва озод яшаймиз, деб кураш бошлаган бир пайтда совет режими даврида коммунист ва КГБ ходимлари ўйлаб топган аҳмоқона тартибни нима учун сақлаб қолишимиз керак" деб бонг уради. "Назорат дафтари" йўқ қилинишини қатъий талаб этади. Бу "дафтар" вақтида ишга келмадинг, "дафтар"га имзо чекмадинг, деган ҳар хил важ-карсонлар билан партиядошлар ўртасида нифоқ пайдо бўлишига олиб келишини уқтириш билан бўлади.
Партия ичида носоғлом муҳим шаклланаётганидан воқиф бўлган "Эрк" демократик партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ Сафар акага муҳрдорлик ва партиянинг хўжалик ишлари бошлиғи лавозимини топширишини, унинг номига расмийлаштирилган Партиянинг мулкини комиссия тузиб бошқа киши номига ўтказишини айтади ва Сафар акага раис ёрдамчиси лавозимини таклиф этади. Бу лавозимда ишлаш жараёнида ишга хоҳлаган пайтда келиб, хоҳлаган пайтда кетиши мумкин бўлишини билдиради.
Шу тариқа, Сафар ака ўзининг номига расмийлаштирилган Партиянинг барча мол-мулкларини тузилган комиссияга топширади ҳамда Муҳаммад Солиҳнинг ёрдамчиси вазифасига тайинланади.
"Эрк" демократик партиясининг асосчиларидан бири ва Партиянинг бош котиби бўлган Аҳмад Аъзамга "Эрк" партиясининг сайловда ютқазиши оғир ботади. Шундан кейин у Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан яширинча музокаралар олиб бориб, ўзи учун ва "Эрк" партиясидаги тарафдорлари учун ҳукуматдан мансаб сўрайди.
Тарафдорлари қаторида "Эрк" пaртиясининг Бошқарув кенгаши аъзоси, "Эрк" газетасининг бош муҳаррири Иброҳим Ҳаққулов (Бухоро вилоятида туғилган, филология фанлари доктори), Партия Бошқарув ҳайъати аъзоси Шоди Каримов (тарихчи олим), "Эрк" демократик партиясининг Бошқарув ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Олий суди собиқ раиси, ўзбекларни қоралаш компаниясида фаол иштирок этган миллат хоини Содиқжон Йигиталиев, Бошқарув кенгаши аъзоси, Тошкент шаҳар депутати Абдулҳай Абдумавлоновлар бор эди.
Кейинчалик ушбу шахсларнинг асл мақсадлари Партияни ичидан парчалаб йўқ қилишга қаратилгани, Муҳаммад Солиҳга яқин, энг асосийси, "Эрк" демократик партиясига содиқ кишиларни Партиядан узоқлаштириш ҳаракатларини олиб боргани маълум бўлади. Шу тариқа очилмаган қўриқ каби билинмаган Аҳмад Аъзамнинг сирлари ҳам аста-секин юзага чиқа бошлайди.
Сафар ака эса китобида ёзганидек Ислом Абдуғаниевич Каримов ваъда қилган мансабларга ёки бошқа таклифларга ҳеч қачон рози бўлмайди. Ваҳоланки, Ўзбекистон Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ва унинг ёрдамчиси Аҳмад Отажоновлар ҳам Сафар ака билан алоҳида суҳбатлашиб, унга мансабу лавозимлар таклиф қилган эди. Бироқ Сафар ака уларни ҳам рад этади.
Табиийки, Сафар ака кўз ўнгида содир бўлаётган бундай машмашаларга, ҳукуматга сотилаётган сафдошларининг қилиқларига ортиқча чидай олмайди. Шундан кейин у Партияни тарк этади.
У партиядан кетгандан кейин 1992 йил февралда Туркияга биринчи марта сафарга отланади. Туркияга иккинчи марта 1992 йил октябрда кетиб, декабрда қайтиб келади. Туркиядан қайтгач ҳам Партияга қайтиб бормайди.
Бу вақтга келиб Аҳмад Аъзам ва унинг тарафдорлари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ҳақиқий қулига айланишга улгуради. Аҳмад Аъзамга Ўзбекистон Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқoвнинг оёғини ётиб ўпгани учун Ўзбекистон телевидениесининг эшиклари ланг очилади. Партиянинг бошқа хоинларига ҳам Оқ саройдан гавдаларига яраша ёғли суяк ташланади. Ёғли суякни ғажиган ялоқхўрлар "Эрк" демократик партиясида бир мақсад сари интилган ўз дўстларини амалдаги ҳукуматнинг хизматкорига айлантиришга уринадилар, лекин улар аксарият ҳолларда ўз мақсадларига эриша олмайдилар.
Ана шундай ғаразли мақсадини амалга ошира олмай бу дунёни бемаврид тарк этганлардан бири тарих фанлари номзоди, профессор Шоди Каримов бўлади. Шоди Каримов ҳақида ортиқча таъриф бериш ниятим йўқ, бироқ у менинг ва ўғлим Жалолиддиннинг кўз ёшига сабабчи бўлган инсонлардан бири эканини айтиб ўтишим мақсадга мувофиқ. Яратган тангрим у кишини нариги дунёда ўзи билганидек жазоласин, мен эса ундан икки дунёда ҳам рози эмасман!
Муҳаммад Солиҳ Сафар ака Ўрозалидан олган ва "Эрк" партияси сейфида сақланаётган тангани сейфдан олиб, уни экспертиза қилдириб бериш шарти билан келиб чиқиши туркистонлик бўлган ўзбек миллатига мансуб Туркия ватандоши, Президент Ислом Каримовнинг Давлат маслаҳатчиси Анвар Олтойлига беради. Бироқ Сафар Бекжон бу воқеалардан бехабар қолади. Бу воқеадан, шунингдек, менинг ҳам хабарим йўқ эди.
Мен Муҳаммад Солиҳ тангани Анвар Олтойлига берганини орадан 20 йил ўтгандан кейин, 2013 йилда аянчли ўтмишимни, изтиробли хотираларимни ёзиш учун қўлимга қалам олган пайтимда Сафар акадан эшитдим. Агар танга билан боғлиқ воқеаларни 1993 йилда, Сафар ака қамалмасдан олдин эшитганимда, қон ютиб юрган кунларимда хабар топганимда нима қилишни ўзим билардим. Менинг энг катта хатоим Сафар аканинг ишларига ҳеч қачон аралашмаганимда, иши билан боғлиқ ҳар қандай гап-сўзларни синчиклаб сўрамаслигимда эди...
Партиянинг Бош котиби Аҳмад Аъзам ва унинг тарафдорлари Президент Ислом Каримов олдиларига ташланган ёғли кулчани ғажиб, ҳар бири юмшоқ курси соҳибига айланиб, аллақачон ҳукуматнинг содиқ хизматкорига айланган эди.
Сайловдан кейин Қуръони каримга қўлини қўйиб, қасамёд қабул қилган Ислом Каримов 1992 йил 19 январда Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида бўлиб ўтган талабаларнинг нон нархи оширилишига қарши норозилик намойишини қонга ботирди. Ўша қонли қирғинда президентнинг асли кимлиги юзага чиқди. Қисқа қилиб айтганда, пайшанбанинг келиши чоршанбадан маълум бўлади.
Мазкур қатлиом бўйича ҳозирги кунгача мустақил экспертлар томонидан текширув ишлари олиб борилишига изн берилгани йўқ. Ушбу митингда нечта талаба вафот этгани-ю, нечтаси яралангани сирлигича қолмоқда. Расмий хабарларда икки нафар талаба вафот этгани айтилди, холос.
Тошкент Давлат Университети талабалари қатлиом қилинганидан кўп ўтмай Муҳаммад Солиҳ Парламентда ўз депутатлик мандатини топшириб, истеъфога чиқади.
Бир оз вақт ўтгандан кейин 3 кунга қамоққа олинади. Қамоқдан чиққач гўёки "дўстларининг таклифи билан" Ўзбекистонни тарк этади. Шундай қилиб, Муҳаммад Солиҳнинг юртни ташлаб кетиши, Бош котиб Аҳмад Аъзамнинг мансаб учун ҳукуматга сотилиши, атрофидаги ҳамтовоқларининг ҳукумат билан келишган ҳолда фаолият юритиши "Эрк" демократик партиясини жиддий равишда емирилишга олиб келади.
1993 йил март ойида Сафар ака эгасиз қолган партиянинг мол-мулклари талон-тарожга учраш хавфи кучайганини англаб, гарчи мол-мулклар Сафар аканинг номидан Раҳмон Хўжамуродовнинг (Раҳмон Хўжамуродов, Самарқанд вилоятида туғилган) номига расмийлаштирилган бўлса-да, айрим ҳужжатларга расман имзо чекиш ҳуқуқи ўзида қолгани сабабли Партияга қайтишга мажбур бўлади.
Урганжийлар аждоди – тарихий шахслар
1992 йил январь ойида Партия ичида авж олган фисқи-фасодлардан, жанжаллардан тамомила чарчаган Сафар ака партияни тарк этишга мажбур бўлди.
Тошкентда бир муддат дам олганидан кейин 1992 йил 5 февралда Қашқадарё вилояти Муборак туманидан бўлган (ҳозирда Канададан сиёсий бошпана олиб яшаётган) дўсти Баҳром Эгамбердиев билан бирга Туркияга кетди. Баҳром Эгамбердиев мумтоз қўшиқларни маромига етказиб ижро этарди. Лекин характерида инсонийликка ёт бўлган унсурлар ҳам йўқ эмас эди. Ахир, дўст деган яқин инсонининг бошига кулфат тушганда орқа-олдига қарамай қочиш бу ҳақиқий дўстнинг иши эмас эканини ҳамма билади.
Сафар ака биринчи марта 1992 йилнинг февралида Туркияга кетиб, 7 майда, иккинчи марта эса октябрь ойида кетиб ноябрь ойида қайтиб келди. Лекин ёлғиз эмас Низомиддин Урганжийнинг невараси Амир Олимхонинг куёви Асадулло Урганжий билан бирга келди. Асадулло Урганжийнинг Ўзбекистонга келишидан асосий мақсади бобоси Низомиддин Урганжийнинг авлодига мансуб бўлган ёлғиз инсон Бекжон Бек Урганжий билан учрашиш эди.
Фарзандимнинг отаси Туркиядан қайтганидан она-бола кўнгли тоғдай кўтарилди. У менга олам-олам таассуротлари, жумладан, Туркиянинг Газиантеп шаҳрида Бухоро амири Амир Олимхоннинг ўғиллари ва Бош вазири, амакиси Низомиддин Урганжийнинг авлодлари билан учрашганини мароқ билан сўзлаб берди.
Улар Сафар акага Туркия ҳукумати 1982 йилда Амир Олимхоннинг авлодларини рус босқинчиларининг ҳужумидан сақлаш учун Афғонистондан Туркияга кўчириб олиб бориб, уй-жой, мол-мулк билан таъминлагани, Низомиддин Урганжийнинг Хоразмда қолган барча қариндош-уруғлари Сталин зулмига учраб, қатлиом этилгани, тирик қолганлари эса Сибирга сургун қилингани ҳақида гапириб беради. Урганжийлар авлодидан фақат Бекжон Бек Урганжий тирик қолган бўлиб, Сафар ака ўша одамнинг невараси ҳисобланади.
Уйимизга Асадулло Урганжийнинг келиши мен учун кутилмаган воқеа бўлди. Бу тасодифий учрашув кўп нарсаларга ойдинлик киритишимга замин яратди, десам ҳам бўлади. Негаки, Сафар аканинг шу пайтгача ўз аждодлари ҳақида гапириб берган гаплари менга доим худди ҳикоядай туюларди ва ҳеч ишонгим келмасди. Балки Сафар аканинг гаплари Амир Олимхоннинг Бош вазири Низомиддин Урганжий ҳақидаги "Инқилоб тонги" спектаклини кўрганим ёки Амир Олимхонга бағишланган мақолаларни ўқиганим ёхуд кинофильмларни томоша қилганим учун менга ҳикоядай туюлгандир. Хуллас, Амир Олимхонга мансуб авлодлар, шунингдек, Низомиддин Урганжийнинг авлодлари тириклиги менда доим шубҳа уйғотарди. Бу не бахтки, мен Низомиддин Урганжийнинг типик шахс эмас, реал ҳаётда яшаган инсон эканига ишонч ҳосил қилдим. Китобларда ўқиган Низомиддин Урганжийнинг набираси, тирик гувоҳ билан учрашишга муваффақ бўлдим ва табиийки, Сафар аканинг аждодлари ҳақидаги тарихий хотиралари ҳикоя эмаслигига иқрор бўлиш билан бирга ўзимнинг ҳам мана шундай авлод келини эканимдан фахр ҳиссини туйдим.
Мен Асадулло ака билан учрашиб, суҳбатлашган чоғимда унга фурсатдан фойдаланиб жуда кўп саволлар билан мурожаат қилдим. Жумладан, Низомиддин Урганжий гапирган чоғда қўлини қулоғига олиб боравериши "Инқилоб тонги" асари муаллифи Комил Яшин томонидан ўйлаб топилган тўқима деталми ёки ҳаётда ҳам шундай одатлари бўлганми, дея савол бердим. Чунки Низомиддин Урганжийнинг бу ҳаракати доим менинг диққатимни тортиб келганди. Билдимки, Низомиддин Урганжийда ҳақиқатанан ҳаётда гапирган чоғда қўлини қулоғига олиб бораверадиган одат бўлган экан, буни Асадулло акага дадаси ҳам айтиб берган экан...
Сафар ака Асадулло акани Хоразмга олиб борди. Улар биргаликда Сафар аканинг катта бобоси Бекжон Бек Урганжий билан учрашди. Юқорида айтганимдек, Бекжон Бек Урганжий Бухоро амири Амир Олимхоннинг Бош вазири Низомиддин Урганжийнинг совет босқинчилари томонидан Хоразмда уюштирилган қатлиомдан омон қолган ягона вакили (Бекжон Бек Урганжий 2011 йилда табаррук 103 ёшда бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилди. Руҳи шод, макони жаннат бўлсин!).
Асадулло Урганжий Ўзбекистонга уюштирган икки ойлик сафари мабойнида Хива, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа, Беруний туманларига, Тожикистоннинг Душанбе шаҳрига зиёратга боришга муваффақ бўлди. Бироқ, афсуски, Тожикистондаги фуқаролар уруши туфайли катта бобоси Низомиддин Урганжийнинг қабрини зиёрат қила олмай Туркияга қайтиб кетди.
1992 йилнинг тахминан август ойи охирларида уйга "Шарқ юлдузи" журналининг публистика бўлими бошлиғи Эгамназар Сойибназаров келди. У Сафар ака билан Низомиддин Урганжийнинг ҳаёти ва Бухоро амири Амир Олимхоннинг фарзандлари тақдири, уларнинг яшаш тарзлари ҳақида суҳбат уюштирди.
Кейинчалик мазкур суҳбат "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида ҳам эълон қилинди. Ушбу мақолани ўқиган Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасининг матбуот котиби Файзулла Қиличов ўзининг Амир Олимхон авлодига мансублигини билдириб, Сафар ака билан танишиш истагида жавлон ура бошлади. У бу хоҳишини Сафар акадан Амир Олимхон ва унинг Бош вазири Низомиддин Урганжийлар ҳақида интервью олган журналист Эгамназар Сойибназаров орқали амалга оширди.
1992 йилнинг сентябрь ойи ўрталарида кимдир кўча дарвозасини тақиллатди. Бориб эшикни очдим. Эшик олдида Эгамназар Сойибназаров билан бирга бўйи узун, истараси совуқ, қўлида катта картон қути кўтариб олган бир одам турарди. Эгамназар Сойибназаров мен билан қуйиқ сўрашди.
– Сафаржон уйдами келин, деди жилмайиб.
– Йўқ, ҳали ишдан келмадилар.
– Уйингизга кирсак бўладими?
– Марҳамат, кирингизлар, дедим. Диққатимни Эгамназар аканинг ҳамроҳи тортди. Мен уни қаердадир кўргандим, аммо сира эслай олмадим. Ҳайронлигим бадтар ошиб: бу одам ким, деган назарда Эгамназар акага қарадим. Эгамназар ака бу киши бизнинг янги "қариндошимиз" Файзулла Қиличев бўлишини айтиб, мени яқиндан таништирди.
Янги қариндош қўлидаги "картон қути"ни қўлтиғига қисиб, ғўдайиб турарди. Эгамназар ака Файзулла Қиличев ундан Сафар ака билан таништиришни илтимос қилгани, шу сабабли икки қариндошни бир-бири билан таништириб, савоб иш қилгиси келгани ҳақида гапирди.
Мен янги "қариндош"имизга пинҳоний тарзда бошдан-оёқ разм солдим. Фамилиясини эшитганимдан кейин у кишининг қайсидир журналда чиққан мақоласини ўқиганим, ўша мақола тагида исми-шарифи билан бирга Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси матбуот ходими деб ёзилгани эсимга тушди. Сафар аканинг "қариндоши" прокуратурада ишлашини билганимдан кейин бирданига кайфиятим бузилди. Яна бир карра янги қариндошга бошдан-оёқ қарадим. Мен "қариндошликка даъвогор" даррознинг қўлида картон қути ушлаб ғўдайиб туришини бойнинг орқасида оғир юкларни кўтариб юрадиган хизматкорга ўхшатдим. Бу ўхшатмамдан кулгум келди-ю, лекин кулсам уят бўлишини уқиб, кулгумни ичимга ютдим.
Ҳовлидаги супача устига кўрпача ёйдим ва уларни таклиф қилдим. Файзулла Қиличев қўлидаги картон қутини менга узатди. Мен негадир қутини олишни ҳам, олмасликни ҳам билмай, танг аҳволга тушиб қолдим. Ҳайрон ҳолда Эгамназар акага қарадим.
– Олинг, бу сизларга, Файзулла акангиз қуруқ қўл билан бормай деб олиб келдилар, - деди Эгамназар ака Файзулла акани ҳижолатдан қутқариш учун.
Шу пайт ҳамон оғзига талқон солган одамдай жим турган Файзулла Қиличевдан садо чиқди:
– Олинг, қўрқманг, ичида бомба йўқ, - деди. Мен эса, рости олсаммикан, олмасаммикан деган ўй ичида иккиланардим. Тўғриси, Сафар аканинг янги қариндоши прокуратурада ишлашини билганимдан кейин қўлидаги картонни ололмай талмовсираётгандим. Ахийри, наилож қутини олиб, уйга олиб кириб стол устига қўйдим. Тез орада уйда бор нарсани дастурхон устига қўйдим, чой дамлаб келдим.
Ўзаро суҳбат давомида Файзулла Қиличевнинг Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги битта беклардан бирининг невараси, агар тўғри тушунган бўлсам Бухоро амири Олимхоннинг укаларидан биттасининг набираси эканини англадим. Бироқ Файзулла ака бекнинг номини мутлақо тилга олмади. Хуллас, хаёлимда жонланган "бой-хизматкор" эпизодини бироз бўлса-да унутишга, хаёлга эмас, ҳаётга боқишга ҳаракат қилдим.
Меҳмонлар чамаси бир соатча ўтирдилар.
Сафар ака келавермагандан кейин улар қуюқ хайрлашиб кетишди. "Янги қариндош" Сафар акани ишхонасида кутажагини айтиб, қўлимга иш ва уй манзили ёзилган "ташриф қоғоз"ини ташлаб кетди. Меҳмонлар кетгандан кейин кўп ўтмаcдан Сафар ака ишдан келди. Мен унга уйга келган меҳмонлар ҳақида айтиб, хўжайинимни "янги қариндоши" билан табрикладим. Тошкент каби катта шаҳарда ўзи танимайдиган, билмайдиган яқин қариндоши борлигини суюнчилаб ҳазиллашдим. Қариндоши олиб келган совғани кўрсатдим. Биз биргаликда картон қутини очдик. Ичидан бир бўлак қайнатилган қўй гўшти, бир шиша ароқ, икки-уч шиша Тошкент минерал суви, иккита нон, уч-тўртта помидор, иккита бодринг чиқди.
Сафар ака орадан бир-икки кун ўтгандан кейин Файзулла Қиличевнинг ишхонасига, сўнгра таклифига биноан уйига меҳмонга борди. Уларнинг нималар ҳақида гаплашганини билмадим. Чунки мен уйдан бирор жойга бораётган Сафар акага қараб, қаерга борасиз, уйга соат нечада келасиз, борган жойингизда нималар ҳақида гаплашдингиз, деб ҳеч қачон сўрамасдим. Бу менинг хатоим эди. Сафар ака қамалганидан кейин бу ишим унчалик тўғри эмаслигига амин бўлдим. Балки бошга тушажак фожиаларни олдиндан билганимда хўжайинимни доимий равишда "тергов" қилиб борармидим?!
1993 йилнинг машъум 27 июль куни
Қисматимга битилган ўйдим-чуқур йўлларда кечган ҳаётий воқеаларни, Сафар аканинг қандай қилиб туҳмат тўрига илиниб, қамалганини ёзишга чоғланиб тутган Хотира дафтарим чўзилиб кетишини ҳатто тасаввур ҳам қилмагандим.
Аслида нима иш бўлган эди? Ўша машъум 1993 йил 27 июль душанба куни қандай воқеа юз берганди? (Ҳозирги кунгача душанба кунини жиним суймайди).
Ҳар доимгидай Сафар ака ўша куни ҳам эрталаб ўз вақтида ишга боришга шайланди. Мен уни кузатиш ва эшикни қулфлаб олиш учун дарвозанинг олдигача чиқдим.
Сафар ака одатига кўра ишга кетишдан олдин Жалолиддинни бағрига босиб, унинг юзларидан ўпиб хайрлашди. Ҳеч қачон дадасига эргашиб йиғламайдиган Жалолиддин шу куни уйни бошига кўтариб, бор овози билан бақириб йиғлади. Дадасининг бўйнидан маҳкам қучоқлаб, анчагача қўйиб юбормади. Эр-хотин ўғлимизнинг бу ҳаракатларини тушунолмай ҳайрон бўлдик. Мен кўз ёшига чўмилган Жалолиддинни дадасининг қўлидан зўрға олдим. Кейинчалик гўдагимиз қалби бошимизга тушажак фожиани олдиндан ҳис қилганлигини, биз уни ўз вақтида сезмаганимизни уққандек бўлдим...
Одатда Сафар ака ҳеч қачон ишхонасининг калитини унутмасди. Ўша куни ҳаётида биринчи марта калитни унутиб, уйда қолдирибди. Орадан беш дақиқа ўтмай у калитни олиб кетгани уйга қайтиб келди. Ҳалигина аюҳаннос солиб йиғлаган Жалолиддин бу сафар негадир дадасининг юзига қайрилиб ҳам қарамади.
Сафар ака ишга кетди. Мен эса доимгидек уй ишларига шўнғидим.
Шу куни Сафар ака ҳар кунги ишдан қайтадиган вақтидан кечика бошлади. Гарчанд мен ишдан доим кечикиб келишига ўрганган бўлсам-да негадир ҳавотирга туша бошладим. Шундай бўлса-да, ҳа, майли, келиб қолар, иши кўпайиб кетгандир, деб ўзимга ўзимга далда бердим.
Соат кечки беш яримдан ўтиб, олтига яқинлашганда дарвоза эшиги тақиллади. Сафар ака келди, чоғи, деган хаёл билан эшикни очдим. Дарвоза олдида кутилмаган меҳмон Мақсуд Бекжон (Муҳаммад Солиҳнинг кенжа укаси) турарди.
Ҳайрон бўлдим. Мен Мақсуд Бекжонни яхши танимасдим. Уни атиги бир марта, акаси Муҳаммад Бекжон билан бирга уйимизга келган пайтда кўргандим (Муҳаммад Бекжон 1955 йилда Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида туғилган. "Эрк" демократик партиясининг фаоли. 1999 йилда Тошкентда уюштирилган портлашларга алоқадорликда айбланиб, қамоққа олинган. Айни кунда қамоқхонада).
Мақсуд Бекжоннинг шоир эканини билардим. Менда унинг "Мўътадил ранглар" номли китоби бор эди. Шеърларини ўқиганимда хотирамда "Тушунмади, тушунмади улар бир-бирин", деган мисраси қолганди. Менда тушуниб бўлмас қандайдир лаёқат бор, қайсидир шоирнинг шеърини ўқисам, ҳеч бўлмаса икки сатри албатта, хотирамда муҳрланиб қоларди.
Мақсуд Бекжоннинг юзида саросима аралаш қўрқув аломати бор эди.
– Сафарбой келдими, - деди уни ичига тушиб кетгудек алфозда. Мен унинг бу саволидан ҳайратландим. Сафар ака билан бир жойда ишлаб, унинг қаерга кетганини билмаслигидан, мендан сўраётганидан рости, ҳайрон бўлдим. Бироқ унга ҳайронлигимни билдирмадим.
– Йўқ, ҳали ишдан келмади, нимадир бўлдими, деб сўрадим. У менинг саволимга, савол билан жавоб берди.
– Уйингизга милиция келмадими мабодо, деди.
– Нега унақа деб сўраяпсиз, тинчликми ўзи, дедим хавотирим кучайиб. – Бугун ишхонамизга Эргаш Жўраевнинг одамлари келиб, Сафарбой билан гаплашадиган гапимиз бор, деб уни олиб кетганди, деди.
Ичимдаги титроқни унга сездирмасликка ҳаракат қилиб, ундан Эргаш Жўраевнинг кимлигини сўрадим.
– У киши ҳақида эшитмаганмисиз, - деди. Мен "йўқ", деб жавоб бердим. Мақсуд Бекжон менга Эргаш Жўраевнинг Тошкент шаҳар прокурори эканини айтди.
Устимдан қайноқ сув тўкилгандай бўлди. Мақсуд менинг ҳолатимни сездими, ўзича далда берди.
– Хавотир олманг, кечгача келиб қолар, - деди.
– Ҳа, келиб қолар, дедим мен ҳам.
– Мақсуд Бекжон кетгач, уйга кириб, Жалолиддиннинг қўлига ўйинчоқларини бердим-да, кечки овқатга уннадим.
Овқат пишди. Сафар акадан ҳалиям дарак йўқ. Ҳадемай келиб қолар деб, пишган овқатни емай кутиб ўтирдим.
Кечки соат еттига яқин дарвоза эшиги яна тақиллади. Сафар ака келди, деб эшик олдига югуриб бориб, ким деб сўрашга ҳам сабрим чидамай эшикни ланг очдим. Яна Мақсуд Бекжон серрайиб турарди.
– Сафарбой келмадими, дея хавотирли тарзда сўради. Саволига "йўқ" деган жавоб эшитди.
– Кутинг, тунги соат 12 гача келиб қолар, деб орқасига кетди.
Қозондаги овқат музлади, томоғимдан бир қултум сув ўтмади.
Соат тунги 12 дан ўтди. Сафар акадан ҳалиям дарак йўқ эди. Хаёлимдан Сафар акани биринчи кўрган кунимдан то шу кунгача бўлган воқеа-ҳодисалар бир-бир кечди.
Оғир хаёллар исканжасида ўтирганимда эшик яна таққиллади. Девордаги соатга қарадим, соат тунги 1.30 ни кўрсатиб турарди. Ва, ниҳоят, келди бу гал, дедим ўзимча қувониб, эшикни очдим. Остонада эса Мақсуд Бекжон турарди. Яна олдинги савол-жавоб такрорланди:
– Келдими?
– Йўқ.
– Кутинг, эрталабгача келиб қолади.
У кетди.
Жалолиддин ухлади. Мен эса беором эдим, кўзимга уйқу келмасди. Инсон зоти ғалати-я! Бирга яшаган, ҳамнафас бўлган яқин инсони ҳақида ҳам ўз вақтида тузукроқ ўйлаб кўрмайди! Гўёки абадул-абад бирга яшайдайдигандек. Ҳатто ҳар бир ўтган кунидаги такрорланмас лаҳзаларнинг қадр-қимматини ҳам билмайди! Вақти келиб ёнидаги ҳамроҳи ундан узоқлашса ёки бошига кутилмаган ташвиш тушсагина ўша гўзал кунларни қўмсайди. Қани эди, дейди хаёлан, ўша кунга яна бир мартагина қайтсам, қайта олсам... Бир лаҳза бўлса-да илк баҳорда очилган лолақизғалдоқ қаршисида ўтириб, келажак ҳақида, ҳозирги ўтаётган кунлар хусусида суҳбат қурсам, деб орзу қилади. Афсуски, орзуйинг осмон қадар узоқ, юлдуз каби узоқлардан милтиллабгина кўринади, на ёруғи бор ва на нури...
Бу кеча Сафар акасиз ёлғиз қолаётган биринчи кечам эмас эди аслида. Иш юзасидан вилоятма-вилоят юрган пайтларида ҳам бир ўзим қолардим ва бунга ўрганган ҳам эдим. Бироқ у пайтда Сафар аканинг иш билан кетганини, борган манзилини билганим учун худди бугунгидек азоблар исканжасида тўлғанмасдим.
28 июнь куни эрталаб уйга яна Мақсуд Бекжон келди. Яна одатдаги савол жавоб:
– Келмадими?
– Йўқ.
Ичимни ит тирнарди. Тонгни туни билан ухламай оттирдим.
Келмаса-я, қамаб қўйса қўлимдаги гўдагим билан нима қиламан?
Ич-ичимдан ўзимни-ўзим кемира бошладим. Мен ожиз банда сифатида кўп нарсага даъво қилмадим. Лекин кўрган ноҳақликларим олдида бўйин эгишни ҳам истамасдим. Бир инсонни ҳеч қандай сабабсиз ишхонасидан олиб кетишга ва уйидагиларга хабар бермай ҳибсхонада сақлашга кимнинг қандай ҳаққи бор? Ўзимга-ўзим охиригача курашаман, деб аҳд бердим.
Бундан икки кун олдин кўрган мудҳиш тушимни эсладим. Тушимда ялмоғизга ўхшаган қоп-қора кампир уйга кириб, Сафар аканинг остонада турган туфлисининг бир пойини олиб чиқиб кетганди.
Эрталабки пайт Сафар оға ишга кетаётганда унга қараб жуда ёмон туш кўрганимни, эҳтиёт бўлишини тайинладим.
Энди эса бу кутилмаган мудҳиш ҳодисага дуч келдим.
Сафар акадан эртаси куни ҳам, ундан кейинги кунларда ҳам хабар бўлмади.
Ҳайҳотдек ҳувиллган ҳовлида бир ўзим серрайииб қолдим. Дардимни, ҳасратимни кимга айтишни билмайман. Ер қаттиқ, осмон узоқ. Мен ўртада муаллақ қолдим. Эсимга "Бузовчи" маҳалла қўмитасининг ёнида (уйимиз маҳалла қўмитаси биносининг қаршисида эди) ҳар куни "қоравул" бўлиб турадиган яшил рангдаги "Жигули" маркали машина тушди. Балки айғоқчи машина яна пайдо бўлгандир, деб дарвозанинг олдига чиқиб қарасам "Боғи эрам" боғи олдида икки-уч милиция ходими айланиб юрган экан. Бироқ яшил рангли машина кўзимга кўринмади. Милициялар шунчаки ўзлари юрган бўлса керак, деб уйга қайтиб кирдим.
Нима қилишни, қаерга боришни, кимдан маслаҳат сўрашни билмайман. Хаёлимда бундан ўн кун олдин бўлган бир воқеа жонланди. Шаҳардаги уйга кўчиб келишдан олдин уй кўришга келганимизда, "Боғи эрам" боғида Сафар ака билан музқаймоқ еб ўтирганимизда рўпарамиздаги столга икки милиция ходими келиб ўтирди. Улар ҳам музқаймоқ еб, атрофни диққат билан кузата бошлади. Бирдан Сафар ака менга қараб: "Ҳозир бу ментлар ёнимизга келиб, "Ўртоқ Бекжoнов, сиз қамоққа олиндингиз!", деса нима дейсан?" деб қолди. Мен шунчаки ҳазиллашяпди, деб тушундим ва саволига бепарвогина "тош каби қотсам керак" дедим. Кейин биз уйга келгунимизча бир-биримизга гапирмай сукутда келдик.
Афсуски, Сафар аканинг бу гаплари ҳазил эмас экан, орадан ўн кун ўтгандан кейин натижаси маълум бўлди. Ўшанда Сафар аканинг бу гаплари хавотирлар исканжасида яшаб юрганига ишора тарзида айтилган гап эканини тушунмаган эканман, қўлимдаги музқаймоқни бемайлихотир ялашда давом этаверибман. Ҳаётим ҳам ана шу музқаймоққа қўшилиб музлашини ўшанда билмаган эканман.
Тошкент шаҳрини деярли билмаганим етмаганидек, Сафар аканинг атрофидаги инсонлардан бир-икки нафарини айтмаса, ҳеч кимни танимайман. Қаерга бориб кимдан масалаҳат сўрасам, қайси ташкилотга бориб мурожаат қилсам экан деб бошим қотди.
Кунлар оёғига тош боғлангандек узун, кечалар қоронғуликка чўмгандек даҳшатли эди. Катта уй ютиб юбораман дегандек совуқ кўринади кўзимга.
Бир куни эшигимиз тақиллаб қолди. Эшикни очишдан қўрқиб қолганим учун ичкарида туриб кимлигини сўрадим.
– Эркин акангиз бўламан, деган жавобни эшитдим. Менда бир марта кўрган одамнинг ўзини ҳам, исмини ҳам эслаб қололмаслик одати бор эди. Шундай бўлса-да, менинг қандай Эркин акам бор эди деб, боз устига кундуз куни бўлгани учун эшикни очдим.
Эшик олдида ўрта бўйли, бир оз тепа кал одам, қўлида бир даста ҳужжатлар билан турарди. Танимай юзига қараб турганимни кўрган меҳмон ўзининг Эркин Мавлонов эканини айтиб таништирди.
– Яқинда Сафар ака билан уй масаласида гаплашгани келган эдим, эсламадингизми? деб савол берди. Менга қайнотам тенги одамнинг Сафар акам деб туриши ғалати эшитилди. Кейин Эркин Мавлоновнинг (Эркин Мавлонов асли наманганлик эди, лекин қаерда ишлашини билмайман) биз яшаётган уй эгаси эканини билдим.
Қамалиб қолган Сафар аканинг қаердалигини сўраганда нима дейишни билмай бир оз ўйландимда, ҳозир уйда йўқлигини, ёлғон гапириб Туркияга кетганини, бир ҳафтада келиб қолиши мумкинлигини айтдим. Эркин ака бир ҳафтадан кейин келишини айтиб мен билан хайрлашди.
Бошим шу даражада кучли гангиб қолганидан Эркин акадан уйнинг ҳужжатларини ташлаб кетишни, уларни Сафар аканинг ўзи тўғрилашини айтиш ўйимга келмабди. Инсоннинг бошига кутилмаганда ташвиш тушса "ақлини йўқотиши" бор гап экан.
Шахсан мен Сафар ака қамалиб қолгандан кейин жонсиз, руҳсиз ҳайкалга ўхшаб қолгандим. Воқеа-ҳодисалар кўз ўнгимда бўлади, уларни кўзим билан кўраман, қулоғим билан эшитаман, лекин бутун хаёлим Сафар акада бўлгани учун ҳеч нимани идрок эта олмайдиган ҳолатга тушиб қолгандим ўшанда.
Шу пайтда ҳам менинг кўзимга на уй ҳужжатлари ва на бошқа нарсалар кўринмаганди. Балки ўша куни Эркин акадан уй ҳужжатларини олиб қолганимда тақдирим ҳам бошқача бўлармиди? Ким билади дейсиз? Келажак қанақа бўлишини ожиз банда эмас, фақат Яратганнинг ўзи билади, холос...
Сансоларликлар ва саргардонликларнинг бошланиши
Шундай кунлардан бирида уйга узун-қисқа бўлиб, икки эркак ва бир нафар аёл киши кириб келди. Дилором Исҳоқова ва Муҳаммад Бекжонни олдиндан кўрганим учун зўрға танидим. Ўрта бўйли, кўзида қандайдир ўзига яраша меҳр нури балқиб турган учинчи одамни умуман кўрмаганим учун танимадим. У киши профессор Отаназар Орифов экан, мени у билан Дилором опа таништирди.
Бирдан ичимга илиқлик югурди. Сафар ака Отаназар аканинг судида доим қатнашганини, мен эса суд натижалари тўғрисида сўраб туришларимни эсладим. Ўзимга ўзим демак, Отаназар Орифов деган киши шу киши эканда дедим. Мен улардан нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳат сўрадим. Улар менга шаҳар ичидаги вақтинча қамалганлар сақланадиган қамоқхоналарнинг манзилгоҳларини беришди.
Тонг отди.
Жалолиддинни бағримга босиб, кеча уйга келган меҳмонлардан олган манзилларга сарсону саргардон бўлиб бордим. Бироқ, афсуски, борган жойларимда учрашган одамлардан биронтаси жўяли жавоб бермади.
Ҳаво жуда иссиқ, бола билан юриш жуда қийин бўлишига қарамай мен мақсад сари олдинга қадам босишни тўхтатмадим. Бу ҳам етмаганидек, Жалолиддин иссиқ ҳавода кўп юрганимизданми касал бўлиб қолди. Боз устига ўзим ҳам ўлгудай чарчадим.
Айтилган манзилларга таксида борай десам ёнимда нон сотиб олишдан бошқа нарсага етадиган ортиқча пул ҳам йўқ. Пул қарз олай десам ҳеч кимни танимайман. Шу даражада бошларим гунг бўлиб кетганидан ҳатто Сафар акани излаб овора бўлиб юрганимга неча кун бўлганини ҳам унутиб қолдим.
Алал-оқибат терговхоналардан бирида ишлайдиган одам қўлимдаги ранги сарғайиб сўлган Жалолиддинга раҳми келдими ёки менгами, Сафар аканинг қайси прокуратурадан олиб кетилганини сўради. Мен Мақсуд Бекжондан эшитганим Эргаш Жўраев деган прокурорнинг одамлари ишхонасидан олиб кетганини гапирдим. Шундан кейин терговхонадаги ўша киши менга Собир Раҳимов туман прокуратурасига боришни маслаҳат берди. У ерни билмаслигимни айтганимдан кейин манзилни тушунтириб, сўнгра ёзиб беришга ўтди ва у ерга шу куни боришим шарт эмаслигини, овора бўлиб қолишим мумкинлигини айтди. Миямга гурзи тушгандай гангиб қолдим. Томоғимга муштдай нарса келиб қадалгандек бўлди. Кўз ёшимни ичимга ютдим. Яна умидсиз уйга қайтдим.
Уйга келганимизда Жалолиддиннинг иситмаси чиқиб, кўзларини очолмай қолди. Ёғни озгина илитиб баданларини уқаладим ва ўрнига ётқиздим. Ўзим эса ҳассасини йўқотиб қўйган кўрга ўхшаб нима қилишни билмайман. Томоғимдан бир қултум сув ўтмайди, шу алфозда ётоққа чўзилдим.
Эртаси куни айтилган манзилни аранг топиб бордим. Бироқ у ердан ҳам тайинли жавоб ололмадим. Жалолиддиннинг соғлиги кундан-кунга ёмонлаша бошлади. У дадасига жуда қаттиқ ўрганган эди. Сафар ака ҳар куни уйга қайтаркан, ўғлига албатта бирор нима – ўйинчоқми, биронта шокаладми, ишқилиб Жалолиддиннинг кўнглини кўтарадиган нимадир олиб келарди. Энди эса Жалолиддинни ўпиб эркалайдиган, унга бирор нималар кўтариб келадиган ҳеч ким йўқ. Ўғлимнинг мунгли кўзларига кўзим тушганда қалбим изтироб чека бошлайди. Аллоҳ ҳеч бир кишининг ўғли ёки қизига дадасиз яшашни раво кўрмасин! Ўғлимнинг нигоҳидаги "Дадам қани? Қаерга кетди?" деган саволга жавоб топиб ёзишга бисотимдаги сўзлар сони етмасди...
Шаҳар прокуратурасига учинчи марта борганимизда ҳам, тўртинчи марта ҳам бизни ҳеч ким қабул қилмади. Ҳаммаси худди "Сен ҳам одаммисан", дегандек муносабатда бўлди. Ноламизга қулоқ соладиган бирор бир инсон топа олмадик.
Бундай совуқ муносабатлар жонимга теккандан кейин ахийри жанжаллашишга мажбур бўлдим. Қаршимда турган одамга қараб: ҳозир 1937 йилги Сталин замони эмаслигини, 1993 йил эканини, нимага саволимга жавоб бермасликларини жаҳл билан сўрадим. Сафарбой Бекжоновнинг қаердалигини айтишни талаб қилдим. Ўлик бўлса ўлигини, тирик бўлса тириклигини айтинглар, деб бақирдим.
Менинг жанжалимдан кейинми ёки Жалолиддиннинг сўлғин юзини кўриб, прокуратура биносида ўлиб қолса бошимизга бало бўлмасин дедими, ниҳоят, Эргаш Жўраевнинг ёрдамчиси Раҳим Айдешовнинг (Раҳим Айдешов Хоразм вилоятининг Хонқа туманида туғилган) қабулига киритишди. У ўзича Тошкент шевасида гапиришга ҳар қанча уринса-да, юз тузилиши ва гапириш оҳангидан хоразмлик эканлиги яққол сезилиб турарди. Дардимни дастурхон каби ёйдим олдига. Айдешовни Сафар аканинг сал кам бир ойдан бери дом-дараксиз йўқолиб қолгани эмас, менинг фамилиям кўпроқ қизиқтирди.
– Фамилангиз нима ўзи?
– Айтдим-ку, Реимова деб.
– Ҳа шунақами, – бепарвогина сўради. – Аслида менинг исмим ҳам Рейим эди, бироқ паспорт олганимда Раҳим деб ўзгартирганман.
– Сиз нимага ўзгартирмадингиз?
Айдешовнинг "Мен не дейман – қўбизим не дейди" қабилида гапираётган гапларидан чунон жаҳлим чиқди. Сўнгра шиддат билан унга қараб, мени ҳозир фамилиям эмас, ўғлимнинг дадасининг тақдири қизиқтиришини билдирдим.
– У қаерда? - деди яна бамайлихотир. Жаҳлданми, аламданми, қўлларим титрай бошлади. Асабларим қаттиқ чарчаганидан яна бир оғиз ноўрин гапирса, хонасини бошимга кўтариб додлаб йиғлаб юборишим мумкин бўлган ҳолатга келдим. Бироқ Сафар аканинг қаердалигини излаш жараёнида Раҳим Айдешовга ўхшаганларнинг юраги аллақачон тошга айланиб улгурганлигини билишга муваффақ бўлдим. Уларнинг кўзлари ҳар куни кўзи ёшли, бағри тошли ота-оналарни, эрлари қамалган ёш келинчакларни кўравериб кўрга, қулоқлари эса дардларини эшитавериб карга, вужудлари эса тошдан йўнилган ҳайкалга, қалблари инсон қиёфасига кирган шайтонга айланганини теран англадим.
Айдешов ўзининг олдида мени пашша қадар қиймати йўқ шахсга ўхшатишга интилди. Бироқ мен ҳам анойилардан эмаслигимни билди, портлайдиган бомба каби шишганимни ҳис қилди, шекилли яна бир ўзига ўхшаган Бахтиёр Сайфуллаев деган шайтоннинг малайи қабулига юборди. Унинг оғзидан Сафар аканинг қаердалигини фақат Сайфуллаев айта олиши мумкинлигини билганимдан кейин бу совуқдан совуқ хонани тарк этдим. Ташқарига чиқиб, эшик олдида ўтирган формали бадқовоқ "жаллод"дан: Бахтиёр Сайфуллаевни чақириб беришини сўрадим. У бир менга, бир ранги заъфарондек сарғайган Жалолиддиннинг юзига қараб, эртага келинг, деди.
Эрталаб борганимда эшик олдида яна ўша "бадқовоқ" ўтирган экан. Унга келишдан мақсадимизни айтиб тушунтирганимдан кейин ташқарида кутишимизни буюриб, ўзи телефон рақамини тера бошлади. Айтганидек, ташқарига чиқиб кута бошладик.
Кўча эшиги қалин шиша билан қопланган, ичкари кўринади-ю, аммо овоз эшитилмайди. Биз Жалолиддин иккаламиз Сайфуллаевни бир ярим соатча кутдик. Бир пайт сочлари жингалак, ёш бўлишига қарамай тарвуз каби думалоқ қорин қўйган, 35-40 ёшлар атрофидаги бир киши олдимизга чиқди.
Қоровул йигит унга бизни кўрсатиб бир нималар деди. У киши ёнимизга келиб, совуқ оҳангда Бахтиёр Сайфуллаев эканини билдирди, биздан кимни излаб юрганимизни сўради.
Мен унга хўжайиним Сафарбой Бекжоновни 1993 йил 27 июль куни аллакимлар "Эрк" партияси идорасидан "Сиз билан Эргаш Жўраев суҳбатлашмоқчи" деб олиб кетганини, сал кам бир ярим ойдан бери излаб топа олмаётганимни айтдим.
Асабларим, руҳиятим қаттиқ чарчаганиданми шикоятни қалаштириб ташладим. Кап-катта одамнинг дом-дараксиз йўқолиб кетиши ақлга сиғмас иш эканини, биз давлат тепасида "халқлар отаси" Сталин ўтирган 1937 йилда эмас, мамлакатни "адолатли ва демократ" Ислом Каримов бошқараётган даврда яшаётганимизни таъкидладим.
Қўлимда гўдак билан сарсон-саргардон юришимга чек қўйишларини, Сафар аканинг ўлик бўлса ўлганини, тирик бўлса тириклигини айтишини талаб қилдим. Олдиларига ҳар куни келавериб, ҳар куни "эртага келинг", деган сўзларини эшитавериб, чарчаганимизни, ўғлим касал бўлганини, ўзимнинг тинка-мадорим батамом қуриганини уқтирдим.
Шу пайтгача гапларимни диққат билан эшитиб турган Бахтиёр Сайфуллаев ўзини чаён чаққан одамдай бирданига менга бақрайиб қаради-да: – Гапириб бўлдингизми, эртага келинг, деб шиддат билан терс бурилиб, чиққан эшигидан кириб кетди.
Қалбимда алам, юзимда ғам, кўзимда ёш, оғир хаёллар исканжасида изимга қайтдим. Ўша пайтдаги ҳолатимни ифодалаш учун ҳозир ҳам сўз тополмайман. (Орадан 20 йил ўтган бўлса-да, ҳoзиргача ўша кунларимни эсласам кўзим ёшга тўлади).
Ахир мен ҳам инсонманку, куч ишлатар тизимидаги зўравонлардан ҳеч қачон ортиқча ҳеч нарса сўрамагандимку. Изсиз, дом-дараксиз йўқолган умр йўлдошини излаган бир муштипар аёлнинг нима гуноҳи бор эди?! Кичкинагина, ҳали ҳаёт нималигини англаб етмаган болажонимнинг не гуноҳи бор эди?! "Эрталар", эртадан кейинги узун эрталар ҳеч келмасди...
Уйга келиб, эшикни очиб ичкарига кирганимда хоналардаги нотабиий ҳолатлар диққатимни тортди. Кимдир уйга кирганини яққол билдим. Уйимизда минглаган жилд китоблардан бошқа бойлигимиз ҳам йўқ эди. Дарров китоб жавонига қарадим, баъзи ноёб китобларни ўғирлашганини билдим. Шу пайт Сафар ака бир пайтлар кўздан панароқ жойда сақлашимни тайинлаган дипломат ёдимга тушди. Яширган жойимда бормикан ёки "чақирилмаган меҳмонлар" уни ҳам ўғирлаб кетдимикан, деб ўша жойни текширдим. Ҳойнаҳой, дипломат жойида экан.
Сафар ака ушбу мудҳиш воқеа юз бермасдан олдин менинг талабалик йилларимда тутган дипломатимни ишхонасига олиб кетганди. Кейин уни уйга қайтариб олиб келиб, яшириб қўйганди. Рости, мен унинг ичида нималар борлигини билмасдим. Ҳатто Сафар ака "дипломатни кўзга ташланмайдиган ерга қўйишимиз керак", деганда ҳам унинг ичида нималар борлигини сўрамагандим. Бу дипломат бошимга тушган кутилмаган воқеалардан кейин ҳам ёдимга тушмаганди.
Яшаётган уйимизнинг фарқли жиҳати шунда эдики, унда бир эмас, иккита ертўла бор эди. Бири эшик олдида жойлашган терасда, иккинчиси эса меҳмонхона тагида эди. Сафар ака дипломатни, терас ертўласига эмас, балки унча-мунча одамнинг хаёлига келмайдиган меҳмонхона ертўлага қўйганди. Шу билан бирга, худди бошимизга тушажак фожеаларни олдиндан билгани каби менга дипломат қўйилган жойни эсимдан чиқармасликни уқтирганди.
Терасда юз берган ғариб ҳолни, ўртада турган нарсаларнинг жойи ўзгарганини, баъзи китобларнинг йўқолганини билиб, юрагим музлади. Жалолиддиннинг қўлига онам қишлоқдан юборган сариёғдан нонга босиб бериб, "балки Муҳаммад Солиҳ "Эрк" партиясидан кетгандан кейин Сафар ака партияга тааллуқли ҳужжатларни дипломатга жойлаштирган бўлса керак, ўғрилар айнан мана шу дипломат учун кирган бўлса керак, бўлмаса ит эмган ментлар уйимизга нимага киради", деган ўйлар билан Сафар ака яширган жойдан дипломатни олдим. Ичимда Сафар акадан берухсат иш қилаётганим учун кечирим сўрадим ва калитни олиб илк бор дипломатни очдим.
Не кўз билан кўрайки, дипломатнинг ичида "Эрк" демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳномаси, Партиянинг муҳри, қандайдир калитлар ва 300 донача расм бор эди.
Бошимга кимдир гурзи билан ургандай гангиб қолдим. Энди нима қиламан? Кимга айтаман, буни кимга бераман? Ўзи бир камим шу дипломат эди, деган ўйлар исканжасида яна қовурила бошладим.
Шу тариқа, ташвишларимга яна бир ташвиш – дипломатни ишончли қўлга топшириш муаммоси қўшилди. Уни кимга берсам экан, деган ўй миямда ғужғон айлана, жавоби ўзидан ҳам оғир савол бўғзимни бўға бошлади.
Оғир хаёллар гирдобида ўтирган бир пайтимда уйимизга Сафар акани яқиндан танийдиган дўстларидан бири келиб қолди. (Бу киши ҳозир Ўзбекистонда яшаётганлиги сабабли исм-шарифини айтишни лозим топмадим).
– Сафaрдaн хабар борми?
– Йўқ, излаяпман, дедим ҳорғин тусда. Сўнг "Эрк" партиясининг бутун ҳужжатлари солинган дипломат ҳақида сўз очдим. Нима қилишни билмай ҳайрон бўлаётганимни айтдим. Уни яқиндан танийдиган Дилором Исҳоқовага бергим келмаётганини алоҳида таъкидадим. Шу билан бирга, ундан дипломатни ўзи яхши биладиган, ишончли кишилардан бирига етказиб беришини илтимос қилдим. Ахир бу омонатни эгасига етказиш мен учун яхши иш эди. У: – Яхши, сиз бу ҳақда ўйлаб ўтирманг. Уни ўзим керакли ерга етказаман, деб дипломатни ўзи билан олиб кетди.
Жавобидан, илтимосимни ерда қолдирмаганидан севиниб кетдим. ундан Аллоҳ рози бўлсин, дипломатни керакли ерга етказди.
Эртаси куни уйдан кўчага чиқишга шайланаётган бир пайтимда Муҳаммад ака кириб келди.
– Сафардан хабар борми?
– Йўқ.
– Бугун уйдан ҳеч қаёққа чиқмай ўтиринг. Уйингизга тушдан кейин, соат 16:00 да "Озодлик" радиосининг Тошкентдаги мухбири Фарҳод Яквалахўжаев келиб, Сафар ҳақида сиздан интервью олади, - деди.
Мен прокуратурага боришим кераклигини айтгандим, Муҳаммад ака "Озодлик"ка интервью берсам, Сафар ака тезроқ топилиши мумкинлигини, ўзимнинг ҳам уйда бир кун дам олишим Жалолиддиннинг соғлигига яxши таъсир қилишини таъкидлади.
Мен Муҳаммад аканинг таклифига ноилож рози бўлдим.
Муҳаммад ака кетди, мен эса уйда муxбирнинг келишини кута бошладим, хўп ва кўп кутдим. Бироқ "Озодлик" мухбири Фарҳод Яквалхўжаев айтилган вақтда ҳам, ундан кейин ҳам келмади.
Кечқурун яна уйимизга келган Муҳаммад ака мухбирнинг келган-келмаганлигини сўради. Мен Фарҳоднинг алдаганини, уйга келишга қўрққан бўлиши мумкинлигини айтдим.
Муҳаммад ака, фикримга қўшилди.
Муҳаммад ака мени йўлдан қолдирганидан ҳижолат бўлгач мен унга журналистлар ҳақидаги фикримни мукаммалроқ тарзда билдирдим. Қўлига микрофон тутган барча кишилар ҳақиқий журналист бўлавермаслигини, кимдир манфаат учун, кимдир ўзини кўрсатиш учун хизмат қилишини, мазкур соҳада одамларнинг дардига дармон, қайғусига шерик бўлиб, ҳақ гапни ёзадиганлар камлигини, кўпчилиги ҳукумат тарафдори эканини айтиб, уни ҳижолатдан чиқаришга, менинг олдимда айбсиз эканини билдиришга уриндим.
Орадан қисқа вақт ўтгандан кейин Муҳаммад ака уйига кетди...
Тонг отди. Менинг кўнглимга Фарҳод Яквалхўжаевнинг келаман деб ваъда бериб келмаганига "аза" тутиб ўтириш сиғмасди. Мен учун дом-дараксиз йўқолган Сафар акани топиш биринчи вазифа эди. Шуларни ўйлаб, яна Собир Раҳимов туман прокуратурасига қараб йўлга отландим.
Бино эшиги олдида ўтган сафар келганимда кўрганим формали қоровул ўтирган экан. У бизни дарров таниди. Кечагидан кўра кайфияти яхши эканми ёки Аллоҳ кўнглига бир оз бўлса-да инсоф солдими, ҳар қалай бизни очиқ чеҳра билан қарши олди. Унинг илиқ муомаласидан кўнглим бир оз таскин топди. Ундан Бахтиёр Сайфуллаевни чақириб беришини илтимос қилгандим, у дарров телефон қилиб, пастда мени кутаётганимни айтди.
Орадан бир неча дақиқа ўтгандан кейин бизнинг олдимизга қўлида бир даста қоғоз билан Бахтиёр Сайфуллаев чиқди, муҳими, кечагидек асабий ҳолатда эмасди.
Мени эслаб қолган эканми, кўрган заҳоти таниди. Бироқ мени қизиқтирган саволларга хонасида эмас, прокуратура даҳлизида жавоб берди. У Сафар акани Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида эканини, ўша ерга боришимни маслаҳат қилди. Сўнгра қўлимга у ерда мен учрашишим керак бўлган одамнинг телефон рақами ҳамда вазирлик жойлашган манзил ёзилган қоғозни берди.
Қоғозда ёзилган манзилни, аниқроғи, "Космонавтлар" метро бекати ёнида жойлашган, ҳайбатидан от ҳуркадиган бинони қийналмасдан топиб бордим. Бироқ надоматлар бўлсинки, бу ерда ҳам ўша машъум жавобни эшитдим. "Эртага келинг!".
Эртага, эртага, эртага деди,
Эртанинг кетидан келди, эрталар,
Эрталар битмади, битмади ҳануз.
Айрилиқ шомида ўтди кечалар.
Мен нечун эртани интизор кутдим.
Ҳа, эрталар ҳеч битмасди. (Афсуски, ўша вақтда ёзган шеъримнинг тўлиқ матнини сақлаб қола олмадим). Бу "эрталар" эса, оёғига тош боғлангани каби жуда секин келарди. Шу боис, менинг "эрталар"дан кўнглим қолганди, "эрталар"дан чунонан нафратланардим.
Субҳидамда нур таратиб кўз очган қуёш оқшомда уфққа қонталаш бўлиб ботарди. Худди менинг йиғлайвериб қон бўлган кўзларим каби. Мен эса эртамга ишонгим келмасди. Шундай тушкун ҳолатга тушган пайтларимда шоир Саъдийнинг шеърий сатрларини ўқиб ўзимни овутардим.
Умидинг узмагил қоронғу тундан
Ёруғ кун туғилгай қоронғу кундaн.
Эрталарни шу даражада ёмон кўриб қолган бўлсам-да, мен барибир ҳали эртамдан умидимни батамом узмагандим, умидлар оғушида яшардим. Бир кун келиб бу қоронғу тунларим ўрнини ёруғ кунлар эгаллашини, сир-саноатли бу кунлар бир куни мозийга айланиб, хаёлимдан ўчиб кетишини истардим. Tортаётган азобларим бир умр мени тарк этмай қолишидан қўрқардим. Қуёш кўзини кулиб очган бир маҳалда Сафар ака ўзи чиқиб кетган эшикдан ўша оқ кўйлак, қора шим, қўлида иш папкаси билан кириб келади, деб умид қилардим. Мана шу ишончгина мени ёлғончи, бевафо, ғаддор дунёга боғлаб турарди.
Эртаси куни эрталабданоқ Жалолиддини кийинтириб, бағримга босиб, ИИВга бориш илинжида кўчага чиқдим. Яна "эртага келинг!", демасин-ей, деган илинжда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги биносига келдим.
Кириш эшигида турган навбатчи милицияга мени бу ерга Тошкент шаҳар прокуратурасида ишлайдиган Бахтиёр Сайфуллаев юборганини, ундан Ҳусан Аҳмедовни чақириб беришини сўраб телефон рақами ёзилган қоғозни қўлига тутдим.
Қоровул қўлимдаги телефон рақамини кўрди-да, бурчакда турган ички телефонни кўрсатиб, шу ердан телефон қилишимни айтди. Мен айтилган ердан телефон қилдим.
Нариги томондан эркак киши "Бироз кутинг, мен ҳозир чиқаман", деб жавоб берди. Овоз жуда мулойим эшитилди, ичимга илиқлик кирди. Гапнинг очиғи, мен шунча вақтдан бери сарсон-саргардон бўлиб, милиция бўлимларига сон-саноқсиз марта бориб ментларнинг мулойим овозини эшитмагандим. Шунинг учун уларни доим "шайтон малайи" деб атардим. Милиция ходимлари билан қачон учрашсам, ҳаммаси худди мен уларнинг онасини ҳақорат қилгандай қўпол муносабатда, асабий тусда гаплашарди. Телефондаги овозни эшитиб, бу сафар ўзимча уларнинг орасида ҳам одамга ўхшаб гапирадигани бор эканидан ҳайратландим.
Инсонга ит ҳужум қилса у ит-ку, ҳайвон-ку деб ўзингга-ўзинг тасалли берасан, лекин эгнига форма кийган ментларнинг қаршисида турган инсонга қараб кўп ҳолларда итданда бадтар қопиб гапириши, инсоний қиёфасини йўқотиб, маҳлуқлар каби муносабат қилиши ҳар қандай кишида нафрат уйғотмай қолмайди. Рости, менинг милициялар ҳам инсонмикан, уларнинг ҳам оқ сут бериб катта қилган онаси, ўғлим деб бағрига босиб улғайтирган отаси бормикан, деган саволлар гирдобида қолган пайтларим кўп бўлган.
Ички телефонда гаплашиб бўлганимдан кейин олдимизга чиқажак инсонни ташқарига чиқиб кута бошладим. Бир вақт узун бўйли, қадди-қомати келишган, мўйловли, оқ рангли кўйлак устидан мовий рангли чизиқ-чизиқ калта енгли кўйлак, қора шим кийган бир киши чиқиб келди. У мени худди олдинлари ҳам кўргандай, тўғри олдимга келиб, мени чақирган сиз бўласизми, деб сўради. Мен қаршимда турган бу одамнинг савлатидан ҳайиқмадим ва саволига жавобан: – Ҳа, сизни чақиртирган менман - дедим.
У менга синчков назар билан қараб кимлигимни сўради.
Мен Сафарбой Бекжоновнинг рафиқаси эканимни айтиб, ўзимни таништирдим. Сафар аканинг ишхонасига 3 ой олдин Эргаш Жўраевнинг одамлари бориб, уни олиб кетганини, шундан бери фарзандимнинг отасини излаб тополмаётганимни, энг сўнгида Тошкент шаҳар прокуратурасидагилар Ҳусан Аҳмедов деган кишининг телефон рақамини бериб, ундан сўрашимни айтганини алоҳида таъкидладим.
– Нимага айнан мендан? Бу телефон рақамни сизга ким берди? - деди яна синовчан тусда.
Қаршимдаги одамнинг ҳе йўқ, бе йўқ, дўқ-пўписа аралаш берган саволига ҳайрон бўлдим.
– Ким бўлар эди? Сизнинг телефон рақамингизни ва ишхонангизнинг манзилини менга Собир Раҳимов туман прокуратурасида ишлайдиган Бахтиёр Сайфуллаев деган одам берди. Акс ҳолда олдингизга келармидим?
– Балки ўша одам сизга бу телефон рақамни туҳмат қилиб бергандир, сиз рақам ва манзилни олиб бу ерга ишониб келавердингизми?
Менга бу одам Сафар ака билан боғлиқ ҳамма воқеалардан хабардор одамга ўхшаб туюлди, бу гапларни мени синаш учун гапираётганга ўхшади. Ҳар не бўлган тақдирда ҳам бу кишининг гаплашиш усули менинг бадтар жаҳлимни чиқарди.
– Менга хўжайинингиз Сафарбой Бекжонов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида деган одам Бахтиёр Сайфуллаев бўлади, дедим жаҳлимни жиловлашга уриниб. – Менга қаранг, - дедим, янада асабий ҳолатда тишимни-тишимга қўйиб, – ўлар бўлсам ўлиб бўлдим, хўжайиним йўқолгандан бери қўлимда гўдак билан ҳар куни Тошкентнинг тош кўчаларида, шу иссиқ ҳавода сарсон бўлиб излаб юрибман. Энди сиз қолган эдингиз мен билан ади-биди қилиб ўтирадиган. Асабимни чиқарманг, Сафарбой Бекжонов бор бўлса борлигини, йўқ бўлса йўқлигини айтинг! Агар уриб ўлдирган бўлсангизлар, ўлигини беринг. Жонимга тегиб бўлдиларингиз ҳаммаларингиз!
Дарҳақиқат, жоним ҳиқилоғимга келган, мен учун икки дунё бир қадам бўлиб қолганди.
Ҳусан Аҳмедов дегани яна бир карра менга бошдан-оёқ синчковлик билан қараб чиқди. Аламдан кўкариб кетган юзим-у, кўзларимдаги ғазаб учқунининг фарқига бордими ёки Жалолиддиннинг сарғайган юзини кўриб раҳми келдими ёхуд бошқа сабабданми, менга бошқа савол беришга журъати етмади.
У ниманидир ўйлаб қисман тараддудланди ва бир оздан сўнг: – Юринг мен билан, деб олдинга ўтиб, йўл бошлади.
Эшик олдида ўтирган сержантга менинг номимга рухсатнома ёздиргач, ичкарига бошлади.
Бинога кирарканман, бутун вужудимни ҳаяжон босди. Эҳтимол, ичкарида Сафар ака бордир ва мен уни кўрарман, деган хом хаёлдан энтикдим.
Бир ишонч бор эди менда.
Бир умид.
Кўз ўнгимда ялт-ялт товланган умид учқунлари бор эди менда.
Минг афсус...
Бошим айланганидан нечанчи қаватга, қандай чиққанимизни ҳам сезмабман. Катта хонага кирдик. Хонада иккита ёзув стули бор. Деворларга эса ҳар хил плакатлар осилган. Стол устига КГБга асос солган "қонхўр" Калилиннинг кичикроқ ҳайкалчаси қўйилган. Диққатимни ана шу ҳайкалча тортди. Чамаси ҳайкалчага узоқроқ тикилиб қолганим нотаниш суҳбатдошимга таъсир қилди, шекилли мендан: – Бу кишининг кимлигини биласизми, - деб сўради.
– Нега билмас эканман, сизларнинг катта оталарингиз-ку, - дедим истеҳзо билан. Шундан сўнг суҳбатдошим менга Калинин ҳақида бошқа савол бермади. Бўш турган стулга ўтиришимни айтгач, ўзини таништирди:
– Мен хўжайинингиз Сафарбой Бекжоновнинг терговчиси Ҳусан Аҳмедов бўламан, - деди. Бу гапини эшитганимдан кейин бошим айланиб, еру кўкни қоп-қора булут босгандай кўзим олди қорайди. Негаки, бир неча ойдан бери сарсон бўлиб излаганим Сафар акани яқиндан кўрган, ҳатто у билан суҳбатлашган одам рўпарамда турар эди. Мен терговчи Ҳусан Аҳмедовни таниганимдан кейин Сафар аканинг қаерда эканлигидан, соғлигидан воқиф бўлиш имкони вужудга келди. (Ҳусан Аҳмедов асли қаерлик эканини билмайман. Фақат у прокурорнинг ўғли бўлганини 2009 йилда Белгияда "Эрк" партиясининг собиқ матбуот котиби Дилором Исҳоқовадан эшитганман). Буни Ҳусан Аҳмедовдан телефон орқали билиб турардим, баъзан эса қабулига бориб сўрардим. Бироқ терговчининг мени Сафар ака билан учраштиришга ёрдам беролмаслиги ёмон эди.
Бир оз ўзимга келганимдан сўнг Ҳусан акага қарадим.
– Нима дедингиз, деб сўрадим.
– Терговчиси бўламан, деди.
– Шунақами, Сафар аканинг ўзини кўрдингизми? Соғлиги яхшими? Ейдиган овқатлари тузукми, нимага шунча вақтдан бери уйга қайтмайди ё телефон қилмайди?
Ҳусан Аҳмедов менинг ҳаяжонда бирин-кетин бераётган саволларимдан қайси бирига жавоб беришни билолмай қолдими ёки характери оғир одамми, билмайман, ўйланиб қолди. Айниқса, унга: "У ернинг овқати тузукми?", "Нега телефон қилмайди?", деб берган саволарим қаттиқ таъсир қилди. Буни мен мийиғида кулганидан билдим.
– Овқатини сўраяпсизми?
– Ҳа, нима бўлибди сўрасам. Ошқозонида яра бор, шунинг учун ҳар хил овқатларни еёлмайдилар, танлаб ер эдилар уйда, - дедим бир оз хафа бўлиб.
Ҳусан Аҳмедов гапни чўзишни истамадими ёки бошқа сабабданми, охири қисқагина қилиб, Сафар аканинг аҳволи яхшилигини, хавотирланмаслигимни билдирди.
Биринчи тергов. Билиб қўйинг, бу ерда биз савол берамиз, сиз жавоб берасиз!
Мен барибир жуда содда эдим. Бу ернинг меҳмонхона эмас, "қузғунлар макони" эканини билсам-да, терговчига ортиқча бир неча саволлар берганимни англадим.
Шу вақт хонага оёғи оқсоқ, юзидан заҳар томиб турган бир одам кириб келди. Ҳусан Аҳмедов у кишига қараб: "Бу аёл Сафарбой Бекжоновнинг рафиқаси бўлади", деб мени таништирди. Шундан сўнг терговчи нимадир эсига тушиб қолгандай менга ўгирилди.
– Сизнинг исмингиз нима ўзи?
– Қурбоной.
– Ўғлингизнинг исмичи?
– Жалолиддин.
– Яхши, менинг исмим кимлигини билдингиз. – Бу киши, деди у бадқовоқ одамни кўрсатиб, терговчи Мирзо Худоёров бўлади. Кейинчалик мен Мирзо Худоёровнинг лақаби "гестапо" эканини билдим.
– Энди мана шу ҳужжатга ёлғон кўрсатма бермайман, деб имзо чекишингиз керак, деди аллақандай расмий бланкани кўрсатиб.
Ҳусан Аҳмедовнинг бу гапидан ҳайратландим.
– Мени ҳам тергов қиласизми, - дедим.
– Ҳа.
– Нима учун?
– Қонун шунақа.
Мен карахт бўлиб қолдим. Чунки бу ерга терговга эмас, Сафар акани излаб, у ҳақида бирор янгилик эшитиш, агар иложи бўлса ўзи билан кўришиш истагида келганман. Бу киши эса менга "ёлғон кўрсатма бермайман" деб ёздириб, қандайдир ҳужжатга имзо чектирмоқчи!
– Имзо чекмайман, сизнинг саволларингизга ҳам жавоб бермайман, - дедим жаҳлим чиқиб. – Нима, мен сизга жиноятчиманми?
– Сизни ҳеч ким жиноятчи деяётгани йўқ.
– Бўлмаса нима учун?
– Қонун шунақа.
Ҳайрон бўлдим. Рости, менинг бундай қонундан хабарим йўқ эди. Бироқ ўзим ўқиган бадиий китоблар орқали Сталиннинг қаҳрига учраган инсонларнинг оилалари ҳам КГБнинг рўйхатида туришидан воқиф эдим ёки айби бўлмаса ҳам қамалганлигини ёхуд бир неча йиллар давомида азоб-уқубатлар исканжасида яшаганлигини билардим. Мен бундай ҳазин ҳикояни Абдулла Қодирийнинг ўғли Ҳабибулла Қодирийнинг "Отам ҳақида" деган китобида ҳам ўқигандим. Лекин ҳозир курраи оламда 1993 йил! У мудҳиш ҳодисалар 1937-38 йилларда бўлиб ўтган эди. Ўша вақтларда ҳукуматни "халқлар отаси" Сталин бошқарарди. Ҳозир Ўзбекистон мустақил, қоғозда бўлса ҳам демократик давлат. Ҳукумат тепасида Ислом Каримов ўтирган бўлса, мен нега хўжайиним учун жавоб беришим керак?!
Ҳусан Аҳмедов саволимни эшитмаганга олиб, яна ўз саволини такрорлади.
– Мен сўрайман, сиз жавоб берасиз, - деди.
– Ҳусан ака, ҳозир 1937 йил эмас-ку, ҳалиям қонунлар ўзгармадими, ўжарлигим тутиб яна такрор сўрадим. Саволим жавобсиз қолганидан бадтар жаҳлим чиқди. Хуллас, барибир ўртамизда савол-жавоб бошланди.
Терговчи кимлигимни, қаерданлигимни, нимага айнан Сафарбой Бекжоновга турмушга чиққанимни сўради. Ҳаммасига чидаш мумкин эди-ю, лекин охирги саволи ярамга туз сепгандай бўлди. Ялт этиб Ҳусан Аҳмедовга қарадим.
– Сафар Бекжоновга турмушга чиқиш учун сиздан рухсат олишим керак эдими? Худога шукр, дадам билан онам ҳали ўлмади! Нақадар бачкана савол берганини англади, шекилли мендан кечирим сўради.
– Яхши, дедим тишимни-тишимга қўйиб, – ҳамма саволингизга жавоб бераман, кейин мени Сафар ака билан учраштирасизми, деб сўрадим умид билан.
Ўртага нотабиий жимлик чўкди. Шу пайтгача бизнинг суҳбатимизга жим қулоқ солиб ўтирган Мирзо Худоёров бирдан тутақиб кетди.
– Бу ерга келиб бизга бундай талаб қўядиган сиз кимсиз ўзи? Билиб қўйинг, бу ерда саволни биз берамиз, сиз жавоб берасиз, деди.
– Мени тергов қилишга нима ҳақингиз бор? Мен сизга жиноятчиманми? Олдин менга Сафар акани кўрсатинглар, қанақа айби борлигини айтинглар, кейин қанча саволингиз бўлса ҳаммасига жавоб бераман, дедим жаҳл билан.
Мендан бундай талабларни эшитган Мирзо Худоёров яна жаҳл отига минди.
– Сен кимсан ўзи ?
– Менми - дедим истеҳзо билан, худди сизга ўхшаган Ўзбекистон Республикасининг гражданиман.
Сал олдин сизлаб гапираётган бу "заҳарли илон" энди сенсирашга ўтди.
– Эрингнинг кимлигини биласанми ўзи?
Мен шошиб қолдим, бир Ҳусан Аҳмедовга, бир оғзидан кўпик сачратиб бақираётган Мирзо Худоёровга қарадим.
– Сан эрингнинг ўғри эканини билмасмидинг?! Ёки билиб туриб ҳам ўзингни соддаликка соляпсанми?
Унинг оғзидан чиққан "ўғри" сўзини эшитиб, даҳшатга тушдим. – Гапларингиз ёлғон, бир одамга билиб-билмасдан туриб туҳмат қилманг! Ўзингиз ўғри бўлсангиз керак, деган сўзимни тўғрилаб, "Сиз ўзингиз ўғрисиз!" дедим ўзимни қўлга ололмай.
Шу пайт Мирзо Худоёров мен томонга ғазаб ва важоҳат билан юриб кела бошлади.
Жалолиддин бу бақир-чақирлардан қўрқиб йиғлаб юборди. Мен дир-дир титраб йиғлаётган Жалолиддинни маҳкам бағримга босиб: – Уялмасангиз уринг, – дедим шиддат билан ўрнимдан туриб. Ўлдирмоқчи бўлсангиз ўлдиринг! Мен сиздан ҳам, бошқаларингдан ҳам қўрқмайман. Менинг хўжайнимга туҳмат қилманглар!
Ҳусан Аҳмедов бир томонда кобра илон каби ҳезланиб заҳарини сочишга ҳозирланиб турган Мирзо Худоёровга, иккинчи томонда гўдагини бағрига босиб, "Ўлдирсанг ўлдир!" деб мағрур турган бир аёлга – менга қараб шошиб қолди.
Ўртада пайдо бўлган жанжални тинчлантирмоқчи бўлдими ёки бошқа сабабданми, билмайман, Ҳусан Аҳмедов Мирзо Худоёровни хонадан ташқарига олиб чиқиб кетди. Қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаётини хонавайрон қилган бу хонада Жалолиддин иккаламиз қолдик.
Деразадан ташқарига қарадим, осмону фалакда кулиб турган қуёшни эмас, менинг бугунги аҳволимга ҳамоҳангдай ҳолатга тушган қоп-қора булут босган осмонни кўрдим.
Ҳусан Аҳмедовнинг хонага кирганини эшикни тақиллатиб ёпганидан кейин билдим. Мен табиатан хаёлпарастман. Шу ерда ҳам табиат билан инсоннинг узвий боғлиқлигига маҳлиё бўлиб, хаёлларга чўмиб кетибман.
– Жаҳлингиз қаттиқ экан, - деди Ҳусан Аҳмедов, жойига ўтираркан.
– Бўлмаса ўйлаб гапсирсин, нимага туҳмат қилади? Жинними ўзи у одам?
Ҳусан Аҳмедов менинг бу саволимга жавоб бермади. Қандайдир қоғозларни титкилаб, орасидан ўзига кераклисини топди, шекилли яна менга юзланиб: – Менга қаранг, сизга ҳозир бир неча саволлар бераман, сиз эса барчасига жавоб берасиз, - деди.
Мен яна ҳайрат билан бунинг сабаби нимагалигини сўрадим. Терговчи менга қонун-қоидалар шунақа эканини уқтиришга уринди.
– Тўғриси, мен шу пайтгача минглаган том китоблар ўқидим, аммо Жиноят кодексини, детектив асарлар ўқимагандим, - дедим терговчига қараб. – Шунинг учун менга сизнинг: "саволларимга аниқ ва тиниқ жавоб берасиз", деганингиз қаттиқ ботди. Энди эса жиноятчи ва терговчилар ҳақидаги бадиий китобларни ўқимаганимдан афсус қиляпман. Балки ўқиганимда етарли тажрибага эга бўлармидим?!
Терговчи оилавий аҳволимни, ота-онамнинг кимлигини, қаерда ва качон туғилганимни сўради, мен эса жавоб бердим.
Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги чекка бир қишлоқда туғилганимни, дадам бир умр трактор ҳайдовчиси бўлганини, онам далада ишчи бўлиб ишлаганини, ҳозирги кунда иккаласи ҳам пенсионер эканлигини, шунингдек, ўзимнинг дастлаб Берунийда Педагогика билим юртида, кейин 1985 йилдан 1991 йилгача Самарқанд давлат университетининг Филология факультетида ўқиганимни айтдим.
– Сафарбой Бекжонов билан қачон турмуш қургансиз?
– 1991 йил 15 февралда тўйимиз бўлган.
– Тўйга кимлар келган?
– У пайтда мен Сафар аканинг атрофидаги одамлардан ҳеч кимни танимасдим, тўғрисини айтсам, ҳозир ҳам ҳеч кимни танимайман. Лекин тўйимизга кўпчилик келган, дедим.
– Тўйларингизга Муҳаммад Солиҳ келганми?
– Келган, ҳатто Рауф Парфи ҳам келганди. Биласизми, тўйимизга мен яхши кўрган ҳамма шоирлар келишган, деб яна қўшиб қўйдим (соддаманда).
– Нечта фарзандингиз бор?
– Битта ўғлим бор.
– Ўғлингиз қачон туғилган?
– 1991 йил 23 ноябрда.
– Исми нима?
– Жалолиддин.
– Уйингизга ҳозирги пайтда кимлар келиб кетади?
– Уйгами, - дедим ажабланиб, – бизнинг уйга келганлар билан сизнинг нима ишингиз бор?
– Бизга керак, сиз айтaверинг, - деб Ҳусан Аҳмедов менга ҳайрат билан қаради.
– Товба, мен аслида сизнинг олдингизда ҳисоб беришга мажбурманми?
– Кимларнинг келгани шунчалик сирми, ҳатто айтишга қаттиқ қўрқаяпсиз? Ёки Муҳаммад Солиҳ келармиди кўпроқ?
– Партиянинг раисини айтаяпсизми?
– Ҳа. Йўғ-е, у нима қилади бизнинг уйга келиб?
– Муҳаммад Солиҳни танийсизми?
– Йўқ, танимайман, лекин икки ёки уч марта кўрганман. У менинг энг яхши кўрган шоирим. Сиз ҳам шеърга қизиқасизми? Мен соддаваш берган бу савол Ҳусан Аҳмедовга ғалати таъсир қилди, шекилли юзимга қаради. Лекин кулмади, шу билан бирга, саволимга ҳам жавоб бермади.
– Муҳаммад Солиҳни қаерда кўргансиз?
– Адашмасам, 1989 йил октябрь ойида, унутмаган бўлсам Самарқандга университетимизга учрашувга бир гуруҳ шоирлар билан келганда кўрганман. Кейин у кишини ўзим бир марта излаб ишхонасига борганман.
– Нимага излаб боргансиз?
Шундан кейингина ўзимнинг қовун тушириб қўйганимни билдим, яъни айтилмаслиги керак бўлган гапни айтиб қўйганимни англаб етдим. Энди эса, бор-ей, нима бўлса бўлар, нима, мени Муҳаммад Солиҳ билан учрашдинг, деб ўлдирармиди, деб терговчига 1990 йил 11 апрелда "Эрк" партиясига аъзо бўлиш учун борганимни айтдим.
– Нима, сиз ҳам "Эрк" партиясига аъзомисиз?
Ҳамма гапларимга эътироз билдирмасдан ёзиб бораётган терговчининг бирдан менга шошилинч ҳолатда берган саволи мени ҳайрон қолдирди.
– Нима эди, расман рўйхатдан ўтган "Эрк" партиясига аъзо бўлиш жиноятми?
Ҳусан Аҳмедов ёзишдан тўхтаб, менга қаради ва сўнг: – Тўғри, бу сизнинг шахсий ишингиз, деди ва Муҳаммад Солиҳ билан оилавий борди-келди қилиш-қилмаслигимизни сўраб савол-жавобни давом эттирди.
Мен эса Муҳаммад Солиҳ билан оилавий алоқамиз йўқлигини айтдим. Терговчи юзимга синчиклаб тикилди-да: – Мабодо сиз Муҳаммад Солиҳнинг синглисимасмисиз, жуда ўхшар экансиз, деди.
– Мени ўхшатяпсизми, таажжубда сўрадим.
– Сизда.
– Йўқ, лекин кўп одамлар ўхшатишади. Бироқ биз тамоман бегоналармиз. Муҳаммад Солиҳ билан қонларимиз ўн карра қайнатса ҳам қўшилмайди, дедим.
Ҳусан ака яна бир бор менга синовчан тарзда тикилди.
– Сафарнинг фамилияси ҳам Бекжонов-ку, балки икки оила бир-бири билан бегона бўлиб кетмайлик деб қуда бўлгандир, деди.
Берган жавобларимга ишонмай яна шу хусусда қайта сўраётганидан жаҳлим чиқиб: – Ёлғон гапириб сиздан қўрқадиган жойим борми, - дедим. – Сафар ака ҳам уларга ҳеч қандай қариндош эмас. Фақат фамилиялари ўхшаш. Хоразмда ким кўп Бекжонов фамилияли одамлар кўп. Сизнингча, уларнинг ҳаммаси бир-бирига қариндош бўлаверадими?
Ҳусан Аҳмедов шундан кейин бу тўғрида қайта савол бермади.
– Яқинда уйларингизга Элликқаладан бир нафар аёл билан, бир нафар эркак киши келган экан, улар кимлар эди?
– Сиз буларни қаердан биласиз, ҳайрон бўлиб сўрадим. Бироқ терговчи саволимга жавоб бермай, яна ўша саволини такрорлади.
– Ким улар?
– Опам билан поччам эди, бу ҳақида сизга ким айтди, яна шубҳада сўрадим. Терговчи саволимга яна жавоб бермади.
– Элликқалъадаги Ўлкашунослик музейи директори Ўрозали Жумаев деган одам ҳақида эшитгансизми?
– Кимни? Қулоқларимга ишонмай яна такрор сўрадим.
– Ўрозали Жумаевни.
Ўрозали Жумаевнинг исм-шарифини эшитиб, тош каби қотиб қолдим. – У кишининг Сафар ака ишига нима алоқаси бор?
– Сафарбой Бекжонов Элликқалъа Ўлкашунослик музейидаги ноёб тарихий тангани ўғирлади, деб шикоят қилган одам ана шу киши бўлади.
– У одам тентак-пентак эмасми? Сафар акага тангани айнан Ўрозалининг ўзи экспертиза қилдириб бер деб берган эдику. Ҳатто тилхат ҳам ёзиб берган. Энди сизларга келиб тангани Сафар Бекжонов ўғирлади деб айтяптими?
– Қаерда ўша хат?
– Уйда турибди. – Биласизми, дедим алам билан терговчига қараб, – ўша Ўрозали Жумаев деган ифлос одам акамни ҳам туҳмат билан қаматмоқчи бўлганди, аммо қамата олмаганди. Энди куёвига туҳмат қилибдида номард.
– Нима дедингиз, кимга туҳмат қилди дедингиз?
– Менинг энг катта акамга ҳам 1980 йилларда авжига чиққан "Пахта иши" билан боғлиқ ҳолда туҳмат уюштирган.
Шу ерда мен терговчига Ўрозали Жумаевнинг миллат хоини эканини, Эллиққалъада Гдлян ва Ивановларнинг жамоасига қўшилиб, жуда кўп бегуноҳ одамларга туҳмат қилиб, уларнинг оилаларини қон қақшатгани, арзимаган баҳона билан кўп одамларни қаматиб юборгани ҳақида гапириб бердим. Катта акамга уюштирган туҳмати орқасидан бир неча ой ишхонасида текширув ўтказилганини, лекин Гдлян ва Ивановларнинг ялоқхўрлари акамнинг ишларидан ҳеч қандай камчилик топа олишмаганини, ота-онамнинг бахтига акам қамалмай қолганини айтиб бердим.
Терговчига Ўрозали Жумаевдан қишлоқ аҳли нафратланишини, қишлоқдошларим унинг ишлари билан боғлиқ очиқ мажлис ўтказиб туҳматчини қишлоқдан ҳайдаб юбормоқчи бўлганини, бироқ Ўрозали халқ олдига хотини билан йиғлаб келиб кечирим сўраганини, акамнинг "яшайверсин!" деган якуний хулосасидан кейин унинг қишлоқда яшаб қолганини сўзлаб бердим.
– Жумаев уйингизга ҳам келганми, деб сўради терговчи.
– Келган, ҳафталаб меҳмонимиз бўлган. Сафар акага Ўрозалини бошқа ҳеч қачон уйга олиб келмасликни, у маҳлуқ акамга, ота-онамга бир неча азоблар келтирганини айтгандим.
Яна беихтиёр асабларим бузила бошлади. Бу кўрнамакнинг қилиқларидан изтиробга тушдим. Юзимни юваётган аччиқ кўз ёшларимга ҳоким бўла олмадим. Терговчи стаканга сув қуйиб қўлимга тутди. Сўнг: – Сафар сизнинг гапларингизга жавобан нима деган, деб сўради.
– Энди кеч дедим, армон билан.
– Танга ҳақида нималарни биласиз?
– Занглаб кетган темир тангани айтяпсизми, таажжубда сўрадим. Сафар ака ўша тангани ўғирламаган. Унга тангани Жумаевнинг ўзи ўз қўли билан экспертиза қилдириб бергин деб тутқазган. Ўрозали Сафар акага тангани француз археологига сотмоқчи бўлганини, аммо жуда арзон сўрагани сабабли сотмаганини айтганда хўжайиним "нимага сотмоқчи бўлгансиз, танга сизнинг отангиздан қолган мулкми", деб жаҳли чиққан.
– Сиз Жумаевнинг Сафарбойга тангани экпертиза қилдириш учун берганини қаердан биласиз?
– Уйда музей директорининг ўз қўли билан ёзган тил хати бор.
– Жиддий айтяпсизми?
– Тўғри айтяпман, музей директори Ўрозали Жумаев ўз қўли билан ёзган тил хат бор.
Жалолиддин оч қолдими ёки сув ичкиси келдими, инжиқлик қилишни бошлади. Шундан кейин Ҳусан Аҳмедов қандайдир қоғозни қўлимга тутиб, "Ўқиб, қўл қўйинг" деди.
Ўқидим, қоғозда мен айтган гаплар ёзилган эди, унга имзо чекдим.
Тергов тугагандан кейин Ҳусан акадан Сафар ака билан қачон учраштиришини, ертўлаларида қачонгача ётишини сўрадим.
– Номаълум, деди у саволимга жавобни қисқа қилиб, кейин қўшиб қўйди.
– Келган йўлингиздан қайтиб кетишни биласизми?
– Йўқ.
Шундан сўнг Ҳусан Аҳмедов мени пастгача кузатиб қўйди.
Ташқарига чиқдим. Терговчининг олдида ўзимни зўрға тутиб ўтиргандим, у ердан чиққач, кўз ёшимни тўхтата олмадим.
Метрога тушдим. Яхшиямки, метро кўп куттирмасдан келди. Уйга келгунимча кун кеч бўлди.
Оч қолган Жалолиддиннинг қўлига нималардир бердим. Ўзимнинг томоғимдан эса бир қултум сув ҳам ўтмади.
Ҳа, менинг атрофимда гирдоб тобора кучлироқ айланмоқда эди, мен эса бу гирдоб ичидан қандай қилиб чиқиб кетишни билмасдим. Кутилмаганда терговчиларнинг мени ҳам тергов қилишгани дард устига чипқон бўлди. Уларнинг мендан уйимизга кимлар келиб-кетаётганини сўрашини сира тушуна олмадим.
Сафар аканинг ишхонасида кимлар билан учрашиб юрганига, нималар ҳақида гаплашганига доир саволлари эса мени том маънода ҳайратга солиб қўйди. Ахир мен буларни қаердан биламан?! Умр йўлдошлик танлови бу турмуш ўртоқнинг ҳар бир босган қадамини текшириш, ундан доимий равишда кимлар билан учрашган-учрашмагани ҳақида ҳисобот сўраш мажбуриятига эгалик дегани эмаску?!
Қолаверса, менинг характеримда баъзи аёлларда мавжуд бўлган эрини кузатиш, назорат қилиш каби одатлар, "касалликлар" йўқ эди. Шу боисдан бўлса керак, Сафар аканинг миясини "қаерга бордингиз, нима ишлар қилдингиз, ишхонангизга кимлар келиб кетди, улар билан нималар ҳақида гаплашдингиз" каби ортиқча саволлар билан ачитмасдим.
Эрта тонгда ишга кетиб, ярим тунда ишдан қайтган одамга бундай саволлар тамоман ортиқча эканини ҳам билардим. Шунинг учун ҳам Сафар ака билан сал кам 3 йил бирга яшаган бўлсак-да, ҳатто оиласига айланиб кетган ҳамкасбларини яхши танимасдим. "Эрк" партиясига тааллуқли баъзи ўзгаришлар ҳақида ўзи гап очмаса мен ҳам сўрмасдим. Бироқ "Эрк" газетасини доим қунт билан ўқиб борардим.
Терговчи мен билан ўтказган биринчи терговдан кейин менга яна терговга чақиришимиз мумкин деган эди.
Бироқ улар мени қачон терговга чақиради, Сафар ака билан қачон учраштиради, деб қўлимни қовуштириб ўтиришим керак эмаслигини тушунардим...
Ислом ака билан келишиб ишлаганида бошига
кўргуликлар тушмасди
1992 йил февралда Сафар ака Туркияга борганда асли келиб чиқиши қадим туркистонлик (Ўзбекистон) бўлган, Туркияга Афғонистондан кўчиб борган ўзбеклар билан учрашади.
Сафар ака улар билан танишган чоғда ўзининг аждодлари Амир Олимхоннинг Бош вазири Низомиддин Урганжийга бориб тақалишини айтади. Буни эшитган мезбон Раҳматуллоҳ Ҳожи Афанди Сафар акани қариндошлари билан таништиради ҳамда шу ернинг ўзида Низомиддин Урганжийнинг Туркиянинг Газиантеп шаҳрида яшайдиган невараси Асадулла Урганжийга телефон қилади. Шу тариқа, Асадулла ака Сафар акани уйига меҳмонга чақиради. Шунингдек, Сафар акани Туркияда Амир Олимхоннинг ўғиллари ҳам меҳмон қиладилар.
Сафар ака уларнинг хонадонига меҳмон бўлиб боргандан кейин Амир Олимхоннинг Саудия Арабистони ва Туркияда яшаётган фарзандлари тўпланишади. Улар Амир Олимхоннинг васиятига кўра дунё банкларида сақланаётган бойликларини мустақил Ўзбекистонга қайтариш учун Сафар акадан кўмак сўрайдилар. Амир Олимхоннинг АҚШда яшаётган ўғли телефон орқали ўз розилигини бергандан кейин барча қариндошлар Сафар акага Ўзбекистондаги оилалари вакили бўлишни таклиф қилишади. Бу таклифга Сафар ака рози бўлгач, Амир Олимхоннинг барча қариндошлари Амир Олимхоннинг ўлимидан сал олдин тушган расми орқасига имзо чекиб, Сафар акага "Ишонч хати" беришади.
Сафар ака билан бирга Амир Олимхоннинг куёви, Бош вазир Низомиддин Урганжийнинг невараси Асадулла Урганжий ҳам оила тамсилчиси сифатида Тошкентга келади. Асадулла Урганжий Тошкентга ота-боболари ичида тирик қолган якка-ю ягона амакиваччаси, Хоразмда яшаётган Сафар аканинг катта бобоси Бекжон Бек Урганжий билан учрашиш ҳамда Ўзбекистон ҳукумати билан аждодларига тегишли бойликлар юзасидан музокаралар олиб бориш мақсадида келади.
Собиқ Адлия вазири Бобур Маликов Сафар ака билан Асадулла Урганжийни ўз хонасида қабул қилиб, Амир Олимхонга тегишли бўлган бойликларни Ўзбекистонга қандай қилиб қайтариб олиб келиш ҳақида музокаралар олиб боришaди. Шундан кейин Амир Олимхоннинг Жаҳон банкларида сақланаётган бойликларини Ўзбекистонга қайтариш учун комиссия тузилади. Комиссия таркибида Амир Олимхоннинг фарзандлари тамсилчиси бўлган Сафар ака ҳам бор эди.
Ушбу воқеага доир Сафар ака билан журналист Соҳибназар Эгамбердиев суҳбат уюштиради ва мазкур интервью "Ўзбекистон адабиёти ва саънати" газетасида эълон қилинади.
Воқеаларни яқиндан кузатиб бораётган Ўзбекистон Прокуратураси ушбу комиссия таркибига ўзларига тегишли бўлган одамни ҳам киритиш керак, деган қарорга келиб, асли келиб чиқиши Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидан бўлган, Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасининг Матбуот котиби бўлиб ишлаётган Файзулла Қиличев номига сохта ҳужжат ёзиб, уни Амир Олимхоннинг "невараси" шоҳсупасига чиқарадилар.
Файзулла Қиличев Амир Олимхоннинг бойлигини Сафар ака билан бирга Ўзбекистонга қайтариб олиб келишдан умидвор бўлади. Шунинг учун ҳам худди бўзчининг мокисидай гоҳ АҚШга, гоҳ Туркияга қатнай бошлайди. "Сохта невара" ишонч билан топширилган ролни маромига етказиб ўйнай олмагандан кейин мазкур ташкилот кўп ўтмай тарқалиб кетади. Аниқроғи, Амир Олимхоннинг авлодларида Ўзбекистон ҳукумати ўзларининг оилалари тамсилчиси бўлган вакилини туҳмат билан қамашгандан кейин давлатга нисбатан ишончлари йўқолади. Шу тариқа, Амир Олимхоннинг авлодлари унинг бойликларини Ўзбекистонга қайтаришдан вақтинча воз кечади.
Сафар ака билан боғлиқ тушунарсиз ишлар бўйича кимга мурожаат қилишимни билолмай Файзулла Қиличевга телефон қилишга қарор қилиб, Сафар аканинг телефон рақамлар ёзилган дафтарчасидан Файзулла Қиличевнинг телефон рақамини излаб топдим. Ўтган сафар телефон қилганимда рафиқаси АҚШга кетганини айтган эди. Шу кунгача балки қайтгандир, деган ўйда уй телефони рақамини тердим. Бахтимга гўшакни Файзулла Қилечевнинг ўзи олди.
Файзулла ака кимлигимни билганидан кейин мендан қуюқ ҳол-аҳвол сўради, ҳатто Жалолиддинни йўқлашни ҳам унутмади.
Суҳбат жараёнида мен унга Сафар акани туҳмат билан қамаб қўйганини, ўзимни ҳам тергов қилаётганини айтдим. Қонун-қоидаларни яхши билмаётганимни очиқча билдириб, ундан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси китоби бўлса бир ҳафтага бериб туришини илтимос қилдим. Ушбу гапимдан сўнг ҳозиргина оғзидан бол томиб турган "қариндошимиз"нинг бирданга нафаси ичига тушиб кетди, жим бўлиб қолди.
– Бу китоб менда бор, лекин...
– Нима лекин, - дедим, гапини бўлиб.
Саволимга савол билан жавоб берди.
– Сизга китобни қаерда беришим мумкин?
– Сиз айтган жойга бориб оламан.
Файзулла аканинг нимадандир хавотирланаётганини яққол сездим. Орадан бир-икки секунд ўтмасдан: – Иш жойимга яқин ерга келишингиз тўғри иш бўлмайди, деган жавобидан кейин сезиш қобилиятим панд бермаганини англадим.
– Иш жойингизга бориш ниятим йўқ. Ўзингиз олиб келиб беришни истамасангиз, янгадан бериб юборишингиз ҳам мумкин ёки бирор аниқ жойга боришимни айтсангизлар мен ўша жойга бораман, дедим.
Суҳбатдошим яна жим қолди. Бир оздан кейин яна овози эшитилди:
– Сиз рус тилини биласизми?
– Нима эди, ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Мендаги китоб рус тилида.
– Рус тилида бўлса нима қилибди, тушунмасам уйдаги ўзбекча-русча луғат китоблар ёрдамида таржима қиламан.
Орага яна бир оз жимлик чўкди, чамаси Файзулла Қилечев яна қандай "баҳона" топишни билмади шекилли, – майли мен бир ўйлаб кўрай, деб хайр-хўшни насия қилиб, гўшакни жойига қўйди.
Мен телефон қилганимга пушаймон бўлдим. Бундай совуқ муносабатда бўлажагини олдиндан билганимда эди, телефон қилмасдим.
Шу пайт кўз ўнгимда уйга қўлида майда-чуйда солинган картон қути билан кириб келгани гавдаланди. Сафар акани уйларига меҳмонга таклиф қилгани-ю, уни ишхонасигача излаб борганини эсладим. Энди-чи...
Сафар аканинг бошига ташвиш тушганда "сохта қариндош" Файзулла Қиличевнинг асл кимлиги юзага чиқади. У Сафар акани ҳимоя қилиш тугул бизга яқинлашишга ҳам юраги дов бермай қўяди. Мансаб қулига айланган Файзулла ака мен ундан сўраган "Жиноят кодекси"ни хотини орқали бериб юборишга ҳам қўрқади. Қисқаси, "дўппи тушиб кал боши кўринган эди".
Бир куни менга кутилмаганда Файзулла Қиличев телефон қилди. Овозини эшитиб ҳайрон бўлдим. Қисқача ҳол-аҳволимни сўради. Бироқ, Сафар акани эсламади ҳам. Сўнгра тўғридан-тўғри ўзининг Туркияга кетаётганини, агар бирон гап-сўзим бўлса етказиб қўйиши мумкинлигини айтди. Мен раҳмат айтиб, оқ йўл тиладим.
Файзулла ака, бундан қаноат ҳосил қилмай қариндошларимизга бирон совғам бўлса етказиб бера олиши мумкинлигини билдирди. Мен фурсатдан фойдаланиб, Асадулла акага ваъда берганим, унча катта бўлмаган, ихчамгина ширинлик пиширадиган "қолип" бериб юборишимни айтдим.
– Туркияда йўқ эканми?
– Йўқ.
– Юким оғир, олиб кета олмайман.
– Унда нимага сўрадингиз?
– ...
Жаҳлим чиқди. Сўнгра шартта: – Файзулла ака, мен билан ўйин ўйнаб нима қиласиз? Ахир сизнинг кимлигингизни яхши биламанку, - дедим.
– Нимани биласиз?
– Китоб сўрадим бермадингиз, қариндошларинггизга бериб юборадиган совғангиз борми деб сўраяпсиз, бор десам "юким оғир" деб баҳона қиляпсиз. Шундай экан, нимага менга телефон қилдингиз? Шусиз ҳам ҳамкасбларингизнинг маразлиги жонимни бўғзимга келтириб турган бир пайтда менга сизнинг ўйинингиз етмай турган эди.
– Сафар хато қилган.
– Нимани хато қилган, - ҳайрон бўлиб сўрадим?
– Тангани ўғирламаслиги керак эди.
– Сиз Сафар ака танга ўғирлаган пайтда қоровул бўлиб қараб турдингизми? Бу сўзингизга далилингиз борми? Уялмай-нетмай, ҳеч нарсани билмай туриб, қанақасига бемалол туҳмат тошини отасиз?
Орага яна жимлик чўкди.
– Ислом ака билан келишиб ишлаганида бошига бундай кўргуликлар тушмасди.
– Сизга ўхшабми? Сиз каби минг бир қиёфага кира оладиган буқаламунларнинг кўпини кўрганман. Ислом акангизнинг этагини ўпиб, тузини егансизда! Шунинг учун ҳам тузлиғига туфура олмайсиз! Сиз каби лаганбардорлар ол, е деса Ислом акангизнинг аҳлатини ҳам кўзингизга суртиб, табаррук қилиб ейишга тайёрсизлар! Бошқа гапим йўқ!
Айтадиганимни айтиб, бор гапни шарт-шарт гапириб телефон гўшагини шарақлатиб жойига қўйдим. Аламимни олдим деб, ўзимдан ўзим хурсанд бўлдим.
Ҳа, азиз ўқувчи, табиийки, шу ўринда Сизда: "Ўзбекистон Прокуратурасининг Матбуот котибига қандай қилиб бу қадар оғир сўзлар айтдингиз", деган савол туғилиши мумкин. Бу пайтга келиб менда жонимдан бўлак йўқотадиган ҳеч нарсам қолмаганди. Жоним эса гуноҳкор банданинг эмас, Яратганнинг қўлида. Мен учун икки дунё бир қадам бўлиб қолган эди...
Кейинчалик мен "сохта невара" қиёфасига кирган Файзулла Қиличевнинг президент Ислом Каримовга ўзини яхши кўрсатиш учун Сафар ака ҳақида туҳмат тўла мактуб ёзиб киритгани тўғрисидаги хабарлардан воқиф бўлдим. Бироқ, афсуски, ҳеч қаерда айтилмаган ва ҳеч қаерда ёзилмаган бу сирларни сал кам 6 ойдан кейин билишга муваффақ бўлдим.
Амир
Олимхоннинг авлодлари Туркияга борган
Файзулла Қиличевни хуш келдинг, сафо
келдинг деб "хурсанд" бўлиб кутиб
оладилар.
Улар Ўзбекистон ҳукуматининг
Файзулла Қиличев орқали етказилган
расмий таклифини ерда қолдирмай тахминан
1994 йилнинг баҳор ойида Ўзбекистонга
келадилар. Амир Олимхоннинг қариндошлари
ота юрти қўхна Бухорони зиёрат қилиб,
дуои фотиҳа ўқишиб, Туркияга қайтишади.
Бироқ Файзулла Қиличевнинг Амир
Олимхоннинг бойликларини Ўзбекистонга
қайтаришга уринишлари ҳеч қандай самара
бермайди, у берилган "топшириқ"ларни
уддалай олмайди. Бунга Ўзбекистон
ҳукуматининг Сафар акани туҳматлар
асосида банди зиндон қилгани ҳалақит
беради.
Амир Олимхоннинг авлодлари
Ўзбекистонга келгач ватандаги асл
манзарани ўз кўзлари билан кўришади.
Улар Ўзбекистоннинг фақат қоғозда
мустақил давлат эканлигига, реал ҳаётда
халқ оммаси ҳануз чор-ночор, бир бурда
нонга зор бўлиб яшаётганига, кўчаларда
ҳалиям "қўрқув салтанати"
ҳукмронлигига иқрор бўладилар. Шунингдек,
улар олдин босқинчи руслар ичган ўзбек
миллатининг қонини эндиликда ўз
миллатдошлари меҳробидан чиққан чаёнлар
зулукдай сўраётганлигини англаб
етадилар.
Она ватандаги бундай
ҳолатларни кўрган Амир Олимхоннинг
авлодлари қаттиқ изтироб чекиб, Туркияга
қайтадилар.
Бу
нозик "дипломатик ўйин"ни тушунмаган
Файзулла Қиличев олдинига ўзига ишониб
топширилган вазифани қойилмақом
бажардим, деб хурсанд бўлади. Лекин
орадан бироз вақт ўтгач унинг ҳолига
маймунлар йиғлайди. Чунки ишини эплай
олмаган Қиличевга ўзи тиш-тирноғи билан
ҳимоя қилган режим чиройли тарзда жазо
беради. Бу бир томондан Сафар акага
хиёнати учун Қиличевга берилган
Яратганнинг жазоси ҳам эди.
Орадан
кўп ўтмай Файзулла Қиличев Ўзбекистон
Республикаси Прокуратурасининг Матбуот
котиблиги лавозимидан ҳайдалади.
"Амир Олимхоннинг бойлигини Ўзбекистонга қайтариш" комиссияси эса муайян муддатдан кейин тарқатилади. Комиссияни ташкил қилган раҳбарлардан бири, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Бобур Маликов Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинланади. Бобур Маликов элчилик муддати тугашига яқин қолганда ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқиб, АҚШдан сиёсий бошпана олиб, ўша ерда қолиб кетади. Унинг бундай ҳаракатлар содир этишига Ўзбекистонда сиёсий вазият кескинлашаётгани жиддий сабаб бўлади.
Шу пайтларда Бобур Маликов ҳақида маҳаллий газета саҳифаларида кўплаб танқидий фельетонлар эълон қилинади. Ана шундай танқидий фельетонлардан бирининг муаллифи тарих фанлари доктори Гого Ҳидоятов эканини ҳалигача унутганим йўқ.
Ўзига ишониб топширилган вазифани уддалай олмаган шўрлик "сохта невара" Файзулла Қиличев эса бор-будидан мосуво бўлиб, кенг далада якка ўзи ўрилмай қолиб кетган маккажўхори сўтаси каби шумшайиб қолиб кетади.
Бугунги кунда ҳам орамизда юксак лавозимли курси эгасиман, ҳеч ким менинг мушугимга пишт дея олмайди, деб мансабига ишониб қолганлар кўплиги ҳеч кимга сир эмас. Бошига ташвиш тушган дўстларини "қайда кўрдим қора эшак", деб бир тепиб ўтиб кетаётган валломатлар ўзларида бўлган битта режа Аллоҳда ҳам борлигига ишониб яшасалар ёмон бўлмасди.
Мен бошимизга тушган мушкулотларни енгиш учун курашга бел боғлаган чоғимда орамизда шундай калондимоғ шахслар, даври келганда қойилмақом кетмон чопадиган кимсалар борлигига бевосита гувоҳ бўлганман. Мана, ниҳоят, "сувга ботмаган ўпка" Файзулла Қиличевнинг тақдири ҳам, "Эрк" демократик партиясини сотиб, президент аппаратига ишга ўтиб кетган кишиларнинг тақдири ҳам бир-бирига ўхшаш тарзда якун топди.
Фақат собиқ "Эрк"чилар ўзлари сотиб олган мансуб курсларида Файзулла Қиличевдан кўра узоқ муддат қолишга эришдилар. Улар ҳар куни эрталаб уйидан ишга, ишдан уйига хизмат машиналарида қатнашга муяссар бўлиш билан чекланиб қолмай, қисқа муддат ичида данғиллама уйлар қуриб, кайф-у сафода умр кечириш бахтига ҳам мушарраф бўлдилар. Бироқ ўзлари яшаётган айни шаҳарда ўзлари каби "Эрк" демократик партияси асосчиларидан бири бўлган Сафар Бекжоннинг азоблар исканжасида яшаётган оиласи ҳолидан инсонийлик нуқтаи назаридан ҳам хабар олмадилар.
"Эрк" демократик партиясининг собиқ аъзолари эртакларда айтилгандек, сандиқсоз устага қирқта катта-кичик сандиқ ясаттирдилар. Қирқ биринчи сандиқни жуда кичкина қилиб ясаттириб, унинг ичига: Эрк, Озодлик, Демократия, Тенглик деган тушунчаларни солиб, устидан қулфлаб сандиқнинг калитини ҳеч ким топиб олмаслиги учун қудуққа отдилар.
"Эрк" демократик партиясини сотиб, мансаб отига минган нўноқ чавондозлар маррага етмасдан минган отларидан бирин-кетин йиқилиб, майиб-мажруҳ бўлдилар. Улар учун президент Ислом Каримов "худонинг ердаги сояси" эди. Сояни эса ҳеч вақт адолат шамоли тўса олмайди деб ишонгандилар... ишончлари гулдурос солиб эсган тўфондан туман каби бир зумда тарқалиб кетди... Бошларида на суянган чинорларининг сояси қолди, на вақтинча ўтириб турсин деб берилган курсилари. Чинорлар кесилиб бозорда сотилди, ястаниб ўтирган мансаб "кресло"лари эса тўпланиб, Оқсаройнинг ертўласидаги қоронғу бурчаклардан тарихий экспонат сифатида жой олди.
Адолат нуридан ўт-ўланлари қуриб-қақшаган, бийдай далада қолиб кетган собиқ "Эрк" демократик партияси аъзоларида на олдинга юришга мажол қолди, на орқага қайтай деса манзил...
Ўз мансабининг шайтоний васвасасига алданиб, қулоқлари кар, кўзлари кўр бўлган бу даҳрийлар энди миллатимиз чекаётган ғам-аламларни кўрмас, фарёдларини эшитмасди. Эшитганларида эса кеч бўлганди...
Каримовнинг оёғини ўпиб, салла ол деса калла олмоққа ҳозиру нозир бўлган мансабпарастлар Ислом Каримовни дастлаб Отам деб алқашга ўтдилар, аммо халқ бўла олмаган оломонга бу ўхшатиш камлик қилди чоғи оддий халқ хизматчиси бўлиши шарт ва зарур президентга Юртбоши деган ёрлиқ бердилар.
Ўз мансабининг пирига айланган Ислом Каримов эса аста-секин асл башарасини кўрсата бошлади. Энди у киши юртбоши эмас, юртнинг бошини ейдиган, икки елкасидан икки илон ўсиб чиққан "зуҳакоҳ моронга" айланганди.
У ўша машъум 1993 йилларда деярли ҳар куни бир одамнинг бошини емаса, қонини ичмаса тура олмайдиган дардга йўлиқишди. Миллатимизнинг бегуноҳ фарзандлари, Аллоҳга тавба-тазарру қилган ёш йигитлар, эрк, тенглик, озодлик йўлида курашаётган инсонларга "жиноятчи" деган тамға босиб, уларни банди зиндон қилишни одатга айлантирди.
Ўғил учун ота, қиз учун она жавобгар бўлса, эр учун хотин жиноий жавобгарликка тортила бошланди. Ҳатто мурғак гўдаклар ҳам оналар қўлидан гаров сифатида чирқиратиб тортиб олиниб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жазоларга маҳкум этилди.
Фарзандлари қамалган муштипар ота-оналар энг сўнгги нафасини берар чоғида дилбандлари дийдорига тўя олмай бу фоний дунёни армон билан тарк этди. Ўзбекистон дея аталган жаннатмакон маскан қарға ва қузғунлар маконига айлантирилди.
Сафар Бекжон ноёб танга ўғриси(ми)?
Оғир изтиробли хаёлдан юрагим сиқилди. Оламда нима гап экан, деб телевизорни ёқдим. "Ахборот" кўрсатуви бошланаётган экан. Хабарларни ўқиб эшиттиришдан олдин сухандон Абдумўмин Ўтбосаров жуда муҳим хабар эълон қилиниши ҳақида билдирги берди.
Нима бўлди экан деб диққат билан қулоқ тутдим. Ярим дақиқа ўтар-ўтмас сухандон: Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси хабар беради: Ўзбекистон "Эрк" демократик партиясининг фаоли Сафарбой Бекжонов Қорақалпоғистон Мухтор Республикасининг Элликқалъа туманидаги Ўлкашунослик музейидан ноёб тарихий танга ўғирлаганлиги айби билан қамоққа олинди, деган хабарни доно-доно қилиб ўқиб эшиттирди.
Мен эълон қилинган бу хабарни эшитиб, турган жойимда тош каби қотиб қолдим. Эҳтимол, жаноб Абдумўмин Ўтбосаров туҳматларга йўғрилган бу хабарни бундан бир-икки ой олдин ўқиб эшиттирганда Сафар аканинг қаерда эканлиги маълум бўлди деб роса қувонган бўлардим.
Ўша пайтда ойларча сарсон-саргардон бўлиб юрмай тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси жойлашган бино олдига бориб, Сафар акани сўраб-суриштирардим! (Орадан 20 йил ўтган бўлса ҳам "Ахборот" дастурини эшитганимдан кейинги ҳолатимни ифодалашга на қаламимнинг кучи, на ўзимнинг сабрим етади).
Сукунатга чўмган қоронғу дунёда тўфон кўтарилиб, ер-у кўк чирпирак бўлиб айлана бошлади. Қулоқларим шанғиллаб, ҳеч нимани англай олмадим, эшитсам ҳам гап нима ҳақида кетаётганини ақлан идрок қила олмай қолдим. Бошим айланиб, ёнимдаги ёстиққа бош қўйдим...
Абдумўмин Ўтбосаров хабарни гўёки Сафар ака музей сейфини бузиб, бир парча занглаган темир тангани ўғирлаётганида худди ёнида қўриқчи бўлиб турган кишидай маҳорат билан ўқимоқда эдики, буни эшитган ҳамда Сафар акани яқиндан танимаган ва билмаган одамлар Элликқалъа туманидаги Ўлкашунослик музейидан "Эрк" партиясининг фаоли танга ўғирлаганига оид туҳмату уйдирмадан иборат хабарга лаққа ишонишарди.
Мен бу иш гарчи буюртма иш эканини билсам-да, Абдумўмин Ўтбосаровдан ва "Ахборот" кўрсатуви жамоасидан қаттиқ хафа бўлдим. Ахир улар Ўзбекистон Прокуратурасининг бир парча қоғозга ёзиб берган матнини ўқиб оламга овоза қилишдан олдин, бу иш исботланган ёки исботланмаган жиноят иши эканини ўрганса бўлардику?! Хабарни ўқиб эшиттиришдан олдин инсонийлик нуқтаи назаридан мендан бир оғиз сўрашса бўлмасмиди?! Аллоҳ бутун инсонга берган ақл-фаросатни "Ахборот" дастурида ишловчи жамоага келганда сиқиб қўйганми?! Ёки уларни одамларнинг тақдири, зиммаларига юклатилган вазифанинг тўғри-нотўғрилиги, оқибати қизиқтирмайдими?
Бир бегуноҳ инсоннинг, жумладан, унинг оила аъзоларининг ҳаёти Ўзбекистон телевидениеси ходимлари учун ўйинчоқми?
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг терговчиси Ҳусан Аҳмедов Сафар ака иши бўйича очилган "дося"га "ўғри" деб ёзмаганди. Шундай бўлгандан кейин нима учун Абдумўмин Ўтбосаров Сафар акани "ўғри" деб эълон қилади?
Ахир журналист ҳақиқатни ёзадиган бетараф инсон бўлиши керакку?! Қўлига ёзиб берилган матнга эмас, бир оз бўлса-да виждонига қулоқ тутмайдими?
Кимнидир қоралашдан олдин иккинчи томоннинг фикрига ҳам қулоқ тутса, микрофон тутса бўладику?! Бу ишнинг нечоғли тўғрилигига доир мендан фикр сўрашганда қўлимдаги рад қилиб бўлмайдиган далилни тақдим қилардимку!
Ланъати тангани Сафар ака ўғирламагани, аксинча уни Сафар акага "экспертизадан ўтказиб беринг" деб Элликқалъа тумани Ўлкашунослик музейи директори Ўрозали Жумаев ўз қўли билан берганини, бунга оида Тилхатини кўрсатар эдимку?!
Мен гарчи журналистика факультетини тугатмаган бўлсам-да, ўзимни ушбу соҳага тааллуқли қонун-қоидалардан озми-кўпми хабардорман деб айта оламан. Ҳар қандай журналист ўзи ёзган хабарни ўқиб эшиттиришдан ёки газетада эълон қилишдан олдин фактлар устида жиддий изланиши, "қораланган" томонга ҳам сўз бериши керак эмасми? Ё мен журналистика қонун-қоидаларини нотўғри тушунаманми?
Аммо мен ўз навбатида журналистлардан талаб қилаётган нарсалар Ўзбекистон каби коррупцияга ботган, диктатура ривожланган давлатда амалга ошириш мураккаб иш эканини, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир масалаларга жиддий дарз кетганини, "ҳақиқат", "адолат" Ўзбекистонда кундуз куни қўлга чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайдиган ноёб бир матоҳлигини яхши билардим. Лекин журналистнинг касбига содиқ қолиши тарафдори ҳам эдим.
Ачинарлиси, орадан 20 йил ўтган бўлса-да, вазият ҳали ўзгармади. "Замона зўрники, паймона кўрники" деганларидай, телевидениеда ҳамон Президент Ислом Каримовга содиқ хизмат қиладиган қўрқув салтанатининг ювиндихўрлари ишламоқда. Уларда на одамгарчилик, на виждон бор. Эгаси ташлаган суякка алданиб оёқларини ялаётган ялоқхўр "итлар" галаси, кечалари қандай қилиб бошини ёстиққа қўйиб хотиржам ухлар экан?
– Нима қилсам экан?
– Кимдан маслаҳат сўрай?
– Кимга дардимни айтай?
Жавобсиз саволлар бўйимдан баланд тепамда дорнинг ипи каби солланиб турарди. Нима қилишимни, ким билан маслаҳатлашиб иш тутишимни билмасдим. Боз устига, Тошкентда яқин одамларим ҳам йўқ эди. Бирга ўқиган курсдош дўстларимнинг ҳаммаси Самарқандда қолганди. Ота-онам, қариндош-уруғларим эса Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида яшашади. Бироқ улар шу кунгача куёвининг қамалганидан бехабар. Тўғриси, онамнинг юраги сиқилмасин деб хабар бермагандим.
Ахборотдаги "муҳим хабар"ни эшитиб миям ғужғон айланди. Энди нима бўлади? Қишлоғимизда чироқ ўчмаган бўлса ҳамма телевизор томоша қилади. Айниқса, дадам ҳеч нима кўрмаса ҳам "Ахборот" дастурини қолдирмай кўради. Дадам "Ахборот"нинг бугунги дастурларини кўрган бўлса?.. Мен ўлдим...
Энди бу хабардан ҳамма қариндош-уруғларим, ҳамқишлоқларим, синфдош дўстларим воқиф бўлишади. Қишлоғимизда Камол аканинг куёви ўғри эканда, биз билмабмиз, ўқиб ақли кирмаган қизи охирида ўғрини топган экан-да, деб гап-сўз тарқалиб кетмасмикан? Чунки бутун ҳамқишоқлар бир-биримизга бегона эмасмиз. Барчамиз битта чинорнинг илдизи, япроғи, яъни катта бобом Рейимбой бобонинг авлодларимиз. Қисқаси, қишлоғимизда истиқомат қиладиган 100 тача хонадоннинг ҳаммаси бир-бирига амаки, хола, амма, тоға, жиян, қолганлари эса қуда-анда бўлиб томирларимиз боғланиб кетганди.
Эскидан келаётган одатимизга кўра қишлоқ аҳли бир-бири билан ўзаро қуда-анда бўлиб, бегона жойдан келин олишмаганидек, бегоналарга ҳам қиз бермасдилар. Қишлоғимиз ва оиламизнинг азалий урф-одатларини бузган осий банда мен эдим. Тамоман бегона оилага келин бўлиб тушгандим.
Сафар ака "бегона" бўлганлиги учун уни тез орада бутун ҳамқишлоқларим, қариндош-уруғларим таниб қолдилар. Боз устига, киришимли харектерга эга бўлганлиги учун ҳамма ақробаларим билан тез орада апоқ-чапоқ бўлиб кетганди.
Қамалишидан олдин сўнги марта жияним уйланаётганда уйга борган эдик. Тўйда ўзи ёзган "Темир хотин" деб номланган ҳазил шеърини ўқиб, ҳаммани хурсанд қилганди. Хуллас, тўй- ҳашамларга аралашиб, ўзини бегоналар каби тутмаганлиги сабабли ақробаларимизнинг севимли домадига айланганди.
Қишлоғимизда Сафар акани 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳамма танирди.
Энди қайси юз билан уйга – қишлоққа бораман? Бир нондан берса тўйдирадиган, бир муштдан урса ўлдирадиган беш нафар акам бўлса? Уларнинг юзига қандай қарайман? Менда шафқатсиз саволларга топадиган жавоб ҳам, дардимга дармон бўладиган чорам ҳам йўқ эди. Қўлларим калта, ҳеч қаерга етмасди, оёқларим эса кундан-кунга қаттиқ ерни тешиб ботиб бораётганди. Сиғинай десам тоғим, яширинай десам ўрмоним йўқ эди.
Ҳаммасидан биратўла қутулиб, қайтмас манзилга бош олиб кетай десам ҳали бир ярим ёшга ҳам тўлмаган Жалолиддинга нима бўлади? Унинг айби нима?
Атрофимни ўраб олаётган зулм занжири тобора таранг тортилиб нафас олишим оғирлашаётганди. Мен кимман? Бу маломат тошлари нега менинг бошимга отилди? Бузоқнинг ҳаққи бор деб сигир сутини ичмайдиган одам нега ўғри деган туҳмат тўрига илиниб қамалиб қолди?
Кеча-ю кундуз ухламай жавоб изласам ҳам жавобини топа олмайдиган саволлар мўр малаҳ каби бостириб келаверарди. Ўзимни тубсиз жарлик ичида оёқ қўли занжирланган ҳолда ҳис қилардим. Фақат юлдуз тўла чексиз осмон ва қоронғу кечанинг ёлғиз малаги – ярим ой бошим узра чарақлаб турарди.
Ой ярим, дил ярим,
Ғуссадан тўлмас ҳеч қачон.
Бошим айлана бошлади, кўз олдим қоронғулашди, ёстиққа ҳолсиз ҳолда бош қўйдим. Тундан-да қора тонгим отди.
Ўрозали Жумаев ким?
Тонг отиши билан Элликқалъа туманидаги Тарих музейи директори Ўрозали Жумаевнинг Сафар акага экспертизадан ўтказиб бериш шарти билан берган ноёб танга бўйича ёзилган "Ишонч хат"ни излашга тушдим. Чунки ушбу хатдан нусха кўчириб уни терговчи Ҳусан Аҳмедовга беришим керак эди. Шу ерда Ўрозали Жумаев деган шахс аслида ким, деган саволга жавоб бермасам ёзган хотираларимнинг қийматига путур етади.
Ўрозали Жумаев Қорақалпоғистон Мухтор Республикасининг Беруний туманига қарашли Мақтумқули жамоа хўжалигида туғилган. Миллати туркман бўлиб, туркманларнинг арсари уруғига мансуб. У Тошкент давлат университетининг Журналистика факультетини тугатган. Тўй-ҳашамларда бошловчилик қилгани учун уни туманда кўпчилик яхши танирди.
1970 йилнинг бошларида қўриқ ерларни ўзлаштириш бошланганда Қорақалпоғистонда ҳам бир неча янги туманлар ташкил этилди. Шу йили Элликқалъа туманига асос солингандан кейин у ерга Беруний туманидан кўплаб одамлар кўчиб борди. Шулар орасида Ўрозали Жумаев ва унинг оиласи ҳам бор эди. Улар Эллиққалъанинг Ўзбекистон номидаги Узумчилик ва боғдорчиликка ихтисослашган совхозига кўчиб ўтди. Айнан ўша совхозга менинг энг катта акамни партия ташкилотининг секретари қилиб ишга жўнатишганди.
Ўрозали Жумаев журналистика соҳасидаги фаолиятини йиғиштириб қўйиб, Элликқалъа туманида янги ташкил қилинган Ўлкашунослик музейига директор бўлиб ишга жойлашади. У музей директори бўлиб ишлаётган чоғида Тупроққалъа, Аёзқалъа каби тарихий мажмуалардан қазиб олинган осори-атиқа буюмларни музейда сақлашдан кўра ноқонуний равишда сотиб бойлик орттириш билан шуғулланади. Унинг бу ҳаракатлари тез орада оммага маълум бўлиб қолади.
Бир куни Ўрозали Жумаев Сафар акага музейда сақланаётган тангалардан бирини кўрсатади. Сафар ака Ўрозалининг ушбу ноёб тангани Франциядан келган археолог олимга сотишга шайланаётганидан, французнинг ЖИП автомобилига айирбошламоқчи бўлганидан, аммо олим унга машина ўрнига катта миқдорда пул бермоқчи бўлаётганидан, бироқ Ўрозали бунга рози бўлмаётганидан хабар топади.
Шундан кейин Сафар ака Ўрозалидан тангани экспертизадан ўтказиб бериш шарти билан ҳужжатлаштириб олади. Агар Сафар ака ҳам тангани Ўрозалининг қўлидан олишни рад этганда у киши бу ноёб тангани кимгадир сотиб юборган бўларди.
1980 йилларда Ўзбекистонда "Пахта иши" деб номланган ва ўзбек халқига қирон келтирган қоралаш компанияси бўлиб ўтганини кўпчилик яхши билади. Ўрозали Жумаевнинг номи мана шу "Пахта иши" бошланганда яна юзага қалқиб чиқади. Аниқроғи, унинг МХХга ёлланган айғоқчи эканлиги полиздаги палаги қурғаб қолган қовоқ каби кўзга яққол ташланади. У ва унинг ҳамтовоқлари Москвадан Қорақалпоғистоннинг Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларидаги энг чекка қишлоқларигача келган рус миллатига мансуб Иванов ва армани Гдлянларнинг энг яқин югурдакларига айланади.
Уларнинг касофатидан Беруний, Тўрткул ва Элликқалъа туманларида яшаб фаолият юритган кўплаб бегуноҳ катта-кичик раҳбар-ходимлар 10 йилдан 15 йилгача қамалади. Энг ачинарлиси, қамалган раҳбарлардан кўпчилиги қамоқхоналарда вафот этади. Ўлмай, озодликка омон чиққанлари ҳам узоқ яшай олмай бу фоний дунё билан эрта хайрлашадилар. Терговдан кейин қамалмай қолганлари эса тергов жараёнида тортган изтироблари туфайли майиб-мажруҳ бўлиб қоладилар.
Ўрозали Жумаев ўзи истиқомат қилаётган совхоз директори ва бош ҳисобчисига ҳам туҳмат уюштиради. Унинг туҳматлари асосида пашшадан фил ясаган терговчилар совхоз директори билан бош ҳисобчисини озодликдан маҳрум қилишади.
Совхозда партия қўмитасининг раиси бўлиб ишлаётган менинг энг катта акам ҳам Ўрозалининг туҳматига гирифтор бўлади. Акамни тергов қилиш учун Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятидан туркман миллатига мансуб терговчи киши чақиртирилади. Шу тариқа оиламизда ойларча асабийлик ҳукмронлик қилади. Шу кунларда ота-онамни акамнинг қилмаган айби, емаган сомсаси учун пул тўлаб қамалиб кетиши қаттиқ қийнайди. Акамнинг бегуноҳ қамалиб кетишидан, ундан кейин невараларининг ҳоли қандай бўлишидан қўрқиб тикан устида ўтиргандай яшашади. Бироқ терговчилар акамнинг ишидан ҳеч қандай хато топа олмагач, қамаш ҳақида санксия бермайди.
Ўрозалининг "ташаббуси" билан совхозда Бош муҳандис бўлиб ишлаган Нормат акага ҳам ҳужум уюштирилади. Нормат ака шафқатсизларча ўтказилган тергов ишларидан кейин кўп ўтмай бевафо дунё билан хайрлашади.
Иванов ва Гдлян Москвага қайтиб кетгандан кейин атроф-муҳит сокинлашади. Шундан кейин совхозда яшайдиган аҳоли катта очиқ мажлис ўтказиб, туҳматчи Ўрозали Жумаевни оиласи билан қишлоқдан ҳайдашга уринишади.
Ўрозали Жумаев совхоз аҳлидан ва акамдан кечирим сўраб, кўз ёшларини тўкади. Қишлоқ аҳли акамга "сиз нима дейсиз", деган мазмунда юзланади. Акам юмшоқ кўнгиллик билан Ўрозалининг ишини Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола қилишини айтиб, унга кечирим беради.
Аламини ичига ютган Ўрозали Жумаев бир кун келиб бизнинг оиламиздан қасос олишни хаёлига тугган эканми, орадан бир неча йиллар ўтгандан кейин у бу қасосини хонадонимизнинг куёви – менинг умр йўлдошим Сафар Бекжон орқали олишга эришди.
Шу ўринда Ўрозали Жумаев билан Сафар ака қандай танишгани ҳақида тўхталмасам бўлмайди. Бироқ, гапнинг очиғи, улар бир-бири билан тақдирнинг аччиқ ўйини туфайли танишдими ёки уларнинг ўзаро танишишлари кимлардир, аниқроғи, Ўрозалининг юқоридаги ҳамтовоқлари томонидан режалаштирилган ишми бунга ҳалигача ақлим етмайди.
1989-90 йилларда Ўзбекистонда миллий уйғониш шамоллари эса бошлади. Ёқимли насим бизнинг чекка туманларимизгача етиб келди. Қорақалпоғистондаги этник ўзбеклар яшайдиган бўлгаларда – Амударё, Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида олдин "Бирлик" халқ харакати, кейин "Эрк" демократик партиясининг бўлимлари ташкил этилади.
Шу пайтда миллат хоини Ўрозали Жумаев юқорида ўтирган "қуда томон"даги акалари тавсияси билан эгнига "демократ" чопонини кийиб, бир думалаб "миллатпарвар демократ"га айланади. У "Эрк" демократик партиясининг Элликқалъа туманида ташкил этилган бўлим раиси лавозимига тайинланади. Ахир "Эрк" партиясининг Тошкентда ўтирган ташкилотчилари Ўрозалининг қора ўтмишини қаердан ҳам билсин?!
Ўрозали "Эрк" партиясининг Элликқалъа туман бўлими раҳбари бўлиб ишлаётганда "Йўқолсин рус тили", "Ўзбек тили давлат тили бўлсин" деб жон куйдириб гапирадиган кўплаб инсонларни партия сафига қабул қилади, бир сўз билан айтганда, фаол шахсга айланади. У сохта жонкуярлиги билан ҳамманинг кўзини алдашга қодир эди.
"Эрк" демократик партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ 1991 йил декабрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида Ўзбекистон Президентлигига ўз номзодини қўяди. Шу тариқа Сафар ака Хоразм ва Қорақалпоғистон Мухтор Республикасида сайлов компаниясини ўтказиш учун ушбу минтақаларига қараб йўл олади. Мен эса 1991 йил 23 ноябрда туғилган 7 кунлик фарзандим Жалолиддин билан уйда ёлғиз қолишга мажбур бўлдим.
Жалолиддин туғилганда уйга ота-онам, қайнонам келишганди. Лекин учинчи акам ўғлини уйлантираётганлиги сабабли онам ёнимда узоқ муддат қола олмади. Дадам ва онам тўй ишларига бош-қош бўлиш учун мажбуран қишлоққа қайтишди. Қайнонам эса ёнимда ҳамроҳ бўлиб қолди. Бироқ соғлиги панд бериб қолганлиги туфайли ота-онам кетгандан бир кун ўтиб қайнонам ҳам Хоразмга қайтишга мажбур бўлди. Ҳувиллаган уйда ўн кунлик чақалоқ билан ёлғиз қолдим.
17 ёшимдан буён умрим ўқишда ўтганиданми, олдин техникум, кейин университетдаги таҳсилларим билан овора бўлиб қолганимданми, хуллас, ҳатто янги туғилган чақалоқни қандай чўмилтиришни ҳам ақалли ҳеч қаерда кузатмагандим. Сафар ака воҳага кетмасдан олдин иккаламиз Жалолиддинни бемалол чўмилтирардик, кетгандан кейин дилбандимнинг бирор ерини майиб қилиб қўяманми деб қўрқиб, кўп қийинчиликларга дуч келдим. (Аллоҳ чақалоқ билан ҳеч кимни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмасин экан).
Бир куни бешикда ётган Жалолиддинга диққат билан қарасам бўйни ости шилиниб, ярага айланиб қолибди. Қўрққанимдан йиғлаб юбордим, кўз ёшларим Жалолиддиннинг юзини ювди. Ярага қарши нима қилиш кераклиги ҳақида кимдан маслаҳат сўрашни ҳам билмайман, чунки энг яқин қўшнимни ҳам яхши танимайман. Шу онда уйда бир вақтлар харид қилганим гўдаклар парвариши ҳақидаги китоб бўлиши кераклиги ёдимга тушиб, китоб жавонимни ахтаришга тушдим. (Азалдан китобга ўчлигим учун уйда каттагина кутубхона яратган эдим. Сафар аканинг уйларига эса Самарқандда ўқиган чоғимда сотиб олган кўп китобларимни олиб боргандим.) Китоб жавонидан гўдаклар тарбиясига оид китобни топганимдан хурсанд бўлиб, мутолаага чўмдим. Китоб айнан мен учун ёзилгандай эди. Унда янги туғилган чақалоқларни бир ойлигидан то тўққиз ойлигигача қандай парвариш қилиш, қандай чўмилтириш кераклиги, кийинтиришдан тортиб овқатлантиришгача, ҳатто бўйни ёки қўлтиқ остида қизилчалар пайдо бўлса нима қилиш кераклигигача ҳаммаси батафсил ёзилганди. Китоб Жалолиддинни парваришлашимда менга жуда қўл келди. Тез орада дилбандимнинг бўйни остида пайдо бўлган яра ҳам тузалди. Жалолиддинни парваришлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қилдиму, лекин қоронғу туша бошлагандан мен ҳам қўрқа бошлашни одат тусига айлантириб олдим. Кечалари умуман ухлай олмасдим, масжидда азон айтилгунча тонгни Жалолиддинга ва шифтга термулиб ўтказардим.
Сафар ака Хоразм ва Қорақалпоғистондаги сафаридан Жалолиддин 40 кунлик бўлганда қайтиб келди. Тошкентга қайтгандан кейин ҳам ишга эрталаб кетиб, кечқурун қайтарди. Президент сайлови арафаси бўлгани учун партиядошлари билан бирга баъзан телевидение биноси олдида, баъзан қайсидир туманга бориб пикетлар уюштирардилар. Ўртага "сарвқомат Хадича эмас, совуқ бир натижа чиқди". Бунинг таърифини ёзишга ҳожат йўқ...
Ҳаёт ташвишлари билан андармон бўлиб юрган алғов-далғов кунларимнинг бирида Сафар ака менга кичкина қутичада қизил латтага ўралган устига алломбало ёзувлар ёзилган, бир оз занглаган кичкина тангачани кўрсатди.
– Бу занглаган темирни нима қиласиз, дедим ҳайратимни яшира олмай? – Тарихий танга - деди Сафар ака.
–Уни қаердан олдингиз? - деган саволимга эса Элликқалъадаги Ўлкашунослик музейи директоридан олдим, деб жавоб беришди.
Сўнгра музей директори тангани француз нумизматик олимига у миниб юрган ЖИП машинаси пулига сотмоқчи эканлиги, бироқ Сафар ака миллатимизнинг миллий бойлиги бўлган тарихий тангани сотишга ҳаққингиз йўқ деб соттирмагани, Тошкентга олиб бориб нумизматикларга кўрсатиши ва экспертиза қилдириш мақсадида олиб келгани ҳақида гапирдилар.
Мен Сафар акадан тангани ҳужжатлаштириб олган-олмаганлигини хавотирли оҳангда сўрадим. Сафар ака менинг хавотиримни тўғри тушуниб, танга билан боғлиқ ҳолатни "Эрк" партиясининг расмий ҳужжатига қайд қилганини, ҳужжатга ҳар иккаласи имзо чекканини айтди.
Шундан кейин мен Сафар акадан музей директорининг кимлигини сўрадим. Ўрозали Жумаев эканини билгач турган жойимда тошдай қотиб қолдим.
– Сиз уни қаердан танийсиз?
– "Эрк" партиясининг Элликқалъа тумани раисику. Кимдир юрагимга ўтмас пичоқ билан ургандай бўлди, нафасим бўғилди.
– Нима дедингиз, сиз у ифлос одамнинг кимлигини биласизми?
– Ким экан, дея Сафар ака ҳайратланди.
Мен Сафар акага у ифлос бир пайтларда энг катта акамни қаматмоқчи бўлганлиги ҳақида гапириб бердим. Ўрозалидан узоқроқ юришга доир фикримни, шу билан бирга хавотирларимни айтдим...
Ҳа, Сафар ака билиб-билмай қайтиш қийин бўлган чангалзорга кирганди. Олдини туман, орқасини тикан қоплаганди. Мен эса қайтмас йўлнинг қоқ ўртасида эдим.
Ўша вақтларда бошимга фалокатлар тушиши мумкинлигини ҳатто тасаввур ҳам қилмагандим. Чунки менда келгуси ҳаётимизни мулоҳаза қилишга умуман вақт йўқ эди. Жалолиддининг тарбияси билан кун-у тун машғул эдим. Шу сабабли отинг ўчгур Ўрозалининг номи билан боғлиқ ҳолда бўлиб ўтган воқеалар-у, ўзаро суҳбатимизни ҳам унутиб, кундалик ташвишларга ўралашиб қолгандим.
Сафар ака Ўрозалидан олган тангани уйдан олиб кетиб, уни бутун ҳужжатлари билан бирга "Эрк" демократик партиясининг сейфига солиб қўйганди.
Қадрли ўқувчи! Мана Ўрозали Жумаевнинг кимлиги ва Ўлкашунослик музейига тегишли танга билан боғлиқ тафсилотларни очиқладим. Ҳа, Ўрозали Жумаевнинг Сафар акага ёзиб берган "Ишонч хати" (тилхат)ни осонликча топдим. Энди ундан нусха олиб, терговчи Ҳусан Аҳмедовга беришим, "Ишонч хати"дан нусха кўпайтириб беришни ёзувчи Мамадали Маҳмудовдан илтимос қилишим, бунинг учун эса Ўзбекистон Маданият жамғармасига боришим керак эди.
Бизда принтер йўқ!
Мен Мамадали акани инсон сифатида эмас, ёзувчи сифатида яхши билардим. Чунки унинг қаламига мансуб барча асарларни ўқигандим. Бундан ташқари, ёзувчини эзгу ишларга даъваткор шахс сифатида танирдим. Бундай фикрга келишимга 1989 йилда Тошкентдаги Дўрмон боғида "Ёш ижодкорлар" семинаридан кейин Мамадали Маҳмудов билан учрашувимиз туртки берганди.
Устозим, Самарқанд Ёзувчилар Уюшмасининг ўша пайтдаги раиси Абдурашид Абдураҳмоновнинг тавсияси билан семинарда мен ҳам меҳмон сифатида қатнашдим. Тошкентга самарқандлик ёш ижодкорлар билан бирга келдим. Ўшанда биз ёшларни ёзувчи Мамадали Маҳмудов билан бўладиган учрашувга таклиф қилишди.
Учрашув яширин равишда ташкил қилинган эди, яъни ҳар бир вилоятдан бир нафар ёш ижодкор қатнашиш ҳуқуқига эга эди. Шундай омадли ижодкорлар орасида мен ҳам бор эдим. Учрашувга мен ўзим туғилиб ўсган Қорақалпоғистон номидан таклиф қилиндим.
Бизга бу учрашув бўлиб ўтгани ҳақида сир сақлашимизни олдиндан айтишди. Ҳатто биз учрашувга нечта ижодкор таклиф қилинганини ҳам билмасдик. Фақат учрашувга тунги соат тахминан 3ларда ўзлари келиб олиб кетишини билдиришди. Ҳатто мазкур учрашув ташкилотчиси ўзини таништирмади.
Соат тунги 3. Ярим қоронғулик чўккан хонада тахминан 15-20 нафар ёш ижодкорлар йиғилдик. Хона етарлича ёруғ бўлмагани учун бир-биримизни танимадик. Бир вақт Мамадали Маҳмудов ўзини Ҳамроқул Асқар деб таништирган ҳамроҳи билан бирга келди. Мамадали ака биз ёшлар олдида шундай нутқ сўзладики, ярим қоронғу хонада йиғилган ёш ижодкорлар бир зумда миллатпарвар фидойиларга айландик. Ҳаммамизнинг қалбимизда рус босқинчиларига нисбатан қаҳр, ўз миллатимизга нисбатан туганмас меҳр пайдо бўлди.
Ўша ярим қоронғу хонада бизнинг зулмат қоплаган дунёмиз ойдинлашди. Биз кимлигимизни танидик.
Учрашувда пахта терими пайтида вафот этаётган бегуноҳ инсонлар муаммоси, ўз она тилимиз бир чеккада қолиб рус тилида гаплашишга мажбур бўлиб қолаётганимиз, миллион-миллион тонна пахта етиштириб, ўлганлар учун кафанликка оқ мато топилмай сарсон бўлаётганимиз куйинчаклик билан тилга олинди.
Ер усти, ер ости бойликларимиз талон-тарожга учраётгани, Орол денгизи қуриб чўлга айланаётгани, ҳамма сувни пахта етиштириш учун сарфлаш оқибатида Орол денгизига етарли сув етиб бормаётгани, ёш оналарнинг кўкрагидан сут ўрнига пестицит заҳар оқиб, уни эмган чақалоқларнинг ўлаётгани, пахта далаларида бошимиз узра пахта баргини тўкиш учун самолётлардан сочилаётган деполантлар, буларнинг барчасига ҳозир ҳукм суриб турган социалистик тузум айбдор экани айтилди. Шунингдек, мустақил давлатга айланмасак, юртимиз мустақиллиги учун курашмасак оёғимизга илинган кишандан қутула олмаслигимиз ҳақида гапиришди.
Ўша суҳбатдан кейин ярим қоронғу хонада йиғилган ёш ижодкорларнинг қалбида сўз билан таърифлаб бўлмас шижоат уйғонди. Биз ўзимизни кўр кўзимиз очилгандай ҳис қилдик. Чунки Мамадали Маҳмудов биз ёшларнинг қалбида тугилган тугунни очганди.
Мамадали ака кетди. Шундан кейин биз ёшлар узоқ вақт ўзаро фикр алмашиб, баҳслашиб ўтирдик. Тонг ота бошлаганда ҳеч кимнинг назарига тушмаслик мақсадида айтилганидек, битта-иккита бўлиб хонадан чиқиб ўз масканларимизга кетдик.
Мана шу учрашувдан кўп ўтмай Мамадали ака бизнинг Самарқанд давлат университетимизга бир гуруҳ ижодкорлар билан бирга учрашувга келди. Адиб биз талабалар билан учрашув жараёнида бизга Алишер Навоий номидаги университетда таҳсил олишларингизга қарамай, шу кунгача шоир номида бирорта давлат мукофоти йўқлигини биласизларми, деган савол билан мурожаат қилди. Бизга нима учун Алишер Навоий номидаги мукофот таъсис этилиши керак, деган таклиф билан тегишли идораларга чиқмайсизлар, деб савол берди. Ҳақли савол қаршисида ҳаммамиз жим эдик.
Бу учрашув менга илҳом берди. Дарҳол Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси раҳбари номига мактуб ёздим. Мактубда Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти таъсис этилишини илтимос қилдим. Мактубга Самарқанд вилоятида жойлашган барча университет ва институтларда ўқийдиган дўстларим ёрдамида имзо тўпладик. Имзо қўювчилар сони шу қадар кўп бўлдики, ҳозир сонини ҳам унутиб қолдим.
Тўпланган имзоларни олиб, курсдош дугонам билан Тошкентга йўл олдик (дугонам айни пайтда Ўзбекистонда яшаётгани учун исм-шарифини ошкор қилмайман). Биз тўғри Мамадали Маҳмудов раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон Маданият жамғармасига бордик. Афсуски, Мамадали ака билан учрашиш насиб қилмади. Ёзувчи иш билан қаергадир кетганлиги сабабли бизни у кишининг котибаси, ўзини ёзувчи деб таништирган аёл Сиддиқа Аъзомова қабул қилди.
Биз Сиддиқа Аъзамовага ўзимизни таништириб, Самарқанд вилоятидаги олийгоҳларда таҳсил оладиган талабалар номидан келганимизни айтдик. Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти таъсис этилишига оид имзолар йиғилган хатимизни Мамадали Маҳмудовга топшириш учун келганимизни билдирдик.
Сиддиқа Аъзамова бизга хатни қолдириб кетишимизни, Мамадали ака келса бизнинг номимиздан албатта бериб қўйишини айтиб хайрлашди. Биз қўлимиздаги имзолар тўпланган хат ва мурожаатномани Сиддиқа Аъзамовага бериб, Самарқандга қайтдик.
Кўп ўтмай Ўзбекистон ҳукумати томонидан Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти таъсис қилинди. Бизнинг бу ташаббусимиздан университетдаги домлаларимиз жуда хурсанд бўлдилар. Ҳатто мени гуруҳимиз сардори Абдуҳамид Самиев алоҳида табриклади.
Тақдир экан, мен Ўрозалининг "Ишонч хати"дан нусха кўпайтириб олиш истагида Мамадали Маҳмудовнинг ишхонасига илтимос билан бордим. Менга "Эрк" партиясининг матбуот котиби Дилором Исҳоқова агар қаергадир телефон қилиш, бирор нарса ёзиш ёки нусха кўпайтириш керак бўлса бемалол Мамадали аканинг олдига бориб, мен Сафар Бекжоннинг рафиқаси бўламан деб, ундан ёрдам сўрашим мумкинлиги ҳақида айтганди. Мен бу гапларга ишонгандим.
Мамадали Маҳмудовнинг ишхонасига бориб, вазиятни тушунтирсам, котиба қиз Мамадали акадан рухсат олинг, кейин нусха кўпайтириб берамиз деди. Шу тариқа мен Мамадали Маҳмудовнинг хонасига кириб, ўзимни таништирдим.
Қўлимдаги бир варақ қоғозни кўрсатиб, унга Сафар Бекжоннинг рафиқаси эканимни айтдим. Унга Сафар акани Ўлкашунослик музейидан танга ўғирлаган деган айб билан қамашганини, аслида вазият бошқача бўлганини билдирдим. Қўлимдаги хатни кўрсатиб, ундан нусха кўпайтиришга рухсат беришини илтимос қилдим.
Мамадали ака менга ниҳоятда ўқрайиб қарадики, нигоҳидан юрагим музлаб кетди. Очиғи, идорасига келганимга, севимли ёзувчимга илтимос билан мурожаат қилганимга минг марта пушаймон бўлиб кетдим.
Ўлганнинг устига Мамадали ака қарашидан ҳам совуқ оҳангда хўмрайиб: "бизда принтер ишламайди", деди ва орқасидан яна нималардир деб гапирди.
Тўғриси, қулоқларим шанғиллаб, гапларини ҳам эшитмай қолдим, кўз олдим қоронғулашиб кетди. Балки шу пайтда ҳақиқатанан принтер бузилгандир, лекин ҳар қандай тақдирда ҳам у мен билан худди отасини ўлдирган душман билан гаплашгандай гаплашиши шарт эмасди.
Мамадали аканинг муомаласидан кейин ёрилган ер йўқ эди ютаман деган, очиқ мозор йўқ эди кираман десам. Қаттиқ жаҳлим чиқди.
Мамадали ака дедим, дона-дона қилиб: шу кунгача нечта роман, қисса, повесть ёзган бўлсангиз ҳаммасини ўқиб чиққанман. "Боғдон қашқири"дан то "Ўлмас қоялар"гача. Сиз менинг энг севимли ёзувчим эдингиз. Афсус, реал ҳаётда ёзган асарларингизга том маънода тескари одам экансиз. Мен сизнинг қўпол муомалали шахс эканингизни олдиндан билганимда эди, олдингизга зинҳор-базинҳор илтимос билан келмасдим, дедим.
Эшикни даст ёпиб чиқиб кетдим.
Кўз ёшим юзимни ювди.
Йиқилганнинг дўсти бўлмас эканда. Ҳеч ким келмасди ҳолимни сўраб. Дардимни тўрт девордан бошқа тинглаяжак дўст йўқ эди. Бироқ яхшиямки, менинг дарду ҳасратларимни ҳайиқмасдан тинглай оладиган тилсиз деворлар бор эди.
Менинг хонамда Сафар Бекжон ҳақида гапирманг
Мени доим Сафар ака масаласи билан боғлиқ иккита муаммо – бошимизга тушган кўргуликларни, Сафар аканинг қамалиб қолганини оила аъзоларига айтиш ёки айтмасликка доир ҳамда иккинчиси, адвокат – ҳимоячи топиш муаммоси қаттиқ қийнар эди. Бироқ шаҳри азим Тошкентда ўзимдан бошқа ҳеч кимни танимаганим учун кимдан маслаҳат сўрашни-ю, ҳимоячи учун кимдан пул сўрашни билмасдим.
Тўғри, Сафар ака мени олдин яшаган маҳалламизда бир-икки қўшнилар билан таништирганди. Ҳозир яшаётган жойимизда эса ҳеч кимни танимасдим. Ҳайҳотдек катта шаҳарда ёлғиз эдим. Бошим тош каби қотиб, миям мия эмас сувга айланиб қолгандек эди...
Ўз ёғимда ўзим қовурилавериб, ахийри бошимизга тушган кўргуликларни яқинларимизга айтмасликни лозим топдим. Бунга Сафар ака яқин кунлар ичида туҳмат тўридан қутулиб, уйимизга кириб келади, деган умидлар исканжасида қолганим туртки берди.
Шундай кунлардан бирида уйимизга Сафар аканинг Бектемир тумани "Бузовчи" маҳалласида яшовчи Оқил ака (ҳозирги кунда Ўзбекистонда яшаётганлиги сабабли исмини ўзгартириб ёзяпман) деган дўсти келди. У янги уйга кўчганимизда бизга яқиндан ёрдам берган эди.
Оқил ака уйимизга Сафар ака йўқолиб қолган куннинг эртасига келганди. Ўша пайтда унга Сафар ака ишга кетиб, уйга қайтмагани ҳақида айтгандим. У бу гал Сафар акадан хабар бор-йўқлигини билгани келган экан. Мен Оқил акага Сафар акани қамаб қўйганини кўзимга тўлган аччиқ ёшни ичимга ютган ҳолда айтдим.
– Сафарбой тахмин қилар эди, деди.
– Нимани, - деб сўрадим.
– Бошига шундай ҳол тушиши мумкинлигини.
Оқил аканинг жавобини эшитиб, тош каби қотиб қолдим.
– Нимага бу ҳақида менга айтмаган, - алам билан сўрадим.
– Сизни қўрқмасин деб авайларди.
– Ахир биронтаси "сени ўлдираман" деб таҳдид қилаётган бўлса ҳам менга айтиши керак эди, - дедим Оқил акага.
– Хафа бўлманг ҳаммаси яхши бўлади.
– Қачон, - дедим алам билан. Лекин саволим жавобсиз қолди.
– Сафарбойнинг ота-онасига хабар бердингизми?
– Йўқ.
– Телефон қилинг, улар билиши керак!
– Нима деб айтаман, қамалиб қолди дейманми?
– Қамалди денг, яширманг, улар билиши керак!
Оқил ака кетди.
Уйда телефон бор, бироқ нимагадир ишламайди. Шунинг учун Жалолиддинни кўтариб, телефон қилгани почтага бордим. У ердан Ҳозараспга буюртма бериб кутиб ўтирдим.
Бир вақт 3 кабинадан телефон қилинг, деган овоз эшитилди.
Жалолиддинни почтада телефон қилиш учун навбат кутиб турган нотаниш бир йигитнинг қўлига тутқаздим.
– Илтимос укажон, ўғлимни 5 дақиқага олиб туринг, мен телефонда гаплашиб олай, дедим.
– Майли опа, бемалол.
– Раҳмат.
Телефон гўшагиини қўлимга олдим.
– Алло...
– Кимсиз?
– Мен келингиз Қурбонойман. Сафар оғани қамаб қўйдилар... Бошқа гапира олмадим, кўзим аччиқ кўз ёшга тўлди.
Шоҳобчадан йиғлаб чиқдим. Йигитнинг қўлидан Жалолиддини олдим. Нотаниш йигитнинг кўзида нимага йиғлапясиз, дегaн савол аксини кўрдим, бироқ жавоб берадиган ҳолатда эмас эдим. Чунки "Нимага, нима учун", деган жавобсиз саволлар дорнинг сиртмоғи каби менинг бўғзимдан бўғарди. Нафас олишга қийналардим.
Уйга келгунимча ўзимни йиғидан тўхтата олмадим. Ёруғ жаҳоним худди зиндонга айлангандек эди.
Сафар аканинг ота-онасига хабар берибману оғир руҳий ҳолатга тушиб қолганим боис уйимизнинг манзилини айтишни унутибман. Озгина гандиракладим, сўнг, ҳа, майли, қариндошларимиз бир амаллаб уйимизни топиб келади, деб ўзимга-ўзим тасалли бердим.
Шундай кунларнинг бирида уйга Отаназар Oрифов, Дилором Исҳоқова ва Муҳаммад Бекжонлар келишди. Улар Сафар ака иши бўйича адвокат топишим кераклиги ҳақида гапиришди. Мен меҳмонларга адвокатга ҳақ тўлайдиган иқтисодий имконим йўқлигини, Тошкентда ҳеч кимни танимаслигимни, кимдан ёрдам сўрашни билмаслигимни айтдим.
Ўзаро суҳбатдан кейин Отаназар Орифовни судида ҳимоя қилган адвокат Дилдора Саидмуҳаммедова билан гаплашишга қарор қилинди. Мен бундан ниҳоятда хурсанд бўлдим. Шундай бўлса-да барибир меҳмонлардан эҳтиёткорлик билан адвокат ҳақида сўрадим.
Меҳмонлар адвокатнинг яхши, профессионал кадр эканини, хизмат ҳақини ўзлари тўлашини билдириб, кетар чоғда менга адвокатнинг ишхонаси жойлашган манзилни бериб, эртаси куни мени шахсан Отаназар аканинг ўзи адвокатнинг ишхонасида кутиб олиб, у билан таништиришини айтиб хайрлашди.
Мен фурсатдан фойдаланиб, музей директори Ўрозалининг Сафар акага ёзиб берган "Ишонч хати"дан нусха олиш учун Мамадали Маҳмудовнинг олдига борганимни, бироқ бир варақ қоғозни кўпайтириб беришни рад этганини айтиш билан бирга, у хатни қаерда кўпайтиришни билолмаётганим ҳақида ҳам гапирдим. Бу ишни Муҳаммад ака ўз зиммасига олди. Шундан кейин хатни Муҳаммад Бекжонга бердим. Дарвоза олдига етиб борган меҳмонлар орасидан Дилором Исҳоқова орқага қайтиб, мендан нонга пулим бор ёки йўқлигини сўради. Йўқлигини билдирган эдим, қўлимга пул тутқазди. Дилором опадан олган пулга мен ота-онамга пул жўнатинг, деб телеграмма юбордим.
Эртаси куни айтилган вақтда адвокатурага бордим. Отаназар ака мени адвокат билан таништирди.
Адвокат Дилдора Саидмуҳаммедова истараси иссиқ, юзи оппоқ, сутга чайиб олингандек тиниқ, қора соч, қора кўзли дўмбоққина аёл экан. Кийимлари ҳам ярашиқли эди. Юзи табиий оппоқ бўлишига қарамай, юз-кўзига ҳаддан ташқари кўп упа-эликлар ишлатгани яққол кўриниб турарди. Хуллас, Яратган Эгам унинг ташқи кўринишини чиройда тенгсиз, пари-пайкар аёл қилиб яратган бўлса-да, негадир кўзга қўлда ясалган тош қўғирчоқдай совуқ, "жодугармонанд" кўринишда тушарди.
Адвокат Сафар акани таниркан. Отаназар аканинг судида прокурор Эргаш Жўраев билан баҳслашганида эслаб қолган экан.
– Сафар Бекжон Эргаш Жўраев билан тортишган йигитми, деб сўради Отаназар акадан.
– Ҳа, деди Отаназар ака.
– Ўшанда Эргаш аканинг жаҳли жуда қаттиқ чиққанди. Энди ўзи қамалибдида, деди.
– Ҳа, шундай бўлди, деди Отаназар ака яна ёқимли овозда.
Шундан кейин Дилдора Саидмуҳаммедова Сафар аканинг досяси билан танишиб чиқишини айтди, терговчиси кимлигини сўради.
Мен унга терговчи Ҳусан Аҳмедов эканини айтдим.
Кейинчалик адвокат Дилдора Саидмуҳаммедова билан бир неча марта учрашдик. У мени ўзи билан илк марта учраштирган Отаназар Орифовнинг ёнида яхши муомала қилганди, бироқ кейинчалик бир ўзим борган пайтларимда қўрслигини кўрсата бошлади.
"Менинг хонамда Сафар Бекжон ҳақида гапирманг, хонамга эшитиш жиҳози ўрнатилган, гапларимизни бошқалар эшитади", деб огоҳлантиришдан чарчамас, Сафар аканинг аҳволи ҳақида гаплашишни исташмасди. Мен эса, у билан Сафар ака ҳақида гаплашмай упа-эликларни қаердан сотиб олиши, пардоз-андози ҳақида гаплашармидим?!
Навбатдаги сафар Дилдоранинг олдига Сафар аканинг ишлари бўйича гаплашиш учун борганимда, у менинг "Озодлик" радиосига кўп интервью беришимни юзимга солди. Менга бундан кейин мазкур радио билан алоқа ўрнатмаслигимни маслаҳат берди.
"Озодлик"ка кўп чиқишимнинг сабабини терговчи Ҳусан Аҳмедовнинг жаҳли чиқаётгани билан изоҳлади.
Адвокатнинг бу жавобидан менинг ҳам жаҳлим чиқди.
– Ҳусан Аҳмедов ким ўзи? Терговчи бўлса ўзига! Шунча дарди бор экан, сизни ўртакашга айлантирмай нега уни ўзимга айтмайди? Ўзининг тили йўқми? Бундан кейин ҳар қанча гап-сўзи бўлса ўзимга айтсин, - дедим аччиғимни ичимга юта олмай.
Сўнгра терговчининг маслаҳатига муҳтож эмаслигимни, кимга нима ҳақида гапиришни ўзим яхши билишимни билдирдим ва бу сўзларимни Ҳусан Аҳмедовга етказиб қўйишини адвокатимиздан илтимос қилдим.
Дилдоранинг жаҳли чиққанидан пахтадек оппоқ юзи қизариб кетди. Ҳусан ака "бу гапларни сиз айтинг" дегани учун айтганини базўр етказди. Менинг бадтар жаҳлим чиқди.
– Ҳусан Аҳмедов менга ақл ўргатиб, йўл кўрсатгунча туҳмат билан ноҳақ қамалиб ётган ҳўжайинимнинг айбсизлигини исботласин. Кейин мен ҳеч кимга ҳеч қачон интервью бермайман, дедим.
Дилдора кейинчалик Ҳусан Аҳмедов ҳақида менга чурқ этиб оғиз очмади.
У гарчи Сафар аканинг ҳимояси учун ҳеч нарса қилмаётган, аммо сўзда қойилмақом адвокатлик қилаётган бўлса-да, хизмат ҳақини кечиктиришимга тоқат қилолмасди. Пулини тўлашни бир кун кечиктирсам қиёматни қўпорар эди.
Танга топилган куни Сафар Бекжон озод бўлади
Дарҳақиқат, Сафар ака қамалгандан кейин юзим кулги нелигини унутганди, умримнинг айни баҳорида қуёшим кулмади. Елкамга тушган оғир юк кундан-кунга оғирлашса оғирлашдики, асло енгиллашмади. Бора-бора ўзимни худди тошбақага ўхшата бошладим.
Биз тошбақа деб таниган жониворнинг елкасидаги тоши балки унинг айтолмаган ғами, ёзолмаган дарди-дунёси боис вужудга келгандир. Эҳтимол, шунинг учун жуссаси йилдан-йилга оғирлашиб, бу дард унинг алиф каби қаддини дол каби эзгандир. Балки шу тариқа ғаму андуҳлардан юзи буришиб, бугунги кўримсиз қиёфага тушгандир.
Менинг елкамдаги юк ҳам кундан-кунга катталашиб, тош каби оғирлашиб бормоқда эди. Тошкентдек тошмеҳр шаҳарда дардимни эшитадиган на дўст ва на дугонам бор эди. Ягона оғунчоғим мурғаккина Жалолиддиним ҳамда қалам ва қоғоздан бошқа ҳеч кимим йўқ эди.
Менинг қалбим замона ёвузлари дастидан аста-секин тошга айланаётган эди. Бу андуҳларим шу даврда битилган шеърларимга ҳам кўчганди.
Мен тошга айландим,
Ёмғирлар кор қилмас,
Ҳатто бўронлар!
Вужудим тош
Юрагим тош
Нигоҳим тош
Қўлларим тош!
Ёмғир савалама, бас қил, етарли,
Бўрон ҳайқирма менинг бошимда.
Шамоллар куйламанг эзгулик қўшиғин,
Мен тошман,
Заминнинг кўҳна дардиман!
Бир куни менга "Озодлик" радиосидан Темурхўжа ака қўнғироқ қилиб (Профессор Темирхўжа Усмонхўжа ўғли Бухоро жумҳуриятининг биринчи президенти Усмонхўжанинг ўғли. Ҳозирги кунда АҚШнинг Мичиган университетида дарс беради), Сафар ака масаласи бўйича мендан интервью олишга розилик сўради.
Шу ўринда "Озодлик" радиосининг мухбири Фурқат Яквалхўжаевнинг мени ва Муҳаммад Бекжонни алдаганини гарчи юқорида ёзган бўлсам ҳам яна такрорламоқчиман. Чунки Яквалхўжаевнинг бу иши дастлаб мени ранжитган эди. Бироқ ҳаётда Яквалхўжаевга ўхшаган мухбирчалар бисёрлигини билганимдан кейин хафа бўлмай қўйдим. Унинг касбига хиёнатини шунчаки Худога солдим. Сохта мухбирлардан ҳам кўп бўлган қалби ўксик, юраги доғли, сўзлари бўғзида қолган жабрдийдаларнинг турмуш ўртоғи, ёлғиз ўғли, дилбанди кўз ёши уволи вақти келиб бундай мухбирчаларни, албатта уришига ишонаман.
Албатта, қатоғонлик шароитида журналистман деган қаламкашлар уларнинг ота-оналари ёки яқин биродарларидан интервью олса ўша жабрдийдалар ҳаётида бирор бир жиддий ўзгариш бўлмаслиги кўпроқ ҳақиқатга яқин. Шундай бўлса-да, Яквалхўжаев каби айрим журналистсимоқларни озор чекаётган кўнгилларга таскин беришни унутмаслик кераклигини уқтириш мақсадида у билан боғлиқ воқеани такроран эсламоқдаман!
Хуллас, Яквалхўжаев боқибеғам бўлса-да, Темирхўжа ака каби содиқ журналистлар менинг дардларим тўкилган суҳбатларни "Озодлик" радиосида эълон қилиб борарди. Бироқ шундай суҳбатлардан кейин бирор ўзгариш бўлдими, деб сўрасангиз, афсуски, "Йўқ" деб жавоб бераман...
Менга Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларини, Жиноят кодексини яхши ўрганиш истаги тинчлик бермасди. Бироқ уйда каттагина кутубхонам бўлса-да ҳуқуқий китобларим йўқ эди. Бундай китобларни сотиб олиш учун эса ортиқча пулим ҳам йўқ эди.
Бир куни адвокат Дилдоранинг хизмат ҳақини тўладим, озгина пул ортилиб қолди. Қувониб кетдим. Шу тариқа китоб сотиб олиш учун дўконга кирдим. У ерда тасодифан Отаназар Орифовни учратиб қолдим.
Ўзаро салом-аликдан кейин у мендан уйда Ўзбекистон Жиноят Кодекси китоби бор ёки йўқлигини сўради. Йўқлигини айтган эдим китоб растасида турган Жиноят кодексини кўрсатди. Бағоят хурсанд бўлдим. Дўкондан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бир неча ҳуқуқий китобларни олдим. Отаназар ака пулини тўлашимга йўл қўймай ўзи тўлади (Аллоҳ рози бўлсин).
Уйга келгач ҳамма ишларни бир чеккага суриб қўйиб, китобларни мутолаа қилишга тушдим. Кечаси билан ухламай ўқиб чиқдим. Қонун-қоидаларни ўргандим. Китобларни тугатганимдан кейин терговчи Ҳусан Аҳмедовга телефон қилиб, учрашиш ниятим борлигини айтдим.
Аҳмедов учрашув соатини белгилади. Белгиланган вақтда учрашувга етиб бориш учун қонун-қоидалар ёзилган китобларни сумкамга солиб, Жалолиддинни кўтариб, Ҳусан ака билан учрашиш учун ўша машҳуру маълум Ички ишлар вазирлигининг "кошанаси"га йўл олдим.
Белгиланган вақтдан ўн дақиқа ўтиб Ҳусан Аҳмедов келди.
Унга қўлимдаги Ўзбекистон Жиноят Кодекси, Ўзбекистон Конституцияси китобларини кўрсатиб, гапира бошладим.
Фалончи модданинг писмадончи бандида жинояти исботланмаган гумондор Прокурор санкцияси билан 3 кундан ортиқ жазо уйида қолиши мумкин эмаслигини, Сафар ака эса 3 кун эмас, сал кам 3 ойдан бери исботланмаган туҳмат билан зиндонда қолаётганини айтиб, зудлик билан озод қилишларини талаб қилдим.
Асабларим том маънода жунбушга келгани сабабли терговчини бирин-кетин берилган саволлар билан кўмиб ташладим.
Ҳусан ака, менинг: Қонун-қоидалар одамларни алдаш учун ёзилганми? Нега қонунда ундай ёзилади, ҳаётда эса қонунга зид иш қилинади? Қонунлар қачонгача қоғозда қолади? Қачонгача ёзилмаган ўз қонунларингизга амал қилиб яшайсизлар? деган изма-из берилган саволларимни охиригача сабр билан эшитди.
Бироқ бир неча дақиқа сукут сақлагандан кейин тилга кириб, Сафар аканинг озодликка чиқишини шу ойнинг охиригача, 27-санагача кутишимни айтиб менга сабр-бардош тилади.
Ичимга қисман илиқлик кирди, ўзимча хурсанд бўлдим.
– Ростданми, - ишонқирамай Ҳусан акага юзландим.
– ...
– Майли, сабр қиламан, Унгача Сафар ака билан бир марта учрашувга изн беринг, бир марта кўрай, дедим.
Ҳеч қандай садо чиқмади.
Нима ҳақидадир ўйлаб, ўзича чамаладими, сўнг менга қараб: – Эртага туш пайтида нимадир пишириб келсангиз мен Сафарга олиб кириб бераман, -деди.
– Ростданми?
– Ҳа, рост, менга ишонмайсизми?
– Ишонаман, соатини айтинг.
Айтди.
Уйга келдим. Жалолиддинни олиб, Олой бозорига бордим. Қўлимдаги бор пулга нон, тухум, қатиқ, мева, ун, хуллас, пулим етгунича бозорлик қилдим.
Бозордан келиб, эртанги кунни, тонг отишини интиқлик билан кутдим. Кечаси билан ўйлаб-ўйлаб, ахийри Сафар акага ўзи севиб истеъмол қиладиган хоразмча тухум барак пиширишга қарор қилдим. Тонг отиши билан туxум барак пиширишга уриндим. Барча егуликларни иккита катта сумкага жойлаштириб, йўлга чиқдим.
Бир қўлимда Жалолиддин, бир қўлимда иккита оғир сумка!
Қуёш ёндириб юбораман дегандай, бош узра заррин нурини сочмоқда. Метронинг Ҳамид Олимжон бекатигача зўрға етиб келдим.
Кечаси билан мижжа қоқмай, ўй-хаёллар исканжасида қовурилиш туфайли ҳолсиз ҳолатга тушиб қолган бир чоғимда бир қўлим билан зинапоядаги тутқични ушламасам, мувозанатимни йўқотиб, йиқилиб тушишим аниқ эди.
Метрога қандай қилиб тушиш ҳақида бошим қотиб ўйлаб турганимда кимдир ёнимга келиб салом берди. Не кўз билан кўрайки, қаршимда мактабимизда адабиётдан дарс берган ўқитувчимнинг Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ўқийдиган ўғли турибди.
Севинганимдан кўзимга ёш келди.
– Аллоҳ сени менга етказди укажон, ёрдаминг керак. Сумкаларимни метрогача етказиб бергин, дедим. Қишлоқдошим қаерга бораётганимни сўради. Сафар аканинг қамалиб қолганини, ҳозир ИИВ биносида эканини, олдига бораётганимни айтдим.
Биз метро бекатига бирга тушдик. Ҳамқишлоғим мени то ИИВ биноси яқинигача кузатиб қўйди. Мен билан бирга келганини биронтаси кўриб, ортиқча ташвишлар келтирмасин деб, у билан бинога етмасдан хайрлашдим. Хайрлашар эканман, унга уй манзилимни ва телефон рақамимни бердим.
Ҳамқишлоғим "опа агар бирорта ёрдам керак бўлса тортинмай телефон қилинг, биз бу ерда кўпчиликмиз, биримиз бўлмасак биримиз сизга ёрдамчи бўламиз" деди. Мен кутилмаганда Тошкент каби бағри тош шаҳарда ҳамқишлоғимни кўрганимдан хурсанд бўлиб, Аллоҳга шукрлар айтдим. Энди мен ёлғиз эмасдим...
Хуллас, бир қўлимда оғир-ортиқ сумкалар, иккинчи қўлимда Жалолиддин билан Ҳусан Аҳмедов айтган ерга бордим. Қоровулга ўзимни таништириб, қўлимдаги озиқ-овқат тўла сумкаларни бердим.
У ерда ўтирган семиз, корейс миллатига мансуб юзи тунд аёл киши сумкаларни Сафар акага бериб қўйишини айтиб, олиб қолди.
Орқамга қайтиб, ҳали икки қадам ташлашга улгурмагандим, ён томондан Жалолиддин деган овоз келди.
Овоз Сафар аканики бўлиб, дарвоза олдида темир эшикнинг очилишини кутиб турган машина ичидан чиқди.
Машинага қараб югуришга шайланган эдим, қоровул корейс аёл мени жон ҳолатда қучоқлаб олиб, турган еримдан бир қадам олдинга юришга изн бермади.
Сафар оға деб бор овозим билан бақирдим. У томондан яна Жалолиддин деган овоз эшитилди.
Овоз машинанинг орқасига ўрнатилган темир қутининг кичкинагина ойнасидан келаётганини аниқ эшитдим.
Жаҳл устида корейс хотиннинг юзини тимдалай дегандим, бироқ уддалай олмадим, чунки бир қўлимда Жалолиддин, иккинчи қўлимни эса қоровул аёл қайириб ушлаб турибди. Кучим оғзимга етди, холос. Бисотимда қанча ҳақоратли сўзлар бўлса, кўз ёш аралаш ҳаммасини ит эмган корейс хотинга тўкиб солдим. Мени машина дарвозадан чиқиб кетгандан сўнг корейс хотин қўйиб юборди. Шу билан бирга, мен хотин кишилар орасида ҳам эшак кучига тенг келадиган кучга эга хотинлар борлигидан ҳайрон қолдим. Ўзим йиғлаб, ўзим чарчаб уйга қайтдим.
Уйга келиб қарасам, лаънати корейс хотин ушлаган икки билагим кўкариб кетибди. Шарт телефон гўшагини қўлимга олиб, Ҳусан Аҳмедовга қўнғироқ қилдим. Терговчи ҳар қалай ишхонасида экан.
Дастлаб вазминлик билан бўлиб ўтган воқеалар ҳақида гапирдим. Телефон суҳбатимиз жараёнида Ҳусан ака Сафар акани Тоштурмага олиб кетганини айтди. Бу хабарни эшитиб, миямга қон қуйилгандай бўлди. Мен олиб борган озиқ-овқатлар Сафар акага берилган ёки берилмаганини сўрадим. Бироқ Ҳусан Аҳмедов аниқ жавоб бера олмади.
Ҳусан акага Сафар акага ўзи энг яхши кўрган овқатдан пишириб олиб борганимни айтдим. Мени алдагани учун ундан аламимни олдим. Аламимдан чиққунимча, унга энг гўзал илоннинг заҳри каби ширин лофлар айтиб анча енгил тортдим. ИИВга "инсон қиёфасига кирган шайтонлар уяси" деб берган жайдари таърифим ҳам қолмади.
Ҳа, асабларим қаттиқ чарчаганди. Сафар ака нимага, нима учун қамалиши керак? деган саволларга ўша пайтда жавоб бера оладиган биронта кимса йўқ эди. Ер қаттиқ, осмон узоқ. Тўрт девор тилсиз ва жим-жит. Менга фақат соат "чиқ-чиқ"лаб ҳамдардлик билдириб турарди. Дардлашадиган бирорта одамим йўқ эди. Ҳорғинлик ва умидсизлик тинка-мадоримни қуритганди.
Оғир изтиробли хаёллар оғушида столнинг бир чеккасига ҳорғин ҳолатда тиз чўкдим.
Юзимни қўлларим билан яширдим.
Кўз ёшларим юзимни куйдириб, бармоқларим орасидан оқиб тушарди. Нега бунча дард, бунча ситам?
Недан?
Ахир мен ҳам умидлари ўзимдан катта бўлган инсонманку! Наҳотки, ҳаммаси ер билан яксон бўлса?!
Нима учун?
Ўзимни ўзим овутиш мақсадида телевизорни қўшдим. Экранда ўша бадбашара махлуқ кўриниш берди. Буюк келажагимиз ҳақида оғиз кўпиртириб гапираётганди. Ўзбек халқининг келажаги буюклиги ҳақида қуруқ ваъдалар билан сафсата сотаётганди.
Жалолиддин телевизорни ўчир деб хархаша қилди. Гўдак қалби билан бир нарсаларни ҳис қилармиди, билмайман, Каримовни кўргани кўзи йўқ эди. Болажонимнинг қалбига қулоқ тутиб, бошқа каналга ўзгартирдим...
Қоп-қора кеча, сассиз-садосиз дунё ва мен.
Кун давомида кўрганларим худди қўрқинчли туш каби хаёлимда айлана бошлади. Мен кўраётган кўргуликларимдан, мазмунсиз умримдан ҳам руҳан, ҳам жисмонан чарчагандим. Бевафо дунёнинг кутилмаган зарбалари алиф каби қаддимни дол каби эгиб қўйганди.
Айниқса, куч ишлатар тизимида ишлайдиганларнинг "сен ҳам одаммисан" дегандай муносабати асабларим таранглашишига жиддий сабаб бўларди.
27 июлдан кейин ҳаётимда яшашдан маъно-мазмун қолмагандек эди. Бугунги "алданишим" лим-лим тўлган сабримга сочилаётган сўнгги томчи эди. Доимий намли кўзларимга ўлим жозибадор малак каби кўрина бошлади.
Ўлсам қутулсам. Ҳеч ким одам ўрнида кўрмаса, устимдан кулса, ким учун, нега яшашим керак - деб ўзимга ўзим телбаларча саволлар бера бошладим.
Ўзимга ўзим ўлим ҳукмини чиқариб, фармон ёздим, уни ўзим имзоладим. Жаллод ҳам ўзим, қози ҳам. Фақат бошимни кесадиган қилич, қўядиган кунда топсам тамом, иш битади...
Қатъий ҳукмга сўнги нуқта қўйган онимда Жалолиддиннинг масъумгина боқаётган кўзлари кўз ўнгимда гавдаланди.
Ўзимдан ўзим қўрқиб кетдим.
Дилбандимни нима қиламан?
Ўзимни ўлдириб, ҳаммасидан қутулишим, абадий ором олишим мумкин. Бироқ, бироқ, бироқ ҳали дунё нималигини англаб етмаган мурғаккина гўдагимда не айб, не айб, не айб?
Мен бевафо дунёнинг зарбаларидан қутулганимдан кейин Жалолиддиним ёлғиз қолмайдими?!
Ўзимни ўзим ўлдирганим гуноҳ бўлганидек, ўзимга қўшиб ўғлимни ҳам ўлдиришим катта гуноҳку.
Tирик қолган туморимни ватан хоинининг ўғли деб камситмайдиларми?..
Шу онда хаёлимни жаннатий ёзувчи Абдулла Қодирийнинг ўғли Ҳабибулла Қодирийнинг "Отам ҳақида" деган хотира китобида баён қилинган воқеалар забт этди.
Бироқ у йиллар 1937 йиллар эди. Ҳозирчи, 1993 йил. Бу йилнинг 1937 йилдан нима фарқи бор? Биргина фарқи, у вақтда юртимизни "халқлар отаси" Сталин бошқарарди, ҳозир эса калласиз қолган юртнинг калласи Ислом Каримов бошқармоқда. Ҳолбуки, ҳар иккаласи бир гўр. Зулукдан ҳароб. Зулукда инсоф бор, қорни тўйса қон сўришни тўхтатади, бироқ Сталинда бўлмаган инсоф Каримовда ҳам йўқ эди, на қонга тўяди ва на шафқатсизликлардан воз кечади?!
Аста-секин мудҳуш хаёлларимни жамлаб, ўзимга кела бошладим.
Ҳа, Жалолиддинимни халқ душманининг ўғли деб камситади, дедим ўзимга ўзим пичирлаб. Шу тариқа "Жалолиддин учун яшашим керак" деган сўнгги хулосага келдим. Шу билан бирга, сўнгги нафасим қолгунча, умримнинг охиригача "онаси балли, отасининг тайини бўлмаган куч ишлатар тизими "ит"лари ва Каримовнинг тарафдорлари билан курашаман, бир бошга бир ўлим, икки метр ер ҳамиша топилади, деб қасам ичдим. (Мана орадан 20 йил ўтган бўлса ҳам уларга нисбатан қалбимда пайдо бўлган қаҳр ҳануз сўлгани йўқ. Ичимдаги нафратларим ўзимдан катта.)
Мен кейинги вақтларда мамлакатда бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодисаларни кузатиб, Сафар акани қамаш учун "танга" шунчаки баҳона бўлганини, уни қамоққа олганини биздан яширганини, Сафар акани бир неча ойлар мабойнида мен билан учраштирмаганини тўлиқ англадим. Бугунги алдовлари, яъни Сафар акага озиқ-овқат топширишимга гўёки изн бериши, қўрқинчли машинанинг ичидан келган Сафар аканинг илтижоли овози... Нималар бўляпди?
Бундан кейин Сафар аканинг тақдири нима бўлади?
Терговчи Ҳусан Аҳмедов нега мени алдади?
Атрофимда бўлаётган ҳамма ҳаракатлардан ақлим чалкашиб, миям ҳеч нарсани қабул қила олмай қолди...
Тунни ўзим билан ўзим курашиб, бежавоб саволларга жавоб излаб топа олмай ўтказдим.
Қуёши кулмаган баҳорнинг яна бир тонгини уйқусиз оттирдим. Эрталаб томоғимдан сув ўтмайди, бўғилиб қолган одамга ўхшаб қолдим, нафас олай десам ҳаво етмайди.
Ёруғ олам мен учун зиндон,
Кишанлари бўғзимни бўғар.
Мен соғиндим ёримни чунон,
Учрашолмам, йўлимни тўсар.
Бир бор кўрсам эди ёримни
Кейин дўзах ўтига отардим ўзимни.
Асрга татигулик бир куним ўтгандан кейин Сафар ака бўйича қандай янгиликлар борлигини билиш истагида яна наилож терговчи Ҳусан Аҳмедовга телефон қилдим. (Яхшиямки, уйда телефон бор. АТСдагилар уй эгаси наманганлик Эркин Мавлоновнинг йиллар давомида телефонга тўламаган қарзини бизга тўлаттиргандан кейин телефонни қўшиб берган эди). Кечаги ишлардан жаҳлим чиққани учун салом ҳам бермадим.
– Мен кеча сиз айтган вақтда Сафар ака учун озиқ-овқат олиб бордим. Қабул қилиш пунктида ўтирган аёл нарсаларимни Сафарбой Бекжоновга етказиб берамиз деб қўлимдан олишди. Лекин орада бир дақиқа ҳам ўтмай қандайдир қўрқинчли машина ичидан Сафар аканинг овози келди. Озиқ-овқат олиб келсангиз, Сафарга етказиб берамиз, деб нега мени алдадингиз? Сафар акани қаерга олиб кетишди - дедим куни кеча бўлган воқеаларни яна такроран нафрат билан айтиб.
– Қурбоной, Сафарни юқоридагиларнинг буйруғи бўйича Тоштурмага олиб кетишди. Буни мен ҳам билмай қолдим, - деди ҳижолатомуз оҳангда Ҳусан ака.
– Сиз терговчимисиз ёки театрда роль ўйнаётган қўғирчоқмисиз? Наҳотки, ўзингиз тергов қилаётган одамни қаерга, қачон олиб кетишини билмай қолган бўлсангиз?! дедим Ҳусан аканинг гапиришига изн бермай.
– Аллоҳ ўша юқорида ўтирган ифлосларни бало-қазоларга гирифтор қилсин, ит эмаган жаллодлар Худонинг қаҳрига йўлиқсин!
Оғзимга қандай ҳақоратли сўзлар келган бўлса ҳаммасини айтиб, Ҳусан акадан яна бир бор аламимни олдим. Унинг жавобини эшитишга сабрим чидамай телефон гўшагини шарақлатиб жойига қўйдим.
Шу пайт Сафар ака қамалмасдан олдин Шоди Каримов билан боғлиқ айтган бир гапи эсимга тушди.
1993 йил 9 майда мозорингда ўт ёнгур Шоди Каримов Сафар акани ғалаба кунини бирга нишонлаймиз деб уйига таклиф қилган эди.
Аслида эса у Сафар акани байрамни нишонлашга эмас, қандайдир ҳужжатларга қўл қўйдириш мақсадида чақирганди. Бироқ ўшанда Сафар ака Шоди Каримовнинг ҳужжатига имзо чекмаган. Бундан аччиқланган Шоди Каримов Сафар акага қараб: бу қайсарлигингиз бадали оғир ва катта бўлади деган. Бу ҳақида менга Сафар ака айтган эди.
Ўшанда мен Шодивой қандай ҳужжатга имзо чектирмоқчи бўлганини қизиқиб сўрамагандим, Сафар ака ҳам айтмаганди. Шу пайт синчковлик билан сўраб ўрганганимда балки бугун фойдаси тегармииди?
Хуллас, жаҳлим чиқиб турганда ундан ҳам чиройли тарзда аламимни олишга қарор қилдим. Шундай қилиб, Сафар аканинг телефон рақамлари ёзилган дафтарчасидан Шоди Каримовнинг рақамини излаб топиб, унга телефон қилдим. Унга аввал ўзимнинг кимлигимни танитдим, сўнг айтар гапимни айтиб тузлаб, бир оз ўзимга келдим.
Шоди Каримов билан гаплашиб хуморимдан чиққандан кейин адвокат Дилдора Саидмуҳаммедовага телефон қилдим.
Ундан Тошкент шаҳар прокурори Эргаш Жўраевнинг олдига бориб агар Сафар ака билан учрашишимга рухсат бермаса, прокуратура биноси олдида ўғлимнинг ҳам, ўзимнинг ҳам устимдан бензин қуйиб, ёқиб юборишга тайёргарлик кўриб қўйганимни, бу ҳақида Жўраевга бориб айтишини қатъий талаб қилдим.
Мен ҳақиқатанан бу ишга жиддий тайёргарлик кўраётгандим.
Тирик ҳолда ҳар куни жаҳаннам оловида ёнгандан кўра ўзимга ўт қўйиб дўзах ўтида ёнганим минг марта яхши деган қарорга келгандим.
Дилдора Саидмуҳаммедова прокурор Эргаш Жўраевга мен айтган гапларни нуқта-вергулигача етказган шекилли, прокурор мен билан учрашишга қарор қилибди. Бу ҳақида менга адвокат Дилдора телефон қилиб, эртага Эргаш Жўраев Тошкент шаҳар прокуратураси биноси эшиги олдида сиз билан қисқа муддатли учрашув ўтказади деди.
Мен рози бўлдим. Ўзбекистонда ҳукм сураётган ваҳший режимда турмуш ўртоғи қамалган аёлларнинг чўпчалик қадр-қиммати йўқ. Агар ундай бўлмаганда эди, прокурор жаноблари бир дақиқага бўлса ҳам мени ишхонасида қабул қилган бўларди.
Эртаси куни тонг саҳарлаб йўлга отландим.
Прокуратурага айтилган вақтда етиб борсам адвокат Дилдора Саидмуҳаммедова мени кутиб турган экан. Борганимдан кейин беш дақиқа ўтар-ўтмай, Эргаш Жўраев сиреналар оғушида, ўнлаб машиналар қуршовида совуқдан совуқ дабдаба билан келди.
Прокурор деганда менинг кўз олдимда инсоний қиёфасини йўқотган "шайтон" намоён бўларди. Эргаш Жўраевни кўргандан кейин янглишганимни билдим.
Прокурорлар ҳам биз билан сизга ўхшаган, икки кўзли, икки қўл, икки оёқли, Аллоҳнинг гуноҳкор бандаларидан бири эканини англадим.
Эргаш Жўраев Дилдорани кўриб, худди эски дўстини кўрганидек у билан хурсанд алфозда кўришди. "Қуёш қаёқдан чиқди Дилдорахон, сизни кўрадиган кун ҳам бор эканку", дея ҳол-аҳвол сўради. Мен турган жойимда ҳайратдан тош қотдим. Ичимда ўз-ўзимга ҳарқалай буларда ҳам инсоний ҳис-туйғу бор эканку дедим.
Дилдора мени Эргаш Жўраевга Сафар Бекжоннинг рақифаси Қурбоной деб таништирди.
Менинг прокурордан сўрайдиган нарсам, унга берадиган саволим аниқ эди. Саломни насия қилиб: – Нега Сафар акани туҳмат билан қамаб қўйдингиз?
– Бегуноҳ одамни қаматтиришга нима ҳаққингиз бор, дедим.
– Аслида тангани француз олимга катта пул эвазига сотмоқчи бўлган Ўлкашунослик музейи директорини қамасангизлар ҳар томонлама адолатли иш қилган бўлар эдингизлар.
– Нима учун Сафар ака билан учрашишга рухсат бермайсизлар? Ахир одам ўлдирган ашаддий жиноятчилар ҳам оиласи билан учрашаётирку. Эргаш Жўраев саволларимга қисқагина қилиб: – Танга топилган куни Сафар Бекжон озод бўлади, деди. Бошқа ҳеч нарса демасдан, ҳатто "Дилдорахон" билан ҳам хайрлашишни унутиб, эшикни очиб ичкарига кириб кетди.
– Сиздан жаҳли чиқди деди Дилдора, Эргаш Жўраев ичкарига кириб кетгандан кейин.
– Жаҳли чиқса чиқаверсин, у билан қуда-анда бўлмоқчимасман! Қонун ҳамма учун бир хил бўлиши керак! Сафар ака нима гуноҳ қилдики, қамоқда сақламоқда?
Дилдора нимадир демоқчи бўлди, бироқ айтмоқчи бўлган гапидан воз кечдими, индамади.
Прокурор билан учрашганимдан тахминан бир ҳафта ўтгач менга Сафар ака билан Тоштурмада учрашиш учун ўн дақиқага рухсат беришди.
Ўшанда ҳам боламни олиб келмаслик, ҳеч қандай озиқ-овқат келтирмаслик шарти билан рози бўлишди. Гарчанд шартлари оғир бўлса ҳам мен буни қабул қилишга мажбур эдим.
Ўқитувчимнинг ўғлини телефон қилиб чақириб, Жалолиддинни унга қолдирдим. Тоштурманинг қаерда жойлашганини билмаганим учун манзилини Дилдорадан олдим.
Тоштурмага етиб борганимда адвокат Дилдора Саидмуҳаммедова мени дарвозанинг олдида кутиб турган экан. Кейин иккаламиз терговчи Ҳусан Аҳмедовнинг келишини кутдик.
Бир пайт у оқ рангли "Газ-24" русумли машинасида келди.
Ҳусан Аҳмедов бизни кутдириб қўйганидан ҳижолат бўлиб узр сўради. Учаламиз учрашгандан кейин Дилдора бошқа жойга кетди. Мен Ҳусан Аҳмедов билан бирга тош қоплаган тор сўқмоқдан Тоштурманинг ичкарисига қараб йўл олдик.
Изма-из борарканмиз, жим кетаётган Ҳусан ака орқасига ўгирилиб: –Қурбоной Сафар билан учрашганингизда йиғламанг, йиғингиз унинг руҳиятига ёмон таъсир қилиши мумкин, деб менга насиҳат берди. Миямга тошбағир терговчида ҳам инсоний ҳис-туйғу бор экан, деган фикр келди. Лекин мен терговчининг "насиҳат"ига монанд хаёлимга келган фикрни айтмай, мутлақо бошқача жавоб бердим.
– Ҳусан ака, сиз шоир Муҳаммад Солиҳнинг шеърларини ўқиганмисиз, дедим. Кутилмаган бу саволимдан табиийки, Ҳусан ака ҳайратланди.
– Йўқ, Муҳаммад Солиҳнинг шеърларини ўқимаганман, нима эди деди.
– Бир ўқиб кўринг. Агар шеърларини ўқисангиз, эҳтимол, сиз ҳам у кишини шоир сифатида яхши кўриб қоларсиз. Унинг шундай сатрлари бор.
Ўзингни тут, қийин бўлмоқчи...
Ўзингизни тутинг, ҳей, кўзлар,
Сизга қайноқ ёшлар тўлмоқчи!
Хавотирланманг, Сафар аканинг олдида йиғламаслик гарчи ҳар қанча қийин ва оғир бўлса ҳам мен ўзимни тутаман ва йиғламайман, дедим.
Ҳусан ака мендан бундай жавобни эшитиб, бир оғиз гапирмади, оғир хаёлга чўмди, ўйчан бўлиб қолди.
Ичкарига кирарканмиз, Ҳусан ака менга қалин ойна қопланган кабинага ўхшаган жойни кўрсатиб: – агар бундан кейин яна учрашув тайинлашса бир ўзингиз ёлғиз келасиз. Мана шу ойнанинг нариги томонида Сафар, бу томонида эса сиз ўтириб телефонда гаплашасиз деди.
Мен қамоқхона ичида кўрганларимни асло ёза олмайман. У ерда кўрган ваҳшийликларни ёзишга қаламим ожизлик қилади. Мен киноларда кўрган бундай ваҳшийликларни доим режиссёрнинг фантазияси деб қабул қилардим. Бироқ ҳамма нарса реал ҳаётдан олинар экан. Орадан 20 йил ўтган бўлса-да қамоқхонанинг ички манзарасини эсласам ҳалиям вужудимни титроқ босади, юрагим сиқилади. Шу-шу қамоқхона ҳаёти акс этган кинофильмларни кўра олмайдиган бўлдим. Яратган тангрим ундай жойларга душманимни ҳам тушурмасин!
Биз қандайдир хонага кирдик. Тўрт томони буткул бетон билан қопланган. Хонанинг на деразаси ва на ёруғлик тушадиган туйнуги бор. Ярим қоронғулик босган бу хонани милтиллагaн чироқ аранг ёритиб турарди. Одам одамни базўр кўрарди. Ҳайратланганим шуки, нимқоронғу хонада мени Дилдора кутиб олди. У менга қараб, ҳозир Сафар акани олиб келишади деди.
Кутдим. Лаҳзалар йилга тенг эди.
Бир пайт Сафар акани қўлларига кишан таққан ҳолда икки томонидан икки нафар барзанги йигит қўриқлаб олиб келди. Кейин улар қўлидаги кишанни ечиб, орқага қайтиб кетишди.
Ҳаш-паш дегунча учрашувимиз муддати тугади.
Энг ёмони, адвокат Дилдора пойлоқчилик қилиб аввалига ақалли бир сония ҳам ёнимиздан кетмади. Бу учрашув ҳаётдан умидим узилган онлардаги, зулматли кунлардаги энг ёрқин учрашув, таъбир жоиз, умримга бадал учрашув бўлди. Негаки, бу учрашув менда яшашга озгина бўлса-да умид уйғотди.
Сафар ака жуда озиб-тўзиб, бир парча суякка айланганди. Шунчалик озиб кетганидан эгнидаги яшил-оқ рангли узун чизиқ тортилган кўйлаги шалвираб қолганди. (Мен Сафар аканинг ўша кўйлагини ҳалигача кўзимнинг қорачиғи каби асраб-авайлаб сақлайман).
Кўзларининг таги кўкариб, қуёш кўрмаган юзлари кузги барг каби сарғайган, лекин руҳи баланд, сарғайиб сўлган юзида эса тушкунликдан асар ҳам йўқ эди. Унинг мағрур боқишлари, ўктам овози, кўзларидаги ўзига ишонч менга ҳам руҳ бағишлади.
У Дилдорага қараб қаътий оҳангда: – мен сизни адвокат сифатида тан олмайман, бундан кейин бу ерга овора бўлиб келиб юрманг, деди.
Сафар аканинг бу сўзларидан мен ҳам ҳайрон, ҳам ич-ичимдан хурсанд бўлдим. Лекин сабабини сўрай олмадим, сўрашга имкон ҳам, вақт ҳам йўқ эди. Шу пайтгача ўзим ҳам тош каби бу совуқ қўғирчоқдан қандай қутулсам экан, деб юргандим.
Дилдора Сафар аканинг гапига ҳеч нарса деб жавоб бермади, бироқ бизни бир дақиқага ёлғиз қолдириб, бетон хонадан чиқиб кетди.
Мен ўзимни қувноқ, ҳаётим Сафар ака қамалмасидан олдин қандай бўлса ҳали ҳам шундай давом этаётгандай қилиб кўрсатишга уриндим. Жалолиддиннинг ўзи ва соғлиги яхшилигини айтдим. Туркиядан телефон қилиб ҳол-аҳвол сўраган дўсти Ҳилми Явошнинг саломини етказдим.
Сафар ака дўсти телефон қилганини эшитиб хурсанд бўлди. Бироқ ич-ичимизни ўртаётган дард-аламларни, бир-биримизнинг кўзимизга тик қараб, бир-биримизни алдаётганимизни фақат иккаламиз билиб турардик. Яъни менинг ҳолатим сеникидан, сеники меникидан яхши, деб бир-биримизни алдаётган икки ёлғончи эдик.
Ёлғонларимизнинг меваси шу қадар ширин эдики, ҳар иккаламиз бу мевадан баҳраманд бўлгимиз келарди. Аслида эса, ҳар иккаламизнинг бутун вужудимиз бизга нисбатан қилинаётган ноҳақликлардан, ваҳшийликлардан нафратга бурканган эди. Ҳар иккаламиз тортаётган мислсиз азоб-уқубатлардан том маънода чарчагандик.
Шу куни ҳорғин ҳолда, тушкун кайфиятда уйга қайтдим. Учрашувдан кейин Сафар аканинг қиёфаси кўз ўнгимдан сира нари кетмай қолди.
Сабр косам кундан-кунга заҳарга тўлиб бораётганини, ҳар куни заҳар ичаётганимни қалбан ҳис қила бошладим. Бироқ бу ишларнинг барчаси ҳали ҳолва эканини, асл қийинчиликлар олдимиздалигини тассавур ҳам қила олмагандим.
Қалбимда ҳамон бир умид учқуни: "Туҳмат ўз исботини топади ва Сафар Бекжон бир куни эшикдан ҳорғин ва сўлғин қиёфада бўлса ҳам мағрур тарзда уйга кириб келади" деган умид учқуни бор эди.
Мен азоб-уқубатлар исканжасида ўтаётган ҳар бир кунимни, кечмишларимни содиқ дўстимга айланиб улгурган кўнгил дафтаримга сатрма сатр битишни одат тусига айлантирганимни ўзим ҳам билмай қолдим.
Бора-бора бу қораламаларим фақат хаёл эканига, ҳаёт мутлақо бошқа кўринишдалигига афсуски, ишона бошладим. Самимий сирдошимга айланган хотира дафтаримга:
Бир куни кўзда ёш ила келасан,
Эгилиб, пойимга таъзим қиласан.
Соғинчдан сарғайган сўлғин юзимга,
Интиқ лабларингни завқ-ла босасан!
деган умидли сатрлар битардим.
Ҳозир ҳам яқин ўтмишда битилган қоралама хотираларимни оққа кўчирарканман, дафтардаги дардли сатрларимни ўқиб, яна ўша кунларнинг маҳзун хаёллари ичида аянчли ўтмишимга хаёлан сайр қиламан.
Нимага, нима учун?
Ўша пайтда бу саволларга жавоб берадиган кимса йўқ эди!
Ҳеч ким қалбимга малҳам, очиқ саволларимга жавоб бермасди. Ёлғизлик мени бўғарди. Ҳорғин эдим, умидсиз эдим, нима қилишга ҳайрон эдим.
Ҳеч қаерда ёзилмаган қонун Ўзбекистонда ҳукмрон эди.
Ота учун ўғил айбдор, ўғил учун ота, хотин учун эр, эр учун аёл жавобгар. (Бундай қонун 1937 йилларда бор эди. Тарих саҳифаларидан ўчирилган бу қонун Ўзбекистонда 1993 йилдан бошлаб қайта кучга кирди.)
Янги адвокат билан учрашув
Сафар ака қамалгандан кейин чидаб бўлмас қатор воқеа-ҳодисаларга дуч келдим.
Уйимизнинг атрофида чақирилмаган меҳмонларнинг худди дайди ит каби санғиб юриши ғашимга тегарди.
Менинг эса айғоқчиларни кўришга кўзим йўқ эди.
Улар менинг ҳар бир босган қадамимни текширишни канда қилмас, дўконга ёки бозорга борсам, изма-из таъқиб қилишдан эринмасди. Бу ҳам етмагандек, телефонимни 24 соат эшитишарди.
Энг ёмони, ярим тунда, бемаҳалда, энди кўзим уйқуга кетганида уй телефони важоҳат билан жирингларди. Гўшакни олсам ҳеч ким жавоб бермасди.
Телефоннинг шиддатли овозидан қўрққан Жалолиддин дод солиб йиғларди. Кундуз куни дайди ит каби изимдан қолмайдиган "номсиз ҳайвонлар" ҳеч бўлмаса кечалари тинч қўйса ўладими? Ҳар кун, ҳар тун шу аҳвол эди. Бундай ҳолат такрорланавергандан кейин кечалари телефонни ўчириб қўйишни бошладим.
Авваллари уйимизнинг яқинида жойлашган "Боғи Эрам" боғи атрофида доим санғиб юрадиган "дайди ит"ларга эътибор бермасдим. Бу катта паркда улар ўзларига тегишли ишлар билан банд бўлиб юрган бўлса керак, мени кузатиб нима қилади, деб ўйлардим.
Бир куни қаердандир келаётганимда атайин уларнинг ҳаракатларини диққат билан кузатдим. Шу пайт бу касларни "Боғи Эрам" боғига келган одамлар қизиқтирмаслигини билдим. Чунки кўзларини мен яшайдиган уй дарвозасидан узмасди. Мен билан изма-из юришдан уялмасди. Ана шундан кейин уларнинг асл мақсадини тушундим.
Бироқ менинг олдимда бу искович итларнинг хатти-ҳаракатларини кузатишдан ҳам кўра жиддийроқ муаммо бор эди.
Сафар ака Дилдорага "менинг олдимга келиб овора бўлманг", деб унга ишончсизлик билдиргандан кейин бошқа адвокат излашимга тўғри келди. Ана шу муаммо ҳақида ўйлаб-ўйимга ета олмай юрган кунларимдан бирида уйга Муҳаммад Бекжон ранги заҳил, кўзлари ўғри мушукникига ўхшаб ўйнаб турадиган, у ҳам етмагандай икки елкасини қисиб, эгилиброқ юрадиган, ўрта бўйли, қўнғир теридан тикилган жакет кийган бир одам билан кириб келди. (Бу одамнинг юзига Аллоҳнинг лаънати ёзилганини, унинг МХХ айғоқчиси эканини фақат кўзи ожиз одамларгина фарқлай олмас эди). Бу киши агар Муҳаммад ака билан бирга келмаганида, "Сен МХХчи менинг уйимда нима қилиб юрибсан", деб уйдан ҳайдаб чиққан бўлардим. Муҳаммад аканинг МХХ лайчаси билан етаклашиб юрганидан алланечук бўлиб кетдим.
Шу ўринда Сизда "Сен одамларнинг МХХ айғоқчиси эканини қаердан биласан", деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Менинг кўзларим бундай "ит эмган" касларни кўравериб, пишиб кетганди.
Муҳаммад ака менга шеригини Ахтам Розиқов деб таништирди (Ахтам Розиқов Самарқанд вилоятида туғилган, асл касби МХХ агенти. Москвадаги "изқуварлар" билим юртини тугатган. Агар унинг гапига ишонсак, афғонистонлик машҳур ўзбек генерали Абдурашид Дўстумнинг Самарқандда яшайдиган холасининг ўғли, яъни Абдурашид Дўстумнинг бўласи – холавччаси. Сургундаги "Эрк" демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг ёрдамчиларидан бири).
Муҳаммад ака менга қараб: – Қурбоной, Шукрулла Мирсаидов Сафарга адвокат топибди, - деди. (Шукрулла Мирсаидов Ўзбекистоннинг собиқ вице-президенти, 2012 йил фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилдилар. Руҳи шод, охирати обод бўлсин!)
– Ўзи Шукрулла Мирсаидов ҳақида эшитганмисиз? деб сўради.
– Эшитганман, дедим.
Муҳаммад ака Шукрулла ака ўзининг адвокати Сергей Егошин билан гаплашганини, бундан кейин Егошин Сафар аканинг адвокати бўлиши ҳақида гапириб берди.
Қувониб кетдим. Шукрулла акага менинг номимдан раҳмат айтиб қўйинг, дедим ва ўзимнинг рус тилини яхши билмаслигимни, Сергей Егошин билан қандай гаплашишимни сўрадим.
Муҳаммад ака кулимсиради.
– Ростдан билмайсизми, деди.
Чала-чулпа билишимни айтдим. Сўнгра Муҳаммад акага рус тилидан дарс берадиган Руҳсора Мўминова (асли бухоролик, академик Иброҳим Мўминовнинг ё қариндоши, ё қизи деб эшитганман) деган ўта кетган порахўр домламизга аччиқланиб, рус тилини ўқимай қўйганимни, домламиз учун билим эмас "ё заринг ёки зўринг" бўлиши кераклиги ҳақида гапириб бердим. Иштаҳаси карнай "кандидат"нинг оғзини ёпиш учун менда "на зўрим", имтиҳон олувчиларга берадиган "на зарим" бўлмаганини, ишонганим калламдаги билимим эканини ширин хотиралар оғушида сўзлаб бердим.
Ўшанда ростдан ҳам аччиқлансам арзийдиган иш бўлган эди.
Рус тилидан имтиҳон топширгани бу тилни худди мендай ҳаминқадар биладиган курсдошим Нодира Ҳасанова (Бухоронинг Шофиркон туманидa туғилган. Раҳматли домламиз Илҳом Ҳасановнинг синглиси) билан бирга кирдик.
Мен билетдаги барча 3 cаволга билганимча жавоб бердим. Нодира эса бирорта саволга ҳам жавоб бера олмади.
Виждонсиз домламиз Руҳсора Мўминова Нодирага 5 баҳо, менга эса 3 баҳо қўйди (ўшанда синов дафтарчамга биринчи марта 3 баҳо тушганди). Рус миллатига мансуб ассистент домламиз Руҳсора Мўминовага ҳар иккаламизга тенг баҳо қўйиши кераклиги бўйича эътироз билдирди. Бунга жавобан Руҳсора Мўминова дугонам Нодирани домламиз Илҳом Ҳасановнинг синглиси экани ҳақида гапира, агар унга 3 баҳо қўйса акаси ундан хафа бўлишини айта кетди.
Мен мана шу воқеадан кейин домламиз Руҳсора Мўминовага бир марта ҳам салом бермадим. Жаҳлим чиққанидан рус тилини ҳам ўрганмай, ташлаб қўйдим. Энди эса ич-ичимдан университетда рус тилини ушбу фан ўқитувчисига аччиқ қилиб ўрганмаганимдан афсусландим.
– Жаҳлингиз ёмон экан, рус тили порахўр домлангизга эмас, ўзингизга керак эди-ку, деб Муҳаммад ака хандон отиб кулди.
– Ҳа, дарҳақиқат, жаҳл чиққанда ақл кетаркан.
– Сиз хавотир олманг, Сафарнинг досяси билан унинг ёрдамчиси Ҳамидулла Зайнидинов шуғулланади, бундан кейин Сафарнинг иккита адвокати бўлади - деди.
Сўнг Муҳаммад ака адвокатнинг ишхонаси жойлашган манзилгоҳни ёзиб берди ҳамда эртага эрталаб боришимни тайинлади.
Тонгни аранг оттирдим.
Адвокатурага айтилган соатда етиб бордим. Қабулхонага қорачадан келган, узун бўйли, юзида ёқимли кулгичи бор одам чиқиб келди.
– Мени кутаётган сизмисиз, деб сўради.
– Cиз Ҳамидулла Зайниддиновмисиз?
– Ҳа, - деди. Сўнгра мен ҳам ўзимни таништирдим. Биз катта бир залга кирдик, у ерда ҳамма ўзининг адвокати билан истаган тилда, истаган овозда гаплашиб ўтирганди. Биз ҳам деразага яқин жойдаги бир столга бориб ўтирдик.
– Сиз Сафарнинг досясини ўқиб-ўрганганмисиз, деб сўради.
– Йўқ, деб жавоб бердим.
– Сизга олдинги адвокатингиз Сафарнинг досяларини ўқиб-ўрганишга бермадими, деб сўради иккинчи марта менга ишонқирамай.
Яна "йўқ" деб жавоб бердим.
Ҳамидулла ака менга ҳайрон бўлиб қаради.
– Ростдан айтяпсизми, деб шубҳага боравергандан кейин мен адвокат Дилдора Саидмуҳаммедованинг барча гап-сўзларини, хатти-ҳаракатларини очиқ-ойдин айтишга мажбур бўлдим.
Унинг Сафар ака ҳақида мен билан гаплашишни истамаганини, "хонамга эшитиш мосламаси ўрнатилган, шунинг учун олдимга кирганингизда Сафар ака ҳақида гапирманг", деган огоҳлантиришларини айтиб бердим.
Ҳамидулла ака ҳамкасбининг фаолиятидан қаттиқ ҳайратга тушди.
Балки янги ҳимоячимиз ўзининг ҳимоясида бўлган одамнинг хотинига "эрингизнинг иши ҳақида гаплашмайман" деб айтганини биринчи марта эшитаётгандир. Хуллас, энг сўнгги фусунда кийинишни ҳеч қачон канда қилмайдиган Дилдора Саидмуҳаммедова айрим хатти-ҳаракатлари билан кимларнингдир топшириқларини бажараётганини ўзи билиб-билмай фош қилиб қўяётганди.
Ҳаётимда қоронғулик устун бўлган кунларимда мен Дилдорадан Сафар ака ҳақида нега гаплашишни истамаслигини сўрашга, уни мушоҳада қилишга вақтим йўқ эди. Чунки шу кунларда деярли ҳар куни ташвишлар карвони эрта тонгданоқ мени эшигимнинг олдида пойлаб турарди. Эшикни бисмиллоҳ деб очишим билан изн сўрамасдан ичкарига кириб келарди. Қисқача айтганда, дардларим ўзимнинг бўйимдан ҳам баланд эди.
Дилдора Саидмуҳаммедова мени прокурор Эргаш Жўраев билан учраштирган кунида ҳам менинг прокурорга берган саволларимни хушламаганди. Прокурор: "эрингиз тангани топсин", деб дағал овозда менга жавоб қайтарганда миқ этмаганди. "Сафар ака тангани ўғирламаган", деб ҳимоясидаги айбсиз маҳкумнинг томонини олиш ҳатто хаёлига келмаганди. Фақат йўлда келаётганимизда Дилдора мени юпатишга ҳаракат қилиб, Эргаш Жўраевдан хафа бўлмаслигимни айтганди. Прокурорга "Каримовга яхши кўриниш истагида елиб-югуриб юрган лаганбардор, қўрқоқ одам", деб таъриф берганди.
Мени ўшанда прокурор олдида юмган оғзини очмаган адвокатнинг пана жойда бундай кўйда очиқча сайраши ниҳоятда ҳайратлантирганди. Бироқ, шундай бўлса-да, асл башараси юзига чаплаган бўёқлар билан тўсилган бу аёлда ҳам айта олмайдиган дардлар борлигини ҳис қилгандим.
Ҳамидулла ака суҳбат сўнгида Сафар аканинг досясини қўлимга тутқазди.
Жиноят ишини ўқиб, илк бор иш икки одамга – "Эрк" партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ ва унинг ёрдамчиси Сафарбой Бекжоновларга нисбатан очилганлигини англадим. Уларни Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 129-моддаси 3-банди билан айбдор деб топишибди.
Жиноят ишининг Муҳаммад Солиҳ учун очилган қисми бўйича "жиноятчи Ўзбекистондан қочиб кетганлиги муносабати билан вақтинча ёпилган" деб ёзилган экан.
Жиноят ишини ўқиб бўлиб, ёнимда индамай ўтирган Ҳамидулла акага қарадим.
– Ўқиб чиқдингизми?
– Ҳа.
– Унда олдин иккаламиз келишиб олайлик.
– Нимага - ҳайратланиб сўрадим.
– Мен асли Муҳаммад Солиҳнинг адвокатиман. Агар Сафарбой Бекжонов Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма берса, у ҳолда мен унга адвокат бўлолмайман.
Олдинига Ҳамидулла акага нима деб жавоб беришни билмай ҳайрон бўлдим, сўнг Сафар ака Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма берганида шу кунгача қамоқхонада қолмаслигини айтиб, бунга мисол сифатида прокурор Эргаш Жўраевнинг "нега эрингиз дордан қочган Муҳаммад Солиҳни ҳимоя қилади" деб менга жаҳл билан гапирганини билдирдим.
– Ҳаммасидан хабарим бор, ҳатто бу ҳақида телевизорда "Ахборот" дастурида ҳам эшитганман, - деди Ҳамидулла ака.
– Шунчаки сизни огоҳлантириб қўяяпман. Бу сўзларимни Сафар билан учрашганингизда албатта айтинг.
– Учрашув дейсизми? Қачон учрашаман?
– ...
Шундан кейин Ҳамидулла акага бошимдан ўтган ҳамма воқеаларни сўзлаб бердим. Янги адвокатимиз менга бундан кейин ҳаммаси яхши бўлишига ваъда берди ва бир ҳафтадан кейин телефон қилинг, деб ишхонасининг телефон рақамини берди.
Ҳамидулла аканинг олдидан кўнглим тоғдай кўтарилиб уйга қайтдим...
Мавриди келганда эндиликда мен Тошкентда бир ўзим эмаслигимни, ҳамқишлоқларимни топганимни айтиб ўтмасам бўлмайди. Чунки улар менга оғир кунларимда баҳоли қудрат далда бўлишди. Айниқса, мактабимиздаги адабиёт ўқитувчимнинг ўғли Тошкентдаги университет ва институтларда ўқийдиган қишлоқдошларимни тўплаб уйга олиб келгандан кейин ёлғизликда ўтган кунларим орқада қолди.
Аслида эса уларнинг ҳаммаси менга бегона эмасди. Ҳаммамиз улкан бир чинорнинг илдиз-ю япроқлари, бир-биримизга қариндош, қуда-анда эдик. Хуллас, ака-ука, опа-сингил, тоға, амма, почча, холаларнинг фарзандларимиз. Фақат мен Хоразм вилоятининг Ҳозарасп туманига, мутлақо бегона оилага турмушга чиқиб бегоналашган эдим. Қишлоқдошларим уйимизни билгандан кейин менинг ҳолимдан тез-тез хабар олиб турадиган бўлишди. Энг муҳими, уларни топганимдан кейин олдинги моддий қийинчиликларим ҳам орқада қолди.
Ота-онам қишлоққа борган талаба укаларимдан тузланган қоқи гўшт, ёғ, гуруч, пул, хуллас, битта рўзғорга нима керак бўлса ҳаммасидан бериб юборарди. Ҳатто Жалолиддин ва ўзимга ёзлик, қишлик кийим-кечакларгача қишлоқдан оқиб кела бошлади.
Бироқ мени доим ҳамқишлоқларимнинг бошига уйимизнинг атрофида юрувчи "искович ит"лар бало ёғдирмасмикан, деган хавотир қийнарди. Уларга ҳам эҳтиёт бўлишларини қайта-қайта таъкидлардим.
Шу орада МХХ ҳам жим туришни истамади, шекилли уйга Ўзбекистон Маданият жамғармасида ишлайдиган Раҳмон Ҳожимуродни юборди.
У Сафар ака қамалмасдан олдин бир марта туш пайтида уйимизга келган эди. Сафар ака Раҳмон аканинг партияда ишлашини айтганди. Бу сафар Раҳмон ака уйимизга ўрта бўйли, нозик қоматли, сочлари узун, истараси иссиқ бир қиз билан кириб келди.
Қизни Саломат Қурбонова деб таништирди ва Маданият жамғармасида котиба бўлиб ишлашини айтди. Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан экан.
Раҳмон ака менга қараб: – Янга, сизни ёлғиз қолмасин деб, ёнингизга Саломатни олиб келдим, деди. Сўнг унинг ҳозирги пайтда Сергелида Муҳаммад Бекжоннинг уйида яшаётганини, агар рухсат берсам баъзи кунлари менинг ёнимда қолиши мумкинлигини айтди.
Мен Саломат Муҳаммад Бекжоннинг уйида яшаётган бўлса, демак, МХХнинг лайчаси эмас, деган мужда билан унинг баъзан бизникида яшашига рози бўлдим. Бироқ Саломат ҳам Раҳмон ака каби МХХнинг лайчаси эканини билдим.
Алданганимни кеч англадим.
Билдиму очиқлашга иккиландим.
Қўлимда исботим бўлса-да, кўзим билан кўрмаганим учун туҳматчи бўлиб қолмай деб, дардларимни ичимга ютдим.
Хуллас, Саломат бизнинг уйимизда яшай бошлагандан кейин Сафар аканинг архивдаги ноёб китоблари, қўлёзмалар, ҳужжатлар, ўша вақтдаги талабалар қатнашган митинглар, намойишларда олинган жуда кўп расмлар, бундан ташқари, Сафар аканинг оилавий тарихий расмлари изсиз йўқола бошлади.
Мен бирон жойга кетган пайтимда Саломат кўчада қолиб кетмасин деб, соддалик қилиб, унга уйнинг калитидан бир дона бериб қўйган эдим. (Бир пайтлар МХХчилар Мирзо Улуғбек тумани Якуб Колос кўчасидаги 22-уйни эмас, Бектемир тумани Мухтор Авезов кўчасида жойлашган ва биз яшаётган Сафар аканинг қонуний уйини тинтув қилган эди.
Тошкент шаҳридаги уй Сафар аканинг номига қонунан расмийлаштирилмагани сабабли Ўзбекистон МХХси бу уйни тинтув қилиш ҳуқуқига эга эмасди. Шу сабабли расмий тинтувсиз уйимиздаги нарсалар йўқолаётган эди).
Мен Сафар аканинг уйдаги архивидан кўп нарсалар йўқолганини кимга айтишни билмасдим. Саломат гумдон қилаётганига доир шубҳаларимни билдиришдан иккиланардим. Чунки у Муҳаммад аканинг уйида ҳам яшарди. "Мен Сафарнинг уйига ўғрини жойлаштирган эканман, менинг уйимда йўқолмаган нарса Сафарнинг уйида йўқолаётган экан", деб жаҳли чиқиб қолмасин деб нафасимни ичимга ютдим.
Муҳаммад Бекжонни Муҳаммад Солиҳнинг укаси деб ишга олмасмиди, билмайман, ҳеч қаерда ишламасди. Хотини Нина опа ҳам кичкина қизига ҳомиладор бўлгани учун ишсиз эди. Шу сабабли моддий жиҳатдан қийналиб яшарди.
Бир куни Муҳаммад ака бизникига ёлғиз ўзи келди. Аслида ҳар доим турқи совуқ Ахтам Розиқов билан бирга келарди.
– Қурбоной, - деди жуда ғамгин овозда. – Подъездимизда қарз олмаган қўни-қўшнимиз қолмади. Энди кимдан қарз сўрашни билмаяпмиз. Уйда на егани нон бор, на бошқа нарса. Болалар деярли оч ўтирибди...
Бу гапни эшитиб юрагим парчаланди.
– Муҳаммад ака, кеча Тошкентга келган жиянимнинг эридан онам менга жуда кўп озиқ-овқат бериб юборибди. Сизга ҳам бераман, икки оилага бемалол етиб ортади, - дедим. Сўнг ошхонага кириб, қишлоқдан келган нарсаларни тенг иккига бўлдим. Ҳатто онам бериб юборган пулнинг ярмини ҳам янгамга бирор нарса олинг, деб Муҳаммад аканинг қўлига тутқаздим.
Орадан кўп вақт ўтмасдан Муҳаммад ака кўринмай қолди. Кейин Саломатдан Туркияга кетганини эшитдим.
Айтишларича, Муҳаммад Солиҳ укаси Муҳаммад акага Туркияга кетишдан олдин қанчадир минг доллар пул жўнатган. У эса ана шу пулдан минг долларини Ўзбекистон Маданият жамғармасида ишлайдиган шоир Ҳамроқул Асқар ва Раҳмон Ҳожимуродга бизнес учун ишлатинглар деб берган.
Ушбу ташкилотда ишлайдиган Муҳаммад Солиҳнинг опасининг ўғли, жияни Маҳмудга ҳар ойда ойлик ҳисобида бериб туришни тайинлаган. Бу ҳақида менга ушбу воқеага шоҳид бўлган Саломат айтиб берди.
Рости, мен "Эрк" партияси раисининг бу ҳаракатларидан қаттиқ хафа бўлдим. Қорнимга эмас, қадримга йиғлагим келди.
Муҳаммад Солиҳнинг "Эрк" партиясининг қамоқда ётган бақувват тиргаги Сафар Бекжонни ва унинг азиятлар, қийноқлар исканжасида яшаётган оиласини заррача ўйламаганидан изтироб чекдим.
Ҳа, аслида Муҳаммад Бекжон ва Муҳаммад Солиҳга энг яқин одамлар жиззахлик шоир Ҳамроқул Асқар ҳамда самарқандлик Раҳмон Ҳожимурод. Сафар Бекжон уларга ким бўлибди? Мана, партия раҳбарининг партиядошига садоқати!
1994 йилнинг сентябрида уйга Муҳаммад Солиҳнинг жияни Маҳмуд ҳовлиқиб кириб келди.
– Биласизми, Раҳмон ака ҳам, Саломат опа ҳам МХХнинг агентлари экан, биз уларнинг кимлигини энди ўргандик, деди.
– Мен эса уларнинг кимлигини ва ким учун хизмат қилишини аллақачон сезганман, дедим бамайлихотир. Сўнг бўлиб ўтган воқеаларни чиройли қилиб сўзлаб бердим.
– Нега бу ҳақида олдин айтмадингиз?
– Айтганимда Муҳаммад ака менга ишонармиди?
Маҳмуд ўйланиб қолди. Ҳайратини ичига ютиб уйига кетди. Чунки мен унга ҳақиқатанан ҳайратланишга арзигули воқеалар ҳақида гапириб берган эдим. Бироқ бу воқеаларнинг мазмун-моҳиятини орадан 20 йил ўтган бўлса-да, ҳалигача аниқ-таниқ тушуна олмайман.
"Эрк" партиясининг ичидаги ҳар хил гаплардан, сиёсий ўйинлардан йироқ, ўз уйида ўз қобиғига ўралиб яшаётган, жажжи фарзандини катта қилиш билан андармон бўлган мен каби бир аёлни сиёсат қурбонига айлантиришдан, бошимга фалокатлар ёғдириб, сарсону саргардон этишдан, раисни қочириб юбориб, ўрнига Сафар акани қамаб қўйишдан, гарчи манфур тузумнинг ўзи ҳам Сафар аканинг айбсиз эканини яхши билса-да қамоқда сақлашдан кўзда тутган мақсадлари не эканини билолмайман.
Боз устига, Ўзбекистон Президентлигига номзодини қўйган ва сайловда ғолиб бўлган кап-катта Муҳаммад Солиҳнинг қандай жин уриб МХХнинг штатсиз ходимлари Ахтам Розиқов, Раҳмон Ҳожимуродов, Саломат Қурбоновалар билан бирга ишлаганини, агент Раҳмон Ҳожимуродовнинг доим Муҳаммад Бекжонга эргашиб юришини эса мутлақо тушунмайман.
Наҳотки, Муҳаммад Солиҳ бир вақтлар ўзининг котибаси бўлиб ишлаган, ҳатто туғишган укаси Муҳаммад Бекжоннинг уйида бепул яшаттирган Саломатнинг, "Эрк" партиясида катта лавозимда ишлаган Раҳмоннинг МХХ айғоқчиси бўлганини билмаган?
Агар билган бўлса нега уларга қарши кескин чора кўрмаган? Нега ўзлари ботган ботқоққа мени ҳам ботиришди? Мени доим айнан мана шу саволлар қизиқтиради.
Орадан бир неча йил ўтгандан кейин мен Муҳаммад Солиҳ билан юзма-юз учрашишга ва бу ҳақида дангал сўрашга муваффақ бўлдим. Бироқ мени астойдил қизиқтирган бу саволларга ўшанда ҳам Муҳаммад Солиҳ жаноблари жавоб беришни истамаганди. Ахтам Розиқовни "оилавий дўстимиз", дейиш билан кифояланганди. Менинг гумонларим бўртма ҳолда қолаверганди. Бироқ "гумон – имондан айиради" деган маталга қатъий амал қилиб, шубҳаларим ҳақида ҳеч кимга, ҳеч қаерда тиш ёрмагандим. Рости, кимга ҳам айтардим?! Аммо Ахтам Розиқов бўйича шубҳаларим тўғрилигини, яъни Розиқовнинг кимлигини Мамадали Маҳмудов 1999 йилда суд залида ҳайқириб эълон қилганди. Афсуски, гумонларим ҳақиқат эканини мен 6 йилдан кейин билишга мушарраф бўлдим. Билган пайтимда эса, кеч эди...
*** *** ***
Иккинчи бўлим
"Халқ сўзи" газетасида Сафар Бекжонга қарши туҳмат мақола
Адвокат Ҳамидулла Зайниддинов айтганидек, орадан бир ҳафта ўтгач унга телефон қилдим. Агар эртага вақтингиз бўлса эрталаб соат 8:00 га ишхонага келинг, деди.
Эртаси куни эрталаб Жалолиддинни Саломатга қолдириб, соат 7 яримда йўлга чиқдим.
Жалолиддин овозини чиқармай йиғлашга тушди, икки кўзидан ёш шашқатор бўлиб оқди. Уни бундай ҳолатда кўриб, ўзимнинг ҳам кўнглим бузилди.
Борганимда Ҳамидулла аканинг ишхонаси ҳали очилмаган экан. Ярим соатдан кўпроқ ташқарида кутдим. Бир пайт Ҳамидулла ака троллейбусдан тушиб келди.
Саломлашиб, ўзаро ҳол-аҳвол сўрашдик. Сўнг ичкарига кирдик. Менга кутиш залида ўтириб туришимни айтиб, ўзи хонаси томон йўл олди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан олдимга келди.
– Тоштурмага бориб, Сафар билан учрашдим, - деди.
– Ростданми, ўзини кўрдингизми? Кўзимда ёш билан соғлигини сўрадим.
– Анча чарчаган. Очлик эълон қилган экан, шунга озгина юрагининг мазаси йўқ. Ўзини анча-мунча олдириб қўйибди, сезиларли даражада заифлашиб қолибди.
Кейинги воқеликлар ҳақида сўрай десам тилим сўзга келмайди, овозим чиқмайди. Ўзимни йиғидан тўхтата олмадим. Ғам дарёсига чўкиб кетган мени Ҳамидулла ака юпатишга ҳаракат қилди.
– Хафа бўлманг, ҳаммаси яхши бўлади, - деди адвокат.
Мен ҳам бунга жавобан катта умид билан: – Ҳа, ҳаммаси эртага яхши бўлади, дедим.
– Сафаржон олдин ҳам шунақа нимжонмиди, деди кулимсираб.
Нима деб жавоб қайтаришга ҳайрон бўлдим. Семиз деб айтай десам ёлғон гапирган бўламан.
– Сафар ака қамалмасдан олдин ҳам унча семиз эмас эди, дедим.
– Сафарга врачнинг ёрдами керак, дори-дармон топиб бермасангиз бўлмайди.
– Дориларини кимдан сўрайман?
– Қизил ярим ой халқаро жамғармасига бориб сўраб кўринг, балки улар ёрдам беришар, деди. Ҳамидулла акага маслаҳат учун раҳматимни айтиб, хайрлашдим.
Умид учқуни билан уйга қайтдим. Энди икки оёғимни боғлаб, уйда ўтирмай нимадир қилишим лозим.
Қизил ярим ой халқаро жамиятининг манзилини топиб, улардан ёрдам сўрашим керак!
Шундай хаёллар оғушида ўтирганимда профессор Отаназар Орифов "Сафарбойдан хабар борми? деб телефон қилди.
Tерговчи Ҳусан Аҳмедов "Сафар Бекжон 27-санагача қамоқдан чиқиб қолиши мумкин" деганидан буён Отаназар aка ҳар ойнинг 27-санаси яқинлашганда телефон қиларди.
Мен Отаназар акага бўлиб ўтган воқеаларни, Ҳамидулла ака билан учрашганимни айтиб бердим. Отаназар ака Зайниддиновнинг Сафар ака билан учрашганидан хурсанд бўлди. Унинг Қизил ярим ой халқаро жамиятидан ёрдам сўрашга доир фикрини қўллаб-қувватлади ҳамда мазкур ташкилотнинг манзилини Дилором Исҳоқовадан сўрашимни маслаҳат берди. Отаназар ака хайрлашишдан олдин менга 1993 йил 25 сентябрь куни Тошкентдаги Темирйўлчилар маданият саройида "Эрк" партиясининг 4-қурултойи бўлишини айтиб, мени қурултойга таклиф қилди. Имкон топсам албатта боришимни айтиб, хайрлашдим.
Шу ерда бир нарсага ойдинлик киритиб кетишим керак. Кўпчилик Шукрулла Мирсаидовнинг олижаноб инсон бўлганини билади. 1989 йилда Шукрулла Мирсаидов Тошкент шаҳар советининг раиси бўлиб ишлаган чоғларида Сафар ака "Ёшлар" талабалар ташкилотида ёшлар муаммолари билан шуғулланади. Ўшанда у бир неча марта Шукрулла Мирсаидов билан учрашиб суҳбатлашади. Шукрулла ака ёшлар муаммоларини ижобий ҳал қилишда жонбозлик кўрсатади. Орадан бир неча йил ўтгандан кейин Сафар аканинг қамалганини эшитган Шукрулла ака адовакатлари Егошин ва Ҳамидулла Зайниддиновлар билан гаплашиб, уларни Сафар акага адвокат бўлишга кўндиради. Ҳар иккала адвокатнинг хизмат ҳақини ўзи тўлайди.
Мен Отаназар аканинг маслаҳатига биноан Дилором Исҳоқовага телефон қилиб, ундан Қизил ярим ой халқаро жамиятининг манзилини олдим. Мазкур ташкилот раҳбарига ариза ёзиб, жойлашган жойини одамлардан сўраб-суриштириб зўрға топиб бордим.
Қабулхонага кириб ўзимни таништирдим. Котибага ташкилотдан ёрдам сўраб келганимни айтиб, аризамни бермоқчи эдим у қисқа вақт ичида ташкилот раисаси Муҳаммедованинг қабули бошланишини, аризамни раисага беришимни айтди.
Ташкилот раисаси мени жуда очиқ чеҳра билан кутиб олди.
Юзимга тикилиб, "мен сизни танийман", деди.
Мен раисага бу ерга биринчи марта келганимни айтиб, мени қаердан танишини сўрадим.
У 1989 йил августда Фарғонадаги "Чимён" оромгоҳида бирга дам олганимизни айтди.
Рости, Чимёнда дам олганимни унутмаган бўлсам-да, у кишини унутгандим. Аниқроғи, менда бир марта кўрган бегона одамни иккинчи марта кўрганда унутиб қўядиган одат бор эди. Шу ерда ҳам кўзлари кулиб турган, хушбичим хонимни ҳар қанча урунсам ҳам эслай олмаётгандим. Буни минг ҳижолат билан етказгандим, раиса мени тўғри тушунди.
– Майли, зарари йўқ, муҳими, мен сизни унутмаганимда, деди табассум билан.
– Раҳматимни айтгандан кейин мақсадга ўтдим. Ёрдам сўраб келганимни айтиб, аризамни олдига қўйдим. У аризамни диққат билан ўқиб, менга қаради.
– Нима бўлган ўзи?
Аризамда тафсилотлар қисқача ёзилгани учун раисага бошимга тушган фожеаларнинг ҳаммасини батафсил гапириб бердим. Гапираётганда кўзларим ёшга тўлди.
– Хафа бўлманг, сиқилманг, биз сизга қўлимиздан келганча ёрдам берамиз, деди мени юпатиб. Сўнгра шахсан ўзи Тоштурмага бориб, раҳбaри билан гаплашишини, қандай дори-дармон керак бўлса ҳаммасини олиб беришини, ҳатто хўжайинимнинг соғлигини текширадиган шифокор ва ҳамшира юборишини сидқидилдан айтди.
Раисага ўз миннатдорчилигимни билдириб, кўзимда севинч ёши билан, кўнглим тоғ қадар юксалиб Қизил ярим ой халқаро жамияти биносидан чиқдим. Айтганча, Фарғонадаги "Чимён" оромгоҳига қандай бориб қолганим ҳақида қисқача ёзмасам бўлмас.
Мен 1989 йилнинг ёзида Самарқанд давлат университетининг Филология факультети 3-курсини тугатиб, 4-курсига ўтдим. Дарснинг оғирлигидан эмас, балки порахўрлик ботқоғига ботган баъзи домлаларнинг ноҳакликларидан стресс ҳолатига тушиб, соғлигим сезиларли даражада ёмонлашганди.
Дарс вақтида бир-икки марта юрагим сиқилиб, нафас ололмай қолганимни кўрган домлалар даволанишимни маслаҳат қилиб, ёзги таътилда менга Университет Касаба уюшмаси томонидан Фарғона вилоятидаги "Чимён" оромгоҳида даволанишим учун йўлланма олиб бергандилар.
Август ойида курсдошларим амалиёт ўтагани, мен эса, Чимёнга жўнаб кетдим.
Сўлим гўшада даволаниш билан бирга ҳаётга бўлган кўз қарашим ҳам ўзгарди. Бу ерда биринчи марта "Бирлик" халқ ҳаракати ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдим. Тўғри, мазкур ҳаракат ҳақида илгари Тошкентда "Ёш ижодкорлар"нинг Дўрмонда бўлиб ўтган семинарида эшитгандим, лекин у пайтда "Бирлик"нинг фаоллари билан танишмагандим.
Оромгоҳда улар билан яқиндан танишиб, мустақиллик ва тарихимиз, ўтмишимиз ҳақида очиқ-ойдин ва атрофлича суҳбатлашдик. Биз билан бирга даволанаётганлар сафида ёзувчи Вали Ғафуров ҳам бор эди.
Рости, адиб билан тўғридан-тўғри танишишга журъатим етмади. Аммо ёзувчини сиртдан яхши танирдим, чунки игна билан ёзган китобларини ўқигандим.
Учрашувлардан бирида биз оромгоҳда дам олаётганлар ва даволанаётганлар Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини ҳукуматдан талаб қилиб хат ёзишга келишдик.
Келишганимиздек мактуб ёздик ва имзо тўпладик. Агар хотирам панд бермаган бўлса, мактуб ташаббускорларидан бири "Бирлик" халқ ҳаракатининг фаол аъзоси бўлган Абдусалом ака деган одам эди. Афсуски, ҳозир ўша одамнинг фамилиясини эслай олмайман. Мактубга "Чимён" оромгоҳида даволанаётган барча фуқаролар, жумладан, шифокорлар ҳам сидқидилдан имзо чекди десам лоф қилмаган бўламан. Мазкур мактубни ва тўпланган имзоларни "Чимён" оромгоҳида даволанаётганлар номидан маҳаллий "Қишлоқ ҳақиқати" газетасига "махсус хат" тарзида юбордик...
Одатдагидек ўқиш сентябрда бошланди. Мен соғлигимни тиклаб, кайфиятимни яхшилаб, ўқишни бошладим. Ўқиш бошлангандан кейинги биринчи ишимни Самарқанд давлат университетида ташкил қилинган "Бирлик" халқ ҳаракатига аъзо бўлишдан бошладим.
1990 йилда мазкур Ҳаракат ичида ўзаро келишмовчиликлар пайдо бўлди ва шу тариқа ташкилот иккига бўлинди. Натижада мен "Бирлик"нинг сафидан чиқиб, 1990 йил 11 апрелда "Эрк" демократик партиясига аъзо бўлдим.
Мен орадан 3 йил ўтгандан кейин, бироқ афсуски, ҳаётимдаги энг оғир кунлардан бирида ўз вақтида фаол бўлган, тилимиз, миллатимиз, халқимиз тақдирига бефарқ бўлмаган ана шундай шахслардан бири билан Қизил ярим ой жамиятида учрашдим.
Бу нур юзли аёл "Чимён" хотираларини ёдимга тушириш билан бирга, менга кўтаринки кайфият ато қилди, дарз кетган руҳиятимни қисман бўлса-да тиклашга, бир вақтлар мен ҳам одам каби яшаганимни эслашимга сабабчи бўлди. Ҳа, дарҳақиқат ҳамма қатори менинг ҳам ўз орзуларим бор эди. Энди-чи? Мен кимман?..
Уйга келганимдан кейин Отаназар Орифовга телефон қилиб, унга Қизил ярим ой халқаро жамиятининг раисаси айтган гапларни, Сафар акани тиббий кўрикдан ўтказиш учун шифокорлар юборамиз, деган ваъдаларини айтдим.
Отаназар ака хурсанд бўлди. – Улар ёрдам берамиз деган бўлса сўзининг устидан чиқади, - деб мени овунтирди.
Отаназар ака телефон гўшагини қўйишдан олдин 1993 йил 25 сентябрда "Темирйўлчилар" маданият саройида "Эрк" демократик партиясининг қурултойи бўлиб ўтишини яна бир бор эслатди, имкон топиб албатта қатнашишимни айтиб хайрлашди.
"Эрк" партиясининг қурултойига мени илгари ҳам таклиф қилишганди. Бироқ қатнаша олмагандим. Ўша пайтда қурултойга Шавқиддин Жўраев таклиф қилганди. Ўшанда синов ва имтиҳон пайти эди.
Курсдош дугоналаримдан бири мени ётоқхонамиз эшиги олдида Тошкентдан келган бир киши кутиб турганини айтишди.
Мен Тошкентдан излаб келадиган ҳеч қандай танишим йўқлигини эслаб ҳайрон бўлдим.
Ётоқхонага келсам "Эрк" партиясига аъзоликка қабул қилиш бўйича ёзган аризамни мендан қабул қилиб олган бўғирсоқ башарали Шавқиддин Жўраев турган экан.
Саломлашдик. Шавқиддин сал кам икки соатдан бери кутиб турганини айтиб мендан ростмана хафа бўлди.
Менинг ҳам жаҳлим чиқиб: Келишингизни тушимда кўрибманми? Имтиҳоним бор эди" деб жавоб қайтардим. Шундан кейин Шавқиддин асосий муддаога ўтиб, "Эрк" партиясининг қурултойига таклиф қилиб келганини айтди. Қачон ва қаерда бўлиб ўтишига доир жавобини эшитганимдан кейин бора олмаслигимни билдирдим. Сабабини "қурултой тугагандан кейин қоладиган жойим йўқлиги, ярим тунда Самарқандга қайтишга қўрқишим, маҳаллий тожиклар ўзбекларга заҳмат етказиши мумкинлиги" билан изоҳладим.
– Тошкентда танишингиз йўқми, - деб сўради Шавқиддин
– Йўқ.
– Сиз хоразмликмисиз?
– Йўқ.
– Қаерликсиз?
– Қорақалпоғистонданман.
– Тошкентда хоразмлик танишларингиз йўқми?
– Йўқ. (Шу ерда мен ўзимни ҳеч қачон, ҳеч кимга хоразмликман деб таништирмаганим ҳақида айтиб ўтай. Тўғри, бир сафар дарсда домлаларимиздан бири "Сиз хоразмликмисиз?" деб сўраган пайтида "ҳа" деб жавоб бериб, хоразмликлардан балога қолганман. Менинг "хоразмлик" эканимни билган домла Олмахон Ҳайитова ҳақида гап бошлаган пайтида орамизга ювилмаган қошиқдай суқилиб кирган боғотлик курсдошим Сайёра Жабборова менинг Қорақалпоғистондан эканимга урғу бериб, домламизни оғзига қаратишга эришганди.
Сафар ака билан турмуш қурганимизга 23 йил бўлса ҳам мен ҳалигача ўзимни хоразмлик сифатида ҳис қилмайман.
– Тошкентда хоразмликлар кўп. Борсангиз балки улардан бириникида қолардингиз.
– Танимаган одамимнинг уйида қолмайман.
Шавқиддин Жўраев менинг қатьий жавобимни эшитганидан кейин тарвузи қўлтиғидан тушиб, хайрлашди.
Ушбу воқеадан 3 йил ўтиб иккинчи марта "Эрк" партияси қурултойига таклиф қилишди.
Рости, қурултойда қатнашаман деб хурсанд бўлиб юрган пайтимда "Халқ сўзи" газетасида Элдор Ҳақгўй тахаллуси билан эълон қилинган ва "Ким ўғри?" деб номланган мақола чоп этилиб, қисқа муддат ичида хурсандчилигимни ҳавога совурди.
Мазкур мақолада асосий эътибор Сафар акага қаратилган бўлиб, бошдан охиригача туҳматларга тўла эди.
Мақолани ўқиб, ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим. Сафар акага отилган туҳмат тоши бутун вужудимга қаттиқ зарба бўлиб тегди. Бўҳтону ҳақоратлар юзасидан кимга мурожаат қилишни, кимнинг меҳрига таянишни билмай роса қийналдим. Ахийри, терговчи Ҳусан Аҳмедовга қўнғироқ қилдим. Қабулига боришга рухсат сўрадим. Бундан кўзлаган асосий мақсадим Ҳусан аканинг мақолага доир фикрини билиш, ўрганиш эди.
Эртаси куни тушкун кайфиятда терговчининг қабулига бордим. Ҳусан Аҳмедов мақоладан воқиф экан. Олдида яна асабишлашдим. Бирин-кетин кўрган ҳақсизликларим, газетада ёзилган туҳмат тўла сатрлар, ҳақоратлар ҳақида гапира кетдим. Кучим фақат кўз ёшимга етди. Ҳусан акада инсонийлик туйғулари жўш уриб, абгор ҳолимга ачинди.
– Қурбоной, - деди мунгли овозда. – Ҳаёт синов учун берилган. Сиз ўзингизни, кичкина ўғлингизни, қамоқхонада азоб тортаётган Сафарни ўйланг! Ўйлаб кўринг, бундай ҳолатда касал бўлиб қолсангиз Жалолиддинга ким қарайди? Сафар сизнинг оғриганингизни эшитса, қандай ҳолатга тушади?
– ...
– Сиз ўғлингиз ва Сафар учун кучли, иродали, бардам-бақувват бўлиб яшашингиз керак! Сафар эркак киши. У ҳар қандай оғир ҳаётга кўникади. Лекин табиатан нозик яратилган сиз аёллар кўп нарсаларга чидай олмайсизлар!
Ўзингизни ўзингиз аямай кемираверсангиз, тинимсиз сиқилаверсангиз охири нима бўлади? Сафар қамоқдан чиққандан кейин сизни руҳан эзилган, носоғлом ҳолда кўрса, албатта унга ҳам осон бўлмайди. Бу ёмон кунларни мен бошига солган эдим деб, бир умр ўзини олдингизда айбдордек ҳис қилиб яшашдан қийин нарса йўқ.
Суд, прокуратура, МХХ, ички ишлар органларида ишлайдиганлардан кўнглим батамом совуб кетганиданми, ишончларим поймол бўлганиданми, улардан ширин сўз эшитмаганимданми бу сўзлардан кейин Ҳусан аканинг кўзларига кўзли ёшим билан тик қарадим. Чунки шу онда ожиз қалбим теграмдаги одам ўзини сохта меҳрибон кўрсатиб, устимдан кулмаяптимикан, деган ҳадикка борганди.
Йўқ, ундай эмасди.
Ҳусан аканинг кўзларида самимийлик учқунлари ловуллаб турганди. Қаршимда кибрдан, калака қилишдан ҳоли бир инсон менинг аҳволимга чунон куйиб-пишаётганди. У менга бошига ташвиш тушган ўз синглисига чин кўнгилдан ачиниб қарай оладиган меҳрибон акалар нигоҳи билан боқмоқда эди.
– Нима қилай, ахир, Ҳусан ака, - дедим алам билан. – Қилаётган шунча туҳматлари озмиди?! У гўрсўхталарга шу фельетон камлик қилиб турганмиди? Мадоримни қуритдику!
– Бир кун келиб, ҳаммаси яхши бўлади, бунинг учун фақат сабр қилишингиз керак!
Мен тортаётган азоб-уқубатлар қачон барҳам топади? Бироқ бу саволларимга аниқ жавоб бера оладиган ҳеч ким йўқ эди.
Ҳусан Аҳмедов билан хайрлашиб уйга қайтдим.
Бошим тарс ёрилиб кетгудек даражада оғрирди. Жалолиддин ҳам чарчадими, ухлаб қолди. Мен ҳам унинг ёнига чўзилдим.
Орадан қанча вақт ўтганини билмайман уй телефони шиддат билан жиринглади.
Уйғониб кетдим.
Гўшакни кўтаргандим Отаназар Орифов экан.
Ўзаро салом-аликдан кейин Сафар ака билан боғлиқ бирор янгилик бор ёки йўқлигини сўради. Бугун терговчиси билан учрашганимни, соғлиги яхши эканини айтдим.
Отаназар ака мен бирор гап айтолмай тараддудланиб турганимни сезди шекилли, ўзи гап бошлади.
– Ўқидим. "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган режимнинг ювиндихўрига айланган журналист ёзган фельетондан хафа бўлманг. Ҳаммаси туҳмат! Биз Сафарбойнинг қандай одам эканини яхши биламиз, бирга ишлаганмиз.
– Отаназар ака, дедим – журналистларнинг энг катта қуроли қўлидаги қалами билан сиёҳ тўла довати (доват – сиёҳ солинадиган махсус идиш) эмасми? Истаса ана шу қалами билан шоҳнома достонлар битиб, шасхни кўкка кўтариб қаҳрамонга, истаса доватдаги сиёҳни шахснинг устига тўкиб, қора кўмирга айлантиради.
Элдор Ҳақгўй деган гумашта ҳам бу қилиғи билан виждонини сотиб, Сафар аканинг устига қора сиёҳ тўкди эмасми?!
Ўзича Сафар Бекжонни ювса ҳам кетмайдиган қора бўёқ билан бўядим, деб хурсанд бўлаётгандир. Аслида номи бору ўзи йўқ ўша манқурт журналист ювса ҳам кетмайдиган, доимий доғға айланиб қоладиган қора бўёқни ўзининг устига ағдармадимикин?!
Бу ҳайвонсифат кас шу орқали бирор нарса ютдимикин?!
Мана шундай ҳаракатларидан кейин кечалари бошини ёстиққа қўйиб бемалол ухлай олармикан?!
Ғаддор режим малайига айланган "руҳсиз жасад"нинг изида ҳатто сояси ҳам бўлмаса керак?
– Тўғри айтасиз, соя тирик инсонда бўлади. Бу руҳсиз жасадларда на соя бўлади, на босган қадамларидан из қолади. Улар пул деса нафақат виждонини, ҳатто хотинини ҳам сотади.
– Режимнинг қулига, Каримовнинг маддоҳига айланган шўрпешоналар. Егани ҳаром ютгани заққум бўлсин! Ҳаром-хариш нарсалардан катта қилган фарзандларининг роҳатини кўрмасин. Яратган Аллоҳ жазосини берсин, менга ўша кунларни кўрмоқ насиб қилсин!
Бор нафратимни тўкиб солдим Отаназар акага. Сўнг: – Бу гумашталар амалдаги режим йиқилса нима қилар экан-а, ўлиб қутиладими ёки бошқа бир давлатга қочиб қутуладими, деган саволни аслида Отаназар акага ташладиму, бироқ шу онда асаби ҳар қачонгидан кўра кучли таранглашган ўзим жавоб бердим.
Бировнинг шаънини ўз исм-шарифи билан эмас, аллақандай тахаллус билан топтаётган бу ярамас қўрқоқлар биздан қочиб қутулар, лекин Яратган Аллоҳдан қаерга қочиб қутилади?
Уларнинг авлодлари ўзбек халқи олдида қандай қилиб бош кўтариб юради?
Сенинг отанг қонхўр режимнинг малайи, Ислом Каримовнинг ювиндихўри бўлган, деган тавқи лаънатга гирифтор бўлмайдими? Ёки уларнинг фарзандлари ҳам оталарига ўхшаб виждонсиз бўлиб улғаярмикан? Халқимизнинг "Уруғ олда ерга сол, кафан олда гўрга" деган нақли шуларга ўхшаган "соя"ларга қарата айтилганмикан?
Отаназар ака куйиб-пишиб гапирган гапларимни, дарду дунёмни, шоирона ифода қилган ўхшатмаларимни охиригача сабр билан эшитди.
– Хафа бўлманг, ҳаммаси яхши бўлади, - деб далда берди. – Аллоҳнинг тарозиси тенг бўлсин, гуноҳкор банданинг эмас! Сабр қилсангиз уларнинг ҳам қилмишига яраша жазосини олганини кўрасиз ё эшитасиз. Дардларингизга ўралашиб, "Эрк" партиясининг 25 сентябрда бўладиган қурултойи эсингиздан чиқиб қолмасин. Албатта келинг, кайфиятингиз қисман бўлса ҳам ёзилади, овунасиз, дардлардан чалғийсиз, деб хайрлашди. Рости, Отаназар ака билан гаплашиб, кўнглим озгина таскин топди.
Баҳс-мунозарали Қурултой
Бошимда қора булутлар ғужғон айланиб турган шу кунларда Тошкент давлат маданият институтида ўқийдиган ҳамқишлоғим Ойгул кузги имтиҳонларни топшириш учун Тошкентга келди.
У бизникида қолишга қарор қилди.
Мен Ойгулнинг бу ечимидан ҳамда ота-онам бериб юборган совға-саломларни, шунингдек, қишлоғимизда бўлган қатор янгиликларни олиб келганидан хурсанд бўлдим.
Шундан кейин мен қаерга бориш керак бўлса Ойгул билан бирга борадиган бўлдим. Албатта, ўқиш ва имтиҳонларидан бўш пайтларида.
Ҳаш-паш дегунча қурултой бўладиган кун – 25 сентябрь ҳам келди.
Мен "Эрк" партиясининг қурултойига Ойгул билан бирга бордим. Ойгул қурултойдан бир кун олдин "Эрк" партияси жойлашган манзилга бориб, партияга аъзо бўлди. Буни унга мен таклиф қилдим. Ойгулга аъзолик билетини Партиянинг матбуот котиби Дилором Исҳоқова топширди.
25 сентябрь шанба куни, Саломат Қурбонованинг дам олиш куни бўлгани учун мен унга телефон қилиб, "Эрк" партиясининг қурултойига бормоқчилигимни, Жалолиддинга қараб туришини илтимос қилдим. У рози бўлди. Биз Ойгул иккаламиз Қурултойга кетдик.
Йўлда кетаётганимда ичимни ит тимдалаётгандек бўлди. Худди кимдир мени кўрсатиб, "Халқ сўзи" газетасида чиққан мақолага шаъма қилиб: "Ана ўғрининг хотини келяпди" дейдигандек туюлаверди. Гоҳ "Мени ким ҳам танирди?" деб ўзимга ўзим тасалли бериб, қаддимни тик тутишга эришсам, гоҳ яна хавотирга буркандим. Шу тариқа, гўё икки ўт орасида қолгандек қурултой бўладиган манзилга етиб келдик.
Йўлда Самарқанд ва Тошкент вилоятидан Қурултойга бораётган меҳмонларни учратиб қолдик.
Ўзаро салом-аликдан кейин ўзимни таништирмай, юрагимни ҳовучлаб улардан Сафар Бекжон ҳақида, уни таниш-танимасликлари хусусида сўрадим.
Кўпчилиги таниймиз дейишди.
Мен улардан "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган "Ким ўғри" деган фельетонни ўқидингизларми, деб сўрадим. Ўқидик, деганларидан кейин мақолага доир муносабатларини билишга қизиқиб, "ҳақиқатанан Сафар Бекжон ўғрими", деган саволни ўртага ташладим.
– Йўғ-е, деди улар орасидан кимдир.
– Ким ёзган бўлса ҳам ғирт виждонсиз экан. Сафарни яқиндан таниганда эди, туҳматларга қоришган бундай фельетонни ҳеч қачон ёзмасди. Яна бошқа бир киши менга қараб: "Мен Сафар Бекжонга ўзимга ишонгандай ишонаман" деди.
Кўнглим тоғдай кўтарилди. Лекин улардан ҳеч қайси бири мендан сиз кимсиз, деб сўрамади. Сўрамаганларига ҳам хурсанд бўлдим. Мен ҳам ўзимни таништирмадим.
Қурултой ўтказиладиган "Темирйўлчилар" маданият саройига етиб бордик.
Қурултойга жуда кўп одам келган экан. Зал одамлар билан лиқ тўла бўлиб, талабга кўра ҳар бир ҳудуддан келган иштирокчилар ўзларига ажратилган жойда ўтириши керак.
Биз ҳам "Эрк" партиясининг Қорақалпоғистондан келган аъзолари билан бирга ўтирдик.
Агар янглишмасам минбардан Отаназар Орифов, Самад Мурод, Сулаймон Мурод, Содиқжон Йигиталиев, Шоди Каримов, Дайнов Ташановлар жой эгаллашди.
Негадир Дилором Исҳоқова ва Муҳаммад Бекжонлар, яна мен таниган бошқа кишилар кўринмади.
Орадан бир неча вақт ўтгандан кейин Сулаймон Мурод Дилором опа Муҳаммад Бекжонларнинг Қурултойга нима сабабдан қатнаша олмагани ҳақида айтиб берди.
Қурултойни Отаназар Орифов бошқарди.
У йиғилиш бошланишидан олдин "Эрк" демократик партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ Қурултойга нутқи ёзилган кассета юборганини айтди.
Лекин кассета очилмаганлиги сабабли уни анжуман иштирокчиларига эшиттира олмаслигини, бироқ кассетага ёзилган гапларнинг айни матнини "Эрк" партиясининг Сурхондарё вилояти бўйича котиби Намоз Нормўмин ўқиб беришини билдирди.
Минбарга чиққан ўрта ўйли Намоз Нормўмин Муҳаммад Солиҳнинг мурожаати ёзилган хатни қўллари қалтираган, овози титраган ҳолда ўқий бошлади.
Гарчи микрофондан чиқадиган садо буткул зални қамраб олишга мослаштирилган бўлса ҳам нотиқнинг ҳириллаган овози залга етарлича эшитилмади. Йиғилганларда Намоз Нормўмин Мурожаатномани ноиложликдан ўқиётган бўлса керак, деган фикр ҳукмронлик қилди.
Хуллас, нотиқда қўрқоқлик ёки ҳижолат туйғуси устун келдими, унинг овози борган сари жаранглашиши ўрнига пасайгандан пасайиб борди. Алал-оқибат овози бутун вужуди қулоққа айланган залдагиларга эмас, ўзидан бошқа ҳеч кимга эшитилмай қолди. Демакки, Муҳаммад Солиҳнинг нималар деганини Намоз Нормўминдан бошқалар тўлиқ англашдан маҳрум бўлди. Матнни ўқиб бўлган Намоз Нормўмин залдагиларга бошини кўтариб қарамасдан шахдам қадамлар билан ўз жойига бориб ўтирди.
Сўнгра сўз Содиқжон Йигиталиевга берилди.
У нутқини "Эрк" демократик партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳни танқид қилишдан бошлади.
Содиқжон Йигиталиевнинг танқидига чидай олмаган иштирокчилар, Партия аъзолари залда ғала-ғавур бошлади.
Кимдир бақирди, яна кимдир бор кучи билан полни тепа бошлади. Қурултойни олиб бораётган Партиянинг Идеология бўйича бош котиби, профессор Отаназар Орифов залдагилардан тинчлик сақланишини илтимос қилди.
Ўз ишига пухта, туллак, Ўзбекистон Олий Судининг собиқ раиси Содиқжон Йигиталиев залда норозилик тўлқини авж олиб бораётганини инобатга олиб, матнини охиригача ўқишдан воз кечди ва юмалоқ ёстиқ қилиб тугатди. У ҳам худди Намоз Нормўмин каби орқа-олдига қарамай жойига бориб ўтирди.
Ундан кейин минбарга тарих фанлари номзоди, профессор, Ўзбекистон тарихига оид бир неча китоблар муаллифи Шоди Каримов сўзга чиқди. Талабаларга маърузалар ўқиб чиниққан профессор ҳам ўзидан олдин нутқ ирод қилган Содиқжон Йигиталиев каби Муҳаммад Солиҳ танқид остига олинган нутқини оташин овозда ўқий бошлади.
Нотиқлардан биронтаси Партиянинг ҳозирги абгор аҳволини қандай яхшилаш, ноҳақ қамалган, азият чекаётган инсонларга, уларнинг оилаларига ҳуқуқий, моддий ёрдам бериш тўғрисида оғиз очмадилар, ҳатто хаёлига ҳам келтирмадилар. Фақат Партия раисини танқид қилиш билан андормон бўлдилар. Қамоқхоналарда қон ютиб ўтирган маҳкумларнинг исм-шарифларини эслашни ўзларига эп кўрмадилар.
Залдагилар полни олдингидан ҳам қаттиқроқ тепа бошладилар. Содиқжон Йигиталиевнинг нутқи учун билдирилган норозиликлар Шоди Каримовнинг нутқи учун билдирилган норозиликлар олдида ҳолва бўлиб қолди.
Бу сафар ҳам Отаназар Орифов зални тинчлантиришга ҳаракат қилди.
–Дўстлар биз демократик жамият қуриш учун курашмоқдамиз. Демократик жамиятда ҳар ким ўз фикрини очиқ-ойдин гапириш, танқид қилиш ҳуқуқига эга. Ахир Партиямизнинг бош мақсади мамлакатда демократик жамият бунёд этишга қаратилмаганми? Шундай экан, нега биз танқидга тоқатсиз бўлишимиз керак? Мен сизлардан полни тепиб, тартибсизликларга йўл қўймасдан нотиқларнинг нутқини қунт билан охиригача эшитишларингизни илтимос қиламан. Кейин қандай фикрингиз бўлса минбарга чиқиб, бемалол айтинг. Хоҳласангиз қаршингизда турган Шоди Каримов билан баҳслашинг, саволлар бериб, жавоб олинг, - деди куюниб.
Зал бир оз тинчлангандай бўлди. Муҳитда қарор топган жимликдан фойдaланган профессор Шоди Каримов олдингидан ҳам кучлироқ руҳда раисни танқид қилишга ўтди. Чунки залдагилар Муҳаммад Солиҳнинг Намоз Нормўмин қалтираб ўқиб берган ва аранг эшитишга муваффақ бўлган мурожаати мазмун-моҳияти завқида эди. Аниқроғи, улар агар минбарга отаси чиқиб, Муҳаммад Солиҳни танқид қилса, ҳатто отасининг танқидини ҳам хушламайдиган даражага тушиб қолганди. Муҳаммад Солиҳни сал кам пайғамбар даражасида кўрмоқда эди. Уни танқид қилиш муқаддас китобга тил текказиш деган тушунчада қатъий эди.
Шу боисдан зални тўлдирган оломонда Шоди Каримовнинг нутқини охиригача эшитишга тоқат йўқ эди. Шу тариқа, аросат исканжасида қолган Шоди Каримов нутқини ярмидан тўхтатишга мажбур бўлди. У оломоннинг ғазабнок нигоҳи остида ўзи эгаллаган жойга бориб ўтирди.
Содиқжон Йигиталиев ва Шоди Каримовларнинг нутқидан кейин қурултой ҳайъатидан рухсат олиб, минбарга Дайнов Ташанов исмли шахс чиқди.
У Муҳаммад Солиҳнинг ашаддий тарафдори эканини намоён қилди. Ташанов йиғламсираган овозда куйиниб гапира бошлади.
– Дўстлар, деб бошлади ўз мурожаатини. – Бизнинг Муҳаммад Солиҳдай инсонни танқид қилишимиз ўринлими? Ахир "Эрк" демократик партиясига асос солган, уни туғилган чоғидан фарзандидек асраб-авайлаб ўстирган шахс Муҳаммад Солиҳ эмасми?
– Ана шундай одамни танқид қилишга, ҳурматга сазовор инсонга тил текказишга ҳаққимиз борми? деб залдагиларга бирин-кетин саволлар билан мурожаат қила бошлади. Хуллас, Дайнов Ташанов ўйламай-нетмай ўзбек тилида мавжуд бўлган мақтовга лойиқ иборалар билан Муҳаммад Солиҳнинг шаънига шарафлар ёғдирди.
Мен ўтирган жойимда гунг аҳволга тушиб қолдим. Наҳотки, "Эрк" партияси фақат битта шахс томонидан тузилган, унда бошқалари нима қилган, томошабин бўлиб ўтирганми, агар шундай бўлса, у ҳолда Сафар ака нега қамалди? деган ҳақли саволлар исканжасида қовурилдим.
Кўз олдимга Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон президентлигига номзодини қўйган пайтда Партияни деб, Партиянинг ишини деб, 7 кунлик чақалоғим билан мени ёлғиз ташлаб кетган Сафар аканинг Партия учун елиб-югурган, сайлов арафасида вилоятма-вилоят ташвиқот ишларини олиб бориб ҳорғин ҳолда уйга қайтган онлари келди.
Сафар Бекжон кимгадир яхши, кимгадир ёмон кўриниб юрган ўша пайтларда Муҳаммад Солиҳ Тошкентдаги иссиқ ўрнини совутмай, курсисида солланиб ўтиргани айни ҳақиқат. Дайнов Ташанов эса "Эрк" партиясининг ҳамма ишларини фақат Муҳаммад Солиҳ амалга оширди, деб уни кўкка кўтариб алқамоқда. Инсоф ҳам керак!
Ахир ана шу лаънати партияни деб Сафар ака қамоқда қон ютиб ўтирибди. Агар Партия Муҳаммад Солиҳнинг фарзанди бўлса, у ҳолда нега фарзандини ташлаб, ширин жонини аяб, Туркияга қочиб кетди?
Қайси ота-она фарзандини душманига ем қилиб ташлаб кетади? Менинг бу саволларимга ким жавоб беради? Минбарда сайраётган Дайнов Ташанов ҳам жавоб бера олмаса керак!
Ташанов жаноби олийлари нутқини тугатгандан кейин зални гулдурос қарсаклар жарангги забт этди,
"Темирйўлчилар" маданият саройининг шифти кўчиб тушажак ҳолга келди. Аммо бу қарсакларнинг кимга чалинаётгани номаълум. Муҳаммад Солиҳнинг шаънига чалинаётган қарсакми ёки Дайнов Ташановнинг мадҳига урилаётган чапакми ҳеч ким, ҳеч нарсани билмайди. Дайнов Ташанов "бангилар"нинг гулдурос садолари остида жойига келиб ўтирди.
Ташановдан кейин минбарга чиққанларнинг барчаси ўз нутқини Муҳаммад Солиҳга ҳамду санолар ўқиш билан бошлаб, ҳамду сано ўқиш билан тугатди. Сўнгра танаффус эълон қилинди.
Танаффус пайтида Отаназар Орифов билан гаплашиб турган хоразмлик эски танишларимдан бири, шоир Маҳмуд Ражабни кўриб қолдим. (Биз гурланлик Маҳмуд Ражаб билан 1989 йилда "Ёш ижодкорлар"нинг Дўрмонда бўлиб ўтган адабий кечасида танишган эдик.)
Саломлашмасам мендан хафа бўлар, деб ўйлаб Ойгул билан бирга олдига бордик.
Бир-биримиз билан қуюқ салом-алик қилаётганимизни кўриб, Отаназар ака: – Сизлар танишмисизлар, деб сўради. Мен Отаназар акага Маҳмудни қаердан танишимни айтиб бердим. Гап орасида Маҳмуд Ражабга ҳозарасплик Сафар акага турмушга чиққанимни айтгандим, у "Озодлик" радиосига Сафар ака билан боғлиқ бериб бораётган интервьюларимни мунтазам эшитиб боришини билдирди.
Шу орада қурултой кетаётган пайтда Отаназар Орифов томонидан ҳаммага таништирилган хоразмлик Ражаббой Бобожонов ўрта бўйли, бақалоқ, бир елкасига камера ғилофи, қўлига эса микрофон тутган ҳамроҳи билан ёнимизга келиб қўшилди.
Ражаббой ака бизга жарангдор овозда ҳамроҳини "Озодлик" радиосининг Ўзбекистондаги мухбири Фурқат Яквалхўжаев деб таништирди.
Ичимда "Озодлик" каби мўътабар радионинг номи улуғ супраси қуруқ муxбири мана шу ифлос эканда дедим.
Яквалхўжаев дегани юзида инсонийликдан асар ҳам йўқ, кўзлари ўлган қўйнинг кўзидек маънисиз боқадиган, кибрлилиги юзига урган ғариб кўринишли одам экан.
Қўлидаги микрофоннинг қулига айланган бу шўрлик эртага тақдир тақозоси билан қўлидан микрофон тушса юрак ҳуружидан ўлиб қолса керак, деб ўйладим.
Ўшанда у мендан интервью олиш учун уйга келаман деб ваъда бериб келмаганидан, уни уйда кун бўйи кутганимдан қаттиқ жаҳлим чиққанди. Уни келади деб боришим керак бўлган прокуратурага бора олмаганимдан хафа бўлгандим. Энди эса ўзини ва турқини кўриб ўшанда уйга келмаганидан бағоят хурсанд бўлдим. Чунки унда инсоннинг ички кечинмаларини англайдиган, дардини тушунадиган туйғу йўқлигини, инсон қиёфасидаги маҳлуқ эканини кўриб турардим.
Яквалхўжаев интервью учун кела олмай қолгани сабаби бўйича Муҳаммад Бекжонга ҳам, менга ҳам ҳеч нарса демаганиданоқ унинг ўта масъулиятсиз киши эканини тушунгандим.
Ушбу кўнгилсиз воқеадан кейин "Озодлик" мухбири Темурхўжа акага бир неча марта интервью бердим. У кишида кибрдан асар ҳам йўқ. Самимий, ҳар кимнинг дардини эшита олиш лаёқатига эга. Керак бўлса, гап орасида суҳбатдошига тассалли беришни ҳам унутмайди. Хуллас, тасодифан даврамизга келиб қўшилган Яквалхўжаевга "Сен ҳам одаммисан" дегандай қаҳр билан қарадим-да даврадан узоқлашдим.
Танаффус тугади.
Залга кирдик.
Кўп ўтмай эшик очилиб, залга озодлик ва миллат ғамига бағишланган қўшиқлари билан халққа танилган жасур хонанда Дадахон Ҳасанов кириб келди.
Иштирокчилар хонандани қарсаклар остида кутиб олди.
Мен Дадахон Ҳасановнинг қўшиқларини севиб тинглардим, бироқ умримда ўзини кўрмагандим. Қисқаси, энг севимли хонандаларимдан бири эди. Қурултойда бошқа кишиларни шахсан кўриш билан бирга Дадахон Ҳасановни ҳам кўришга муваффақ бўлдим.
Танаффусдан кейин "Эрк" партиясининг нашри бўлмиш "Эрк" газетасининг бош муҳаррири Иброҳим Ҳаққул сўзга чиқди. (Иброҳим Ҳаққул Бухоро вилоятида туғилган. Филология фанлари доктори).
У минбарда ўзининг қандай қилиб судга тортилганидан то кимлар томонидан сўроқ қилингунигача бўлган воқеалар, газетада эълон қилинган мақолалар, яна алланималар ҳақида бир соатга яқин гапирди.
Овози эртак айтаётган одамнинг овозига ўхшарди. Шундан бўлса керак, залдагиларнинг кўпчилиги ухлаб қолишига бир баҳя қолди. Мен ҳам ўзимни худди аудиторияда ўтирган талаба каби ҳис қилдим. Рости, жуда уйқум келди. Иброҳим Ҳаққулнинг маърузаларини тинглайдиган талабаларга балли-балли дедим.
Муҳит зерикарли ва маҳзун ҳолатга келган бўлса ҳам нотиқ на гапини ва на дардини тугатишга шошилмасди. Иброҳим Ҳаққуллов маърузасини тугатганда залда ўтирганлар бир депсиниб, енгил нафас олди...
Қурултойда "Эрк" демократик партиясининг матбуот котиби Дилором Исҳоқова ва Партиянинг Тошкент шаҳар бошқармаси котиби Ҳамидулла Нурмуҳаммадлар кўринмади. Лекин Абдулҳай Абдумавлонов бор эди.
Мен Партиянинг кўзга кўринган вакиллари Қурултойда иштирок этамаётганидан ҳайрон бўлдим. Чунки куни кеча Дилором опа Ойгулнинг "Эрк" партиясига аъзо бўлганидан қувонганди. Сафимиз яна бир кишига кўпайди деб шодланганди. Бугун эса унинг ўзи Қурултойда қатнашмаяпди. Ахир Партия матбуот котибининг Партияга таааллуқли анжуманда иштирок этмаслиги ғалати эмасми? Мана шу савол қурултой ўтаётган вақт ичида хаёлимни тарк этмади. Бироқ сўзга чиққан "Эрк" демократик партиясининг Самарқанд вилояти бош котиби Сулаймон Муроднинг билдиргисидан кейин кўнглим ором топди. (Бир оғиз Сулаймон Мурод ҳақида. У Самарқанд вилояти Қўшработ туманидан. Физика-математика фанлари номзоди, доцент. Самарқанд давлат университетида ишлаган. 2000 йилнинг бошларида Америка Қўшма Штатларидан сиёсий бошпана олган. 2007 йилда АҚШда вафот этган. Домланинг руҳи шод, охирати обод бўлсин). Сулаймон Мурод минбарда ўзининг кеча Самарқанддан келганини, Дилором опанинг уйига борганини, Дилором опанинг Қурултойга албатта боришини айтганини, бироқ 25 сентябрь куни эрталаб Дилором опанинг уйи атрофини "чақирилмаган меҳмонлар" – Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ўраб олиб, унга кўчага чиқишга изн бермаганини, уй қамоғида сақлаганини маълум қилди.
Шунингдек, "Эрк" партиясининг Тошкент шаҳар бош котиби Ҳамидулла Нурмуҳаммад ҳам уй қамоғида қолаётганини билдирди. (Ҳамидулла Нурмуҳаммад Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Халқ хўжалиги институтида доцент).
Домла Сулаймон Мурод ўз нутқида ҳаётида биринчи марта МХХ ходимларига рўпара келганини айтаркан, уларнинг ўзи билан ниҳоятда қўпол муамала қилганига, тарбиясиз ва маданиятсиз инсонлар эканига алоҳида урғу берди, шу билан бирга, бундай каслар билан учрашиб, ҳайратга тушганини ҳам маълум қилди. – Бундай тарбияни улар қайси ота-онадан олди экан? деб залдагиларга юзланди.
Гарчанд мен Самарқанд давлат университетида таҳсил олган бўлсам ҳам у ерда домла Сулаймон Муродни ҳеч кўрмаган ва у ҳақида эшитмаган эканман. Домлани қурултойда биринчи марта кўраётгандим. Домланинг залдагиларга қарата айрим тарбиясизларга доир берган саволига ўтирган жойимда хаёлан жавоб бердим.
– Эҳ, домлажоним, - дедим. – Сиз бу соҳада ишлайдиган айрим касларнинг фақат номига одам эканини, аслида эса ваҳший ҳайвондан фарқи йўқлигини, сут ўрнига заҳар эмган маҳлуқлигини билганингизда, яқиндан таниганингизда, уларга ишингиз тушганида эди, ҳеч қачон ҳайратланмаган ҳамда ўртага бундай савол ташламаган бўлардингиз.
Бу ваҳший кўппакларнинг юзини оддий инсонлар ҳеч қачон кўрмай қўя қолсин, ўлганларида ғассол кўрсин! На миллати, на эътиқоди ва на динининг тайини бўлмаган бундай шахслардан инсонийликни кутишнинг ўзи ортиқча. Рости, бу фикрларимни ўрнимдан даст туриб, шарт-шарт айтгим ҳам келди, бироқ мавриди эмасди.
Сулаймон Муроддан кейин микрофонни Отаназар ака қўлга олди.
У "Эрк" партиясининг Қашқадарё вилояти бош котиби бўлиб ишлаб келаётган Самад Муродни "Эрк" демократик партиясининг республика Бош котиби лавозимига тавсия қилди.
Очиғи, мен Самад Муродни қурултойда учратаман деб ўйламагандим. Унинг ғўдайиб ўтиришини кўриб, кулгим қистади. Наҳотки, Партия сафида Бош котиб бўлиб ишлашга лойиқ шундан бошқа одам йўқ бўлса? деган фикр миямга келди.
Мен Самад Муродни 1989 йилдан бери танирдим. Шу йилнинг сентябрь ойида Тошкентдаги Ўзбекистон ёзувчиларининг "Дўрмон" боғида бўлиб ўтган "Ёш ижодкорлар" семинарида Самад Мурод ҳам қатнашганди. Ўшанда у Қашқадарё вилоятида чиққадиган қайсидир газетада мухбир бўлиб ишлашини айтганди.
Қўлидан эскириб кетган портфелини ҳеч ташламаслиги, юрган пайтида туяга ўхшаб лўккилаб юриши билан ҳамманинг диққатини ўзига тортганди. Албатта, гап унинг эски портефели ёки туяга ўхшаб лўкиллаб юришида эмас, ўзини тутишида эди. Самад Мурод эса кўпчиликнинг олдида ўзини қандай тутишни яхши билмасди. Ўзига ҳаддан зиёд бино қўйган, сувга ботмайдиган ўпка каби қалқиб турадиган бу киши бирортамиз ким биландир гаплашиб қолсак йўқ ердан пайдо бўлиб қоларди ва суҳбатимизга қулоқ солиб турарди.
Унинг бу қилиқлари ҳеч кимга ёқмасди. Шундан кейин бирортамиз ким биландир суҳбатлашмоқчи бўлсак аввал Самад Муроднинг бор-йўқлигини билиш учун ён-атрофимизга назар ташлардик, йўқ бўлсагина бамайлихотир суҳбатлашардик.
Хуллас, манманлиги боис ҳамма ундан ўзини олиб қочарди. Чунки у ўзини ижодкор эмас, махсус маҳкама ходими каби тутиб, кўпчиликда шубҳа уйғотарди. Шу сабабли ёзувчи Мамадали Маҳмудов билан уюштирилган яширин кечага ҳам Самад Мурод таклиф қилинмаган эди.
Ўшанда семинар иштирокчилари Самад Муродга "Портфель" деб лақаб қўйишганди. Мен уни орадан тўрт йил ўтгандан кейин "Эрк" демократик партияси қурултойида кўриб турибман.
Отаназар ака томонидан Самад Муродни "Эрк" партиясининг Бош котиби лавозимига номзод сифатида тавсия қилинганига доир хабар эълон қилингандан кейин "номзод"нинг эски портфели ёдимга тушди.
Бу киши "Эрк"ни ўзининг портфелига жойлаштириб, МХХнинг қўлига қўш-қўллаб топширмаса бўлгани деган хаёл миямга ханжар каби санчилди. Ушбу тавсиядан кейин ўрнимдан даст туриб, номзод ҳақида ўз фикримни айтай дедиму, лекин мен бор-йўғи "Эрк" партиясининг оддий аъзоси бўлсам, менинг фикримни ким ҳам эшитади, деб сукут сақлашга қарор қилдим.
Бундан ташқари, Отаназар ака ҳам Самад Муродни Бош котибликка дабдурустдан эмас, кимларнингдир буйруғига кўра тавсия қилаётганини, буйруқбоз Ўзбекистонда қамалиб қолишдан қўрқиб, қочиб кетган сургундаги раис Муҳаммад Солиҳ бўлиши мумкинлигини ҳам тушунардим.
Шу тариқа, фикрим инобатга олиниши амримаҳоллигини, номзодни мендан кўра яхши биладиган инсонлар борлигини билиб ёпган оғзимни очмай қўя қолдим.
Кутилганидек, ҳамма Самад Муроднинг номзодини қўллаб-қувватлади. Мен фикримдан қайтмаган ҳолда қарши овоз бердим. Шундан кейин ҳукуматга сотилган Аҳмад Аъзамдан қолган бўш ўринга Самад Мурод номзоди тасдиқланди ва у Бош котиб бўлиб тайинланди.
Қурултойда емаган сомсасига пул тўлаб, қамоқхонада қон ютиб ўтирган "Эрк" партиясининг аъзоси Сафар Бекжоннинг номи тилга олинмагани менга қаттиқ алам қилди.
Шу пайтгача, "Эрк" партиясининг бирорта аъзоси ҳолимдан хабар олмагани, "Алаканинг ити"дек изимдан изқуварлар тун-кун санғиб юрганида далда бўлмагани ўз йўлига, қурултойда гўёки, мазкур партияда Сафар ака ҳеч қачон ишламагандай ҳеч ким эсламагани нафратларимни жунбушга келтирди. Шу боисдан мени "Эрк"нинг келгуси тақдири унчалик саросимага солмади. "Эрк" партиясининг жиловини кимнинг қўлига топширганларини, йўл қўйган хатоларини вақти келиб англаб етади, деб совуқ муносабатда бўлдим.
Ҳа, айтганча, Қурултойда мени "Эрк" партиясининг Тафтиш комиссияси раиси қилиб сайлашди. Менинг номзодимни Партиянинг Самарқанддан келган аъзолари илгари суришди. Уларнинг мени Тафтиш комиссияси раиси қилиб сайлашига профессор Шоди Каримов жўшқин нутқ ирод қилаётганда шар каби шишган гапларига чидай олмай ўрнимдан туриб фикрига эътироз билдирганим сабаб бўлган бўлиши керак.
Қурултойда яна нималардир муҳокама қилинди. Сўнгра "Эрк" партиясининг Марказий қўмитасига номзодлар тайинланди. Шу билан Қурултой тугади.
Сиз бу уйдан чиқиб кетишингиз керак
Қурултойдан Ойгул билан ҳорғин ҳолда уйга қайтдик.
Қурултойдан кейин икки кун ўтгач, дарвозамизни кимдир тақиллатди. Ойгулнинг ўқишдан қайтадиган вақти бўлмаганди. Ким экан? деб хавотир аралаш дарвозани очсам, эшик олдида Самад Мурод ва Отаназар Орифовлар турибди. Ҳайрон бўлдим.
Аввалига янги Бош котиб Сафар аканинг ҳолини сўрагани алоҳида келган бўлса керак, деган ўйга бордим.
Уйга таклиф қилдим, киришди.
Ўзаро салом-аликдан кейин чой дамлаб келдим.
Отаназар ака яна бир бор Сафар ака масаласида янгилик бор-йўқлигини, унинг, кейин Жалолиддиннинг соғлигини сўради.
Мен саволларига жавоб бериб, ҳозирча ҳеч қандай янгилик йўқлигини айтдим.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Отаназар ака ўнғайсиз аҳволда, лекин дабдурустдан менга қараб: – Сиз бу уйдан чиқиб кетишингиз керак экан, бу ҳақида менга кеча кечқурун раис телефон қилиб айтди" - деди. Ҳайрон бўлдим.
– Қаерга, деб сўрадим.
– Ё эски уйингизга ёки ота-онангизнинг олдига қайтишингиз керак экан. Раис айтди.
– Раисингиз ўтирган ерида менга буйруқ берадиган ким бўлибди шунча? Менга раисингизнинг телефон рақамини беринг, у билан ўзим гаплашаман.
– Йўқ, рақамини беролмаймиз.
– Унда менга буйруқ бермаслигини айтиб қўйинг. Бу уй "Эрк" партиясининг уйи. Ё Солиҳ ака ўз шахсий пулига сотиб олганми?
– Йўқ.
– Унда нимага буйруқ беради?
– Ахир Самад Мурод қашқадарёлик. У Тошкентга қатнаб ишлай олмайдику?! Бу уй эса марказда, "Эрк" партиясининг идорасига яқин. Қолаверса, бу уй катта. Самаднинг ёш болалари бор.
Тошдай қотиб қолдим. Бу гапларни Солиҳ ака айтганига, уни менга Отаназар ака етказаётганига асло ишонгим келмади.
– Отаназар ака, ўйлаб гапиряпсизми? Сафар ака қамоқда бўлса, мен қўлимдаги кичкина бола билан қаерга бораман?
Хуллас, чақирилмаган меҳмонлар уйга "Эрк" партиясининг раиси жаноб Муҳаммад Солиҳнинг топшириғи, унинг мени уйдан чиқариб юборишга доир буйруғини бажариш бўйича келибди...
Отаназар Орифов билан Самад Мурод кетгандан кейин кўз ёшимга беихтиёр эрк бериб ҳувиллаган ҳовлида бўғилиб қолавердим.
Энди нима қиламан, деган саволга ҳеч қаердан жавоб топа олмасдим. Сафар аканинг қамоқда қолаётганидан азоб чекаётганим, ҳар бир қадамим МХХчилар томонидан текширилаётгани етмаганидек, энди "Эрк" партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ томонидан ҳаётимга яна бир даҳмаза қўшилди.
Бу кутилмаганда пайдо бўлган ташвиш, аниқроғи, Муҳаммад Солиҳнинг "мен туфайли Сафарнинг хотини тортаётган азоблар кам, мен ҳам МХХдаги дўстларимдан қолишмай битта тош олиб, Қурбонойнинг бошини ёришдан четда қолмай" деган мазмундаги ҳаракати мутлақо ортиқча эди.
Дардларим исканжасида орадан қанча вақт ўтганини билмай қолибман. Бир вақт дарвоза очилиб, ҳовлига Ойгул кириб келди. Ойгул менинг кўз ёшларимни кўриб қўрқиб кетди.
– Нима бўлди, нега йиғладингиз?
Унга бўлиб ўтган воқеаларни айтиб бердим. Дардларимни достон қилдим. Бошимга тушажак бундай фалокатни билганимда бу уйга ҳеч қадамимни қўймаслигимни, Сафар акага "кўчсангиз ўзингиз кўчаверинг, мен эски уйда яшайвераман", деб айтишимни кўзимда ёш билан гапирдим.
– Шунга ҳам шунчалик йиғлайсизми, ҳеч хафа бўлманг, бир гап бўлар.
– Нима ҳам бўларди, бу уйдан аниқ кўчиб кетишим керак экан.
– Агар кўчишга мажбур қилишса укамга айтаман (Ойгулнинг укаси Тошкентдаги институтлардан бирида кечки бўлимда ўқирди), у Тошкентда яшаётган ҳамқишлоқларимизни олиб келиб, сизга ёрдам беришади. Машинани ҳам ўзлари топишади, ҳайдовчига ҳам пул беришади. Сиз эса, кўп хафа бўлаверманг.
– Раҳмат, дедим кўзда ёш билан. – Яхшиямки, сен борсан, ҳамқишлоқларим бор, бўлмаса нима қилар эдим?! Ҳамқишлоқларим кўчишимга ёрдам беришса, қарзга пул бериб турса кейин мен онамдан олиб қарзимни узаман.
Ҳа, Ойгулнинг гапларидан кейин кўнглим бироз тинчланди.
– Кўчсам кўчиб кетавераман, дедим.
– Бу уй Муҳаммад Солиҳ билан Самад Муроднинг бошида қолсин!
Сўнг, Ойгулга Сафар аканинг Партия учун, Муҳаммад Солиҳ учун елиб-югуриб қилган хизматлари ҳақида гапириб бердим. Муҳаммад Солиҳ президентликка номзодини қўйган пайтида, 1991 йилнинг декабрида эндигина туғруқхонадан чиққан мен билан ҳали чилласи чиқмаган Жалолиддинни ёлғиз ташлаб, ҳамма нарсани унутиб, сайлов компанияси тарғиботи учун Хоразмга кетганини, оила аъзоларини, ўзини ўйламай тинимсиз ишлаганини алам билан сўзлаб бердим. Сафар ака қамалгандан кейин "Эрк" партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ ва бошқа бирорта аъзоси ақалли бирон марта телефон қилиб ҳолимни сўрамаганини нафрат билан гапирдим.
Муҳаммад Солиҳнинг уйни гўё ўзининг шахсий пулига олгандек мени ҳайдаб чиқаришга уринаётгани учун унга, шоирлигига лаънатлар ёғдирдим. Уйни Муҳаммад Солиҳ шахсий пулига сотиб олмаганини, "Эрк" партиясининг пулига олинган уй эканини, бу ҳақида менга Сафар ака гапириб берганинигача қолдирмай баён қилдим.
Ўқишдан чарчаб келганига қарамай Ойгул дардларимни қунт билан эшитди. Унга Сафар аканинг ана шу партияни деб қамалиб қолгани қаттиқ таъсир қилди. Чунки Ойгул жиноят иши фақат Сафар акага эмас, бир вақтнинг ўзида Муҳаммад Солиҳга ҳам очилгани, Муҳаммад Солиҳ ширин жонини авайлаб, Туркияга қочиб кетгани учун барча оғирлик, барча юк Сафар аканинг зиммасига тушгани, "ўғирланган танга" эса шунчаки бир баҳона эканига оид гапларимнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етганди.
– Бу уйда Сафар ака қамоқдан чиққунича яшаб турсам остонаси ейиладими ёки эшиклари синиб кетадими, - дедим Муҳаммад Солиҳнинг буйруғини етказган Отаназар аканинг гаплари ҳовуридан ҳалигача ўзимни босолмай.
Ойгул эса мени юпатиш, далда бериш билан андормон.
Аммо алал-оқибат Ойгулнинг сўзлари таъсирида тақдирга тан бериб, айтган кунлари кўчиб кетаверишимни билдирдим.
Ойгул менинг кайфиятимни кўтариш мақсадида курсдошлари орасида бўлиб ўтган қизиқарли воқеаларни гапириб бериб, роса кулдирди...
Орадан икки кун ўтгандан кейин кечқурун Ойгул билан бирга ош дамлaб, энди сузмоқчи бўлиб турган маҳалда кимдир дарвозани тақиллатди. Мен Ойгулга, Ойгул менга қараб бирга ҳовлига чиқдик.
Дарвоза эшигини очсак, остонада Отаназар ака турибди.
Ҳайрон бўлдим. Одатда Отаназар ака ҳеч қачон уйга бир ўзи келмас эди. Боз устига кечки пайтда келмасди. Ё Муҳаммад Бекжон ёки Дилором Исҳоқова билан, агар одам топмаса Мақсуд Бекжон билан бирга келарди. (Мақсуд Бекжон Муҳаммад Солиҳнинг энг кичик укаси. Хоразм вилоятининг Янгибозар туманида туғилган. Ҳозирги кунда Норвегияда яшайди.)
Бу уйга эртага Самад Мурод кўчиб келади, сиз уйни тезроқ бўшатинг, деб айтгани келдимикан, деган хаёл кўнглимдан ўтди. Бироқ кўнглимдан ўтган совуқ фикрни кўзимда акс эттирмасликка ҳаракат қилиб, бутун гинамни ичимга ютиб, Отаназар акани худди ҳеч нима рўй бермагандек кутиб олишга ҳаракат қилдим.
Ўзаро салом-аликдан кейин Отаназар акани уйга таклиф қилдик.
Уйга кириб дастурхон четида ўтиргандан кейин фотиҳа ўқиди. Отаназар ака Ойгулни "Эрк" партияси қурултойида ҳам кўрганди. Бироқ кўпчиликнинг орасида яқиндан таништиришнинг имкони бўлмаганди. Уйда бемалол таништирдим. Ойгулнинг қишлоқдошим эканини, рус тили фани ўқитувчимнинг қизилигини, Тошкент давлат маданият институтида сиртқи бўлимда ўқишини, сессияга келганини, партиямизга аъзо бўлганини айтдим.
Отаназар ака Ойгул билан танишганидан, унинг партиямизга аъзо бўлганидан қувонди.
Ошни сузиб келдик. Мен Отаназар акага қараб: фақат Хоразм паловидан еявермай Беруний паловидан ҳам татиб кўринг дедим. Ош дадам бериб юборган Қорақалпоғистон гуручидан тайёрланганига урғу бердим. Ҳазиллашиб, паловни еб бўлгандан кейин Беруний паловининг Хоразмча паловдан фарқи бор-йўқлигига, маза-матрасига баҳо беришини айтдим.
Отаназар ака ош еяётган пайтимизда: – Қурбоной, шеър ёзасизми, - деб сўради. Самад Мурод мен ҳақимда Отаназар акага "Ёш ижодкорлар"нинг Дўрмонда бўлиб ўтган семинарида танишганини, шоиралигимни айтибди.
– Йўқ, шеър ёзмайман, лекин шеърият шайдосиман, - дедим ҳамда Самад Мурод билан семинарда танишганимни тасдиқладим.
Семинарга Самарқанд давлат университетида сабоқ берган устозим, филология фанлари доктори Абдурашид Абдураҳмоновнинг тавсияси билан борганимни билдирдим.
Сўнг Отаназар акага қараб, кўтаринки руҳда бир вақтлар: "Ер миннатдор бўлса босаман", деб юрган чоғларимни, ўзим ҳоқон, кўланкам султон бўлиб яшаганимни, мени абгор, адои тамом бўлган ҳолатда кўриб турганини айтдим.
– Хафа бўлманг, Худо хоҳласа, бу кунларингиз ҳам ўтиб кетади. Сафарбой тез кунларда чиқиб қолса, бу ёмон кунларнинг ҳаммасини унутасиз, - деди.
– Айтганингиз келсин!
Отаназар ака паловни еб бўлгандан кейин Жалолиддинни бир оз эркалатиб ўйнатди. Сўнгра уйимизга Самад Муроднинг бошига тушган фалокатни айтиш учун келганини таъкидлади.
Мен бу ҳақида "Озодлик" радиосида эшитган бўлсам ҳам Отаназар акадан нима бўлгани ҳақида такрор сўрадим.
– Самад уйига кетаётганда йўлда унинг машинасини беш-олти одам тўхтатиб, қўл-оёғи ва кўзини боғлаб, темир арматура билан жуда ёмон уриб, жуда қаттиқ калтаклаб, абжағини чиқариб, ахлатхонага ташлаб кетган. Ҳозир касалхонанинг жонлантириш бўлимида кома ҳолатида, оғир аҳволда ётибди. Мен кутилмаган совуқ хабарни эшитиб, севинишни ҳам, ачинишни ҳам билмай қолдим. Рости, Самад Муроднинг икки-уч кун олдинги ҳаракатларидан қаттиқ норози бўлгандим, бироқ "Самад Муродни МХХнинг ялоқхўрлари арматура билан уриб, пачоғини чиқартирсин" деб ният қилмагандим.
– Аллоҳ шифо берсин, дедим.
– Жуда оғир аҳволда, - деди Отаназар ака яна бир бор.
Отаназар аканинг ушбу таъкидидан кейин воқеа ҳақида, Самад акани бийдай даладан қандай қилиб касалхонага олиб борилгани, ёнида кимдир бўлган-бўлмагани хусусида ўсмоқчилаб сўрадим.
– Йўқ, ёнида ҳеч ким бўлмаган. Тун бўйи ахлатхона ёқасида қолиб кетган. Тонг отганда ахлат ташлагани келган одамлар кўриб қолиб касалхонага олиб борган.
Рости, Самад Мурод ҳақидаги совуқ хабарни кундуз куни "Озодлик" радиоси орқали ҳам эшитгандим. Бироқ унчалик ишонмагандим. Уни ҳатто Ойгул билан муҳокама ҳам қилгандик. Бу хабарни Отаназар аканинг оғзидан эшитганимдан кейин тўлиқ ишондим. Аммо қўлимдан ҳеч нарса келмас эди. Суҳбатимиз сўнгида Отаназар акадан Самад Мурод яхши бўлгандан кейин "Эрк" партияга қайтиб, Бош котиб лавозимидаги ишини давом эттириш-эттирмаслигини, Тошкентга кўчиб келиш-келмаслигини сўрадим.
– Уни аниқ билмаймиз, ҳозирча сиз кўчиб кетишга тайёргарлик кўрмай туринг, сизга шу ҳақида айтгани келгандим, - деди.
Отаназар акани кузатганимиздан кейин Ойгул менга қараб: – Сизнинг қийин аҳволдалигингизни кўриб-билиб туриб, устига устак йиғлатиб кетгани, сизга шундай муносабатда бўлгани учун Аллоҳ жазосини берибди, бадтар бўлсин, - деди.
Ойгулнинг фикрини қўллаб-қувватладим. Қўллашимга Самад Муроднинг бошимга тушган кўргуликларни кўриб туриб, устимдан масхара қилгандай мени кўчага ҳайдаб, мен яшаётган уйга кўчиб келишга уриниши сабаб бўлди.
Агар у Сафар акани олдиндан танимаганда бу ҳаракатларидан хафа бўлмасдим. Бегона бегоналигини қилади, деб қўярдим. Бироқ улар бир-бирини олдиндан яхши таниган, Сафар ака дастурхонидан туз тотган одам эди. У эса мутлақо бошқа йўл тутди. "Эрк" партиясининг асосчиларидан бири бўлган, қамоқда азоб чекаётган Сафар аканинг оиласига маънавий ёрдам бериш ўрнига унинг хотини ва боласини кўчага ҳайдаб чиқартирмоқчи бўлди.
Ушбу воқеадан бир ҳафта ўтгандан кейин уйга Дилором Исҳоқова келди. У МХХ ялоқхўрлари Самад Муродни арматура билан қандай тарзда жазолаганини очиқ-ойдин айтиб берди.
Даҳшатли воқеани эшитиб, тош каби қотиб қолдим.
Ўшанда Отаназар аканинг "темир арматура билан жуда ёмон урган" деган гапни бошқача ваҳима-ю минг бир истеҳола билан айтиши замирида нималар ётгани шундагина миямга етиб келди. Бундай кўргуликларни душманимга ҳам раво кўрмайман.
1993 йилнинг кузида рўй берган ўша кўнгилсиз воқеадан кейин Самад Мурод "Эрк" демократик партиясидан то 2000 йилгача узоқлашиб кетди. 2000 йилнинг куз фасли замҳарир тунида сиёсат саҳнасида қайта пайдо бўлди. Муҳаммад Солиҳнинг буйруғини бажариш учун юзи заррача қизармай, мен яшаб турган уйга мени ҳайдаб чиқиш учун келган, азалдан МХХнинг ялоқхўри бўлган Самад Мурод бу сафар сиёсат саҳнига хўжаси Муҳаммад Солиҳнинг "кетини очиш" учун қайтиб келди...
Биз яшаётган уйга Самад Муроднинг кўчиб келиши билан боғлиқ ишлар, гап-сўзлар ва бўлиб ўтган воқеалар таъсирида тушкунликка тушиб қолганим боис терговчи Ҳусан Аҳмедовга телефон қилишни, Сафар аканинг аҳволини сўрашни унутиб қўйибман. Орада бир ҳафта-ўн кунлик узилишдан кейин Ҳусан акага телефон қилгандим, эртага тушдан кейин ишхонасига боришимни, бафуржа гаплашишини айтди.
Жалолиддин... Сафар оға...
"Эрк" партиясининг қурултойи бўлиб ўтишдан олдин Ҳусан Аҳмедов адвокат билан биргаликда Ўзбекистон Олий суди раиси номига Сафар акани "Тилхат" эвазига озод қилиш бўйича илтимоснома ёзган эдилар.
Мазкур илтимосномага Ўзбекистон Олий суди қандай жавоб берганига доир саволимга Ҳусан аканинг телефонда жавоб бермай "бафуржа гаплашиш"га таклиф қилиши тун бўйи ўйланиб чиқишимга, ҳар хил хаёлларга боришимга сабаб бўлди.
Тонгни аранг оттирдим.
Туш пайтида Жалолиддинни кўтариб, терговчи Ҳусан Аҳмедовнинг ишхонасига бордим.
Ички телефондан Ҳусан акага келганимни билдиргандим, беш-ўн дақиқада чиқишини, кўчада кутиб туришимни айтди. Терговчининг беш-ўн дақиқаси сал кам бир соатга чўзилди.
Куз қуёши тафти ёз чилласи иссиғидек инсоннинг мадорини қуритмаса ҳам кимнидир боғланган ит каби бир ерда соатлаб кутиш осон иш эмас. Буни кутиб-кутиб чарчаганлар, на орқага кетиш, на кетмасликни билмай, оёғига тош боғлангандай бир ерда депсиниб турганлар яхши билишади.
Жалолиддин лоҳасланиб, хархаша қила бошлади.
Савлатидан от ҳуркайдиган Ички ишлар вазирлигининг баҳайбат биноси олдига келувчилар учун ҳеч бўлмаса бир ўриндиқ ҳам қўйишмаган. Болалар майдончаси ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Боз устига Жалолиддинга сувми ёки бирорта ширинликми сотиб олиб берай десам яқин атрофда сув ва егулик сотадиган бирорта кичик дўконча ҳам йўқ.
Тоқатим тоқ бўлиб, бор-ей, кетаман, деб йўлга шайланаётганимда Ҳусан Аҳмедов чиқиб келди.
Менинг ҳорғин ҳолатимни, Жалолиддиннинг кўзларидаги ёшни кўриб, шунча вақт кутдириб қўйганидан ҳижолат бўлиб, кечирим сўради.
Мен гапни чўзиб ўтирмай, Сафар аканинг соғлигини сўрадим. Турқи совуқ, файзсиз бинога "Алаканинг ити"дек келиб-кетишимга қачон чек қўйилишини айтиб ҳасрат қилдим.
Асабларим таранглашганидан адолатсизликларини яна ва яна юзига босдим. Китобларда "жинояти исботланмаган шахс 3 кундан ортиқ терговхонада қолиши мумкин эмас", деб отнинг калласидек ёзиб қўйилганини, бироқ бу қонунга ўзлари ҳеч қачон амал қилмаслигини, Сафар аканинг 3 кун эмас, 3 ойдан кўп вақтдан бери зиндонларида сақлаётганини айтиб ёзғирдим.
Ҳусан ака нима деб жавоб беришини билмай саросимага тушди. Унинг сукут сақлаганидан менинг жаҳлим бадтар чиқди.
– Бирор нима денг, фалон куни чиқади деб айтинг, дедим беихтиёр овозимни баландлатиб.
Жавоб бермагач, Олий суд раиси номига ёзилган хатдан жавоб олган-олмаганини сўрадим.
– Беришди, лекин сизу биз кутган жавоб эмас, деди мунгли.
– Начора, яна озгина сабр қилишингизга тўғри келади, бир куни ҳаммаси яхши бўлади.
– Қачон? Туянинг думи ерга теккандами?
– ...
– Сафар Жалолиддинни сўради, - деди терговчи, ўртага тушган жимликни бузиб.
– Жалолиддин яхши, катта бўлаяпти, лекин дадасини соғиган. Сафар акани яқин кунлар ичида кўрдингизми, - дедим аламимни ичимга ютиб.
– Кўрдим, ҳаммаси яхши, хавотир олманг.
– Ўз кўзим билан кўрмагандан кейин гапингизга ишонмай нима қиламан. Берадиган овқатлари тузукми, Сафар аканинг ошқозонида муаммоси бор эди.
– Соғлиги яхши, хавотир олманг.
– Яхши деб мени алдаётгандирсиз, ёлғон гапирмаётганингизни қаердан биламан?
Ҳусан Аҳмедовдан ҳеч қандай садо чиқмади. Сўнг: – Сафар иссиқ кийим-кечак сўраяпти, олиб келсангиз бериб қўяман, - деди.
– Яхши қачон олиб келай?
– Уч кундан кейин олиб келинг.
– Озиқ-овқат ва дори-дармон ҳам олиб келайми?
– Йўқ.
– Сафар акани кўрсангиз салом айтинг. Биздан хавотирга тушмасин, биз яхшимиз. Ҳозараспдагилар ҳам яхши, улар ҳам салом айтишди. Ўзини эҳтиёт қилсин.
– Хўп, Қурбоной, ҳамма гапингизни етказаман.
– Раҳмат.
Ҳусан Аҳмедов билан хайрлашиб, кўзимда ёш, кўксимда кимга отишни билмаган сон-саноқсиз оғир тош билан уйга қайтдим.
Қани эди, Сафар акани туҳмат қилиб қаматган инсон қиёфасидаги иблисни кўрсаму болта билан тилка-пора қилиб чопиб ташласам.
Ҳаво ҳарорати ҳам кечки пайт бўлгани учун анча салқинлашган эди. Аксига олиб, Жалолиддинга жемпир ҳам олмаган эканман. Анча совқотди. Шамоллаб қолмасин деб, жоним ҳалак бўлди.
Метрога шошилдим. Бахтимга метро кўп куттирмай, вагонларини тарақлатиб тез орада келди. Шу тариқа қоронғу тушмасдан уйга етиб келдим.
Ойгул мендан орқама-орқа ўқишдан келди.
У менинг афтадаҳол ҳолимни кўриб, кўнглимни кўтариш истагида курсдошлари ўртасида бўлган қизиқ воқеаларни айта кетди.
Ўлганнинг кунидан тишимнинг оқини кўрсатиб кулимсирадим. Сўнг шоир Баҳром Рўзимуҳаммаднинг шеър китобини сотишганини айтиб, китобни қўлимга тутди.
Ойгул менинг бадиий китобларни яхши кўришимни, айниқса, шеър деса ўзимни томдан ташлашимни жуда яхши биларди.
Кўпдан бери ўқимаган Баҳром Рўзимуҳаммаднинг китобини қўлимга олиб, Ойгулга унинг кўп шеърларини жуда яхши кўришимни синиқ табассум билан гапира кетдим. Чунки кўнглимга унчалик шеър сиғмай турганди. Бироқ ўзимдаги кайфиятсизликни Ойгулга ҳам тортиқ қилмаслик мақсадида китобнинг дуч келган саҳифасини очиб, шеър ўқий бошладим.
Шеърни ўқирканман, бошимга тушган фалокатни, юрак-бағримни чағиртиканак каби тимдалаб турган дардларни, бу ёруғ дунёда бошимга қандай ҳасратлар тушган бўлса ҳамма-ҳаммасини бир пасда унутдим. Дарҳақиқат, "Адабиёт – атомдан кучли", деган адиб минг бора ҳақли экан.
Ҳа, шеър менга оламшумул завқ ато этди. Ўзимни бу ёруғ оламда танҳо, шоирнинг мисраларини зебодек ҳис қилдим. Баҳром Рўзимуҳаммаднинг бетакрор шеърий сатрларидан сармаст бўлиб, дунёни, унинг ташвишларини унутдим.
Шу онда кўзимга бу ёлғон дунёда мену, қалбимни асирага айлантирган сеҳрли сатрларгина бордек кўринди. Бироқ, афсуски, ҳаёт фақат шеърдан иборат эмасди...
Саноқли кунлар тез ўтади, деганларидай, терговчи Ҳусан Аҳмедов айтган 3 кундан кейинги кун ҳам кўз очиб юмгунимча етиб келди. Битта кичикроқ сумкага Сафар аканинг янги кийимларини жойлаштирдим. Кийимлари орасига 5-6 сўм солгим келди, бироқ фикримдан қайтдим. Текширса Сафар аканинг бошига балолар ёғдиришидан қўрқдим.
Мен яшайдиган уйдан Ҳамид Олимжон метро бекати анча узоқ эди. Бир қўлимда сумка ва бир қўлимда Жалолиддинни кўтариб, бир амаллаб метрогача етиб бордим ва бекат ичига кириб, ҳадемай манзилимга етиб бордим.
ИИВ биносига келиб, эшикда ўтирган қоровулга терговчи Ҳусан Аҳмедовга телефон қилишим кераклигини айтдим.
Рухсат берди. Гаплашдим.
Ҳусан Аҳмедов олдинги сафаргидек соатлаб кутдириб қўймай тез орада чиқди.
Саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин у мени ўтган сафар Сафар акага озиқ-овқат олиб келганда борган жойим – бинонинг орқа томондаги эшигига юборди. – Ўша эшикни унутиб қолмадингизми, деб сўради. Мен эса эшикни ҳам, лаънати барзанги корейс хотинни ҳам унутмаганимни айтдим.
– Қанақа хотин? деди менимча, "лаънати" деган сўзимга шаъма қилиб.
– Қанақа бўларди, ўша эшикка боғлаб қўйган "ит"ларингизда, инсон қиёфасига кирган алвасти корейс хотин дедим, лаънати деган сўздан ҳам "жимжимадорроқ" қилиб. – Ўша куни Сафар аканинг қўрқинчли машина ичидан Жалолиддин деб бақирган овози ҳалигача қулоғим тагида жаранглайди. Ўшанда ўша барзанги хотин мени бор кучи билан қучоқлаб, турган жойимдан қимирлатмай қўйганди. Бўлмаса ўзимни ва боламни машинанинг тагига ташламоқчи эдим. Сизларнинг сансалорликларингиздан, заҳматларингиздан бир йўла қутулардик.
Ҳусан ака менинг нафратомуз гапларимга жавоб бермади. Мен эса, ўша кунги кўргуликларимни, уйга борганда билакларим қаттиқ оғриганини, кўкариб кетганигача айтишдан тўхтамасдим.
Ҳусан ака ниманидир ўйлаб, жим бўлиб қолди.
Орадан бир неча дақиқа ўтгандан кейин яна бир бор ўша эшикка боришимни, қоровулга терговчи Ҳусан Аҳмедов юборганини, унга сумкани кимга беришимни айтиб, сўнгра топширишимни тайинлади.
Ҳусан ака билан хайрлашиб, айтган ерига бордим.
Бу гал эшик олдида корейс хотин эмас, бошқа бир хотин турган экан. Ташқи кўринишидан ўзбекка ўхшаса ҳам у менга рус тилида гапирди. Мен эса, ўзи ўзбек бўла туриб, рус тилида гапирадиган одамларни кўрсам жаҳлим чиқарди. Агар ҳозиргидай уларнинг олдига бош эгиб келмаганимда, вазият бошқача бўлганда менга рус тилида гапирган одамга нисбатан қандай муносабатда бўлишни ўзим билардим. Мендан ўз тили бўла туриб, ўзга тилда гапиргани учун муносиб жавоб оларди. Бироқ бу хотин корейс хотин каби бесўнақай эмас экан. Нисбатан нозик.
Уларни дайди итдан бадтар ёмон кўрганим учун салом ҳам бермадим. Ўргатилган тўтиқушга ўхшаб, Ҳусан аканинг айтган гапларини нуқта-вергулигача такрорладим.
Хотин қўлимдаги сумкани олди.
– Бир оз кутинг, Сафарбой Бекжоновга бериб қўямиз, деди.
– Раҳмат, - дедим рус тилидаги жавобларидан энсам қотиб.
Мен шу ёшгача бирорта рус миллатига мансуб кишининг ўзбек тилида гапирганини эшитмаганман, десам муболаға бўлмаса керак. Лекин бизнинг ўзбекларимиз ўша машъум 1993 йилларда онаси ўлса ҳам рус тилида марсия айтиб йиғлайдиган ҳолатга келган эдилар.
Маълиму машҳур эшикнинг олди нисбатан кенг бўлгани учун Жалолиддинни ерга қўйдим. У ёқдан бу ёққа юриб ўйнади.
Шу ерда юзи ғамдан сарғайган, қадди дарддан эгилган кекса ёшли онахон билан танишдим. Ўз дардимни унутиб, Онахон билан гаплашиб кетдим. Ўзаро салом-аликдан кейин дарддан минг бўлакка бўлинган қалбига озор бериб қўймаслик мақсадида эҳтиёткорлик билан бу ерда кими борлигини сўрадим.
– Қизим, - деди кўзида ёш билан.
– Қизингизнинг нима гуноҳи бор экан?
– Қизим архитектор. Мен унинг ишига яхши тушунмайман болам. Ишларидан қандайдир хато чиқибди. Бу ерда, ертўлада 2-3 ойдан бери сақлашмоқда. Кимга ёзишни ҳам, кимдан ёрдам сўрашни ҳам билмайман. Келаман, кетаман, терговчиси билан гаплашаман.
– Адвокат олмадингизларми, дейман нуроний ёшдаги онахонга ачиниб.
– Адвокатимиз бор, лекин деярли ёрдами тегмади, - деди кўз ёшларини артиб.
Бошимга ҳарсанг тош тушгандай гангиб қолдим.
Яратгандан ҳеч бир Онаизорнинг бошига кўзидан нур, белидан мадори кетган пайтда фарзандлари бошига кулфат туширмаслигини ич-ичимдан сўрадим.
– Қизингизнинг фарзандлари бормиди?
– Бор, улар жуда кичкина, ўзим боқяпман. Эри билан ажрашган.
– Куёвингиз мана шундай ташвишли кунларда фарзандларига ёрдам беряпдими? Ахир қизингиз фарзандларининг онасику?!
– Йўқ, болаларидан ҳам, қизимдан ҳам хабар олмайди.
– Куёвингиз одам эмас экан, дедим нафрат билан.
– ...
Шу пайт Онахонни эгнига ҳарбий либос кийган бир киши чақирди. Кўзида ёш билан хайр-маъзурни насия қилиб, боласи тенги боланинг орқасидан ғамдан эгилган бошини эгиб, изидан тебраниб-чайқалиб, югургансимон ҳолатда кетди.
Онаизорнинг орқасидан тикилиб, кўзимга аччиқ ёш келди.
Эҳтимол, қизи ҳақиқатанан айбдордир, балки Сафар акага ўхшаб айбсиз бўлса ҳам қамоқхонанинг зах хоналарида азоб чекиб ётгандир, деб ичкаридан сумкалар чиқишини кутиб ўтириб, хаёлларга буркандим. Фарзандларнинг ўйламай босган қадамлари жабрини ҳамиша муштипар ота-оналар тортишини, айниқса, Онаизорга оғир ботишини ўйлаб қаттиқ сиқилдим.
Ҳозиргина ёнимдан кетган Онахоннинг изтиробли қиёфаси кўз ўнгимдан нари кетмади. Уйда бувисини кутиб ўтирган, ота-она меҳрига муҳтож норасида гўдакларнинг тушкун ҳолатини тасаввур қилдим. Табиийки, меҳрибоним Онажоним, волидаи мукаррамам ҳам бор-буди билан кўз ўнгимда тўлиқ гавдаланди. Онажоним ҳам бебахт қизи учун туну кун кўз ёши тўкаётгандир...
Кўз олдимда Сафар ака билан бирга сўнги марта 1993 йил апрелда онамни зиёрат қилиш учун мен туғилиб ўсган қишлоққа борган пайтимиз жонланди.
Ўшанда шўрли онам уч ой кейин куёвининг бошига тушажак фалокатларни олдиндан сезганмиди, Сафар акага сиёсатга аралашмасликни, танлаган йўлидан қайтишни, бу йўл жуда қалтис йўл эканини айтиб, маслаҳат берганди, куйиниб гапирганди.
– Энди уйда тинчгина ўтир, деганди ўшанда меҳрибоним. – Олдин бир ўзинг эдинг. Ўзингга ўзингдан бошқа оғирлигинг йўқ эди. Энди оиланг бор, гулдай ўғлинг бор, шуларни ҳам ўйла, деб қаттиқроқ гапирганди.
Онажоним Сафар акага коммунистлардан ҳеч қачон яхшилик чиқмаслигини, бирор кор-ҳол рўй берса азобини мен ва Жалолиддин тортишимизни айтиб танбеҳ берганди. Бироқ ўз сўзидан, тутган йўлидан қайтмайдиган Сафар ака онамнинг гапларига қулоқ солмаганди. Ҳатто, Онажонимнинг кўнгли учун "хўп, шундай қиламан" ҳам демаганди. Онамнинг айтган гаплари Сафар аканинг ўнг қулоғидан кириб, чап қулоғидан чиқиб кетганди.
Мана, онажоним башорат қилгандай, Сафар аканинг ўжарлиги жабрини мен ва Жалолиддин тортяпмиз.
Орадан уч ой ўтмай Онам куйиниб айтган гаплар – сиёсатга аралашиш оқибати нималарга олиб келиши аниқ бўлди.
ИИВнинг лайчалари йўқ ердан баҳона топиб, Сафар акани қамаб қўйди.
Шу тариқа, бир вақтларда Онажонимнинг бошига тушган кўргуликлар энди менинг бошимга тушди. Волидамнинг оила аъзоларини йўқ қилган НКВДнинг қолдиғи бўлмиш ИИВ менинг бошимга фалокатлар ёғдирди.
Ҳа, меҳрибоним Онажоним 1937-38 йилларда НКВД томондан етказилган қатор азобларга гирифтор бўлган.
Онам ўша маъшум кунларни ҳалигача кўзида ёш билан эслайди. Ўшанда НКВД аждодларимизни, жумладан, онамни ўзи туғилиб ўсган юрти, собиқ яхлит Туркистоннинг кейинчалик парчаланган бешта республикаларидан бири Туркманистоннинг Илонли туманидан бадарға қилган.
Бу ҳам етмаганидек, бор бойликларини ноқонуний мусодара этган. Онамнинг оталари Зойит бобомнинг минглаб гектар ерлари, ҳисобсиз боғ-роғлари, сон-саноқсиз хизматчилари бўлган.
Зойит бобом саховатли бойлардан бўлиб, қишнинг қировли кунларида уйларидаги катта буғдой омборида сақлайдиган буғдой, арпа ва бошқа егуликлардан камбағал, етим-есир, қаровсиз қолган оилаларга тарқатиб беришни ҳеч қачон канда қилмас экан.
Онамнинг айтишларича, бобом минадиган отнинг югани олтиндан, узангиси кумушдан бўлган экан.
Ўзининг шахсий жиловдори ҳам бўлган экан.
– Отам жуда ўқимишли, билимдон одам бўлиб, уйимизда катта кутубхонамиз бор эди. Отам бўш вақтларида жуда кўп китоб ўқирди. Биз фарзандларини бир хонага тўплаб, "Қуръони карим"ни ёқимли овозда қироат қилганда уйда пашша учса овози эшитиларди. Бутун борлиғимиз қулоққа айланиб эшитардик, - деб эсларди онам.
Бобом учала қизининг исмини муқаддас китоблардан олиб қўйган экан. Онамнинг исмлари Ҳожар, катта синглиси Сора ва энг кичик синглиси Рима эди.
Онамнинг ҳикоя қилишича, Зойит бобом ўз даврида энг машҳур диний олим бўлиб, унинг ўғли Ортиқ тоғам Хивада мадрасани тугатган экан.
Зойит бобомнинг отаси набираси Ортиққа шаҳардан мактаб очиб берган экан. Бизнинг Ортиқ тоғамиз сингиллари ва маҳалланинг бошқа аҳлига диний ва дунёвий таълимлардан сабоқ берган экан. Лекин Туркманистонни руслар босиб олгандан кейин онам ва бошқа ўқувчилар ўқишларини охирига етказа олмаганлар.
НКВД ва коммунистлар Туркманистондаги барча бой-бадавлат оилаларни хонавайрон қилган.
Улар бизнинг оиламизни ҳам четлаб ўтмаган.
Уйимизга бостириб кириб, Ортиқ тоғамнинг оёқ-қўлини кишанлаб, яланг оёқда от араванинг орқасига боғлаб, онам ва бошқ қариндошлари кўз олдида қаёққадир олиб кетган.
Бу камлик қилганидай, катта отамизнинг уйидаги бор бойлиги ва китобларини ҳам тортиб олган. Буни эшитган менинг бобо ва бувим уйдаги китобларнинг кўпчилигини уй ичидаги ўчоқнинг мўрисига яширган ва боғзорга олиб бориб ерга кўмган.
Онам ва бошқа қариндошлар Ортиқ тоғамни мингазган аравани Амударё бўйигача кузатиб борган. Аравага юкланган китобларнинг ҳаммасини Амударёга отган.
Турманистонни босиб олган руслар бобомларнинг уйларини талон-тарож қилиш билан кифояланиб қолмасдан ўзларини "халқ душмани"нинг оиласи деб, Қорақалпоғистоннинг Шаҳбоз (Беруний) туманига, одам яшамайдиган чакалакзор чўлга сургун қилган.
Сургунда бир вақтлар бой-бадавлат яшаган оила бир бурда нонга зор бўлиб, очлик ва касалликдан нобуд бўлган. Шундай катта оиладан уч нафар қиз ва бир эркак тирик қолган.
Шундан бўлса керак, онам социалистик тузумни ва коммунистларни жуда ёмон кўрарди.
Онам бизга ҳалигача отаси нима иш билан шуғулланганини очиқ айтмайдилар, фақат жуда катта бой-бадавлат одам бўлганлиги хусусида гапирадилар.
Онамнинг авлодлари вазият ўнглашгандан кейин ҳам ўзлари туғилиб ўсган Туркманистоннинг Илонли шаҳрига қайтиб бормаган.
Онам коммунистларни ёмон кўрганликлари боис катта акамдан бошқа ҳеч қайси фарзандларига коммунистик партия сафига аъзо бўлишга рухсат бермаган.
Бир куни Онажонимдан нега катта акамнинг коммунистик партияга аъзо бўлишига рухсат берганини қизиқиб сўрадик. Билдикки, катта акам Тошкентда ўқиб юрган пайтида партияга аъзо бўлган, онам бундан бехабар қолган экан.
Онамнинг оила аъзолари билан боғлиқ ҳазин ҳикояларни эшитганимдан кейинми ёки мен ҳеч қачон кўрмаган Ортиқ тоғамнинг фожеали ўтмишини эшитганимдан кейинми, ёхуд мен яхши кўрадиган нарса – китоблар Амударёга оққизилгандан кейинми менинг ҳам қалбимда социалистик тузумга, коммунистларга қарши нафрат пайдо бўлган. Педагогика билим юртини тугатиб, болалар боғчасида мудира бўлиб ишлаб юрган пайтимда совхоз партия қўмитаси котиби менга бир неча марта Коммунистик партия сафига аъзо бўлишимни таклиф қилганди. Бироқ мен онамни қариндош-уруғларидан ажратган, туғилган юртидан маҳрум қилган қонхўр коммунистлар сафида бўлишни ўзим учун орсизлик, деб билиб, партком котибининг таклифини рад қилганман. Сафар акани сабабсиз қамагани учун эндиликда мазкур тузумга нисбатан нафратим икки карра ошди.
Ҳа, Сафар аканинг дабдурустдан қамалиб қолганидан, озодликка чиқишига ёрдам бера олмаётганимдан дилим оғриди.
Ўйлаб кўрсам, Сафар акани Тоштурмада ўн дақиқа кўрганимни ҳисобга олмаганда сал кам 3 ойдан бери кўрмабман.
Шу пайтгача қандай кийимда юрган экан?
Уйдан ишга кетган пайтида кийиб юрган кийимларини кийиб юрибдимикан?
Алмаштириши учун ортиқча кийим-кечаклари бўлмаса Тоштурма ва ИИВнинг мўр-малахса хоналарида кийимлари ҳам сасиб кетмадимикан?
Яна Тоштурмада ташкиллаштирилган ўн дақиқалик учрашув пайтимда кўрганим, озиб-тўзиб, бир бурда бўлиб қолган Сафар аканинг қиёфасини кўз ўнгимда гавдалантириб, юрагим бадтар сиқилди.
– Нима қилиб қўйдингиз оғажон, - дедим ичимда. Баъзан уйда Сафар ака билан ҳазиллашиб, хоразмчасига оға дердим. Балки ўша пайтда Онамнинг гапига кириб, сиёсатга аралашишни тўхтатганингизда бугун уйда эндигина тили чиқаётган Жалолиддинни ўйнатиб ўтирган бўлармидингиз, бағримиз бутун бўлармиди?!
Оғир хаёлга чўмганимдан олдимга келган қоровул хотиннинг овозини эшитмай қолибман.
Бошимни кўтариб қарасам у рўпарамда турибди. "Сумкангни ол", деб жаҳл билан менга сумкани узатаётган экан.
Сумкани олдим. Ўзи билан ўзи ўйнаб юрган Жалолиддинни чақирдим. Олдимга югуриб келган ўғлимни бир қўлимда, қуш каби енгил бўлиб қолган сумкани иккинчи қўлимда кўтариб, хаёллар оғушида уйга йўл олдим.
Атрофга қарадим, осмонга қараб бўй чўзган катта чинорнинг сон-саноқсиз япроқлари сарғайиб сўлганди.
Кузнинг майин шамолида сарғайган япроқлар гулга қўнаётган капалакка ўхшаб, ҳар томонга учарди.
Табиат манзараси шундай гўзал эди-ки, бир пасда бутун ғамни унутдим. Мен ҳам капалакка айланган сарғайган япроқларга қўшилиб, самоларга учиб кетгим келди.
Сарғайган япроқлар ғамим тимсоли,
Осмонга етмаган оҳим, мисоли.
Ўзим ердаману, хаёлим кўкда
Армонда ўтаётган умрим заволи.
***
Кетсам, бутун дардимни унутсам,
Келмасам қайтиб...
Муҳаммад Солиҳнинг уйи, бориб яшайверинглар
Инсоннинг бошига бир марта тушган ташвиш бир-бирини етаклаб, чақирилмаган, ёқимсиз меҳмондай бирин-кетин келавераркан.
ИИВнинг тергов изоляторига Сафар аканинг кийим-кечакларини ташлаб келаётганимда "Боғи Эрам" парки атрофида "чақирилмаган меҳмонлар" ҳар қачонгидан кўра кўплигини билдим.
Пулини тўламаган бўлсам-да, менга доим садоқатли бўлган "тансоқчи"ларим дарвозамиз олдидан у ёқдан бу ёққа ўтиб, гирдикапалак айланиб юрибди.
Кун бўйи мен уйда кўринмаганимдан ташвишга тушиб қолган бўлиши мумкин. Бироқ улар ўзларининг кимлигини, бизнинг уйимизни кузатаётганини мени билмайди деб ўйлайди. Аммо "сир-синоат"ларини аллақачон билиб бўлганимдан бехабар.
Бугун уйимизнинг атрофида уларнинг сони кўпайганидан ўзимча истеҳзоли кулдим. Хаёлан Сафар ака билан гаплашдим. Мени ёлғиз қолиб кетди, деб хавотирланманг. Айланамда "бобов"лардан қўриқлайдиган инсон қиёфасига кирган итлар шу даражада кўп дедим.
Ҳа, гарчи, ўзимга-ўзим шу тарзда таскин берсам ҳам, баъзан уларнинг доимий равишда кузатишларидан хавотирга тушаман. Изимда соя каби эргашиб юришларидан қўрқаман. Асабийлашишимга тўғри келади. Ҳозир ҳам уларни кўриб, жоним халқумимга келди.
Қани эди, қўлимдан бирор нарса келса мен уларга айғоқчилик қандай бўлишини кўрсатиб қўйсам.
Ҳаммасини бир жойга тўплаб, бўйинларига тош боғлаб, Тошкентни тенг иккига бўлиб оқадиган Анҳорга чўктирсам. Борса-келмасга равона қилсаму, бутунлай қутулсам.
Бироқ бу менинг ҳеч қачон ушалмайдиган орзуим эди. Мен нотавон банданинг кучи кўз ёш тўкишдан бошқа ҳеч нарсага етмасди. Миллатнинг тавқи лаънатига учраган виждонсизларнинг бошқа қиладиган ишлари йўқлиги мени аламлар ичида қовурилишимга сабабчи бўларди.
Дарвозани кучим борича қаттиқ ёпиб, ҳовлига кирдим. Қўлимдаги Жалолиддин қарсиллаган овоздан қўрқиб кетди. Уни бағримга босдим. –Қўрқмагин арслоним, бу кунлар ҳам бир куни ўтиб кетади, - дедим.
Ойгулнинг ўқиши бир пасда тугаб, қишлоққа кетиб қолгани ёмон бўлди-да, ҳар қалай овунардим, дардлашардим. Энди эса ҳувиллаган ҳовли ютиб юбораман дейди.
Ҳовлини забт этган хазонрезги барглар у ёндан бу ёнга учиб юрарди. Менинг тугамас дардларим эса на учиб кетиб, ерга қўнади, на шамолга қўшилиб, йўқлик сари юз тутади. Дарду дунём кўнгил кошонамнинг вайронага айланган уйига оғир тош каби чўккандилар.
Ёлғизлик кундан-кунга тоқатимни тоқ қилмоқда эди. Ҳаётимга ўрнашиб олган мавҳумлик эса мадоримни қуритмоқда эди.
Мавҳумлик – дунёдаги энг оғир ҳасрат экан. Мени Сафар ака билан боғлиқ барча воқеаларнинг мавҳумлиги қаттиқ қийнарди. Суди қачон бўлишини ҳам билмайман, озодликка қачон чиқишини ҳам.
Авваллари таскин топишимга озгина туртки берадиган сўз бор эди. Бу сўз терговчи Ҳусан Аҳмедовнинг "сабр қилинг, Сафарбой ойнинг 27-санасида озодликка чиқиб қолади" деган сўз эди.
"Эрк" партиясининг қурултойидан кейин 27-сана ҳам унут бўлди. Мен бетайинликлардан, кутишдан том маънода чарчадим.
Уйимизнинг атрофини қуршаб олган хира пашшалардан, қадамба қадам кузатиб юрадиган "дум"лардан чарчадим.
Қани эди, тошга айланиб қолсаму, бутун ғамларни унутсам дердим ўзимга ўзим. Ҳатто Аллоҳдан ҳам тошга айлантириб қўйишини сўрардим. Бироқ тошга айлана олмасдим. Яратган Тангрим синашни хуш кўрарди, менгинани синашда давом этарди.
Мен оёғимга ўралган занжирдан, бўйнимга чирмалган бўйинтуруқдан, қўлимга кийдирилган кишандан, оғзимга солинган қулфдан Яратганнинг изнисиз фориғ бўлолмасдим. Шу боис ихтиёрий равишда занжирни узиб бир қадам ҳам олдинга юра олмайман, бўйинтуруқни ечиб узоқларга мўралай олмайман, қўлларимга тақилган кишанни ечиб, озод-озод яйрай олмайман, оғзимга солинган қулфни очиб бор овозим билан бақира олмайман.
Каттароқ қадам ташласам оёғимдаги занжир изига тортади, бўйнимдаги бўйинтуруқ бўғзимни бўғади, қўлимни эзгулик сари узатсам кишан қисади, овозим борича додлаб дардимни айтай десам оғзимга солинган занглаган қулф очилмайди. Шунинг учун овозим чиқмайди. Калит эса жодугарнинг халтасида.
Калитни олиб, жодугарнинг бойқушлар эгаллаган маконига бормоқ, озодлик нашидасини қучмоқ учун қўлимга темирдан ҳасса, оёғимга пўлатдан калиш кийиб, ўтиб бўлмас чақиртиканли ўрмонлардан ўтишим керак. Бироқ, бироқ, бироқ, надоматлар бўлсинки, оёғи осмонда бўлган адолатнинг устидан ғолиб бўлишга кучим етмасди.
Ўз дардим билан курашиб яшаётган кунларимдан бир куни уй дарвозаси бирин-кетин тақиллади. Бошқачароқ тақиллагани, ғала-ғовурроқ овоз эшитилгани учун тақиллатувчилар қадамимни кузатиб юрган ментлармикан, деган хаёлга ҳам бордим.
Эшикни очиб, қўлларига кўч-қўронларини кўтариб олган 4-5 йигитга кўзим тушди. Барзангидай-барзангидай йигитлар дарвоза олдида саф тортиб турарди.
Қўрққанимдан орқага бир қадам ташладим.
Улар орасидан атиги биттасини танидим. Қолганларини умримда кўрмаганман. Мен таниган ягона йигит Муҳаммад Солиҳнинг яқин қариндоши эди.
Салом-аликдан кейин қандай мақсадда келганларини билмаганим учун ҳайрон бўлдим. Келишдан мақсадларини эшик олдида сўраш ноқулай бўлганликдан уйга таклиф қилдим. Уйга кириб, хонтахта атрофига жойлашиб ўтирганларидан кейин сўрадим.
Бизни Мақсуд оғам юборди, деди Муҳаммад Солиҳнинг қариндоши. (Мақсуд Бекжон – Муҳаммад Солиҳнинг кичик укаси).
– Мақсуд оғангиз нима масала бўйича юборди? Мендан хабар олинглар, деб юбордими сизларни, деб сўрадим ҳайратимни яшира олмай.
– Йўқ.
– Унда кўч-кўронларингизни кўтариб нимага келдингизлар? Биламан, урф-одатимизда уйга келган меҳмондан нимага келдингиз, деб сўраш таомили йўқ. Лекин умрида кўрмаган довангирдай эркакларнинг ҳе йўқ, бе йўқ, қўлларида катта-катта сумка-ю чемоданлар билан бостириб келганини кўрган ҳар бир инсон, айниқса, менга ўхшаб эри қамалган, қўлида гўдаги билан яшаётган аёл албатта сўраши керак ва бунга ҳақли. Агар сўрамаса ҳайратланиш керак!
– Бу йигитлар бизнинг қариндошларимиз, - деди Муҳаммад Солиҳнинг қариндоши. – Улар Тошкентда турли университет ва институтларда ўқишади. Ўзингиз тушунасиз, талабаларнинг пул тўлаб ижарада яшаши қийин. Шунинг учун Мақсуд оғам бизни бу уйга юборди. Муҳаммад Солиҳнинг уйи, бориб яшайверинглар, деди.
Бу гапни эшитиб, биров бехосдан устимга бир челак муздай сув сепиб юборгандай сесканиб кетдим.
– Нима деяпсиз? Мақсуд оғангиз ростдан ҳам шу гапни айтдими?
– Ҳа, шундай деди, ишонмаяпсизми?
– Мақсуд айтдими? Яна ҳайратимни яшира олмай сўрадим.
– Ҳа,
– Оғангизнинг эси жойидами?
– ...
Бу воқеа Сафар ака қамоқда пайтида, 1993 йилнинг кузида бўлди.
Кўч-кўронлари билан уйга бостириб келган йигитларнинг кимлигини, уларнинг Муҳаммад Солиҳнинг қандай қариндошлари эканликларини, Тошкентдаги қайси университет ва институтларда ўқиганини, энг муҳими, ҳаммасининг исм-шарифларини, қачон, қайси санада, қайси куни келганигача яхши биламан. Сафар ака қамоқдан чиққандан кейин ҳаммасини ўқиб-ўргансин, деган мақсадда "Хотира" дафтаримга ёзиб қўйганман. Орадан 20 йил ўтди. Табиийки, улар шу пайтгача оилали бўлган. Балки катта лавозимларда ишлаётгандир. Шу боисдан уларнинг исм-шарифларини МХХ тузоғига тушиб қолишдан асраш мақсадида қайд қилмадим.
МХХ уларнинг Муҳаммад Солиҳнинг қариндошлари эканлигини билишса, қора рўйхатга киритиб қўйиши мумкинлигини инобатга олдим. Бундан ташқари, ҳозир оилали бўлиб бола-чақалари билан бирга яшаётган бўлса, аҳли аёли ва фарзандлари олдида юзлари қизармасин, деган мақсадда очиқламадим.
Менимча, ўша йигитларнинг ўзлари ҳам тақдир тақозоси билан қамалиб қолган ёки бошқа давлатга ишга кетган бўлса, уйда қолган ёлғиз аёли нотаниш тўрт-беш нафар йигитлар билан бирга яшашини истамаса керак. Ахир ҳаммаям Муҳаммад Солиҳнинг телбасифат укаси Мақсуд Бекжон бўлмаса керак?
Ёки Мақсуд Бекжон мана шундай разилликларни ўз хотинига раво кўрармикан?
Агар раво кўрмаса, у ҳолда нега менинг олдимга менга мутлақо нотаниш бўлган тўрт-беш нафар йигитларни на бандадан, на Аллоҳдан қўрмай юборди?!
Бу нодоннинг ишларидан асабларим жунбушга келди.
Яратган Эгам менга қилган ҳамма ифлосликларингни ўзингга икки баравар қилиб қайтарсин, виждонсиз, дедим алам билан.
Илоҳим, мендан ҳам бадтар бўл!
Худонинг қаҳрига йўлиқ!
– Бу уйдан ҳозироқ чиқиб кетинглар! Ўша суянган худойингиз бўлган Мақсуд оғангизнинг ўзи олдимга келсин, у билан ўзим гаплашаман?!
– Биз бу ерда яшасак нима бўлибди?
– Эсингиз жойидами?
– Мен нима учун бегона эркаклар билан бир уйда яшашим керак?
– Биз билмаймиз, бизга Мақсуд оғам айтди - деди, Муҳаммад Солиҳнинг қариндошларига бош бўлиб келган йигит. – Бу уйни Солиҳ акам сотиб олган экан.
– Муҳаммад Солиҳ ўзи ишлаб топган шахсий пулига сотиб олганми? Мақсуд оғангиздан шуни сўрадингизми?
– ...
– Ука, дедим, ҳар бир сўзимга урғу бериб. – Сиз уйлансангиз ва худо кўрсатмасину қамалиб кетсангиз ёки бирор бир мажбурликдан узоқ ерга ишга кетсангиз хотинингизга ўзи танимаган тўртта эркак билан бирга яшашга рухсат берармидингиз?
– ...
– Ҳа шунақа, укам, ҳамма олдин пичоқни ўзига уриш керак, оғримаса бошқага!
– Бу уй Муҳаммад Солиҳ аканинг уйи эканку. Мақсуд оғам шунинг учун бизга шу уйда яшанглар, деб айтганди.
– Тўтиқушдай бир гапни такрорлайверманг! Уйи йиқилиб ўртасига тушсин Муҳаммад Солиҳнинг! Шу уйга кўчиб келмаганимда бошимга бунчалик кўргуликлар тушмасди. Сафар оғангиз қамалмаганда, бу уйда бир соат ҳам яшамасдим.
Менга Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимларининг кўрсатаётган зулмлари ва ваҳшийликлари ҳам етиб ортарди. Улар-ку, майли, Ислом Каримов тарбиялаб етиштирган манқуртлар, нима буюрса сўзсиз, садосиз бажаради. Бироқ ака-ука Муҳаммад Солиҳ ва Муҳаммад Бекжонларга нима бўлди? Уларнинг ўша ваҳший, манқуртлар қаторига қўшилиб, менга тазйиқлар ўтказиши нимаси?! Аллоҳ ҳаммасини қўшиб-чатиб жазосини берсин. Сафар ака Муҳаммад Солиҳ билан Мақсуд Бекжонга нима ёмонлик қилган эди? Шуни асло тушунолмай донг қотдим.
– Биласизларми, дедим жаҳл билан "босқинчилар"га қараб. – "Эрк" партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ агар Туркияга қочиб кетмаганида ҳозир Сафар акангиз билан бирга ИИВнинг ертўласида қон ютиб қамалиб ўтирган бўлар эди.
Аслида, Сафар ака билан иккаласига битта жиноят иши очилган. Иккаласи ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир хил моддалари билан айбдор деб топилган. Муҳаммад Солиҳ қочиб кетгани учун унинг досьеси вақтинча ёпилган ва шу тариқа Сафар ака Муҳаммад Солиҳ учун ҳам жавоб бермоқда. Сизнинг оғангиз бўлса, Туркияда ялло қилиб яшаб юрибди. Бироқ "Эрк" партиясининг пулига олинган бир тепса йиқиладиган Тошкентдаги уйни ўзиники деб ҳисобламоқда ва бу уй кўзига тилла кошона бўлиб кўриняпти. Мен бундай ёвузликларни Муҳаммад Солиҳ каби шоирдан ҳеч қачон кутмагандим, - дедим алам билан.
Ҳа, сиёсатчи Муҳаммад Солиҳга бўлган ҳурматим ер билан яксон бўлди. Унинг Туркияда ўтириб олиб укасига: Сафарнинг хотинини уйдан ҳайда, ўрнига Тошкентда яшаётган қариндош талаба йигитларни жойлаштир, деб буйруқ бериши менга ниҳоятда оғир ботди.
Бу ғоя шахсан Мақсуд Бекжондан чиққанда ҳам унча ишонмасдим, акасининг номини сотиб, унинг орқасидан иш қиляпди деб, ўзимга оғир олмасдим. Бироқ бу ишлар Муҳаммад Солиҳнинг буйруғи асосида бўлаётганини билиб чунон нафратландим.
Шоир Муҳаммад Солиҳга бўлган ҳурматим чилпарчин синди. У кишига шу қадар юксак эҳтиромда эдимки, ҳатто диплом ишимни ҳам "Муҳаммад Солиҳ ижодида эрк ғояси" деган мавзуда ёзгандим. Унинг шеърларига қизиқишим ва иштиёқимни таърифлашга тилим ожиз.
Талабалик чоғларимда кимдир менга: "Сен ижодига ружу қўйган Муҳаммад Солиҳ келажакда бошингга қатор ғавғолар ёғдиради" деса мутлақо ишонмасдим. Ҳатто Сафар ака қамалгандан кейин ҳам унинг шеърларини ўқиб, таскин топардим. Сумкамда доим Муҳаммад Солиҳнинг1990 йилда нашр қилинган "Орзу фуқароси" шеърий тўпламини олиб юрардим. Аниқроғи, ушбу китоб доимий ҳамроҳим эди. Энди эса ҳаммаси барҳам топди.
Мақсуд Бекжон ва бошқа қариндошларининг ҳар икки гапнинг бирида: "бу уй акамнинг уйи", "акам сизни бу уйдан чиқиб кетсин деди" деган гаплари билан юзимга терсаки каби уришлари жонимни бўғзимга келтирди. Айниқса, уйга бостириб келган эшакнинг терисидан ҳам қалин бетли бетамиз, босқинчи қариндошларининг: "Биз билан бирга яшашни хоҳламасангиз бу уйдан чиқиб кетинг" дейишлари асаб толаларимни емириб ташлади. Рости, ўша гумроҳлар менинг олдимга йигитларни бемаслаҳат юбориш орқали бу уйни ўз-ўзимдан тарк этишга қаратилган эди.
Ўртага оғир сукунат чўмди.
Бешаласи бизга нима деб жавоб берар экан, деб юзимга безрайиб қараб ўтирарди. Хаёлимга келган фикрларни жамлаб, йигитларга бош бўлиб келган Муҳаммад Солиҳнинг қариндошига юзландим ва савол ҳаммасига тегишли эканини билдирдим.
– Вақти келиб сизлар ҳам уйланасизлар, фарзандларингиз бўлади, дедим. – Ана шунда хотинингиз ва фарзандингиз етти ёт бегона бир неча эркаклар билан яшашига рухсат берасизларми? Ёки хотинингиз сизнинг йўқлигингиздан фойдаланиб, бир неча бегона эркаклар билан бирга яшаса ундан рози бўласизларми? Хотиним яхши иш қилибди, деб уни қўллаб-қувватлайсизларми? Қисқаси, нима қилган бўлар эдингизлар? Сизларнинг бу аҳмоқона ишларингизни Сафар оғангиз эшитса хафа бўлмайдими? Бу ерга келишдан олдин мени барибир ўзларингиз билан бирга яшашга рози бўлади деб ўйлаб бир йўла кўч-кўронларингиз билан келдингизларми?
Мақсуднинг қариндоши нима дейишини билмай талмовсиради.
– ...
– Қийин саволми, нега жавоб бермаяпсизлар?
– Биз Мақсуд оғам айтгани учун келгандик.
– Тушунаман, сизлар ҳали ёшсизлар. Бу нарсаларнинг фарқига бормасликларингиз мумкин. Лекин Мақсудни нима жин урди? Эси жойидами у одамнинг?
– ...
– Мақсуд доим менга: "Сафарбой менинг дўстим " дерди. Aна сизларга дўст. Сизлар ҳам келажакда ким биландир дўст бўлмоқчи бўлсангизлар олдин уни яхшилаб текширинг, сўнгра дўст бўлинг. Худо кўрсатмасин, танлаган дўстингиз бошингизга оғир мусибат тушганда Мақсуд оғангизга ўхшаб орқангиздан келиб ўтмас пичоқ билан уриб юрадиган кас бўлиб чиқмасин тағин! Менинг сизларга маслаҳатим шу!
У десам бу, бу десам у деб тинимсиз сайраётган йигитлар ушбу гапларимдан кейин юмган оғзини очолмай қолди. Гапларим таъсир қилганини сездим. Уларга қараб, "йиқилмай, туртинмай юриш фақат Аллоҳга хос хусусият эканини, Сафар аканинг бошига тушган мусибат ҳамманинг бошига тушиши мумкинлигини, шундай оғир кунларда ашаддий душманнинг ишини қилаётган Муҳаммад Солиҳ ва Мақсуд Бекжондан хафалигимни" сўнги бор ифшо айладим.
Дарҳақиқат, уйимда турнақатор бўлиб ўтирган йигитларни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг "қулоқлари" юборганда мутлақо хафа бўлмасдим. Сафар акага ҳақиқий душман бўлгани учун шундай йўл тутганини англардим. Лекин ўзини дўст деб билгувчи Мақсуд Бекжон ва ўз ёрдамчиси, сафдошининг рафиқасини кичкина гўдаги билан кўчага ҳайдаб чиқаришга уринган "Эрк" партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг ҳаракатларидан хафа бўлмаслик ва нафратланмасликнинг тамомила иложи йўқ эди. Чунки улар менга МХХ айғоқчиларидан минг чандон ёмонликлар қилаётганди.
Энг охирида кўзлари мўлтираб қолган йигитларга қараб: – Мен сизларга айтган гапларнинг ҳаммасини оғангизга айтинг, дедим.
– ....
– Мақсуд Бекжонга шуни айтишни ҳам унутманг, у яшаётган квартира жуда катта. Сизлар у уйга бемалол сиғасизлар. Агар уйи торлик қилса, хотинини сизларнинг ёнингизга хизматкор қилиб қолдириб, ўзи Хоразмга борсин. Хотини ва болалари ишончли одамлар ёнида қолганидан хавотирга тушмай у ёқда бемалол яшайверади. Сизлар ҳам қандайдир квартирада ижарада яшашдан, пул сарфлашдан қутуласизлар. Мақсуд Бекжон ҳам қариндошларини кўчада қолдирмаганидан мамнун ҳолда яшайверади. Менинг жаҳл аралаш гапиргап гапларимдан кейин қариндошлар бир-бирига ўзаро бир нималар деб, ортиқча сўз айтишга ботина олмай уйдан чиқиб кетди.
Улар кетди. Жавобсиз саволлар дорнинг ипи каби бўйнимни бўға бошлади.
Нафасим сиқилиб, дарвоза олдида ўтириб қолдим.
Кўксимни нимадир эза бошлади. Қанча вақт ўтирганимни билмайман, бир пайт Жалолиддиннинг "Ая" деган овози қулоғимга чалинди. Кўзимни очганимда Жалолиддин ёнимда турарди, болагинамнинг ранги қўрққанидан оқариб кетганди. Мажолсиз қўлларим билан Жалолиддинни бағримга қаттиқ босдим. Уйга кириб тилимнинг остига юрак дорисидан бир дона қўйдим.
Менинг қалбимда "Эрк" партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳдан мени том маънода қийнаётган жавобсиз саволларга жавоб олиш, ўз ёрдамчисининг оиласига бунча кўп зулмлар етказишга доир буйруқлар беришга нималар сабаб бўлганини билиш истаги пайдо бўлди.
Яратган тангрим марҳамати билан мен шундай фурсатни қўлга киритдим. Бироқ бу фурсат менга орадан 15 йил ўтгандан кейин, 2008 йилнинг август ойида биз яшаётган Швейцариянинг Лозанна шаҳрида насиб қилди.
Мен меҳмонимиз Муҳаммад Солиҳдан кўп нарсаларни, жумладан, 1993 йилда укаси Мақсуд Бекжонга мен яшаётган Тошкентдаги Якуб Колос кўчаси 22-уйга талаба қариндошларини жойлаштириш, агар буни истамасам мени ўша уйдан чиқариб юбориш бўйича буйруқ берган ёки бермаганлигини сўрашга муваффақ бўлдим.
Муҳаммад Солиҳнинг жавобини эшитиб, баданларим музлаб кетди. У менга укаси Мақсудга ҳақиқатанан ҳам шундай буйруқ берганини ўта бамайлихотир тарзда айтди.
Хомуш ўтирган Сафар акага қарадим. Гарчи мен ота-боболаримиздан қолган "Уйга келган меҳмонга уй бўйли гап айтма" деган нақлига амал қилмай, анъанага путур етказган бўлсам ҳам ўзимни кўп йиллардан бери қийнаб келаётган саволни тегишли одамга бериб ва тегишли жавоб олгандим.
Нима дейишни билмай ўрнимдан секин туриб, ошхонага чиқиб кетдим. Бутун аламимни кўз ёшимдан олдим. Лекин Муҳаммад Солиҳ "Эрк" партиясининг пулига олинган ўша уйни ҳақиқатанан ўзининг уйи деб ҳисоблаб келганини тўлиқ тушуниб етдим. Бироқ мен яшаган Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Якуб Колос кўчаси 22-уй "Эрк" партиясига тегишли иккита уйдан бири бўлиб, партия фаолиятига хайрихоҳ кишилар томонидан ажратилган маблағга сотиб олинган эди.
Партияга тегишли иккинчи уйда эса ёзувчи Назир Эшонқул яшарди. Бироқ Муҳаммад Солиҳ ва унинг укаси "Эрк"ка тегишли иккинчи уйда яшаётган Назир Эшонқулга ҳеч қачон уйдан кўчиб чиқиб кетиш бўйича босимлар ўтказмаган.
Мақсуд Бекжон Назир Эшонқул яшаётган уйга ҳеч қачон бостириб бормаган. "Эрк" демократик партиясига Муҳаммад Солиҳнинг шахсий томорқаси каби қараб, менга "акасининг уйи"дан чиқиб кетишни хоҳлаган пайтида айтиб, асабларимни бузишни канда қилмади.
Биз бу уйга 1993 йил 20 июлда Сафар аканинг эски уйимиздан шаҳарга қатнаб ишлаши қийин бўлгани, ундан ташқари, МХХнинг "дайди ит"лари изига тушгани сабабли кўчиб борган эдик.
Сафар ака "Эрк" партиясининг бўш турган уйига кўчиб ўтамиз деганда мен қарши бўлолмадим. Чунки мен учун Сафар аканинг гапи гап, сўзи сўз эди. Аммо, кўчиб борганимиздан бир ҳафта ўтгандан кейин, 1993 йил 27 июлда Сафар ака Тошкент шаҳар Бош прокурори Эргаш Жўраевнинг буйруғи билан ҳибсга олинди. Шу боисдан Сафар ака бу уйни ўз номига расмийлаштиришга улгурмаганди.
Ушбу уй 1995 йил 30 октябрда президент Ислом Каримовнинг буйруғи билан бузилганди. Уй эгаси ўша ҳовли эвазига давлатдан учта квартира олганди.
Мақсуд Бекжон ва Муҳаммад Солиҳлар "бу уйдан чиқ", деб ҳадеб менга хархаша қилавергандан кўра уйни менинг ёки бошқа қариндошларининг номига расмийлаштирганида бузилган уй-жой ўрнига ҳовлисини аллақачон сотиб юборган, фақат уй ҳужжатлари номида қолган Эркин ака эмас, "Эрк"чилар квартирали бўлиши мумкин эди.
Уй бузилгандан кейин мен Муҳаммад Солиҳнинг укалари томонидан мунтазам равишда айтиладиган "акамнинг пулига олинган уйда яшаяпсиз" деган маломатлардан қутулдим.
Муҳаммад Солиҳ ва унинг укалари ўша лаънати уйни гўёки акаси ўзи ёзган шеърий китобларининг гонарар пулига сотиб олгандай менга зуғум қилардилар. Ҳолбуки, Мақсуд Бекжон бу уй қандай пулларга сотиб олинганини билмаса ҳам мен жуда яхши билардим.
Муҳаммад Солиҳнинг "босқинчи" қариндошларини кузатганимдан бир неча кун ўтгач кечки пайт кимдир дарвозани тақиллатди. Эшикни очсам Мақсуд Бекжон ранг-рўйи ўчган кўйда турибди.
У худди ўз уйига келгандай, ичкарига таклиф қилишимни кутмай ҳовлига бостириб кирди. Ҳатто прокуратура ходимлари ҳам бунчалик безбет бўлмасди. Улар ҳам уйда тинтув ўтказиш ёки текшириш ишларини олиб бориш учун уй эгасига олдин махсус ордер кўрсатишади. Шундан кейингина уйга киришади. Мақсуд Бекжон эса прокурорлардан ҳам ошиб тушди.
Қовоғидан қор ёғиб турган Мақсуднинг салом бермаганига мен ҳам парво қилмадим. Ғазабдан қўллари титраётганига кўзим тушгандан кейин мен ҳам бутун ғазабимни ичимга ютиб: – Нима гап, тинчликми, - дедим хотиржам ҳолда.
– Нимага менинг қариндошларимга бу уйда яшашга рухсат бермадингиз, нега ҳайдаб юбординггиз?
– Нима дедингиз, тушунмадим?
– Нимага қариндошларимни бу уйда яшамайсиз, деб чиқариб юбордингиз, жаҳл аралашаш такрорлади саволини. – Энди улар эмас, сиз чиқиб кетинг бу уйдан! Акамнинг уйида яшашга ҳаққингиз йўқ!
– Бу уйда яшамай қаерда яшашим керак?
– Қишлоғингизга кетинг, шаҳарда нима бор, хотин бошингиз билан бир ўзингиз яшаб?
– Сиз кимсиз? Менга буйруқ беришга қандай ҳаққингиз бор?
– ...
– Истаган еримда яшайман. Билиб қўйинг, бу уйни Муҳаммад Солиҳ ўз шахcий пулига сотиб олмаган!
– Сизга ҳисоб беришимиз керакми?
– Шунақа денг, бу гапларни сизга акангиз айтдими?
– Ҳа, акам телефонда Сафарнинг хотини уйдан чиқиб кетсин деди.
– Ростданми?
– Ишонмайсизми?
– Ишонаман, укаси сиз бўлгандан кейин акадан нимани ҳам кутиш мумкин? Акангизга айтинг! Бу уйдан чиқиб кетадиган, Сафар акани энг оғир пайтда ёлғиз қолдириб қишлоққа қайтадиган аҳмоқ йўқ. Ҳеч қаерга кетмайман!
– Кетасиз!
– Бу лаънати уйни акангиз қайси пули эвазига сотиб олган, шуни айтинг менга?
– Сизга ҳисоб беришимиз керакми?
– Ҳеч қаерга кетмайман! Тушингизни сувга айтинг! Сафар ака қайси эшикдан чиқиб кетган бўлса ўша эшикдан кутиб оламан. Мени ҳайдашга уриниб бекорга овора бўласиз. Қариндошларингизга қаттиқ жонингиз ачиётган бўлса уларга уйингиздан жой беринг!
– ...
– Нимага индамайсиз, уйингиздан жой беринг десам нафасингиз ичингизга тушиб кетди.
– ...
– Менинг бу уйдан чиқиб кетмаслигимни Муҳаммад Солиҳга ҳам етказинг. Сафар ака ишга мана шу уй дарвозасидан чиқиб кетганди, мен уни мана шу уйда кутиб оламан. Мана шу уйда туриб, уни озодликка чиқариш учун курашаман.
– Солиҳ ака деб айтинг!
– Айтмайман, мен у кишини шеърлари орқали Муҳаммад Солиҳ сифатида таниганман. Ўзини кўриб суҳбатлашсамгина Солиҳ ака деб айтишим мумкин.
Мақсуд Бекжон нима қиларини, нима дейишини билмадими, ғазабнок ҳолда келиб, жаҳл билан кетди.
Мақсуд кетгандан кейин юришга мадорим бўлмай, тинкам қуриб, ўтириб қолдим. Ордан бир неча дақиқа ўтгандан кейин Жалолиддин қўлимдан ушлади. Унинг меҳрибонларча боқиши менга қувват ато қилди. Жалолиддинни етаклаб, уйга кирдим.
Шу пайт хаёлимга мени ва уйимни туну кун кузатаётганлар нега Муҳаммад Солиҳнинг қариндошларига қараб сас чиқармайди, деган фикр келди. Ёки бу ерда мен билмайдиган бошқа сирлар бормикин, деган ўйлар исканжасида қовурилдим.
Гапнинг очиғи, "жиноятчи" деб топилган, ватанни ташлаб қочиб кетган шахснинг укаларига худди менга ўрнатилган назорат белгиланмагани мени ҳайратлантирди.
Агар улар ҳам мен каби текширув остига олинганда бу уйга бемалол келиб-кетиб юрмасдику! Демак, бу тузум Муҳаммад Солиҳнинг оиласига, қариндошларига тегмас экан? ИИВ бутун заҳар-заққумини фақат менга сочишга қодир эканда!
Тўзғин хаёлимни йиғиб, сўнгра Муҳаммад Бекжонга телефон қилишга шайландим. Унинг Мақсуд Бекжон билан орамизда бўлган воқеаларга муносабатини билгим келди.
Муҳаммад ака бахтимга уйида экан. Унга рўй берган кўнгилсиз воқеани, Мақсуднинг аччиқ гапларини кўз ёши аралаш гапириб бердим. Асосий гап бу уйда яшашда эмаслигини, эртагаёқ чиқиб кетишим мумкинлигини, бироқ сўққа бошим, қўлимдаги кичкина гўдагим билан қандай қилиб кўчишимни, кўчиш учун машинани қаердан олишимни, кўчишимга ким ёрдам бериши мумкинлигини ётиғи билан айтиб тушунтирдим.
– Ўзингиз биласиз, Бектемир туманида уйимиз бор, дедим. – Бироқ бу ёққа кўчиб келганимиз учун ўша уйдаги камчиликларни тузатмагандик. Мен бир бошим билан у уйдаги мавжуд камчиликларни қандай тартибга келтираман? На сув ва на газ бўлмаган уйда ёш бола билан қандай яшайман? Боз устига олдимиз қиш бўлса?!
Мақсуднинг доимий хархашаларидан кейин бор-ей, деб кўчиб борсам уйда телефон бўлмаганлиги сабабли Сафар аканинг адвокати ва терговчиси билан қандай гаплашаман? Улар билан учрашиш ҳам қийин бўлиб қолади. Сафар акани дўстим деб кўкрак керган Мақсуд эса булар ҳақида заррача ўйламайди, бор топгани "бу уйдан чиқиб кетинг!" деган сўзи.
– Мақсудга сизни уйдан чиқариб юборинг, деб ким айтибди?
– Акам айтди деяпди. Муҳаммад Солиҳ айтганмиш!
Ўртада жимлик пайдо бўлди.
Чамаси, Муҳаммад ака Муҳаммад Солиҳнинг номини эшитиб, ўйланиб қолди ёки мендан бундай гапни кутмади.
Бир неча сонияли сукутдан кейин Муҳаммад ака Мақсуддан хафа бўлмаслигимни, у билан ўзи гаплашиб қўйишини айтиб, мени тинчлантирди. Аслида қандай хафа бўлмаслигим мумкин? Ахир Мақсуднинг ишлари инсонийликка хос эдими? Менинг ўрнимда бошқа одам бўлса ҳам асло хурсанд бўлмас эди. Шунингдек, ўзини онгли одам деб ҳисоблайдиган бошқа одамлар ҳам худди мен каби жавоб қайтарарди.
Балки Муҳаммад Солиҳ ва унинг укалари ҳаром-хариш нелигини билмас, фарқига бормас, улар хотини ёки қизлари бегона эркаклар билан бирга бир уйда яшашини тўғри қабул қилар. Лекин мен буни умуман ҳазм қила олмайман.
Менинг ор-номусга доир тушунчаларим уларникидан кескин фарқ қилади. Мен ёзилмаган китобим, ўқилмаган қонуним билан яшайман. Ота-онам ва қариндош-уруғларим олдида юзим шувут бўлишини истамаганимдек, уларнинг "Қурбоной эри қамалгандан кейин Тошкентда бегона эркаклар билан бирга бир уйда яшаяпди" деган хабарни эшитиб бадном бўлишларини ҳам мутлақо хоҳламайман. Бироқ орият ва номуснинг кўчасидан ўтмаган бетемиз Мақсуд Бекжон буни тушунaрмиди?
– Сафар қамоқдан чиққунча сиз ўша уйда яшайверинг, қариндошларимиз сизни бошқа безовта қилмайди, - деди Муҳаммад ака. Мен ҳам бунга жавобан: – Сафар ака қамоқдан чиқиб келса бу уйда бир дақиқа ҳам яшамайман, дедим.
Мақсуд Бекжоннинг қилиқларини айтиб тугатганимиздан кейин Муҳаммад ака Сафардан бирор хабар бор-йўқлиги ҳақида сўради.
Мен терговчи Ҳусан Аҳмедов тоза кийим-кечакларини олиб келинг деб айтгани учун олиб бориб берганимни, кийимларига қўшиб ёзган хатимни ҳам топширмоқчи бўлганимда рухсат беришмаганини айтдим.
Муҳаммад ака, одатдагидек, хафа бўлмаслигимни, ҳаммаси яхши бўлишини айтиб хайрлашди. Телефон гўшагини жойига қўйиб, ўзимни озгина енгил ҳис қилдим.
Мақсуд Бекжон билан рўй берган воқеадан бир неча кун ўтгач уйга Отаназар Орифов келди. Унга дардимни дастурхон қилиб ёйдим.
Муҳаммад Солиҳнинг дастлаб бу уйга Самад Муродни кўчириб келтириш билан таҳдид қилганини, ундан кейин қариндошларини кўчириб олиб келишини айтиб босим ўтказганини айтиб хафа бўлдим.
Мақсуднинг "бу уйда яшашга ҳаққинг йўқ, қишлоғингга кет" деган гапларини оқизмай-томизмай гапириб бердим.
– Ие, шу гапларни Мақсуд айтдими?
– Ҳа, Мақсуд айтди. Ўн кунча олдин келиб тўпалон қилиб кетди.
– Эси жойидами Мақсуднинг? Сафарбой Муҳаммад Солиҳ учун қамалиб ўтирибди-ку!
Бу гапни эшитганимдан кейин бўғзимни бўғған аламни, кўзларимни ачитган кўз ёшимни зўрға ичимга ютдим. Тўғриси, Отаназар аканинг олдида дод-вой солиб йиғлашдан уялдим.
– Буни билмаса керак-да, - дедим.
– Мақсудми? Билади, лекин билмасликка олади. Кўп сиқилманг, мен Мақсуд билан гаплашиб, тушунтириб қўяман.
Отаназар ака билан Сафар ака ҳақида узоқ гаплашдик, кейин у уйига кетди.
Муҳаммад Солиҳ "Эрк" партиясининг раиси, менинг
принципларимга раис эмас!
Осмонни қоплаган булутдан, заминга ёғған шаррос ёмғирдан кейин қуёш яна кулиб кўзини очади, оламни ўзининг беғараз нурлари билан нурафшон айлайди. Ер-у кўк, мусаффо ёғдудан таърифлаб бўлмас гўзалликка бурканади. Менинг қалбим қуёши ҳам айни куз фаслида чарақлаб очилди. Умидларим чилпарчин бўлиб, кўнглим вайронага айланиб, паришон ҳолда юрган бир пайтимда кутилмаганда дарвозамиз таққиллади. Эшик олдида тахминан 25-30 ёшлар атрофида бўлган, рус миллатига мансуб йигит турарди.
Ўзаро салом-аликдан кейин у ярим-ёрти ўзбек тилида бизга хат борлигини айтди. Хат Сафар акадан экан!
Кўз олдим қорайди. Йиқилмаслик учун дарвоза эшигига суяндим. Бу Сафар ака зиндонбанд бўлгандан кейин менга келган биринчи хат эди.
Хат ҳаётимни ўзгартирди, ҳаётимга завқ, маъно-мазмун бағишлади. Ўша пайтдаги ҳаяжонларимни ифодалаш учун қаламимнинг кучи етмайди. Орадан 21 йил ўтган бўлса-да, ўша кунни завқу шавқ билан эслайман. Суюнганимдан почтачи йигитга маълум миқдорда суюнчи пули бердим. Бундан ташқари, Сафар ака учун озиқ-овқат ва сўраган миқдоридаги пулни алоҳида бериб юбордим.
Хатни ўқиб чиққанимдан кейин терговчи Ҳусан Аҳмедов нима сабабдан Сафар ака 27-санагача чиқиб қолиши мумкин, кутинг, деб айтмай қўйгани сабабини тушундим.
Хатда Сафар ака ИИВ ертўласида Ўзбекистон Олий судининг собиқ раиси, "Эрк" демократик партиясининг котиби Содиқжон Йигиталиев билан учрашганини ёзибди.
Содиқжон Йигиталиев унга 1993 йил 25 сентябрда бўлиб ўтган "Эрк" партиясининг қурултойидан олдин президент Ислом Каримов билан учрашганини, Йигиталиев президентга унинг истагига кўра Партияни қўғирчоқ партияга айлантиришга ваъда берганини гапирибди. Партияни парчалаш учун қамоқда ўтирган Сафар акадан фойдаланиш мумкинлигини таъкидлабди. Содиқжон Йигиталиев Сафар аканинг олдига ана шу масалалар бўйича маслаҳатлашиш мақсадида борибди.
Хуллас, Йигиталиев Партияни ичидан парчалаб, сўнгра янги тузилган "Эрк" партиясига ўзи раҳбарлик қилишни истаётганини ҳам яширмаган.
Агар Сафар ака озодликка чиқиш истагида бўлса, у ҳолда 1993 йил 25 сентябрда бўлиб ўтадиган "Эрк" партиясининг қурултойида Содиқжон Йигиталиев, Шоди Каримовларнинг "Эрк" партиясини қайтадан ташкил қилиш ҳақидаги ғояларини қўллаб-қувватлайман деб баёнот бериши, Йигиталиевнинг номзодини "Эрк" демократик партияси раислигига таклиф қилиш кераклигини айтган. Буни Ислом Каримов истаётганлигини билдирган. Бироқ Сафар ака бунга кўнмаган.
Ўзи ҳибсда қолаётгани ҳолда Ўзбекистон президанти Ислом Каримовнинг талабига қарши чиққан. Сафар аканинг бу танловидан Олий Суднинг собиқ раиси ҳанг-манг бўлган.
Сен дордан қочган Муҳаммад Солиҳни ҳимоя қилишни давом эттирасанми деб ғазабланади. Сафар ака бунга жавобан "Мен Муҳаммад Солиҳни эмас, ўз принципимни ҳимоя қиламан", деб совуққонлик билан жавоб қайтаради.
Ҳар бир инсоннинг ўзи танлаган йўли, ўз ғояси, ўз приципи бўлади. Менинг ғояларимга, менинг танловимга ва дунёқарашимга Муҳаммад Солиҳнинг нима алоқаси бор?! Бундан ташқари, "Эрк" партияси деган Муҳаммад Солиҳ, Муҳаммад Солиҳ дегани "Эрк" партияси эмас.
Мен бу борада ўз ғояларим ва ўз принципимни ҳимоя қиляпман, менга Муҳаммад Солиҳнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ! Муҳаммад Солиҳ "Эрк" партиясининг раиси бўлиши мумкин, бироқ менинг дунёқарашим ёки менинг принципларимга раис эмас!
Сафар аканинг жавоби Содиқжон Йигиталиевга қаттиқ таъсир қилади. Хайрлашаётганда, алам ичида Сафар акага қараб: "Бу ердан сенинг тиригинг эмас, ўлигинг чиқади, сени турмада тириклайин чиритиб юбораман", дейди.
Содиқжон
Йигиталиевнинг ҳақоратларини эшитган
ИИВнинг терговчиси Ҳусан Аҳмедов унга
қараб: "Сафарбой Бекжоновни ҳақорат
қилишга ҳаққингиз йўқ", деб уни ИИВ
ертўласидан чиқариб юборади.
(Мен
мазкур хатни ҳалиям кўз қорачиғимдек
сақлаб келмоқдаман. Бироқ жуда сифатсиз
қоғозга ёзилгани учун ёзувларнинг ранги
ўча бошлаган. Шунинг учун ҳам бу ерда
хатнинг мазмуни ҳақида ёздим).
Ўз
вақтида ўзбек халқини Гдлян ва Ивановга
сотган Йигиталиев 1990 йилда бир думалаб
демократга айланади ва "Эрк"
демократик партиясининг котиби лавозимига
қадар кўтарилади. Бироқ демократия учун
эмас, миллий ғояга эга инсонларнинг
яширин рўйхатини тузиш, "Эрк"
партиясини бадном қилиш билан шуғулланади.
Энг ачинарлиси, бу мақсадини Сафар акадан фойдаланган ҳолда амалга оширишга шайланади. Бироқ мақсадига эриша олмайди. Сафар ака унинг олтин косада узатган заҳарли ошини ўзига қайтаради.
Сафар аканинг ушбу хатини мен "Эрк" партиясининг қурултойи бошланишидан олдин олганимда "Бир бошга бир ўлим", деб бир шиша бензинни ё Содиқжон Йигиталиевнинг устидан ёки ўзимнинг устимдан сепиб ёқиб юборардим. Афсуки, хатни "Эрк" партиясининг қурултойи бўлиб ўтгандан кейин олдим.
Дардларим билан андармон бўлиб хазонрезги япроқлар ҳовлимизни тўлдириб юборганини пайқамай қолибман. Дарвозанинг олди сарғайган япроққа тўлиб кетибди. Қани эди, қалбимни ўртаган жавобсиз саволлар ҳам мана шу япроқлардай дув-дув тўкилса-ю мен онадан янги туғилган боладай беғубор одамга айлансам қолсам...
Кечқурун Жалолиддиннинг қўлига ўйинчоқларини бериб, дарвозанинг олдини супуриб юргандим, кўчадан ўтаётган енгил машина менга қараб сигнал берди. Ким экан, деб қарасам ёзувчи Мамадали Маҳмудов билан ўғли экан (Мамадали Маҳмудов Турк дунёсига маълум ва машҳур ёзувчи. "Ўлмас қоялар" романи муаллифи. Биринчи марта 1994 йил 4 мартда қамоққа олиниб, 1996 йил озод қилинган. Иккинчи марта 1999 йил 19 февраль портлашларига алоқадорликда айбланиб қамоққа олиниб, 2013 йил 19 апрелда қамоқдан озод қилинган).
Уларни кўриб, салом бердим.
– Сафардан хабар борми, деб сўради Мамадали ака.
–
Бор.
Икки кун олдин ёзган хатини бир йигит
олиб келиб берди, дедим.
–
Соғлиғи
яхши эканми?
– Яхшиман деб ёзибди-ку.
– Сиз душанба куни менинг ишхонамга боринг, деди.
– Нимага, деб сўрамадим. – Яхши бораман, дедим.
Ота-бола хайрлашиб кетди.
Мамадали Маҳмудов шу пайтларда "Туркистон" маданият жамиятининг раиси бўлиб ишлар эди. Ишхонаси мен яшайдиган Якуб Колос кўчасида эди.
Шу пайт эсимга бир парча қоғоздан нусха кўчириш учун ишхонасига бош эгиб борганимда мени одам ўрнида кўрмай қўпол муносабатда бўлгани тушди. Энди эса Сафар аканинг аҳволини сўраяпди, мени ишхонасига таклиф қиляпди. Нима қиламан ишхонасида? Мени пуф деса қўлига қўнадиган одам деб ўйлаётган бўлса қаттиқ адашади.
Умримнинг бир куни қолса ҳам, умримни узайтириш қўлидан келса ҳам ишхонасига бормайман, деб ўзимга ўзим сўз бердим ва сўзимнинг устидан чиқдим.
Сафар аканинг суди қачон бўлишини, бизни бир-биримиз билан қачон учраштиришини кутавериб тоқатим тоқ бўлиб, Ҳусан Аҳмедовга телефон қилдим.
Гўшакни кўтарган одам Ҳусан Аҳмедов бир ойга Наманганга кетганини иш сафарига кетганини айтди. Дунё устимга йиқилгандай бўлиб кетди. Бир ой менга минг ойдан ҳам узоқдек туюлди. Бир ҳафтада бир ёки икки марта телефон қилиб, Сафар аканинг ҳол-аҳволини сўраб турардим, энди кимдан сўрайман?
Ҳусан Аҳмедов Наманганга боргандан кейин "Озодлик" радиосида Наманганда қамоққа олинаётган инсонлар номи бирин-кетин эълон қилинди. Агар хотирам панд бермаган бўлса, ўша пайтларда "Бирлик" халқ ҳаракатининг фаоллари Аҳмадхон Тўрахонбой ўғли (Аҳмадхон Тўрахонбой ўғли 2000 йилнинг бошларида 64/18 муассасасида, халқ орасида "Сангород" деган ном билан танилган қамоқхонанинг касалхонасида ўз оиласидан узоқда шаҳид бўлди. Руҳи шод, охирати обод бўлсин.), Носир Зокиров, Пўлатжон Охунов ва бошқа кишилар қамоққа олинди.
Дилим хуфтон бўлиб юрган кунларим эди. "Озодлик" радиосининг мухбири Темурхўжа ака телефон қилиб, Сафар ака билан боғлиқ сўнги янгиликларга доир интервью олди.
Мухбир суҳбат сўнгида Фарғона водийсида қамалган "Бирлик" халқ ҳаракати ва "Эрк" партиясининг аъзолари ҳақида менинг шахсий фикримни сўрашди.
Мен диктатура ҳукм сурган жамиятда эркин фикрлайдиган, ҳақ-ҳуқуқларини талаб қиладиган, миллатининг дардини очиқ айтиб, уларни ҳимоя қиладиган инсонлар Сафар акага ўхшаб қамоққа маҳкум этилишини урғуладим.
Қамоққа олинган Носир Зокиров ва Аҳмадхон Тўрахонбой ўғли ҳамда бошқа маҳкумларнинг оила аъзолари дардларига ҳамдард эканимни билдирдим.
Биз у "Эрк" демокаратик партиясининг, бу "Бирлик" халқ ҳаракатининг аъзоси деб ажратишни, бўлинишни эмас, аксинча бирлашишни ўйлашимиз керак, чунки бизнинг душманимиз бир, дедим.
Дарҳақиқат, радиода айтганимдек, номи икки хил бўлган ташкилотларнинг мақсад ва маслаклари бир хил, яъни Ўзбекистонда ҳукм сураётган диктатурага қарши курашишдан иборат эди.
Мен интервьюда "Бирлик" халқ ҳаракатининг раиси Абдураҳим Пўлатов билан "Эрк" демократик партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳлар ўртасида кескин келишмовчиликлар кундан-кунга авж олаётганига шаъма қилгандим.
Ҳақиқатанан уларнинг фикри-зикри амалдаги диктатурага қарши бирлашиб курашиш эмас, балки ўрталарида пайдо бўлган кўзга кўринмас зиддиятларни янада кучайтириб, оммавий ахборот воситалари орқали бир-бирига қарши тош отишдан иборат бўлиб қолган эди.
Ўша пайтларда ҳозиргидай интернет кенг тарқалмаганди.
Қароргоҳи Европада жойлашган "Озодлик" радиоси ўзбекистонлик муҳолифат вакилларининг муаммоларини, суҳбатларини ёритиб турарди. Мен каби турмуш ўртоқлари қамалганлар ёки ўзларини муҳолифатга алоқадор деб биладиган кишилар ҳар куни кечқурун мазкур радио орқали Ўзбекистон аҳолисидан сир тутилaдиган хабарларни ҳамда муҳолифат лидерларининг "ҳақорат даражаси"гача юксалган дуэлларини эшитардик.
Масалан, бугунги эшиттиришлардан бирида "Эрк" пaртиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ Абдураҳим Пўлатовга маломат тошларини отса, орадан кўп ўтмай "Бирлик" ҳаракатининг ҳеч кимга сўз бермайдиган раиси Абдураҳим Пўлатов "Салай Мадаминов" деб бошлайдиган туганмас "иғво ва фисқи фасодларини отиш орқали жавоб қайтарарди.
У вақтларда Абдураҳим Пўлатов Муҳаммад Солиҳга "53-54-рақамли квартира эгаси" деган лақабни бермаганди, шекилли бу рақамларни тилга олмасди, фақат сўзини "Салай Мадаминов" билан бошлаб, ана шу исм-шариф билан тугатарди.
Бу икки лидер ўртасида қандай нифоқ пайдо бўлгани биз ғариблар учун сир эди. Ўртада эса ҳар икки томондан сабабсиз ва айбсиз қамалаётган муҳолифатчиларнинг сафи кундан-кунга кўпаяётганди. Уларнинг орқасидан оила аъзолари йиғлаб ва бўзлаб, жабру жафоларга гирифтор бўлиб қолаётганди. Бироқ қамалаётганлар ва уларнинг оила аъзолари аҳволи Муҳаммад Солиҳни ҳам, Абдураҳим Пўлатовни ҳам қизиқтирмасди.
Аслида эса, 1993-94 йилларда "Бирлик"ка ҳам, "Эрк"ка ҳам уларни бир-бири билан уруштириб қўйган диктатор, президент Ислом Каримовнинг бир ўзининг ҳам кучи етарди. Уларга ташқаридан душман ташлаб, бир-бирининг гўштини едириш ишлари мутлақо ортиқча эди.
Ислом Каримов халқаро ҳамжамият олдида юзи шувут бўлмаслик мақсадида бу ишларни ўзи панада қолиб, ўзгалар қўли билан бажартирарди, шу тариқа миссиясини қойилмақом адо этарди.
Партия лидерларни эса айёр президентнинг бу ҳаракатларини тўғри англаб, ягона душманга қарши биргалашиб курашиш ўрнига ўзаро курашишга ўтиб кетганди.
Ўша пайтларда бу икки лидер бирлашганда Ўзбекистон қамоқхоналари муҳолифатчиларга тўлиб кетмас, уларнинг орқасида қолган оила аъзолари эса изтироблар исканжасида яшамасди.
"Лидер"ларнинг калтафаҳмликлари туфайли ўша йилларда қамалган муҳолифатчиларнинг вояга етмаган фарзандлари ҳам азият чекди. Уларнинг пешаналарига "халқ душмани" тамғаси босилди, мактабу бошқа илм даргоҳларида четлаштирилди, тиббий ёрдам кўрсатилиш ноқонуний равишда таъқиқланди.
Ҳукуматнинг ялоқхўрларига айланган оқ халатли шифокорлар қўлларида иситмаси кўтарилган фарзандлари билан келган онаизорларни қабул қилмай, уларнинг фарзандларини даволамай ҳасрат чектирганларига ўзим гувоҳ бўлганман.
Мен ҳам Жалолиддин касал бўлиб қолганда Тошкентдаги поликлиникаларга бориб, шифокорлар ёрдамини ололмай йиғлаб орқамга қайтганман. Ҳали икки ёшга тўлмаган Жалолиддин айбсиз айбдор эди. Ягона айби бу дунёга Сафар Бекжоннинг ўғли бўлиб келгани эди.
Ҳа, мен кабиларнинг тортаётган мислсиз азоб-уқубатлари, сафдошларининг тақдири, отаси тирик бўла туриб бир кунда тирик етимга айланган фарзандларнинг кўз ёшлари на "Эрк" партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳни, на "Бирлик" ҳаракатининг раиси Абдураҳим Пўлатовни қизиқтирарди. Уларнинг ҳар иккаласи Туркияда кўзга кўринмас шуҳратнинг қулларига айланган эдилар.
"Бирлик" ҳаракатининг раиси Абдураҳим Пўлатов "МХХ агентлари бошимга тош билан урди" деб, "Эрк" партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ эса, "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ертўласига 3 кун қамашди" деб Туркияга қочиб қолган эди. Бироқ уларнинг Ўзбекистонда қолган сафдошлари 3 кун эмас, йиллаб қамоқларда қолишга мажбур бўлди, оила аъзоларининг боши эса бир марта эмас, ҳар куни тошдан ҳам оғир нарса билан жароҳатланди.
Энг ачинарлиси, қамоққа маҳкум этилганларнинг кўпчилиги ҳар хил қийноқлар туфайли қоронғу ертўлаларда шаҳид бўлдилар. Муҳолифатчиларнинг оила аъзолари жамиятдан четлаштирилди. Атрофидагилар, ҳатто қариндош-уруғлари ҳам "халқ душмани"нинг оиласи билан саломлашиб бошим балога қолмасин", деб улардан юз ўгирдилар.
Маҳалла қўмитаси раислари, участка милициялари эса улар яшайдиган уйларни кеча-ю кундуз кузатишга ўтдилар. Ўзбекистонда ҳукм сураётган зулм машинаси кимда ким демократия учун курашса, том маънода уларнинг ҳаммасини эзиб-янчиб, ер билан яксон қилишга ўтди.
Аслида демократия учун курашган миллатпарвар, халқпарвар шахсларнинг ҳаммаси Сафар ака каби туҳмат ва бўҳтон қурбонлари бўлишди. Уларнинг ҳаммаси бир хил сценарий билан қамалди. Уйи ёки машинасидан граната, мина, ўқ отар қурол, портловчи модда топилди ёки текширув ўтказилганда чўнтагидан ё машинасидан наша, гиёҳванд моддалар чиқди, - деган айбловлар билан умрларини панжара орқасида ўтказишга мажбур бўлди.
Қанча инсоннинг бола-чақасини қон қақшатиб келдингиз
Сафар аканинг терговчиси Ҳусан Аҳмедов Наманганга борганда "Озодлик" радиосининг Намангандаги мухбири Носир Зокиров, муҳолифат фаоли Аҳмадхон Тўрахонбой ўғли ишлари билан шуғулланди. Уларни ва бошқа бир неча эркпарвар шахсларни қамоққа олишди. Афсуски, бугунга келиб, улардан кўпчилигининг исм-шарифини унутдим.
Носир Зокир ва Аҳмадхон Тўрахонбой ўғли билан 1995 йилда "Бирлик" ҳаракати фаоли Маҳбуба опа Қосимованинг уйида учрашганимиз учун хотирамдан чиқмади. Уларни қамоққа олиш учун ёзилган сценарий шу даражада қўрқинчли эдики, таърифлашга қаламим ожизлик қилади. "Озодлик"дан қамалганлар ҳақидаги хабарларни эшитиб, бугун менга ўхшаган яна бир аёл жабрдийдага айланди, Жалолиддинга ўхшаган бегуноҳ бир гўдак ота меҳридан мосуво бўлди, деб ичимдан эзилардим. Яратгандан уларнинг оғирини енгил қилишни, туҳматчиларга чиройли жазо беришни илтижо қилиб сўрардим.
Қама-қамалар авжига чиққан кунлардан бир куни ИИВга, Ҳусан Аҳмедовга телефон қилдим. Намангандан қайтган экан.
– Келдингизми, - дедим заҳарханда овозда, атайин саломлашмай. Ичимда сен каби ҳукуматнинг лайчасига салом ҳам хайф дедим.
– Келдим.
– Қанча инсонларнинг уйини куйдириб, бола-чақасини қон қақшатиб келдингиз?
– Қурбоной, менинг ишимга аралашиб нима қиласиз, қолаверса қамалганлар сизга бегонаку, - деди, менинг заҳарли тилимга ўргангани сабабли босиқлик билан.
– Мен учун уларнинг бегонаси йўқ! Менга ўхшаган яна бир аёл, Жалолиддинга ўхшаган яна бир боланинг қон йиғлаб қолишига чидай олмайман. Ана шуларни зор қақшатиб кўнглингиз тўлиб қайтдими?
– ...
– Саволимга нега жавоб бермаяпсиз? Уларнинг айби нима?
– ...
– Ҳа, саволимга жавоб беролмайсиз, чунки уларнинг бегуноҳ, беайб эканлигини ўзингиз ҳам биласиз.
– Майли, ҳамма аралашса ҳам сиз аралашманг! Ўз ташвишингиз етмайдими сизга? Улар сизга бегонаку!
– Етади! Яна такрорлайман, уларнинг менга бегонаси йўқ, - дедим қаҳр билан. – Терговхоналар олдида кўзида ёши тўхтамаётган менга ўхшаган аёлларнинг, Жалолиддинга ўхшаб ота меҳрига зор қолаётган болаларнинг кўпаяётгани менга ҳеч қачон ором бермайди. Буни сизга ўхшаганлар қаёқдан ҳам биласизлар?
– ...
Терговчи
Ҳусан Аҳмедовдан на сас, на садо чиқди.
–
Ҳусан
ака, - дедим жаҳл билан. –
Қамаётганларингизнинг айбдор
эмаслиги тўғрисидаги саволларимга
жавоб бермасангиз, берманг! Балки
уларнинг қандай жиноят содир этганини,
нима учун қамоққа олинаётганини ўзингиз
ҳам билмасангиз керак. Мени Сафар ака
билан қачон учраштирасиз? У сизларнинг
қон ҳиди босиб кетган зиндонларингизда
қон ютиб, судсиз, сўроқсиз яна қанча
вақт ётади?
Ниҳоят, Ҳусан Аҳмедов тилга кирди. – Сабр қилинг, юқоридагилардан сўраб "учрашув" олиб бераман, - деди. – Сафарнинг суди қачон бўлишини Ўзбекистон Республикаси Олий Суди ҳал қилади.
Яхшиси, сиз бу ҳақида Олий Судга бориб, улардан сўранг. Манзилини билмайман. 09 телефон рақамига қўнғироқ қилсангиз манзилини айтишади.
– Яхши.
– Тошкентдаги ҳамма ташкилотларнинг телефон рақамлари ёзилган "Справочник" деган китобча сизда борми?
– Йўқ.
– Ана шу китобни сотиб олсангиз истаган ташкилотингизнинг манзили ва телефон рақамини қийналмай топасиз.
– Бу китобни қаердан сотиб олсам бўлади?
– Киосклардан ёки китоб дўконларидан олишингиз мумкин.
– Раҳмат.
Ҳусан Аҳмедов билан хайрлашиб, гўшакни жойига қўйдим.
Сўнг китоб дўконига бориб, ўша китобчани сотиб олдим. "Справочник"да ҳақиқатанан менга керакли бўлган ҳамма ташкилотларнинг, ҳатто халқаро ташкилотларнинг телефон рақамлари ва манзиллари бор экан. Энди уйда ўтириб, хоҳлаган ташкилотимга телефон қилиш ва манзили орқали бориш имкониятига эгаман.
Олдин Тошкентни яхши билмаганим учун боражак манзилларни ҳар кимдан сўраб овораю сарсон бўлардим.
Китоб дўконидан уйга келишим билан Ўзбекистон Олий судига телефон қилдим.
Жавоб берган одам Олий судга келишингиз керак деди.
Эртаси куни эрталаб Жалолиддинни кўтариб, Олий Суднинг Анҳор бўйида жойлашган биносига бордим.
Қабулхонага келган одамларни ёш бир йигит қабул қилмоқда. Кўпчилик унга ариза ҳам ёзиб бермоқда.
Мен қандай ариза ёзиш кераклигини тушунмаганим учун шу ердаги аёллардан биридан сўраган эдим, у Олий Суд раиси Абдулаҳад Полвонзода номига қабул учун ариза ёзиш кераклигини тушунтиришди.
Раис ҳар ҳафтада бир кун фуқароларни қабул қиларкан. Омадим чопса мен ҳам қабулга илинишим мумкин экан.
Навбатим келганда қабулхонада ўтирган консультант йигитга дардимни айтдим.
У Муҳаббат деган аёлнинг ички телефон рақамини бериб,Сафар ака билан боғлиқ саволларга ана шу аёл жавоб бера олишини айтди. Аммо фамилиясини айтмади.
Муҳаббат опага телефон қилгандим ҳурматимни ўрнига қўйиб, ҳол-аҳволимни сўрашни унутмади.
Рости, Сафар ака қамалгандан кейин нечта органга борган бўлсам мен билан биронтаси бундай муомала қилмаган эди. Ўша ташкилотлар Сафар аканинг "Эрк" партияси аъзоси эканини эшитган заҳоти тўнларини тескари кийиб олишарди. Бу соҳада ишлайдиганларнинг менга нисбатан бундай ёқимли муносабатда бўлаётганларига биринчи марта дуч келганим учун кўнглим анча кўтарилди.
Муҳаббат опа Сафар ака билан боғлиқ саволларни Олий суд раиси Абдулаҳад Полвонзодадан сўрашимни, бунинг учун қабулиги ёзилишимни маслаҳат берди.
Мен ундан қачон ва қандай қилиб учрашишим мумкинлигини сўрагандим, қабулхонада ўтирган йигитга ариза ёзиб ташлаб кетишимни айтди. Аризамни ўзи назорат қилишини таъкидлади.
Агар раис мени қабул қилишга рози бўлса, у ҳолда бир-икки кун ичида раиснинг жавобини менга етказишини маълум қилди. Аризамда уй манзилим ва телефон рақамимни ёзишни унутмаслигимни алоҳида урғулади.
– Вой, ростдан сиз мен учун гаплашасизми?
– Ҳа, гаплашаман.
– Катта раҳмат сизга! Ҳали бир марта кўрмаган Муҳаббат опадан хурсанд бўлиб хайрлашдим.
Фуқароларни қабул қилаётган йигитдан бир варақ қоғоз олиб, Сафар ака билан боғлиқ тафсилотларни қисқа ва лўнда қилиб ёздим. Албатта, уй манзилимни ва телефон рақамимни ёзишни унутмадим.
Э, худо, уларнинг ичида ҳам одам ажратмай нормал муомала қила оладиган инсонлар бор эканку, дедим ўзимга ўзим. Лекин Сафар аканинг қаерда ишлашини сўрамагани, балки иш жойини сўраб билганда бошқалардек қўпол муомала қилармиди, деб яна совуқ хаёлларга боришга мажбур бўлдим.
Узилган умидларим қайта бўй чўзиб, кўнглим тоғдек кўтарилиб уйга қайтдим.
Муҳаббат опа мард аёл экан, сўзида турди.
Орадан икки кун ўтгач уйга телефон қилиб, Ўзбекистон Олий суди раиси Абдулаҳад Полвонзода билан учрашадиган кунимни ва учрашув соатини айтди.
Ваъда қилинган кун 1993 йил 14 декабрь келди. Ўзбекистон Олий суди раиси Абдулаҳад Полвонзода билан соат 11:00да учрашаман.
Эрталабки пайт ҳаво ҳарорати қаттиқ совуқ бўлгани учун Жалолиддинни қалин кийинтириб, Олий суд биносига бордим.
Қабул вақтини қабулхонада кутиб ўтирдим.
Қабулхонада уч-тўрт одам бор экан. Ҳамма навбати келганда кириб, узоғи 10 дақиқада чиқмоқда.
Қабулхона шундай сокин эди-ки, пашша учса овози эшитилади. Баxтимга Жалолиддин ҳам инжиқлик қилмай жим ўтирди.
Ниҳоят, менинг навбатим ҳам келди.
Катта хона ва узун стол тўрида қотмадан келган совуқ башарали одам ўтирарди.
Салом бердим.
Алик олди.
Ўриндиққа ўтиришимни айтди.
Ўтирдим.
Ўзимни таништирганимдан кейин Сафар аканинг шу пайтгача ҳибсда қолаётганини, учраша олмаётганимни, суди ҳам бўлмаганини, нима айби борлигини билмаслигимни айтдим.
Музейдан қандайдир тангани ўғирлаган деб айб қўйишяпди, лекин ўша тангани музей директори Сафар акага экспертизадан ўтказиб беринг деб, ўз қўли билан берган. Бу ҳақида бизда тилхати ҳам бор. Тилхат расмий бланкага ёзилган ва унга ҳар иккала томон имзо чеккан. Бу қандай ўғирлик бўлиши мумкин? Бу ерда мантиқ қани?
Олий суд раиси менинг гапларимни бўлмай охиригача эшитди-да, сўнг олдида турган мен ёзган аризага қараб: Сафарбой Бекжонов, Ўзбекистон "Эрк" демократик партиясиданми, деб менга қаради.
– Ҳа.
– "Эрк" партиясида ким бўлиб ишлаган?
– Партия раиси Муҳаммад Солиҳнинг ёрдамчиси эди.
– Сиз кутинг, Бекжоновнинг суди Тошкентда эмас, Элликқалъада бўлади.
– Нимага?
– Суди бўлишидан олдин сизга телефон қилиб айтишади.
Раис сўзим тугади, дегандай ўрнидан даст турди.
Мен охиригача айтолмаган дардларим билан хонадан чиқдим. Қабулхонада ҳеч ким йўқ эди. Демак, расининг қабулига кирган энг сўнги одам мен эканман. Агар адашмасам ўша куни бор-йўғи уч ёки тўрт одамни қабул қилди.
Ташқарига чиқдим.
Совуқ кучайганди.
Осмонни менинг кўнгил осмони каби қоп-қора булут қоплаганди. Ҳавода қор учқунларди. Ерга тушган қор парчалари муз бўлиб қотаётганди.
Йўлда йиқилмай-сурилмай, Жалолиддинни кўтариб бир амаллаб уйга етиб келдим.
Раиснинг жавобидан кейин хаёлимни Сафар аканинг суди нега Тошкентда эмас, гадойтопмас Элликқалъада бўлади, деган саволлар забт этди ва бу саволимга ҳеч кимдан, ҳатто терговчи Ҳусан Аҳмедовдан ҳам тайинли ва жўяли жавоб ололмадим.
Адвокат Ҳамидулла Зайнидиннов сабабини билганимдан кейин айтаман деди.
Ташвишларим билан ўралашиб юриб, янги йилга саноқли кунлар қолганини билмай қолибман.
1993 йил 25 декабрь куни Ҳусан Аҳмедовга телефон қилдим.
Ўзаро салом-аликдан кейин терговчимизга 1994 йилни ҳувиллаган ҳовлида бир ўзим кутиб олишни хоҳламаётганимни айтдим.
Қишлоққа борсаммикан деган фикримни Сафар акага айтиб, рухсат сўраб олиб беришини илтимос қилдим.
Агар рухсат берса бораман, бермаса уйда қолавераман, дедим.
Олдинги гал "мазам йўқ, қишлоққа бориб, даволаниб келаман" деб сўратганимда "Тошкентдан ҳеч қаёққа кетмасин", деб руҳсат бермаганди.
– Мен Сафарга айтаман, деди Ҳусан ака.
27 декабрь куни Ҳусан акага телефон қилгандим, у Сафар ака билан гаплашганини, қишлоққа боришимга рухсат берганини айтди.
Соғлигини сўрагандим: – Арслондек, деди.
– Ростданми?
– Сизга ёлғон гапирмайманку!
Хурсанд бўлдим.
Ҳусан акани кириб келаётган Янги йил байрами билан табрикладим. Номимдан Сафар акани ҳам табриклаб қўйишини илтимос қилиб хайрлашдим.
Ҳусан аканинг "Арслондек" деган таърифидан қувонишдан ташқари фахрланиб ҳам кетдим. Алишер Навоийнинг "Қафасдаги шер – енгаман дер" деган мисралари ёдимга тушди.
Дарҳақиқат, Сафар ака ҳеч қачон бўш келмасди. 3 йилга қамалди. Ана шу йиллар давомида қамоқхонада кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, одам боласи чидай олмайдиган қийноқларга солинди. Барибир матонатини йўқотмади, руҳан таслим бўлмади, золимларга тиз чўкмади. Ҳамиша арслон каби мағрур, бўри каби бўйин эгмас ҳолатда бўлди.
Қишлоққа Тошкентда ўқийдиган талаба ҳамқишлоқларим билан бирга кетдим. Хоразмгача поездда бордик, кейин Амударё кўпригидан таксида ўтиб Берунийга йўл олдик.
Шу тариқа қаҳри қаттиқ қишнинг булутли куни, асфальт қилинмаган тиззагача лой бўлиб ётган қишлоққа кириб бордик.
Йигитлар Жалолиддиннинг кийим-кечаклари солинган оғир сумкамни кўтарди.
Университетда
ўқиб юрган вақтимда қишлоғимизнинг
ёзда чанг, қишда лойли ботқоқ туфайли
юриш қийин афкор йўллари ҳақида
туман
ҳокимиятига шикоят ёзгандим. Шундан
кейин қишлоғимизнинг кўчаларини қисман
асфальтлаганди. Бироқ, орадан 5 йил ўтмай
йўлимиз яна эски ҳолига қайтибди.
Сафар ака, мен бошимни "Кунда"га қўйдим
Ниҳоят, туғилган уйимнинг остонасига қадам қўйдим.
Мени кўрган онамнинг юраги севинчдан портлайдиган ҳолга келди. Барчалари билан кўришганимдан кейин бироз дам олай деб, ўз хонамга кирдим.
Онажоним мен қайси нарсани қаерга қўйган бўлсам, ҳалигача шу ерда, ўрнини ўзгартирмай сақлаб келаётган экан.
Китобларим, ўқиган журналларим, қачонлардир ёзган қўл ёзмаларим... Бу ҳолни кўриб хурсанд бўлдим.
Ўтган гал Сафар ака билан бирга келганимизда эътибор бермаган эканман.
Кечқурун менинг келганимни эшитган ва қишлоғимизнинг ўзида яшовчи акамлар оила аъзолари билан бирга келишди. Кичкина Жалолиддинни бири олиб, бири ерга қўймасдан ўйнатишарди. Жалолиддин ҳеч кимни бегонасирамай мамнун эди. Тоғаларининг эркатойига айланганди менинг кичик шаҳзодам! Тўртта акам жамулжам, фақат Элликқалъа туманида яшайдиган энг катта акам келганимдан бехабар эди.
Акаларимнинг юзида кутилмаганда бошимга тушган фалокат аломатини, кўзларида ғам ғуссасини кўриб қалбим тимдаланди.
Барчасининг "нима бўлди", деган мазмунда менга аянч билан қараётганини кўриб, қишлоққа борганимга пушаймон бўлдим. "Келмасам ҳам бўлар экан, жигарларимнинг кўзларидаги ғамни кўрмасам ҳам бўлар экан" деган ўй ўтди миямдан.
Сўнг улар сўрай олмаётган нарсаларни ўзим айтиб беришга қарор қилдим. Сафар аканинг "қопқон"га қандай қилиб туширилганини ва бу "қопқон"нинг орқасида кимлар турганини айтишга шайландим.
– Биляпман, ҳаммаларингиз мендан куёвингизга нима бўлганини сўрай олмай ўтирибсизлар, дилини оғритиб қўймайлик, деб истиҳола қиляпсизлар, - дедим. Сўнг воқеа жигаргўшаларим ўйлагандек эмаслиги, Сафар акани яхши танишга улгурмаганликлари учун ундан шубҳаланаётган бўлишлари мумкинлиги, бироқ ортиқча шубҳаю гумонларга ўрин йўқлигини айтиш билан бошладим. (Сафар ака билан турмуш қурганимизга бори йўғи 2.5 йил бўлганди. Шу қисқа муддатда биз қишлоғимизга атиги 3-4 марта бирга борганмиз, ўшанда ҳам бир ёки икки кунга. Сафар ака "Эрк" партиясининг ташкилий ишлари билан банд бўлгани учун вақти жуда кам эди. Шу сабабли акаларим куёвини яқиндан танимасди. Бошқа шаҳарда яшайдиган қариндош-уруғларимни гапирмасам ҳам бўлади).
Ундан кейин яқинларимга Сафар акага босилган "ўғри" тамғаси туҳмат эканини, кимлиги номаълум Элдор Ҳақгўй деган одамнинг "Халқ сўзи" газетасида чиққан мақоласи ҳам туҳматларга бурканганини айтиб бердим. Вақти келиб тахаллус билан мақола ёзган одамни топиб, жазосини бердиртираман, дедим алам билан.
Билганимдек, яқинларим "Халқ сўзи" газетасида чиққан фельетонни ўқиган экан.
Бир пайтлар қишлоғимизда бизнинг оиламиз ҳақида: "Камол аканинг уйига борсанг гаплашишга одам тополмайсан. Ҳаммаси ё газета ёки журнал ўқиб ўтирган бўлади" деган гап тарқалганди.
Дадамнинг болалик даври уруш йилларига тўғри келгани сабабли 4-синфгача ўқиган, холос. Шундай бўлса-да, тафаккури шу қадар кенг эдики, дадам билан суҳбатлашган одам тарих фани ўқитувчиси билан суҳбатлашгандай таассурот оларди.
Жаннатий дадам бўш вақт топган замон қўлига китоб ёки газета олиб ўқирди. Ўзлари тақдир тақозоси, давр залвори туфайли тўлиқ ўқий олмагани учун ҳаммамизни ўқитганди. Дадажоним 2004 йилда оламдан ўтдилар. Руҳи шод, охирати обод бўлсин.
Сўзларимни диққат билан эшитаётган яқинларимга Сафар акани қамаш учун музей тангаси шунчаки баҳона бўлганини, бунинг замирида сиёсий сабаблар яширинганини, "Эрк" партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ қамалишдан қўрқиб, Туркияга қочиб кетганидан кейин Партияни Сафар аканинг қўли билан "қўғирчоқ" партияга айлантирмоқчи бўлганликларини, аммо Сафар ака бунга рози бўлмагани учун бошига мана шу фалокатлар тушганини тўлиқ гапириб бердим.
Танга ўғирлаганига оид туҳмат дадам яхши танийдиган тўрткўллик Қўзи раиснинг ўғли Ахмат Атажонов (музей директори Ўрозали Жумаевнинг курсдоши, Мавлон Умрзоқовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган), Элликқалъадаги Ўлкашунослик музейининг директори Ўрозали Жумаев (қишлоғимиздагилар уни "Пеле" дейишарди, акс ҳолда ҳеч ким танимасди), шоира Ҳалима Худойбердиеванинг эри, Президент Ислом Каримовнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ва "Эрк" партияси аъзоси, тарихшунос Шоди Каримовлар томонидан ўйлаб топилганини етказдим. Тангани Ўрозалининг шахсан ўзи Сафар акага экспертизадан ўтказиб беринг, деб тилхат асосида берганини, ўша тилхат уйда турганини билдирдим.
– Ана шу хатни Сафарбойнинг терговчисига бердингми, деб сўради иккинчи акам.
– Бердим, дедим.
– На дади?
– Жавоб бермади.
– Кўп хафа бўлма, ҳаммаси яхши бўлади. Сафарбой қамоқдан тез чиқиб келади, - деди онам.
Тун яримига етганда акаларим оила аъзолари билан бирга уйларига кетишди.
Мен ҳам ўзимнинг қизлик пайтимдаги ётоқхонамга кирдим.
Болалар боғчасида мудира бўлиб ишлаб юрган пайтимда биринчи маошимга олган темир кароватга аввал Жалолиддинни ётқаздим, сўнг болажонимнинг ёнига ўзим ҳам чўзилдим.
Бошимга нимадир ботди. Ёстиқни кўтариб, тагига қарасам қачонлардир ўқиб, кейин яна ёстиғимнинг тагига қўйган китоб, Чингиз Айтматовнинг "Кунда" романи экан, ҳалиям ёстиғимнинг тагида турибди.
Кўзим жиққа ёшга тўлди. – Сафар ака, дедим хаёлан. – Мен бошимни "Кунда"га қўйдим. Сизга отилган туҳмат тошларни ўша ҳаромзодаларнинг ўзларига қайтариб отмагунимча менга бу дунё харом бўлсин!
Мен Сафар акага ишонардим. Бироқ уйимизга мени кўргани келган қариндош-уруғларим, синфдошларим менга ачинаётганини кўриб, қишлоққа келганимдан пушаймон бўлдим.
Сафар ака озодликка чиқмагунча қайтиб қишлоққа келмайман, дедим ўзимга ўзим. Чунки менга бир пайтлар ҳавас билан қарайдиганлар, энди ачиниш туйғуси билан боқаётганди.
Дарҳақиқат, мен қишлоғимизда унча-мунча ёшлар қила олмаган ишни қилишга муваффақ бўлгандим. Яъни, 1985 йилда Самарқанд давлат университетига "Тайёрлов" факультетидан кейин ҳеч кимга пора бермай ўқишга киргандим. Бу ҳеч ким кутмаган катта зафар эди.
9 сентябрдан то декабргача пахта териб, мактабда оғир шароитда ўқиган бир ўқувчининг ўз билими билан университетга ўқишга кириши чинакам ютуқ эди!
Ўз кучим билан ўқишга киришимга ҳатто дадам ҳам ишонмасди. Шу сабабли университетга ҳужжатларимни топширишга тайёргарлик кўраётганимда: – "Қизим, аҳволимизни кўриб турибсан. Ҳозир сенга берадиган ортиқча пулимиз йўқ. Порасиз ўқишга кириш қийин замонда яшаяпмиз. Ана Ҳожи амакинг ўғлини 5 минг сўм пора бериб, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтига ўқишга киритди. Бизнинг бунга қурбимиз етмайди. Яхшиси бу фикрингдан қайт. Тинчгина болалар боғчасида ишлаб юравергин. Сенга битта диплом етмайдими, деганди.
Бироқ адабиётга бўлган қизиқишим мени ўқишга ундайверарди. Мақсадим, университетда таҳсил олиш ва келажакда биронта газетада ишлаш эди. Шу сабабли менга дадамнинг ҳам, онамнинг ҳам гаплари кор қилмасди. Онамнинг "Ўқишни йиғиштир! Ўқишга кетсанг, қайтиб келмайсан! Қайтганингда менинг ўлимимнинг устига келасан", деган илтижоли гаплари ҳам қулоғимга кирмаганди.
СамДУни тугатиб, Сафар акага турмушга чиқдим.
Уйга қайтиш насиб қилмади.
Онажонимнинг сўзлари рост бўлиб чиқди!
Ўқишга кирган ҳамма қариндошларимнинг "танка"лари бор эди. Бечора амакиларим минг машаққат билан топган пулларини емай-ичмай, йўқ ердан "таниш" топиб, ўғил-қизларини ўқишга киритишга, киргандан кейин ўқитишга сарфларди.
Ўша йилларда қишлоғимизда ноодатий анъана қарор топди, яъни ўқимаган қизни қайсидир оиланинг келин қилиши қийинлашди. Айрим шошқалоқ қудаларнинг қуда томонга "қизингизни, албатта ўқитамиз" деб ваъдалар бериб ўқимаган қизни келин қилишини инобатга олмаганда деярли ҳамма "ўқиган қиз"нинг оиласи билан қуда-анда бўлишни хушларди. Бизнинг қишлоғимиз ана шундай қишлоқ эди. Ҳамма ҳавас қиладиган қишлоқ эди! Ҳа, қишлоғимиз аҳли фарзандлари келажаги учун бутун топган даромадларини сарфлашдан қочмасди. Уларга ёзда "қизил қор" ёғади деса ишонардию, аммо университет ёки институтга ўз билими билан порасиз ўқишга кириш мумкинлигига асло ишонмаcди.
Менга ҳам ишонмагандилар. Онамнинг айтишича, Ҳожи амаким қишлоғимизда бўлган тўйлардан бирида ҳамманинг олдида дадамга қараб: "Камол ота, қизингизни Самарқандда университетда ўқитиш учун домлаларга қанча пора бердингиз ёки қизингиз ўқишга кирдим деб сизларни алдаб, Самарқандда ишлаб юрибдими, деб изза қилган экан.
Дадам нима дейишни билмаган. Чунки уйимиздагилар СамДУнинг қаерда жойлашганини ҳам билмасди.
Шу воқеадан кейин дадам акам билан бирга университетга мени излаб келганди ва менинг университетда ўқиётганимни ўз кўзи билан кўриб кетганди.
Мен ниҳоятда содда эдим. Курсдошларимнинг ҳаммаси ўқишга мен каби ўз билими билан кирган деб юрардим. Уларнинг "танка"лари борлигини 5 курсда ўқиётган чоғимда билгандим.
Жомбойлик курсдошим Адҳам Абдуллаев: "сиздан бошқа ҳаммамизнинг орқамизда суянадиган суянчиғимиз бор" деганди. Ўшанда мен унинг бу гапини эшитиб лол бўлгандим... Адҳам эса соддалигим учун устимдан роса кулганди...
Кўнглимнинг тор кўчасини кемирган заҳарли илоннинг заҳри йиллар ўтсада камаймади. Нега ўшанда онамнинг гапини кирмай ўқишга кетдим? Агар ундай қилмаганимда, турмушга чиқмаганимда тундан-да қора, муздан-да совуқ кунлар бошимга тушмасмиди?
Бошқа синфдош қизларим каби тақдиримга тан бериб, болалалар боғчасидаги ишимда тинчгина ишлаб юрсам бўлмасмиди?
Инсоннинг
умри пушаймонларга тўла бўлар
экан-да.
Бироқ сўнгги пушаймон инсонга
ҳеч қачон дўст бўлмайди.
Армонларим ёнган оташда ўзим ёндим, ўзим кул бўлдим, кулим совуқ шамолда ҳар ёнга сочилиб кетди. Ҳеч вақт эгилмаган мағрур бошим ерга теккунча эгилди.
Ҳамма ҳамқишлоқларим менга: "Қурбонойнинг эри ўғирлик қилиб қамалибди, шўри қурибди" деган нигоҳда ачиниб қарар эди. Бироқ Сафар аканинг ўғирлик билан қамалмаганини, туҳматлар асосида озодликдан маҳрум этилганини исботлашга қурбим етмасди.
Аслида эса ўша "танга" ойнанинг шунчаки юзи эди. Унинг кўринмайдиган орқа томони эса Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Сафар акани ҳукуматга ишга таклиф қилгани-ю, бироқ бу таклифни рад этгани эди.
Президент бу таклифини, яъни "ёғли кулча"ни Ўзбекистон Олий судининг собиқ раиси, "Эрк" партияси Марказий кенгаши аъзоси Содиқжон Йигиталиев ва Шоди Каримовлар орқали тортиқ қилишга уринган эди. Бироқ Сафар ака бу кулчани емасдан уларнинг қўлларига қайтариб берди. Алал-оқибат занг босган тангани баҳона қилиб Сафар аканинг умрини барбод этишга уринди ва мақсадларига эришди.
Мен буни ҳамқишлоқларимга қандай тушунтираман? Тушунтирган тақдиримда ҳам улар ҳатто ўзимнинг ҳам тишим ўтмаётган "сарой ўйинлари"га тушунишармиди?
Мен қишлоқни қариндош-уруғлариму ҳамқишлоқларим менга ачиниш туйғуси билан боқаётгани туфайли тарк этишга мажбур бўлдим. Ўз-ўзимга қишлоққа Сафар ака қамоқдан чиққандан кейин келаман, деб сўз бердим. Онажонимнинг "қишнинг қаҳратон совуғида қаёққа борасан, болангни касал қилиб оласан, кунлар исиганча уйда қол" деб ялиниб-ёлворишларига қарамай йўлга отландим.
Шаҳар марказига, Беруний автовокзалига ҳамқишлоқларимдан бири оғир юк машинасида олиб келди. Чунки қиш кунларида, айниқса, ёғингарчилик бўлган пайтларда қишлоғимиз кўчаларида ЗИЛ русумли юк машинаси ва тракторларгина юра оларди. Бошқа енгил автомобилларнинг ботқоқли йўлда юриши у ёқда турсин, гараждан бир метр ҳам силжиб кўчага чиқа олмасди.
Ҳамқишлоғим
биз билан хайрлашиб кетгандан кейин
бир қўлимда кичик сумка, бир қўлимда
Жалолиддин билан автовокзалда
қолдик.
Аксига олиб ҳаво ҳарорати
туфурган туфук ерга тушмаёқ музлаб
қоладиган даражада совиб кетди. Жалолиддин
совуқдан дир-дир титрай бошлади.
Нима
қилишни билмай қолдим. Онам ҳаво совуб
кетса тақиб оласан деб катта жун рўмол
берганди, уни сумкадан олиб, Жалолиддинга
ўрадим.
Боз устига Амударёнинг бўйигача
борадиган бирорта такси йўқ. Борлари
ҳам бир ўзингиз учун бормайман деб ноз
қилишарди. Қора қишнинг совуғида қишлоққа
келганим, Жалолиддиннинг ҳолатини
кўриб, ўзимга ўзим лаънатлар ёғдирдим.
Бир вақт талабаларга ўхшаш икки-уч йигит келиб таксичилар билан гаплаша бошлади.
Мен ҳам уларнинг сафига қўшилдим.
Улар Урганчда университетда ўқийдиган берунийлик талаба йигитлар экан. Таксичи бизни Амударё бўйигача олиб боришга рози бўлди.
Амударёнинг бўйида таксидан тушдик. Дарёнинг совуғи ва эсаётган ёқимсиз шамол кўзни очирмайди. Дарё суви музлаганди. Амударёнинг устига қурилган кўприкдан ўтдик. Урганчга бориш учун автобусга миндик. Амударёнинг совуғига дош бера олмаган Жалолиддин қаттиқ иситмалаб, касал бўлиб қолди.
Поезд вокзалига келдим. Аксига олиб билет йўқ. Шундай бўлса-да поезд Тошкентга кетадиган соатгача Жалолиддинни бағримга босиб вокзалда ўтирдим. Бечора ўғлим кўзини очолмай қолди.
Таваккал қилиб, Тошкентга борадиган поездга билетсиз чиқдим.
Билет текшириб юрган йўлбошловчи вагонга билетсиз чиққанимни билиб, жаҳли чиқди.
– Нимага билет олмадингиз?
– Кассир билет йўқ деди.
– Унда тушиб кетинг!
– Урганчда борадиган жойим йўқ.Ўғлим касал бўлиб қолди, қаранг иситмаси баланд. Тошкентга ўзимнинг уйимга тезроқ етиб бориб, касалхонага олиб бормасам ўлиб қолади деб қўрқаяпман, дедим кўзим тўла ёш билан.
Жалолиддиннинг кўзини очолмай, нафас олишга қийналаётганини кўрган йўлбошловчи Жалолиддинга раҳми келдими, менга ўшлик ўзбеклар жойлашган купедан бўш ўрин топиб берди.
Жалолиддининг иситмаси чиқиб, кўзини очолмай турганини кўрган шерикларимдан бири бўлган опахон сумкасидан иситма туширадиган антибиотик дори олиб берди ва дори катталар учун эканлигини айтиб, ярмини ичиришимни тавсия қилди.
Жалолиддинга ичирдим. Ярим соат ўтар-ўтмай ўғлим кўзини очди. Сўнг шерикларим олма беришди, уни пичоқда қириб Жалолиддинга едирдим. Хуллас, шерикларим менга сидқидилдан яқиндан ёрдам берди.
Тошкентга етиб келгач, уйга телефон қилсам Сафар аканинг кенжа укаси Бекназар бор экан.
У тоғасининг ўғли билан бирга вокзалга келиб, бизни олиб кетишди. Бекназар ҳам нотанти тузум қурбони бўлди. Жойи жаннат, охирати обод бўлсин!
Шундай қилиб, қаҳратон қишда қишлоғимга бориб келдим. Орқамдан изларимни кўзига сурган Онажоним ва ғамини ичига ютган Дадажоним ҳамда "яхши кунлар, албатта келади" деб менга далда берган акаларим, шунингдек, "умидингни узма" дея таскин берган синфдошларим қолишди. Мени Тошкентда фақат Яратганга аён ҳодисотлар, ой юзини булут қоплаган тунлар ва қуёшини йўқотган қора кунлар кутаётганди...
Суянай десам суянчиғим, устимни уртай десам ёпинчиғим йўқ эди. Ягона дил оғунчоғим Жалолиддин эди.
1994 йилнинг қиши қаттиқ келди.
Қор тинимсиз ёғди.
Ҳовлини, эшик олдини қордан тозалашга улгуролмай қолдим. Яхмалакка айланган ерларни ҳар замонда бир марта кўриниш бераётган қуёшнинг заиф нури эритолмасди.
Бу вақтга келиб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қаҳри муздан ҳам қаттиқлашганди.
Сафар аканинг суди чўзилгандан чўзилди. Боз устига амалдаги ҳукуматнинг муртадларига айланган хизматкорлар учрашишимизга ҳам изн беришмади.
Ҳа, олдинлари қорни севардим. Оппоқ қорни, оққа бурканган дарахтларни кўриб баҳри-дилим яйрарди. Эндиликда қор ерга ёки дарахтлар устига эмас, менинг бошимга ёғаётгандек бўлгани учун тамомила хушламай қўйдим. Жавоби йўқ саволлар ҳар бир кунимни ва тунимни музга айлантирмоқда, мадоримни қуритмоқда эди.
Миямда доим ғужғон айланадиган Сафар аканинг ётоқхонаси иссиқмикан, кийимлари қалинмикан, овқатлари тотлимикан, соғлиги яхшимикан, кирлаган кийим-кечакларини ювишга шароит бормикан, атрофида қандай одамлар бор экан, деган сон-саноқсиз саволларимга жавоб берадиган кимса йўқ эди. Терговчиси Ҳусан Аҳмедов ҳам бу каби саволларимга жўяли жавоб беришмайди.
1994 йилнинг 20 январь куни кечқурун дарвоза эшиги тақиллади. Алламаҳалда ким ҳам келиши мумкин, деб ҳайрон бўлиб, дарвозани очдим.
Кўча томонда асли самарқандлик, МХХнинг малайи Ахтам ака эгнини қисиб, қўлида бир пакет билан турган экан. (Мен Ахтам Розиқовнинг МХХ лайчаси эканини 2000 йилда Мамадали Маҳмудовнинг қамоқхонадан ёзиб чиқарган мактуби орқали билганман. 1994-95-йилларда билганимда эди, уни ўз қўлим билан заҳарлаб ўлдирган бўлардим. Мени Ахтам Розиқов билан Муҳаммад Бекжон таништирган эди).
У қўлидаги пакетни менга узата туриб, "Жалолиддинга янгангиз бериб юборди", деди. Раҳматимни эшитгандан кейин у мени хурсанд қиладиган катта янгилик топиб келганини билдирди. Менинг бутун хаёлим, фикри-зикрим Сафар ака билан банд бўлгани учун: –Сафар ака озодликка чиқадиган бўлдими, деб сўрадим ҳаяжон билан. У Мавлон Умрзоқовнинг қамалганини етказди.
– Нима, ростданми?
– Рост.
– Аллоҳ буюк ва тарозуси кенг, - дедим қувончдан ҳаприқиб. – Илоҳим, қамоқхонадан у ифлоснинг тириги чиқмасин, деб қўшиб қўйдим.
– Ҳа, Аллоҳ буюк терговчи. Бир оз сабр қилсангиз, Сафар ҳам озодликка чиқади, - деди.
Ахтам ака хайрлашиб кетди.
Эй, ер-у кўкни яратган Улуғ Тангрим, сенинг тасбеҳингнинг тоши адашмасин! Бир кун ёруғ кунлар, албатта, келади ва қоронғуликлар ойдинлашади.
Шайтоннинг малайига айланиб, жинлар тегирмонига сув қуйган золимлар жазосини олади, хиёнатга гирифтор бўлган мазлумлар эса инсон қиёфасидаги маҳлуқлардан албатта қасос олади. Биз ожиз бандалар сенинг йўлингдан адашмайлик!
Ҳа, дарҳақиқат, Ахтам Розиқов мени қувончли янгиликдан хабардор қилиб кетди.
Мен Мавлон Умрзовдан кейин унинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Аҳмад Отажоновнинг Тоштурмага равона бўлганини эшитдим. Қўшалоқ қувончдан, энди уларнинг ҳам ваҳший терговчилар ва прокурорлар билан "тонги отмас, куни ботмас” маконларда ҳамсуҳбат бўлишидан вужудим янгради. Умрларини қуёш нури тушмайдиган тўрт девор ичида, инсон қони билан бўялган ертўлада ўтказишини тасаввур қилиб, юрагим шодон жунбушга келди.
Мен Сафар ака қамалгандан кейин иккинчи бор қувонаётгандим. Биринчи марта ИИВ терговчиси Ҳусан Аҳмедовнинг "Сафарбой Бекжонов ИИВда, мен унинг терговчисиман" деган гапини эшитганимда хурсанд бўлгандим, иккинчи марта, Ўзбекистон президентининг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ва унинг ялоқхўр ёрдамчиси Аҳмад Отажоновларнинг қамалганини, ўзлари қазиган чоҳга ўзлари ҳам тушганини эшитиб хурсанд бўлмоқдаман.
Ҳаётимнинг мазмуни бўлмиш Сафар аканинг ИИВ ертўласидан топилганидан қувонганимни айримлар нотўғри тушуниши мумкин. Бироқ бу қувонч замирида Сафар аканинг тириклигини, уни бевосита ва билвосита умр йўлдошимни кўриб-билиб, суҳбатлашиб юрган одамнинг оғзидан эшитганим мужассам топган.
Хўжайинимни топгунимча сал кам 3 ой ҳали 2 ёшга тўлмаган гўдагим билан Тошкент кўчаларида дарбадар кезганман, сон-саноқсиз ташкилот ва органларга бориб мадоримни йўқотганман. Бу орада мен тортган азоб-уқубатларни ёлғиз Аллоҳ ва қўлимдаги тилсиз гўдак билади, холос.
Ҳа, Мавлон Умрзоқов ва унинг ёрдамчиси Аҳмад Отажоновлар Сафар акага туҳмат қилган эдилар. Улар ўзларининг қабиҳ мақсадларини амалга ошириш, "Эрк" демократик партиясини ичидан парчалаш ҳамда Ислом Каримовга яхши кўриниш учун Аҳмад Отажоновнинг курсдоши, Элликқалъа туман Ўлкашунослик музейи директори Ўрозали Жумаев билан тил бириктиради, хуллас, қўлларидан қандай ёмонлик келса, ҳаммасини ишга солади.
Уларнинг режаси Сафар акани ўз йўриқларида юритиш, унинг қўли билан "Эрк" партиясининг амалдаги раиси Муҳаммад Солиҳни ағдариш ва ўрнига Содиқжон Йигиталаевни раис, Шоди Каримовни раис ўринбосари қилиб тайинлаш, шу тариқа Ўзбекистонда эндигина илдиз отиб келаётган демократик ҳаракатлар илдизига болта уриш бўлган. Бу йўлда уларга ким тўсқинлик қилса, "душман"ларни ё мансаб, ёки қамоқ билан йўқ қилишни мўжаллаган.
Бу халқ шундай шароитда яшашга лойиқ
Сафар Бекжоннинг қайсарлиги, ҳатто Ўзбекистон президентига ҳам ёқмаган. Чунки Ўзбекистонда эндигина шакллана бошлаган демократик ўзгаришлар бошида ёшлар ҳам бор эди ва Сафар ака уларга йўлбошчилик қилаётганди. Бундан ёрдамчилари, маслаҳатчилари орқали ҳабар топган Ислом Каримов Сафар ака билан шахсан икки марта учрашади. Уларнинг биринчи учрашуви 1989 йил, иккинчиси эса 1990 йилда бўлиб ўтади.
Ўшанда Ислом Каримов Сафар акани ва унинг ёрдамчиси Шавқиддин Жўраевларни ўз хонасида қабул қилиб суҳбатлашган. Ҳар доим ўзбек тилида гапириб, ўзини ўзбек миллатига мансуб сифатида танитиб юрган Шавқиддин Жўраев Ислом Каримов билан тожик тилида гаплашган.
Президент уларга ўзлари танлаган йўлдан қайтиб, ўзи таклиф қилган лавозимда ишлашни айтган. Ўшанда келиб чиқиши бухоролик бўлган Шавқиддин Жўраев "Эрк" партияси ва "Ёшлар" ҳаракатидан кетиши эвазига ўзига депутатлик рутбасини, акаси Сайфиддин Жўраевга эса Президент девонидан иш сўраган.
Ислом Каримов Шавқиддин Жўраевнинг талабини инобатга олиб, қўл остидагиларга уни ва акасини ишга қабул қилиш бўйича буйруқ беради. Сафар ака эса лавозимга ҳам, депутатликка ҳам сотилмайди. Аксинча "мен Ўзбекистонда демократик давлат қурилиши тарафдориман" деб, истагини очиқ-ойдин билдиради.
Бундан ғазабланган Ислом Каримов: "Сиз хоразмлик туркмансиз, "ўзбак"ларни ҳимоя қилиб нима қиласиз? Бу халқ шундай шароитда яшашга лойиқ", дейди ва ўзбек миллатини оғзига олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилади.
Шавқиддин Жўраев билан келишиб, Сафар Бекжон билан келиша олмаган Ислом Каримов алал-оқибат қабиҳликка ўтади.
У ўзининг қабиҳ ниятини амалга ошириш вазифаларини югурдаги Мавлон Умрзоқовнинг гарданига юклайди.
Умрзоқов "арбоб"ининг буйруғини бажаришга бел боғлаб киришиб кетади. Сафар акадан ўч олиш учун Элликқалъадаги Ўлкашунослик музейи директори Ўрозали Жумаевдан фойдаланади. Ўртага Ўрозалини қўшиш таклифини эса ёрдамчиси Аҳмад Отажонов илгари суради.
Ўз вақтида "Эрк" партиясининг Бош котиби лавозимида ишлаган жомбойлик Аҳмад Аъзам кабиларга ТВдан иш бериш ва депутат қилиш орқали овозини ўчиришга эришган Ислом Каримовни Сафар Бекжоннинг қайсарликлари лол қолдиради.
Сафар аканинг "Эрк" партиясини "чўнтак партия"га айлантиришга қарши чиқишини, таклиф қилаётган лавозимларни хушламаётганини ҳазм қилолмайди.
Каримов бизга муҳолифат партия ҳам, ҳақиқат учун курашувчилар ҳам, мустақил фикрлайдиган шахслар ҳам керак эмас. Биз ҳозирданоқ уларни таг-туги билан қўпормасак, кейинчалик бошимизга бало бўлади, деб Сафар аканинг овозини ўзгалар ёрдамида ўчиртиришга чоғланади.
"Эрк" партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳни ИИВ ертўласига 3 кун қамаб қўйгандик, у ердан чиқиб, сичқоннинг инига минг танга тўлаб, Туркияга қочиб кетди. Қани, бир кўрайликчи, гапимизга қулоқ солмаётган Сафар Бекжон нима қиларкан, деб аслида Сафар акани қўрқитиш учун қамоққа олишни буюради. Қолганини Сирдарё вилоятида туғилган, ўзининг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзақовга топширади.
Мавлон Умрзоқов эса асосий вазифа зиммасига юкланган Ўрозали Жумаевга "агар Сафар Бекжонга тааллуқли "иш"ларни қойилмақом уддаласа, яқин келажакда Элликқалъа туманига ҳоким қилиш бўйича ваъда беришади. Шундай қилиб, Сафар ака сиёсий ўйин қурбонига айланиб, сал кам бир йил судсиз, сўроқсиз ИИВ ертўласида қон ютиб ўтиради.
Сафар акани қамаганлари етмагандай мени ҳам ойларча сўроқ қилади. Мавлон Умрзоқов нафақат Сафар акани, шу билан бирга, Туркистон ғояси давомчиси, турк дунёсининг машҳур ёзувчиси Мамадали Маҳмудовни ҳам қаматтиради.
Азиз ўқувчиларга Мавлон Умрзоқовнинг оиласи ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдим. Мавлон Умрзоқов ўзбек халқига яхши таниш бўлган Ҳалима Худойбердиеванинг турмуш ўртоғидир.
Ҳалима Худойбердиева эса ўша вақтларда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисаси эди. Шеърларида инсонийлик, меҳр-оқибат, дўстликни тараннум қилган, Оналарга ҳамду сано ўқиган, тирик етим қолган болаларнинг аянчли қисматларини таъсирли тарзда ифодалаган Ҳалима Худойбердиева мансаб пиллапояларидан кўтарилгани сари ўзгариб боради. Оташин мисралар соҳибаси бўлмиш Ҳалимахоним ўзи бошқараётган идора эшигига бош уриб борган кўз ёшли оналарнинг, маъсума қиз-келинчакларнинг, ота меҳрига зор бўлган болаларнинг нолаларига қулоқ солишни ўзига эп кўрмай қўяди. Ҳатто уларнинг кўнглини кўтарадиган бир оғиз ширин сўз айтишни ҳам лозим топмайди.
Ёзаётганим туҳмат бўлиб қолмаслиги учун ўзим гувоҳи бўлган бир воқеа хусусида гапириб ўтмоқчиман. Бир куни Тоштурманинг дарвозаси олдида бошига қора кун тушган бир онахон билан суҳбатлашиб қолдим. Онахон нафақага чиққунча ўрта мактабда она тили ва адабиётдан дарс берган экан. Бундан ташқари, худди менга ўхшаб шеърият шайдоси экан. Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларини яхши кўраркан.
Фарзандининг бошига тушган ташвишлардан азоб чекаётган ўша Онахон катта умидлар билан ариза ёзиб, Ҳалима Худойбердиеванинг ҳузурига боради. Гўзал сатрлар, ноҳақликлар ҳақида таъсирли ашъорлар битган шоирадан ёрдам сўрайди.
Унга ноҳақ қамалган ўғли, тирик етимга айланган набиралари, турмуш ўртоғи қамалиб, туну кун кўз ёши тинмаётган келини ҳамда ўғли банди зиндон бўлгандан кейин касал бўлиб қолган эрининг қора қисмати ҳақида гапириб беради.
– Ёрдам бера олдими, сўрадим сабрим чидамай.
– Ёрдам бериш у ёқда турсин, сал кам ҳақорат қилиб, хонасидан ҳайдаб чиқарди, деди. – Мен ҳеч қачон Ҳалима Худойбердиевани қаҳри қаттиқ аёл деб ўйламагандим. Шеърларини севиб ўқирдим ва буни ўз ўқувчиларимга ҳам тавсия этардим.
Шоиранинг телевидение орқали инсонийлик, меҳр-оқибат, виждон, ожиз қолган одамларга ёрдам бериш ҳақидаги ваъзларига алданибман. Ахир мен Ҳалима Худойбердиевани меҳр-оқибати кучли, ноҳақликларга қарши курашадиган шоира деб ўйлагандим. Билдимки, шоира Ҳалима Худойбердиева билан инсон Ҳалима Худойбердиева ўртасида осмон билан ерчалик фарқ бор экан.
–
Наҳотки, сизга
ёрдам бермаган бўлса, - ҳайратланиб
сўрадим.
–
Йўқ.
– Бошингизга тушган кўргуликлар ҳақида ариза ёзмадингизми?
– Ёздим.
– Ўзингизни ҳайдашган бўлса ҳам аризангизни олиб қолдими?
– Йўқ.
– Ҳатто муаммоларимни охиригача эшитишга ҳам сабри чидамади.
– Ростданми?
– Сизга ёлғон гапириб нима қиламан, - деди кўзига ёш олиб. – Худодан қўрқмай ёлғон гапираманми?
Онахоннинг кўзидаги ёшни кўриб, мен ҳам йиғлаб юбордим. Сўнг суҳбатдошимга Ҳалима Худойбердиеванинг эри, Ислом Каримовнинг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлайдиган Мавлон Умрзоқов турмуш ўртоғимни туҳматлар асосида қаматтирганини гапириб бердим. Шу тариқа биз ҳасратдошлар бир-биримиз билан хайрлашдик.
Подшоҳи бадкирдор бўлса ўз халқининг доду фарёдига қулоқ солмаса? Қалам аҳли золим подшоҳига ҳамду сано ўқишдан чарчамаса, бизга ўхшаган бошига ноҳақликдан бало ёғилган шўрликлар дардини кимга айтади, кимдан ёрдам сўрайди?
Навбати келган онахон ўзи олиб келган нарсаларни ўғлига топшириш учун кетди.
Орадан бир неча дақиқа ўтгандан кейин мен ҳам Сафар ака учун олиб келган нарсаларимни топшириш учун Тоштурма ичидаги "Передача" қабул қиладиган бўлимнинг кичкина ойначаси олдига бордим. Бу ерга келганларнинг кўплигини кўрган одам "ҳамма қамоққа олинган экан-да", деган хаёлга бориши аниқроқ эди. Навбатда ҳар хил вилоятлардан келган ёшу қари.
Ниҳоят, менинг навбатим ҳам келди. Передачани ходимларга топширишдан олдин уларга одатдагидек олиб келган нарсаларимнинг рўйҳатини узатдим.
– Кимга, деб сўради.
– Сафарбой Бекжоновга. Ана исм-шарифини ёзиб қўйганман.
– Узр, қабул қила ололмаймиз, деди ярим-ёрти ўзбекча.
– Нима учун?
– ...
Ҳукм қаътий, шикоятга ўрин йўқ, дегандай, қизлар илтимосимни инобатга олмай терс қарашди. Юзлари ғамдан сарғайган ота-оналар ҳамда болалари билан навбат кутиб оналар ҳақи-ҳурмати орқага қайтишга мажбур бўлдим. Чунки дод-ҳасрату илтимос қилиб узоқ қолиб кетишим уларга зарар эканини тушундим. Ахир қизлар мендан передача олмаса улар айбдор эмаску!
Ўзимдан ўтгани ўзим ва Аллоҳ билади. Ўзбекистонда қоғозга ёзилмаган энг разил қонунлар гўё Сафар ака учун ёзилгандай. Ҳамма маҳбусларнинг қариндошларига мумкин бўлган "пердача" менга мумкинмас. Қамоқхонада қолаётган умр йўлдошимга кийим-кечак ҳам етказиб беролмайман. Бу каби ҳуқуқлардан Сафар ака маҳрум қилинганди. Адвокати ва терговчисидан Сафар аканинг касал бўлиб қолганини эшитиб, дори-дармон олиб борганимда ҳам шундай аҳволга дуч келгандим, мендан нарсаларни қабул қилишмаганди.
Яхшиямки, бир марта "Қизил Ярим Ой" ташкилоти орқали дори-дармон билан таъминланишига эришгандим. Сафар ака қамоқхонанинг ичидаги яширин қамоқхонада азоб чекаётганди.
Уйга қайтдим. Автобусдан Олой бозори бекатида тушиб уйга кетаётганимда автомобиль ҳайдовчиси важоҳат билан тормозини босди. – Жонингда қасдинг борми, деб бақирганда хаёлимни йиғиштириб олдим. Келаётган йўлимга қараб ўзим ҳам қўрқиб кетдим. Пиёдалар йўлаги қолиб, йўлнинг ўртасидан кетаётган эканман.
– Кечирасиз...
–
Сен
мендан эмас қўлингдаги болангдан кечирим
сўра! - деди жаҳл билан ҳайдовчи. –
Ўзинг
ўлсанг ўлавер, қўлингдаги болада нима
гуноҳ?
–
Кечирасиз
амаки.
... Азоб билан уйга етиб келдим.
Жалолиддиннинг қўлига қуруқ нонни сувга ботириб, ивитиб бердим. Ўзимнинг томоғимдан ҳеч нарса ўтмади. Сўнг "Хотира" дафтаримни олиб, бугун рўй берган воқеаларни ипидан-игнасигача ёздим. Токи, Жалолиддин катта йигит бўлганда ўқисин, ўғирланган болалиги учун кимлар айбдорлигини, кимлар ота меҳрига зор қилганини билсин!
1994 йил 19 майда "Хотира" дафтаримга ёзган қалб нолаларим:
Оҳ, сизни унутиш, нақадар душвор,
Сиз мен-чун йўқликдан яралган дунё!
Бу очун – зиндону, ниҳоятда тор,
Мен унда яшайман, йўқ маъно, зиё!
Боғланган ит мисол айланаман гир,
Ҳеч қайга кетолмам, кета олмайман.
Кўзим нам, қалбим ғам, бариси тақдир,
Мен қачон эркин, ҳур, озод бўламан?!
"Хотира дафтар"имнинг саҳифаларига ёзган дардларимни бугун ўқисам ҳам кўзимга ёш келади. Ўшанда яхшиямки, қоғоз ва қалам таскиним, энг яқин дўстларимга айлана олган экан. Дардимни ҳар қанча тўксам ҳам тинглаган, ҳасратларимни эшитган тилсиз, забонсиз қоғозга чексиз раҳмат! Баъзан, бас қил, ҳасратларингдан сиёҳим қуриб бўлди, деб исён кўтарган қаламга чексиз раҳмат! Шулар туфайли зиндон қалбим нурафшон, ғам-аламга тўлган кўнглим чарағон бўлди...
Сафар Бекжон "Эрк" партиясини ҳам,
Муҳаммад Солиҳни ҳам сотди
Бир куни уйга Дилором Исҳоқова келди. Эътибор бериб қарасам кайфияти яхшимас, қовоғидан қор ёғиб турибди.
Ҳар гал келганида Жалолиддинни номига бўлса ҳам қўлига олиб эркалайдиган бу хотин бу сафар ўғлимга қайрилиб ҳам қарамади. Жалолиддиннинг инжиқлик қилиб, йиғлаганига тоқат қила олмади. Шу сабабли ҳақорат қилишни ҳам унутмади.
– Ўғлингиз лўлига ўхшайди-я, лўли маҳаллада туғилгани учун. Овози ҳеч ўчмайди, давомли йиғлайди.
Бу хотиннинг ҳе йўқ, бе йўқ Жалолиддинни ҳақорат қилиши юрагимга ханжардек ботди.
– Жалолиддиннинг мазаси йўқ.
– Мазаси йўқ бўлса докторга олиб боринг!
– Қайси докторга? Ўтган сафар касал бўлганда олиб боргандим, иситмаси баланд бўлса ҳам виждонсиз шифокорлар қабул қилмаганди.
– ...
– Келин эшитдингизми? - деди заҳарханда овозда.
– Нимани?
– Сафар "Эрк" партиясини ҳам, Муҳаммад Солиҳни ҳам сотибди.
– Нима деб сотибди, - дедим. Дилором опанинг оғзидан чиққан сўзларни ёзиш ҳожат эмас...
– Кейин мендан 50 минг сўм пул сўрабди эрингиз.
– Ростданми, - вужудим титраб кетди.
– Нима мен ёлғон гапираманми, ёлғон гапирсам икки қизимнинг ўлигини кўрай, - деди.
Дилором опа қасам ичиб гапиришни яхши кўрадими ёки шундай усулда гапирсам ҳамма менга ишонади, деб ўйлайдими, билмайман, илгари ҳам "ёлғон гапирсам икки қизимнинг ўлигини кўрай" деб қасам ичганини эшитганман.
– Нима қиларкан бунча пулни, - ҳайратланиб сўрадим.
– Тоштурмада еб-ичармиш!
– Нима, буларни сизга хат ёзиб айтдими? Ҳатто мен олиб борган "передача"ни олиб қолишмаган эди-ку! Сизга ёзган хатини ташқарига қандай чиқарибди, - дедим жаҳл билан.
– Мен олиб борган "передача"ларни қабул қилмаган Тоштурманинг катталари сиздан 50 минг сўратибди-да Сафар акага? Балки Сафар аканинг ўзи ҳам сиздан сўралган пулдан бехабардир?
– Сафар ўз қўли билан ёзган, унинг қўл ёзмасини танийман.
– Қани ўша хат, ўқиб кўрай-чи?
– Уйга ташлаб келдим, нима менга ишонмайсизми?
– Ишонамай ўлибманми, - дедим шошиб. Икки қизини ўртага қўшиб қасам ичирмаслик учун.
– Пул сўраганини ёзган хатидан билибсиз, "Эрк" партияси ва раиси Муҳаммад Солиҳни сотганини қаердан билдингиз?
– Терговчи Ҳусан Аҳмедов айтди. Сафарнинг Партияни ва Муҳаммад Солиҳни сотгани ёзилган кассетани қўйиб берди.
– Ростданми, ишонқирамай сўрадим.
– Рост.
– Сафар акани кўрмаганимга сал кам бир йил бўлди, уни тергов қилган пайтингизда олган видеонгиз бўлса қўйиб беринг, кўрай, деб илтимос қилганимда Ҳусан ака бундай видео кассеталар йўқлигини айтганди. Сизга қаердан олиб қўйиб берди кассетани?
– Билмайман.
– Сиз ҳам шунга ишондингизми?
– Нимага ишонмай, гапираётган аниқ Сафар-ку.
–
Дилором опа, сиз "Эрк" партиясининг
қурултойидан олдин ҳам Сафар "Эрк"
партияси ва Муҳаммад Солиҳни сотди, деб
бутун дунёга жар солгандингиз, кейин
нима бўлди, бир эсланг! Ҳаммаси ёлғон
бўлиб чиқмадими?
Содиқжон Йигиталиевнинг
Сафар акага қараб "Эрк" партиясини
худди шундай ҳимоя қилиб юраверсанг
қамоқдан тиригинг эмас, ўлигинг чиқади
деб айтган сўзлари ёзилган хатини сизга
ҳам ўқитган эдимку. Сафар ака сиз
айтганингиздек, "Эрк" партияси ва
севимли раисингиз Муҳаммад Солиҳни
сотганида аллақачон уйга қайтган
бўларди. Ҳозир сиз келганингизда дарвоза
эшигини мен эмас, у очарди.
– ...
– Дилором опа, сиз ўзлигини унутган ифлос, ҳаромзода терговчилар қўлига тушган одамлар қандай қийноқларга солинишини биласизми? Билмайсиз, билганингизда ўша видеога ҳам, гапирган одам Сафар ака эканига ҳам ишонмасдингиз!
Менга яқинда қамалаган одамлар қийноқларга қандай солиниши ҳақида гапириб беришди. Инсон қиёфасидаги маҳлуқ терговчилар маҳбусларнинг икки қўли ва оёқларни орқасидан арқон билан тортдириб, боғлаб осиб қўяркан, кейин таранг тортилган баданига бигиз санчаркан.
Бу ҳам озлик қилгандай, тирноқларининг тагига игна тиқаркан. Оёқларини кўтариб қўйиб, тагига дубинка билан ураркан. Противогаз кийдиртириб нафасларини бўғаркан.
Ана шундай тарзда қийноқларга солинган одамдан нимани кутиш мумкин? Сиз менга инсоннинг излаб ёки ишлаб топиши мумкин бўлган пул ҳақида гапиряпсиз.
Ўша ҳаромзода терговчилар азобига гирифтор бўлган одам терговчиларнинг бориб онангни ўлдир деган буйруғини ҳам бажарса керак. Уларни ҳам битта аёл, бир она туғиб катта қилдимикан? Илоҳим, авлод-аждоди билан ит ўлимини топишсин. Балки Сафар акани ҳам шундай қийноқларга солган бўлса, "Эрк" партиясиниям, унинг раисиниям сотган бўлса сотгандир. Сиздан 50 минг сўм сўраган бўлса сўрагандир.
Мен Сафар аканинг ўз ихтиёри билан "Эрк" партиясини сотишига ҳам, сиздан 50 минг сўм пул сўраб хат ёзганига ўлсам ҳам ишонмайман.
Менинг қаҳр билан айтган гапларимни эшитган Дилором опа: – Келин, сиз терговчиларнинг қамалганларни бундай тарзда қийнашини қаердан биласиз, - деди.
– Буларнинг ҳаммасини менга Сафар аканинг маҳалламизда яшовчи дўстларидан бири айтиб берди.
– Сиз шунга ишондингизми?
– Мен олдинига ишонмадим, бўлиши мумкин эмас, терговчи ҳам одам-ку, қандай қилиб ўзига ўхшаган яна бир одамни ҳе йўқ, бе йўқ, уриб абжағини чиқаради, у ҳам етмагандай тирноғи остига бигиз санчайди дегандим, у бу гапларни қамоқда бошидан ўтказган қўшнимиз Ойша холанинг ўғли гапириб берганини айтди. Шундан кейин ишондим. Ўша йигит менинг ён қўшним Ойша холанинг ўғли бўлади. Бечора Ойша холанинг эри аварияга учраб вафот этган. У бир ўзи уч ўғил, икки қизни вояга етказган ҳокисор она.
У ўғлим айбсиз қамалди, нашаванд дўстлари ўтига ёнди деб, кўп йиғларди. Унинг гапларига олдинига Сафар аканинг дўсти ҳам ишонмаган. Кейин прокурорнинг уйида устачилик қилаётганда қамоқхоналардаги қийноқлар ҳақида ундан ҳам сўраган экан. Прокурор қамалган одамни гапиртириш ва ўзлари истаган маълумотларни олиш учун терговчилар томонидан қийноқлар қўлланилиши ростлигини тасдиқлаган.
– Дўстининг исмини айтинг.
– Нимага айтишим керак?
– Танишай дегандим.
– Унинг сиз билан танишишга эҳтиёжи йўқ.
– Майли келин, айтмасангиз айтманг.
Дилором опа совуққина хайрлашиб кетди. У кетгандан кейин ўз ёғимга ўзим қовурулиб ўтирсам бадқовоқ Мақсуд Бекжон ҳаллослаб кириб келди. У салом аликсиз гап бошлади.
– Сиз акамнинг уйидан чиқиб кетмай ҳалиям яшаяпсиз. Менинг қариндошларим уйсиз қийналиб юрибди. Сафар эса акамни сотди.
– Кетмайман, деб олдин ҳам айтганман сизга. Сафар акани қайси эшикдан ишга кузатган бўлсам ўша эшикдан кутиб оламан. Битта сиз қолгандингиз менга тана қилмаган. Сафар ака акангизни неча пулга сотибди? – Нима, - кўзидан ғазаб учқунини сачратиб сўради.
– Саволимни эшитмадингизми? Бу ҳақида сиздан олдин Дилором опа келиб "суюнчилаб" кетганди. Сиз бир оз кечикдингиз. Агар Сафар ака "Эрк" партияси ва Муҳаммад Солиҳни сотганида ИИВнинг ертўласида бир соат ҳам қолмасди. Шуни биласизми?
– ...
Мақсуд Бекжон мен билан ортиқча тортишиб ўтирмасдан кетди. Аламимни кўз ёшимдан олдим. Дилором Исҳоқова билан Мақсуд Бекжоннинг маломатлари камлик қилгандай, "Озодлик" радиоси мухбири Темурхўжа ака ҳам телефон қилди. У қисқача ҳол-аҳвол сўрагандан кейин асосий саволга ўтди.
– Сафаржон "Эрк" партиясини сотибди, деб айтишяпди, шу ростми?
– Темурхўжа ака, агар Сафар ака "Эрк" пратиясини ва Муҳаммад Солиҳни сотганида ҳозир уйда ўтирган бўлар эди, - дедим жоним ҳиқилдоғимга келиб. – Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ваъда қилган катта амалга сотилмаган одам келиб-келиб президентнинг "ит"ларига сотиладими? Ҳаромзода терговчилар берган ваъдага ишониб ўз эътиқодидан, ўз йўлидан қайтадими?
– Бизга шундай маълумот келганди.
– Муҳаммад Солиҳга айтинг! Сафар ака уни ҳам, "Эрк"ни ҳам сотмади!
Сизга бу ҳақида ким айтган бўлса, манзили тўрт оёқли "чўбин от" бўлсин!
Темурхўжа ака менинг сабр-косам тўлганини пайқади шекилли, ортиқча савол бермай хайр-маъзурни ҳам насия қилди. Кейин кўп вақтгача телефон қилмади.
Оҳ, оғожон, "Эрк" партиясидан кетгандан кейин унга яна қайтиб нима қилардингиз? Тинчгина ўз уйингизда ўғлингизни бағрингизга босиб хотиржамгина яшасангиз бўлмасмиди? Топсак шакарли чой, топмасак оддий чой ичиб ҳам кунимизни ўтказардикку! Энди нима бўлади?..
Ҳаммасидан
чарчадим. Қўлимга ягона оғунчоғим
"Хотира дафтар"имни олиб, юрагимни
яралаган энг сўнгги янгиликларни
бирма-бир ёздим. Сафар ака зиндондан
озод бўлганда "ўқинг, ўрганинг, мен
қандай яшаганимни уқинг, деб қўлига
бериш учун. "Эрк" партияси тарқалиб
йўқ бўлиб кетмасин, деб сизни даъват
этган ва оқ фотиҳа берган каттаконлар
қани? Нега бирортаси ҳолингиздан хабар
олмайди? У ўғри эмас, сотқин ҳам эмас,
деб сизни ҳимоя қилмайди? Йўқ! Ҳаммаси
томошабин! Сафдошларингиздан биронтаси
Сафар қамоқда қолаётганида ҳеч бўлмаса
оиласидан хабар олайлик дейишдими,
йўқ!
Сафар ака сайловдан кейин "Эрк"
партиясини тарк этгани ҳақида ёзгандим.
Уйда тинчгина ўз ишлари билан банд бўлиб
юрганда Партиянинг мол-мулки талон-тарож
бўлаётгани ҳақида совуқ хабар эшитади.
Шу тариқа, Партиянинг мол-мулки Адлия
вазирлигида Сафар аканинг номига
расмийлаштирилгани учун "Эрк"ка
қайтишга мажбур бўлади. Яъни Партиянинг
битта чўпи йўқолса ҳам Сафар ака
Ўзбекистон Олий судининг олдида жавобгар
бўлиб қолишини билиб, яна эски ишхонасига
йўл олади. Сафар ака Партияга қайтиш
арафасида Ўзбекистон Халқ шоири,
Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовдан,
ёзувчи Шукруллодан ҳамда ёзувчи Ойбекнинг
ўғли академик Бек Тошмуҳаммедовлардан
маслаҳат сўраб олдиларига боради.
Эркин Воҳидов Сафар акага "Эрк" партиясини Ўзбекистон президенти Ислом Каримов истаган ҳолатга келтиришни, Муҳаммад Солиҳнинг яхши шоир, лекин тажрибали сиёсатчи эмаслигини, у ҳеч қачон давлатни бошқара олмаслигини айтиб, маслаҳат беради. Ислом аканинг давлат бошқаруви ишларида тажрибаси катта, биз келишиб ишлашимиз керак дейди.
Ўзбекистон Халқ шоири Шукрулло эса: Ислом Каримовнинг эски коммунист эканини, ундан ҳеч вақт яхшилик чиқмаслигини, унга қарши биргаликда курашиш лозимлигини, халқ Каримовга қарши жипслашмаса, миллатнинг бошига кўп кўргуликлар тушишини, шунинг учун ҳам "Эрк" партияси ўзининг чизган чизиғидан чиқмай, демократия учун курашиши кераклигини айтиб, йўл-йўриқлар кўрсатади.
Академик Бек Тошмуҳаммедов эса "Эрк" партияси ўз йўлидан қайтмай, демократия учун курашиши керак, деган қатъий фикрини билдиради. Ўзбекистон халқида "Эрк" партиясига эҳтиёж борлигини айтиб, оқ фотиҳа беради.
Шундан кейин Сафар ака парчаланиш ҳолатига келган "Эрк" партиясини қайтадан бирлаштириб ишлай бошлайди. Афсуски, кўп ўтмай Мавлон Умрзоқов, Аҳмад Отажонов ва Ўрозали Жумаевлар ҳамда уларга яқиндан ёрдам берган "Эрк" партияси раҳбарлари Содиқжон Йигиталиев ва Шоди Каримовлар қўйган қопқонга тушиб қамалиб қолади. Энди эса Партияни афкор аҳволдан сақлаб қолишга урунган Сафар акани "Эрк"ни сотганликда айблаб, сафдошлари тўрт томонга жар солишмоқда. Аслида эса, сотқинлик қиламан деган одам Аҳмад Аъзамга ўхшаб Ислом Каримов ваъда қилган катта амалга ими-жимида сотилиб кетган бўларди.
Савол сиртмоқ,
вергул тузоқ,
ундовларга алданиб йиғлама кўнгил.
Ҳаёт кураш
Уч нуқта...
Жавоби
йўқ саволлар миямда кўршапалаклар каби
уча бошлади. Кўршапалак ойдин кунда ҳеч
нарсани кўрмайди, қоронғуликда яхши
кўради.
Менинг кундузим тунга, туним
зимистонга айланди. Кунларим зулмат
қўйнида ўтмоқда эди. Лекин мен кўршапалак
эмас эдим. Бироқ кун бўйи қилаётган
ҳаракатларим самарасиз якун топаётгани
учун қўл силтамаслигим, кунлик воқеалар
тафсилотини тунлари мижжа қоқмай таҳлил
қилиш билан чекланиб қолмаслигим керак.
Тақдиримга тан бериб мотам тутиб ўтириш
катта йўқотиш бўлади. Шу боисдан ҳам
нимадир қилишим шарт.
Миям ишламай қолди.
Сафар ака ҳақиқатанан ўзи ишонган, ўзи курашаган демократия ғояларидан воз кечдимикан?! Наҳотки, ўзи асосчиларидан бири бўлган "Эрк" партиясини сотиб, тупроқ билан тенг қилган бўлса?! Агар шундай бўлса нега бунинг эвазига озодликка чиқмаяпди?
Бу гаплар ростми ёки Дилором Исҳоқованинг Сафар акага навбатдаги туҳматими? Сафар аканинг Партияга содиқ шахс бўлганини уни яқиндан танийдиганлар яхши билади. Билмаганлар учун бошимдан ўтган ҳазин воқеани яна бир бор қисқача такрорлайман.
1991 йил 23 ноябрда ўғлимиз Жалолиддин туғилди. Туғруқхонадан 30 ноябрда чиқдим. Сафар ака ўшанда мени 7 кунлик чақалоқ билан ёлғиз қолдириб, Президентликка ўз номзодини қўйган "Эрк" партияси лидерини сайлов олди тарғиботи билан шуғулланиш учун Хоразмга кетди. На мени, на ўғлини ўйламасдан Партияга жонини тиккан бу одамга бугун сотқин деган тамға босишмоқда.
Жаҳл устида ИИВга бордим.
Ҳар гал терговчи Ҳусан Аҳмедовга телефон қилиб, учрашув вақтини белгилаб сўнг борардим. Бу гал телефон қилишга, эртага келинг, индинга келинг деган жавобни эшитишга сабрим чидамади.
Бахтимга қарши терговчи Наманганга кетган экан. Уни сал кам бир ойдан кейин қайтиб келади деб айтишди. Наилож орқага қайтдим.
Ўз мозоримга ўзим ўт ёқиб, кулга айланиб ўтирсам Москвадан қандайдир Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази раиси Понамарев деган киши телефон қилди.
У ҳол-аҳволимни сўраб бўлгандан кейин Сафар аканинг "сотқин"лигига оид юзага келган гап-сўзларга муносабатимни сўради.
Унинг саволига рус тилида чамам етганча жавоб бердим.
Саволлари кўпайиб кетгандан кейин рус тилини билмаслигимни очиқ айтдим. Шундан кейин Понамарев "ҳозир гўшакни сиз билан ўзбек тилида гаплашадиган одамга бераман" деб телефонни ўзбекистонлик шоир Ёдгор Обидга берди.
Ёдгор ака хушмуомалалик билан аҳволимни сўради. Ўзининг мамлакатда демократия қарор топиши учун курашиб, натижада оиласини ташлаб Москвага кетишга мажбур бўлганини, у ерда бир ўзи яшаётганини айтди. Гап орасида Сафар акани яхши танишини, менинг бошимга тушган фожеа юзасидан сабр тилади.
– Мен сизнинг шеърларингизни яхши кўраман. Менда шеър китобларингиз бор. Ҳаммасини ўқиганман. Ўзингизни ҳам бир марта кўрганман, - дедим. Ҳақиқатанан Ёдгор ака ўзбек халқининг беназир шоирларидан бири.
– Абдулҳамид Чўлпон ва Фитратнинг оила аъзолари ҳам худди сиздек азоб тортишган. Сафар қамоқдан чиқса ҳаммаси яхши бўлади. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасиз.
– Раҳмат.
– Бу киши (Понамарев) Сафарнинг "Эрк" партиясини сотган-сотмаганига қизиқмоқда. Сафарнинг Партияни сотгани ростми?
– Ким айтди?
– Бизга шундай хабарлар етиб келди.
– Ёдгор ака, сизлар бу хабарга ишондингизларми?
– ...
– Сафар акани танийман дедингиз, лекин яхши танимас экансиз. У сотқин бўлганида ҳозир уйда ўтирмасмиди? Ҳам "Эрк" партиясини сотиб, ҳам зиндонбанд бўлиб ўтирармиди?
"Эрк" партиясининг қурултойи бўлиб ўтишдан олдин ҳам эл орасида ана шундай туҳмат тарқалганди. Бу туҳмат эканини Сафар ака Тоштурмадан чиқарган хат орқали тўлиқ исботладику.
Ўша хатда Сафар ака ҳукумат ўзини қандай қилиб сотиб олмоқчи бўлгани ҳақида ёзганди. Сафар ака билан учрашиш учун ИИВ ертўласига борган Содиқжон Йигиталиевнинг таклифларини баён қилганди. Бироқ Сафар ака унинг таклифларига рози бўлмаган. Бундан жаҳли чиққан Содиқжон Йигиталиев "Бизнинг таклифимизни қабул қилмаганинг учун бу ердан тиригинг эмас, ўлигинг чиқади" деб айтган.
Мен Сафар аканинг бу хатини партиядошларига ҳам ўқиттирганман. Навбатдаги бу гаплар ҳам туҳмат гап! Аслида Содиқжон Йигиталиев билан Дилором Исҳоқованинг идоралари битта. Уларнинг фаолияти бир-бириникидан фарқ қилмайди.
Мен ИИВга бориб, Сафар ака билан учрашиб, нима гаплигини ўрганай десам бизнинг учрашишимизга рухсат бермаяпти. Бугун ҳам Сафар аканинг терговчиси Ҳусан Аҳмедов билан учрашиш учун ИИВга бордим. Бироқ терговчи Наманганга кетган экан.
Ёдгор ака нималардир деб мени овутди. Лекин мен тушунмадим. Чунки қулоқларим ғувиллаб ер-у кўк чирпирак бўлиб айлана бошлаганди. Шу боис Ёдгор акага бошқа гапира олмаслигимни айтиб, кечирим сўраб хайрлашдим. Гўшакни жойига қўйиб, юзимни ёстиққа босиб бор овозим билан бақириб йиғладим. Бундан Жалолиддин қўрқиб кетиб, менга қўшилиб йиғлай бошлади. Сўнг ўзимни қўлга олиб, ёшли кўзим билан болажонимни овутдим. Ёш боланг билан ишламай уйда ўтирибсан, уйингда егани нонинг, ичгани чойинг борми деб сўраш ўрнига "Сафар ака Партияни сотди", деб таъна қилишлари юрагимни эзиб юборди. Улар учун мен ёки қўлимдаги гўдак Жалолиддиннинг ҳаёти муҳим эмас, ўзлари "тирик ҳайкал"га чиқариб олган ва ҳар куни сажда қилаётган Муҳаммад Солиҳ қадрли эди.
Унинг соясига салом бераётган муридлари Муҳаммад Солиҳнинг чопонига чанг тегишини ҳам истамасди. Иложи бўлса ётиб олиб оёғини ялашга ҳам рози эди. "Тирик ҳайкал" эса Сафар акани "сотқин" деб бетиним тўрт томонга жар солдиртираётганди.
Тез орада Сафар Бекжоннинг "Эрк" партиясини "сотгани"га оид хабарни Германияга, Москвагача етказди. Бу ҳам етмаганидек, мени руҳан синдириш мақсадида Тошкентдаги лайчалари ва хориждаги мухбирчалари-ю ҳуқуқ ҳимоячилари орқали менга жиддий зарба беришга тушганди.
Улар мендан "тўғри эшитибсизлар, Сафар ака "Эрк" партиясини ҳам, Муҳаммад Солиҳни ҳам сотди", деган жавобни эшитишни исташарди. Бироқ чучварани хом санаётганини билиб, тарвузлари қўлтиғидан тушмоқда эди.
Партиядошлари, сафдошлари мени ўйламаганидек, Сафар акани ҳам ўйламасди. Сафар аканинг Тоштурмадан чиқарган хати – халқаро ташкилотларга ёзган "Баёнот"ига ҳам бефарқ муносабатда бўлишди. Ҳатто, баёнотда қайд этилган "Эрк" демократик партиясининг асосчи лидерларидан бириман" деган жумла устидан Муҳаммад Солиҳнинг укаси Муҳаммад Бекжон қора қалам тортди.
Сафар ака ўз баёнотида Ўзбекистон зиндонларида инсон боласи чидай олмайдиган қийноқларга солинаётганлиги, ҳибсхона ходимларининг ваҳшийликлари, қийноқлардан озиб-тўзиб кетгани, қийнаш усуллари ҳақида ёзиб, халқаро ташкилотлардан ёрдам сўраганди. Муҳаммад Бекжон "Баёнот"ни халқаро ташкилотларга ўзимиз етказамиз деб олиб кетганди, бироқ шу пайтгача етказган-етказмагани номаълум. Чунки бирорта ташкилот "Баёнот"ни олдик деб хабар бермади.
Сафар ака қамоқхонадан чиқарган хатларида доим нимаики ёрдам керак бўлса Муҳаммад Бекжон ва Дилором Исҳоқовалардан сўрашимни ёзади. Бу борада моддий ёрдамни эмас, ҳуқуқий ёрдамни назарда тутади. Бироқ Сафар аканинг ишонган дўстлари бунга том тескари йўл тутишарди. Бунга Сафар акани тўрт томонга сотқин деб жар солаётган Дилором опа бошчилигидаги "каламушлар"нинг ҳаракатлари мисол бўла олади. Аслида, ҳақиқий сотқин Партияни ҳам, сафдошларини ҳам аростада қолдириб, азоб-уқубатларга гирифтор қилиб Туркияга қочиб кетган Муҳаммад Солиҳ эмасми?!
Менга Муҳаммад Солиҳ ва унинг гумашталари томонидан Сафар аканинг бошига тўкилаётган мағзавалар кам эмасди. Улар сафига яна бир мағзавачи қўшилди. Бу киши АҚШда яшаётган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг раиси Абдуманноб Пўлатов эди.
У "Озодлик" радиосига берган суҳбатида: "Сафар Бекжоннинг сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. У Ўзбекистоннинг миллий рамзи бўлган тангани ўғрирлаган одам", деб ёнаётган оловга бензин қуйди.
Ўша
кунларда "Хотира дафтар"имга ёзган
аламли сатрларим: "Худди сувсиз
саҳрода қолиб кетган одамга ўхшайман.
На
олдинга юра оламан, на
орқага
қайта оламан.
Қадамимни тепгунимча бир ерда михланиб
қолдим. Менга ёрдам бера оладиган на
банда, на худо бор?! Жудаям чарчадим..."
Шу
ўринда Абдуманноб
Пўлатовнинг кимлиги ҳақида қисқача
тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб
ҳисоблайман. Рости, мен Сафар ака билан
Абдуманноб Пўлатов бир-бирини қаердан
танишини, Пўлатов жанобларининг нега
чангсиз ердан чанг чиқариб, Сафар акага
туҳмат тошларини отгани сабабини
билмасдим.
Сафар ака билан жуда қисқа муддат яшаганимиз учун ишхонасидагиларни ҳам яхши танимасдим. Яқиндан таниганларим ўзимиз яшаган Бектемир тумани Бузовчи маҳалласидаги уч-тўрт нафар дўстлари эди.
Абдуманноб Пўлатовнинг "Озодлик"ка берган интервьюсини эшитиб, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Якуб Колос кўчасида жойлашган уйимизга Сафар аканинг собиқ маҳалладош дўстларидан бири келди.
Мен ундан Абдуманноб Пўлатовнинг кимлигини билиш-билмаслиги ҳақида сўрадим. Айни пайтда Тошкент шаҳрида яшаётгани учун исм-шарифини сир тутаётганим бу киши Абуманноб Пўлатовнинг Тошкент давлат университетида ўқитувчи бўлиб ишлашини, "Бирлик" халқ ҳаракати Абдураҳим Пўлатовнинг туғишган укаси эканини, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси бўлиб ишлашини, бир вақтлар Тоштурмада ўтириб чиққанини, ҳозир АҚШда яшаётганини айтиб берди.
– Бу номард нимага асосан Сафар акани "сиёсатга алоқаси йўқ, маданий меросимиз бўлган тангани ўғирлаган” деб жар солмоқда? Буниси Сафар аканинг орқасидан келиб, пичоқ уриш билан тенг-ку, - дедим жаҳл билан. – Бу Абдиманноб Пўлатов дегани қамоқхонада жаллодлар берган азобларга чидай олмай, шайтоннинг малайларига мурид бўлиш учун имзо чекиб, ундан кейин озодликка чиққан бўлса керак.
– Билмасам, уни фақат ўзи ва худо билади.
– Ҳозир ҳам АҚШда туриб, радио орқали ўз бошлиқларининг буйруғини бажараётгандир. Сафар акага туҳмат тошини отишни "Эрк"нинг матбуот котиби Дилором Исҳоқова бошлаб берди, ғийбатни Абдуманноб Пўлатов давом эттирмоқда.
1994 йилнинг жазирама ёз кунларида Дилором Исҳоқова ташаббуси билан бошланган Сафар акага қарши жанг қилган тўда ўзлари кутган натижага эриша олмади. Аксинча Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари ўзларининг йиллик ҳисоботларида Сафар Бекжонни "сиёсий маҳбус" деб эълон қилдилар.
Дунёдаги барча ривожланган демократик давлатларда Сафар Бекжонни қамоқдан озод қилиш учун имзо компаниялари бошланди. Бизни ўз бағрига олган Швейцарияда ҳам имзо компаниялари ўтказилди. Ҳатто Халқаро Ёзувчилар уюшмаси бўлган ПЕН-клубда ҳам имзо компанияси ўтказилди. Натижада Швейцария ҳукумати 1998 йил 7 майда бизни меҳмон сифатида ўз давлатига таклиф этди. Қамоқдан 16 хил касаллик билан чиққан Сафар акани даволаш учун швециялик Нобель мукофоти соҳиби бўлган машҳур шифокорни Швейцарияга таклиф қилиб Сафар акани даволатдилар. Биз бундай ёруғ кунларни кўрмоғимиз учун зулмат қоплаган тунларни, инсон боласи чидай олмайдиган хўрлик ва зулмларни бошимиздан ўтказган эдик.
Мен билан Жалолиддин қатор қийноқларга гирифтор бўлгандик. Сафар ака эса Ислом Каримовнинг қамоқхоналарида мисли кўрилмаган қийноқларга дучор бўлган эди. Ўша йилларда ҳаётимизнинг тонги ва туни гўёки бирлашиб кетганди.
Сафар ака қамоқдан чиққандан кейин бошимиздан ўтган хуш-нохуш воқеалар ҳақида гапириб берардим. Ўшанда ўзим тушунолмаган нарсаларни такрор сўрардим. Ана шундай сўровларим натижасида Дилором Исҳоқованинг мақсади Сафар аканинг номини қоралаб, "маълуму машҳур ташкилот"га яхши кўриниш бўлганини билиб олдим.
Сафар акага туҳмат қилган АҚШда яшаётган Абдуманноб Пўлатовнинг кимлигига аниқлик киритдим. Маълум бўлишича, Сафар ака ТошДУда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Абдуманноб Пўлатов билан 1989-90 йиллар бошларида танишган. Шу йилларда Сафар ака Тошкент шаҳридаги барча олийгоҳларда ўқийдиган талаба ёшларини бир ерга тўплаб: "Ёшлар ҳаракати"ни тузади.
Талабалар иштирокида Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши талаб қилинган, Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили бўлиши сўралган митинглар уюштиради.
Тез орада "Ёшлар ҳаракати"нинг сафи кенгайиб катта кучга айланади. Ҳаракат фаолиятини кузатиб бораётган Ислом Каримов ва унинг атрофидаги амалдорларнинг пайтавасига қурт тушади ва шу тариқа Ҳаракатни ичидан парчалашни режалаштиради.
Улар режаларини амалга ошириш учун Абдуманноб Пўлатовни ҳам ўз сафларига олишади. Ўзбекистон Президентининг ёрдамчилари Сафар акани Ислом Каримов билан учраштиради.
Абдуманноб Пўлатов тайёр ошга тушган пашша каби "Ёшлар ҳаракати"да гўёки фаоллашади ва Сафар акани орадан сиқиб чиқаради. Ўзи чизган чизиқдан чиқмайдиган бир талаба йигитни "Ёшлар ҳаракати"га раҳбар қилиб тайинлайди. Аслида эса мазкур Ҳаракатга ўзи раҳбарлик қилади. Бу дастурлаштирилган "робот" раҳбар аста-секин "Ёшлар ҳаракати"ни кемира бошлайди ва натижада Ҳаракат мавқеини йўқотади.
"Ёшлар ҳаракати"га давлат тепасига келган Ислом Каримов сўнги зарбасини беради. Талабалар шаҳарчасида бўлиб ўтган аянчли митингдан кейин не-не умидларда тузилган "Ёшлар ҳаракати" денгизга тушган тош каби ғарқ бўлади.
Ушбу фожеали митингдан кейин Абдуманноб Пўлатов жаноблари тўнини ўзгартириб, бир думалаб инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига айланади.
Шу йилларда у Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятини ташкил қилади. 1992 йилда Қирғизистонда Инсон ҳуқуқларига бағишланган анжуманда иштирок этаётганда уни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари ўғирлаб, Тошкентга олиб келишади. Шундан кейин Тоштурмага қамашади.
5-6 ой қамоқда ётгандан кейин Америкa Қўшма Штатларидан сиёсий бошпана олиб, Ўзбекистондан чиқиб кетади.
Ўзи ҳам қамоқхонанинг азобини тортган, яхшими-ёмонми бир вақтларда бир мақсад сари бирга курашган Абдуманноб Пўлатовнинг "Сафар Бекжоннинг сиёсатга алоқаси йўқ", деб безбетларча оғиз тўлдириб интервью бериши мутлақо тушунарсиз эди. Афсуски, менга Абдуманноб Пўлатов билан учрашиш насиб қилмади. У бундан бир неча йиллар олдин вафот этди. Учрашиш насиб қилганида у кишига берадиган саволларим кўп эди...
Нотанти тақдирнинг ўйинини қаранг-ки, Абдуманноб Пўлатов 1996 йил ёзда АҚШдан Ўзбекистонга келади ва у ерда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг қурултойини ўтказди.
Қурултойга Сафар акани ҳам юзсизларча таклиф қилади. Жамият Сафар акани Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятига биринчи ўринбосари, адашмасам Толиб Ёқубовни Сафар акага ёрдамчи қилиб сайлайди. Бироқ Сафар ака Абдуманноб Пўлатов тузган мазкур жамиятда бир кун ҳам ишламайди.
Орадан сал кам 10 йил ўтгандан кейин Абдуманноб Пўлатов яна ҳаётимизга суқилиб киради. АҚШдан туриб Сафар акага хат ёзади.
Сафар ака хатига жавоб ёзмагандан кейин уйга телефон қилиб, 1994 йилда "Озодлик" радиосига берган интервьюсида отган туҳмати учун Сафар акадан кечирим сўрайди. Бироқ Пўлатов кечикканди. Чунки у ҳаётимизда ювса кетмас доғ, даволаб бўлмас дард қолдирганди.
Дадамни кутяпман
Бир куни уйимизга ҳамиша мени йўқлаб келиб турадиган ҳамқишлоғим, ўқитувчимнинг ўғли ранг-рўйи оқарган ҳолда кириб келди. Мен ҳолатини кўриб, шошилиб, саволлар бера бошладим. Дадаси, онасининг соғлигини, ўқишларини сўрадим.
– Худога шукр, уйдагиларнинг ҳаммаси соғ-саломат, ўқишларим яхши, - деди. – Фақат "Боғи Эрам" парки олдида милициялар тўхтатиб, бир соатга яқин тергаганлари ёмон бўлди. Улар мендан сизларникига келишдан мақсадим нималигини сўрашди. Сизларникига кўп келишимни айтди. Агар келишни тўхтатмасанг ўқиётган институтингдан диплом ололмайсан, биз сенинг қаерда ўқишингни ҳам яхши биламиз, деб қўрқитишди.
Мен ҳамқишлоғимга нима деб жавоб беришни билолмай ҳанг-манг бўлиб қолдим.
– Майли укажон, бошингга бирор фалокат тушмаслиги учун бундан кейин бизникига келмагин. Фақат мендан хафа бўлмагин. Чунки бу инсонийликдан маҳрум бўлган ментларнинг қўлидан ҳамма нарса келади. Улар кундуз куни иблис, кечқурун онага ўғил, фарзандга ота, хотинга эр бўлиб уйига қайтади. Уларни ҳам бир она туққанми ё она қиёфасига кирган шайтонми, билиб бўлмайди. Сафар аканг қамалганидан бери шу саволларга жавоб тополмайман.
Бу гапларни эшитган ҳамқишлоғим мен билан хайрлашиб кетди, у кейинчалик бизникига қайтиб келмади. Шу тариқа мени қишлоғим билан боғлаб турган ягона ришта ҳам узилди.
Ўзбекистон ҳукумати зулм олови устига керосин сепиб ҳамма томонни ёниб турган жаҳаннамга айлантирмоқда эди. "Озодлик ва Би-Би-Си радиоларидан ҳар куни бўлмаса ҳам кунора муҳолифат аъзолари қамалгани ҳақидаги хабарларни эшитаётгандик.
Ҳамма бир-биридан шубҳаланадиган, кундан кунга қонга ботиб бораётган режим ҳақида на кўчада, на уйда гаплашишни истамайдиган ҳолатга тушиб қолганди.
Мен ўзим Олой бозорида қўшниларимни кўрганимда ўзларини танимаганга олиб саломлашмасдан терс ўгирилиб кетганига бир неча марта гувоҳ бўлдим. Ўзбекистонга китоб ва журналларда ўқиганимиз 1937-38 йиллар қайтиб келганди. Фақат битта фарқ – 1937 йилда НКВД ходимлари кийган формаларда фарқ бор эди.
Ўша вақтларда тақиқланган адибларнинг китобларини ўқиган ва сақлаган инсонлар қамоққа олинган бўлса, ҳозир Муҳаммад Солиҳнинг китобини сақлаганлар терговга чақирилмоқда эди.
Қўрқув салтанати исканжасига дош бера олмаган баъзи инсонлар ваҳима гирдобига тушиб, шоирнинг шеърий китобларини оловда ёқа бошлаганди.
Буларни эшитганимдан кейин мен аксинча Муҳаммад Солиҳнинг "Орзу фуқароси" китобини сумкамда олиб юра бошладим.
Гарчи Муҳаммад Солиҳ бизга хиёнат қилган бўлса ҳам, мен умуман айтганда, шеъриятга муҳаббатим ҳақи-ҳурмати Муҳаммад Солиҳ шеърларига хиёнат қилмадим, унинг шеърларини ўқишдан воз кечмадим.
Муҳаммад Солиҳ Сафар ака қамалганига сал кам бир йил бўлса-да, шу оралиқда ҳолимизни сўраб ақалли бир марта телефон қилмагани аламини ҳеч қачон шеърларидан олмадим. Айниқса, Муҳаммад Солиҳнинг "Ёлғизликда" деган шеърини ҳамиша севиб мутолаа қилардим. Чунки мазкур шеър худди менга бағишланиб ёзилгандай эди. Ана шу шеърдан таъсирланиб, бир куни сўнги пулларимга "Хитой атиргули"ни сотиб олдим ва гулни Сафар акага атаб ўстира бошладим.
Муҳаммад Солиҳнинг "Орзу фуқароси" деган шеърий китобини "Бир бошга бир ўлим" деб, ҳатто ИИВга ҳам ёнимда олиб борардим. Терговчи Ҳусан Аҳмедовни кутган чоғларимда ўқирдим. Чунки менда қўрқувдан ҳеч қандай асар қолмаганди. Қўлимдаги мурғак Жалолиддинни айтмаса мени ҳаёт билан боғлаб турган ҳеч нарса йўқ эди. Ҳатто "Ўлсам қутилсам. Ёлғон дунё сизга қолсин", деб шеърлар битардим...
Тегирмон навбати билан деганларидай, шу вақтгача Муҳаммад Солиҳнинг товуғига кишт демаган ҳукумат эндиликда унинг уйларини тортиб олиш бўйича фармон берди.
Бу кутилмаган хабарни эшитиб асло ҳайратланганим йўқ. Чунки эгнига қонга қоришган ипдан тўқилган зулм тўнини кийган Ислом Каримовнинг гумашталаридан яхшилик кутиб бўлмаслигига аллақачон кўзим етганди.
Сафар акани сотқин, акамни сотди, деб ҳақорат қилиб кетган Мақсуд Бекжон уйга кўпдан бери нопок қадамини босмай қўйганди. У бир куни кутилмаганда келиб қолди. Олдинги вайсақилигидан асар қолмаган, сувга тушган мушукдек шалвираб қолганини кўриб ҳайрон бўлдим. Савлатидан от ҳуркадиган касофат нафаси чиққан шарга ўхшаб бўшаб қолганди. Сафар акага қилган туҳмати учун ичимда бадтар бўл дедим.
Мақсуд бу гал мен билан одамга ўхшаб муомала қилди. Ҳатто Сафар акани сўради. Мен Сафар аканинг ишлари бўйича ҳеч қандай янгиликлар йўқлигини, терговчиси ҳам тайинли гап айтолмаётганини, Ўзбекистон Республикаси Олий судига ариза ёзганимни айтдим.
– Яхши қилибсиз, - деди.
– Олий суд жавоб бермаса Президент девонига ёзаман, - дедим.
– Тўғри қиласиз.
Сўнг эшитган хабарларим нечоғли тўғрилигини сўрагандим, Мақсуд Бекжон ҳақиқатанан ҳам Муҳаммад Солиҳнинг уйларини тортиб олмоқчи бўлаётганларини куюниб гапира кетди. Акасининг уйидаги мебелларни мен яшаётган уйга олиб келиб қўйиш учун рухсат сўрагани келганини айтди.
– Олиб келаверинг, зал бўш турибди, дедим.
Мақсуд мебелларни олиб келажагини айтиб, хайрлашди. Бироқ Муҳаммад Солиҳнинг уй мебелларини олиб келмади. Мен ҳам нега олиб келмадингиз деб сўрамадим. Ҳатто кўнгил сўраб уйларига ҳам бормадим. Бунга Сафар ака қамалгандан кейин бир-икки марта маслаҳат сўраб борганимда Мақсуд Бекжоннинг хотини Марзия Эрдонова мен билан совуқ муомала қилгани сабаб бўлди. Асли бухоролик бўлган Марзиянинг совуқ юзини кўришга тоқатим қолмаганди.
Мақсуд Бекжон келиб-кетгандан бир неча кун ўтгач уйга Муҳаммад Солиҳнинг оилавий дўсти Ахтам Розииқов келди. Ўзаро салом-аликдан кейин ҳовлиқиб гап бошлади.
– Мақсуднинг уйини биласизми?
– Биламан.
– Уйига боришингиз керак!
– Нима учун боришим керак?
– Мақсудни қамамоқчилар.
– Мақсуд зудлик билан бошқа бир давлатга чиқиб кетиши керак. Сиз шу ҳақида бориб айтинг. Мен боролмайман, чунки унинг уйини кузатувчилар мени танишади.
– Ие, мен борсам танимайдими?
– Сизни танимайди. Kейин сиз аёл кишисиз. Сизга эътибор бермайди. Мабодо сўраб қолса Жалолиддинни баҳона қиласиз.
– Нима деб баҳона қиламан, - ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Қорни оғрияпти, шунга Марзиядан дори олгани келдим, дейсиз.
– Ҳали ёлғон гапиришим ҳам керакми?
– Баъзан ёлғон гапириш ҳам фойдали.
– Шундайми?
– Шундай!
– Бадтар бўлсин, бормайман ҳам, ҳеч нарса айтмайман ҳам!
– Нега ундай дейсиз?
–
Мақсуднинг
уйга келиб Сафар акани сотқиндан олиб
сотқинга солиб, оғизга олиб бўлмайдиган
ҳақоратли сўзлари учун бораманми? Илгари
уйига борганимда хотини итга қилмайдиган
муомала қилганди. Мен ҳам одамман,
уларнинг оёғи остидан чиққан майса
эмасман, хоҳлаганча босиб, янчиб
ўтаверадиган!
–
Гапниям
оласиз-да! Ростдан ҳам бормайсизми? Ёш
болалари бор, улар ҳам Жалолиддинга
ўхшаб отасини соғиниб йиғлаб ўтирсинми?
– Шунда кўзи очилади, бадтар бўлсин!
Ахтам оға оғир хўрсинди, сўнг Мақсуднинг агар Тошкентдан чиқиб кетмаса қамалиб кетишини алоҳида таъкидлади.
– Қамалсин, шундан кейин бегуноҳ одамга туҳмат тошини отмайдиган бўлади, - дедим нафратларим жунбушга келиб. – Сафар ака унга ҳеч қандай ёмонлик қилмаганди. Қамоқхонадан чиқарган ҳар бир хатида "агар бирор маслаҳат керак бўлса Мақсуд билан Муҳаммад акадан сўрагин, улар сенга ёрдам беради" деб ёзади. Бироқ Сафар ака ишонган одамлар шу пайтгача мени ҳақорат қилишдан, йиғлатишдан нарига ўтишмади. Бу ҳам етмаганидай, Сафар акага туҳмат қилди. Ўзларининг бошига тушса кўраман кунларини.
Ушбу гапларимдан кейин Ахтам ака "жуда ўжар одам экансиз", деб мен билан ортиқча тортишмай, хайр-маъзурни насия қилиб кетди.
Кетаркан, Мақсуд Бекжонни ҳукумат қамоққа олмоқчи бўлаётганини қаердан билишига доир сирларни ўзи билан бирга олиб кетди.
Ахтам ака кетгандан кўп вақт ўтмасдан "Озодлик" радиосидами ёки кечки хабарлардан биридами Мақсуд Бекжоннинг қамалгани ҳақидаги янгиликни эшитдим, аммо ачинмадим. Қайтангга бу кунингдан бадтар бўл, шўртумшуқ. Балки қамоқхонада тузланган шўр карамдан пиширилган шўрвани ичсанг ақлинг кириб қолар дедим овозимни чиқариб! (Қамоқда ётган маҳкумларга тузланган шўр карамнинг устига қайноқ сув қуйиб, шўрва деб беришлари ҳақида Отаназар Орифовдан эшитгандим. Сафар ака ҳеч қачон карам емасди, буни эшитганимдаги ҳолатимни тасвирлашга тилим ожиз). Мақсуднинг "Сафар аҳмоқ, у акамни сотди" деган ҳақорати икки дунёда ҳам эсимдан чиқмайди.
Ва, ниҳоят, кўпдан бери орзиқиб кутаётган Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига ёзган хатимга жавоб келди. Жавоб хати жуда қисқа ва лўнда ёзилганди. Унда: Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори номига ёзган хатингизни (кимга???) юбордик. Натижаси бўйича хат муаллифига хабар қилишингизни сўраймиз. Бўлим прокурори А.Г. Абдуллаев деб имзо қўйилган ва муҳр босилган.
Мен эса Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасидан бутунлай бошқача жавоб кутгандим. Аниқроғи, "Сафарбой Бекжоновнинг устидан очилган жиноят ишини текшириш жараёнида унга нисбатан туҳмат уюштирилгани аниқланди. С. Бекжоновга туҳмат қилган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади ҳамда С. Бекжонов тез кунлар ичида озодликка чиқарилади", деган мазмунда жавоб хати келади деб ўйлагандим. Бироқ Прокуратурадан келган бир парча хат умидларимни чилпарчин қилди...
Менга халқаро ташкилотларга ёки Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига ёхуд бошқа ташкилот ва муассасаларга ариза, шикоят хати ёзишни Ахтам Розиқов ўргатган эди.
Ахтам ака аризани иккита нусхада ёзишимни, бир нусхасини тегишли идорага юборишни, иккинчи нусхасини эса ўзимда олиб қолишим кераклигини уқтирганди.
Шунингдек, ҳар қандай ташкилотга ёзган аризаларимни иложи борича қисқа ёзишим кераклигини, сабаби халқаро ташкилотлар катта ҳажмли аризаларни ўқимаслигини айтганди. Ташкилотлар ҳар куни минглаган жабрдийдалардан хат олиши бўйича огоҳлантириб бир варақдан ошмайдиган ариза ёзишимни маслаҳат берганди.
Бу Ахтам аканинг менга қилган энг катта яхшилиги эди. Чунки унгача расмий ташкилотларга аризани қандай ёзиш кераклигини ҳам билмасдим. Шу тариқа, мен Ахтам ака ўргатганидек, барча ташкилотларга қисқа ва лўнда ариза ёзиб жўнатардим. Бир нусхасини Сафар ака қамоқдан чиқса ўқитаман деб сақлардим. Бироқ, афсуски, ниятимга ета олмадим. Якуб Колос кўчаси 22-уйда яшаётганимизда менинг уйда йўқлигимдан фойдаланиб, уйга кирган ўғрилар "Эрк" партиясининг ҳужжатлари билан бирга, Сафар аканинг расмий хатлари, авлодларидан қолган тарихий расмлар ва бебаҳо китобларни, шунингдек, менинг ташкилотларга ёзган аризаларимни ўғирлаб кетишди. Ўғрилар бегоналар эмас, МХХ лайчалари экани аниқ эди...
Кейинги пайитларда Жалолиддиннинг атворларида ўзгаришлар рўй берди. У йигирма сантиметрча очиқ бўлган дарвозамизнинг тагига бориб, кўчага қараб ётишни одат қилиб олди.
Унинг бу ҳаракатларини олдинига тушунмадим, болада ерда ағанаб ўйнагиси келгандир, деб унчалик парво қилмадим. Балки зерикиб кетганидан кўчада у ёқдан бу ёққа ўтаётган одамларни кузатгиси келгандир деб бошқача хаёлларга бормадим. Бироқ дарвоза тагига ётиб олганини кўрган заҳотим ўрнидан турғазиб олардим. Бола бўлгани учун бетоннинг совуқлигини билмайди, шамоллаб, касал бўлиб қолишини айтсам барибир тушунмайди.
Баъзан уй иши билан банд бўлиб, Жалолиддинни кўздан қочириб қўйганимда болажонимни яна ўша жойдан топардим. Дарвоза тагидаги очиқ жойдан кўчага қараб ётган бўларди.
Бу ҳолат такрорланавергандан кейин Жалолиддиндан бола тилида нима учун у ерга бориб ётасан, деб сўрадим. Болажоним "дадамни кутяпман", деди бийрон тилда.
Жавобини эшитиб кўзларимга дув-дув ёш келди. Уни маҳкам бағримга босиб: – Сени ота меҳрига зор қилганлар Аллоҳ қаҳрига учрасин", - дедим. Юрагим тўлиб кетди. Шундан кейин Жалолиддиннинг юрагини сиқмаслик, ўзим ҳам бу ҳолатни кўриб қийналмаслик учун тахта парчасидан топиб, дарвозанинг тагини ёпдим.
Ўшанда Жалолиддинга бетон ва зах ўз таъсирини кўрсатган экан. Иситмалаб қаттиқ касал бўлиб қолди. Тинмай йўталиши натижасида оғзи-бурнидан қон сачраб кетарди.
Олой бозори яқинида жойлашган поликлиникага олиб борсам шифокорлар "бу ерда ўғлингизнинг касаллик варақаси йўқ", деб қабул қилишмади. Қаерда рўйхатга олинган бўлсангиз ўша жойга боринг, деб қайтариб юборишди. Рўйхатдан ўтган жойимиз эса Тошкент шаҳар Бектемир тумани "Бузовчи" маҳалласи эди. Маҳалламиз "Водник" даҳасидаги поликлиникага қарарди. У ердаги поликлиникага бориш учун эса ҳатто шаҳар автобусига тўлайдиган пулим ҳам йўқ эди. Кимдан қарз сўрашни билмасдим. Ҳолимдан хабар олиб турадиган ҳамқишлоқларим ҳам "айғоқчилар"нинг дастидан уйимизга келмасликка мажбур бўлганди.
Ўзим касал бўлсам режимнинг қули бўлган шифокорларга мурожаат қилмасдим асло. Бироқ болажонимнинг аҳволини кўриб қўрқиб кетганим учун шифокорларнинг ҳузурига бориб, пушаймон бўлиб қайтдим. Ахир ҳали икки ёшга тўлмаган болакайнинг айби нима? Гиппократ қасамини ичган шифокорлар боланинг аҳволини кўриб, бу ерлик эмас деб четлаштиришга уринмай сидқидилдан даволашга ёрдам берса бўладику. Поликлиникадан йиғлаб чиққан кунимни эсласам ҳозир ҳам ўша қасамхўр шифокорлардан нафратланиб кетаман.
Аслида Тошкент шаҳридаги поликлиника шифокорлари Жалолиддинни даволашдан биринчи марта бош тортаётгани йўқ эди. 1993 йилдан 1996 йилгача бўлган давр мобайнида Тошкент шаҳридаги кўпгина шифохоналар, жумладан, ўзимиз яшайдиган ҳудудга қарашли Бектемир тумани "Водник" даҳасидаги поликлиника ҳам даволашдан бўйин товлаганди. Бу ҳолат Сафар ака қамоқдан чиққанича давом этганди.
Жалолиддинни кўтариб, уйга келдим.
Ўғлимнинг иситмаси тушмасди. Боз устига тинмасдан йўталса оғзи-бурнидан қон сачраб чиқиши тўхтамаётганди.
Полвоним бутунлай ҳолдан тойди.
Уйга келгандан кейин Онам қишлоқдан бериб юборган сариёғни олиб, уни бир оз илитиб, елкаси билан оёқларини массаж қилдим ва ўраб ётқиздим. Умид билан борган поликлиникамизда узоқ қолиб кетганимиз учун чарчаб ухлаб қолди.
Жалолиддиннинг теграсида гирдикапалак бўлиб юрган бир пайтимда кимдир кўча эшигини тақиллатди. Ким келди экан деб бориб эшикни очсам кўпдан бери келмай қўйган ўқитувчимнинг доим ҳолимдан хабар олиб турадиган ўғлининг укаси Толиб экан. Кўриб хурсанд бўлдим. Толиб майда-чуйда солинган қоғоз пекетни қўлимга тутқазди.
– Акам бериб юборди, деди.
– Раҳмат, ўзи яхши юрибдими?
– Яхши.
– Мендан хафа эмасми? Охирги марта келганида "бепул қўриқчиларим" хафа қилганди.
– Сиздан нега хафа бўлади? Ҳаммасини тушунади. Сизнинг нима айбингиз бор?
– Тушунгани учун катта раҳмат. Менга қилган яхшиликлари мендан қайтмаса худодан қайтсин!
–
Мен
қишлоққа қайтиб кетяпман, шунга сиз
билан хайрлашгани келдим.
–
Борсанг
уйдагиларга салом айт. Мени сўрашса
яхши юрибди дегин.
Онам менинг бундай ҳолатда яшаётганимни билмасин!
– Айтмайман, хавотир олманг!
– Агар ёнингда пул бўлса менга бериб тургин. Қишлоққа қайтганингда сенга Онам қайтариб беради, дедим.
Толиб сидқидилдан қўлимга пул тутди. Ундан пул олганимдан кейин лимон сотиб олиш учун кўчага чиқсам "бепул хизмат кўрсатадиган тансоқчиларим" дарвозамизга мўралаб турибди.
Худойим, қаҳрингни сочмагил менга
Илтижом етмайди ҳеч ерга, эссиз,
Зулматга айланган ёлғон дунёда
Тирик мурда каби яшайман сассиз.
Бозорга бордим.
Қимматчилик.
Сабзи, пиёз, картошка ва икки-уч дона лимон олиб, уйга қайтдим. Дарвозамиз атрофида яша ўша айғоқчилар гирдикапалак бўлиб айланиб юрган экан.
Уйга кирсам Толибжон газета ўқиб ўтирибди.
Уйда доим газета бўлади. Чунки Сафар ака қамалганидан кейин қаламини қайроқ тошга қайраётган маддоҳ журналистлар нималар ҳақида ёзаётганини билиш истагида ёки Сафар ака ҳақида фельетон ёзган бўлса бехабар қолмайин деган ўйда ҳар куни бўлмаса ҳам бир ҳафта-ўн кунда бир марта энг сўнги пулим қолаётган бўлса ҳам "Халқ сўзи" ва "Ўзбекистон овози” газеталарини оламан.
Ошхонага кириб бозордан олган егуликларимни музлатгичга қўйдим.
Мени чарчоқ ҳолатда кўрган Толиб чой дамлади, бирга ўтириб ичдик.
Толибжонга Онамга хат ёзиб бериб юборишимни айтдим. Хатда ундан олган пулим ҳақида ҳам ёзишимни, хатни ўқигач Онам пулни қайтариб беришини тушунтирдим.
– Мен сизга қарзга пул бермадимку, опа. Қайси ука опасига берган пулини қайтариб олади, - деди сидқидилдан. Жавобини эшитиб кўзимга ёш келди. – Раҳмат, укажон, - дедим. – Илоҳим, Сафар аканг қамоқдан тезроқ чиқсинда, сизларнинг менга қилаётган яхшиликларингизни ўн баравар қилиб қайтариш насиб этсин!
Толибжон мен билан хайрлашиб кетди.
Жалолиддин
уйқудан турганидан кейин бозордан олган
лимоннинг сувини сиқиб ичирдим. Яна
ёғни бир оз илитиб баданини массаж
қилдим. Китоб жавонидан Абу Али Ибн
Синонинг "Тиб қонунлари" китобини
олиб, шамоллашга қарши нималар даво
бўлиши ҳақида ўқиб ўргандим.
Ўзига
бино қўйган шифокорлар даволамаса-даволамасин,
дедим алам билан ўзимга-ўзим.
Жалолиддиним аста-секин тузала бошлади.
Бу орада бемаврид бошимга тушган кўргуликлардан хабар топган ҳамқишлоқларим, синфдошларим уй манзилимизни онамдан олиб, мендан ҳол-аҳвол сўрагани Тошкентга келди.
Улар менга қўлларидан келганча моддий ва маънавий ёрдам бера бошладилар. Бу ҳолат 1994 йилдан Сафар ака қамоқдан чиққанича, яъни 1996 йил 4 июнгача давом этди.
Ҳамқишлоқларимнинг
бағри осмон қадар кенг, кўнгли сув каби
беғубор эди. Улар қишлоқдош эрка қизини,
қайсар синфдошини унутмаганди.
Ўз
навбатида, Туркияда ялло қилиб юрган
Муҳаммад Солиҳ, Тошкентда "Эрк"
партиясини сотиб, ҳукуматга ишга ўтиб
кетган ҳамкасблари учун сичқоннинг
уяси минг танга бўлиб турган бир пайтда,
шунингдек, шаҳри азим Тошкентда яшаб,
Сафар ака билан бир идорада ишлаб, бир
майизни қирққа бўлиб еган дўстларидан
бирортаси ҳолинг қандай дейишга ярамаган
бир пайтда ҳамқишлоқларимнинг бу каби
эзгу ҳаракатлари дардимга дармон, ярамга
малҳам бўлди.
Улар Тошкентда бир ўзим қолиб кетмаганимни очиқ-ойдин намойиш қилди. Сафар аканинг туҳмат тўрига илиниб қамалиб қолганига ишонишлари эса менга куч-қувват бағишлади. Айниқса, бардам бўл, "кафан кийиб кетган қайтмайди, капалак бўлиб учиб кетган қайтади", деб берган далдалари менга чинакамига бардамлик ато этди.
Мен ўз вақтида, бошимизга оғир кунлар тушганда Сафар аканинг сафдошлари ҳолимиздан хабар олмади, деб ёзарканман, бу менинг улардан таъма кутганимни англатмайди. Шунчаки ҳамма ўқиган, илмли, билимли, дунё кўрган ва ҳаммага гап билан ақл ўргатиб, йўл кўрсатадиган одамларнинг ҳаммаси ҳам реал ҳаётда "ақлли" бўлавермаслигини уқтириш, уларнинг асл башарасини очиш мақсадида ёзмоқдаман.
Ҳа, мен Сафар акани қамоқдан озод қиламан деган ишонч билан қамчисидан қон томиб турган золимларга қарши курашганимда олдимдан чиққан шахсларнинг, кимларнинг кимлигини билишга ҳам муваффақ бўлдим. Тошкент шаҳрида жойлашган халқаро ташкилотлар, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказлари, Президент Ислом Каримовдан ёрдам сўраб хатлар ёздим.
Енгдимми, енгилдимми, уни фақат ер-у кўкнинг сарвари, биз гуноҳкор бандаларни яратган ёлғиз парвардигори олам билади...
Бир куни ярим тунда Муҳаммад Солиҳнинг жияни Маҳмуд телефон қилиб қолди. Маҳмуд илгари уйга бир-икки марта келиб, ҳол-аҳволимни сўраб кетганди. Дилором Исҳоқова билан Мақсуд Бекжон Сафар акани сотқин деб хабар тарқатгандан кейин дарёнинг тагига тушиб кетган тош каби йўқолиб қолганди. Унинг алламаҳалда телефон қилганидан қўрқиб кетдим. У қисқа салом-аликдан кейин – эртага бизни ИИВга олиб боринг, деди. Унинг овозида ташвиш бор эди.
– Тинчликми, сиз ҳеч қачон ярим тунда телефон қилмасдингиз, - дедим.
– Мақсуд оғам қамалиб қолганини эшитдингизми?
– Эшитгандим, нима бўлди?
– Ҳозир Мақсуд оғам ИИВинг ертўласида экан.
– Ҳа у ердами?
– Ҳа.
– Бугун Хоразмдан Комил дойим (тоғам)нинг хотини келди. ИИВга боришимиз керак, лекин биз қаерда жойлашганини билмаймиз, сиз олиб бора олмайсизми?
– Нимага билмайсиз, "Космонавтлар" метро бекатидан чиққан жойда қаққайиб турган бино ИИВнинг кошонаси бўлади.
– Сиз билан борсак яхшида, ҳар қалай сиз биздан кўра кўп жойларни биласиз.
– Марзия билмайдими?
– Билади, Мақсуд оғам Марзия янгам борганида жаҳли чиқибди, иккинчи марта бу ерга оёғингни босма деб айтганмиш. Шунга Марзия янгам
бормайман деб хархаша қиляпди.
Маҳмуднинг жавобидан тилим лол бўлиб қолди. Ноилож қолдим. Сўнг: – Майли келинглар, - дедим.
– Эрталаб соат 9га борамиз, деб телефон гўшагини қўйди.
Эрталаб айтилган пайтда дарвоза эшиги тақиллади.
Остонада Маҳмуд билан юз-кўзи кибрдан шишиб кетган бадбашара бир хотин турибди. Маҳмуд саломлашиб, ёнидаги ҳамроҳини таништирди.
– Бу янгам бўлади, кеча Хоразмдан келди.
Уйга таклиф қилиб, чойнакка чой дамлаб олдиларига қўйдим.
Янгамулло кўзида тимсоҳ кўзи ёши билан гап бошлади.
– Мақсудни ўз ўғлимдек катта қилганман, - деди. – Уйга ички ишлар органи ходими келиб, Мақсуднинг қамалганини айтди. Дастлаб, қамалганига унча ишонмадик, кейин ёшулли (Хоразм вилоятининг айрим ҳудудларида яшовчи аёллар турмуш ўртоғини "ёшулли" дейишади) сен Тошкентга бориб, Мақсуддан хабар олиб кел, деб мени юборди. Маҳмуд Қурбоной опам ИИВни жуда яхши билади деб сизни мақтади. Шунинг учун олдингизга келдик.
– Билмай мен ўлай, - дедим алам билан. – Хўп, бирга борамиз, ҳозир мен Жалолиддинни кийинтириб олай, Сафар аканинг терговчисида ишим бор эди.
Йўлга чиқдик. ИИВнинг эшиги олдига борганда Маҳмуд Мақсуд Бекжоннинг терговчиси билан учрашиш учун телефон қилди. Мен ҳам Ҳусан Аҳмедов билан учрашиш учун телефон қилдим. Сўнг ИИВ эшиги олдида улар билан хайрлашиб, "бир оз кутинг, чиқаман" деган Ҳусан акани кутиш учун дарахт тагига бориб турдим.
Ҳусан аканинг бир ози ярим соатга чўзилди. Жалолиддин инжиқлик қила бошлагандан кейин, бор-ей, кетаман, деб турганимда Ҳусан ака сўррайиб чиқиб келди.
Ўзаро салом-аликдан кейин Сафар акани сўрадим.
– Сафарни қамоқхоналарга қарашли 18/64-сонли Сангороддаги касалхонага олиб кетишди. Бир оз мазаси йўқ экан.
– Нима деяпсиз, нима бўлди Сафар акага, - жон ҳолатда бақириб юбордим.
– Қўрқманг, аҳволи яхши.
– Бир оз дам олиши ҳам керак-ку! У ер нормал касалхона. Доим шифокорлар назорати остида бўлади. Тоштурмада тўрт девор ичида қамоқхонада ётганидан кўра касалхонада даволаниб, дам олгани яхши эмасми?! Балки Сангородда Сафар билан учрашишингизга рухсат беришар.
Ҳусан ака мени тинчлантириш учун Сангородни сал кам Фарғона вилоятида жойлашган "Чимён" оромгоҳига тенглаштирди.
Терговчининг гапларидан кейин, айниқса учрашишимизга рухсат бериши мумкинлигига оид хабаридан кейин анча тинчландим.
– У ерда "учрашув" беришадими, деб сўрадим умид билан.
– Балки рухсат берар. Сангороднинг бошлиғи Абдукарим Шодиев деган одамнинг номига ариза ёзиб мурожаат қилинг. Фақат биринчи марта борганингизда ҳеч нарса кўтариб борманг.
– Нима учун?
– Агар учрашув бермаса оғир юк билан бориб қийналганингиз қолади.
– Яхши.
– Сангороднинг қаерда жойлашганини биласизми?
– Йўқ.
– Қўйлиқ бозорини биласизми?
– Биламан.
– Автобусдан бозорга икки бекат етмасдан тушасиз!
– Раҳмат, Ҳусан ака.
Ҳусан аканинг олдидан кўтаринки руҳда қайтдим. Худди бугун ёки эртага Сафар ака билан учрашадигандек ҳис қилдим ўзимни.
Кулган кўзларини,
Соғинчдан сарғайган юзини
Кўраманми, деган умиду ишонч
Қалбимда сўнг баҳор гули каби ғунча тугди.
Кўнгил гулшанимда очилармикан
Бу умид ғунчаси, сариқ гулим?
Очилсa гулим, ранги сўлмасдан,
Япроқлари хазон бўлмасдан,
Кўрсам.
Дийдорига тўйсам,
Кейин ўлсам,
Кафансиз кўмилсам.
Кўзим очиқ кетмасди,
Армонли дунёдан.
Ушбу сатрларимни ҳеч вақт тилга олмасдим, ололмасдим, тилимга олсам тилим тилим-тилим бўлиб тилинарди, оғзимда тўлган қонни ўзимдан бошқа ҳеч ким кўрмасди. Тилинган тилимни, қонга тўлган оғзимни ҳеч ким кўрмасин деб мустаҳкам тишли қўрғон қургандим.
Хаёлимда учишни орзу қилардим. Ҳаётимда эса учолмасдим. Атрофимни кўзга кўринмас тўр билан ўраб олгани учун!
Қанотларим қайрилган, учай десам осмонимидан айрилгандим, ўзимдан бошқага кучим етмасди.
Худо тақдир китобимга тош лаҳалар битаётганди.
Бу ерда Сафарбой Бекжонов йўқ, сизни алдаган
Тонг отди. Жалолиддининг қўлига қаттиқ нони сувга ивитиб бердим. Сафар ака билан учрашувга руҳсат оларман деган умид билан терговчи Ҳусан Аҳмедовнинг айтган адресига 64/18-сонли Сангородга қараб йўлга чиқдим.
Сангородни қийналмай топиб бордим. Чунки Сангород ва унинг атрофи менга бегона эмас эди. Биз яшаган Бектемир туманининг "Бузовчи" маҳалласига яқин эди. Бу ерлардан Сафар ака билан минг марта ўтганмиз, юрганмиз. Лекин шу пайтларда бу ерда Сангород деган мудҳиш макон борлигини билмасдим. Бироқ Сангородга яқин ерда жойлашган xотин-қизлар қамоқхонасини билардим. Буни бир куни Сафар ака билан ўтиб кетаётганимизда унга тиканли симлар билан ўралган бинони кўрсатиб, унинг қандай бино эканини сўраганимда айтганди.
Сафар аканинг орқасида сарсон бўлиб юрганимда ўша ерда ишлайдиган "гардиян"лардан биттаси билан суҳбатлашиб қолдим. Ўшанда у ерда ишлайдиган эркак гардиянлар, маҳкумалар сақланадиган қамоқхонани бир-бири билан ўзаро гаплашганда "жаннат" деб аташларини билгандим. Ҳақиқатанан ўша ер ахлоқсиз эркак гардиянлар учун "жаннатмакон" қизлари тутқинга олинган оналару турмуш ўртоғи қамалган эркаклар учун эса "жаҳаннам" эди.
Сангороднинг катта, қора рангли дарвозаси олдига борганимда кўрган манзарадан хушим кетай деб қолди. У ерда ўтирганлар умидвор нигоҳ билан дарвозага тикилган эди.
Беғубор болажонларнинг дарвоза очилса-ю дадажоним чиқиб келса, қучоғига отилсам, бағрига бош қўйсам деган умид билан қаторлашиб кутиб туриши юракларни ларзага келтирарди. Катта ёшли инсонларнинг аҳволи ҳам арзигулик эмасди. Ҳаммасининг ранги-рўйи кузда очилган сариқ гул каби сарғайган, юз-кўзларига ғам кўланкаси соя солганди. Кўзларида қотган кўз ёши томчилари худди гул баргига қўнган шабнамдек илиниб турарди, салгина шамол эсса дув-дув тўкиладигандек.
Бу ер маҳкумлар даволанадиган касалхона бўлса соғлари қаерда?
Бу ер зона бўлса, касалхона қаерда?
Сангороднинг дарвозаси олдида ўғли ёки турмуш ўртоғини кўриш, учрашиш илинжида турган одамларни кўрган бошқа одамлар Ўзбекистон ҳақиқатанан очиқ осмон остидаги қамоқхонага айланганига иқрор бўлади. Ақалли Ўзбекистондаги бир неча зоналардан бу ерга даволаниш учун келган бармоқ билан саналарли маҳкумларнинг қариндош-уруғлари сони шунча бўлса, бутун Ўзбекистондаги қамоқхоналардаги маҳкумларнинг қариндош-уруғлари сони нечта экан? Агар улар бир ерга йиғилса кўча эмас, дунёга сиғмай кетса керак?!
Ўзбекистонда бирор яқини қамалмаган оила қолдимикан? Қамоқхоналарда беморлар шунча кўп бўлса зоналарда соғ маҳбуслар қолганмикан?
Тоштурмада, адвокатурада, ИИВда Сангородда йиғилган одамлардан ҳам кўп одамларни кўргандим.
Маҳкумларга "передача" берадиган катта хонада улар билан суҳбатлашганимда кимдир ўғли, кимдир қизи, яна кимдир турмуш ўртоғини кўриш учун келганини кўзларида ёш билан айтганди.
Тоштурмага Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келган ота-оналар ҳатто яқинлари билан учрашиш учун кимдан ва қандай рухсат олишни ҳам билмасди. Мен уларнинг дарду ҳасратларини эшитиб, қўлимдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қилардим. Кўпчилигига "передача" бериш учун раҳбар номига ариза ёзиб бериш билан бирга ҳақ-ҳуқуқларини ҳам айтиб тушунтирардим.
Мунгли тақдирдошларимни кўриб, наҳотки бу инсонларнинг ўғли қотил ёки ўғри, эри гиёҳванд ёки террорчи бўлса, деган ўй миямдан ўтарди. Ўзбекистонда салла ол деса, калла олдиган шайтонга мурид тушган куч ишлатар тизимлари ходимлари ҳақ гапни айтган ёки муҳолифатга хайрихоҳ бўлган шахсларни "сен жиноятчисан", "сен муҳолифат вакилисан", "сен нашахўрсан" деб ҳар хил сохта айбловлар билан қамоққа маҳкум этмоқда эди.
Сангородга биринчи марта келганим учун бошлиқ Абдукарим Шодиевнинг олдига қандай киришни билмасдим. Аввалига кимдан маслаҳат сўрашни билмадим. Сўнг юзлари сўлғин онахоннинг олдига бориб, салом-аликдан кейин, ўзимни қизиқтираётган масалалар бўйича маслаҳат сўрадим. Онахон менга бошлиқнинг қабулхонасига кириш ва бошқа йўл-йўриқларни кўрсатди.
Онахон айтган дарвозадан ичкарига кирсам у ерда ҳам одамлар турнақатор бўлиб навбат кутиб туришибди. Ташқаридаги аёл жуда аниқ тушунтирган бўлса-да, барибир адашиб қолмадиммикан, деган хаёлда у ерда турган бошқа аёлга юзландим.
– Сўраганнинг айби йўқ, бу ерда нимага навбатда турибсизлар, - дедим.
– Уч кун олдин ўғлим билан учрашувга руҳсат беришганди. Шунга ичкарига кириш учун келиним билан бирга навбат кутаяпмиз деб, ёнидаги ёшгина келинчакни кўрсатди. Келинчакнинг қўлида кўзмунчоқдек ўғилчаси бор эди.
– Уч кундан кейинга руҳсат беришдими? Муддати узоқ-ку!
Менинг саволимга онахоннинг жаҳли чиқмади. Менга мунгли нигоҳ билан қараб: – Қизим, учраштиришни узоқ куттирса ҳам барибир кутамиз, - деди. – Баъзан бир ҳафта кейинги кунга руҳсат бериши ҳам мумкин. Менга бир ойдан кейин учраштиришса ҳам ўғлимни кўрсам бўлди.
Онаизорнинг кўзидаги ёшни кўриб, ўзимнинг ҳам кўнглим бузилди.
– Ярангизни янгилаганим учун кечирим сўрайман.
Онахон келини ва невараси билан бирга мендан узоқлашди. Мен айтилган жойга адашмасдан тўғри келганимни билиб, навбат олдим. Жалолиддин жуда чарчади. Яхшиямки, ёнимда сув олиб келган эканман. Сув ичирдим. Ёнимда турган келинчак сумкасидан кулча олиб, ўғлига ва Жалолиддинга битта-биттадан берди.
Кутиш дақиқалари соатларга айланди.
Ниҳоят, навбатим келди. Ичкарига кирдим.
Абдукарим Шодиевнинг рус миллатига мансуб котибаси ёзган аризамни олиб, товусдек товланиб ичкарига кириб кетди. Котиба тахминан беш дақиқа ўтгандан кейин чиқиб, бошлиқ қабулига киришимга рухсат берди.
Кирдим. Унча катта бўлмаган хонада битта стол, иккита стул бор экан. Деразадан тушиб турган қуёш нурлари хонани етарлича ёритиб турибди.
Абдукарим Шодиев узун бўйли, жингалак сочли, қорачадан келган одам экан. Ўрнидан туриб, мен билан қўл бериб саломлашди. Ҳол-аҳволимни сўради. Ўзимни таништирдим. Касалхонада даволанаётган турмуш ўртоғим билан учрашишга рухсат беришини сўраб келганимни билдирдим.
У олдидаги столда турган аризамга бир кўз югуртирди-да, сўнг саволимга жавоб беришдан олдин қўлимдаги ўғлимга ишора қилиб, унинг кимлигини сўради.
– Ўғлимиз.
– Исми нима?
– Жалолиддин.
– Дадасини охирги марта қачон кўрган?
– 1993 йил 27 июлда уйдан ишга кетиш олдида. Ҳозир кўрса дадасини
танимаса ҳам керак. Мен ҳам дадаси билан Тоштурмада атиги бир марта учрашдим.
– Сизга учрашув олиб бера оладиган адвокатингиз борми?
– Бор, бир эмас иккита.
– Ким улар?
– Сергей Егошин билан Ҳамидулла Зайниддинов.
– Мен учрашувингизга рухсат беролмайман.
– Нима учун?
– Чунки бу ерда Сафарбой Бекжонов йўқ, сизни алдашган.
– Нима?
– Ростдан ҳам Сaфар ака бу ерда йўқми, сиз мени алдамаяпсизми?
– Рост. Нима қиламан сизга ёлғон гапириб.
Бошимдан биров бир челак қайноқ сув қуйиб юборгандай, вужудимдан олов портлаб чиқиб кетгандай бўлди. Йиғлаб оламни бузмаслик учун тишим билан тилимни маҳкам тишладим.
Абдукарим Шодиев "сиз билан ортиқча гаплашадиган гапим йўқ", дегандай деразанинг олдига бориб, узоқларга тикилиб ўйланиб қолди.
Бу ерда ортиқча қолишдан маъно йўқлигини англаб секин хонани тарк этдим. Сафар аканинг бир кун олдин "мен Сангороддаман", деб ёзиб чиқарган хати ҳақида оғиз очишни хаёлимга келтирмадим. Айтсам бошига бало ёғилишини билдим.
Сафар ака ўз хатида Сангородда даволанаётганини, бу ернинг бошлиғи асли бухоролик бўлган Абдукарим Шодиев деган одам эканини айтганди. Шунингдек, учрашувга келганда кўп савол беришини, жавобни эҳтиёткор бўлиб қайтаришимни урғулаганди.
Сафар аканинг хатини уйимизга Сангородда гардиян бўлиб ишлайдиган рус йигит олиб келганди. У болага Сафар акага бериш учун озиқ-овқат, пул бергандим. Энди эса Сангороднинг бошлиғи Абдукарим Шодиев Сафар аканинг йўқлигини айтмоқда. Кимга ишонишни ҳам билмай қолдим. Бир кун олдин хўжайинингиз Сангородда деб олдимга келган йигитгами ёки Бекжонов деган одам бу ерда йўқ деган бошлиққами?
Кўчага чиқдим. Ташқарида кузнинг намли ҳавосидан нафас олиб, озгина ўзимга келдим.
Ҳовлида Абдукарим Шодиевнинг олдига кириш учун навбат олдингидан ҳам кўпайибди.
Автобусда уйга қайтаётганимда дадасига эркалик қилаётган болажонларни кўриб юрагим эзилди. Ҳамма болалар дадасининг елкасига бош қўйиб, эркаланиб катта бўлаётган пайтда менинг ўғлим ўзининг болакай эканини ҳам унутганди. Кулмасди, ҳатто йиғласа ҳам овозини чиқармай худди катта одамлар каби сассиз-садосиз йиғларди. Тўғри мен доим Жалолиддиннинг ёнидаман, бироқ барибир унга ота берадиган меҳрни беролмасдим. Ота меҳрига тўймай ўсаётган гўдагим мен билан бирга ҳаёт зарбаларига дуч келмоқда эди. Уйга келганимдан кейин "Хотира" дафтаримни қораладим.
Чиқдим кўзимда ёш.
Энди менда қолмади бардош..
Тун бўйи кўзимга уйқу келмади.
Сангороддаги манзара, терговчи Ҳусан Аҳмедовнинг Сангородни сал кам курортга қиёслаб мақтагани, Сафар аканинг қамоқхонадан чиқарган хати, бошлиқ Шодиевнинг жавоби кўз ўнгимдан, қулоғим остидан кетмади. Нималар бўлаётганини тушунмай қолдим. Ким кимни алдаётганига ақлим етмай қолди. Сафар ака билан мени учраштириш нима сабабдан бунчалик қийинлигини билолмай андармон бўлдим.
Ахир Сафар ака одам ўлдирган қотил эмаску. Айрим шоввозлар қотилларни ҳам оила аъзолари билан учраштирмоқда-ку. Ушбу гапим туҳмат бўлиб қолмаслиги учун бир воқеани баён қилишни мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.
Бир куни адвокатимиз Ҳамидулла ака билан учрашиш учун адвокатурага борганимда бир аёл билан суҳбатлашгандим. У аёлдан кими қамалганини сўраганимда гулдай ўғли қамалиб қолганини айтиб, ҳасрат қилганди. Бу аёлнинг ўғли ҳам ноҳақ қамалган бўлса керак, деган ўйда қизиқиб онахондан тафсилотларини сўрагандим.
Айтишларича, ўғли корейс миллатига мансуб фоҳиша аёл билан дон олишиб юрган пайтларида ўзаро келиша олмай қолган. Ораларидан жиддий гап қочгандан кейин ўғли жаҳл устида фоҳишани пичоқлаб, ўлдириб қўйган. Ўлигини каналга отган. Хотиннинг ўлиги бир ҳафтадан кейин топилган. Онахоннинг оғзидан чиқаётган гапларни эшитиб, танам титраб кетди. Сўнг: – Фоҳиша деяётганингизнинг эри, болалари бормикан, - деб сўрадим.
– Ҳа, эри билан ажрашган бўлиб, икки қизи бор экан. Ўша ажрашган эри ўғлимни судга берди. Эрига хотини ўлганидан кейин керак бўлиб қолибди, керак бўлса нега ажрашади?
– Бечора қизлари бир умр она меҳрига зор бўларканда?
– Ўғлим ўлдирмаса ҳам барибир бошқа ўйнаши бир кун ўлдириб кетарди. Ўша хотиннинг ўзи айбдор, гулдай ўғлимни йўлдан урган-да, айланай!
Мен ўғлини сутдан чиққан оқ қошиқдек оппоқ қилиб кўрсатаётган бу аёл билан гаплашгим келмай қолди. Бироқ ундан ўғли қайси қамоқхонада ўтирганини сўрадим.
– Тоштурмада, -деди.
– Кўриб турасизми?
– Ҳа, ҳар 15 кунда бир марта "передача" берамиз. Келиним иккаламиз адвокати ёрдамида юзма-юз учрашдик.
– Ие, ўғлингизнинг ҳали хотини ҳам бормиди?
–
Бор,
иккита неварам ҳам бор. Сизга айтаяпман-ку,
ўғлимни корейс хотин йўлдан урган деб,
бўлмаса менинг ўғлим унақа енгил табиат
эркак эмас.
Тилим калимага келмай
қолди.
Бу номард ўғил хотинига хиёнат қилса-ю, бу етмагандай, бир аёлни қасддан ўлдирса, онаси эса ўғлим енгил табиат эмас, деб кўкларга кўтариб мақтаса, қани мантиқ? Ўшанда гапни чувалаштириб ўтирмай деб аёл билан хайрлашгандим.
Ана шунақа! Ҳақиқий жиноятчи, қотил оиласи билан ҳар ўн беш кунда бир марта учрашади, мен кабилар эса...
Сангороддаги "саргузаштлар"ни унута олмай тўлғонаётган пайтимда Сафар аканинг қамалишига сабабчи бўлган Мавлон Умрзоқов билан Аҳмад Отажоновларнинг ҳолати кўз олдимга келди. Улар ҳам худди Сафар акага ўхшаб дастлаб ИИВ ертўласида ўтирганди, сўнг Тоштурмага ўтказилганди. Умрзоқовнинг хотини шоира Ҳалима Худойбердиева кўз олдимга келди. У ҳам худди мен каби эри билан учрашиш учун азоб чекармикан ёки гардиёнлар Ҳалима Худойбердиеванинг Мавлон Умрзоқов учун тайёрлаган ошларини уйидан келиб олиб кетармикан?
Бу калондимоғ шоира, тузумнинг ялоқхўри бўлмиш Ҳалима Худойбердиева ҳам ИИВ дарвозаси олдида терговчисини соатлаб кутармикан, Тоштурманинг "передача" хонасида бошқа мазлум ва мазлумалар каби соатлаб навбат кутиб ўтирармикан, деган ўйлар ухлашимга мутлақо йўл бермади.
Кейинчалик Мавлон Умрзоқов билан ИИВ ертўласида битта камерада бирга ўтирган Носир Зокирдан туҳматчи Мавлон Умрзоқовга нималар деганини эшитгандим. Зонада Носир Зокир Мавлон Умрзоқовга қараб: "Туфлийимни оғзингга суқиб олайми, ифлос? Шунча бегуноҳ одамларни қаматдинг, номард. Сенга бу хизматларинг учун сиғинган подшоҳинг нима берди? Ўзинг ҳам бизнинг сафимизга келиб, баланда еб ўтирибсан" деган экан. Мени эса ўшанда Носир Зокирнинг дангал сўзлари қувонтирганди, унга соғлик тилагандим.
Ана шундай жавоби йўқ саволлар исканжасида қолиб тонгни аранг оттирдим.
*** *** ***
Учинчи бўлим
Муҳаммад Солиҳ икки миллион долларни нима қилди
Ҳа, кунларим ва тунларим азобларда ўтмоқда эди. Мен ғариба Сафар ака билан учраша олмай, суди қачон бўлишини, қачон озодликка чиқишини била олмай қийналишда давом этмоқда эдим.
Бироқ кутганим суд бўлиб ўтди.
Ими-жимида.
Менга судга бориш ҳам насиб қилмади.
Адвокат Ҳамидулла акадан "Сафар аканинг суди бўлиши ҳақида нега менга хабар бермадингиз" деб сўрагандим, у уйингизга бир неча марта телефон қилдим, бироқ телефонингиз ишламади, деб айтди. Шунингдек, маҳалламизга келганида уйимизнинг атрофини МХХ ходимлари ўраб олганлиги сабабли орқага қайтишга мажбур бўлганлигини билдирди.
– Сиз хафа бўлманг, мен Ўзбекистон Олий судига аппелация аризасини ёзаман, деди менинг руҳан тушкин кайфиятимни кўрган Ҳамидулла ака.
– Катта раҳмат, бунинг учун хизмат ҳақингиз қанча бўлади?
– 200 доллар.
– Яхши.
Адвокатнинг олдидан бошим ғужғон бўлиб чиқдим.
200 долларни қаердан топишни, кимдан сўрашни билмайман.
Ўзимни чуқур жарлик ичида оёқ-қўли кишанланган қул каби ҳис қилардим. На жарликдан чиқиб бўлади, на қўл-оёғимга боғланган кишанни узиб.
Адвокатлар ҳақини доим тўлаб бораётган Шукрулло Мирсаидовнинг ташвишлари ҳам кўпайиб кетганлигини билиб турганим учун бу гал Шукрулло акадан пул сўраш ниятим йўқ эди.
Ана шундай муаммолар исканжасида қовурилиб юрган пайтимда уйга Ахтам ака кириб келди. Унга бўлган воқеаларни гапириб бердим. Наиложликдан Муҳаммад Солиҳдан мен учун ёрдам сўраб беришини илтимос қилдим.
– Қурбоной, 200 доллар деганингиз бу жуда катта пулку. Солиҳ акада шунча пул бормикан? Бор бўлган тақдирда ҳам ёрдам беришига кўзим етмайди.
– Наҳотки, Партиянинг раисида 200 доллар бўлмаса, - ҳайрон бўлдим.
– Солиҳ акада шунча пул бўлса ҳам Сафар учун бермаса керак?
– Нима учун?
– Мен сал олдинроқ Солиҳ ака билан телефонда гаплашгандим. Унга сизнинг шароитингиз оғирлигини айтгандим. Иложи бўлса ёрдам беришини сўрагандим.
– Хўш, нима деди?
– Сафар аҳмоқлиги учун қамалди. Бундан бадтар бўлсин! Унга бир тийин ҳам бермайман, - деди.
– Ростдан айтяпсизми, - бўғзимга тош қадалгандай аранг сўрадим.
– Рост.
– Солиҳ ака айтмаган гапни айтди деб, нима қиламан?
Гапиролмай қолдим. Ахтам ака аҳволимни кўриб озгина далда берди. Ундан Муҳаммад Солиҳнинг телефон рақамини сўрадим. Бироқ жавоб бермади. Шундан кейин Ахтам акага қараб, агар Муҳаммад Солиҳга телефон қиладиган бўлса, менинг номимдан айтиб қўйиши керак бўлган гапларни уқтирдим. Сафар аканинг Муҳаммад Солиҳ учун қамоқда қон ютиб ўтирганини етказиб қўйишини алоҳида таъкидладим.
– Эшитиб қўйинг, Ахтам ака, Муҳаммад Солиҳ номи чиққан шоир ёки "Эрк" партиясининг раиси бўлса ўзига, бунинг менга бир тийинлик аҳамияти йўқ! Бироқ у Сафар акани аҳмоқ деб айблашга ҳақли эмас! Шу пайтгача Сафар акани ваҳший терговчилар ҳам жаллод прокурорлар ҳам аҳмоқ деб ҳақоратламаган! Сафар ака ўзининг синмас эътиқоди ва Жалолиддиннинг келажаги учун қамоқда қон ютиб ўтирибди. Сотқинни халқ унутиши мумкин, лекин келгуси авлод кечирмайди!
Ҳозир ҳукмрон кучга айланган диктатура абадий давом этмаса керак! Ёруғ кунларни тўсган қора кунлар ўтади, албатта. Қуёш юзини тўсган пардалар кўтарилиб ҳаммаёқ ойдин бўлганда бугунги куннинг қора доғлари аниқ ва тиниқ кўринади.
Шундай вақтда Сафар ака ўзи танлаган позициядан воз кечиб, номига қора доғ туширса, бу биринчи бўлиб ўғли Жалолиддинга зарар эмасми? Унинг юзига қандай қарайди? Ўғлим катта бўлганида "Дада, нима учун ўша вақтда ўғирламаган тангани ўғирладим, қилмаган жиноятингизни қилдим, деб бўйнингизга олиб қамоқдан озод бўлдингиз, деб сўрамайдими?
Сўраса нима деб жавоб беради? Отасига қараб, "Сиз шунчалик ҳам иродасиз бўлганмисиз? Еган таёғингиз, эшитган ҳақоратингиз учун ўз эътиқодингиздан воз кечдингизми? Ўзингизни ўйламасангиз ҳам мени ўйламадингизми, деса ер ёрилса ерга кириб кетмайдими? Ўғлининг олдида бир умр тили қисиқ бўлиб қолмайдими?
Ахтам ака менинг гапларимни жим ўтириб эшитди. Сўнг, менга қараб: – Сиз ҳақлисиз, - деди.
– Ҳар ким ўзининг келажаги, болаларининг бахти учун курашиши, зулмга бўйин эгмаслики керак!
Ҳа, Муҳаммад Солиҳ "Эрк"даги фаолияти учун бегуноҳ қамалган инсонларни "аҳмоқ" деб ҳақорат қилишни яхши кўрарди. Фақат Сафар акани эмас, ўз вақтида Партиянинг кўп аъзоларини, ундан ташқари, "Эрк" газетасини тарқатиб қамалганларни ҳам "аҳмоқ" ёрлиғи билан сийлашганди. У эркчиларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам беришни ҳеч қачон хаёлига келтирмасди.
Қамалганларнинг ҳаммасига Муҳаммад Солиҳ томонидан "ўзи айбдор!" деган аччиқ тамға босиларди. Бу ҳақда менга наманганлик Носир Зокир айтган эди. У Москвага борганда Муҳаммад Солиҳга телефон қилиб, "Эрк" партиясига аъзолиги сабабли қамалган наманганлик оилалардан бири учун моддий ёрдам сўраган. Муҳаммад Солиҳ эса ҳеч кимга ҳеч қандай ёрдам бермаслигини, қамалган одамнинг шахсан ўзи айбдорлигини иккиланмасдан баралла айтган.
Ваҳоланки, ўша пайтларда Муҳаммад Солиҳ "Эрк" партиясининг қамалган аъзолари учун халқаро ташкилотлардан мўмайгина моддий кўмак олган экан. Буни мен 1997 йилда Сафар ака қамоқдан чиққандан кейин Туркияга борганимизда эшитдим. Бу гапларни эшитганимдан кейин қалбимда шоирга нисбатан нафрат пайдо бўлди. Ҳаромдан хазар қилмайдиган Муҳаммад Солиҳдан моддий ёрдам олмаганимга шукрлар келтирдим.
Ахтам ака менинг узоққа чўзилган жавобимни эшитиб, 200 доллар қарзга доир бошқа вариантларни излаб кўриб, кейин жавоб беришни билдириб қайтиб кетди.
Сафар ака Муҳаммад Солиҳни бунчалик нафратлатирадиган нима иш қилди экан? Ундан ҳатто терговчиси Ҳусан Аҳмедов ҳам нафратланмайди. Шу вақтгача бирон марта Сафар ака ҳақида ёмон гап гапирмаган. Муҳаммад Солиҳ каби руҳини шайтонга сотган нокаслар эса Партияни оёққа турғазиш учун жон куйдириб ишлаган Сафар акани ўзича аҳмоққа чиқариб ўтирибди. Ваҳоланки, Ҳусан Аҳмедов диктатура режимига хизмат қилаётган терговчи. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қурган манфур тузумнинг хизматкори. Сафар ака билан умрида бир марта бир дастурхон атрофида ўтирмaган, ҳатто уни олдиндан кўрмаган. Терговчининг олдига Сафар акани олиб келиб "тарихий танга ўғриси", "Ўзбекистон Президентининг душмани", деб таништирган. Шундай тергов қилингки, қилмаган айбларини ҳам тан олсин, эрига қўшиб хотинини ҳам тергов қилинг ва жиноятчига чиқаринг, деб буйруқ берган.
Ҳа, Ҳусан Аҳмедов давлат одами бўлгани учун ана шу буйруқни бажармоқда. Буйруқдан келиб чиққан ҳолда мени ҳам бир ойга яқин тергов қилди. Сўнг айбсиз эканим бўйича якуний хулосасини ёзиб берди.
Муҳаммад Солиҳ эса Сафар акани сал кам 10 йилдан бери танийди. Биргаликда бир мақсад, бир ғоя сари курашган ҳамфикрлар. Сафар ака ўзи каби "Эрк" демократик партияси асосчиларидан бири. Ана шуларни инобатга олиб, моддий жиҳатдан кўмак бера олмаса ҳам ҳақорат қилмай ҳеч бўлмаса ширин сўз билан далда берса бўладику! Ҳукуматнинг хизматкорлари эмас, Муҳаммад Солиҳнинг ҳақорат қилиши сабр косамни тўлдириб юборганди.
Ахир мен садақа сўрайдиган кўчадаги тиланчи эмас эдим. Мен ҳам "Эрк" партиясининг аъзоси эдим. Партия асосчиларидан бирининг рафиқасиман. Партия муассисидан моддий ёрдам сўрашга ҳақлиман. Қолаверса, шу кунларда "Эрк" партиясига Туркия Жумҳуриятининг "Ўртили ўданак", яъни давлат бюджетидан 2 миллион доллар ажратилганини, бу Муҳаммад Солиҳ ҳисобига ўтказилганини эшитгандим.
Туркия томон бу пулларни 1994 йилнинг кузида "Эрк" партиясининг Ўзбекистонда қамалган ёки оғир иқтисодий шароитда яшаётган фаолларига ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам сифатида беришган экан. Муҳаммад Солиҳ ана шу 2 миллион долларни нима қилди?
Боз устига, у айнан шу кунларда Ўзбекистонда демократик ғоялар тарғиботи билан шуғулланишдан воз кечганди. Юзига диндорлик ниқобини таққан, кунига беш маҳал намоз ўқишга ўтган, иякига соқол қўйган, қўлига тасбеҳ тутган, тилидан Қуръони карим оятларини тушурмасликка кўчган Муҳаммад Солиҳ саждада Аллоҳга эгиладими ёки нафсини қул қилган шайтонгами? Чунки руҳини шайтонга сотган мунофиқларгина етимларнинг ҳақидан қўрқмайди. Ҳақ йўлида тоат-ибодатга кирган бандалар ҳеч қачон риёкор бўлмайди.
Шу кунларда умр йўлдоши қамалиб, аросат исканжасида қолиб юрган фақат мен эмас эдим. Бу вақтга келиб, "Эрк" партиясидаги фаолияти учун бир неча одамлар қамалганди. Кўпчилиги Туркиядан келган газеталарни тарқатганликда айбдор деб топилганди. Қамалганларнинг орқасида эса менга ўхшаган минглаб аёллар, Жалолиддинга ўхшаган минглаб болалар қолган эди.
Ахтам ака, кейинги сафар уйимизга келганда ундан Муҳаммад Солиҳнинг телефон рақамини яна сўрадим.
– Солиҳ аканинг телефон рақамини нима қиласиз, - деди.
– Гаплашмоқчи эдим.
– Нимани гаплашасиз?
– Сизга айтишим шартми?
– Сизнинг телфонингизни МХХнинг агентлари эшитади. Солиҳ ака билан гаплашсангиз бошинигизга бало ёғилади.
– Ёғилса ёғилаверсин, ўзи жонимдан тўйиб юрибман, нари борса қамашар ё жонимни олар, бир бошга бир ўлим.
– Телефон қилиб нима дейсиз?
– Ўзи ёзган шеърни ўқиб бераман.
– Сиз Муҳаммад Солиҳнинг шеърларини қаердан биласиз?
– Нимага билмас эканман, СамДУни тугатиш чоғимда "Муҳаммад Солиҳ ижодида эрк ғояси" деган мавзуда диплом иши ёзганман. Унинг шеърларини ипидан игнасигача биламан. Шунинг учун телефонда ёмон гапирмайман. Телефон рақамини сиздан олганимни ҳам айтмайман. Асло қўрқмасангиз ҳам бўлади.
Муҳаммад Солиҳнинг телефон рақамини жиддий тарзда сўраётганим учун Ахтам ака "телефон рақами ёнимда йўқ", деб баҳона топиб, рақамини бермади. Натижада мен унга айтишга тайёрлаб қўйган энг оғир калималаримни айта олмай қолдим. Бироқ, Муҳаммад Солиҳ билан кейинчалик юзма-юз учрашганда ҳам айтмадим. Ҳаммасини худога солган эдим.
Ҳалигача 200 доллар топа олмаганимни билган Ахтам ака уйда, стол устида турган магнитафонни Дилором Исҳоҳоқовага гаровга бериб, пулни ундан қарзга олиб туришим бўйича маслаҳат берди. Сафар қамоқдан чиққандан кейин олган пулингизни бериб, магинатафонни қайтариб оласиз, деди.
Магнитафонга қарадим. Уни Сафар ака қамалмасдан сал олдин олган эди. Шу кунларда мени дунё билан боғлаб турганди. Радиоси ҳам бўлгани учун у орқали "Озодлик" ва ББС радиоларини эшитардим. Баъзан "Озодлик" радиосига берган интервьюларимни ҳам ана шу радиодан эшитардим.
– Бошқа иложи йўқми?
– Йўқ!
– Хафа бўлманг! Сафар қамоқдан чиқса сизга бундан ҳам яхшисини олиб беради.
– Майли нима ҳам дердим...
Дилором опага телефон қилиб вазиятни айтдим.
У магнитафонни уйига олиб боришимни, агар пул топса беражагини билдирди.
Шу тариқа, уйга ҳамқишлоқ укамларимдан икки нафарини чақирдим. Келишди. Улардан бирига Жалолиддинни қолдириб, иккинчи билан Дилором опанинг уйига магнитафонни олиб бордик.
Дилором Исҳоқованинг уйига кирадиган подъезд олдида МХХнинг агентлари қўлларида камера билан бизни кутиб турган экан. Боришимизни ким айтгани бизга қоронғу эди.
Бизни кўчанинг бошидан то Дилором опанинг уйига киргунимизча съемка қилди. Дилором опа гўёки шундай бўлиши табиий ҳолдек кутиб олди. Магнитафонни бериб, ташқарига чиқсак агентлар ҳалиям кетмаган экан. Бу сафар улар бизни автобус бекатигача кузатишди.
Магнитафон бир ойча Дилором опанинг уйида қолди, лекин эвазига бир тийин ҳам топиб бермади.
Пул топиб беравермагандан кейин дунёдан бутунлай узилиб қолганим учун Дилором опага магнитафонни қайтариб беринг дедим. Бироқ авваллари гапларимга парво қилмади, қайтариб беришни хаёлига ҳам келтирмади. Магнитафонга, аниқроғи радиога Сафар ака ҳақида бирор хабар эълон қилиниб қолармикан, деган ўйда боғланиб қолгандим. Бундан ташқари, ўзим берган интервьюни ҳам кейин радио орқали эшитардим.
Ҳа, ҳайҳотдай кенг шаҳарда ҳеч кимдан пул топа олмадим. Эски маҳалламизда Сафар аканинг ўртоқлари бор эди. Уларга айтсам, бир неча киши бўлиб, пул йиғиб бериши мумкин эди. Бироқ ғурурим йўл бермади. Сафар қамалиб қолиб, хотини тиланчилик қилиб юрибди, деган гап-сўз тарқалишидан чўчидим. Наилож Ҳамидулла аканинг олдига бориб, вазиятни айтиб, узр сўрадим.
– Қурбоной, сиз пул бермасангиз ҳам мен Олий судга Сафарни қайтадан суд қилишларини талаб қилиб ариза ёздим. Ҳатто жавобини ҳам олдим. Лекин жавобда ҳукм ўзгаришсиз қолдирилиши ҳақида ёзилган. Эндиликда, сизга сабр-бардош тилашдан бошқа иложим йўқ. Сафарни 3 йил кутасиз!
Ҳамидулла ака билан хайрлашдим. Аламимни қаламдан олиб тинимсиз ёзишга ўтдим.
Яшашдан ҳам тўйганман,
Кўришдан ҳам воажаб.
Худо менга ўлим бер?
Қутилайин азобдан...
Ахтам аканинг уйга кейинги ташрифида Ҳамидулла аканинг Олий судга ариза ёзганини, у ердан "ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ" деган жавоб олганини гапириб бердим.
Шунингдек, Дилором опа юзасидан шикоят қилдим.
Пул бермаганига яраша магнитафонни қайтариб бермаётганлигини, магнитафонни сўраб қачон телефон қилсам, дарров гапни айлантиришга ўтиб олишини айтдим.
Магнитафонсиз ҳеч қандай хабар эшита олмай, дунё янгиликларидан воқиф бўла олмай гаранг бўлиб қолганимни арз қилдим.
–Магнитафонимни қайтариб беринг, десам "сизга нимага керак", деб ўзимга савол беришини асло тушунмаслигимни билдирдим.
– Айтаман, қайтариб беради, - деди Ахтам ака.
Ниҳоят, магнитафонимни қайтариб олдим. Бироқ адвокатга пулни ўз вақтида бера олмаганим учун ўзимни маънавий қарздордек ҳис қилдим...
Сергей Егошин ва Ҳамидулла Зайниддинов олижаноб инсон эди
Шу ерда берганимда раҳмат деган, беролмаганимда тоқат қилган Сафар аканинг жаннатий адвокатлари Сергей Егошин ва Ҳамидулла Зайниддиновлар ҳақида ёзиб ўтмасам бўлмас.
Улар ҳур ва эркинлик, демократия учун курашган миллатдошларимизни ҳимоя қилишда астойдил жонбозлик кўрсатдилар. Уйдирма айблар билан зиндонбанд қилинган шахсларни оқлаш учун чин юракдан курашдилар. Бироқ ҳукумат миллатпарвар, халқпарвар шахсларни йўқ қилиш билан бирга, Егошин ва Зайниддинов каби адолатпарвар шахсларларни ҳам бадном қилди.
Ҳукуматнинг кирдикорларини фош қилган бу буюк шахслардан чинакамига қасос олди. Сафар акани ҳимоя қилган адвокатларнинг ҳаёти фожиа билан тугади.
Сергей Егошин ва Ҳамидулла Зайниддиновлар 1980 йилларнинг охири – 1990 йилларнинг бошларида Ўзбекистонда ўзларининг ҳақгўйликлари билан танилган, ўз ишининг моҳир усталари бўлган машҳур адвокатлар эди. Сергей Егошин ҳатто "Ўзбеклар иши"да Аҳмаджон Одилов каби ўзбек халқининг асл фарзандини Иванов ва Гдлянлардан ҳимоя қилган жасоратли адвокатдир. Улар Шукрулла Мирсаидовни ҳам бошига ёғилган мислсиз туҳмат тошларидан ҳимоя қилдилар.
Ноҳақликлар олдида бўйин эгмайдиган, мард ва жасур Сергей Егошин ва Ҳамидулла Зайниддиновлар ҳамиша адолат ғалаба қозониши учун курашдилар. Ноҳақ қамалаган қанча-қанча оилаларга ёрдам бердилар. Ўзбекистонда уларнинг олдига тушадиган адвокат йўқ эди.
Сергей Егошин 2000 йилнинг бошларида ўлдирилди. Унинг ўлими сабаби аниқланмади. Ҳамидулла Зайниддиновни эса 2000 йилнинг ўрталарида ресторанда заҳарлаб ўлдиришди.
Сергей Егошин асли бошқа миллат вакили бўлса ҳам айрим ўзбек адвокатларидан кўра анча инсофли эди.
Бир гал Сафар ака учун тўланадиган пул кечикадиган бўлди. Пул тополмаётганимни билган Ахтам ака аҳволингизни Егошинга очиқ айтсангиз яхши тушунади, деди. Бу ой учун хизмат ҳақини кейинги ойда тўлаймиз деб айтинг, деб маслаҳат берди.
Адвокатурага Ахтам ака ўргатган гапларни айтиш учун Сергей Егошиннинг олдига бордим. Бахтимга ёнида ўзбек миллатига мансуб бир адвокат ўтирган экан. Шунинг учун ўзаро салом аликдан кейин ўша кишига рус тилини яхши билмаслигимни айтиб, Сергей Егошинга бу ойда тўлашимиз керак бўлган хизмат ҳақини кейинги ойда тўламоқчи бўлаётганимизни айтишини илтимос қилдим.
Менинг гапимни эшитган ўзбек миллатига мансуб адвокат "пулингиз йўқ бўлса бу ерга нимага келасиз? Олдин пул топинг, кейин келинг эди, деди. Унинг заҳар заққум сўзларини эшитиб, тилим тутилиб қолди.
Менга оғир гапирган ҳамкасбининг жавобини эшитган Егошиннинг жаҳли чиқди.
– Нега бу аёлга бақираяпсан, деди. – Булар ишончли одамлар. Бу ойда бермаса кейинги ойда албатта беради. Сенга нима? Бу оиланинг адвокати сен эмассанку, деб гапириб-гапириб ташлади.
Кейин менга қараб, ўзбекчага таржима қилинг деб айтишингиз шартмиди, бемалол ўзбекча гапираверинг деди кулимсираб.
– Кечирасиз, мен сизнинг ўзбекча тушунишингизни билмасдим, дедим кўзимдан оққан ёшни яшириб. Сергей Егошин мана шундай бағри кенг, олижаноб инсон эди. Руҳи шод, макони жаннат бўлсин!
Сергей Егошин билан Сафар аканинг суди бўлишдан олдин ҳам бир марта учрашгандим. Ўшанда Егошиннинг олдига Ахтам ака билан бирга борган эдик. Сергей Егошин мени Сафар аканинг ишига боғлиқ хат билан таништириш мақсадида чақиртирганди.
Ўзбек тилида ёзилган хатда Элликқалъадаги Ўлкашунослик музейидан ўғирланган деган танга топилгани ҳақида ёзилганди. Ўша хат ниҳоятда хунук ёзилган бўлишига қарамай, менинг хотирамда хатдаги ҳамма жумлалар, ҳатто нуқта ва вергулларигача ёдимда қолган.
Унда: "Мен ўз исм-фамилиямни очиқ ёзмайман! Сафар Бекжонни Элликқалъа Ўлкашунослик музейидан ўғирлади деган тарихий танга менда. Сафар Бекжон ва унинг оиласи бошига тушган фалокатларни эшитиб, виждоним қийналди. Шунинг учун тангани қайтариб беришга қарор қилдим. Исм-шарифимни ёзсам мени ҳам қамаб қўйишларидан қўрқаман", деб ёзилган.
Хатга ҳеч қандай имзо қўйилмаганди. Уни ким адвокат Сергей Егошинга олиб келиб берганини ҳалигача билмайман.
Тангани олиб келган одамни кўрган Сергей Егошин эса сирли тарзда ўлдирилди. Шу тариқа тангага тегишли ҳамма сирларини адвокат ўзи билан бирга фоний дунёдан боқий дунёга олиб кетди.
Мен учун тангани ким олиб келиб бергани эмас, унинг топилгани муҳим эди. Лаънати тангани шу пайтгача сақлаб келаётган муттаҳам одам адвокат ёки терговчига ўз вақтида берганида балки Сафар ака азоб-уқубатлардан вақтлироқ қутулган бўлармиди?
Аслида бошимизга мислсиз уқубатлар солган лаънати тангани Муҳаммад Солиҳда деб тахмин қилардим... Бироқ шу пайтгача бу тахминимни ҳеч кимга айтмагандим. Ҳатто, терговчи Ҳусан Аҳмедовга ҳам тиш ёрмагандим.
Егошиннинг хонасида ўтирганимда бўлаётган воқеаларга тушуна олмай ҳанг-манг аҳволга тушиб қолдим.
Ахтам акага қараб: Сафар аканинг бошига кўргуликлар солган танга ҳақиқатанан топилдими, - деб сўрадим.
– Хатни ўқидингиз-ку, ишонмаяпсизми, - деди Ахтам ака. Сўнг Сергей Егошинга қараб, – Қурбонойга тангани кўрсатмасангиз ишонмаяпти, - деди. Адвокат ўзи ўтирадиган стол тортмасидан кичкина қутича олиб, менга узатди. Тангани кўриш учун аввал қутичани очдим, сўнг қизил латтани, ундан кейин пахтага ўралган тангани кўрдим.
Ҳа, тангани кўрдим ва ишондим. Сўнгра Сергей Егошиндан энди Сафар ака озодликка чиқадими, деб умидли оҳангда сўрадим.
Суд ҳайъати суд залидан озод этишар, деб жавоб берди Егошин ёқимли табассум билан.
Менинг бошқа гапим қолмаганди, кетишга тараддудланганимни кўрган Ахтам ака "ўзингиз кета оласизми, менинг Сергей Егошинда ишим бор эди", - деди.
– Ўзим кетаман, деб улар билан хайрлашиб, уйга қанот чиқариб учиб келгандай келдим.
Уйга келиб, тойчоғимни севинч билан маҳкам бағримга босдим. Оппоқ қор қоплаган кўнгил боғимда қип-қизил, алвон рангли лолақизғалдоқлар очилгандек хурсанд эдим.
Танга топилишидан тахминан икки ой олдин Тошкент шаҳар прокурори Эргаш Жўраевга телефон қилиб туҳмат билан қамалган Сафар ака судсиз-сўроқсиз қачонгача қамоқда қолади, деб сўраганимда: "танга топилган куни озодликка чиқади", деб қисқа ва аниқ жавоб берганди. Танга топилгани ҳақидаги хабарни бутун дунёга жар солиб айтгим келаётганди. Вақт ўтказмасдан Ҳусан Аҳмедовга телефон қилдим.
Ҳаяжонланганимдан саломлашишни ҳам унутиб, бор овозим билан гапира бошладим: "Сиз ва атрофингиздагилар Сафар акани ўғрига чиқариб, етарлича маломат қилгандингизлар, лаънати танга топилди, энди нима дейсиз? Сафар ака қачон озодликка чиқади? Ўрнига музей директорини қамайсизларми?
Ҳусан Аҳмедов кутилмаган хабарни эшитиб гангсираб қолдими ёки бошқа сабабданми бир неча дақиқа саволларимга жавоб бермади. Кейин босиқлик билан мени танга топилгани билан табриклади.
– Сабр қилинг, Сафарнинг суди бўлса балки суд залидан озодликка чиқаришар, - деди.
Хайрлашиб телефон гўшагини жойига қўйдим.
Шу куни кечқурун Германияда жойлашган "Озодлик" радиосидан Темурхўжа ака телефон қилди. Салом-аликдан кейин: – Сафаржоннинг иши билан боғлиқ эшитган янгилигимиз тўғрими, деб сўради.
– Ҳа, тўғри дедим, - хурсандлигимни яшира олмай. Сўнг "Озодлик" радиоси учун ҳам танга топилгани ҳақида хурсанд бўлиб, тўлиб-тошиб гапирдим. Эндиги бутун умидим Сафар аканинг бўлиши керак судида эди. Тоқатсизлик билан суд бўладиган кунни кута бошладим.
Афсуски, эрта қувонган эканман. Сафар аканинг судида қатнашиш менга насиб қилмади. Ҳатто суди бўлиши ҳақида менга хабар беришмади.
Сафар аканинг суди бўлиб ўтгани ҳақида "Озодлик" радиосидан эшитдим.
Хабарни эшитган кунимда тушган ҳолатимни тасвирлашга қаламим ожиз.
Сабр косам парча-парча бўлиб синди.
Орзу-умидларим, барча елиб-югурганларим саробга айланди.
Ўлмай туриб тирик мурдага айланандим.
Танга топилса, Сафар ака, албатта озодликка чиқади, деган ўйларим хавога совурилди.
Кўзим мошдай очилди.
Танга можароси Сафар акани сиёсий саҳнадан бутунлай узоқлаштириш учун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва унинг атрофидаги лаганбардорлари томонидан ёзилган сценарий эканини тўлиқ англадим.
Суддан кейин Сафар аканинг атрофи қалин девор билан ўралганлигини, ўша девордан ўтишга ҳеч кимнинг кучи етмаслигини, ўзимнинг эса мана шу деворга бошимни ураверганимни энди тушунгандим.
Асабларим чарчади.
Жаҳл билан Тошкент шаҳар прокурори Эргаш Жўраевга телефон қилдим.
Бахтимга хонасида экан. (Менга Эргаш Жўраевнинг шахсан ўзига тушадиган телефон рақамини, яъни котибасисиз ўзи жавоб берадиган рақамни прокуратура ходимларидан бири махфий тарзда берган эди. Ҳатто ўша ходимдан терговчи Ҳусан Аҳмедовнинг уй телефон рақамини ҳам олгандим. Ҳусан акадан уй телефонини беришини бир нача бор илтимос қилганимда, уйда телефон йўқ, дадамларнинг телефонидан фойдаланаман, деб мени алдаганди).
Эргаш Жўраев билан салом-аликдан кейин жаҳлимни ичимга ютиб, унга танганинг топилгани, уни адвокат Ҳамидулла Зайниддинов гувоҳлар иштирокида музейга қайтариб бергани тўғрисидаги хабарларни айтдим.
Сўнг Сафар аканинг нега озодликка чиқарилмаётганини сўрадим.
У одатдагидай қисқа ва лўнда жавоб бериб гўшакни жойига қўйди. Доим "Сафарбой Бекжонов танга топилган куни озодликка чиқади" деювчи Эргаш Жўраев бу гал "Сафарбой Бекжоновнинг масаласини Олий суд ҳал қилади. Олий судга мурожаат қилинг" дейиш билан чекланди.
Бу менинг Эргаш Жўраев деган дажжол билан сўнгги суҳбатим эди.
Биз сизнинг оилангизга доим моддий ёрдам берганмиз
Мен Сафар ака уч йиллик қаътий режимли қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб жим ўтирмаслигим кераклигини билардим. Сафар аканинг емаган сомсасига пул тўлаб қамоқда қолаётгани менга ниҳоятда оғир ботарди. Ҳукм чиққандан кейин маслаҳат берувчилар сони ҳам кескин камайди. Улар тақдирга тан бериб, қамоқ муддати тугашини кутинг, дейишдан нарига ўта олмай қолди.
Онда-сонда хабар олиб турадиган Дилором Исҳоқова ҳам бутунлай алоқани узди. Ягона дарддошим сессиялари бошлангани учун қишлоқдан бизникига келган Ойгул эди. Бироқ у ҳам кўп нарсаларга тушунавермасди. Боз устига синов ва имтиҳонлари билан овора эди.
Ҳукмдан кейин Эргаш Жўраевнинг маслаҳатини инобатга олиб Ўзбекистон Олий судининг раиси номига шикоят хати ёздим. Почта орқали юбориб, жавобини кутишга сабрим чидамаслигини билиб, хатни ўз қўлим билан Олий судга олиб бордим. Бироқ ҳаракатларимдан ҳеч қандай натижа чиқмади. Олий суд хатимга жавоб бермади.
Ундан кейин Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоевнинг номига хат ёздим. Улар ҳам хатимга жавоб беришни лозим кўришмади.
Сўнгра Тошкентда жойлашган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош консулига шикоят хати ёздим. Улардан тез орада ташкилотга келишимни таклиф қилиб ёзган жавоб хати олдим.
Шундан кейин Жалолиддинни олиб БМТнинг Тошкетда жойлашган офисига бордим. Қабулга кириш учун сал кам уч соат кутиб ўтирдик.
Бир вақт ёнимга бир аёл келди. Исм-шарифини ҳам, лавозимини ҳам айтмади. Аммо БМТда ишлашини маълум қилди.
У ўзининг кимлигини жиддий тарзда сир сақлаган бўлса-да, менинг кимлигим билан астойдил қизиқди. Қаерда туғилганим, қаерда ўқиганим, Сафар акага қачон турмушга чиққаним, унинг қайси ойда қамалганини сўради.
Мен имтиҳон топшираётган талаба каби ҳамма саволларига батафсил жавоб бердим.
Дардимни эшитиб бўлгандан кейин аёл сиёсий масалалар билан шуғулланувчи Баҳодир ака деган ходимнинг қабулига киришимни билдирди. Сўнг мендан инглиз ва рус тилларидан қайси бирини яхши билишимни сўради. Мен инглиз тилини билмаслигимни, рус тилини яхши билмаслигимни айтдим.
– Унда сиз Баҳодирни (фамилиясини ҳам айтганди, унутибман) кутиб овора бўлманг, у ўзбекча билмайди, - деб жавоб берди.
–Миллати нима, - деб ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Ўзбек.
– Таржимони йўқми?
– Йўқ.
Бошқа ҳеч нарса дея олмай, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти деган ташкилотда аҳвол шу бўлса, унда тамом бўлган эканмиз, деган ўйлар исканжасида Жалолиддинни бағримга босган кўйи бошимни эгиб, уйга қайтдим.
Барча мурожаатларим ҳавога совурилаётганини, Ўзбекистон Ҳукуматининг асл ниятини билганимдан кейин инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган ҳар хил ташкилотларга хат ёза бошладим. Чунки шу пайтгача танга билан боғлиқ масалаларга доир аниқ бир қарорга кела олмаётганим учун уларга арз қилишга унчалик журъат эта олмаётгандим. Шунингдек, танга топилса Сафар Бекжон озод бўлади, деб ишонтирганларга – Тошкент шаҳар прокурори Эргаш Жўраев, ИИВ терговчиси Ҳусан Аҳмедов, адвокатлар Сергей Егошин ва Ҳамидулла Зайниддиновларга ҳам қаттиқ ишониб қолгандим. Сабр қилайчи озгина, балки танга топилса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказларига мурожаат қилишим ҳам керак бўлмас, деган яхши умид тўсқинлик қиларди.
Гап шундаки, мен Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг Тошкентда жойлашган офисларига фақат Сафар акага ҳуқуқий ёрдам беришларини сўраб хат ёзганман. Гарчи, тегишли ташкилотларга моддий ёрдам сўраб мурожаат қилишимни маслаҳат берганлар кўп бўлса-да, мен улардан ҳеч қачон моддий ёрдам сўрамаганман. "Эри қамалиб, хотини халқаро ташкилотлардан ёрдам сўраб тиланчи бўлиб юрибди", деган таъна ва дашномлар ёғилишидан қўрққанман. Бироқ Сафар ака қамоқдан чиққандан кейин айрим каслар менинг орқамдан жарақ-жарақ пул топганини эшитиб, тепа сочим тикка бўлиб кетганди.
Гапнинг қисқаси, Сафар ака озодликка чиққандан кейин Россияда бўлиб ўтган инсон ҳуқуқлари масалаларига бағишланган анжуманда иштирок этади. Шу ерда халқаро ташкилот раҳбарларидан бири Сафар акага қараб, Сафар ака қамоқда эканида Москвада яшаётган "Бирлик" халқ ҳаракати аъзолари ва Тошкентдаги "Бирлик" ҳаракати раҳбарларидан бири Васила Иноятова орқали бизга бир неча марта моддий ёрдам юборганликларини айтишади.
Раҳбарнинг бу гапларидан Сафар ака ҳайрон бўлади.
У ташкилот раҳбарларига ўзи қамоқда экани пайтида мен ва ўғлим қийин аҳволда яшаганини, "Бирлик" ҳаракатининг фаолларидан ҳеч қачон моддий ёрдам олмаганини маълум қилади.
Ноқулай аҳволга тушиб қолган раҳбар кейинроқ Васила Иноятованинг номига юборилган пул чекини ҳамда Васила Иноятова томонидан менинг номимдан ёзилган, "ажратилган моддий ёрдам пулини тўлиқ олганимга оид имзо қўйилган тилхатим"ни ҳамда Васила Иноятованинг "Моддий ёрдам пулини Сафарбой Бекжоновнинг рафиқаси Қурбоной Реимовага шахсан ўзи олиб бориб бергани" тўғрисидаги тилхатини кўрсатишади.
Мен эса, ўша пайтларда ўзимнинг орқамдан қилинган ишлардан тамомила бехабар эдим. Рости, мен ўша қийин-қистов пайтларда кўпинча бир бурда нонга зор бўлиб яшадим.
Нон сотиб олиш учун кўчалардан шиша йиғиб, уни дўконларга сотиб, ўрнига нон сотиб олардим. Жалолиддин дадаси қамоқдалиги пайтида қорни тўйиб овқат емаган...
Ўзбекистондаги барча нуфузли ташкилотлар хатларимга жавоб бермаган, мурожаатларимни инобатга олмаган бўлса-да, халқаро ташкилотларнинг деярли барчаси аризаларимни инобатган олишди. Улар ўзларининг йиллик ҳисоботларида Сафар акани "сиёсий маҳбус" деб эълон қила бошладилар.
Бундан ташқари, "Қизил ярим ой" халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги бўлими Тоштурмада қамоқда ўтирган, касалликка чалинган Сафар акани даволаш учун шифокор ва дори-дармонлар билан таъминладилар. Булар Сафар ака учун қилган ишларимда эришган муваффақиятларим эди.
Мен доим Сафар аканинг ҳимояси учун отланарканман, "Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси" ва Ўзбекистон Конституциясига асосландим.
Шу пайтларда ўзим учун керакли бўлган барча ҳуқуқларни билиб, Конституцияни бандма-банд ёлдаб олгандим. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ёки Олий судга шикоят хати ёзсам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексидаги тегишли банд ва моддаларга таянардим. Бироқ, афсуски, ўша китобларда ёзилган қонун-қоидаларга ҳаётда амал қилинмасди.
Қонунлар
асосида ҳуқуқларимни талаб қилганимда
ҳуқуқий ташкилотларнинг погонли
раҳбарларидан дашном эшитган пайтларим
ҳам бўлган. "Сен китобларда ёзилган
қонунларга ишонасанми?
Китобдаги
қонунлар сенга ўхшаган аҳмоқлар учун
ёзилган. Биз ҳеч қаерда ёзилмаган
қонунлар бўйича ишлаймиз. Сафарбой
Бекжоновга Демократия, Озодлик,
Мустақиллик, Ўзбек тили учун кураш деб
ким айтди? Ким унга Ўзбекистон Президентига
қарши курашсин деди? Унга бу ҳам оз"
- деб жавоб берарди безрайиб.
Ўзбекистонда мурожаат қилмаган ташкилотим қолмаганди. Фақат Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қолганди. Гарчи Каримов Сафар акани ўзига душман деб қабул қилган бўлса-да, унинг номига хат ёзишга қарор қилдим.
Хатни тугатиб, Жалолиддинни қўлимга олдим-да, Президент Девонхонасини мўлжаллаб йўлга чиқдим. Ўзбекистон Парламенти жойлашган бинога яқинлашганимда эски маҳалладошимиз, Сафар аканинг дўстини кўриб қолдим.
Ундан аризамни қаерга топшириш бўйича маслаҳат сўрадим.
Тўрт томонига қараб олиб, ҳеч ким кузатмаётганига амин бўлганидан кейин, тўрт-беш метрли масофада ўзининг орқасидан боришимни, ўзи эса хатни топшириш керак бўлган дарвоза олдидан қайтишини, мен эса ана шу дарвозадан ичкарига киришимни айтди.
Айтганидек, унинг изидан беш-ўн қадам орқада бордим. Манзилга етганда у менга дарвозани қўли билан кўрсатиб, ўзи бошқа томонга қайрилиб кетди.
Ичкарига кирсам кутиш зали одамлар билан лиқ тўла экан.
Манзарани кўриб ҳайрон бўлдим.
Золимнинг зулмидан азият чекаётган битта мен эмас, Ўзбекистоннинг ярми экан-ку, дедим ўзимга-ўзим.
Ўзбекистонда нималар бўляпди ўзи? Одамлар бир-биридан шикоят қилядими ёки тузумданми?
Қўлимдаги бола билан қийналиб турганимни кўриб бир йигит жой берди.
У дастлаб Жалолиддинни озгина ўйнатди. Сўнг мендан Президент Девонхонасига бола билан сарсон бўлиб келишимнинг сабабини сўради. Унга Сафар аканинг муаммолари билан келганимни айтгим келмади. "Халқ сўзи" газетасида Сафар акага бағишлаб ёзилган "Ким ўғри" деб номланган мақолани ўқиган бўлса, танга ўғрисининг аёли сиз бўласизми, деб сўрашларидан қўрқдим.
Индамаганимдан кейин йигит ўринсиз савол бериб мени хафа қилгани учун узр сўради. Мен эса асло хафа бўлмаганимни, шунчаки, кейинги пайтларда асабим қаттиқ чарчаб йиғлоқи бўлиб қолганимни айтдим, базўр кулимсираб.
– Ҳамиша кулиб юринг, шусиз ҳам ҳаёт ғамдан иборат бўлиб қолди, - деди.
Киришимлилигини пайқаганимдан кейин ўзидан Президент Девонхонасига нима учун келганини, қайси вилоятдан эканлигини сўрадим. У жиззахлик экан. Йўлларни кенгайтирамиз деб, яшаб юрган уйларини бузиб ташлаганлиги, кекса ота-онаси ва болалари билан кўчада қолганлиги юзасидан шикоят қилиб келган экан.
– Бузилган уйингизнинг ўрнига бошқа уй ёки компенсация пулини бермадими, деб сўрадим.
Саволимдан йигитнинг авзойи ўзгарди.
– Агар ўрнига уй ёки пул берганида, кўчада қолмаганимизда бу ерга шикоят қилиб Жиззахдан сарсону саргардон бўлиб келармидим, - деди. Кутиш залидагилар билан гаплашиб ўтириб, вақт ўтганини билмай қолибман.
Навбатим келди. Қабулхонага кириб, қўлимдаги аризани бердим. Хатни олган котиба қиз ўқиб кўриб, менга кутиб туринг, деб ўзи ичкарига кириб кетди.
Беш-ўн дақиқалардан кейин чиқиб, мени Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Владимир Норов қабул қилажагини айтди. Қабул куни, ой, сана, соатини белгилаб, ўзлари почта орқали хат юборажакларини ва шу куни кечикмасдан келишимни тайинлади.
Исми русча эканини эшитганимдан кейин юрагим шув этиб кетди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига борганимда бошимга тушган "тил муаммоси" ёдимга тушди. Шунинг учун котибадан дарҳол Владимир Норовнинг ўзбекча билиш-билмаслигини сўрадим. Котиба ўзбекча билишини билдирди. Шу тариқа, бугунги ишимдан хурсанд бўлиб уйга қайтдим.
"Мен акамдан воз кечдим"
Бир куни уйимизга Ахтам Розиқов тушкун кайфиятда келди. Якуб Колос кўчасидаги уйимизнинг ҳовлисида катта ўрик дарахти бўлиб, Сафар ака қамалмасдан олдин ўша дарахт тагига темир карават ўрнатган эди.
Ахтам акани ана шу караватга таклиф қилдим. Сафар аканинг дўстлари уйда ёлғиз бўлганим учун ичкарига киришмасди.
Ахтам аканинг алланечук алфозда кириб келганидан хавотирга тушиб, ундан Сафар ака ҳақида сўраб кетдим. Бирор ёмон гап эшитмадингизми, деб кетма-кет саволлар бердим.
– Сафардан хавотир олманг, у тинч, соғлиги ҳам, саломатлиги ҳам жойида! (Мен шу пайтгача Ахтам Розиқовдан Сафар ака ва бошқалар ҳақидаги янгиликларни, ИИВдаги сўнги хабарларни кимдан эшитасиз, қаердан оласиз, деб сўрамаганман. Ахтам аканинг МХХнинг агенти эканини орадан олти йил ўтгандан кейин, 1999 йилда ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг суд залидан чиқарган хатини ўқиганимдан кейин билганман).
– Худога шукур, ранг-рўйингизни кўриб, қўрқиб кетдим.
– Мақсуд Солиҳ акани шарманда қилди.
– Нима бўлди, - ҳайратланиб сўрадим.
– Нима ҳам бўларди, мана ўзингиз ўқиб кўринг, кейин биласиз, деб қўлимга "Халқ сўзи" газетасини тутқазди. Кейин қора рангда, катта ҳарфларда терилган "Мен акамдан воз кечдим!" сарлавҳали мақолани ўқишимни тавсия қилди.
Мақола нақ бир саҳифани эгаллаган экан. Сарлавҳасини ўқиб кўзларимга ишонмадим, бошимдан хушим кетиб қолди.
– Ўзи ёзганми ёки Мақсуднинг номидан бошқа биров ёзганми?
– Ўзи ёзган-ку, мақоланинг тагига қаранг.
Ахтам ака айтгандан кейин мақоланинг тагидаги имзони ўқидим. Мақсуд Бекжон деб ёзилган экан.
– Қаҳринингиз жуда қаттиқ экан сизни. Ўшанда менинг илтимосимни бажариб, Мақсудларнинг уйига бориб, унга Ўзбекистондан чиқиб кетишини ёки Хоразмга қайтишини айтганингизда бугун у қамалмаган бўларди. Бунча шармандагарчилик бўлмасди, ҳаммаси сиздан бўлди!
– Ие, Мақсуд Бекжоннинг акасидан воз кечишида менинг айбим нима? Мақсуд Муҳаммад Солиҳнинг обрўсини ерга урди, деб Солиҳ акага ачиняпсиз, нега айбсиз бўлган ҳолда қамоқхонада ўтирган Сафар акага ачинмайсиз?
Мақсуд уйга келиб, "Сафар акамни сотди" деб менга ит айтмайдиган гапларни айтиб кетганди. Ўзи қамалганига ҳали бир ой бўлмасдан туриб, акасини сотибди. Сафар акага ўхшаб бир йил қамоқда қолса хотинини ҳам сотади. Бадтар бўлсин!
– Қурбоной!
– Нима?
– ...
– Мақсуд Бекжон Муҳаммад Солиҳни сотди деб мотам тутишдан бошқа қиладиган ишим йўқми, бадтар бўлсин!
Ахтам акага гапларим қаттиқ таъсир қилди шекилли, озгина ўйланиб туриб: – Сафарни ҳеч ким билмаса ҳам мен биламан-ку, - деди.
Сўнг бадтар ғазабланишимдан авайлади шекилли, Ахтам ака гапни бошқа томонга буриб, Мақсуд Бекжоннинг ИИВ ертўласига борган Марзияга айтган гапларини айтиб берди. Хуллас, Марзия Мақсуд Бекжоннинг Солиҳ акадан воз кечдим, деб берган баёнотидан қаттиқ хафа бўлади. Энди Солиҳ акага нима деб жавоб берамиз, деб йиғлайди. Бунга жавобан Мақсуд "Сен хотин кишисан, адвокат эса эркак! Хотин бошинг билан эркак адвокатлар билан гаплашиб юрибсанми, деб бўралатиб сўккан.
Нима дейишимни билолмай қолдим. Сафар ака қамалган пайтда Мақсуд Бекжоннинг менга қараб айтган сўзлари эсимга тушди. Ўшанда Мақсуд менга: "Сафар учун курашиб нима қиласиз, қамалса қамалиб кетавермайдими? Хотин бошингиз билан эркак адвокатлар билан гаплашиб юришингиз тўғри эмас. Ундан кўра қишлоғингизга кетинг, Сафар қамоқдан чиққандан кейин қайтиб келасиз" деганди.
– Мақсуд, бу гапни Сафар ака қамалган кунларда менга ҳам айтганди, - дедим.
– Сизга ҳам шунақа деганмиди?
– Ҳа, менга ҳам шундай деганди.
– Мақсуд аҳмоқ экан.
– Ақлли деб ўйлаган эдингизми? Мақсуд ҳатто ўзига ҳам ишонмайдиган худбин. Ўзига ишонмаган одам эса ҳеч кимга ишонмайди, ҳаммадан шубҳаланади. Буни Мақсуднинг ўз хотинига ишонмасдан унга айтган сўзларидан ҳам билсангиз бўлади. Гўёки, эркак адвокатлар билан... тавба қилдим, астағфуруллоҳ. Бу гапларни Сергей Егошин билан Ҳамиддулла Зайниддинов эшитмасин...
Ахтам ака Мақсуднинг "қишлоққа кетишим" тўғрисидаги маслаҳатини эшитиб, лол қолди.
Шундан кейин Ахтам акадан ҳозир Мақсуднинг қаердалигини сўрадим. – Акасига қарши тарихий асар ёзган "муаллифи" ИИВ ертўласидан чиқдими, - дедим.
– Чиқибди, ҳозир уйида экан, деди.
– ИИВнинг малайлари Мақсуд Бекжоннинг қўли билан Муҳаммад Солиҳнинг икки кўзини ўйиб олибдику. Бундан кейин Муҳаммад Солиҳ қамалган одамлар ҳақида ҳар бир гапирган гапини ўйлаб гапиради. Сафдошларига "ўзининг аҳмоқлиги учун қамалди" деб мағзава ағдармайди. Ёки Муҳаммад Солиҳ жаноби олийлари "ақлли" укасини "қаҳрамон" деб эълон қилармикан?
– Ҳар нима бўлган тақдирда ҳам мақоланинг газетада чиққани яхши бўлмади, Қурбоной. Ўзбекистонда Солиҳ аканинг дўстидан кўра душмани кўп.
– Бадтар бўлсин!
– Қамалиб қолган партиядошларининг ҳаммасини "аҳмоқ" деб ҳақорат қилди. Ана энди укасининг ҳолини кўрсин?
– Солиҳ аканинг Сафарни бир марта "аҳмоқ" деб айтганини энди бир умр айтасизми?
– Шу гапи учун икки қўлим Муҳаммад Солиҳнинг ёқасида бўлади. Салоти жаноза деганда ҳам кечирмайман.
– Қаҳрингиз қаттиқ экан.
– "Қолса кўнгил чиқса жон".
– Майли ўзингиз биласиз. Газетани берсангиз мен кетаман.
Гап билан бўлиб газета қўлимда эканини, мақолани ҳали охиригача ўқимаганимни унутибман.
– Менга олиб келмадингизми, - дедим. Ахтам акага қараб.
– Йўқ, ўзи бир дона.
– Майли унда мен эртага киоскка бориб сотиб оламан, деб газетани қайтариб бердим.
Ахтам ака хайрлашиб кетди.
Кўнгилимни босади қора туманлар,
Уфқда кўринмас ойдинлик.
Умидим кундан-кун узилиб борар,
Сен қачон тугайсансан ёлғизлик?
Юзларим сарғайди ҳажрингда,
Сочимни қоплади оқ нурлар.
Кундузим тунларга уланди,
Рақибинг отган тош кўксимда...
Эртаси куни киоскага бориб "Халқ сўзи" газетасини сотиб олдим.
Уйга келиб, Мақсуд Бекжоннинг қаламига мансуб мақолани тўлиқ ўқиб чиқдим. "Агар ана шу мақола Сафар аканинг номидан эълон қилинганида эди Мақсуд мени бир кун ҳам тинч қўймас эди, Сафар аканинг номини эса қора бўёқларда дунёга достон қиларди" деган ўйлар миямдан ўтди. Мақола профессионал ёзилганди.
Ҳар бир сўздан ўз ўрнида фойдаланганди.
Менда Мақсуд Бекжоннинг сўз бойлиги кучлилигига тан беришдан бошқа илож йўқ эди.
Менинг диплом ишим "Муҳаммад Солиҳ ижодида эрк ғояси" деб номлангани учун 1980 йилдан бери матбуотда ёритилган Муҳаммад Солиҳга бағишланган барча мақолаларни ўқиб, тўплаб боргандим. Мақсуд Бекжоннинг мақоласини ўқиб, шу пайтгача ҳеч бир ашаддий танқидчи ёки коммунист журналист Муҳаммад Солиҳ шахсиятини Мақсуд Бекжончалик танқид қилмаганлигига кўзим етди. Ҳатто 1980 йилнинг бошларида "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида эълон қилинган "Шеърингизни тушинтириб беринг” деган танқидий мақола муаллифи ҳам Муҳаммад Солиҳнинг шахсиятига тил теккизмаганди.
"Халқ сўзи" газетасидаги танқидий мақолани ўқиб ўтирганимда Дилором Исҳоқова телефон қилди. Мендан Мақсуд Бекжоннинг мақоласи эълон қилинган "Халқ сўзи" газетаси бор-йўқлигини сўради.
Газета менда борлигини, ўқиб бўлгач, қайтариш шарти билан беришим мумкинлигини айтгандим, шартимга кўниб, уйга Турсунали Полвонни юборишини билдирди. (Фарғоналик дорбоз Турсунали Полвонни ўзбекистонликлар яхши танирди. У Дилором Исҳоқова билан оилавий дўст эди).
Мен Дилором опа каби макри қирқ эшакка юк бўладиган жодугар хотиннинг гапига ишониб, уйга келган Турсунали Полвонга газетани бердим.
Орадан бир ҳафта ўтгандан кейин газетани олиш учун Дилором опанинг уйига бордим. Дилором опа менга шоир Яҳё Тоға деб таништирган киши билан бирга балиқ тозалаётган экан. Яҳё Тоғани сиртдан танирдим, менда унинг иккита китоби ҳам бор эди.
Яҳё Тоғага ҳукуматнинг кирдикорлари ҳақидаги танқидий фикрларим ёқмади.
У Ўзбекистондаги вазиятни нормал ҳолат, Ислом Каримов тўғри сиёсат олиб боряпти, деган фикрда қатъий эди.
Менга эса гўзал шеърлар битган шоирнинг саёз фикрлари маъқул келмади. Хуллас, Яҳё Тоға мамлакатда аллақачон бошланган деспотизмни кўрмасди. Ўзбекистон каби жаннатмакон юртимизни ҳалокат ёқасига судраб кетаётган президент Ислом Каримовга ҳамду сано ўқирди.
Юрт озодлиги, демократия учун курашаётган юртдошларимизнинг ҳар хил қамоқхоналарда, жумладан, Қарши шаҳри яқинидаги Шайхали посёлкасида жойлашган 64/49-сонли қизил зонада кўз кўриб қулоқ эшитмаган қийноқларга солинаётгани қизиқтирмасди.
Мен Дилором опанинг уйида ўзимни нафасим бўғилгандай ҳис қилдим. Кетишдан олдин "Халқ сўзи" газетасини сўрагандим, Дилором опа ўта бамайлихотир тарзда: "Биз Яҳё билан бирга ҳозиргина ўша газетанинг устида балиқ тозаладик", деди. Қаттиқ жаҳлим чиқди. Дилором опага газетани берганимга пушаймон бўлиб, хайрлашиб уйга қайтдим.
Эрингизнинг озодликка чиқишини сабр билан
кутишингиз керак
Ўз дардим билан андармон бўлиб юрган кунларимда Президент Девонхонасига ёзган аризамга жавоб келди. Унда Президент маслаҳатчиси Владимир Норов билан учрашадиган куним вақти-соатигача тўлиқ ёзилганди.
Шу кунларда уйда Сафар аканинг укаси Бекназар билан тоғаси бор эди. Улар Хоразмдан Тошкентдаги касалхоналардан бирида даволанаётган тоғамизнинг ўғли Зокирни кўришга келганди.
Биз тушдан кейин биргаликда касалхонага бордик.
Мен ўша ерда Зокир билан танишдим. Уйимиз меҳмонга тўлиб қолганидан мен ҳам, Жалолиддин ҳам хурсанд эди. Полвоним улар билан маза қилиб ўйнарди.
Бироқ орадан уч кун ўтгандан кейин мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган дилкаш тоғамиз билан Бекназар Хоразмга қайтиб кетди. Улар кетгандан кейин касалхонада даволанаётган Зокирнинг аёли келди.
Шу орада менинг Президент Девонхонасидаги учрашув куним ҳам етиб келди. Жалолиддинни қолдириш учун қариндошим Ўктамга телефон қилиб чақирдим. Ўктам келди. Жалолиддинни унга қолдириб, Президент Девонхонасига бордим.
Қабулхонада одам кўп экан.
Котибага телеграммани кўрсатгандим, қабулхонада кутиб ўтиришимни айтди.
Тахминан 15 дақиқадан кейин Владимир Норовнинг қабулига кирдим. Владимир Норов узун бўйли, оқдан келган, сочлари бироз жингалак, кўзлари қора одам экан.
У менинг кимлигимни билгандан кейин стол тортмасидан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов номига ёзган аризамни қўлига олиб, ўқий бошлади. Аризамга кўзим тушганда ундаги айрим сатрлар тагига қизил ручка билан чизилганини кўрдим.
Владимир Норов аризамни ўқиб бўлгандан кейин мени худди ИИВнинг терговчиларига ўхшаб тергов қилди. Яъни ҳар бир ёзган жумлам учун мендан изоҳ сўради. Ўзимни Президент Девонхонасида эмас, Миллий хавфсизлик хизмати идорасида ўтиргандек ҳис қилдим. Унинг ҳар бир саволига жавоб бердим.
Саволлари тугагандан кейин ҳуқуқшуносга менда ҳам саволлар борлигини айтдим. Норов рухсат бергандан кейин ундан Сафар аканинг айби нималигини сўрадим. У индамади. Қачонгача айбсиз айбдор бўлиб қамоқда ётишига доир саволим ҳам жавобсиз қолди.
– Қаранг, саволларимга сиз ҳам жавоб беролмаяпсиз, дедим. Сўнг, Сафар аканинг айбини сизга ўзим айтаман деб, "айбини" санай бошладим. Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун курашгани, Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши учун елиб-югургани, Ўзбекистонни руслар зулмидан озод қилиш учун курашгани, ўзбек халқининг пахтага бутунлай қул бўлиб қолмаслиги учун курашгани айбидир, дедим.
Ўзбекистон ҳукумати эса Сафар акани қандайдир бир одамнинг туҳматига асосланиб, ноёб танга ўғриси, деган сохта айб билан қамашди. Элим, юртим деган одам қачонгача сизларнинг зиндонларингизда қолади? Менинг бирин-кетин қўяётган саволларимни охиригача сабр билан эшитган Владимир Норов тилга кирди.
– Мен ҳам Америкача демократия тарафдориман, - деди. – Ҳозир эса Ўзбекистонда унақа демократия йўқ. Шунинг учун эрингизнинг озодликка чиқишини сабр билан кутишингиз керак.
Владимир Норовнинг жавобини эшитиб баданим музлаб кетди.
– Менга ўзбекча демократия ҳам етиб ортади, - дедим. – Сафар аканинг озодликка чиқиши, "Эрк" партиясининг аъзосисан деб бўлмағур айбловлар билан қамалган одамларнинг озодликка чиқиши етиб ортади. Менга бошқа ҳеч нарса керак эмас!
Хайрлашиш учун шайланаётганимда Владимир Норов сўраб қолди.
– Сиз қаерда ўқигансиз?
– Самарқанд давлат университетининг филология факультетини тамомлаганман.
– Қаерада ишлайсиз?
– Ҳеч қаерда.
– Ишга таклиф қилсак ишлармидингиз?
– Йўқ!
– Нима учун?
– Хўжайинимни ноҳақ қамаган, мени ва ўғлимни сарсон қилган давлат учун ишлашдан ор қиламан. Ўзимизнинг партиямиз ҳукумат тепасига келгандан кейингина бу давлат учун ишлайман.
Жавобимни эшитган Вуладимир Норов жим бўлиб қолди. Менинг унга айтадиган бошқа гапим қолмаганди. Шу сабабли Владимир Норов билан хайрлашиб, изимга қайтдим.
Ислом Каримовнинг маслаҳатчиси бўлган Владимир Норовнинг ҳам Сафар ака ҳақида тайинли гап айтoлмагани умидларимни чилпарчин қилди.
Уйга келганимда Жалoлиддин ухлаётган экан. Мен келгандан кейин Ўктам ҳам хайрлашиб кетди.
Уйга сиғмай ҳовлига чиқиб, радионинг қулоғини "Машъал" каналига тўғриладим. Хонанда Шомаҳмуд Шораҳмедов шоир Тўра Сулаймоннинг "Тополмасман" деган шеърини куйлаётган экан. Қўшиқнинг ҳар бир мисраси мен учун ёзилгандай эди.
Излай-излай ҳориб бўлдим, сенсиз ёлғиз, ғариб бўлдим,
Энди босган изларингни тўрт томондин тополмасман.
Толиқиб ҳам толиб бўлдим, қирққа кирмай қариб бўлдим,
Лайли наҳор сени излаб, ер-осмондин тополмасман.
Ажаб тақдир, ажаб қисмат, бу бошда борга ўхшайдир,
Ойдин бўла келган йўлим узилган торга ўхшайдир.
Сенсиз қошим қабоғимда қурилган дорга ўхшайдир,
Сенингдек бир Гуландомни Гулистондин тополмасман.
Баҳор ўтиб ёз ҳам келди, ҳамон сендин хабар йўқдир.
Бесоҳиб боғ-роғларимда қумри, саъва, самар йўқдир.
Гар хаёлот дарёсига ғарқ бўлсам бир канор йўқдир,
На-да саҳро, на-да сайҳон, Кўҳистондин тополмасман.
Ҳали баргрез куз олдинда, не шўриш, не иш олдинда,
Ҳеч ким имдод бера билмас қаҳри қаттиқ қиш олдинда.
Қарта-қарта қон ўрнида кўздин оқар ёш олдинда,
Ҳаргиз сени излаб Ҳўтон, Чин-Мочиндин тополмасман.
Хазон фасли етиб келмай жудолик бу бошга тушмиш.
Йиғламокдин ўзга чорам йўқдир оғу ошга тушмиш,
Мусибат бир бошга эрмас, ер-кўк, тоғу тошга тушмиш,
Энди сендек дилкушони Шом, Болқондин тополмасман.
Кўзимдан оққан аччиқ кўз ёш юзимни ювди...
Сафар ака билан учрашишингизга ёрдам берамиз
Бир куни менга Қашқадарё вилояти Қарши тумани Шайхали посёлкасида жойлашган 64/49-сонли жазони ижро этиш муассасасидан хат келди.
Унда: "Бундан кейин маҳкум Сафарбой Бекжоновнинг оиласига ҳар уч ойда икки соатли, олти ойда эса икки кунлик учрашув тайинланишига, мактуб ёзишга руҳсат берилди" дейилган эди.
Бу хатни ўқиб кўз ёшимга эрк бердим. Қаерда учрашишим, қандай учрашишим тўғрисида ҳеч нарсани билмайман. Турмадаги шароитларни эса мутлақо тасаввур қила олмайман. Боз устига, Ўзбекистондаги қамоқхоналар тўғрисида шу пайтгача ҳеч қандай китоб, ҳеч қандай очиқ мақола ўқимаганман. Қариндош-уруғларимиз орасида, ҳатто қишлоғимизда ҳеч ким қамалмаган.
Уйда ўз ёғимга ўзим қовурилиб ўтирганимда Ойгул ўқишдан қайтиб келди. Унга Сафар акани Қашқадарёнинг Қарши туманидаги қамоқхонага юборганини, хат келгани ҳақида гапириб бердим. Хатни ўқиб Ойгулнинг ҳам кайфияти тушди. Бироқ учрашув берилишига доир хабардан қувонди.
Шу пайт миямга ялт этиб Ахтам ака келиб қолди. Ундан маслаҳат сўраш учун уйига боришим кераклигини Ойгулга айтдим. Шу тариқа, тунги соат 21-30 да Жалолиддинни Ойгулга қолдириб, Ахтам аканинг уйига қараб йўл олдим.
Ахтам ака жуда эҳтиёткор инсон. У доим менга: "агар бизникига келадиган бўлсангиз ва ўзингизни кимдир кузатаётганини сезсангиз бизнинг подъездимизга кирмасдан қўшни подъездга киринг ёки орқага қайтиб кетинг. Акс ҳолда сизнинг ҳам, менинг ҳам бошимизга бало бўлади", деб таъкидларди. Шу сабабли мен уларникига борганимда, албатта тўрт томонимни кузатаман. Кўчада шубҳали ҳеч ким йўқ бўлса қўшни подъезддан кириб, лифтда тўққизинчи қаватга чиқаман. Кейин тўққизинчи қаватдан томнинг тепасига чиқиб, Ахтам аканинг подъездига ўтаман. Томнинг устида юришдан баъзан жуда қўрқардим. Ҳозир эсласам юрагим уюшиб кетади.
Бугун ҳам шундай қилдим.
Уйларига қўшни подъездан томга чиқиб, том орқали подъездарига кириб, сўнг уйларига кириб бордим.
Эшикни Ахтам аканинг хотини Холида янга очди.
Уйга кирдим. Энди овқатланмоқчи экан, бирга овқатландик. Холида янганинг самимийлиги кўнглимни кўтарди.
Ахтам аканинг қўлига Шайхалидан келган хатни тутқаздим. Ўқиб кўриб, менга кулимсираб қаради.
– Нимага йиғлайсиз, қайтанга яхши эмасми?
– Нимаси яхши?
– Қамоқда ҳар хил одамлар билан гаплашади, тоза ҳавода юради. У ер ИИВ ертўласи ёки Тоштурманинг камерасидан яхши. Сиз билан белгиланган пайтда учрашишга руҳсат беришади.
– Турма ёмон жой эмасми?
– Йўқ, у ерТоштурмадан яхши.
Аҳтам аканинг тасаллисидан кейин кўнглим қисман жойига тушди.
– Ана энди ўзингизга келдингиз, бу хабарга йиғлаш эмас, севиниш керак, Сафарнинг олдига борасиз, учрашасиз.
Ахтам акадан маслаҳат олгандан кейин уйга қайтдим. Яна ўша келган йўлимдан кўчага чиқдим. Метрога тунги ўн иккига яқин яқин етиб келдим. Сўнги поезд кетишга ҳозирлик кўраётган экан. Етиб келганимдан қувондим.
Уйга келсам Жалолиддин ухлаб қолибди. Ойгул чой дамлади. Бирга ўтириб чой ичдик. Эрталаб Ойгул ўқишга кетди. Мен Жалолиддин билан ёлғиз қолдим.
Ошхонада нимадир қилаётгандим, телефон жиринглади.
Мени сўраган нотаниш аёл ўзини Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидан Муҳаббат деб таништирди. Мурод Жўраевнинг синглиси эканини айтди. Шундан кейин кўнглим жойига тушди.
Муҳаббат дабдурустдан уйига таклиф қилди. Маслаҳатли иш борлигини, уйига борсам айтишини, шунингдек, Сафар ака билан учрашишимизга ҳам ёрдам беришини тўлиб-тошиб гапирди.
Унинг "Сафар ака билан учрашишингизга ёрдам берамиз", деган гапини эшитиб хурсанд бўлдим. Йўл узоқлигини ўйлаб ўтирмай, боришимни айтиб, уй манзили ва телефон рақамини сўраб олдим. Муҳаббатнинг акаси Мурод ака ва унинг укаси қамоқда эканини "Озодлик" радиосидан эшитгандим.
Шу тариқа Муборакка тезроқ бориш истаги олдимга кўндаланг чиқди. Ўтирсам ҳам, юрсам ҳам, турсам ҳам Муборакка қандай боришни ўйлай бошладим. Умримда бир марта кўрмаган Муҳаббат кўзимга орзуларимга етказадиган малак каби кўринди.
Эрталаб йўлга чиқсам, кечқурун етиб борсам, тонг отгандан кейин Сафар акани кўрсам, дийдорига тўйсам, яна нима керак менга?! Бироқ Муборакка борадиган пулим бор-йўқлигини, ким менга қўшқўллаб пул беришини ўйлашга шошилмаётгандим.
Ойгул билан маслаҳатлашдим. У ёнидаги пулдан беришини, қолганини укасидан олишини айтиб, мени юпатди. Сафар аканинг олдига Қашқадарёга боришимни эшитган Тошкентда ўқийдиган талаба ҳамқишлоқларим уйга келди. Улар менга ўртадан пул йиғиб берди. Икки нафар ҳамқишлоғим кечқурун мени вокзалга олиб борди.
Вокзалга кираверишда Қашқадарё вилоятига борадиган автобус турган экан. Ҳайдовчидан Муборак шаҳрига қандай боришни сўрагандим, автобус Муборакка боришини айтди. Хурсанд бўлиб автобусга миндим. Бироқ хурсандчилигим узоққа чўзилмади. Ҳайдовчи автобусга менга ўхшаган ўнлаб йўловчиларни алдаб мингазган экан. Самарқанд вилоятидан чиқиб, Қашқадарё вилоятига кирган жойда автобус тўхтаб, ҳайдовчиси Қаршига ҳам, Муборакка ҳам бормаслигини, Ғузорга боришини айтиб бизни ҳали тонг отмасдан мийдай чўлнинг қоқ ўртасида автобусдан туширди.
Жалолиддин совуқдан дир-дир титрай бошлади. Наилож ДАН пунктига бориб, у ердаги милициялардан Муборакка қандай боришни сўрадим. Мубораккача автобус йўқлигини, Қаршига яқин ердаги заводда ишлайдиган ишчиларнинг автобуси эрталаб ўтишини, ана шу автобусда Қарши шаҳригача етиб олишим мумкинлигини айтгандан кейин бола билан ДАН пунктида ўтиришга руҳсат сўрадим. Руҳсат берди. Шу ерда тонг оттирдик. ДАН ходими айтган автобус келди.
Ичи тўла эркаклар экан.
Ҳайдовчи ишчиларни ташлаб орқага қайтди.
Чўлнинг ўртасига келганида "Муборакка борадиган автобуслар шу ердан ўтади", деб мени тушириб кетди.
Эрта тонгда қаттиқ совқотган бўлсак, энди иссиқдан мадоримиз қуриди.
Жалолиддин очликдан ҳолсизлана бошлади. Устига устак биз турган йўлдан биронта машина ўтмайди.
Бир пайт узоқдан машина кўринди. Бироқ қўлимни кўтарсам ҳам тўхтамай ўтиб кетди. Орадан яна ярим соатларча вақт ўтгандан кейин яна бир машини кўринди. У ҳам тўхтамай ўтиб кетди, аммо уч юз метрлар ўтиб тўхтаб, орқага, биз томонга ҳайдади. Манзилимни айтгандим, машинага минишимга изн берди.
Ҳайдовчи Муборакда кимникига бораётганимни сўраганди қамоқдаги Mурод Жўраевнинг сингилиси Муҳаббатникига бораётганимни айтдим. Сўнг у мендан машина юрмайдиган чўлга қандай қилиб келиб қолганимни сўради. Бошимдан ўтган воқеаларни гапириб бердим. Мени бийдай далага ташлаб кетган ҳайдовчини номард экан деб ёзғирди.
Мен СамДУда ўқиб юрганимда Ғузор шаҳрида қурилишда ишлагандик. Ўшанда Китоб, Шаҳрисабз шаҳарларига ҳам боргандик. У жойлар чўл эмасди. Ҳаммаёқ кўкаламзор эди. Муборак туманига етгунимизча чўлдан бошимиз чиқмади. Кеча кечқурун соат 20:00 да уйдан чиққанимиз бўйича Муборакка номозшом пайти етиб бордик. Ҳайдовчи Муҳаббатнинг уйини биларкан. Уйигача олиб борди.
Айтилган манзилга келгандан кейин ҳайдовчидан йўл ҳақига қанча сўм беришимни сўрагандим, ҳеч нарса керак эмас деди. Шундай бўлса-да, ҳамёнимни очиб, қўлимга илинган пулни санамай унинг қўлига тутқаздим. Ҳайдовчи пулни санаб, ярмини ўзимга қайтариб берди. Сўнг дарвозалардан бирини тақиллатганди, эшикни узун бўйли, лўппигина оқ сариқдан келган аёл очди. Ана шу аёл Муҳаббат экан. Шундай қилиб, иккаламиз илк бор юзма-юз танишдик.
Ичкарига кирдик, кенг ҳовлининг ўртасига тахта кароват қўйилиб атрофига узум экилган экан. Пишмаган узумлар салқим-салқим бўлиб осилиб турарди. Ҳовлидан оқиб ўтадиган ариқ атрофига гуллар экилган ва ҳовли жуда чиройли эди.
Дастурхон атрофига ўтирганимизда Муҳаббат синглиси мени кутиб олиш учун темир йўл вокзалига кетганини айтди. Мен ундан бу ерга поезд келадими деб ҳайратланиб сўрадим. Келишини билдирди. Тўғри поездда келмаганимга афсус қилдим.
Мезбон бирпасда дастурхонни ноз-неъматлар билан тўлдириб ташлади. Аммо фақат чой ичдим. Абгор аҳволимни кўрган Муҳаббат бир оз ётиб дам олишимни, кейин онасининг уйига боришимизни айтди.
Ичкаридан жой тайёрлаб берди. Аммо ухлай олмадим. Жалолиддин қотиб ухлаб қолди.
Бир пайт Муҳаббат уйғотиб, онасиникига боришимизни айтди.
Бу маҳалда ғира-шира қоронғу тушган экан.
Айтилган хонадонга кириб бордик. Бизни Муҳаббатнинг онаси ва синглиси кутиб олди. Сўнг хонтахта тўрида ўтирган оқ соқолли дадаси билан таништирди. Жалолиддин кенг ҳовлида маза қилиб ўйнай бошлади.
Бир пайт Мурод аканинг укаси келди. У мендан уйларига нима учун чақирганларини билиш-билмаслигимни сўради. Мен унга Муҳаббатнинг телефонда айтган гапларини айтдим. Шайхалида ишлайдиган танишлари орқали Сафар ака билан учраштиришга ёрдам берамиз, дегани учун келганинимни билдирдим.
– Шундай дедими сизга?
– Ҳа.
– Бизнинг қамоқхонада ҳеч қандай танишимиз йўқ.
– Нима? Алдаб чақирдинггизларми?
– ...
– Нима гапларингиз бўлса тўғрисини айтсангизлар ҳам келардим-ку! Сафар ака билан Мурод ака "Эрк" партиясида бирга ишлаган, иккаласининг мақсад ва матлаблари бир хил бўлган, битта ғоя учун курашган.
– Хафа бўлдингизми?
– Бироз... Бироқ шунчаки орқамга қайтиб кетмай, барибир Сафар ака билан учрашишга ҳаракат қиламан.
– Бизга маслаҳатинигиз керак.
– Қанақа? Бироқ аввал мени қаердан танишларингизни айтинг.
– Сизни яхши танийдиган оилавий дўстимиздан сўрадик. У одам доим сизнинг "Озодлик" радиосига берадиган интервьюларингизни эшитиб бораркан. Қандай гапларингиз бўлса ҳам ўша одамдан сўрасангиз тўғри йўл кўрсатади деди.
– Ўша оилавий дўстингизнинг кимлигини айта оласизми?
– Йўқ, у киши исм-шарифини айтмаслигимизни илтимос қилишди.
– Қўлимдан келганча ёрдам бераман.
– Мурод акам билан укамни қамаб қўйишганидан хабарингиз бўлса керак. Биз нима қилайлик, акам билан укамни ҳимоя қилиш учун адвокат олайликми?
– Йўқ. Дастурхон атрофида чордана қуриб ўтирган Мурод Жўраевнинг қариндошлари менинг томдан тараша тушгандай "адвокат олмангизлар" деган гапимни эшитиб, ҳайрон бўлишди. Чунки улар мендан бундай жавоб кутмаганди.
– Нима учун адвокат олмаслигимиз керак? (Ўртага тушган сукунатни Мурод аканинг мен ҳозирги кунга келиб исмини унутган укаси бузди. Аслида менинг энг заиф нуқтам шу эдики, кўп ҳолларда энг охирида айтишим керак бўлган якуний фикримни сўзимнинг бошида айтаман. Шунинг учун ҳам мени яқиндан танимайдиган одамлар каминанинг нима демоқчи бўлаётганини яхши тушунмайди. Ҳозир ҳам "адвокат олмангизлар", деб айтишимдан олдин уларга аввал сабабини, кейин оқибатини айтиб тушунтиришим керак эди. Эҳтимол, шунда Мурод аканинг оила аъзолари менинг сўзларимдан ҳайрон бўлмас эди.
– Сабаби шуки, адвокат ҳеч нарсани ҳал қилиб бера олмайди. Буни ўз бошимдан ўтгани учун айтаяпман. Менга ўхшаб пулларингиздан куйиб қолишларингизни хоҳламайман. Аниғи шуки, барибир керакли ёрдам ололмайсизлар. Чунки Мурод ака Сафар акага ўхшаб сиёсий сабаблар туфайли, янада аниқроқ қилиб айтсам, шахсан Ислом Каримовнинг оғзаки буйруғи асосида қамалган.
Қоғозда қандайдир уйдирма айблар тўқиб, ҳужжатлаштирилган инсонларга энг кучли адвокат ҳам ёрдам бера олмайди. Буйруқ юқоридан бўлгани учун пастда ўтирган терговчилар, прокурорлар йўқ ердан айб топиб, жиноят ишини катталаштириб бораверадилар.
Биз Сафар акага бир эмас иккита, Ўзбекистондаги энг машҳур ва энг кучли адвокатлар олдик. Ҳамидулла Зайниддинов ва Сергей Егошин деган адвокатлар. Сафар аканинг ҳимояси учун бу адвокатларни мен эмас, шахсан Шукрулла Мирсаидов деган машҳур инсон танлаган. Ҳатто уларни хизмат ҳақини ҳам ўзи тўлаган.
Агар оқибати нима билан тугаганига қизиқсангизлар айтишим мумкинки, адвокатлар менга ҳатто Сафар аканинг суди бўладиган кунни ҳам айтишамади. Ҳар хил баҳоналарни рўкач қилишди.
Адвокатлар менинг характеримни яхши билиб қолганди, агар судда иштирок этсам ва суд ҳукмини жойида эшитсам судьясига ҳам, прокурорига ҳам, бошқасига ҳам ўз жойида "чиройли" гапларимни айтишим мумкинлигини биларди. Бу эса, мижозларини ҳимоя қила олмаган адвокатлар шаънига минус бўларди. Буйруқ юқоридан бўлгандан кейин улар чорасиз. Шу тариқа мен Сафар аканинг суди бўлиб ўтганини "Озодлик" радиосидан эшитганман.
Сафар ака билан Мурод акага ўхшаган инсонлар учун юқоридан берилган буйруқ отилган ўқдек гап, қайтиб жойига тушмайди. Уларнинг тергови шахсан Ислом Каримовнинг назорати остида бўлади. Гарчи Жиноят кодексидаги ҳар хил моддалар билан айбдор деб топишса ҳам, бир хил жазо беришади.
Бу ерда асосий мақсад одамлар онгидан "Эрк" партиясини ҳамда энди ривожланиб келаётган демократик тушунчаларни супириб ташлашга қаратилган. Бошқаларга "Сенинг бошингга ҳам шундай кунлар тушиши мумкин" деган қўрқинчли огоҳлик сигнали ташланмоқда. Шунинг учун ҳам Мурод ака каби сиёсий шахсларга ҳеч қандай адвокат ёрдам бера олмайди. Фақат пулларингиз ҳавога совурилгани қолади.
Адвокатлар эса мен ака-укаларни ҳимоя қиляпман деб оғзига сиққанича хизмат ҳақи сўрашади. Улар айтган пулларни эса сизлар ичмай- емай топиб беришга мажбур бўласизлар. Бироқ натижа ўзгармайди. Тепасида Ислом Каримов турган ишга ҳеч кимнинг кучи етмайди!
Ўртага яна оғир сукунат чўкди. Менинг ярим адабий, ярим ўз шевамда гапирган гапларимни эшитиб, рости улар мени чақирганларига пушаймон бўлишди. Мен эса ўзим нимани тўғри деб билган, тушунган бўлсам шуни қоғозга ўрамасдан очиқ-ойдин айтгандим. Кўнглимда мен тортган азобларни улар ҳам тортмасин деган мақсаддан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.
Бир неча дақиқагача Мурод аканинг отасидан ҳам, онасидан ҳам ҳеч қандай садо чиқмади. Укаси ҳам дангал-дангал айтган гапларимдан кейин ҳанг-манг аҳволга тушиб қолди.
Ўртага тушган жимликни Муҳаббат бузди. Менга қараб: – Кетайлик, кеч бўлиб қолди, Шайхалига бориш учун эртага эрта турмасак бўлмайди. Биринчи поезддан кечиксак кейингиси тушдан кейин келади, - деди. Кетаётганимизда Мурод Жўраевнинг ота-онаси, укаси мен билан совуқ хайрлашди, ҳатто дарвоза олдигача ҳам келишмади. Муҳаббат ҳам юмган оғзини очмади. Иккаламиз ҳам ўз хаёлимизнинг бандасига айлангандик. Балки ўша кунги суҳбатимизда Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбека янга бўлганида менинг очиқ фикрларимни тўғри тушунармиди?
Мен барибир табиатимга кўра Мурод аканинг ота-онасини ҳам, ука-синглисини ҳам алдашни истамасдим, ёлғон гапира олмас эдим. Аниқроғи, виждонимни сотиб, қора рангни оқ деб айтолмасдим. Ростдан ҳам улар яқинлари учун энг кучли адвокат ёллаганларида ҳам барибир натижа чиқмасди.
Сукутлар исканжасида Муҳаббатнинг уйига етиб келдик.
Муҳаббат менга ва Жалолиддинга жой ҳозирлади.
Жалолиддин чарчагани учун бошини ёстиққа қўйгани ҳамон ухлаб қолди, мен эса бегона жой бўлгани учун анча вақтгача ухлай олмадим.
Тонг отаётганда Муҳаббат уйғотди.
Жалолиддинни уйқудан аранг уйғотиб йўлга отландик.
Вокзал Муҳаббатнинг уйига унча узоқ эмас экан, тез етиб бордик. Ярим соатга қолмай Шайхали деган кичкина шаҳарчага ҳам етиб келдик.
Поезддан тушиб тор йўлдан борар эканмиз, диққатимни пахта далалари тортди. Ҳамма ерга пахта экилган эди. Қамоқхонанинг қаердалигини ҳатто Муҳаббатнинг ўзи ҳам яхши билмагани учун пахтазорда юрган кекса отахондан сўради.
Отахон зонага қандай боришимизни тушунтирди.
У кўрсатган йўлдан зонага яқинлашганимизда шу вақтгача жим келаётган Муҳаббат менга қараб: – анаву дарвозани кўряпсизми, ўша 61/49-сонли зона. Энди уёғига ўзингиз бораверинг, мен орқамга қайтаман, - деб хайр-маъзурни насия қилиб қайтиб кетди.
Мурод Жўраевнинг синглиси телефонда гаплашганимизда "Шайхалидаги зонада қариндошимиз ишлайди, шу киши орқали Сафар ака билан учрашувингизга ёрдам берамиз", деб мени алдаганини билдим. Ваҳоланки мен Муҳаббатнинг ота-онасига ҳам, укасига ҳам нотўғри гапирмагандим. Адвокатлар Сафар аканинг мушкулини осон қилиб, адолат қарор топишига ёрдам берганида эди, уларга шахсан ўзим Ўзбекистондаги энг машҳур адвокатни топишда ёрдам берган бўлардим. Чунки бу борада тажрибам ошганди. Бироқ Жўраевлар оиласи сиёсий мотивларга боғлиқ ишларни энг яхши адвокатлар ҳам ижобий ҳал қила олмаслигини тушунишни хоҳлашмади.
Мендан "фалон адвокатни ёлланг, фалон пул олади, писмадон адвокатни танланг, писмадон пул олади" деб саралаб беришни кутганди. Мен буни айтмагандим.
Чунки эртага Мурод Жўраев ва укаси қамалса, биз Сафар Бекжоннинг хотинидан маслаҳат сўраган эдик, унинг тавсияси билан ана шу адвокатни танлагандик, бироқ ака-укамиз қамалиб кетди, деб мендан норози бўларди. Ёки Қурбоной сиёсий сабаблар билан қамалган инсонларга адвокатларнинг кучи етмаслигини билиб туриб айтмаган экан, деб ранжишлари аниқ эди. Бироқ мен виждоним олдида пок эдим. Бир кун келиб, улар мени тушунишини билардим.
Э, анави "Эрк"чими?
Зонага бораётганимда қўлида иккита катта сумка билан кетаётган аёлни кўрдим. У яқинлашганда ундан олдимизда кўриниб турган бино ҳақиқатанан Шайхалидаги 64/49-сонли зонами деб сўрадим. Аёл тасдиқлади. Мени қизиқтирган барча саволларимга жавоб берди. Зона бошлиғи Алиҳайдар Қулимбетов номига учрашув сўраб ариза ёзишимни, аризамда олиб келган озиқ-овқатларимнинг рўйҳатини қайд қилишимни айтди. Ниҳоят, қамоқхона дарвозаси олдига етиб келдик. У ерда тўпланган жами одамлар – кекса ёшли ота-оналар, ёш болалар, чақалоқларнинг руҳиятини, ғала-ғовурни кўриб, рости қўрқиб кетдим.
Деярли
ҳаммасининг қўлида катта-катта сумка
бор эди. Менинг қўлимда эса Жалолиддин
ва кичкина қўл сумкачамдан бошқа ҳеч
нарса йўқ эди. Гапнинг очиғи, қамоқхонага
нима олиб келиш керакликини ҳам
билмасдим.
Нима
қилишимни билмай тушунарсиз бир аҳволга
тушиб турганимда кимдир ёнимга келиб:
–
Қамоқхонага
биринчи марта келишингизми, - деб сўради.
– Ҳа, деб жавоб бердим. Мен ҳам биринчи марта келганингизни сезиб сўраётгандим.
– Қандай қилиб сездингиз?
– Биринчи марта келган одам худди сизга ўхшаб ҳамма нарсага қўрқиб қарайди. Мен ҳам биринчи марта келганимда шундай аҳволга тушиб қолгандим.
– Ростдан ҳам қўрқинчи жойлар экан.
– Ичкарига кирсангиз бундан ҳам қўрқинчли. Маҳкумларни ишга олиб кетадиган машинани кўрганимда роса йиғлагандим. Ҳозир ҳам йиғлайман-у, лекин ўғлимга кўрсатмайман. Агар менинг йиғлаганимни кўрса у ҳам менга қўшилиб йиғлайди, - деб сал нарироқда темир дарвозага термулиб турган 5-6 ёшли болакайни кўрсатди. Олдин кичкина эди, сизнинг ўғилчангизга ўхшаб фарқига бормасди. Ҳозир ҳамма нарсага ақли етади. Шунинг учун мен унга ўзимни доим қувноқ кўрсатаман. Дадаси бу ерда ишлаб, бизни боқаётганига ишонтирганман.
– Тўғри қиласиз, дедиму, бўғзимга тош тиқилгандай нафас ололмай қолдим. Чунки мен Жалолиддинга аллақачон "Даданг қамоқда, энди биз ёлғизмиз!" деб айтиб қўйгандим. Катта хато қилганимни энди тушундим. Бироқ кеч эди.
Гап билан овора бўлиб турганимизда дарвоза эшиги очилиб, одамлар ёппасига ўша томонга қараб юра бошлади.
Дарвозадан чиққан йигитга одамлар қўлларидаги бошлиқ номига ёзилган аризаларини топшира бошлади. Суҳбатдошим мендан ариза ёзган-ёзмаганимни сўради. Шу пайт ҳали ариза ёзмаганим эсимга тушди.
– Унда тезроқ ариза ёзинг. Бу йигит ҳозир яна қайтиб чиқади, - деди. Сўнг қўлимга бир варақ қоғоз билан ручка берди.
– Нима деб ёзаман?
– 64/49-сонли жазони ижро этиш муассасаси бошлиғи Алиҳайдар Қулимбетовнинг номига учрашувга рухсат беришини сўраб, олиб келган озиқ-овқатларингизнинг рўйхатини ёзасиз.
– Ҳеч нарса олиб келмадим, дедим.
– Хафа бўлманг, агар бирга кириш насиб қилса, у ҳолда мен ўзим пишириб келган ошдан ва бошқа егуликлардан сизга ҳам бераман. Агар учрашувни эртага қолдиришса, зонага яқин жойда бозорча бор, ана шу ердан егуликлар олишингиз мумкин.
Бир чеккага бориб, суҳбатдошим берган оқ қоғозга Алиҳайдар Қулимбетов номига ариза ёздим.
Аризамга турмуш ўртоғим Сафарбой Бекжонов мазкур зонада сақланмоқда. Турмуш ўртоғимнинг қамалганига 1 йил 3 ой бўлди. Шу вақт мабойнида менга ҳеч қачон учрашув берилмаган. Ҳатто суди ҳам яширин тарзда ўтказилган. Шуларни инобатга олиб, Сафарбой Бекжонов билан учрашувимга рухсат беришингизни сўрайман. Мен билан бирга 2,5 ёшдаги ўғлим Жалолиддин бор. Ўзим билан бирга озиқ-овқат ва кийим-кечак олиб келмаганман. 1994 йил, 27 август, деб ёзиб, имзо қўйдим.
Аризани ёзиб бўлиб дарвоза олдига келдим.
Ҳаяжондан юрагим портлайдиган ҳолатга келди.
Дарвозадан чиққан ўша қора кўйлакли йигитга қўлларим қалтираб ёзган аризамни узатдим. Аризамни ўқиб – ким учун келгансиз, - деб сўради. Сафарбой Бекжоновнинг орқасидан келганимни айтдим.
– Э, анави "Эрк"чими?
– Танийсизми, ҳаяжондан овозим титраб сўрадим.
– Ҳа, - деди ва бошқа ҳеч нарса деб гапирмади.
У аризаларни йиғиб, ичкарига кириб кетди.
Бир пайт дарвоза очилиб, ўша йигит чиқиб, ичкарига кирадиган одамларнинг исм-шарифини ўқий бошлади. Юрагим олдингидан ҳам тез ура бошлади. Менинг фамилиямни қачон ўқиркан деб, сабрсизлик билан кута бошладим. Бир вақт менинг фамилиямни ўқиб: – сиз эртага кирасиз деди.
Кейин нима бўлганини билмайман. Юзимга сепилган муздай сувдан ҳушимга келдим. Жалолиддиннинг йиғлаган овозини эшитдим. Атрофимни ўраб олганларга қараб сумкамда дори бор, олиб беринг, дедим. Кимдир қўлимга "Валидол" дорисини тутқазди. Кимдир бир стакан совуқ чой узатди. Ўзимга келдим. Жалолиддинни маҳкам бағримга босдим. Менга зонанинг олдига келганимдан бери маслаҳат ва ёрдам бераётган аёл икки йигитни чақириб келди. – Мен ичкарига бугун кирадиган бўлдим. Бу йигитлар эртага ичкарига киргунингизча сизга ёрдам беради, деб ўзи зонага кириб кетди.
Йигитлар хоразмлик экан. Менинг Ҳозараспга келин бўлиб тушганимни эшитиб, бизнинг бийимиз экансиз, деб ҳазиллашди (Хоразмнинг айрим туманларида келинойини бийи дейишади).
Йигитлар билан бирга зонага кўриниб турган уйлардан бирига бориб, ижарага жой олдик. Оғасини кўргани келган Абдулла ва унинг жўраси эркаклар учун ажратилган хонага жойлашди, менга эса бир келин ва қайнона жойлашган хонадан жой беришди.
Тонг саҳарлаб бир кунда эски танишлардай қадрдонга айланган тақдирдошларим билан зона дарвозаси олдига бордик.
Келувчилар сони кечагидан анча кўп эди. Ёнимдаги ҳамроҳларимдан бири менга қараб: – Сиз бозорга боришим керак дегандингиз, - деб сал четроқда бозорга боришга шерик кутаётган бир аёлни кўрсатди.
Апил-тапил бозорга қараб йўл олдик.
Ҳамроҳларим тўлиб-тошиб савдо қилишди. Мен эса чамам етгунча. Чунки чўнтагимда саноқли пулим бўлгани учун кўп нарса сотиб ололмадим. Бозор-ўчар қилиб, қамоқхона дарвозаси олдига қайтдик. Менга ёрдам бераётган аёлнинг олдига бориб, беғараз ёрдами учун миннатдорчилик билдирдим.
– Барибир ичкарида учрашамиз. Чунки биттагина ошхонаси бор ва унда навбат билан овқат пиширамиз, - деди. – Сизга нима керак бўлса тортинмасдан сўрайверинг.
Оёқ-қўлим титраб вақт ўтишини кутардим.
Ҳар доимгидай кутган пайтда вақт ўтиши қийин бўлади. Жалолиддин билан қамоқхонанинг атрофини айландик. Деворлари одам бўйидан баланд, тошдан ўралган. Темир дарвоза. Кузатиш пунктлари.
Пунктларда қўлига автомат ушлаб, тўрт томонни синчковлик билан кузатиб турган аскар йигитлар.
Зонанинг дарвозаси олдида иккита-учта харсанг тошни айтмаса келган одамлар ичкарига киргунларига қадар кутиб ўтириши учун ҳеч қандай ўриндиқлар йўқ.
Одамлар орасида чой сотиб юрган ёш-ёш болалар. Чой деганлари ҳам чойга ўхшамасди. Ҳамманинг диққати дарвозада.
Бир пайт темир дарвоза очилди. Яна ўша "анави "Эрк"чими? деган кечаги йигит чиқди. Сўнг қўлидаги узун рўйҳатни ўқий бошлади. Менинг фамилиямни ё еттинчи ёки саккизинчи бўлиб ўқиди.
Темир дарвозадан ичкарига кирдим.
Ташқаридаги тeмир дарвоза озлик қилгандай, ичкарида ҳам темир эшик бор экан. Ундан ичкарига киргандим, темир қафас ичида ўтирган иккита аскарга кўзим тушди.
Ҳаяжондан қўлларим титраб, улардан бирига паспортимни узатдим. Паспортимни ўқиб кўрган аскар: – Э, опа, сиз Берунийданмисиз, ҳаяжонланиб сўради.
– Ҳа, Берунийданман.
– Мен Тўрткўлданман, сал кам ҳамшаҳар эканмиз.
– Шунақами, яхши экан.
– Бу ерда кимингиз бор?
– Хўжайиним.
– Олдин ҳам келганмидингиз, ҳеч кўрамагандим сизни?
– Йўқ, биринчи марта келишим.
– Унда ҳозир ичкарига кирасиз.
– Сизга биринчи рақамли хонани беришади.
– Поччамизни ҳам олдинроқ чақириб берамиз.
– Раҳмат, - дедим қувончдан овозим титраб.
Тез оради ичкарига кирдим. Бир аскар биринчи рақамли хонанинг эшигини очиб берди. – Поччани шу ерда кутасиз, деб ошхонани, душхонани кўрсатди. Электр плитани қандай ишлатишни ўргатди. Чой қайнатиш учун чойнагим йўқ дегандим чойнак олиб келиб берди. Сўнг хайрлашиб чиқиб кетди.
Аскар чиқиб кетгандан кейин яна бир марта хонага кириб, нима бор, нима йўқлигини текширдим.
Деворлари ғадир-будур, қора бўёқ билан бўялган. Полга ҳеч нарса тўшалмаган. Икки кишилик кароват қўйилган, бир стол, икки стул. Осилиб турган чироқ хонани аранг ёритиб турибди. Тўртбурчак хонанинг тўр қисмига дерaза ўрнатилган. Дераза ойналари орасига ҳам тўрли сим тортилган. Деразанинг орқа томони баланд тош девор билан ўралган.
Хонага қуёш нури тушмаслиги сабаб нам ҳидидан нафас олиш қийин. Бир оз бўлса-да ҳаво кирсин деб деразаларни очиб қўйдим. Бир сўз билан айтганда, маҳбусларнинг яқинлари билан учрашадиган хоналари ҳам қамоқхона ичидаги қамоқхона эди.
Ошхонага бориб, газга чой қўйдим.
Хонага кириб, Сафар акани кута бошладим.
Келмади.
Қўйган чойимни текшириш учун ошхонага эндигина боргандим кўчада танишганим ва менга ёрдам берган, ёнимиздаги иккинчи хонага жойлашган аёл чақириб қолди.
– Қаердасиз, поччамизни кечадан бери кутасиз, келганида эса йўқсиз! Боринг хонага, поччамиз келди.
Ошхонадан қандай югуриб чиққанимни тасаввур қила олмайман. Тўрт қадамлик масофани икки қадамда босиб ўтдим-ов!
Хонага кирдим ва жойимда қотиб қолдим. Хона ўртасида юз-кўзи қуёш нуридан кўмирдек қорайиб кетган, бошида бир тутам сочи қолмаган, боз устига қора кийим кийган, чўпдек озиб кетган кимдир қўлига қора шапкасини ушлаб ўйланиб турибди.
Менинг кирганимни кўриб, қайрилиб қаради.
Мен танимадим. Жалолиддин "бегона одам"ни кўриб, қўрққанидан бурчакка тиқилиб олди.
Хона ўртасида турган одамнинг олдига ўтиб, диққат билан юз-кўзларига қарадим. Инсоннинг юз тузилиши ўзгараркан, лекин кўзи ўзгармаскан. Хона ўртасида турган инсон Сафар ака эди. 1993 йил 27 июль куни эрталаб ишга кузатганим Сафар ака шу эди.
Унинг автодоҳол ва забун аҳволини кўриб, бошимдан кимдир қайноқ сув қуйгандай титраб кетдим.
Наҳотки, инсон шу даражада ўзгарса?! Киноларда кўрганим Германиянинг канцлагерларида ётган маҳбуснинг айни ўзгинаси эди. Фақат кийимида фарқи бор эди. Канцлагердаги маҳбусларнинг кийимига оқ ва қора газлама аралаш тикилган бўлса, Сафар ака бошдан-оёқ қора кийинганди.
– Сизмисиз, овозим зўрға чиқди.
– Менман.
Сафар аканинг овози заррача ўзгармаганди. Унутмаганим, унута олмаганим ёқимли овози қулоқларим остида акс-садо берди.
Юзларига тикилиб қарадим. Зонадаги инсон қиёфасига кирган маҳлуқлар Сафар акага жисмоний ва руҳий зарбалар берган бўлса ҳам ўзларига бўйсундира олмаганини ҳис қилдим. Шу пайтгача қамоқхонадаги кўргуликларга қандай чидаб келаётган экан, руҳан чўкиб кетмадимикан, деган шубҳа-гумонларим туман каби тарқалиб кетди. У қамалмасдан олдин бирга яшаган саноқли кунларимизда қандай бўлса худди шундай, мағрур ва ўктам эди.
Сафар ака каби озиб-тўзиб кетган одамларни Гитлерчилар Германиясининг Нази камфларида яшаган асирлар ҳақидаги фильмларда кўргандим. Бироқ кўрганларим ёзувчининг хаёллар оламида акс эттирган тимсолларига режиссёр ишлов берган "бўрттирма"лар эди.
Ҳатто атоқли рус ёзувчиси Александр Солженициннинг "Гулаг архипелаги" асарида ҳам маҳбуслар ҳаёти бунчалик тасвирланмаганди. Сафар аканинг қиёфасини кўрганимдан кейин қамоқхоналардаги ҳолатлар фильмларда, китобларда бўрттирилмаганлигига, тўғри талқин қилинганлигига ишонч ҳосил қилдим.
Сафар акани Тоштурмада кўрганимда ҳам озиб кетганини билган эдим. Бироқ Шайхалидагидек абгор кўйга тушиб қолмаган эди. Аламли кўз ёшларимни ичимга ютдим. Сизни инсон қиёфасига кирган, шайтонга шогирд тушган қайси иблис бундай ҳолатга туширди, деб сўрай олмадим, сўрамадим. Сўраган тақдиримда ҳам айтмаслигини, ҳеч нарса қила олмаслигимни билдим.
Сафар ака билан суҳбатлашарканмиз, фақат кўнглини кўтарадиган гаплар айтишга уриндим. Ўзимни ҳеч қандай қийинчилик кўрмаётган одамдек кўрсатдим. Аслида эса, очиқ қамоқхонада яшаётгандим.
Сафар ака Жалолиддинни кўтариб бағрига босишга ҳар қанча уринса ҳам ўғилчамиз дадасини танимай дод солиб йиғлайверди.
– Жалолиддин, жоним болам, ҳар куни ишдан келганда сенга ширинликлар олиб келадиган даданг эсингдан чиқиб қолдими, дедим маҳзун овозда. – Уйга келган меҳмонларга менинг дадам деб кўрсатадиган расмдаги даданг-ку. Бор дадангга ўғлим!
Жалолиддин ёшли кўзлари билан дадасининг юзига узоқ тикилиб қаради ва барибир танимади. Бу ҳолатни кўриб биз ота-оналарнинг бағримиз қонга тўлди. Ич-ичимиздан сассиз йиғлардик, бироқ бир-биримизни авайлаб кўз ёшларимизни ичимизга ютардик.
Ўртада вужудга келган муҳитни ўзгартириш учун Сафар акага усиз ўтган кунларимни гапириб беришга ошиқардим.
Туркиядан қадрдон дўсти Хили Явошнинг телефон қилиб ҳол-аҳвол сўраганини айтдим, рассом Шуҳрат Бобожон ("Озодлик радиосининг мухбири Абдулла Искандар) Германияда ташкиллаштирган расмлар галареясида Сафар аканинг ҳам расмини тақдим қилганини, бу ҳақида "Озодлик" радиоси мухбири Темирхўжа акага берган интервьюсида алоҳида таъкидлаганини гапириб бердим.
"Бузовчи" маҳалласидаги дўстларининг ҳолимдан хабар олиб турганини, адвокатлар Ҳамидулла Зайниддинов ва Сергей Егошинларнинг хизмат ҳақини Шукрулла Мирсаидов тўлаб бераётганини, хуллас, ҳамма яхши гапларни оқизмай-томизмай етказдим.
Менинг бу гапларим Сафар акага ижобий таъсир қилди. Лабининг четида табассум сояси кўринди. Шу вақтгача кўрган азоблари дастидан сарғайган юзида қувонч аломати пайдо бўлди. Узоқдаги, лекин юрагига яқин дўстлари унутмагани хушнуд қилди.
Гап билан бўлиб, чой қўйганим, овқат пишириш учун олган масаллиқларим ошхонада қолгани эсимга тушиб, ошхонага бордим. Борсам у ерда овқат қилаётган қиз қайнаган чойимни газнинг устидан бир чеккага олиб қўйган экан. Унга хўжайиним билан гаплашиб ўтириб, чойнагим ва пиширмоқчи бўлган овқатим эсимдан чиқиб қолганини айтдим.
Шаддод қизнинг исми Ойша экан, у билан бир пасда апоқ-чапоқ бўлиб қолдик. У акасини кўргани янгасига қўшилиб келган экан. Янгасининг маза қилиб акаси билан гаплашиши учун ўзи ош дамлаётганини, ош пишса бизни ҳам меҳмон қилишини тўлқинланиб гапирди.
Маҳбуслар билан учрашиш хоналарини тақдирдошларим забт этган эди. Улар ўз якпоралари билан учрашиб мамнун бўлиш билан Шайхали қамоқхонасининг бошлиғи қонхўр Алиҳайдар Қулимбетов билан Шеробод Маҳмудовдан ҳам нафратланмоқда эди.
Менинг ичимда армон олови ёнди.
Мен ҳам бошқа тақдирдошларим қатори сумка-сумка озиқ-овқат олиб келмаганимга афсусландим.
Пулим йўқлиги учун икки қўлимни бурнимга тиқиб келавергандим. Йўқчилик, етишмовчилик қаддимни букканди, ҳатто йўлкирага пулим бўлмагани учун ҳамқишлоқларимдан қарз олиб келгандим.
Менинг юпунроқ ҳолатимни кўрган Сафар ака "Эрк" партиясидан моддий ёрдам берилаётгани-берилмаётганини сўради. Мен ҳаммасини очиқ айтишга мажбур бўлдим.
Чой дамлаб, ошхонада танишган қиздан бир қошиқ ёғ олиб, картошка қовуриб камерага қайтиб келсам Жалолиддин дадасининг қучоғида ўтирган экан.
– Ота-ўғил танишдингизларми, дедим.
– Танишдик, деди Сафар ака.
Дастурхонга иссиқ чой, қовурма картошка қўйгандан кейин ўзим билан бирга олиб келган нон ва колбасани ҳамда бошқа бор-йўқ топган-тутганларимни сумкадан олиб қўйдим.
Овқатланаётганимизда эшик тақиллади. Очсам янгасига шерик бўлиб келган Ойша турибди. Қўлидаги бир коса ошни қўлимга тутқазиб, ёқимли иштаҳа тилади. Мен ошни олиб келиб ўртага қўйдим.
– У қизни танийсанми, - деб сўради Сафар ака.
– Йўқ, ошхонада танишдим, акаси қамалган экан янгаси билан келибди. Сафар ака бошқа ҳеч нарса демади.
Шу орада яна эшик тақиллади. Очсам қорақалпоғистонлик ҳамшаҳарим Фотима экан. Қўлидаги пакетларни менга тутқазиб, бизга яхши ҳордиқ тилаган ҳолда эшикни ёпиб, орқага кетди.
Фотима қовурилган гўшт, нон, мураббо, конфетлар, новвот олиб кирган экан. Сафар ака яна ўша саволни такрорлади. У аёлни қаердан танишимни сўради. Биз ошхонада танишганимизни айтдим. Сафар ака бошқача хаёлга бориб қолмасин учун улардан ҳеч нарса сўрамаганимни шоша-пиша гапира кетдим. Сафака ака индамади.
Овқатланиб бўлганимизда яна эшик тақиллади. Бориб очсам остонада қора кўйлак-шим кийган бири узун, бири қисқа икки йигит турибди. Уларнинг қиёфаси Сафар аканикидан ҳам беш бадтар эди. Танимаганим учун Сафар акага қарадим.
– Келинингиз сизни шу ерда деб айтди, шунга салом-алик қилай деб кирдик, деди.
Сафар ака улар билан саломлашиб, ичкарига таклиф қилди. Сўнгра ўзаро гаплашиб ўтиришди.
Гапларидан улардан бири қорақалпоғистонлик Фотиманинг эри, иккинчиси унинг ўртоғи эканини билдик. Ҳеч кими келмаган узун бўйли йигит дўстининг онасини кўрса ўз онасини кўргандек бўлишини айтиб, дўстига қўшилиб чиққанини билдирди. Жалолиддинни роса эркалашди. Бир оз ўтиргандан кейин ўзларининг хоналарига кетишди.
Сафар ака ётишдан олдин эгнидаги кийимларини ечганда унинг баданини кўриб, қўрқиб кетдим. Елкасида дубинканинг, билакларида темир занжирнинг изи қолганди. Баданида яраланмаган очиқ ернинг ўзи йўқ эди. Шу куни мен бошимни ёстиққа эмас, тошга қўйгандек бўлдим. Эрталабгача ухлай олмадим.
Тонг отганда Сафар ака бугун ошхонага бормаслигимни айтди.
– Нима учун, - ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Кеча танишган икки қизинг ейдиган нарсалар берди. Бугун бошқалари билан танишсанг, билмайман, нималар беради?
– Мен кетгандан кейин уларнинг яқинлари сизга пеш қилишадими, - деб ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Йўқ.
– Унда нима учун?
– ...
– Яхши, ҳеч бўлмаса бир чойнак чой дамлаб келай.
– Яхши.
Чой дамлашга борсам ошхонада Ойша бор экан.
Салом-аликдан кейин у тушкун кайфиятда акаси билан янгасининг ёнида қолиб, қаттиқ ҳижолат бўлганини, бугун жиянчасини олиб, квартирага кетишини билдирди.
Гап орасида эртага уйга қайтишларини маълум қилиб, биз Тошкентгача бирга кетишга, эртага зонанинг кўча дарвозаси олдида учрашишга келишдик.
Шу пайт ошхонага қорақалпоғистонлик Фотима кириб келди.
Ўзаро салом-аликдан кейин, гапдан гап чиқиб, у мендан нега Сафар ака билан бир марта ҳам учрашмаганимни сўради.
Мен учрашувга рухсат берилмаганини айтдим.
Фотима қамалган одамларнинг оилаларига ҳар уч ойда бир марта 3 соатлик қисқа учрашув, олти ойдан кейин эса уч кунлик узун муддатли учрашув беришини гапириб берди.
– Тўғри, бундай қонун борлигидан хабарим бор эди, - дедим. – Бироқ бу қонун менинг хўжайинимга тегишли эмас эди. Сиз айтаётган қонун одам ўлдирган, ўғирлик қилган, фирибгарлик ва товламачилик қилиб қамалган одамлар учун . Ездангиз учун ёзилмаган "жиноят кодекси" бор.
– Ездам (почча) қайси айби учун қамалган?
– Сиз Муҳаммад Солиҳни эшитганмисиз?
– Эшитганман. Номзодини президентликка қўйган шоирми?
– Ҳа, ўша шоир. Сайлов ўтгандан кейин Ислом Каримов қамаб қўяди деб қўрқиб, Ўзбекистондан Туркияга қочиб кетди. Унинг ўрнига ёрдамчиси бўлиб ишлаган ездангизни қамашди. Сиёсий сабабдан қамалгани учун менга шу вақтгача учрашув беришмади. Ҳатто Сафар аканинг суди бўлганини ота-оналарига ҳам, менга ҳам айтмадилар. "Озодлик" радиосидан эшитдим.
Қайнаган чойни дамлаб хонага кетишга шайланганимда Фотима шу ерда "опер часть" бўлиб ишлайдиган Эркин деган одам борлиги, кейинги сафар келганимда худди бугунгидек "эртага кел" дейишса "Эркин ака юборди", деб айтишимни, ана шунда шу куннинг ўзига учрашув бериши ҳақида айтди.
Чойнакни олиб, биринчи рақамли хонага кирсам ота-ўғил ўйнаб ўтирган экан. Буни кўриб қувондим. Жалолиддин дадасига ўрганганди, кечагидек дод солиб йиғламаётганди.
– Қаерда қолдинг шунча пайт, бир чойнак сув энди қайнадими?
– "Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бўларкан", дедим кулиб, сўнг ҳамюртим Фотима билан дардлашганимни айтиб бердим.
Сафар акага эшитганим Эркин ака деган опер часть ҳақида гапирдим. Фотима кейинги сафар зонага келганимда қоровулларга ана шу кишининг отини айтсангиз улар сизни "эртага кел", деб овора қилишмайди, деди.
– Айтма.
– Нима учун? Олдингизга келган куним кирсам яхши эмасми?
– Зона сен ўйлагандай жой эмас. Келганингдан кейин 2 кун кутсанг ҳам ўшанинг номини тилингга олма!
– Мен ҳеч вақт сизнинг гапингизга қарши чиқмаганман. Ҳозир ҳам "ҳукмингиз қаътий, шикоятга ўрин йўқ", дедим ҳазиллашиб.
Кўз очиб юмгунча уч кун ўтди, кетди. Сафар ака билан дилда ғам, юракда алам билан билан хайрлашдик.
Мен "очиқ зона"га, Сафар как эса ёпиқ зонага қайтди.
Ёпиқ зонада саноқли қоровуллар бор, "очиқ зона"да эса ҳар бир босган қадамларимни кузатадиган, телефондаги суҳбатларимни эшитадиган минглаб қоровуллар бор эди.
Ўғри сўнги 3 сўмимни қолдириб, ҳамёнимни ўғирлади
Зонанинг дарвозасидан кўчага чиққанимда мени Ойша ва келинойиси, Жалолиддин тенги ўғли билан бирга кутиб турган экан. Мен шу ерда Ойшанинг келинойиси ва ўғли Озодбек билан танишдим. Сўнг Вокзалга қараб йўл олдик. Вокзал зонага жуда яқин экан.
Тошкентга билет олиб бўлганимизда бурчакда йиғлаб турган рус аёлига кўзимиз тушди. У бизга қамоқдаги ўғлининг аҳволини, баданларида калтакдан қолган изларни кўрганини айтиб вужуди титраган ҳолда арз қилди. Ёнидаги бор пулини ўғлига ташлаб, пулсиз қолгани учун биздан қарзга пул сўради. Мен ёнимда поезддан тушгандан кейин уйгача етиб боришга етадиган 3 сўм пул қолганини айтдим. Шундан кейин Ойша келинойиси билан гаплашиб, рус аёлига пул берди. Бироқ гаровга паспортини олмади.
Top of Form
Bottom of Form
Рус кампирнинг гапларидан кейин Сафар аканинг илма тешик бўлиб кетган баданларини яна бир карра кўз ўнгимда гавдалантирдим. Хаёлларга чўмдим. Ислом Каримов режими Сафар акани 3 йил эмас уч юз йилга қамаса ҳам, умримнинг охиригача кутишга, вақти келиб жаллодлардан ўч олишга аҳд қилдим.
– Нимани ўйлаяпсиз? Ойшанинг берган саволи хаёлимни бўлди.
– Поччангизни, - дедим маъюс табассум билан.
– Қаттиқ севасизми, дейман, учрашганингизга ҳали ярим кун бўлмай, ҳатто биз билан ҳам гаплашмай яна поччамни ўйлашга тушиб кетдингиз, - деди қувноқ ҳолда.
Шундан кейин мен Ойшага ўтмишимни, Сафар ака билан қачон ва қандай танишганимни, ота-онам қарши бўлишига қарамай, барибир турмушга чиқишга рози бўлганимни гапириб бердим...
Поездимиз келди.
Билетимизда кўрсатилган вагонга миндик ва купемизга кирдик.
Ойша юқоридаги жойга, мен ва келинойиси эса пастга жойлашдик. Жалолиддин чарчаганидан боши ёстиққа тегиши билан ухлаб қолди.
Тез орада қоронғу тушди. Ҳам жисмонан, ҳам руҳан чарчаганим учун мен ҳам ухлаб қолдим.
Тонгга яқин Тошкентга яқинлашганимизда Жалолиддинга егулик олиб бериш учун сумкамни олдим. Ҳамёним жойида йўқ эди. Изламаган жойим қолмади. Ҳамёнимнинг ичидаги 3 сўм пул ёстиғимнинг тагидан чиқди. Ўғри менинг 3 сўмдан бошқа пулим қолмаганини билгандай 3 сўмни ўзимга ташлаб кетибди.
Ойша ҳайрон бўлиб сўради.
– Нима бўлди, олтин излаяпсизми, деди шўх овозда.
– Йўғ-е, менда олтин нима қилсин, ҳамёним йўқ.
– Ростданми?
– Ҳа, шундай. Ҳамёнимнинг ичидаги 3 сўмимни ёстиғимнинг тагига қўйиб, ҳамёнимни олган, номард!
– Пастга қаранг, ёстиқ жилди ичига қаранг, матраслар орасини қаранг, балки пастга тушгандир.
Ойшанинг гапини инобатга олиб, айтган жойларининг ҳаммасини текшириб чиқдим. Ойша ҳам эгилиб қарай бошлади. Ҳамёним худди ер ёрилиб тагига кириб кетгандай йўқ эди.
– Йўқ, дедим умидсиз овоз билан.
– Келинойим ётган жойнинг тагида ҳам йўқ.
– Ҳар қалай, менинг сумкамга тушган ўғри келинойингизнинг сумкангизда туриб турсин деб менга берган рўмолини ўғирламабди, шунга ҳам шукр, - деб янгасининг рўмолини қўлига бердим.
Янганинг ранг-рўйи оппоқ бўлиб ўзгарди, бироқ бир оғиз бир нарса деб гапирмади.
Мени купемизга лаънати ўғрининг қаедан киргани ҳайратлантирарди. Бўлмамизда Ойша, мен ва келинойиси, қўлимиздаги икки кичкина боладан бошқа ҳеч ким йўқ эди.
– Сизнинг нарсаларингиз ўғирланмаганми, - деб Ойшанинг янгасига юзландим.
– Йўқ.
Ҳамённи менга Сафар ака совға қилганди. 3 сўм солинган ҳамёнимда доим олиб юрадиган Сафар аканинг расми ҳам бор эди. Ўғри Туркиядан олиб келган ва тимсоҳ терисидан тикилган ҳамёнимнигина эмас, Сафар аканинг расмини ҳам чув туширганди.
Ўғрининг 3 сўм пул билан бирга расмни ҳам ёстиғимнинг тагига қўймаганига қаттиқ жаҳлим чиқди. Додимни кимга айтишни билмайман. Вагонимизнинг йўлбошловчисига айтсам бирор нима ўзгарармиди?
Поезд Самарқандга келганда Ойша билан бирга тоза ҳаво ютиш учун пастга тушгандик. Купеда янга қолганди. Новвойлардан Самарқанд патир нонини сотиб олсам пулим етмай қолади деб ҳамёнимни купега ташлаб чиққандим. Энди эса ҳамёним йўқ, лекин рўмол турибди.
Ойшанинг келинойиси ўғирлаган деган шубҳам кучайди, бироқ қўлим билан ушламагандан кейин ҳеч нарса қилолмасдим.
Сумкамнинг ичидан чиқарган барча ашқол-дашқолларни қайтадан жойлаштириб, осмонга қараб ўғрига "тилак" айтдим.
Ҳамёнимни ўғирлаган одамнинг эри агар қамоқда бўлса тирик чиқиш насиб қилмасин, қўлида боласи бўлса нобуд бўлсин, боласи йўқ бўлса, онаси ўлсин, деб дуо ўқиб юзимга фотиҳа тортдим.
Менинг ўқиган дуом Ойшага қаттиқ таъсир қилди.
– Сиз ювиниб келинг, биз купени қидириб кўрайлик, балки топилиб қолар, - деди. Унинг гапига кириб, Жалолиддинни уларга қолдириб юз-қўлимни ювгани кетдим.
Купега яқинлашганимда Ойша келинойисига қараб, қаттиқ овозда ниманидир гапирди, бироқ, афсуски поезднинг шарақ-шуруқ овозидан уларнинг сўзларини эшита олмадим.
Ичкарига кирганимда Ойшанинг жаҳлдан титраб турганини, келинойисининг эса ранги бўздай оқариб кетганини пайқадим.
– Тополмадик, - деди Ойша тушкун ҳолда.
Поезд Тошкентга келгунча улардан ҳеч қандай садо чиқмади.
Поезддан тушиб, улар билан бирга метрога тушдик.
Ойша менга ҳам жетон олди. Кейин йўлларимиз айро тушди.
Муборак тумани, Шайхали қўрғони билан боғлиқ хотираларимни ёзарканман, 1995 йилда бўлган воқеани ҳам баён қилгим келди. Бу воқеа асли Қашқадарё вилояти Муборак туманида туғилиб вояга етган, ҳозирги кунда Канадада сиёсий муҳожир бўлиб яшаётган хонанда Баҳром Эгамбердиев ҳақида.
Бизнинг Баҳром Эгамбердиев билан бир пайтларда оилавий борди-келдимиз бор эди. У Сафар аканинг яқин дўсти эди. Тошкентга келганда албатта бизникида қоларди.
Агар кийимлари кирлаган бўлса, Сафар аканинг топшириғи билан уни ювиб, дазмоллаб берардим. Баҳром Эгамбердиевни кўпчилик, айниқса, Канадада яшаётган ватандошларимиз ҳам яхши танишади.
1995 йилнинг кузида мен Сафар ака билан учрашиш мақсадида Шайхалига қараб йўл олдим. Поездимиз ҳали тонг отмасдан манзилга етиб борди. Тонгни вокзал ичида оттирдик. Мен кассага яқин жойда Жалолиддинни бағримга босиб ўтирганимда ёнидаги бир-икки киши билан ўзаро гаплашиб, вокзалга хонанда Баҳром Эгамбердиев кириб келди.
Орамиз узоқ бўлмагани учун бир-биримизни кўрдик. Мен Баҳром акага салом бердим. Баҳром ака ўзимни аниқ кўрган, саломимни эшитган ҳолда кўрмаган ва эшитмаганликка олди. Кассир билан алланималар ҳақида гаплашиб, сўнг чиқиб кетди.
Баҳром Эгамбердиев орада беш дақиқа ўтар-ўтмас яна вокзалга кирди. Бу гал ҳам мени аниқ кўрди. Бироқ юзини терс ўгириб олди. Бу қилиғи менга ниҳоятда оғир ботди. Қўлларимни қавартириб кўйлакларини ювганим, дазмоллаганим, уйимизга хотини Муҳайё янга, қизи Сабина билан бирга келганда ош дамлаб, бор-будимни дастурхонга қўйиб кутиб олганим эсимга тушиб, ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Унинг кўриб-кўрмасликка олган ҳаракатларини Сафар аканинг қамоқдалиги билан боғладим.
Хуллас, Сафар ака қамоқда пайтида устидан тепиб ўтган Баҳром ака Эгамбердиев 2000 йилнинг бошларида бирданига пайдо бўлиб қолди. Сафар аканинг телефон рақамини кимдандир олиб, унга қўнғироқ қилди. Ўзбекистонда иқтисодий аҳвол яхши бўлмаганлиги, топаётган пуллари билан нормал яшашга қийналганлиги, болалар шифокори бўлиб ишлаган Муҳайё янганинг даромади ўзига ҳам етмаганлиги туфайли Туркияга келиб яшаётганини айтди.
Сўнгра БМТнинг Анқарадаги Қочоқлар билан ишлаш комиссариатига мурожаат қилиб, сиёсий бошпана сўрамоқчи бўлаётганини гапирди, бунинг учун "Эрк" партиясининг аъзоси, сиёсий карьерага эга шахс деган мазмунда тавсифнома ёзиб беришини илтимос қилди.
Сафар ака Баҳром Эгамбердиев билан телефонда гаплашиб бўлгандан кейин мен ўзимни қўлга ололмай тилга кирдим. Давраларда панд-насиҳатларга йўғрилган қўшиқлар билан ҳаммани оғзига қаратадиган, ўйноқи қўшиқлари билан даврага файз киритадиган хонандада аслида инсонийликдан асар ҳам йўқлигини айтиб, ғазабимни сочдим.
Мени Баҳром аканинг қайси виждон, қайси юз билан телефон қилаётгани қизиқтирарди.
– Нима қиласан ўтмишни эслаб, - деди Сафар ака.
– Сиз учун ўтмишдир, лекин мен учун эмас. Саломимни олишга ор қилган одамни кечиришим қийин. Алик олсам қамоқда қолаётган Сафарни баҳона қилиб хотини мендан пул сўрайди деб ўйлаган бўлса қаттиқ адашади. Чунки мени ота-онам гадо қилиб тарбияламаган. Баҳром ака уйимизга келганда шунча хизмат қилгандим...
Бироқ Сафар ака бағри кенг, кечиримли инсон бўлгани учун менинг арз-додимга қулоқ ҳам солмади, ўз билганидан қолмади. Баҳром ака учун керакли ҳужжатларни тайёрлаб, махсус почта орқали Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Анқарадаги бошқармасига юборди. Сафар аканинг ўша хатидан кейин улар Канададан сиёсий бошпана олиб, Онтарио провинциясининг Гуэлф шаҳрига кетишди.
Хуллас, ёлғизлик ниҳоятда қийин экан. Айниқса, эри қамалган аёллардан Баҳром Эгамбердиевга ўхшаб дўстман деган одамлар ҳам юз ўгираркан.
Ниҳоят вокзалдан ўз уйим, ўлан тўшагимга етиб келдим.
Уйга кирганимдан кейин йўлдаги кўнгилсиз воқеалар кўз олдимдан кино тасмаси каби бир-бир ўта бошлади. Бийдай чўлнинг қоқ ўртасида ёлғиз қолиб кетганим, Жўраевлар оиласининг менга муносабати, Шайхали қамоқхонасидаги манзаралар, Сафар аканинг забун аҳволи, ҳамёнимнинг ўғирланганлиги...
Дамлаган чойим чойнакда қолди.
Жалолиддинни олиб, ётоқхонага кирдим ва диванга хорғин ҳолда чўзилдим.
Қанча вақт ухлаганимни билмайман, телефон жиринглади.
Гўшакни олдим.
Нотаниш эркак киши газетада уйимизни сотиш бўйича чиққан эълон бўйича телефон қилиб, қачон келиб кўришлари мумкинлигини сўради.
Мен телефондаги суҳбатдошимга ҳеч қаерда уй сотилади деб эълон бермаганимни айтиб, гўшакни жойига қўйдим.
Ўртада турган хонтахтанинг бир чеккасига омонатгина чўкдим. Бу хонтахтани тўйимиздан кейин Сафар ака ўз қўллари билан ясаганди. Мен ўшанда Сафар акадан "Сиз устамисиз? деб ҳайратланиб сўрагандим.
– Ҳа, деганди. Устачиликни отасидан ўрганганини гапириб берганди.
– Отангиз устами?
– Ҳа, ҳар бир инсон ота касбини билиши керак!
– Мен сизни фақат шоир сифатида танигандим. Демак, уста ҳам экансиз-да?! Янги уй қурсангиз полини ҳам ўзингиз ўрнатасизми?
– Ҳа, полини ҳам, фанерини ҳам ўзим қоқаман. Биз, албатта, янги уй қурамиз (Бироқ бизга янги уй қуриш насиб қилмади. Фақат уй пойдеворини қуришга эришдик. Қурилиш учун керакли тахта, шифер, ёғочлар ва бошқа қурилиш анжомлари ёмғирда ивиб кетди).
Сафар ака ўшанада ҳазил аралаш ўзининг ҳам шоир, ҳам сиёсатчи, ҳам уста, ҳам рассом эканини, бундан ташқари, мусиқа ноталарини машҳур бастакорлардай яхши тушунишини айтганди.
– Овозингиз яхши эмас-ку, қўшиқ яхши айтолмайсиз, - дедим.
– Мусиқани тушуниш учун қўлга тор олиб чалиш шарт эмас. Ғазал ёки шеър рукнларини мусиқага тушириш учун эса катта маҳорат керак.
– Тўғри айтасиз, мен Педагогика билим юртида икки йил давомида мусиқа фанини ўқиганман. Лекин ноталарнинг маъносини ҳалигача тушунмайман.
– Мусиқани тушуниш учун инсонга мусиқабоп қулоқ керак.
– Тўғри, бироқ менга ўзингизни мақтаётгандек туюляпсиз.
– Ўзимни мақташ, мақтаниш керак бўлганда тўйдан олдин мақтардим.
– Шунча ҳунарингиз бўлгани ҳолда улардан ақалли биронтаси ҳақида менга айтмаган экансиз.
Хонтахтанинг ёнида ўтириб ўша суҳбатимизни эсладим.
Сафар аканинг олдидан келган кунимнинг эртасига уйга Дилором Исҳоқова келди. Ўзаро салом-аликдан кейин Сафар аканинг соғлигини сўради.
Сирти ялтироқ, аслида эса заҳарли илондан фарқи йўқ бўлган Дилором опага Сафар аканинг афтодоҳол аҳволи ҳақида гапирмадим. Унинг ўрнига ярим ҳафта ичида ошхонамизни катта-катта каламушлар босиб кетгани ҳақида гапирдим.
Дилором опа каламушларни қандай йўқотишим бўйича маслаҳат берди. Бу маслаҳати эса Дилорам опанинг ҳаётимда менга қилган ягона энг катта яхшилиги эди.
Дилором опага Сафар аканинг аҳволи ҳақида гапирмаганимга ёнидан яна нималарнидир қўшиб-чатиб, бўрттириб одамларга бошқача етказиши мумкинлигидан хавотирга тушганим сабаб бўлди. Боз устига Сафар аканинг номини бир неча марта ёмонотлиққа чиқаргани, Муҳаммад Солиҳни сотганликда айблаб, жар солгани ҳам ёдимдан чиқмаганди.
Аммо Муҳаммад Солиҳни том маънода сотган, ҳатто "Халқ сўзи" газетасида ёзиб чиққан укаси Мақсуд Бекжон ҳақида бирон жойда бирор нарса деб гапирганини эшитмадим.
Сафар Бекжонни ёмон кўрадиган, уни "аҳмоқлиги учун қамалди" деб оғзини кўпиртириб гапирган Муҳаммад Солиҳ "Мен акамдан воз кечдим!" деб мақола ёзган укасини яхши кўриш-кўрмаслигини ҳам билмайман.
Муҳаммад Солиҳу Мақсуд Бекжон, Дилором Исҳоқова ва бошқаларнинг кирдикорлари ҳақида орадан бир неча йиллар ўтгандан кейин ёзишимнинг сабаби шундаки, одамлар Сафар ака қамоқдалиги пайтида мана шу кишиларнинг менга – ёлғиз бошли аёлга, қўлида мурғаккина гўдаги бор онага қанчалик руҳий азоб берганликларини билсин. Ўзбекистонда шоир ва "Эрк" партиясининг раиси сифатида танилган, Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини қўйган бу инсоннинг иккинчи юзини ҳам кўрсин деган мақсадда ёзмоқдаман.
Мен уч йил давомида Ўзбекистон куч ишлатар тизими ходимларидан қандай жабр чеккан бўлсам Муҳаммад Солиҳ ва унинг оила аъзоларидан ҳам ана шундай жабру ситамлар кўрдим.
Мақсуд Бекжонга қилган яхшиликларим ўзимга икки баравар ёмонлик тарзида қайтиб келди.
Уни ҳукумат иккинчи марта қамоққа олишга, аниқроғи, Исмоил Жўрабеков ёллаган қотиллар томонидан ўлдиришга тайёргарлик кўраётганда мен Муҳаммад Солиҳнинг оилавий дўсти Ахтам Розиқовнинг жиддий қистовларига кўра Муҳаммад Солиҳнинг аммасининг ўғли Мамат ака билан бирга Хоразмга, Муҳаммад Солиҳнинг укаси Комил Бекжоннинг уйига боргандим. Хоразмга Мақсуд Бекжоннинг тез орада оила аъзолари билан бирга Ўзбекистондан чиқиб кетишини айтиш учун боргандик.
Ўшанда Комил ака мендан бу гапларни ким айтгани ҳақида сўраганди. Мен "Эски Шинель" деб, Ахтам Розиқовнинг лақабини айтганимда Комил ака гап ким ҳақида кетаётганини англаганди. Бизнингогоҳлантиришимиздан кейин Мақсуд Бекжон ва оила аъзолари Украинага чиқиб кетишди. Мақсуднинг хотини Марзия Ибадуллаева ҳатто бу ҳақида "Озодлик" радиосига Ҳуррият тахаллуси билан интервью берди.
Биз 1997 йил февралда Ўзбекистондан қочиб Туркияга келганимизда Муҳаммад Солиҳ ижарага олган ертўлада яшадик. Ўша уйга на қуёш тушарди, на деразадан шамол кирарди. Шундай бўлса-да мен ўз ҳолимдан мамнун эдим. Сафар ака қамоқдан озод бўлиб чиққандан кейин менинг кўзимга жаҳаннам ҳам жаннатдек кўринарди. Лекин икки ўғлимиз ертўладаги намгарчиликка чидай олмай тез-тез касал бўлиб турдилар.
Тўғри, Тошкентнинг "Бузовчи" маҳалласидаги уйимиз ҳам шоҳона уй эмасди. Бир тепса йиқиладиган уй эди. Қишда томдан чакки ўтарди, на газ, на сув бор эди. Вақтида "Бузовчи" маҳалласига газ қувурлари киритилишини ташкил қилган Сафар ака ўзи яшайдиган уйга газ ўтказиш кераклигини хаёлига келтирмаган экан.
Ҳа, Сафар ака доим ўзини эмас, ўзгаларни ўйлайдиган одам эди. Бу ерда ҳам маҳалладошларини ўйлаганди.
Бироқ Сафар ака қамалгандан кейин доим дўстона алоқа қилиб юрадиган икки-уч нафар дўстларини айтмаганда биронта маҳалладошимиз ҳолимиздан хабар олмаган. Рост, ён қўшнимиз Камол амаки Якуб Колос кўчасидаги уйимизга бир марта келган. Унда ҳам молхона қурмоқчи бўлаётганини айтиб, ҳовлимизда турган қурилиш материалларини сўраб келганди.
Қурилиш материаллари учун менга пул бермоқчи бўлганда: – Амаки пулингиз керак эмас, эри уй қурамиз деб олган қурилиш материалларини эри қамалганидан фойдаланиб, хотини сотиб кун кўраяпти деган гапни эшитишни истамайман, - деб жавоб бергандим.
Ўшанда Камол амаки юзимга ҳайрон бўлиб қараганди. Ҳатто раҳмат айтмай қандай келган бўлса шундай кетганди.
Уй ишлари билан банд бўлиб юргандим, телефон жиринглади. Гўшакни олгандим, мутлақо нотаниш эркак киши салом берди, у Сафар аканинг уйими деб сўради.
Алик олганимдан кейин ўша одам акаси Сафар ака билан Қаршидаги Шайхали қамоқхонасида жазо муддатини ўташини айтди.
– Акам қаттиқ касал бўлгани учун маҳбуслар даволанадиган Сангород касалхонасига олиб келишди. Ўша касалхонада Сафар ака ҳам даволанаётган экан, аҳволи ўта ёмон экан. Сафар ака акамга сизнинг телефон рақамингизни бериб, шу хабарни биз орқали етказишимизни айтибди. Мен сизга шуни айтиш учун телефон қилаётгандим, - деди.
Сафар аканинг оғир хасталигини эшитиб, баданим титраб кетди.
Рости, Шайхалидаги қамоқхонада ҳам соғлиги кўнгилдагидек эмасди. Бадани қонталаш бўлиб кетганди, оёқ ва қўлларида занжирдан қолган излар бор эди, товонига дубинка билан ургани учун камерага оқсоқланиб келганди. Бу ҳам етмаганидек, баданини учини йиринг қоплаган қичитқи яраси босиб кетганди. Телефонда эшитган хабардан кейин ҳаммасини яна бир кино тасмасидек кўз олдимдан ўтказдим.
Сафар аканинг олдидан келганимиздан кейин қичитқи яраси Жалолиддинни ҳам, мени ҳам қийнади. Иккаламизнинг ҳам бутун баданимизни қоплаб олди. Энг даҳшатлиси, бу яра бетиним қичийди, қичиган пайтда яра учидаги йиринг ёрилиб, йиринг теккан жой яна қичитқига айланади ва кўпайишда давом этади.
Жалолиддинни илиқ сувга бир қошиқ туз солиб аралаштириб чўмилтирдим. Яра нисбатан озайди ва бир оз ўзига келди. Бироқ ўзим тузли сувга чўмилишга қўрқдим.
Шу орада уйга Саломат келиб қолди. Унга Жалолиддиннинг баданига тошиб кетган яраларни кўрсатиб, маслаҳат сўрадим.
У қичитқи яраси жуда ёмон яра эканини, қичиган сари кўпайишини айтиб, олтингугурт кукунини оддий пахта ёғи билан аралаштириб дори тайёрлаш ва ўша дорини яранинг устига суртиш кераклигини билдирди. Эратага эрталаб ишга келганда олтингугурт кукунидан тайёрланган дорини олиб келишини айтиб хайрлашди.
Саломат берган ваъдасининг устидан чиқди. Эртаси куни эрталаб бир шиша эмас, икки шиша олтингугурт пудрасидан олиб келди.
Ортиқча бир шишани Сафар ака учун олиб келганини, қамоқхонага борганимда Сафар акага олиб бориб беришимни тайинлади.
Саломат айтган рецепт бўйича дори тайёрладим. Тайёрлаган доримни Жалолиддиннинг ҳам, ўзимнинг ҳам баданларимга суртиб чиқдим. Орадан бир-икки кун ўтгандан кейин она-бола яралардан фориғ бўлдик. Шу кунларда уйда пахта ёғи бўлгани оғиримизни енгил қилди. Чунки Тошкентда пахта ёғи топиш азоб эди. Давлатга уч-тўрт миллионлаб пахта териб топширадиган, пахтага ихтисослашган Ўзбекистоннинг шўрли ўзбек халқи учун пахта ёғи анқонинг уруғидек камёб нарса эди.
Бор-йўғи иккита нонми?
Тонг отиши билан Тошкентдаги энг катта бозорлардан бири бўлмиш Қўйлиқ бозори яқинида, "Фарғона йўли" кўчасида жойлашган Сангородга қараб йўл олдим. Жалолиддин билан бирга атрофи инсон бўйи етмайдиган баланд темир-бетон деворлар билан ўралган, бу камлик қилганидек, деворнинг устидан кескир учли сим тўрлар тортилган Сангородга етиб келдик.
Сангороднинг баланд деворлари тўрт бурчагида тўртта қўриқчи аскарларнинг уйчалари бўлиб, у ерда доим қуроланган ҳарбийлар навбатма-навбат Сангородни назорат қилиб туришади.
Ичкарига кирганимдан кейин Сангороднинг бошлиғи Абдукарим Шодиевнинг олдига кириш учун рўйхатга ёзилдим. (Абдукарим Шодиев кейинчалик Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган). Бу ер менга бегона эмас эди. Чунки олдин ҳам бир марта келгандим. Шу сабабли қонун-қоидаларини билардим.
Илгари бир марта озиқ-овқат олиб келганимда Сафар ака билан учрашишга руҳсат бермаган эди. Шу сабабли бу гал озиқ-овқат олиб келмагандим. Сал кам икки соатдан кейин қабулхонага кириш навбатим келди.
– Бугун Сафарбой Бекжонов билан учраша олмайсиз, эртага келинг, - деди ёзган аризамни қабул қилиб олган Абдукарим Шодиевнинг котибаси ва қўлимга эртага келганингизда кўрсатасиз, деб рақам ёзилган қоғозча берди.
– Майли, эртага келаман, дедим ғазабимни ичимга ютиб.
Қабулхонадан кўчага чиқдим. Ўтган сафар келганимда бир онахон билан танишгандим. Ўша онахон Сангород деворининг фанерли жойига бориб, турмуш ўртоғингизнинг исмини айтиб чақиринг, нариги томондан эшитган маҳбуслардан бири хўжайинингизга бориб айтади, кўпгина маҳбуслар яқинлари билан шундай қилиб гаплашади, деганди.
Онахоннинг шу гапларини эслаб, у айтганидек фанерли девор ёнига бориб, ичкарини кузатдим. Бир вақт бир йигитнинг қораси кўринди. Унга бор овозим билан Сафар акани чақириб беришни илтимос қилдим.
У овозимни эшитди.
– Майли келинойи бир оз кутинг, Сафар акага бориб айтаман, - деди. Беш дақиқача кутдим.
Бир вақт узоқдан Сафар аканинг "Жалолиддин" деган овозини эшитдим.
– Салом, соғлигингиз яхшими?
– Сан қачон оғзингга маҳкам бўласан?
Сафар ака саломимга алик олмасдан, ҳол-аҳвол сўрамасдан жаҳл билан гапира кетди.
– Нега уйда ҳар хил гапларни гапирасан, жим ўтирсанг бўлмайдими?
– Кимга гапирибман?
– Уйга сўнги марта ким келган бўлса ўшанга. Телефонда ким билан гаплашсанг ҳам улар сенинг ҳамма гапирган гапларингни эшитишади, нера борсанг билишади. Кейин менга айтади. Сенинг ҳар бир гапирган гапларинг учун бу ерда мен жавоб беряпман.
– Ростданми?
– Мен сенга ёлғон гапираманми?
– Уйга ҳам, телефонга ҳам эшитадиган аппарат қўйган.
– Аллоҳ жазосини берсин!
– Сен сўкинмай айтганимни қил, ҳеч ким билан ортиқча гаплашма, телефонда ҳам тилингга эҳтиёт бўл!
– Яхши, бундан кейин эҳтиёт бўламан, ит эмганларни камроқ қарғайман.
– Жаҳлингни ичингга кўм! Бу ҳаром сут эмганлар билан кейин ҳисоблашамиз.
– Яхши.
– Ҳозир бу ердан чиқиб Отаназар аканинг уйига бориб, Отаназар аканинг оғир касал бўлиб ётганини хотинига айт, болалари келиб хабар олишсин!
– Яхши, бораман, лекин уйини билмайман-ку!
– Менинг адрес дафтарчамда бор.
– Яхши.
– Эртага сиз билан учрашув сўраш мақсадида Шодиевнинг олдига кириш учун навбатга ёзилиб кетяпман.
– Яхши.
Сафар ака билан хайрлашдим. Кимга нима деб гапирганимни ўйладим. Ўзимнинг дардим етмагандай Отаназар аканинг касал эканини уйига бориб айтиш, Сафар акадан эшитган даккиларим, мени кузатишлари... аламим келди, кўзим аччиқ ёшга тўлди...
Автобусга миндим. Бир одам жой берди. Ёнидаги қизлари менинг йиғлаётганимни кўриб, дадасига нимадир деди.
Менимча, эгнимдаги эски атлас кўйлагимни, ён тарафи йиртилган туфлийимни, абгор кийинган Жалолиддинни кўриб, қишлоқдан шаҳарга келиб, қариндошларини топа олмай йиғлаётган бўлса керак деган ўйга борди.
– Борадиган уйингиз йўқми, синглим?
– Йўқ, Тошкентда уйимиз бор.
– Пулингизни ўғирлатиб олдингизми?
– Йўқ, дедим ҳиқиллаб.
– Турмуш ўртоғим "Эрк" партиясида ишларди. Сафар Бекжон деган одам. Уни Мавлон Умрзоқов бошлиқ ифлослар туҳмат билан қаматишди. Хўжайиним оғир касал бўлиб қолгани учун Қаршининг Шайхали деган зонасидан Сангородга олиб келишибди. Ҳозир хўжайиним билан Сангороднинг фанери орқали гаплашгандим. У партиядошларидан бири, профессор Отаназар Орифов деган одам ҳам оғир касал эканини айтди. Шунга йиғлаяпман.
У одам кўз ёш аралаш айтган гапларимга тўлиқ тушундими-йўқми, билмайман, лекин менга ҳамдардлик билдирди.
– Кўп ғам чекманг, бир куни ҳаммаси яхши бўлади, бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетасиз!
– Раҳмат айтганингиз келсин, - дедим.
Улар қайсидир бекатда тушиб қолди. Мен Скверда автобусдан тушиб, метрога миндим. Метронинг Ҳамид Олимжон бекатида тушиб, уйга ниҳоятда чарчоқ ҳолда келдим.
Очликдан, сувсизликдан абгор бўлган Жалолиддинга қотган нонни сувга ивитиб бердим. Ўзимнинг томоғимдан Сафар акадан эшитган гап таъсирида бир пиёла сув ўтмади.
Сўнгги марта уйга кимлар келганини эслай бошладим. Саломат, Раҳмон Ҳожимурод ва Муҳаммад Бекжонлар туш пайтида келишганди. Бироқ, ҳар қанча уринсам ҳам гапларимни етказадиган "қулоқ" топа олмадим.
Уйга ҳақиқатанан овоз эшитадиган аппарат қўйганмикан, деб уйнинг ҳар жойидан аппарат излай бошладим. Бироқ ҳеч нарса топа олмадим... Менинг гапларим учун қамоқхонанинг касалхонасида даволанаётган Сафар акани уришлари, калтаклашларини кўз олдимга келтириб, бошимни чангалладим.
Ўзимдан дардим катта,
Юким оғир, манзил йироқ.
Кетаяпман аста-аста,
Кўзимда ёш, қалбда фироқ.
Кун бўйи карахт ҳолда юрдим. Кечқурун Жалолиддин бир нима есин деб номига бўлса ҳам қозон қайнатдим. Телевизорни қўшгандим, Каримов гапираётган экан. Ўғлим ўчир деб, йиғлади...
Жалолиддин нафақат Ислом Каримовни, ҳатто шоир Муҳаммад Солиҳни ҳам кўргани кўзи йўқ эди. Буни сал олдинроқ Муҳаммад Солиҳнинг "Орзу фуқароси" деган шеърий китобини стол устида унутиб қолдирганимда Жалолиддин китобнинг орқа саҳифаларини йиртиб, расмдаги шоирнинг юзига кўк қалам билан чизиб ташлаганида билгандим. Нимага йиртдинг, Жалолиддин деганимда "Ёмон одам" деб жавоб берганди.
Дадаси қамалмасдан олдин Жалолиддиннинг тили бурро бўлиб чиқиб, гапира бошлаганди. Бироқ кейинги пайтларда қийин гапирадиган бўлиб қолди. Айниқса, мени ИИВ биносида тергов қилгандан кейин нутқи сезиларли даражада бузилди.
Қўлимдан юлиб олган миршаблар ўғлимни бошқа хонага олиб чиқиб кетганди. Айнан шундан кейин соғлиги ҳам, гапириши ҳам ўзгарди. Бу ҳам етмаганидек, орқа миясининг устида шиш пайдо бўла бошлади.
Ҳа,
ўшанда мени Жалолиддиннинг қисқа ва
аниқ жавоби лол қолдирганди. Ўғлим
кичкина бўлса ҳам тассаввури кенг
эди.
Дадасининг бошига тушган
фалокатларнинг асл сабабчиси Муҳаммад
Солиҳ эканини мурғак қалби яхши биларди.
Шоир Муҳаммад Солиҳ "кибрнинг қули" бўлган Муҳаммад Солиҳнинг қоронғу келажагини олдиндай кўргандай 1981 йилда шундай деб ёзган экан:
"Кўникиш.
Шу қадар ҳижолат бўлардики, шўрлик,
Кўзи тиниб ҳеч нарса кўрмади.
Уят кучли эди, кучли эди хўрлик,
Ер ёрилмас эди. Ерга кирмасди.
Одам ҳар нарсага кўникар экан,
Кўникиб олди у тақдирига -
Энди ер ёрилар эди уятдан,
У эса кирмасди ёрилган ерга.
Мен шоирнинг бу сатрларига қўшимча тарзда ҳеч нарса деб ёза олмайман. Жумлаларни изоҳлаш эса шоирга эмас, шеърга ҳурматсизликни англатарди. Шоирда эса ҳурмат қолмаганди. У мана шу жумлалари орқали ўзининг асл башарасини очиб қўйганди...
Тонг отгандан кейин Сангородга қараб йўлга чиқдим. Абдукарим Шодиев Сафар ака билан учрашувга изн берган тақдирда ҳам ўзим билан бирга ҳеч нарса олиб бора олмас эдим. Чунки олиб борадиган ҳеч нарсам йўқ эди. Чўнтагимдаги пулим икки нонга аранг етади. Ҳамқишлоғим Ойгулнинг яқин кунлар ичида келишини кутаётгандим. Чунки онамнинг Ойгулдан озиқ-овқат, Жалолиддин ва менга кийим-кечаклар, пул бериб юбориши аниқ.
Уйдан Ҳамид Олимжон метросига боргунимча чарчаб қолдим.
Кеча
юрагимда рўй берган номи қўйилмаган
касаллик тинкамни қуритаётганди.
Олдин
метрога тушдим, сўнгра автобусга миниб,
64/18-сонли жазони ижро этиш маҳкамасига
етиб бордим.
Сангороднинг олдида одам гавжум. Кечагидан ҳам кўп эди. Дарвозанинг олдини ота-оналар, ёш келинлар, ҳар хил ёшдаги болалар эгаллаб олганди.
Уларнинг орасидан зўрға ўтиб қабулхонага кирдим. 35- бўлиб рўйхатга ёзилгандим. Бир соатдан сал ўтганда навбатим келди. Абдукарим Шодиевнинг қабулига кирдим. Хонасининг тузилиши олдин кирганимда қандай бўлса шундай экан, ўзининг кўриниши ҳам ўша-ўша.
Ичкарига кириб салом бердим.
– Келинг Бекжонова, - деди.
– Мен Бекжонова эмасман, Реимоваман, - дедим.
– Нимага хўжайингизнинг фамилиясига ўтмагансиз?
– Истамадим.
– Олдига аризамни қўйдим.
– Хўжайинингизнинг бу ерда эканлигини қаердан биласиз?
Юрагим шув этди. Агар наманганлик маҳбусни кўргани келган укасидан эшитдим, десам касалхонадаги барча наманганликларнинг тилка-порасини чиқариб юборишидан қўрқдим. Шунинг учун ҳам қисқагина қилиб: – Яхши одамлар хабар берди, дедим.
– Кимлигини айтмайсизми?
– Мен сотқин эмасман, Сафар ака билан учрашув бермасангиз ҳам ўша одамнинг кимлигини айтмайман.
– Рухсат бермасам нима қиласиз?
– Нима қиламан, бошимни эгиб уйга кетаман, деб нафрат билан кўзига қарадим. – Битта имзо чекиш учун қалам сизнинг қўлингизда, хўжайним сизларнинг қўлингизда асир, мен нима қилардим?
– Нимага асир дейсиз?
– Ўзбекистондаги қамоқхоналарнинг немисларнинг концлагерларидан нима фарқи бор?..
Шодиев гап тополмадими ёки мен билан баҳслашишни истамадими, бошқа савол бермади, аризамга қўл қўйиб берди.
Раҳматимни айтиб, қабулхонадан чиқдим.
Аризамни котибага кўрсатиб, ундан ичкарига қандай киришимни сўрадим. У ташқарида учрашувга келган одамлардан сўрашимни айтди.
Ҳовлига чиқиб, ўрта ёшли аёлдан йўл-йўриқ сўрадим. Олдин кирмаганим учун қонун-қоидани билмасдим. Ўша аёл айтиб мукаммал тушунтирди.
Касалхонада учрашув учун фақат икки соат вақт ажратилар экан. Менга учрашув соат 16-00 га берилди.
Кимдандир соат сўрасам соат 14-00 бўлганини айтди. Икки соат вақтим бор экан. Сангороддан чиқиб, Қўйлиқ бозоридан икки нон сотиб олиб, қайтиб келдим.
Аёллар, болалар, кексалар, ёш келинлар ҳаммамиз тўпланиб темир дарвозадан ўтдик. Кейин темир эшик, ундан кейин темир арматурадан ясалган чархпалакнинг олдига келдик.
У ерда турган ўрта ёшли бадқовоқ одам сумкаларда худди бомба бордай диққат билан, бирма-бир текширди.
Кимдандир олиб келган нонини, кимдандир мева-чеваларни, яна кимдандир тандир кабобу қази-қартасини, бошқа бировдан эса бир банка асалини ортиқча, белгиланган, рухсат этилган килога тўғри келмайди деб олиб қолишди.
Кўз олдимда бўлаётган разилликларни кўриб, асабим бузилди. Ахир улар жигарларига деб, ўзлари ичмай-емай олиб келган қиммат нарсаларни тортиб олишаётганди. Назоратчининг бу ҳаракатлари маҳкумнинг яқинларига ёқмаётгани уларнинг юз-кўзидан маълум эди, бироқ ҳеч ким оғиз очиб ҳеч нарса дея олмасди, нарсаларимизни қайси қонун асосида тортиб оляпсиз деб исён кўтара олмасди. Чунки фарзандлари-ю, яқинларининг тақдири ана шу иблисларнинг қўлида эди. Улар эса ўзлари хоҳлаган ишларни қилаётганди, маҳкумларни истаса майиб-мажруҳ қилиб, истаса ўлдириб юбораётганди.
Олдимда навбатда турган ўнга яқин ҳар хил ёшдаги одамлардан кейин менинг навбатим келди. Қўлимда кичкина қўл сумкачамдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.
Бадқовоқ мен каби бўш қўл билан келган кишини умрида биринчи марта кўраётган кишидек ҳайрат билан аввал юзимга қаради, кейин уст-бошимга диққат билан разм солди. Сўнг:
– Cиз ҳам учрашувга келдингизми, -деб сўради.
– Ҳа, дедим.
– Шерикларингиз қани?
– Шеригим йўқ, мана ягона шеригим, деб Жалолиддинни кўрсатдим.
– Ўзингиз билан олиб келган озиқ-овқатингиз қани?
– Сумкамда.
– Қани ўша сумкангиз?
– Мана, деб қўлимдаги сумкачамни очдим.
– Бор-йўғи иккита нонми?
– Пулим фақат нонга етди.
Зобит бир менга, бир сумкамдаги қоғоз пакетга солинган икки нонга, сўнг юзлари сарғайган Жалолиддинга қаради. Бошқа ҳеч нима деб гапирмади.
– Ўтинг.
– Раҳмат.
Ҳамма кириб бўлгандан кейин бизни яқинларимиз билан кўришадиган камерага олиб борди. Назоратчи аскар мени қўл чўзсанг шифтига етадиган пастқам, деворлари қора рангга бўялган, ғадир-будур хонага олиб кириб, бўш стулни кўрсатди. Стулга омонатгина ўтириб, Сафар аканинг чиқиб келишини кута бошладим.
Хонада нафас йўқ, қаердандир сассиқ ҳид келади. Бироқ тоза ҳаво билан таъминлайдиган дераза ҳам йўқ.
Бир пайт ғала-ғовур бошланди.
Маҳбуслар бирин-кетин чиқа бошлади.
Кимнингдир яқини ўз оёғи билан, кимдир ҳассага таяниб, кимнидир кимдир суяб ёки замбилда кўтариб, яна кимдир оқсоқланиб чиқиб келишди. Хуллас, маҳбусларнинг деярли ҳаммаси автодоҳол ҳолатда олдимизга келишди.
Менга жуда яқин жойда ўтирган ўрта ёшли ота-онанинг олдига ҳам ўғлини замбилда кўтариб олиб келди. Бечора йигит нафақат юришдан қолган, ҳатто гапиришга ҳам мажоли йўқ эди.
Кўринишидан эндигина йигирма бешга тўлган, юзи девордек оқариб, кўзларининг таги кўкариб кетганди. Ота-онаси ўғлига, ўғли эса уларга қараб йиғларди. Уларнинг сассиз фарёдларини кўриб менинг ҳам кўзимга ёш тўлди.
– Нани ўйлаб ўтирибсан? - деган овозни эшитиб ўзимга келдим. Қаршимда қора кийинган, қўлида қора шапкасини ушлаб Сафар ака турарди.
Саломлашдик. Жалолиддинни қўлига олмоқчи эди, у дадасини танимай бор овози билан йиғлай бошлади. Жалолиддинни овутиб, дадасини танитишга ҳар қанча уринсам ҳам барибир менга ёпишиб йиғлайверди. Унинг бу қилиқлари юрагимни тилка-пора қилди.
– Хафа бўлма қамоқдан чиққанимдан кейин танишиб оламиз, - деди Сафар ака ҳазиллашиб.
Бу гал Сафар аканинг кўзларига тикилиб қарашга журъатим дов бермади. Чунки кўзларида ғам суратини кўришни истамадим. Бугун шу суратни кўрсам бир умр кўз олдимдан кетмаслигини билганим учун нигоҳимни қадамадим.
Бироқ Сафар аканинг аҳволи Шайхалидаги қамоқхонадагига қараганда анча яхши эди. Аммо янада озиб кетгани учун устидаги кўйлаги елкасида шалвираб осилиб турарди. Билакларидаги темир занжирдан қолган излар қисман йўқолибди. Юзидаги муштдан қолган из ҳам кетибди. Уриб синдирилган тиши қийшиқ битгани учун оғзи озгина қийшиқ кўринди, юлинган сочларининг ўрнида пайдо бўлган қонталаш нуқталар нисбатан кетганди.
– "Санатория"даги профессор, докторлар яхши хизмат кўрсатаяптими, - деб сўрадим.
– Хизматлари аъло. Буни сенга сўз билан таърифлаб беролмайман.
– Овқатларичи?
– Беш юлдузли меҳмонхонаникидан қолишмайди.
– Ер ости кошоналари ҳам борми, кўрдингизми?
– Бор экан, лекинг у ерга киришимга ҳозирча рухсат бермади.
– Бу ерда ҳам "олтин билак узук", "кумуш игна", "темир тўқмоқ", "пўлат занжир" бормикан?
– Бор.
– Оғзидан олов чиққан алвастилар-чи?
– Бор.
– Хизматларидан баҳраманд бўлдингизми?
– Ҳозирча жим туришибди.
Шу пайт "Вақт тугади!" деган овоз эшитилди. Суҳбатимиз чала қолди. Сафар ака билан хайрлашиб, темир эшиклардан ўтиб, ташқарига чиқдим. Ҳорғин ҳолда уйга қайтдик. Энди Отаназар аканинг уй манзилини топишим керак. Сафар ака "манзиллар ёзилган блокнотимда бор" дейди. Аммо Сафар ака уйда мен йўқлигимда бутун архивини МХХнинг искович итлари ўғрилаб кетганини қаердан билсин?!
Ўғлингиз руҳий касал
Эртаси куни уйга Саломат келди. У мендан Сафар аканинг ҳол-аҳволини, Жалолиддиннинг дадасини таниган-танимаганини сўради. Унга Жалолиддиннинг дадасини танимаганини айтиб, тузумнинг шаънига минг лаънатлар ёғдирдим. Сўнгра Сафар ака ётган Сангородда Отаназар ака ҳам оғир касал бўлиб ётганини, бу ҳақида уйдагиларга айтишим кераклигини билдириб, ундан уй манзилини сўрадим...
Тонгни яхши кайфиятда қарши олдим. Бунга Сафар ака билан учрашиб, "рақамланган" сўзлар билан бўлса-да, чиройли суҳбат қурганим туртки берди.
Эндигина уйқудан уйғонган кичикина нуридийдам Жалолиддинни бағримга босиб, юзларидан ўпдим.
Магнитафонга бир пайтлар Сафар ака севиб эшитадиган хонанда Отажон Худойшукуровнинг кассетасини қўйдим.
Бердақнинг қаламига мансуб "Айрилиқ" қўшиғини эшитаётганимда уйга Саломат кириб келди. У Отаназар аканинг уй манзили ва уй телефони рақамини олиб келганди.
Саломат билан бирга ўтириб чой ичдик, дардлашдик.
Гапдан гап чиқиб, унга Сафар аканинг характерини яхши билмаслигимни айтдим. Никоҳ тўйимиздан кейин ҳам ҳар куни бирга яшамаганимизни, Сафар аканинг ўтказилажак сайловни тарғибот қилиш учун вилоятларга, ўзим эса диплом ишини ёзиш учун Самарқандга кетганимни, Жалолиддин туғилгандан кейин эса унинг тарбияси билан банд бўлганимни гапириб бердим.
Шу куни Саломатнинг вақти бемалол бўлгани учун Жалолиддинни унга қолдириб, йўл-йўлакай одамлардан сўраб-суриштириб, Отаназар аканинг уйига бордим.
Уйи пишиқ ғиштдан икки қаватли қилиб қурилган экан. Эшик қўнғироғини босгандим, эшикни ниҳоятда гўзал ва соҳибжамол аёл очди. Бу аёлни Отаназар аканинг турмуш ўртоғи бўлса керак деб тахмин қилдим.
Ўзаро салом-аликдан кейин ўзимни таништирдим. Сафар Бекжоннинг рафиқаси бўламан, исмим Қурбоной дедим.
– Данийман Сапарвойни, мани адим Ҳавохон, уйга гиринг эшик олдида турманг, - деди Ҳавохон опа соф Хоразм шевасида.
Ҳовлига кирдим. Тахминим тўғри чиқди. Отаназар аканинг рафиқаси Ҳавохон опа мени катта хонага таклиф қилди.
Мезбон эшик олдида менга шиппак бергандан кейин йиртиқ туфлийимни ечиб уй шиппагини кийдим.
Катта залга қўйилган катта сервантнинг ичига ҳар хил чинни идишлар дид билан терилганди. Деразанинг олдида ўсиб турган турфа гуллар одамга кўтаринки кайфият бахш этарди.
Уй ўртасида устига гулдор дастурхон ёзилган катта хонтахта қўйилган бўлиб, атрофига бахмал кўрпачалар солинган. Ҳавохон опа мени тўрга таклиф қилди. Хонтахтанинг бир чеккасига ўтириб, фотиҳа ўқиб бўлгандан кейин "хуш галдингиз" деб илтифот кўрсатди.
– Ман чой қўйиб келай кейин гаплашаверамиз, - деб чиқиб кетди.
Ҳавохон опа чиқиб кетганидан кейин яна бир бор атрофга разм солдим ва анча енгил тортдим. Унинг муомалаларидан, оқибатлилигидан кўнглим чароғон бўлди. Чунки кўпдан бери самимий суҳбатдош кўрмай келаётгандим. Сал кам икки йилдан буён ИИВнинг қовоғидан қор ёғиб турадиган терговчилари-ю қоронғулик босган, қон ҳиди анқиб турадиган қамоқхоналарнинг зах камераларини кўриб руҳан чарчагандим.
Хаёл дарёсига ғарқ бўлиб ўтирганимда Ҳавохон опа гулдор тепси кўтариб кириб келди. Тепсининг устида чинни лаганда пишган гўшт, патир нон, бир чойнак кўкчой, икки пиёла бор эди.
Нарсаларни дастурхонга қўйиб, "Олиб ўтиринг", - деди. Сўнг биз Тошкентдагидек ҳар икки гапнинг бирида олинг, енг, деб айтишга ўрганмаганмиз, деб ўзининг Туркманистоннинг Илонли туманидан эканини айтиб берди.
Хурсанд бўлиб кетдим. Ҳавохон опага онамнинг асли Илонли туманидан эканини, она-юртимнинг ўтмишини, тарихини, боболаримиз, тоғаларимизнинг аччиқ ҳаётини, қисматини, Туркманистондан Қорақалпоғистонга қандай келиб қолганларини, ҳамма-ҳаммасини гапириб бердим.
Ҳавохон опа гапларимни завқ билан эшитди. Илонлига борса менинг тоғаларим ҳақида яқин қариндошларидан сўраб кўришини, эҳтимол Туркманистонда қолган танишлари қариндошларимни таниши мумкинлигини айтди.
Она-юртимга мансуб қариндошларимнинг таржимаи ҳоли ҳақида гапириб бўлгандан кейин кеча Сафар ака даволанаётган Сангородга борганимни, у ерда Отаназар ака ҳам даволанаётганини билдирдим. Минг истиҳола билан Отаназар аканинг соғлиги ёмонлашганига доир хабарни етказдим. Буни Сафар ака уларга етказишим кераклигини тайинлаганини айтдим. Шу тариқа зиммамга юкланган вазифани адо этиб, жаннатий онахон Ҳавохон опа билан хайрлашиб уйга қайтдим.
Уйга келсам Саломат овқат пишириб қўйган экан.
Бирга овқатландик...
Бир куни менинг қийин аҳволда яшаётганимни билибми ёки бошқа сабабларга кўрами, салом-аликдан нарига ўтмайдиган қўшнимиз Жўрахон опа мендан қаерда ўқиганимни, дипломим бор-йўқлигини сўраб қолди. Ҳатто Сафар аканинг аҳволини сўрашни ҳам унутмади. Мен унга ўқиган жойларим ҳақида батафсил гапириб бердим.
Жўрахон опа менинг болалар боғчасида уч йил ишлаганимни эшитиб гўё қувонгандек бўлди. Унга боғчада мудира бўлиб ишлайдиган Марусия исмли таниши идиш-товоқ ювувчи ходима кераклигини айтган экан. – Сиз ишлайсизми, деб сўради. Ўзим боғчага ишга жойлашганимдан кейин у ерга Жалолиддинни ҳам жойлаштиришим осон бўлишини ўйлаб, сидқидилдан ишлашимни айтдим. Моддий қийинчиликлар тинка-мадоримни қуритганини билдирдим.
Шундан кейин Жўрахон опа Жалолиддинни шифокор кўригидан ўтказиш кераклигини айтиб, менга бир поликлиника манзилини берди. Шифокордан маълумотнома олгандан кейин мени шахсан ўзи боғча мудираси билан таништиражагини билдирди.
Эртаси куни Жўрахон опа айтган поликлиникага бордим. Шифокорлардан бири Жалолиддинни чирқиратиб йиғлатиб, номсиз бармоғидан қон олди. Ўн дақиқадан кейин қон таҳлили жавобини айтиш учун ёнимга келган шифокор аёл Жалолиддиннинг қон таҳлили яхши чиқмаганини, унинг руҳий касал эканини айтди. Сўнг қўлимга Тошкент шаҳар Ҳамза тумани руҳий касалликлар диспансерига йўлланма ёзиб берди. Клиникадан қандай чиқиб кетганимни ҳам билмай қолдим. Қулоқларим остига шифокорнинг "ўғлингиз жинни" деган сўзи муҳрланди. Бироқ Жалолиддиннинг руҳий касаллигига ҳеч ишонгим келмади. Сабаби унда бундай хасталик аломатларини сезмаганман.
Тўғри, ИИВда ҳушимни йўқотиб йиқилганимда Жалолиддин қаттиқ қўрқиб қолганди. Бу қўрқуви босилмасдан туриб, уни қўлимдан юлиб олиб мени тергашда халақит бермасин деган мақсадда бошқа хонага олиб чиқиб кетгани қўрқув ҳиссини янада ошириб юборганди. Шундан кейин нутқий қобилияти сустлашганди. Лекин руҳий хаста эмас эди.
Эртаси куни шифокорнинг ёзиб берган йўлланмаси асосида Ҳамза туман руҳий касалликлар диспансерига бордим.
Шифокор йўлланмани ўқигандан кейин мендан яшаш жойимни сўради. Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Якуб Колос кўчаси 22-уйда яшашимни айтдим.
Ундан кейин турмуш ўртоғимнинг ким бўлиб ишлашига доир савол берди. Жавоб бердим. "Эрк" партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаганини, сал кам икки йил олдин туҳмат билан қамоққа олинганини гапириб бердим.
– Бу тиббий ташҳисни сизга ким ёзиб берди, - деб сўради жиддий тусда.
Мени сўроқ қилаётган шифокорга ўзим борган поликлиника манзилини, у ерга ким юборганини ҳамда мени ва Жалолиддинни қабул қилган икки нафар шифокорларнинг исм-шарифини айтдим.
– Сиз ўғлингизга тиббий ташҳис қўйган шифокорларга бориб, уларнинг ўзи руҳий касал эканини, даволаб бўлмайдиган жиннилигини, касалликлари зўриқиб кетмасдан бизнинг диспансеримизга келиб даволаниши кераклигини айтинг. Ўғилингиз улардан кўра руҳан соғлом, ақлли.
Кўзларим ёшга тўлди. Ишонмасдан шифокордан Жалолиддинга қўйилган ташҳис тўғри-нотўғрилигини такрор ва такрор сўраб, тўғрилигига иқрор бўлганимдан кейин, хайрлашиб руҳий касалликлар диспансерини тарк этдим.
Йўл-йўлакай МХХ Жўрахон опани ҳам ўз домига тортганини, ўзларининг "қулоғи"га айлантириб олганини ўйлаб келдим, Бу жодугар хотинни кўрсам сочини юламан деб ўйлагандим, аммо у уйимиз бузилиб кўчиб кетгунимизча қайтиб кўзимга кўринмади.
Ойгул ўқишда эди. Уй ишлари билан овора бўлиб юрсам кўча эшиги тақиллади. Чиқсам Ахтам ака турган экан.
– Қурбоной, тез кийиниб чиқинг, Василанинг уйига борамиз, ишимиз бор, - деди.
Жалолиддин билан кийиниб чиқдик. Машинасини Василанинг уйига яқинлашганимизда тўхтатиб, мендан Василани чақириб келишимни илтимос қилди.
Мен Васила опани чақириб келдим. Васила опа машинанинг олдинги ўриндиғига ўтирди. Улар ўзаро пичирлашиб гаплашдилар. Мен Жалолиддин билан андармон бўлиб, уларнинг гапига эътибор бермадим.
Гаплари тугади, шекилли Васила опа хайрлашиб, машинадан тушиб уйига кетди.
Йўлда кетаётганимизда Ахтам ака менга Василага қанчадир миқдорда доллар берганини айтди.
– Қачон бердингиз, дедим.
– Ҳозир бердимку, кўрмадингизми?
– Йўқ, дедим. Чунки мен ростдан ҳам Ахтам аканинг Васила опага пул берганини кўрганим йўқ эди. – Шунча пулни нима учун бердингиз?
– "Эрк" газетасини тарқатгани учун.
Шу пайт Васила опа билан биринчи марта учрашганимда унинг менга айтган гапи ёдимга тушди. У ўшанда "мен Абдрураҳим ака учун керак бўлса жонимни бераман (Абдураҳим Пўлатов "Бирлик" ҳалқ харакатининг раиси) деганди. Энди эса, Абдураҳим Пўлатов учун "жонини берадиган" бу хотиннинг нима сабабдан Пўлатовнинг ашаддий душмани Муҳаммад Солиҳ раислик қилаётган партия газетасини тарқатишда ёрдам бераётгани таажжублантирди. Бироқ хаёлимга келган бу саволларни Ахтам акага айтмадим.
– Муҳаммад Солиҳнинг шунча пули борми, - ҳайрат аралаш сўрадим.
– Жудаям соддасизда, Қурбоной, Солиҳ акада пул кўп.
– Унда нега мен ёрдам сўраганимда бермади?
– Аччиқ бўлса ҳам очиғини айтаман, бироқ хафа бўлмайсиз. Муҳаммад Солиҳ Сафарни ёмон кўради. Шунинг учун ҳам сизга ёрдам бермайди. Бундан кейин ёрдам сўраб овора ҳам бўлманг.
Сафар акани нима учун ёмон кўради, деб сабабини сўрамадим. Чунки гапиришга ҳолим қолмаганди.
Ярим йўлда Ахтам ака мендан Фарғона водийсидан келган муҳолифатчилар қолган квартира манзилини ва уларни съёмкага олиб МХХчиларга ким берган деб ўйлайсиз, - деб сўраб қолди.
Аслида Ахтам ака айтган воқеалардан озми-кўпми хабарим бор эди. Бу ҳақида "Озодлик" радиосидан эшитгандим.
Ахтам ака менга қараб: – Сизни Хоразмга Муҳаммад Солиҳнинг укаси Комил аканинг уйига юборганим эсингиздами, - деди.
– Эсимда.
– Ўшанда ҳам Муҳаммад Солиҳ "Эрк" газетасини Туркиядан Ўзбекистонга, Юсуф Рўзимуҳаммадга бериб юборганди. Бироқ Юсуф Рўзимуҳаммад шу вақтда ҳам Солиҳ акани алдаганди.
Газеталарни Анҳор каналига ташлаб юбориб, Солиҳ акага газеталарни тарқатдим, деб ундан катта миқдорда доллар олганди. Шу куни Юсуф Рўзимуҳаммад Мақсуд Бекжоннинг уйида қолганди.
Мақсуд билан бирга роса ароқ ичган. Кайфи ошиб қолган Мақсуд Исмоил Жўрабековни бўралатиб сўккан. Унинг ҳақоратларини Юсуф Рўзимуҳаммад диктафонга ёзиб олиб, Исмоил Жўрабековга етказган. Натижада Жўрабеков кимларгадир Мақсудни ўлдириш бўйича буйруқ берган. Бундан хабар топганим учун мен сизни Хоразмга юборгандим.
– Ҳозир Мақсуд Бекжон қаерда?
– Украинада, агар ўшанда сиз бориб Комил акага айтмаганда Мақсуд Бекжон ё қамалиб кетарди ёки Исмоил Жўрабековнинг одамлари томонидан ажал топарди. Сиз уларнинг ҳаётини сақлаб қолиб катта иш қилдингиз.
– Нима учун ҳозир Мақсудни эслаб қолдингиз?
– Бу воқеаларни эслашимга Солиҳ аканинг бир неча марта Сафарни очиқ ҳақорат қилиб гапиргани туртки берди. Сафарни ўзича хушламаётган Муҳаммад Солиҳ укаси ва жиянининг ҳаётини Сафарнинг хотини, яъни сиз сақлаб қолганингизни ўйлаш керак эмасми?
Ўшанда мен сизни Хоразмга юборганимда ҳеч нарсани ўйламасдан йўлга отлангандингиз. Ваҳоланки, Комил аканинг уйига борганингизда сизни Хоразм милицияси ушлаб олиб кетиши, қамаб қўйиши ҳам мумкин эди. Сиз шуларни билган ҳолда ҳаётингизни ўртага қўйиб, Мақсудни Ўзбекистондан чиқиб кетсин деб айтиш учун Тошкентдан Хоразмга бордингиз. Ҳозир тарқатилмаган газета учун Солиҳ ака Василага шунча доллар берди. Лекин сиз учун 10 сўм ҳам бермайди. Бу воқеани шунинг учун эсладим.
– Пули ҳам, ёрдами ҳам бошида қолсин Муҳаммад Солиҳнинг. Ҳозир ёрдам берса "қамоқдалигингда хотинингга ёрдам берганман" деб, Сафар аканинг бўйнига бир умр осилиб олиши мумкин эди.
– Балки.
"Эрк" партиясини Ўзбекистонда чиқаришга имкон қолмагандан кейин Муҳаммад Солиҳ газетани Туркияда нашр қилдириб, Ўзбекистонда тарқатарди.
– Тушуняпсизми, "Эрк" газетасини Васила опадан олган водийликларни қамоққа олган МХХчилар улар жойлашган квартирани қаердан билган бўлиши мумкин? Қолаверса, водийлик муҳолифат фаолларининг газета ҳақида гаплашган гапларини ким видео съёмка қилиб МХХга етказиб берган? Бу ҳақида сиз нима дейсиз, Ахтам ака яна ўша мавзуга қайтди.
"Эрк" партияси ва "Бирлик" ҳаракатини МХХга хизмат қиладиганлар кўпайиб кетгани учун кимдан шубҳаланишни билишнинг ҳам иложи йўқ эди.
Тошкентда уй манзилингизни беринг ёрдамим тегади
Сафар ака билан учрашгани яна Шайхалига қараб йўлга чиқдим. Мурғаккина болажоним билан Қашқадарёнинг чўлларида қолиб кетиб, минг азоблар билан Шайхалига етиб борган кунларим ёдимга тушди.
Бола билан узоқ йўлга чиқиш қийинлигини, йўл азоби, гўр азоби эканини билганим учун, боз устига Жалолиддиннинг мазаси бўлмаётганини инобатга олиб уни бизникига келган қанукам Бекназарга қолдирдим...
Ва, ниҳоят, Шайхалига етиб бордим. Борганимда ҳали қамоқхона эшиги ҳам очилмаган, иш бошланмаган эди.
Бир пайт маҳкама ходимлари бирин-кетин ишга кела бошлади. Бошлиқ Алиҳайдар Қулимбетовнинг қабулхонаси ҳам очилди.
Навбатим келганда Сафар ака билан учрашувга кириш учун ёзган аризамни котибага топширдим.
Ичимни енгиб бўлмас қўрқув қоплаганди. Агар Қулимбетов Сафар ака билан учрашувимизга шу куни изн бермаса ҳолим чатоқ бўлади. Шунча жойдан келиб учраша олмай мажбуран уйга қайтиб кетишимга тўғри келади. Чунки Жалолиддинни Сафар аканинг укасига қолдиргандим. У Тошкентда бир кун қола олишини, бир кундан кейин Хоразмга қайтиши шарт ва зарурлигини қайта-қайта айтиб тайинлаганди. Шунинг учун Шайхалида икки кун қолишга имконим йўқ эди.
Орадан бир неча дақиқа ўтгандан кейин аризаларимизнинг жавобини айта бошлади. Кўпчилик ҳамроҳларимга эртанги кунга, менга эса шу кунга, соат 16:00 га икки соатлик учрашув беришди. Хурсанд бўлдим.
Бугунги кунга учрашув олган аёлларга қўшилиб бозорга бориб, майда-чуйда харид қилдим.
Белгиланган пайтда зонага кирита бошлашди.
Назоратчи ҳарбийлар қамоқхонага олиб кираётган нарсаларимизни ўлчаб кўриб, кейин киришимизга руҳсат беришди.
Маҳбуслар билан учрашадиган ниҳоятда қўрқинчли хоналарга кирдик.
Маҳбуслар бирин-кетин ўзларини кутаётган яқинлари олдига чиқа бошлади. Деярли ҳамма келди, бироқ Сафар ака чиққани йўқ.
Асабларим тамом бўлган бир пайтда хонага Сафар ака кириб келди. Зўрға танидим.
Бу гал олдинги сафар кўрганимдан ҳам абгор ҳолатда эди.
Териси суягига бориб ёпишган, кийган кийимлари шалвираб қолганди. Ҳолдан тойгани учун оёғида зўрға турарди. Сафар аканинг бу ҳолатини кўриб, бўғзимга келган фарёдимни аранг ичимга ютдим. Иккаламизнинг бир-биримизга айтадиган гапимиз кўп. Бироқ Сафар аканинг афтадоҳол кўринишини кўриб гапиришга мажолим қолмаганди. Бир-биримизга сўзсиз тикилардик.
У Жалолиддинни излай бошлади. Шунда Жалолиддиннинг мазаси йўқлиги учун уйга келган укаси Бекназарга ташлаб келганимни айтдим. (Ҳақиқатанан сўнги вақтларда Жалолиддиннинг соғлики жуда ёмонлашди. Умуман гапирмай қўйди, худди гунг болаларга ўхшаб фақат тушиниб бўлмайдиган овоз чиқаради. Шу вақтгача Сафар акага бу ҳақда айтмагандим юраги сиқилмасин деб. Бу гал чидай олмай ўғлининг аҳволи ҳақида очиқ айтдим. Номард терговчиларнинг ўғлини қандай ҳолга келтирганини билсин, дедим. Ўзбекистон ҳукумати Сафар акани ноҳақ қамаб қўйиб, қийноқларга солгани етмагандай, унинг ўғил бўлгани учун бир ярим яшар Жалолиддиндан ҳам қасос олаётган эдилар).
– Уйдагилар, онамнинг соғлиги яхши эканми?
– Бекназар ҳаммаларини яхши дейишди, - дедим. (Сафар аканинг бошига тушган мусибатларга чидай олмаган қайнонам фалаж бўлиб қолганди. Лекин бу ҳақида Сафар акага шу пайтгача айтмагандим.) Шунингдек, яқинда Бекжон бобо Фарғонага бораётганда йўлакай бизникига ҳам келиб-кетганини айтдим.
Сафар акага кўп нарсаларни айта олмадим. Аниқроғи, ҳар қанча уринсам ҳам айта олмадим. Гапларимнинг бўғзимдан чиқиши қийин бўлди.
Қамоқхона ходимлари учрашув вақти тугаганлигини айтгандан кейин апил-тапил қўлимдаги ярми ҳам тўлмаган қоғоз пакетни қўлига тутдим. Оз бўлса-да кўпдай кўринг деб йигирма сўм пул бердим.
– Ўзингга қолдими?
– Билетга етадиган пулим бор.
Хайрлашдик.
Учрашувдан чиққанимда қоронғу чўккан эди. Вокзалга бориб кассадан Тошкентга кетадиган поездга билет олмоқчи бўлсам шу кунга поезд йўқлигини айтишди.
Наилож Қарши шаҳрига боришга қарор қилдим. Бунинг учун одамлар айтганидек, катта кўчага чиқиб, автовокзалгача борадиган автобусга минишим керак эди. Вокзалдан чиқиб, такси тўхтатишга мажбур бўлдим. Қизил рангли Жигули келиб тўхтади. Ҳайдовчига ўзимнинг Тошкентдан келганимни, шаҳарчани яхши билмаслигимни, поездга кеч қолаётганимни айтиб, автобус бекатигача олиб бориб қўйишини илтимос қилдим.
– Яхши, чиқинг!
– Саломлашиб машинага миндим.
Ҳайдовчи Шайхалига нима учун келганимни сўради.
Мен 49/64-сонли қамоқхонада қолаётган хўжайиним билан икки соатлик учрашувга келганимни, чиққунимча поезд кетиб қолганини, энди Қарши шаҳрига боришим кераклигини айтдим.
Қамоқхонанинг номини эшитган ҳайдовчи менга ялт этиб қаради. Ўша пайтда унинг юз тузилишга эътибор бердим. У семиз, кўзи қисиқроқ, сариқдан келган одам эди. (Сафар ака қамоқдан чиққанидан кейин ўша воқеа ҳақида гапириб, ҳайдовчининг кўринишини айтганимда у менинг қамоқхона бошлиғи Алиҳайдар Қулимбетовнинг машинасига минганимни айтди).
– Сиз кимнинг орқасидан келганингизни, исм-шарифини айтинг, Тошкентдаги уй манзилингизни беринг, сизга кўп ёрдамим тегади.
– Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз, - қаҳр билан сўрадим. Машинангизга мажбур бўлганим учун мингандим. Тўхтатинг тушаман.
– Жаҳлингиз тез экан.
– Таклифингизни қувониб эшитишим керакмиди ёки раҳмат айтишимми? Тақдир тақозоси билан ўзингиз ҳам қамалиб қолсангиз сизнинг хотинингизга ҳам кимдир шундай таклиф қилганини эшитсангиз қандай қабул қилардингиз?
– Мен ёрдам...
– Раҳмат, мен ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож эмасман. Сиз қозоқмисиз?
– Қозоқман.
– Қайси уруғидансиз? (Ўшанда уруғини айтганди. Лекин унутдим).
– Мен қозоқлар орасида ўсганман. Менинг энг яқин дўстларим сизнинг уруғингизга мансуб. Бироқ мен билган қозоқлар мутлақо сизга ўхшамасди.
Хўппа семиз қозоқ киши юмган оғзини қайтиб очмади. Мени бекатда тушуриб, автобусга билет олиб қўлимга тутқазди. Мана шу ердан тўғри поезд вокзалига боришимни, ҳатто шу ерда турган йўловчилардан биттасига менга йўл кўрсатиб қўйишини илтимос қилиб, мен билан хайрлашди.
Автобус келди. Вокзалга келдим. Кассада Тошкентгача билет йўқ экан. Наилож, Тошкентга борадиган поезднинг дуч келган вагонига миндим. Мен чиққан вагон купе экан. Купелардан бирига кириб ўтириб олдим. Жой эгалари талаба йигитлар экан. Улар менга меҳрибонлик қилдилар. Йигитлардан бири билетим йўқ деган гапимни эшитиб, асло ҳижолат бўлмаслигимни, дўстларидан бири билан битта ўринда ётиб Тошкентгача етиб олишини, менга эса алоҳида ўрин беришини айтиб кайфиятимни кўтарди.
Кўп ўтмай йўлбошловчи чипта текшириб кириб қолди. Ҳаммасининг билетини кўрди. Мен билетим йўқлигини айтдим. Талаба йигитлар купеларида қолишимга қаршилик қилмагандан кейин йўлбошловчи бунинг учун 25 сўм талаб қилди. Менда эса бунча пул йўқ эди. Улар ўртадан пул йиғиб бермоқчи эди, бунга мен рози бўлмадим. Шундан кейин йўлбошловчи менга бошқа купедан жой берди.
Орадан тахминан бир соатлар ўтгандан кейин талаба йигитлардан бири егуликлар билан мен жойлашган ўринга келди. Пакетнинг ичида қайнатилган гўшт, нон, помидор, бодринг, кўк пиёз бор экан. Менимча улар ҳеч қандай егуликларим йўқлигини билганди.
Поезд эрта тонгда Тошкентга етиб келди. Мен уйга келгандан кейин Бекназар Хоразмга қайтиб кетди.
Сангород. Тилла тақинчоқ ва пулларимни ўмарган
гурланлик Зулайҳо ўғри
Сафар аканинг олдидан қайтганимдан кейин шу кунгача уйни бузиш ва мени кўчиришга доир таҳдидлар кучайди. Бу ҳақида биринчи марта уйимизга Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигидан келган ходимлар айтганда "уйни бузишса нима бўлибди, менинг дунём бузилганку", деб унчалик парво қилмагандим. Менга пўписа қиляпди деб ўйлагандим.
Шайхалидан қайтганимдан кейин 1995 йилнинг ёз фасли сўнги кунларида ҳокимиятнинг ходимлари яна келишди. Бироқ улар орасида биринчи марта келиб, "Кўчишга тайёргарлик кўринг", деб огоҳлантириб кетган иблис башара нусха йўқ эди. Бутунлай бошқа одамлар бўлиб, ораларида милиция ходими ҳам бор эди.
Ўзларини Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигида ишлайман деб таништирган кишиларнинг оғзиларидан ароқ ҳиди анқиб турарди. Улар орасидаги катта лавозим эгаси менга тез орада уйдан кўчиб кетишим кераклигини, бу буйруқ эканини айтди.
– Қаерга кўчаман, - дедим. – Мана шу саволимни сиздан олдин келган одамга ҳам бергандим.
– Қаерга кўчишингиз бизни мутлақо қизиқтирмайди.
– Уйни бузиб, мени кўчада қолдирмоқчимисизлар?
– Буни биз билмаймиз. Бу уйларнинг ўрнига йўл қурилади. Юртбошиимиз Ислом Каримовнинг махсус буйруғи бор.
– Мен нима қилишим керак, - жаҳлимни ичимга ютиб яна савол бердим. – Қўлимдаги кичкина ўғлим билан қаерга бораман? Ҳадемай қиш фасли ҳам келади.
– У сизнинг ишингиз...
Улар кетгандан кейин ҳанг-манг аҳволга тушиб қолдим. Уйни бузишса "Эрк"чиларга эмас, уйнинг қонуний эгаси Эркин акага квартира беришади. "Эрк" партиясининг пулига олинган уйни бузмоқчи бўлаётганларини партиядошлардан кимгадир айтишим керак деб Бош котиб Отаназар Орифовга телефон қилмоқчи бўлсам телефонни ўчириб қўйган экан. Телефонга бир ҳафта олдин пул тўлаган бўлсам ҳам ишламаётганидан ҳайрон бўлдим.
Шундан кейин наилож уйимизга яқин жойда жойлашган Мамадали Маҳмудовнинг ишхонасига – Ўзбекистон Маданият жамғармасига бордим. Котиба Саломат Қурбонаванинг олдига кириб, вазиятни айтиб тушунтириб, телефон қилиш учун руҳсат сўрадим.
Руҳсат бергандан кейин телефонни энди қўлимга олганимда қабулхона эшигини зарб билан очиб, шоир Ҳамроқул Асқар ичкарига кирди.
У Саломатга қараб бақира кетди. – Сафар Бекжоннинг хотинини нима учун киритдингиз? Сизга ўтган сафар "бу хотинни яна бир марта бу ерда кўрсам ишдан кетасиз", деб айтгандим, - деди.
Бутун вужудим титраб кетди. Сўнг Ҳамроқул Асқарнинг юзига қараб: – Мен кар эсасман, буни ўзимга айтганингизда ҳам бу ерга ҳеч қачон келмас эдим. Ишхонангиз бошингизда қолсин, дедим дона-дона қилиб ва эшикни зарб билан ёпиб чиқиб кетдим.
Жалолиддинни бағримга босиб уйга қайтдим.
Йўлакай Аллоҳнинг лаънатига учрагур, шоир бўлмай ўлгур Ҳамроқул Асқарни чин кўнглимдан қарғадим. Сафар ака бу номард Ҳамроқулга нима қилибди, арпасини хом ўрибдими? Телефон қилсам трубкаси тешилармиди, деб ўзимни ўзим саволлар билан кўмиб ташладим. Бундан кейин унинг шеърларини ўқимасликка, агар уйда китоблари бўлса йиртиб ташлашга аҳд қилдим.
Бу ташкилотга бирор жиддий сабаблар туфайли наилож ҳолатда қолганимда бормасам бошқа пайтларда ҳеч бормасдим. Кўнглим қолишига жамғарма раиси Мамадали Маҳмудовдан бир варақ хатдан ксерокопия олиш учун руҳсат сўраб, эшитажак гапимни эшитиб, ксеронусха ҳам қилдира олмай йиғлаб қайтганим сабаб бўлганди.
Мен табиатан романтикман. Шунинг учун ҳам доим шоирларларнинг тавсифини, хулқ-атворларини улар ёзган шеърга қараб психологик анализ қиламан. Шоир Ҳамроқул Асқарнинг шеърларини севиб ўқирдим. Шеърларидан келиб чиққан ҳолда ҳаётда ҳам ибратга лойиқ инсон бўлса керак деб ўйлардим.
Худди шундай Муҳаммад Солиҳ ва Мамадали Маҳмудовларни ҳам асарларидан келиб чиқиб, мутлақо ижобий хусусиятларга эга инсон сифатида гавдалантирардим. Бироқ шеър, роман, қисса муаллифлари билан ҳаётдаги шахс тамомила фарқ қиларкан.
Ҳамроқул Асқарнинг гапларини, тутумини кун давомида анализ қилиб, хаёлимдан чиқаролмай турган бир пайтимда кўча эшиги тақиллади. Бориб очсам котиба Саломат экан.
– Мени кечиринг Қурбоной опа.
– Сизнинг нима айбингиз бор?
– Ҳамроқул Асқарнинг гапини сизга олдинроқ айтганимда бугун ишхонамизга бормаган бўлардингиз.
– Хафа бўлманг, Саломат. Сафар ака қамалганидан кейин мени одамлар одам ўрнида кўрмай қолганига анча бўлган. Уларнинг сафига шоир Ҳамроқул Асқар кўшилса қўшилибди-да!
– Cиз кетганингиздан кейин ҳам қутирган итдек талади.
– Қайтанга сиз мени кечиринг Саломат, мени деб шунча гап эшитибсиз...
Ярим тунда телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтаргандим, нотаниш овоз эшитилди.
Саломлашмагани у ёқда турсин, ўзини таништирмади, қаердан телефон қилаётганини айтмади. "Сафарни оғир аҳволда Сангородга олиб келишди, бориб хабар олинг", - деб гўшакни қўйиб қўйди.
Куни билан ишламаган касофат телефоннинг тунда ишлаб кетганидан ҳайрон бўлдим. Кундуз куни шоир Ҳамроқул Асқар билан рўй берган кўнгилсизликлар оздай, ярим тунда эшитган бу хабарим мени бутунлай ҳолдан тойдирди.
Тонгни тикан устида ётгандай аранг оттирдим.
Эрталаб Жалолиддинни чала-чулпа овқатлантириб, Сангородга қараб йўл олдим.
Одатдагидек ҳовли одамлар билан лиқ тўла. Уларни оралаб ўтиб, бошлиқ Абдукарим Шодиевнинг қабулхонасига кирдим.
У ерда ҳам саноқсиз одамлар навбат кутиб турган экан. Мен ҳам учрашув сўраб ариза ёзиб, навбат кута бошладим.
Абдукарим Шодиевнинг олдига кирдим.
Мендан олдин кирган одамнинг масаласи билан шуғулланаётган экан. Қабулхонада навбат кутиб турганимда бошлиқ шуғулланаётган ҳалокатдан воқиф бўлгандим. Сангородда даволанаётган маҳбусни кўриш учун бир машина бўлиб келаётган оила автоҳалокатга учраб вафот этганини эшитгандим.
– Сиз шу ерда кутиб туринг, бир масалани ҳал қилишим керак, - деди Шодиев менга қараб.
Табиийки, мен қабулхонада кутдим.
Абдукарим Шодиев қайсидир ташкилотга телефон қилди. Вазиятни айтиб тушунтирди. Автоҳалокатдан вафот этган қорақалпоғистонлик кишининг жасадини уйигача олиб бориш учун юк машинаси кераклиги ҳақида гапирди. Сўнг тошкентлик марҳум учун ҳам машина гаплашди. Ундан кейин котиба қизни чақириб, унга марҳумларнинг ташқарида кутиб турган қорақалпоғистонлик ва тошкентлик яқинларини чақиришни буюрди. Ҳадемай, хонага қабулхонада навбат кутиб турганимда мендан навбатсиз кириши учун рухсат сўраган йигит билан бирга бир аёл ва бир эркак киши кириб келди.
Шодиев уларга жасадни Қорақалпоғистонга ва Тошкентга олиб бориш учун машина гаплашганини айтиб, қўлларига машина рақами ва бошқа ҳужжатларни тутқазишди.
Азадорлар чиқиб кетгандан кейин Шодиев мени эшита бошлади.
– Аварияга учраган кишилар ҳали ёш эди, - деди гап бошлашдан олдин оғир хўрсиниб.
Сангороднинг бошлиғи Абдукарим Шодиевнинг юзлари бирпасда ғамдан қорайиб кетди. Мен бу соҳада ишлайдиган инсонларда ҳам ачиниш туйғуси борлигини Абдукарим Шодиев қиёфасида биринчи марта кўраётган эдим.
Аризамни қўлига бердим. Ўқиб кўриб: – Сафарбой Бекжоновнинг касал бўлиб бу ерга келганини қаердан билдингиз, - деб сўради.
Индамадим.
Менинг жавоб бермаганим унинг ҳолатини ўзгартирмади. Бир оз ўйланиб ўтирди-да, аризамга имзо қўйиб, учрашувга эртага келинг, деб хайрлашди.
Хонадан чиқдим. Учрашувга кирадиган дарвоза олдига бордим. Одатдагидек туманот одам. Улар орасида қўлида Жалолиддин тенги қизчаси бор аёл диққатимни тортди. Қаерлик эканини сўрадим. Хоразм вилоятининг Гурлан туманидан келганларини айтди.
Қизчасининг тинимсиз йўталаётганини кўриб, аҳволини сўрагандим, аёл кеча тунда дарвоза олдида ётганларини, кечаси билан ёмғир ёғиб, қизи шамоллаб қолганини гапирди.
– Борадиган ерингиз йўқми?
– Тошкентда қариндошларимиз бор, кеча поезддан тушиб, уйларига борсак киритишмади.
– На учун?
– Билмайман.
– Қачон учрашувга руҳсат беришди?
– Эртанги кунга.
– Бугун нерда қолажақсизлар?
– Билмайман, меҳмонхонага борайлик десак пулимиз йўқ.
– Юринг, менинг уйимга борамиз. Менга ҳам эртанги кунга учрашув берди, бирга келамиз. Уйим бу ерга узоқ эмас, қизингиз совуқда бадтар касал бўлиб қолади.
Уйга таклиф қилганимдан кейин аёлнинг ёнида тахминан йигирма ёшли бир йигит ҳам бор эканини билдим. – Қайнонам ёлғиз бормагин деб эримнинг укасини ҳам қўшиб юборди. У кар, Хивадаги карлар мактабида ўқиган деди.
Уйга келгандан кейин танишдик. Исми Зулайҳо экан. Эри пахта ўғирлаб сотганликда айбланиб қамалган экан. Қизининг исмини хоразмлик машҳур раққоса Малоҳат Матчоновани яхши кўргани учун Малоҳат деб қўйган экан. Фамилиялари Матчонова экан.
Эртаси куни эрталаб Сангородга бирга бордик.
У эри билан, мен Сафар ака билан учрашдим.
Сафар аканинг юз-кўзи, ранг-рўйини кўриб қўрқиб кетдим. Қоқсуяк бўлиб қолганди. Боз устига қўллари титроқдан тўхтамасди. Жалолиддин ҳар доимгидай дадасини яна танимади. Касалхонадан чиқиб кетаётганимизда Зулайҳонинг эри олдимга келиб, хотини ва укасини уйга олиб борганим, меҳмон қилганим учун раҳмат айтди.
Зулайҳоларнинг Гурланга қайтиш билети бир кун кейинга бўлгани учун уларни яна уйга олиб келдим.
Сангороддан қайтиб, уйга эндигина кирганимизда эшик тақиллади. Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигининг вакили билан бирга участка нозири экан. Эшикни очишим билан улар уйга бостириб кирди.
– Кўчишга тайёрмисиз?
– Йўқ, қаерга кўчаман?
– Буни биз эмас, сиз биласиз. Бу ердан тезроқ кўчиб чиқиб кетишингиз керак! Шу ҳафтанинг охиригача бу кўчадаги ҳамма уйлар бузилади. Юқоридан шундай буйруқ бор.
– Мен қаерга кўчаман, қўлимдаги мурғаккина гўдак билан, бошимда хўжайиним бўлмаса?! Кўчада яшайманми?
– Яна такрорлайман, бу сизнинг ишингиз. Биз бор-йўғи ижрочимиз, буни юқори ҳал қилади, - деди бош бармоғини юқорига ниқтаб. – Бугун-эртага кўчсангиз-кўчдингиз кўчмасангиз уй ичидаги нарсаларингиз тупроқ тагида қолади.
– Уйи бузилаётган қўшниларимнинг уйи ўрнига квартира бериладими?
– Уйлари бузилаётганларнинг ҳаммаси квартира билан таъминланади.
– Бу уй учун-чи?
– Уй кимнинг номида бўлса ўша одам квартира олади.
Хаёлан Сафар акага ситам қилдим. Мени пичоқсиз сўйган экансиз, нима учун мени ўзингизнинг номингизга расмийлаштирилмаган уйга кўчириб келдингиз? Мен сиздан уй сўрагандимми? Бутун вужудимни қоплаб олган изтиробни табиийки, ҳеч ким билмасди. Танаси бошқа дард билмас деганлари каби.
Менинг йиғлаётганимни, тушкун кайфиятимни кўрган Зулайҳо қўрқиб кетди.
– Нега йиғлаяпсиз?
– Надан йиғламайин, уйни йиқажақлар, қаерга бораман?
– Қорақалпоғистонга онангизнинг олдига кетсангиз бўлмайдими, бу ерда азоб тортиб юргунча?
– Кетсам бўлади. Агар қайтиб борсам опам жон дейди. Мен қишлоққа қайтиб кетсам Сафар аканинг ҳолидан хабар олиш учун ким боради?
– Хабар оладиган ота-онаси йўқми?
– Ота-онаси, укалари бор. Лекин улар Туркманистонга сургун қилинган.
– На учун?
– "Халқ душмани"нинг ота-онаси, яқинлари Ўзбекистонда яшамасин деган қотил Ислом Каримовнинг эълон қилинмаган фармони бор.
– Сиз нишатиб яшийсиз, болангиз кичкина бўлгани учун ҳеч қаерда ишлай олмасангиз керак, ким пул беради сиза?
– Опам пул беради.
– Ман ейдиган, ичадиган киядиган нарсаларни Тошкентга келаётган ҳамқишлоқларимдан бериб юборади.
– Қийин экан сизга.
– Дим қийин, лекин чидийман.
– Бу уйни йиқса кейин нерда яшайсиз?
– Шаҳарнинг чеккасида, Қўйлиқ бозори томонда уйимиз бор. Бироқ уйда газ, ичимлик суви, телефон йўқ. Ёмғир ёғса устидан чакки ўтади. Дераза ойналари синиқ.
– На дийиша ҳайронман сиза.
– Ўзим ҳам билмайман...
Зулайҳо билан гаплашаётганда Дилором Исҳоқова билан бузилажак уй бўйича маслаҳатлашиб кўриш кераклиги ёдимга тушди. Сўнг Жалолиддинни Зулайҳога йиғлатиб қолдириб, Дилором опаникига қараб йўлга чиқдим.
Эшикни Дилором опа очди.
Юзи оппоқ, қатиқ суркаб олган экан. Узоқдан ёнган шамдек фақат кўзлари кўринади.
Салом-алик қилдик. Дилором опа юзидаги қатиқни ювгани душга кириб, ўн дақиқалардан кейин чиқди. Эгнида қип-қизил блуз, қора юпқа қўлида малбро сигарети. Сигаретнинг сассиқ хидидан нафасим бўғилди. Лекин чекманг, "мен ёмон кўраман", деб айтолмадим.
Шошилиб турганим учун тўғридан-тўғри мақсадга кўчиб, Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги "Эрк" партиясининг пулига келган мен яшаётган уйни бузишга тайёргарлик кўраётганини, уйнинг ҳужжат бўйича расмий эгаси бузилаётган уй ўрнига иккита квартира олажаклигини, бирор чора кўришлари кераклигини айтдим.
Дилором опанинг кўзлари чақчайиб кетди.
Жаҳлдан қўлидаги сигаретни қаттиқ ичига тортиб, тутунини олдин оғзидан, кейин бурнидан чиқарди.
Нафасим бадтар бўғилди, лекин чидашга мажбур эдим. Сўнг икки оёғини бир-бирига чалиштириб ўтирди. Бизнинг бу ҳолатимизни кўрган одам Дилором опани шоҳнинг тантиқ маликаси, мени эса эзилган хизматкор деб ўйларди.
– Келин, - деди сигарет тутунини фуфлаб: "Тул хотиннинг устига Бухородан чумчуқ келиб чичаркан". – Сиз бошингизга чичган чумчуқнинг бўқини бу ерга келиб овора бўлиб ўтирмай ўзингиз тозалайверинг.
Нафасим ичимга тушиб кетди. Бу ерда ўтиришдан бир маъно йўқлигини билиб, хайр-маъзурни насия қилиб уйга қайтдим.
Уйга келсам Зулайҳо сумкаларини тайёрлаб, мени дарвоза олдида кутиб турган экан.
– На бўлди, ман йўқ вақтимда анави лаънатилар келиб, бирор нима дедими, сумкаларингизгача тайёрлаб турибсизлар, - деб ҳайрон бўлдим.
– Биз кетажоқмиз.
– Поездга билетингиз эртага эмасми?
– Ҳа, эртага.
– Бугун нера борасизла, қариндошингиз уйига киргизмади, деб айтган эдингиз.
– Вокзалда қолажоймиз, ётоқхонангизнинг пардаларини йиғиштириб тахлаб қўйдим.
– Раҳмат.
Бир вақт дудуқланиб гапирадиган қайинукаси менга қараб нималар деди, бироқ сира тушунолмадим.
– На деб айтаётир?
Зулайҳонинг қорачадан келган юзлари бадтар қорайиб, йиғлаб юборди. – У мани сўкяпти, оғизга олиб бўлмайдан гаплар билан.
– Нега ҳе йўқ, бе йўқ янгангизни сўкасиз, дедим қайнукасига маслаҳат оҳангида: – Сўкманг, оғангизнинг хотини-ку. Уят бўлади. Сизнинг сўкканингизни эшитса оғангиз хафа бўлади.
У менга қараб, қўл ҳаракатлари билан бир нималар деди. Барибир тушуна олмадим.
Улар тезлик билан уйдан чиқиб кетишди. Ҳайратдан орқаларидан қараб қолавердим.
Жалолиддин билан ётоқхонага кириб, ҳақиқатанан ойнадан пардаларни олиб тахлаб қўйганига амин бўлдим. Диққатимни тумбочкаларнинг тортмалари тортди. Чунки улар очилган ва менинг баъзи ич кийимларим сочилиб ётарди.
Тортмаларни
қайтадан очиб, сочилган буюмларимни
тахлаб қўяман деб қарасам, тортмачада
турган тақинчоқларим йўқ. Сафар аканинг
узуги, олтин суви юритилган соати, Опам
юборган озроқ пул, ҳеч бири йўқ эди.
Зулайҳо қўлига нималар илинган бўлса
ҳаммасини йиғиб-териб олиб кетибди.
Шундан кейингина қайнукаси нималар деб
имо-ишора қилганида Зулайҳонинг ранги
ўзгариб йиғлаб юборганига ақлим етди.
Лекин кеч эди.
Менинг бор гуноҳим
Зулайҳо ва қўлидаги фарзанди ҳамда
қайнукаси Сангород ҳовлисида тупроққа
ағанаб ётмасин деб уйга олиб келганим
эди. Энди додимни кимга айтаман?
Зулайҳони уйга олиб келганимдан, Дилором Исҳоқованинг уйига борганимдан афсус қилиб кунни ўтказдим. Дилором опанинг "Тул хотиннинг бошига Бухородан чумчуқ келиб чичади, ўз бошингизга тушган аҳлатни ўзингиз тозаланг", деган гаплари қулоғим тагидан нари кетмади. Бироқ Бухородан чумчуқ овора бўлиб учиб келмаган бўлса-да, Хоразмдан келди. Уни ҳам мен лақма қўлидаги гўдагига ачиниб, ўзим бошлаб келдим. Яхшиям-ки, онам совға қилган узук қўлимда, зирак қулоғимда эди. Бўлмаса Зулайҳо Матчонова деган гурланлик ҳаромхўр, ўғри буларни ҳам шип-шийдам қилиб кетарди.
Қаерга кўчишингиз бизни мутлақо қизиқтирмайди
Тонгга яқин кўзим илинган экан, кўча эшигининг қаттиқ тақиллаганидан уйғониб кетдим.
Очсам эшик олдида 20 ёшлар атрофида бўлган оқ-сариқдан келган узун бўйли сариқ сочли йигит серрайиб турибди.
Салом-аликдан кейин ўзини таништирмасдан, қўлидаги сумкага ишора қилиб: – Сизга бериб юборди, - деди.
– Нима бу?
– Уйингизга кирганда очиб кўрасиз, деб худди орқасидан биров қувгандай шошилиб кўздан ғойиб бўлди. Орқасидан ҳайрон бўлиб қараб қолавердим.
Уйга кириб пакетни очсам ичи тўла "Эрк" газетаси.
Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас яна кўча эшиги тақиллади.
Очсам ёвдан қочган ёвмутдек айтажак гапимни эшитишни истамай қочиб кетган ўша йигит.
– Янга, бу сизга, деб қўлимга ўралган қоғоз тутқазди-да, яна худди олдингидек бир пасда кўздан ғойиб бўлди.
Яна унинг кимлигини, газеталарни ким бериб юборганини сўрай олмай қолдим. Ким бериб юборган бўлса ҳам боши ишламайдиган одам экан, дедим ўзимга-ўзим. Уйнинг атрофини МХХнинг югурдаклари ўраб олганини, боз устига бир-икки кун ичида бузилиши маълум бўлган уйда яшаётганимни билиб туриб шундай қиладими?
Ўша йигит ташлаб кетган қоғозни очдим. Ичида 150 сўм турибди. Жаҳлим чиқди, асабим бузилди. Тонг отганда ҳокимиятдан ёки МХХдан бирортаси келиб газеталарни кўриб қолса бошимга тушадиган фалокат бузилаётган уйдан ҳам катта бўлишини ўйлаб, уларни ертўлага тушуриб қўйдим.
Яхшиямки, шу куни уйда ҳамқишлоғим Ўктам бор эди. Унга Жалолиддинни қолдириб, Ахтам Розиқовнинг уйига, Сергелига боришга қарор қилдим. Чунки газеталардан тезроқ қутулишим керак эди. Шундай қилиб, ярим тунда Сергелига кетдим.
Ахтам аканинг уй эшигини тақиллатдим.
Эшикни Холида янга очди. Салом бериб, ичкарига кириб, Ахтам акани сўрадим. Уйда экан.
Салом-алик қилдик. Холида янга ошхонага чой қўйгани чиқиб кетган фурсатдан фойдаланиб, мен дардимни тўкиб солдим. Муҳаммад Солиҳнинг яна газета юборганини арз қилдим.
– Газеталарни сизга қачон олиб келди?
– Бугун эрталаб.
– Нима учун ҳозир бизнинг уйга келаётганингизда газеталарни метро ёки автобус ва троллейбусларнинг ўриндиқларига қўймадингиз? Қўйишингиз керак эди, ҳеч ким билмасди?
– Ие, мен бу ишни қандай қилиб қиламан?
Соат ўндан кейин автобус ва троллейбусларда ҳеч ким бўлмайди. Эрталаб ишга бораётганлар, талабалар олиб ўқирди.
– Мен автобусма-автобус юрганимда Жалолиддинга ким қарайди?
– Бола қўлингизда бўлса яхшику. Ҳеч ким парво қилмайди, назарига тушмайсиз.
Шу вақт эшик даст очилиб, Холида янга жаҳл билан кириб келди.
– Сиз Қурбонойга ўйлаб гапиряпсизми, - деб Ахтам акага юзланди. Бола билан газета тарқатиш у ёқда турсин, ўзи билан кўчада юриш осонми? Автобус ва трамвай, троллейбусларда қандай тарқатади?
– Нима бўпди?
– Йўқ, бу ишни қилманг Қурбоной.
– Ҳозир Ахтам ака билан бирга газеталарни машинада юриб тарқатамиз. (Сафар ака қамалганидан кейин мени ҳурмат қиладиган саноқли инсонлардан бири Холида янга эди).
Ахтам ака жиддий тусда гапирган Холида янгага қарши лом-мим дея олмади. Сўнг Ахтам аканинг машинасида бизникига келдик. Уйда Жалолиддинга қараб ўтирган Ўктамга ноиложликдан газета тарқатиш учун кетаётганимизни айтдим.
–
Майли,
сиз ишингизни қилаверинг, мен Жалолиддинни
ўйнатиб ўтираман.
Уйдан газетанинг
ярмини олиб, Холида янга билан биринчи
бўлиб, Мединститутнинг аёллар ҳожатхонасига
қўйдик. Тошкентда қаерда институт ва
университет бўлса деярли ҳаммасига
бориб, "Эрк"ни аёллар ётоқхонасига
қўйиб чиқдик.
Газетанинг қолганини олиш учун иккинчи марта уйга келганимизда МХХ лайчалари диққатига тушиб қолдик. Улар Ахтам акадан машинада нима ташияпсизлар, деб сўраганди, синглимнинг уйи бузилаётгани учун унинг нарсаларини бошқа жойга кўчиряпмиз, деб жавоб берди. Буни эшитган МХХнинг югурдаги бошқа савол бермади. Хуллас, тонг отгунча газеталарни тарқатиб улгурдик.
Уйга кирганимда кўзим беозор ухлаб ётган Жалолиддинга тушди. Чиройли ухлаётган болажонимни оҳиста кўтариб, бағримга босиб ётоқхонага олиб кириб ётқиздим. Шўрли болам бола бўлиб боладек яшай олмаётганидан хўрликларим келиб кетди. Жалолиддинни қучоқлаб мен ҳам ухлаб қолибман. Тонг отганда кимдир кўча эшигини ваҳима билан тақиллатди. Хоҳламайгина бориб эшикни очсам, ўша куни келган, исм-шарифлари, лавозимларини айтмаган Мирзо Улуғбек туман хокимлиги ходимлари серрайиб турибди. "Тирик мурда"ларнинг сони яна биттага кўпайибди.
– Кўчишга тайёрмисиз?
– Нимага, - дедим уйқусираб?
– Сиз нима тушгача ухлайсизми? Кўчишингиз кераклигини сизга ўтган куни келиб айтиб кетган эдик-ку! Бу уй бузилади, бу ерда йўл қурилиши бошланиши керак! Сиз эса, ашқол-дашқолларингизни йиғиштириб кўчиб кетишингиз керак!
– Қаерга кўчаман?
– Уни сиз биласиз?
– Менинг борадиган уйим йўқ. Менинг кўчишимга ёрдам берадиган танишим ҳам йўқ.
– Буни сиз биласиз, қаерга кўчишингиз, кимлар ёрдам бериши бизни қизиқтирмайди.
– Менга қаранг, ҳадеб менинг уйдан кўчишимни талаб қилавермай, уйни "Эрк" партиясига сотган собиқ уй эгаси Эркин акадан ҳам нималарнидир талаб қилсангизлар бўлмайдими? Сафар ака уйни ўз номига расмийлаштиришга улгура олмаганидан фойдаланиб, Эркин ака мана шу бузилаётган уй ўрнига компенсациядан ташқари Юнусобод туманидан тўрт хонали квартира олишди. Бугун кўчага ҳайдалаётган мени ўша ифлос одам ҳеч бўлмаса бир хонали квартирага жойлаштирса бўлмайдими? Уйнинг бузилишини билгани ҳолда бу виждонсиз Эркин ака "Уй сотилади" деб газетага яна эълон беришди. Бир неча мижозлар келиб, кун демай, тун демай телефон қилиб, менинг ҳаловатимни бузишди. Қани адолат? Ўзбекистон деган давлатда ҳақиқат борми? Ёки ҳаммаларингиз виждонларингизни эраталабки нонуштага қўшиб едингизларми? Кучларингиз эри қамалиб, ўзи ёш боласи билан аросатда қолган хотинга етяпти, холос. Виждонсизлар! Хўжайинимни ноҳақ қамаганларинг етмагандай энди мени ёш болам билан кўчага ҳайдамоқчисизлар! Ундан кўра қаманглар, сизлар ҳам қутиласизлар, мен ҳам бутун балолардан қутиламан. Қамалсам бунча азоб тортмасдим...
– Ҳокимиятдан келганлар бир-бирига қарашди.
– Бу уй "Эрк" партиясига сотилгани ҳақидаги айтаётган гапларингиз ростми?
– Ёлғон гапириб сизлардан қарзим борми?
– Уй эгасини танийсизми? У қаерда ишлайди?
– Сафар ака қамалмасдан олдин уйни Сафар аканинг номига расмийлаштириш учун ҳужжатларини олиб, уйга келганда кўргандим. Улар душанба куни нотариал идорага бориб, уйни Сафар аканинг номига ўтказишга келишган эдилар. Бироқ Сафар ака душанба куни эрталаб ишга кетгани бўйича қайтиб келмади. Ишхонасидан Собир Раҳимов туман прокурори Эргаш Жўраевнинг одамлари келиб, ҳибсхонага олиб кетишди.
– Эркин ака шундан кейин бошқа келишмадими?
– Бир марта келганда Сафар акани сўради, қамалиб қолганини айтдим, ундан кейин бир марта ҳам қорасини кўрсатмади.
– Бу одам қаерлик, қаерда ишлайди?
– Наманганлик, қайсидир Илмий-текшириш институтида ишлашини Сафар акадан эшитганман.
– Партиядагилардан бу уй "Эрк" партияси учун сотиб олинганини кимлар билади?
– Ҳаммаси билади. Бироқ ҳозир улар қамаб қўяди деб, буни очиқ айтишга қўрқишади.
Мен билан гаплашаётган одамнинг юзига қарадим. Чунки унинг сўроқлари оҳангида МХХ терговчиларига хос аломатлар бор эди. У менинг фойдам учунми, зарарим учунми, шу пайтгача бўлиб ўтган ҳамма воқеаларни майдалаб сўраётганди.
– Нега бу гапларни олдин айтмадингиз?
– Айтганимда бир фойда чиқармиди? Ҳозир ҳам биламан, бу уйдан мени итдек ҳайдаб чиқарасизлар. Уйни сотиб олган одамлар бир чеккада қолиб, Эркин акага квартира берасизлар. Владимир Норовнинг таклифини қабул қилганимда ҳозир менга ҳам тўрт хонали уй берардингизлар.
Улар жим бўлиб қолди. Бироқ улардан ҳеч бири мендан Владимир Норов ким, унинг бу ишга нима алоқаси бор деб сўрамади. Мен ҳам Владимир Норов билан учрашганимни ва суҳбатлашганимни айтмадим. Мана шу гапларимни эшитгандан кейин улар ҳеч нарса демай уйдан чиқиб кетишди...
Тушдан кейин шу пайтгача ўзларини Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги вакилларимиз деб келаётган турқи совуқ каслар яна келишди.
Бу гал уларнинг ёнида ранг-рўйи оқариб кетган уй эгаси Эркин ака узун бўйли қора сочли йигит ҳам бор эди. Мен бу йигитни дарров танидим.
У ҳар кун эрталаб Ўзбекистон телевидениесида қайсидир кўрсатувни олиб борарди. Исм-фамилияси адашмасам Анвар Каримов эди. Бироқ ТВ суҳандонининг ўртадаги можароларга нима даҳли борлигини билолмай ҳайрон эдим.
Шу ерда улар ўзаро нималарнидир гаплашди. Сўнг менга ҳеч нарса демай, Эркин аканинг опачаси, ён қўшним Жўрахон опанинг уйига чиқиб кетди. Уларнинг нимага келиб, нимага кетганини тушунолмай қолавердим. Кўчамизнинг бошида эса, иккита уй бузилганди. Шу куни уйга бошқа ҳеч ким келмади.
Эртаси куни ўша таниш нусхалар яна келди.
– Кўчишга тайёргарлик кўринг, машина топиб берамиз, дейишди улардан бири. Кейинчалик уларнинг Жўрахон опанинг уйида нималар ҳақида гаплашганини Жўрахон опанинг ўғли Бобурдан эшитдим. Мастлик ростлик деганидек, Бобур менга ҳамма гапни очиқ айтиб берди.
Сафар ака қамалгaнидан кейин "ўғлингиз билан ўйнар", деб Жўрахон опа менга битта кучук берганди. Кучун катта бўлиб итга айланганди. Унга Леди деб ном бергандим. "Кўчиб кет", деб келувчи турқи совуқларнинг сони кўпайгандан кейин Леди овқат емай, бағрини ерга бериб ётиб қолди. Кечқурунлари овқат берсам ҳам емайди.
– Леди, овқат егин, агар мен кўчсам, сени ташлаб кетмайман, деб ялиндим.
Ит ердан бошини кўтариб менга қаради. Шу пайт унинг кўзларида ёш кўрдим. Менинг забун ҳолимга ҳатто ҳайвон ҳам йиғламоқда эди, бироқ ён-атрофимдаги одамлар тамомила бамайлихотир эди.
Бобурнинг мастликда айтган рост сўзлари
Эртаси куни эрталаб кутилмаганда Дилором Исҳоқова телефон қилди. Салом-аликсиз гапни Олий суд биносида Мурод Жўраевнинг суди бўлишидан бошлади, судга, иложини топиб албатта боришимни айтиб гўшакни қўйди.
Суд тушдан кейин бошланишини билганимдан кейин уйга ҳамқишлоғим Ўктамни чақириб, Жалолиддинни яна унга қолдирдим-да судга бордим.
Борганимда Олий суд биноси олдида Дилором опадан ташқари қора кўз, қора-қошли, ўрта бўйли, тахминан ўттиз ёшларда бўлган бир эркак ва бир-иккита ўрта ёшли аёллар бор эди.
Дилором опа ўртамизда ҳеч қандай дилхираликлар бўлмагандай мени ёнидаги ҳамроҳларига "Сафар Бекжоннинг хотини" деб таништирди. Сўнг уларни менга таништиришга ўтди.
Ўртача бўйли, юз-кўзидан нур ёғилиб турган аёл Мурод аканинг тутинган онаси экан. Мурод ака Тошкентда ўқиганда унинг уйида квартирада яшаган экан, шу тариқа она-бола бўлиб кетган экан.
Иккинчи русийзабон аёлни эса "Независимая газета" нашрининг мухбири деб таништирди. Ўша мухбир мендан интервью олишга ҳаракат қилди. Бироқ рус тилини яхши билмаганим тузуккина панд берди. Аммо Дилором опанинг ёрдамида саволларига жавоб бердим.
Суд залига кирганимизда Мурод Жўраевнинг судига саноқли одамлар келганини билдим.
Ҳеч кимни танимаганим учун Дилором опанинг ёнига ўтирдим.
Бир вақт ҳарбийларникига ўхшаган кийимда залга кириб келган ёш йигит Дилором опанинг олдига келиб, у билан қуюқ сўрашди. Дилором опа ҳам худди эски ва яқин танишидек гаплашди. Улар ўзаро суҳбатлашаётган пайтда судьянинг исми Ислом эканини билдим. Ислом минбарга бориб, ўз ўрнини эгаллади ва залдагиларга буйруқ оҳангида: "Туринглар, судланувчилар келаяпти", деб амр берди.
Бир вақт ҳарбий аскарлар қуршовида суд залига қўллари кишанланган Мурод Жўраев ва унинг ҳамроҳлари кириб келди.
Судланувчиларни темир қафас ичига киритиб, устларидан қулфлаб қўйди.
Мурод акани тўйимизга келганида кўрганим учун дарров танидим, лекин ҳамроҳларидан ҳеч қайси бирини танимадим.
Орадан икки-уч дақиқа ўтар-ўтмас, Ислом яна буйруқ оҳангида "Ўрнингиздан турингизлар, Суд келаяпти", деди.
Ҳаммамиз ўрнимиздан турдик.
Минбарга елкасига погон таққан беш-олти жаллодлар тўдаси кириб келди. Уларнинг ўликдек совуқ башарасини кўрганимда устимдан бир пақир сув қуйилгандек жунжикиб кетдим.
Ислом "маҳлуқлар" тўдасини бирма-бир таништирди. Менинг эсимда унутилмас бўлиб қолгани прокурор Рашид Қодиров эди.
Судланувчиларга сўз берилди. Улар ўзларини таништирди. Кейин суд раиси деб эълон қилинган судья Ўзбекистон Жиноят кодексидан Мурод ака ва унинг ҳамроҳларига қўйилган айбномани бирма-бир ўқиб эшиттирди. Мурод ака ҳамроҳларига "Ўзбекистон давлат тузумини ағдариш" моддаси қўйилган эди. Суд ўн беш дақиқага етмай тугади.
Судья суд бошқа куни давом этишини эълон қилди.
Суддан чиқиб, уйга кетдим. Метродан тушиб йўл чеккасида келаётганимда Эркин акани учратиб қолдим.
Ўзаро салом-аликдан кейин у мендан қаердан келаётганимни сўради. Сафар аканинг дўстларидан бирининг судига борганимни айтгандим: – Уйни бузишга шайланаётган бир пайтда судга боришга юрагингиз қандай дов берди, деб ҳайратомуз тусда сўради.
– Бузса бузар, уйни бузади деб судга ҳам бормай мотам тутиб ўтирайми? Сафар аканинг судига боролмаганим энг катта армоним эди. Эркин ака гапларимиз чўзилса мендан яхши гап эшитмаслигини ҳис қилди шекилли, мавзуни ўзгартирди.
– Қачон кўчасиз?
– Билмайман, бир ўзим қандай кўчаман?
– Сизга қийин! Бир нарса сўрамоқчи эдим, сиз ҳокимиятдан келган одамларга менинг уйни "Эрк" партиясига сотганимни айтган эдингизми?
– Айтдим.
– Бекор қилибсиз. Улар барибир мен томон бўлишди, ўғлимнинг телевидениеда ишлаши жуда катта фойда берди. Ҳокимиятдан келганлар билан шахсан Анварнинг ўзи гаплашди.
– Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди, Эркин ака, - дедим алам билан.
– Эркин аканинг юзи бўз газламадай оқариб кетди. Жавоб қайтармай, апил-тепил йўлида давом этди.
Мен уйга келганимдан кейин Ўктам кетди. Жалолиддин билан ёлғиз қолдим. Кечқурун уйимизга Эркин аканинг жияни, ён қўшним Жўрахон опа (Эркин аканинг синглиси)нинг ўғли Бобур кирди. Бобур маст эди.
– Келинойи, сиз тоғамнинг ифлос одам эканини билиб қўйишингиз керак! Мен унинг кирдикорларини сизга айтгани келдим.
– Нимани, дедим ҳайрон бўлиб?
– Мана шу сиз яшаётган уй тоғамники эканини билсангиз керак.
– Биламан.
–
Тоғам мана
шу ҳовли учун Юнусободдан квартира
олди, бундан ташқари хўжайинингизнинг
партиясидан ҳам пул олган. Эрингиз
қамалиб кетганидан кейин тоғам бу уйни
сотиш учун қайтадан газетага эълон
берди.
Эсингиздами, уйингизга ҳар куни
ҳовлини кўргани одамлар келарди.
– Эсимда.
–
Ойижоним
эри қамалиб, ёлғиз қолган аёлни кўчага
ҳайдамоқчимисиз, деб тоғамни роса
уришди. Шундай қилиб, газетага берган
эълонини зўрға олдиртириб ташлаттирди.
Яқинда тоғам уйимизга келганда ойижоним
"қиш яқин, бу хотин кичкина боласи
билан қаерга боради, уйни номига ўтказиб
берсангиз балки унга ҳам домдан квартира
берар, деб юз марта айтди, бироқ тоғам
рози бўлмади. Ҳамма бало тоғамнинг тожик
хотинида.
Тожик хотини билан унинг
олдинги эридан бўлган ўғли Анвар
тоғамнинг бурнидан ип ўтказиб олган,
шу тариқа тоғам уларнинг чизган чизиғидан
чиқмайдиган лапашанг ҳолга келиб қолган.
Бобур маст эди. Лекин айтаётган гаплари ҳаммаси рост эди. Мастлик ростлик деганлари шумикан?
– Бобуржон, тоғангизга ҳам, унинг ўгай ўғли Анварга ҳам боққан бало бордир. Ҳокимиятда ишлайдиган ҳаромзодалар ҳам, ДХХ ҳам тоғангиз томонда.
– Тўғри айтасиз, Анвар келган одамларга телевидениеда ишлайдиган қандайдир ҳужжатларини кўрсатиб, шантаж қилди. Ўгай ўғли келгунча тоғам қаттиқ қўрқиб турганди.
– Зўрники тегирман юритади, деб шунга айтадилар-да!
Бобур яна нималардир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эди, хотини келиб олиб кетди.
Мен ўз қулоқларим билан эшитган гапларим қаршисида лол бўлиб қолавердим. Бобурни шундан кейин қайтиб кўрмадим.
Ҳаётимни заҳарлаган Якуб Колос кўчаси
22-уйни тарк этиш
Туни билан ухлай олмадим. Бошимга тушаётган фалокатларнинг орқа-олди йўқ эди. Эрталаб Жалолиддинни кийинтириб ўтиргандим, уйга ҳаллослаб етти-сакиз ёшлардаги нотаниш бир болакай югуриб кирди.
– Келинойи нима қилиб ўтирибсиз, уйингизни бузмоқчи бўлиб турибди. Жалолиддинни кўтариб югуриб чиқсам эксковаторнинг темир панжаси лапанглаб бошим устида турибди.
Мен югуриб бориб тариллаб турган экскаваторнинг эшигини жаҳл билан тарсиллатиб урдим. Ҳайдовчи қарсиллаган овозни эшитиб, экскаваторни ўчирди.
Экскаваторчининг ранги қўрқувдан оппоқ бўлиб оқариб кетди.
– Ичкарида сиз бор эдингизми?
– Билмадингизми?
– Йўқ.
– Нима қилмоқчисиз?
– Уйни бузмоқчиман.
– Уйнинг ичида мен ва ўғлим борлигини наҳотки билмаган бўлсангиз?
– Билганим йўқ.
– Сизга уйни буз деб ким айтди?
– Ана улар.
Экскаваторчи қўли билан кўрсатган томонга қарадим. Кўзим уйга ҳар икки кунда бир марта келиб, уйдан тезроқ кўчишимни айтиб асабларимни жунбушга келтирадиган, исм-шарифини айтишни истамай келаётган чувриндининг истеҳзо аралаш кулиб турганига тушди.
– Амаки ўша маҳлуқларнинг гапига кириб, ҳеч нарсага қарамай уйни бузганингизда мени ва ўғлимни ўлдирган бўлардингиз, шуни билармидингиз?
– Йўқ. Улар менга ичкарида одам йўқ, бузаверинг деб айтди.
Асабий ҳолда қўлини орқасига қўйиб мен билан экскаваторчининг суҳбатига қулоқ тутиб турган иблиссифат одамлар олдига бордим.
– Уйни бузишга сизлар буйруқ бердингизларми?
– Ҳа, биз айтдик.
– Олдин уйнинг ичини текшириб, кейин бузишга амр берсангизлар бўлмайдими? Уйда менинг борлигимни, ҳали кўчмаганлигимни билмасмидингизлар?
– Билардик.
– Билиб туриб уйни устимиздан буздирмоқчимидингизлар, тагида бизни ўлдирмоқчимидингизлар?
– Ҳа шундай! Нима бўлибди ўлсангиз? Битта ватан хоинининг хотини билан ўғли ўлса ер юзида одам камайиб қоладими?
Унинг ушбу гапларидан кейин совуқ юзига қарадим. Унинг афт-ангорини мени ИИВ биносида тергов қилган Ботир Ражабович Турсуновнинг турқига ўхшатдим. Бу номи йўғу ўзи бор нусхалар намунча бир-бирига ўхшамаса, дедим ичимда.
– Билмасангиз билиб қўйинг, менинг хўжайиним Ватан хоини эмас! Ўзбекистоннинг озодлиги учун курашиб, охири зиндонбанд бўлган мард ва жасур ўғлон. Буни вақти келиб биласизлар ва ваҳшийликларингиз учун жавоб берасизлар!
– Кўп гапирманг!
– Гапирсам нима қиласиз? Қамаб қўясизми? Қамасангиз қамайверинг, очиқ зиндонда яшаганимдан кўра қамоқда ўтирганим минг бора яхши.
– Бизнинг кимлигимизни биласанми ўзинг, - деди кибр билан биттаси.
– Инсонга ўхшаб ўзларингизни таништирмасангизлар мен сизларнинг кимлигингизни қаердан биламан?
– Биз Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигида ишлаймиз. Туманимизнинг ҳокими Шавкат Миромонович Мирзиёев нима десалар, биз унинг буйруғини сўзсиз бажарамиз. Сиздек Ватан хоинларининг хотинларини истасак кўчага ҳайдаймиз, истасак уйини бузамиз.
– Кўчишга тайёргарлик кўринг. Биз уйингиздаги мебелларни ташишда сизга ёрдам берамиз, ҳадемай юк машинаси келади.
– Қаерга кўчаман?
– Бектемир туманида хўжайинингизнинг уйи бор экан. Ўша ерга кўчасиз.
– Нима ҳам дердим, замон зўрники, зўрники тегирмон юритади.
Уйга кириб Жалолиддинни ўтирғизиб қўйиб, нарсаларни йиғиштира бошлагандим терас эшиги тақиллади.
Кўча дарвоза бузилгани учун ким келса ҳам тўғри тераснинг эшигини тақиллатарди. Чиқсам эшик олдида Сафар аканинг маҳалладаги дўстларидан бири Комил ака турибди.
Саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраганимдан кейин уйга таклиф қилдим.
– Уйингизни бузаётганини эшитиб хабар олгани келгандим.
– Ким айтди сизга?
– ...
Саволимга жавоб беришмади...
Китобларни катта дастурхонга солиб боғладим. Ҳалигача ўзини таништирмаётган ҳокимиятнинг ходими айтган икки-уч одам келди ва дарвоза олдида турган юк машинасига мебел ва бошқа майда-чуйда нарсаларни юклай бошлади. Сафар ака Туркиядан олиб келган Қуръони Каримнинг "Ёсин" сураси ёзилган, керамикадан тайёрланган сувенирни ва "Бибило" (хотира ҳайкалчаси) ҳамда ёзув машинкасини юмшоқ газламага ўраб, юк машинасининг кабинасига қўйдим. Ҳайдовчи рус йигитга эҳтиёт қилишини алоҳида тайинладим.
Машина тўлгандан кейин Комил акани юкларга қўшиб кўчаётган уйимизга юбордим. Ўзим қолган нарсаларни йиғиштирдим. Орадан икки-уч соат ўтмай Комил ака битта машинада қайтиб келди.
– Келинойи юкларни туширдик. Абдуқаюм билан Иброҳим уйга киритяпти, - деди. (Абдуқаюм бизнинг эски уйимизда аёли Сауле билан бирга ижарада яшаётган сайрамлик қозоқ миллатига мансуб йигит. Уни икки-уч ой олдин маҳалладошларим Жорка билан Комил Якуб Колосдаги уйимизга бирга олиб келган эди. Уй қаровсиз ётгани учун ҳомиладор аёли билан бирга яшашига рухсат бергандим. Ижара ҳақи учун неча пул тўлашларини сўраганда мен "одамларнинг Сафар ака қамалиб, хотини уйига ижарага одам қўйиб яшаяпди" деган сўзларидан қўрқиб, бепул яшашларига рози бўлгандим).
Комил ака олиб келган машинага қолган нарсаларни юкладик.
Леди итимни эса машинанинг юкхонасида Комил ака ушлаб ўтирди. Мен ва Жалолиддин эса машинанинг кабинасига миндик.
Йўл бўйи бизни "Нексия" ва "Матиз" русумли иккита оқ рангли машина Якуб Колос кўчасидан то Бектемир туманидаги уйимизгача кузатиб келди. Олдинига йўлларимиз шунчаки тўқнаш келиб қолган бўлса керак деб ўйладим. Бироқ изма-из келишни канда қилмагандан кейин "Боғи Эрам" боғида туну кун бепул қўриқлайдиган қўриқчиларим эканига ишондим.
Бу икки машинанинг бизни кузатиб келаётганини ҳайдовчи ҳам пайқаган экан. Мен ваҳима қилмай қўя қолайин деб унга индамагандим. Бу ҳақида ўзи айтиб қолди. Ҳайдовчи уларнинг менга ким бўлишини сўради. Мен эса хўжайиним қамалгандан кейин давлат томонидан мени кеча-ю кундуз назорат қилиш учун қўйилган МХХнинг ҳаромзодалари эканини айтдим.
– Хўжайинингиз қамалган бўлса сизнинг нима айбингиз бор, - деди ҳайдовчи.
– Мен ҳам шу саволга жавоб тополмаяпман, нима айбим борлигини билолмаяпман.
– Органдагиларга нотаниш одамлар мени доим кузатишади деб бориб айтмадингизми?
– Содда экансиз, кимга айтаман, ахир уларга ўзлари буйруқ берганку. Ҳайдовчи менинг уларни алам билан қарғаган гапларимни эшитиб, уйга етиб боргунча овозини чиқармади.
Юк машинасининг кабинасидан тушаётганда ҳайдовчига қараб: – Сиз қўрқманг, улар сизга тегмайди, - дедим.
Сауле шўрва пиширган экан.
– Келингизлар, олдин овқатланиб олингизлар, кейин нарсаларни ичкарига киритамиз, - деди Абдуқаюм.
Овқатланиб бўлгандан кейин бир оз дам олиб ташқарига чиқиб қарасам кўп нарсаларим йўққа ўхшади. Комил акага ёрдам бергани учун миннатдорлик ўрнида қизига темир кароватни бериш учун қидиргандим, тополмадим. Шубаҳаларим кучайиб, қолган нарсаларни излай бошладим. Бироқ қўлга илинадиган нарсаларим – гилам, полос, Сафар аканинг Туркиядан олиб келган чиройли идишларидан ҳеч қайси бири йўқ. Керакли нарсаларимни ўғирлаганлари етмаганидай яқинда жиянимнинг эри олиб келган ўн литрлик бидондаги ёғ, ун, гуруч, шакар, ҳатто Сафар аканинг ёзув машинаси, ноёб китоблар, ёдгорликлар ҳам йўқ. Ўғрилар фақат оғир бўлгани учун мебелларни ўғирлашмаган.
Эвоҳ, пешонам бунчалар шўр бўлмаса?!
Гурланлик Зулайҳо Матчонованинг касалманд қизи билан совуқда, ёғин-сочинли кунларда кўчада, тупроққа беланиб яшаши мени қаттиқ изтиробга солди. Шу сабабли уларни уйга олиб келдим. Бироқ Зулайҳо менинг уларга кўрсатган бу раҳму шафқатимга тақинчоқларимни ўғирлаш билан жавоб қайтарди.
Худди шундай ўғирлик ҳолати Қашқадарёдаги Шайхали қамоқхонасидан келаётганимда поездда рўй берди. Менга ҳамроҳ бўлиб келаётган, қамоқдаги эри олдидан қайтаётган бир хотин ва унинг қайинсинглиси ҳамёнимни ўғирлашди.
Булар етмаганидек, "Боғи эрам" парки рўпарасидаги мен яшаётган уй-жой ҳукумат қарори билан бузилганда юкларимни кўчириш учун ҳукумат томонидан берилган иккита юк машинаси ҳайдовчилари ҳам қўлга илинадиган гиламларимдан тортиб то озиқ-овқатларимгача ўғирлашди.
Ўзбекистон ҳукумати эса Сафар акани қандайдир "занглаган танга"ни ўғирлаган деган туҳмат билан қамаб, бизга озор беришни давом эттиряпди. Аслида эса ҳақиқий ўғри ва муттаҳамлар ташқарида ялло қилиб юрибди, бегуноҳ инсонлар эса қамоқхоналарда қон ютиб ўтирибди. Қани адолат? Шу ҳам адолатми?
Туман ҳокими Шавкат Мирзиёев номига шикоят ёзинг
Бошимни
қайси тошга уришни билмай юрган
кунларимнинг бирида Мурод Жўраевнинг
суди бўлиши ҳақидаги янгиликдан хабар
топдим. Шундан кейин ўзимни ўзим Мурод
Жўраевнинг судига борсам уйдан уйга
кўчаётганимизда содир бўлган ўғирликлар
бўйича нима қилишим кераклигига доир
кимдир маслаҳат бериб қолар, деган
умидлар билан овута бошладим.
Ва,
ниҳоят шу кун ҳам келди. Янги уйга кўчиб
келган кунимнинг эртаси куни Мурод
Жўраевнинг суди бўлди. Судда қатнашиш
учун Жалодиддинни Сафар аканинг дўсти
Иброҳимнинг онасига қолдириб, ўзим
Мурод Жўраевнинг судига кетдим.
Олий суднинг биноси олдига борганимда кимдир ёнимга келиб, ким учун келганимни сўради.
– Мурод Жўраев учун келдим.
– Қариндошингизми?
– Йўқ.
– Танишингизми?
– Йўқ.
– Унда нимага келдингиз судига?
– Мурод ака "Эрк" партиясида хўжайиним билан бирга ишлаган, яқин дўстларидан бири.
– Шахсан танимасангиз нимага келдингиз?
– Келишим учун сиздан руҳсат сўрашим керакми?
– Йўқ.
– Мен хўжайинимнинг судига бора олмаганман.
– Хўжайинингиз ким?
– Сафар Бекжон.
– Судига бормаганмисиз?
– Йўқ, суди қачон, қайси шаҳарда бўлишини менга айтишмаган. Суд Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида бўлган. У ерга бориб келиш учун давлат адвокатимизга ҳам бир кунга руҳсат берган. Хўжайинимнинг судига бора олмаганим энг катта армоним. Шунинг учун Мурод аканинг судига келдим.
– Шундайми?
– Шундай.
У орқасига ўгирилиб кетди. Олий суд биносининг олд томонига ўтсам Дилором Исҳоқова ва Мурод Жўраевнинг маънавий онасиман деган аёл ва бошқа бир-икки киши ҳамда Мурод аканинг синглиси Муҳаббат турган экан. Бориб саломлашиб, сафларига қўшилдим.
Дилором опа мени уларга, уларни менга таништирди. Узун бўйли, истараси иссиқ аёлни Мурод аканинг рафиқаси Холбика опа деб таништирди. Холбика опа Сафар аканинг рафиқаси эканимни билганидан кейин Муборакка, Мурод аканинг ота-онаси уйига борганимда учраша олмаганини айтиб, афсус чекканини билдирди.
Дилором опа шахсий ҳаёти ҳақида ҳикоя айтиш билан банд эди. Қизларини боқиш оғир бўлиб қолгани учун ўзи билан судга бирга келган кишига –Рустамга турмушга чиққанини айтаётганди. Ҳозирги вақтда эрсиз ёлғиз яшаш оғир эканини оғзи-оғзига тегмай гапирарди.
Шундан кейин диққат билан Дилором опанинг ёнида турган, кўриниши мендан ҳам кичик бўлган йигитнинг юзига қарадим. Шу пайт бир марта Дилором опанинг уйига борганимда "секинроқ гапиринг, нариги уйда Рустам ухлаяпти", дегани ёдимга тушди. (Мен баланд овозда гапиришга одатланганман, шу одатим боис кўп марта огоҳлантириш олганман). Ўшанда Рустамнинг кимлигини сўрагандим ажабланиб. Дилором опа уни менга МХХ томонидан ўзини кузатиш учун қўйилган йигит деб таништирганди. Кўчада иссиқда туриб чарчаб қолгани учун уйга чойга таклиф қилганини, чой ичиб бўлиб ухлаб қолганини айтганди.
Ортиқча гап-сўз қилмагандим. Ҳатто хаёлимдан ўтган гапларни ҳам гапирмагандим. Мана энди ўша пайтда уйида ухлаётган киши Дилором опанинг янги эри Рустам ака эканини билаётгандим.
Суд бошланмасдан олдин Дилором опа Рустам акани етаклаб сигарет чекиб келамиз деб қаергадир кетди.
Бир вақт Васила Иноятова келди. Васила опани кўриб рости хурсанд бўлдим. Балки Васила опага дардимни айтсам жўяли маслаҳат берар деб. Дилором опанинг Рустамдан бошқа дарди йўқ эди.
Васила опа ҳамма билан саломлашиб бўлганидан кейин ёнига бориб, маслаҳатига муҳтож эканимни айтдим. Сўнг Якуб Колос кўчасидаги мен яшаётган уй-жой Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги буйруғи асосида бузилганлиги сабабли Бектемир тумани "Бузовчи" маҳалласидаги экси уйимизга кўчиб борганимни айтдим.
Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги нарсаларимни кўчириш учун иккита юк машинаси берганини, бироқ оғир мебелларимдан ташқари кўпгина енгил-елпи қиммат буюмларим, жумладан, гилам, палас ва Сафар аканинг китоблари ўғирланганини айтдим. Бу ҳайдовчилар томонидан қилинганини ҳам, МХХнинг малайлари уюштирганини ҳам билмаслигинмни гапирдим.
Васила опа менга Мирзо Улуғбек туман ҳокими Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг номига ҳамда ана шу туман прокурори номига шикоят-аризасини ёзиб мурожаат қилишимни айтди.
– Яшаб турган уй-жойингизни бузишидан ташқари нарсаларингизни ўғирлаши мутлақо ваҳшийликнинг ўзгинасидир. Сиз асло жим ўтирманг, курашинг, топиб беришини талаб қилинг, - деб маслаҳат берди.
Ёнимизга келиб гапимизга қулоқ солаётган Дилором опа Васила опага қараб:
– Васила, яхшиси, келин шикоят ёзмасин, - деди.
Васила опа Дилором опадан бунинг сабабини сўраганди, у: – Хотининг шикоят қилди, деб қамоқхонада Сафарга зарар етказиши мумкин, - деб жавоб қайтарди.
– Ўғрилар Қурбонойнинг шунча нарсаларини ўғиласа ҳам шикоят хати ёзмаслиги керакми? деб дастлаб Дилором опага жавоб берган Васила опа менга қараб ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмай шикоят ёзишимни маслаҳат қилди.
Мен қаршимдаги "Эрк" партиясининг матбуот котибаси Дилором Исҳоқова билан "Бирлик" халқ ҳаракатининг фаоли Васила Иноятовалар олдида ҳанг-манг аҳволга тушиб қолдим.
"Эрк" партиясининг ходимаси менга "шикоят ёзма", деб босим ўтказмоқда, "Бирлик" халқ ҳаракатининг фаоли эса, албатта шикоят хати ёзишим, ҳақ-ҳуқуқларимни талаб қилишим кераклиги ҳақида гапирмоқда эди. Мен улардан қайси бирининг гапини маъқуллашни билмай, бу хусусда ўйлаб, сўнг бирор қарорга келишимни билдирдим.
Суд бошланди.
Ичкарига кирдик.
Бизни яна ўша анави куни кўрганимиз совуқ деворлар, темир курсилар кутиб олди. Фақат фарқли томони, темир қафас ичида ўтирган маҳкумлар сони кўпайган эди.
Хотима
2013-2017 йил, Лозанна, Швейцария.
*** *** ***
МУНДАРИЖА
Давримизнинг довюрак аёли ............................................................................. 1
Қурбоной Камол қизининг ўтмиши ҳаққоний тарихий лавҳа ....................... 2
Бошимиз узра қуёш чарағон нурини сочиб турсин ....................................... 4
Биринчи бўлим
Ҳозир терговчининг олдига кирасиз, ўғлингиз мен билан қолади ................ 5
Сафар Бекжон билан илк танишув. У ким эди? .............................................. 11
"Эрк"чилар даврасида ўтган никоҳ тўй ........................................................... 15
Партия ичидаги парокандаликлар ................................................................... 19
Урганжийлар аждоди – тарихий шахслар ....................................................... 22
1993 йилнинг машъум 27 июль куни ............................................................... 25
Сансоларликлар ва саргардонликларнинг бошланиши .................................. 30
Биринчи тергов. Билиб қўйинг, бу ерда биз савол берамиз, сиз
жавоб берасиз .................................................................................................... 39
Ислом ака билан келишиб ишлаганида бошига кўргуликлар
тушмасди ............................................................................................................. 45
Сафар Бекжон ноёб танга ўғриси(ми)? .............................................................. 51
Ўрозали Жумаев ким? ......................................................................................... 55
Бизда принтер йўқ .......................................................................................... 59
Менинг хонамда Сафар Бекжон ҳақида гапирманг ......................................... 62
Танга топилган куни Сафар Бекжон озод бўлади ........................................... 66
Янги адвокат билан учрашув ..................................................................... 77
Иккинчи бўлим
"Халқ сўзи" газетасида Сафар Бекжонга қарши туҳмат мақола ................... 85
Баҳс-мунозарали қурултой .............................................................................. 92
Сиз бу уйдан чиқиб кетишингиз керак .......................................................... 100
Жалолиддин... Сафар оға... ............................................................................ 105
Муҳаммад Солиҳнинг уйи, бориб яшайверинглар ..................................... 113
Муҳаммад Солиҳ "Эрк" партиясининг раиси, менинг
принципларимга раис эмас ........................................................................... 124
Қанча инсоннинг бола-чақасини қон қақшатиб келдингиз ........................ 130
Сафар ака, мен бошимни "Кунда"га қўйдим ................................................ 135
Бу халқ шундай шароитда яшашга лойиқ .................................................... 143
Сафар Бекжон "Эрк" партиясини ҳам, Муҳаммад Солиҳни ҳам сотди .... 147
Дадамни кутяпман ......................................................................................... 157
Бу ерда Сафарбой Бекжонов йўқ, сизни алдаган ........................................ 167
Учинчи бўлим
Муҳаммад Солиҳ икки миллион долларни нима қилди ............................ 172
Сергей Егошин ва Ҳамидулла Зайниддинов олижаноб инсон эди ........... 178
Биз сизнинг оилангизга доим моддий ёрдам берганмиз ........................... 182
Мен акамдан воз кечдим ................................................................................. 186
Эрингизнинг озодликка чиқишини сабр билан кутишингиз керак ............. 189
Сафар ака билан учрашишингизга ёрдам берамиз ................................. 192
Э, анави "Эркчими? .................................................................................. 198
Ўғри сўнги 3 сўмимни қолдириб, ҳамёнимни ўғирлади ............................... 206
Бор-йўғи иккита нонми? ................................................................................. 214
Ўғлингиз руҳий касал ............................................................................... 220
Тошкентдаги уй манзилингизни беринг ёрдамим тегади ........................... 225
Сангород. Тилла тақинчоқларим ва пулимни ўғирлаган
гурланлик Зулайҳо ўғри ............................................................................. 228
Қаерга кўчишингиз бизни мутлақо қизиқтирмайди ................................ 235
Бобурнинг мастликда айтган рост сўзлари ................................................... 239
Ҳаётимни заҳарлаган Якуб Колос кўчаси 22-уйни тарк этиш ..................... 241
Туман ҳокими Шавкат Мирзиёев номига
шикоят ёзинг ................................................................................................... 245 Хотима ............................................................................................................ 247
Commentaires
Enregistrer un commentaire